ОИЛА ҚЎРҒОНИ ДАРЗ КЕТМАСИН

Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакллана бошлайди. Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам.

Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг ҳаётий аҳамияти бор. Оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар яхши тушунади. Шу боис ҳар бир инсоннинг суянчи саналувчи бу муқаддас даргоҳга дарз етмасин, деймиз.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

— Албатта, кундалик ҳаётимизда оилавий ажримларга сабаб бўлаётган турли омиллар мавжуд. Масалан, ажримларнинг энг муҳим сабаблардан бири, бу – иккала томон бир-бирларини яхши билмай оила қуришидир. Ёки келин-куёвнинг турмушга тайёр эмаслиги, меҳнат қилишга ўрганмаганлиги, сабр ва ирода билан енгиш мумкин бўлган қийинчиликларга тоқат қилмаслигини ҳам оилавий ажримлар асоси сифатида баҳолаш мумкин.

Бундан ташқари, айрим куёвларнинг ичкиликка ружу қўйиши, баъзан гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлиши ҳам гулдек оилани парчалаб юбормоқда.

Шу ўринда қонунчиликка киритилган бир янгиликка эътиборингизни қаратмоқчимиз. 2018 йил 3 январда қабул қилинган “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан Оила кодексининг 40-моддаси “Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак”, деган мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди. Бу тўлдириш оилавий ажримларнинг олдини олишга, айниқса, ёш оналарнинг ҳуқуқларини таъминлашга, фарзандларнинг келажаги учун хизмат қилади.

Кези келганда оилавий ажримларнинг яна бошқа омиллари ҳақида ҳам фикр-мулоҳаза юритсак. Айтайлик, оилаларнинг бир-бирига мос эмаслиги (лўнда қилиб айтганда, тенг тенгини топмаганлиги) ҳам ажримларни юзага келтиради. Яъни куёвнинг оиласидаги ҳаёт тарзи келинникидагига умуман ўхшамайди. Уларнинг ҳаётга муносабати, дунёқараши, фикрлаши, моддий имкониятлари бутунлай фарқ қилади. Охир-оқибат келишмовчилик, ўзаро жанжал, дилхираликлар рўй беради ва бу ҳолат ажрим билан якунланиши ҳам ҳеч гап эмас. Бундай вазиятда ота-онанинг бир умр йиққан-терганлари, тўйга қилган харажатлари, ҳаттоки, шириндан-шакар фарзандлар ҳам кўзга кўринмай қолади. Қолаверса, қонуний никоҳга нисбатан бефарқлик, шошма-шошарлик ортида никоҳни қонуний расмийлаштирмасдан, шаръий никоҳ билан кифояланиб турмуш қуриш ҳолатларини ҳам ҳеч иккиланмай ажримларга сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Бундан ташқари, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳам баъзан ажрим билан якун топади. Яъни айрим ота-оналар жиддий ўйламасдан, ўз орзу-ҳавасларини фарзандининг бахтидан устун қўйишмоқда. Аниқроғи, улар қизини эрта турмушга берадилар ёки яқин қариндошлари билан қуда-анда бўлишмоқда. Аммо набираларининг нуқсон билан туғилишига, бунинг оқибатида ўғли ёки қизининг бир умр ногирон боласига термулиб ўтишига ёхуд кўп ўтмай ажрашиб, юз кўрмас бўлиб кетишларига замин яратаётганларини хаёлига ҳам келтиришмаяпти.

Тўғри, оилавий ажримларнинг яна бир асосий омили бор, бу – фарзандсизликдир. Бунда кўпинча томонлар ўзаро келишиб, бир-бирларини тушуниб ажрашишади. Ўртада гина-кудурат ёки ортиқча миш-миш ва ғийбатларга ўрин қолмайди.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Икки ёшнинг бошини қовуштириб, бир оилани барпо қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун ота-оналар, ёши улуғлар кўпдан-кўп маслаҳат ва саъй-ҳаракатлар қилишади, елиб-югуришади. Бироқ ёш эр-хотин ўртасидаги арзимас гап-сўзлар ва асоссиз важлар туфайли гулдек оиланинг барбод бўлиши ачинарли ҳол. Баъзан маҳалла фаолларининг оилалардаги келишмовчиликлар, жанжалларга бефарқлиги, улардаги яраштирув комиссияларининг масъулиятсизлиги туфайли ҳам оилавий ажримлар пайдо бўлаётганини минг таассуф билан тилга олиш лозим. Шунинг учун ота-оналар, тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари бу масалага ҳамиша масъулият билан ёндашсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Токи, муқаддас оила қўрғони ҳеч қачон дарз кетмасин.

Нодирбек ФАЙЗИЕВ,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Зафар УСМОНОВ,

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Ғиждувон туманлараро судининг раиси

Оилавий ажримлар, вилоятда ажримларни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар

Жамиятимизда оилага аввалдан муқаддас даргоҳ сифатида қаралган. Айниқса мустақилликдан сўнг Конституциямизнинг 16-боби “Оила”га бағишланди. Унда оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида баҳоланиб, унинг жамиятдаги муҳим ўрни ва давлат муҳофазасида эканлигига урғу берилган. Аммо баъзи фуқароларимиз томонидан муқаддас ҳисобланган оила қадрига етмасдан, ҳаёт синовларига бардош бермасдан ва буларга сабр қилмасдан ҳали ҳанузгача судларга никоҳдан ажратиш борасида мурожаатлар қилиб келинаётганлигини кузатиш мумкин. Суд амалиётига бир назар соладиган бўлсак, асосан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъволарда тарафларни бир-бировининг характери тўғри келмаганлиги, оилага учинчи шахсларнинг аралашуви,бир томоннинг чет давлатга узоқ муддат кетиб қолиши, ишсизлик, хиёнат каби иллатларнинг важ қилиниши кўпроқ учрайди.  
Статистик таҳлил қилинганда 2021 йил 9 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари томонидан 2356 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар кўрилган бўлиб, 1829 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 1334 таси ёки 56,6 фоизи қаноатлантирилган, 495 таси ёки 21 фоизи рад этилган, 314таси ёки 13,3 фоизи ҳаракатдан тугатилган, 177 таси ёки 7,5 фоизи кўрмасдан қолдирилган.
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судларда жами 1652 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 1327 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 1054 та даъво қаноатлантирилган,
273 та даъво рад қилинган,204 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
121 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган 2020 йил 9 ойига нисбатан 731 тага ёки 44,2 фоизга кўпайганлиги салбий ҳисобланади.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги қаноатлантирилган ишлар ўтган йилга нисбатан 280 та ёки 26,6  фоизга кўпайган.
Шунингдек, 2021 йил 9 ойи давомида қаноатлантирилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишларнинг 956 та оиланинг 1 нафар, 497 оиланинг 2 нафар, 302 та оиланинг 3 ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандлари, 74 та оила фарзандсиз ҳолатлари маълум бўлди.
Мазкур статистикани туманлараро судлари кесимида муҳокама қиладиган бўлсак, Бухоро туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 833 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 634 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 485 та даъво ариза қаноатлантирилган, 149 та даъво ариза рад қилинган, 112 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 87 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 10 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 87 та оилалардаги фарзандлар сони 122 нафарни ташкил қилади.
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 499 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 393 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 360 та даъво қаноатлантирилган, 33 та даъво рад қилинган,64 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
42 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 334 тага ёки 66,9 %га кўпайган.
 
   Когон туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 221 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 174 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 157 та даъво ариза қаноатлантирилган, 17 та даъво ариза рад қилинган, 14 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 33 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 1 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 33 та оилалардаги фарзандлар сони 75 нафарни ташкил қилади.
 
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 156 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 130 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 118 та даъво қаноатлантирилган, 12 та даъво рад қилинган,23 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
3 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 65 тага ёки 41,7 %га кўпайган.
 
   Ғиждувон туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 542 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 443 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 262 та даъво ариза қаноатлантирилган, 181 та даъво ариза рад қилинган, 25 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 74 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 2 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 74 та оилалардаги фарзандлар сони 126 нафарни ташкил қилади.
 
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 269 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 210 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 143 та даъво қаноатлантирилган, 67 та даъво рад қилинган,40 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
19 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 273 тага ёки 101 %га кўпайган.
 
   Қоракўл туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 265 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 210 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 147 та даъво ариза қаноатлантирилган, 63 та даъво ариза рад қилинган, 32 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 23 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 9 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 21 та оилалардаги фарзандлар сони 35 нафарни ташкил қилади.
 
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 161 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 141 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 88 та даъво қаноатлантирилган, 53 та даъво рад қилинган,16 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
4 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 104 тага ёки 64,6 %га кўпайган.
 
   Пешкў туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 238 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 181 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 139 та даъво ариза қаноатлантирилган, 42 та даъво ариза рад қилинган, 14 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 43 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 17 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 43 та оилалардаги фарзандлар сони 86 нафарни ташкил қилади.
 
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 290 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 224 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 153 та даъво қаноатлантирилган, 71 та даъво рад қилинган,34 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
32 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 52 тага ёки 17 %га камайган.
 
   Ромитан туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 257 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 187 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 144 та даъво ариза қаноатлантирилган, 43 та даъво ариза рад қилинган, 16 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 54 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 10 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 54 та оилалардаги фарзандлар сони 122 нафарни ташкил қилади.
 
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 190 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 158 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 133 та даъво қаноатлантирилган, 25 та даъво рад қилинган,24 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
8 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 67 тага ёки 35,2 %га кўпайган.
 
Мазкур ишлар бўйича туманлараро судлари томонидан оилаларни  яраштириш мақсадида аксарият 3 ойдан 6 ойгача муддат берилиб, суднинг ажрими тегишли туман маҳалла ва оилани қўллаб қуввтлаш бўлимларига ҳамда жойлардаги Маҳалла фуқаролар йиғинига муҳокама қилиш учун юборилган ва яраштирув чоралари амалга оширилганлиги бўйича тегишли хулосалар олинган.
   Вилоят судлари томонидан судьялар мазкур тоифадаги низолар бўйича келиб тушаётган даъво аризаларни қабул қилиш жараёнида, даъво ариза билан мурожаат қилган тарафга оиланинг барбод бўлишлиги қандай салбий оқибатларга олиб келганлиги мумкинлиги хусусида суҳбат ўтказиш, ёш оилалар ўртасида никоҳдан ажралиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида яраштириш учун муҳлат бериш билан чекланиб қолмасдан, яраштириш муддатини бериш ҳақидаги ажримни тарафларни яшаётган жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига муҳокамасига юбориш амалиёти йўлга қўйилган. Маҳалладаги оилавий қадриятларни қўллаб қувватлаб ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимлари томонидан асосланган хулосалар олинганидан сўнг судлар томонидан мазкур фуқаролик ишлари мазмунан кўриб чиқилмоқда. Шунингдек 2021 йилда вилоят суди томонидан ажрим ёқасига келган оилаларни яраштириш мақсадида маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вилоят бошқармаси билан келишилган ҳолда суҳбатлар ўтказиб, оилаларни тиклаш чоралари кўрилмоқда.
 
 
Сарвиноз ҚАМБАРОВА,
Бухоро вилоят суди судьяси.
 
Миразиз РАДЖАБОВ,
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Когон туманлараро суди раиси.

АЖРИМГА САБАБ НИМАЛАР ВА УНИ ҚАНДАЙ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИН

Ҳаммамизга маълумки, Конституциямизнинг XIV боби (63-66-моддалар) жамиятнинг ажралмас бўғини ҳисобланган “Оила”га бағишланган бўлиб, унинг жамиятдаги муҳим ўрни ва давлат муҳофазасида эканлигига урғу берилган. Бунда, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга бўлиши, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаб, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантириши, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари ҳақидаги ибратли нормалар ўзининг аниқ ифодасини топган.
Дарҳақиқат, оила – муқаддас қўрғон, ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешигидир. Зеро, халқнинг, миллатнинг келажаги айнан оила билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.
Бироқ, афсус надоматлар бўлсинки баъзи фуқароларимиз томонидан муқаддас ҳисобланган оила қадрига етмасдан, ҳаёт синовларига бардош беролмасдан ва буларга сабр қилмасдан судларга ҳали ҳануз никоҳдан ажрашиш борасидаги мурожаатлар қилиб келинаётганлигини кузатиш мумкин.
Шу нуқтаи назардан, ўтган давр мобайнида судда кўрилган оила-никоҳ низоларига оид ишлар таҳлил қилинганда, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди томонидан унга бириктирилган туманлар, яъни Ромитан ва Жондор туманлари бўйича никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2019 йилда жами 305 та (2018 йилда бу кўрсатгич 358 та) фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилиб, шундан 192 та (2018 йилда 211 та) иш қаноатлантирилган, 51 та (2018 йилда 45 та) иш қаноатлантиришдан рад қилинган, 14 та (2018 йилда 24 та) иш кўрмасдан қолдирилган ва 48 та (2018 йилда 78 та) иш юзасидан тарафлар ярашганлиги сабабли иш юритиш тугатилган.  Кўриниб турибдики, никоҳдан ажралишларнинг камайишига эришилган бўлсада, бироқ батамом бартараф этилиш имконияти қийин кечмоқда.
Суд амалиётига яна бир назар соладиган бўлсак, асосан никоҳдан ажрашиш ҳақидаги даъволарда тарафларнинг бир бировининг характери тўғри келмаганлиги, оилага қайнона ёки опа-сингил ёхуд ака-укалар (учинчи шахслар)нинг аралашуви, бир томоннинг бошқа чет элларда узоқ вақт кетиб қолиши, ишсизлик, хиёнаткорлик каби иллатларнинг важ қилиниши кўпроқ учрайди.
Бундан кўринадики, никоҳдан ажрашишларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳар икки томоннинг оила қуришга тайёр эмаслиги, ўз меҳнати ва машаққатисиз ота-оналар орзуси билан осонгина оила қуришга эришиш, оиладаги арзимас келишмовчиликлар яъни қилдан қийиқ қидириш, оила қурган ёш келинларни ёлғиз қолдириб, куёвларнинг Россия ёки бошқа чет элларга ишлаш учун кетиб қолиши, ҳуқуқий онг ва маданиятнинг пастлиги, қўл телефонлар орқали интернет ижтимоий тармоқларидан мақсадсиз фойдаланиш, бегона шахслар билан ёзишмалар қилиниши, натижада эр-хотин ўртасидаги ишончга путур етиб, хиёнатларнинг юзага келиши, оиладаги тақчиллик, шунингдек қайнона-келин муносабатларининг кескинлашиши кабилар ташкил қилмоқда.
Натижада эса, муқаддас оила қўрғонига путур етиб, болалар тирик етимга айланиб қолмоқда. Бундан ташқари, жамиятда янги муаммолар вужудга келиб, болаларнинг таъминоти ва аёлларнинг турар жойсиз сарсон саргардон бўлишига сабаб бўлмоқда.
Маълумки, 2018 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган Меморандум талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига таянган ҳолда, аёлларни мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлари билан яқиндан таништириб бориш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, никоҳдан ажратиш ва эрта никоҳга киришиш ҳолатларини олдини олиш, улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш, биринчи марта жиноят содир қилиш йўлига кириб қолганларга, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик оқибатида жабрланганларга ҳуқуқий кўмак бериш, мулкий муносабатдаги муаммоларни ҳал этиш, уларни тадбиркорлик соҳасида яратилаётган имкониятлардан яқиндан хабардор қилиб бориш каби ишларни ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш вазифалари белгилаб олинган.
Бугунги кунда айнан юқоридаги меморандум асосида мутасаддилар ҳамкорлигида оилаларни яраштириш чораларини кўриш ишлари жадал давом этмоқда. Шунга қарамай, никоҳдан ажрашиш ҳолатларига узил кесил барҳам берилмаётганлиги кишини ташвишга солмоқда.
Ҳатто, куни кеча муҳтарам Президентимиз ёшлар билан бўлган учрашувда ҳам айнан оилалардаги никоҳдан ажрашиш муаммоларига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бу бежизга эмас албатта, чунки ҳар қандай давлатнинг келажак тақдири ва ривожи  айнан оила мустаҳкамлиги билан боғлиқдир. Ушбу масала бугун барчамиз учун оғриқли муаммо десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, юртбошимиз ажримларнинг олдини олиш борасида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари билан яқиндан қизиқдилар.
Шу ўринда биз ҳам никоҳдан ажрашишни олдини олиш борасида ўзимизнинг қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларимизни беришни жоиз деб билдик, жумладан:
–         Жамиятда ишсизликка барҳам бериш;
–         Эрта никоҳга йўл қўймаслик;
–         Никоҳ шартномасини оммалаштириш, чунки никоҳ шартномаси тузиш оила мустаҳкамлигининг гарови ва кафолати сифатида тавсия этилади. Зеро, никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасида ишончсизлик эмас, балки бир-бирига ва оилага нисбатан масъулият ҳиссини уйғотади;
–         Йигит ва қизларни оила қуришга олдиндан тайёрлаш механизмини жорий қилиш;
–         Дабдабабозлик ва ким ўзарликка чек қўйиш;
–         Оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш;
–         Оила қуришда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш яъни оиладаги ҳуқуқий-ахлоқий тарбия борасида мактаб, лицей ва олий таълим муассасаларида алоҳида дарсларни жорий қилиш. Бу орқали оиланинг чинакам муқаддас қўрғон эканлигини ёшлар онгига сингдириш.
Шу билан бир қаторда, халқимизда қизиқувчанлик ва эмоционаллик туйғулари кўпроқ шаклланганлигини инобатга олиб, айнан ажримларни олдини олиш ва оила муаммоларини ўзида акс эттирувчи таъсирчан кинофильм ва телесериалларни психолог ҳамда тажрибали режиссёрларимизни жалб қилган ҳолда кенг оммага тарғиб қилиш орқали ҳам мақсадга эришишимиз мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Халқимизда «Онасини кўриб, қизини ол», деган мақол бор. Бу пурҳикмат сўзларнинг асл маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг замирида – она тарбияли бўлса, қизи ҳам тарбияли бўлади, деган оддий ҳақиқат, аниқ маъно мужассамдир.
Қайсики оилада ўзаро ҳурмат, ишонч ва садоқат, тартиб-интизом мавжуд бўлса, шу оила фарзандлари тарбияли бўлиши, оила қургач, яхши яшаб кетиши табиий. «Қуш уясида кўрганини қилади», деб бежиз айтилмаган. Шунга кўра, фарзандни оилавий ҳаётга тайёрлашда аввало ота-она шахсий намуна бўлиши жуда муҳимдир.
Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимиз ҳам ҳисобланади.
 
Истам ТУРДИЕВ,
Бухоро вилоят суди судьяси.
 
Гулсара САТТОРОВА,
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Ғиждувон туманлараро суди судьяси.

Мерос ҳуқуқига боғлиқ низоларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари.

1)     Мерос ҳуқуқининг вужудга келиш асослари;
2)     Мероснинг меросхўрларга ўтиш асослари, тартиби ва шартлари;
3)                     Судлар томонидан ворислик муносабатларидан келиб чиқадиган низоларнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал этилишининг ўзига хос хусусиятлари.
 
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг V бўлимида “Ворислик ҳуқуқи” билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар тартибга солинган бўлиб, унда ворислик асослари, мерос таркиби, умумий биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш, деҳқон хўжалиги ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини мерос қилиб олиш, мероснинг очилиши, мероснинг очилиш жойи, меросхўрлар, нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш ва ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган.
Ворислик – фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институти ҳисобланади. Фуқаро вафот этган тақдирда, унинг мол-мулки ва мулкий ҳуқуқ мажбуриятларининг меросхўрларга ўтиши асослари, тартиби ва шартларини белгилайди. Мерос қолдирувчи ҳаётлигида эга бўлган мулк, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг меросхўрларга ўтиши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар ворислик ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинади ва унинг предмети ҳисобланади. Меросхўрларга ўтиши мумкин бўлган мулк ва мулкий ҳуқуқ мажбуриятларининг жамиси меросни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексини 1113-моддасига кўра, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.
Мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар:
юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;
ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;
алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;
меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.
Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.
Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади. Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар. Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.
Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.
Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.
Васият ва қонун бўйича ворислар сифатида, жумладан, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган шахслар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлиги пайтида ҳомила ҳолида бўлиб, мерос очилгандан сўнг тирик туғилган болалари бўлиши мумкин.
Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин. Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа ҳол келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан татбиқ этилмайди. Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади. Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас. Мерос қолдирувчи ўзи васиятномада меросхўр этиб тайинлаган шахсларга, ўз навбатида вафот этишлари эҳтимоли билан ўзларига васият қилинган мол-мулкни муайян тарзда тасарруф этиш хусусида кўрсатма бериш мажбуриятини юклашга ҳақли эмас.
Фуқаролик кодексининг 1124-моддасида, “Васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар” белгиланган бўлиб, васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.
Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:
нотариал тасдиқланган васиятномалар;
нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.
Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.
Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.
Қуйидагилар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас:
нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс;
васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари;
тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар;
саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар;
ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар.
Қонун бўйича меросхўрлар ворисликка Фуқаролик Кодекснинг 1135 ––1141-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида чақириладилар.
Қонун бўйича ворисликда фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари, бир тарафдан, фарзандликка олувчи шахс ва унинг қариндошлари, иккинчи тарафдан, туғишган қариндошларга тенглаштириладилар.
Ворислар қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворисларга бўлинади. Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар. Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади. Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.
Ворислик муносабатларидан келиб чиқадиган низоларнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал этилиши мулк дахлсизлиги ва мерос ҳуқуқи қўриқланишига доир конституциявий кафолатлар (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддаси) таъминланишининг ўта муҳим воситаси ҳисобланади.
Мерос таркибига фақат мерос қолдирувчига қонуний асосларда тегишли бўлган мулк кириши туфайли, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тарзда расмийлаштирилмаган иморатлар мерос таркибига фақат марҳумнинг мазкур иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда эътироф этилган ҳолда киритилади.
Мерос қолдирувчи томонидан тузилган олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва шу каби битимлар унинг ўлимидан сўнг ҳақиқий эмас деб топилганда, қайтарилган мулк ҳам мерос таркибига киритилади.
Биргаликдаги умумий мулк иштирокчиси вафот этган тақдирда мерос унинг ҳиссасига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан, мол-мулкни натура ҳолида бўлишнинг иложи бўлмаганда эса, бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.
Фуқаролик кодексининг 1119-моддаси биринчи қисмига кўра, нолойиқ меросхўр деб топилиши мумкин бўлган шахсларнинг ворислигига оид низоларни кўришда шуни назарда тутиш лозимки, уларнинг қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқланган, ворисликка чақирилишга имкон яратган қонунга хилоф ҳаракатлари, фақат бу ҳаракатлар қасддан содир этилгандагина меросдан маҳрум этиш учун асос бўлади.
Эҳтиётсизлик орқасида содир этган жинояти учун судланган шахсга нисбатан Фуқаролик кодексининг 1119-моддасида назарда тутилган қоида қўлланилмайди.
Меросхўр фақат суднинг ҳал қилув қарорига кўра ва фақат меросдан четлатиш ўзи учун ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатлар туғдирадиган шахснинг даъвоси бўйича нолойиқ деб топилиши ва меросдан четлатилиши мумкин.
Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда, унда меросхўр тариқасида кўрсатилган, бироқ тегишли навбатдаги қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган шахс умумий асосларда қонун бўйича ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.
Бундай ҳолларда, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган васиятномага кўра меросдан маҳрум этилган қонун бўйича меросхўр ҳам умумий асосларда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.
Васиятнома қонунда белгиланган тартибда тузилган ва васият қилувчининг вафотидан сўнг муайян оқибатлар келиб чиқишини назарда тутувчи бир томонлама битим ҳисобланади.
Қонунга биноан васият қилувчи ўз мулкини тўлиқ ёки қисман ҳар қандай шахс ёхуд бир неча шахсга, шунингдек юридик шахсларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёхуд давлатга васият қилиши, ёинки бир, бир неча ёки барча қонун бўйича меросхўрларни меросдан маҳрум қилиши мумкин.
Васиятномани ҳақиқий эмас деб топишга оид даъволарни кўришда, судлар Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни назарда тутувчи нормаларига амал қилишлари лозим.
Мерос қолдирувчи томонидан зиммасига бирор бир мажбурият бажарилиши юклатилган васиятнома бўйича меросхўр ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи ўртасидаги низоларни кўришда, судлар ФК 1132-моддаси талабларига риоя этишлари лозим.
Васиятнома ва унинг асосида берилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай талаблар бўйича суд томонидан келишув битими тасдиқланишига, у қонунга зид бўлиши туфайли йўл қўйилмайди.
Қонунчиликка кўра, васият қолдирувчининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз (шу жумладан, фарзандликка олинган) болалари, унинг меҳнатга қобилиятсиз эри(хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ҳам қонун бўйича меросхўр бўладилар. Бу ўринда шуни назарда тутиш лозимки, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўрлар, мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, иккинчи ва ундан кейинги навбатдаги ворислар мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга эмас.
Мажбурий улуш белгилашда қонун бўйича ворисликка чақирилиши мумкин бўлган барча меросхўрлар инобатга олиниши ва мерос таркибига кирувчи барча мол-мулкдан келиб чиқилиши лозим.
Меросхўрга мажбурий улуш тайинлашда у мерос тариқасида бирон-бир асосга кўра олаётган барча нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам инобатга олинади.
Қуйидаги ҳолларда ҳам қонун бўйича ворислик мавжуд бўлади:
тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик;
мерос трансмиссияси тартибида ворислик;
мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари томонидан ворислик.
Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бирдек даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Масалан, агар ўғил (қиз) отаси ёки онасидан олдин вафот этган бўлса, унинг болалари бобоси ёки бувисининг вафотидан сўнг қолган меросга нисбатан тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўр бўлади.
Қонун бўйича марҳум меросхўрнинг эри(хотини) тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворис бўла олмайди.
Мерос трансмиссияси тартибида ворислик васиятнома ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр (трансмиттент) мерос очилганидан кейин, лекин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган ҳолларда амалга оширилади. Бундай ҳолларда унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига (трансмиссарларига) ўтади.
Мерос трансмиссияси қуйидаги шартларда вужудга келади:
мерос очилган пайтда ворислик ҳуқуқига эга бўлган васият ёки қонун бўйича меросхўрнинг борлиги;
васият ёки қонун бўйича меросхўр меросни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этганлиги сабабли унинг меросдаги улуши тақдирини ҳал қилиш зарурати пайдо бўлганлиги;
вафот этган меросхўр унинг меросхўрлари билан алмаштирилиши мумкинлиги.
Меҳнатга қобилиятсиз шахсларни қонун бўйича меросхўр деб топиш учун бир вақтнинг ўзида икки ҳолатнинг мавжуд бўлиши, яъни бундай шахсларнинг бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлиши ва мерос қолдирувчи билан унинг вафотига қадар бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида бирга яшаган бўлиши талаб этилади.
Иккинчи, учинчи ва тўртинчи навбатдаги қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирувчи меҳнатга қобилиятсиз шахсларга келганда эса, улар ворисликка чақирилиши учун фақат уларнинг мерос қолдирувчи вафотига қадар унинг қарамоғида бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида бўлганлигини аниқлашнинг ўзи кифоя.
Меҳнатга қобилиятсиз шахсни мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган деб топиш учун бундай шахс мерос қолдирувчининг тўлиқ таъминотида бўлганлиги ёки ундан олиб турилган моддий ёрдам унинг ҳаёт кечириши учун асосий ва доимий манба бўлганлиги факти аниқланиши лозим. Мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, иш (хизмат) жойи маъмурияти, ижтимоий таъминот бўлими томонидан берилган ҳужжатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланиши мумкин.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, ворислик васият ёки қонун бўйича эканлигидан қатъий назар, мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган.
Меросдан воз кечиш тўғрисида ариза берган меросхўр кейинчалик уни бекор қилиши ёки қайтариб олиши мумкин эмас. Бундай воз кечиш фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ва қонунда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун белгиланган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Баён этилганлардан кўринадики, ворислик масалалари ҳозирги вақтда ҳам долзарб масала ҳисобланади.
Ворислик ҳуқуқи жамиятнинг ҳар бир аъзосига мулклари, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари васият ёки қонун бўйича мерос бўлиб ўтиши кафолатланганлигини тушунган ҳолда яшаши ва ишлашига имкон яратади.
 
                                                                   
Озоджон НОВРУЗОВ,
Бухоро вилоят суди судьяси.
 
Азизжон ШАРИПОВ,
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Мерос ҳуқуқи билан боғлиқ фуқаролик ишларини судларда кўриш амалиёти

Мерос ҳуқуқи фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи билан чамбарчас боғланган ва фуқаролик ҳуқуқи тармоғининг бир тармоғи бўлиб ҳисобланади.

Мерос ҳуқуқи-бу фуқаронинг вафоти муносабати билан унинг мулкий, мулк ҳуқуқи билан боғлиқ шахсий номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бевосита қабул қилиб олишни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳуқуқий меъёрлар йиғиндисидан иборатдир. Мерос ҳуқуқи фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари ва манфаатларини қўриқлаш билан боғланган бўлиб, уларнинг ўз мулкига нисбатан тасарруф этиш ҳуқуқини ҳеч қандай тўсиқсиз, нафақат ҳаётлигида, шунингдек вафот этганидан сўнг ҳам амалга оширилишини таъминлайди.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 1113-моддасига мувофиқ, мерос таркибига мерос очилган пайтда мерос қолддирувчига тегишли бўлган кўчар ва кеўчмас мулк, ашёлар, шу жумладан, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар киради.

Мерос таркибига фақат мерос қолдирувчига қонуний асослар тегишли бўлган мулк кириши туфайли, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тарзда расмийлаштирилмаган иморатлар мерос таркибига фақат марҳумнинг мазкур иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда эътироф этилган ҳолда киритилади.

Фуқаролик кодекси 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.

Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.

Мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади.

Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар.

Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади. Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Қонун талабига кўра, васиятнома қонунда белгиланган тартибда тузилган ва васият қилувчининг вафотидан сўнг муайян оқибатлар келиб чиқишини назарда тутувчи бир томонлама битим бўлиб, қонунга биноан васият қилувчи ўз мулкини тўлиқ ёки қисман ҳар қандай шахс ёхуд бир неча шахсга, шунингдек юридик шахсларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёхуд давлатга васият қилиши, ёинки бир, бир неча ёки барча қонун бўйича меросхўрларни меросдан маҳрум қилиши мумкин.

Васиятномани ҳақиқий эмас деб топишга оид даъволарни кўришда, судлар Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни назарда тутувчи нормаларига амал қилинади.

Меросхўрнинг мерос мулкидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжи (масалан, турар жойга нисбатан шахсий эҳтиёжи), шунингдек мулк ҳуқуқининг меросхўрдан бошқа шахсга ўтиши, бундай ўтиш асосларидан (сотиш, ҳадя, айирбошлаш ва ҳ.к.) қатъий назар, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи ҳуқуқларига таъсир этмайди, чунки бундай ҳуқуқлар ҳажми мерос қолдирувчи томонидан васиятномани тузиш пайтида белгиланиб, унинг меросхўрлари томонидан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Фуқаролик кодекси 1112-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ қонун бўйича ворислик фақат васиятнома мавжуд бўлмаган ёки мерос тақдирини тўла белгиламаган, шунингдек Фуқаролик кодексида назарда тутилган бошқа ҳолларда келиб чиқади.

Қонун бўйича меросхўрларга ФК 1135-1141-моддаларида кўрсатилган ва навбат тартибида ворисликка чақириладиган шахслар киради. ФК 1142-моддасига мувофиқ васият қолдирувчининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз (шу жумладан, фарзандликка олинган) болалари, унинг меҳнатга қобилиятсиз эри(хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ҳам қонун бўйича меросхўр бўладилар. Бу ўринда шуни назарда тутиш лозимки, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўрлар, мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, иккинчи ва ундан кейинги навбатдаги ворислар мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга эмас.

Мажбурий улуш белгилашда қонун бўйича ворисликка чақирилиши мумкин бўлган барча меросхўрлар инобатга олиниши ва мерос таркибига кирувчи барча мол-мулкдан келиб чиқилиши лозим.

Меросхўрга мажбурий улуш тайинлашда у мерос тариқасида бирон-бир асосга кўра олаётган барча нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам инобатга олинади.

Фуқаролик кодекси ва Пленум қарори талабига кўра, қуйидаги ҳолларда ҳам қонун бўйича ворислик мавжуд бўлади:

тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик (ФК 1140-моддаси);

мерос трансмиссияси тартибида ворислик (ФК 11401-моддаси);

мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари томонидан ворислик (ФК 1141-моддаси).

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бирдек даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Масалан, агар ўғил (қиз) отаси ёки онасидан олдин вафот этган бўлса, унинг болалари бобоси ёки бувисининг вафотидан сўнг қолган меросга нисбатан тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўр бўлади.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қонун бўйича марҳум меросхўрнинг эри(хотини) тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворис бўла олмайди.

 Мерос трансмиссияси тартибида ворислик васиятнома ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр (трансмиттент) мерос очилганидан кейин, лекин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган ҳолларда амалга оширилади. Бундай ҳолларда унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига (трансмиссарларига) ўтади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, ворислик васият ёки қонун бўйича эканлигидан қатъий назар, мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган.

Нодир ФАЙЗИЕВ, Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Миразиз РАДЖАБОВ, Фуқаролик ишлари бўйичаКогон туманлараро суди раиси

Менинг маҳаллам-менинг судьям

Жорий йилнинг 21 июнь кунида Ромитан тумани “Афросиёб” маҳалла фуқаролар йиғинида Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Г.Абдуллаев ҳудуд аҳолиси иштирокида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатларининг мазмун моҳияти, ҳудуд аҳолисининг қийнаб келаётган суд-ҳуқуқ масалалари ва муаммолари ҳамда ўз ечимини топмаётган масалалар юзасидан сайёр учрашув ташкил этилди.

Сайёр учрашув давомида уй-жой билан боғлиқ низолар, сервитут ҳуқуқидан фойдаланиш тартиби ва асослари ва оилавий низолар, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, умумий юрикдикция судларида даъво тартибида мурожаат қилиш тартиби ҳамда асослари бўйича саволлар берилиб, саволлар юзасидан суд раиси томонидан батафсил маълумотлар ва тушунтиришлар берилди.

Бу каби сайёр учрашувлар доимий равишда маҳалла фуқаролар йиғини билан биргаликда давомли равишда амалга оширилиши ҳақида келишиб олинди. 

Абдуллаев Хайрулло, Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси

Маҳаллий хокимият органлари қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиётидаги муаммолар

Маълумки, давлат органларининг, фукароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларинингқконун хужжатларига мувофик булмаган, ташкилотлар ва фукароларнинг хукуклари ва конун билан курикланадиган манфаатларини бузадиган хужжатларини хакакий эмас деб топиш хакидаги ишлар маъмурий судларга тааллуклидир.

         Узбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига биноан ҳар қандай манфаатдор шахс давлат органларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида белгиланган тартибда судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

         Бундай тоифадаги ишларнинг аксарияти маҳаллий ҳокимликлар қарорлари билан боғлиқ.

         Бу қарорлар сирасига фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларни тасарруф қилиш бўйича ҳаракатларни ўз ичига олган тегишли ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарор, фармойиш, буйруқ ва шу каби ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи бошқа ҳужжатлар киради.

         Агар улар қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаса ёки ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топишили мумкин.

         Мазкур тоифадаги ишларни кўришда судлар амалиётида бир қатор тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.

         Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси талабига мувофиқ шикоятлар маъмурий органлар жойлашган судга берилади.

         Айрим маъмурий судлар жойлашган ҳудудларда республика, вилоят миқёсидаги давлат органлари жойлашган бўлиб, амалитда республика ёки вилоят миқёсидаги маъмурий органлар қарорлари устидан туман (шаҳар) судларига муроджаатлар қилинмоқда.

         Бу ҳолат биринчи инстанция судларида мазкур тоифадаги ишларни кўришда муайян қийинчиликларни вужудга келтиради. Судга нисбатан турли хилдаги босимлар ўтказилиши, судлар ва маъмурий органлар ўртасида баъзи зиддиятлар келтириб чиқариши эҳтимолдан йироқ эмас.

         Шу сабабли Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 32-моддасида кўрсатилган судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари қайта кўрилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг аризаси устидан шўикот қилинаётган Республика миқёсидаги маъмурий орган жойлашган ҳудуддаги судга эмас, балки Ўзбекисон Республикаси Олий судига, вилоят даражасидаги маъмурий орган қарорлари устидан вилоятлар маъмури судларига тақдим қилишда ифодаланган норма киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

         Шунингдек, Кодексда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш ваколатларини туман (шаҳар) судларидан олиб туманлар ҳокимликлари қарорлари ва мансабдор шахсларининг ҳаракатлари устидан вилоят судларига, вилоят ҳокимликлари қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилиш тартибини белгилаш лозим бўлади.

         Амалиётда судлар томонидан маъмурий органлар, жумладан маъаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш, ўзгартириш масаласида турлича ёндашўув асосида қарорлар қабул қилиш ҳолатлари мавжуд.

         2019 йил 8 январдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида” ги қонунига мувофиқ маъмурий судлар маъмурий ҳужжатни бекор қилиши ёки ўзгартириши мумкин.

         Ўз. Рес МСИЮтКнинг табалларига асосан судлар маъмурий орган қарорини ҳақиқий эмас деб топиши кўрсатилган бўлиб, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш тартиби белгиланмаган.

         Судлар фаолиятида маъмурий органлар қарорлари юзасидан низолашиш ишларини кўришда мавжуд тушунмовчиликларни бартараф қилиш мақсадида мазкур масалада Олий суд Пленуми томонидан маъмурий органлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш ва ўзгартириш асослари, оқибатлари ҳақида тушунтириш берилса, судлар томонидан ҳуқуқ нормаларини бир хилда қўллашда ҳамда одил судловни самарали амалга оширишга хизмат қилади.

Сарвиноз ҚАМБАРОВА, Бухоро вилоят суди судьяси.

Ҳабиб САИДОВ, Фукаролик ишлари буйича Бухоро туманлараро судининг судьяси

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ ДАВР ТАЛАБИ

Ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупциядир. Коррупция бугун пайдо бўлган иллат эмас, у қадимдан мавжуд бўлиб келмоқда. Маълумки, “Коррупция” сўзи лотинча сўздан олинган бўлиб, мазмуни “бузиш, емириш” маъносини англатади. Халқаро ҳуқуқнинг айрим манбаларида “Коррупция”га пора олиш, давлат ёки хусусий соҳада муайян ваколатга эга бўлган шахс, мансабдор шахснинг ёки хусусий соҳада фаолият юритадиган шахс ёки мустақил агентнинг шунга ўхшаш муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларини бузадиган шунингдек, ўзи ёхуд ўзга шахслар манфаати учун ҳар қандай шаклдаги афзалликларга эга бўлиш мақсадида ифодаланган хатти-ҳаракат деб таъриф берилган. Миллий қонунчилигимизда эса коррупция-шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш деб таъриф берилган.

Бутун дунё ҳамжимияти коррупцияга қарши курашаётган даврда
2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республиканинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 34-моддадан иборат бўлиб, ушбу қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Мазкур Қонуннинг 4-моддасига асосан, қонунийлик; фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; очиқлик ва шаффофлик; тизимлилик; давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги; коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги; жавобгарликнинг муқаррарлиги Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари этиб белгиланган.Мансабдор ёки мансабдор бўлмаган шахслар томонидан юқорида назарда тутилган хатти-ҳаракатлар содир этилиши оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилади.

Юртимизда коррупцияга қарши курашни жадаллаштириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг сабаблари ва юзага келиш шарт-шароитларини комплекс бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Республика идоралараро комиссиянинг Давлат дастури лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутувчи 6 та йўналиш бўйича шакллантирилмоқда:

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш;
фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш; коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий чоралар, тадқиқотлар ўтказиш, халқаро ҳамкорлик.

Қайд этилишича, ҳар бир фуқаро Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин.

Мазкур Давлат дастурини тайёрлашда коррупцияга шарт-шароит яратувчи муаммоларни бевосита фуқаролардан ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади.

Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бир коррупциядир, деб қайд этган. Давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади. Ҳар йили кўплаб қўшма корхоналарнинг очилиши ва ёпилиши замирида ана шу  “кўринмас қўллар” ётади. Коррупция даражаси юқорилашган давлатга чет эл инвестициясини киритиш камайиб бораётганининг асл сабабларини ҳам шу хавфли иллатдан излаш лозимга ўхшайди.

Озод НОВРУЗОВ , Бухоро вилоят суди судьяси.

Алишер БАХРОМОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси. 

O`zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi – Inson huquqlari va erkinliklarining mustahkam poydevori.

Mamlakatimiz Konstitutsiyasi dunyo xamjamiyatida o`zining umuminsoniy qadriyatlarga sodiq ekanligini, insonning eng oliy qadriyat sifatida talqin etilishi bilan o`z o`rniga ega. Konstutsiyamizning barcha g`oyalari, avvalo , inson va fuqarolar huquq va erkinliklarini himoya qilishga qaratilgan bo`lip, davlatning roli ushbu huquq va erkinliklarini ta`minlashda aks etadi.
Yurtimizda inson huquqlarini himoya qilish boʻyicha keng qamrovli ishlar amalga oshirilmoqda. Fuqarolarning huquqlari va erkinliklari Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi bilan mustahkamlab qoʻyilgan.
Konstitutsiyada insonning huquq va erkinliklari yashash huquqidan boshlanadi. Hayot oliy qadriyat hisoblanib, insonning hayotiga daxl qilishga hech kimning haqqi yoʻq.
Shaxsning fikr va soʻz erkinligi Konstitutsiyaviy huquqning eng muhimlaridan biridir. Har bir shaxs har qanday voqea hodisaga nisbatan oʻz shaxsiy fikriga ega boʻlib, u oʻz fikrini oshkora aytish huquqiga egadir. To‘la ishonch bilan aytish mumkinki, O‘zbekiston Respubliksining  Konstitusiyasi  xalqimiz  siyosiyhuquqiy  tafakkurining yuksak namunasidir. U hech kimga qaram bo‘lmasdan, erkin va ozod, tinch va osoyishta, farovon yashashning qonuniy kafolati bo‘lib kelmoqda. Bozor munosabatlariga asoslangan huquqiy demokratik davlat, kuchli fuqarolik jamiyati barpo etish borasida mustahkam poydevor bo‘lib xizmat qilmoqda.
Konstitusiyamiz asosida mamlakatimizda milliy qonunchilik tizimi,  davlat  organlari,  fuqarolik jamiyati  institutlari shakllandi.  Bugungi  kunda  barcha  jabhalarda  keng  ko‘lamli islohotlar amalga oshirilmoqda. Ijtimoiyiqtisodiy, siyosiy va harbiysalohiyatimiz  yuksalib,  fuqarolarimizning  dunyoqarashi tobora  o‘sib  bormoqda.  Bularning  barchasi,  eng  avvalo,  Bosh qomusimizning hayotbaxsh kuchqudrati natijasidir.
Konstitusiyaning 7 moddasida  mustahkamlangan “Xalq  davlat  hokimiyatining birdan – bir manbaidir”degan ulug‘vor g‘oyaning amaliy ifodasi, desak, har tomonlama to‘g‘ri bo‘ladi. Shu bilan birga, harkim erkinlik va shaxsiy daxlsizlik huquqiga  ega  ekani,  jinoyat  sodir  etishda  ayblanayotgan shaxsning  aybi  sudda  aniq  bo‘lmaguncha  u  aybdor  hisoblan masligi to‘g‘risidagi konstitusiyaviy normalarni amalda ta’minlash bo‘yicha zarur choralar ko‘rildi.
Albatta, bu qoidani hayotga to‘liq  tatbiq  etish,  birinchi  navbatda,  sudlarning  chinakam mustaqilligi, ularning adolatli faoliyat yuritishi bilan chambar-chas bog‘liq. Shu maqsadda biz sud tizimini tubdan isloh qilishga alohida e’tibor berilmoqda. Jumladan, yagona sud amaliyotini ta’minlash uchun O‘zbekiston Respublikasi Oliy sudi va Oliy xo‘jalik sudi birlashtirildi. Sudyalarni  tanlash va lavozimlarga tayinlashda noqonuniy aralashuvlarning oldini olish, ochiq, oshkora va muqobil tanlov tizimini yaratish maqsadida Sudyalar oliy kengashi ta’sis etildi. Sudya  lavozimiga  muddatsiz  tayinlash  amaliyoti  joriy qilindi. 
Shu   borada  jahon  tajribasini  chuqur  o‘rganilib,  o‘z tariximizda birinchi marta bunday yangiliklar amalga oshirldi. Shu  asosda  sudyalarning  fuqarolar  huquqlarini  himoya  qilish bo‘yicha mustaqilligining kafolatlari kuchaytirildi. Sodda qilib aytganda, sudya muddatsiz davrga tayinlansin, lekin u doim xalqparvar bo‘lib, adolatli ish olib borsin. Sudya adolatli hukm chiqarishi uchun avvalo xalqni, uning hayotini,dardu tashvishlarini yaxshi bilishi kerak.
Ana shu islohotlarning mantiqiy davomi sifatida ma’muriy sudlar faoliyati yo‘lga qo‘yildi. Endilikda fuqarolarimizning haq-huquqlari davlat idoralari tomonidan buzilsa, ular har bir tuman  va  shaharda  tuzilgan  ma’muriy  sudlarga  murojaat qilishlari  mumkin.  Ilgari  har  bir  tumanda bunday  sudlar  bo‘lmagani  tufayli  odamlar  o‘z  muammolarini vaqtida hal qilolmasdan sarson bo‘lar edi. Sudlarning xalq oldidagi mas’uliyatini oshirish maqsadida yangi  tayinlanayotgan  sudyalar  tegishli  hudud  jamoatchiligi, mahalla faollari muhokamasidan o‘tkazilmoqda.
 “Sudtergov  faoliyatida  fuqarolarning  huquq  va erkinliklari kafolatlarini kuchaytirish bo‘yicha qo‘shimcha chora-tadbirlar to‘g‘risida”gi Prezident Farmoni qabul qilindi. Ushbu Farmonga binoan bundan  buyon  O‘zbekistonda  qiynoqqa  solish,  ruhiy,  jismoniy bosim  o‘tkazish  va  boshqa  zo‘ravonlik  holatlariga  mutlaqo  yo‘l qo‘yilmaydi. Bunday jinoiy qilmishlarni sodir etgan har qanday shaxs,  u  kim  bo‘lishidan  qat’i  nazar,  muqarrar  ravishda javobgarlikka tortiladi. Jinoyat ishlari doirasida noqonuniy usullar bilan olingan harqanday  ma’lumotlardan,  jumladan,  audio  va  video materiallardan,  ashyoviy  dalillardan  foydalanish  qat’iyan taqiqlanadi.  Qiynoqqa  solish,  himoyaga  bo‘lgan  huquqni  buzish, insonni aldash va tergov jarayonida boshqa noqonuniy usullarni qo‘llash man etiladi. Dalillarni soxtalashtirish uchun alohida jinoiy javobgarlik joriy qilinadi.
Endilikda advokatlar jinoyat ishi bo‘yicha dalillarni to‘plash va taqdim etish huquqiga ega bo‘ladi. Bu dalillar tergov va sud idoralari  tomonidan  majburiy  tekshirilishi  va  baholanishi kerak. Qiynoqqa solish kabi noqonuniy usullarni qo‘llashni qat’iyan cheklash  maqsadida  tergov  va  vaqtincha  saqlash  hibsxonalari videokuzatuv vositalari bilan jihozlanadi. Eng muhimi, noqonuniy usullar qo‘llash to‘g‘risidagi bironta ham xabar e’tiborsiz qolmasligi shart. Prokuratura organlari har bir holat bo‘yicha chuqur tekshiruv o‘tkazib, aybdor shaxslarning muqarrar javobgarligini ta’minlaydi.
 O`zbekiston yangilanish jarayonida sud huquq sohasini tubdan isloh qilishga alohida ahamiyat berilayotganligi bejiz emas.Chunki,Konstitusiyamizda mustahkamlangan  inson  huquqlarini  ta’minlash  ushbu islohotlarning amaliy natijasi bilan bevosita bog‘liqdir. Bu yangilanish jarayonida  eng asosiy e’tibor fuqarolarimizga o‘z huquqlarini  ro‘yobga  chiqarish  uchun  keng  imkoniyatlar  yaratishga qaratildi.  “Jismoniy  va  yuridik  shaxslarning  murojaatlari to‘g‘risida”gi  Qonun  yangi  tahrirda  qabulqilindi.  Shu  asosda aholi uchun maqbul bo‘lgan usullar “ishonch telefonlari” va tezkor  aloqa  telefonlari  orqali  hamda  videokonferensaloqa vositasida murojaat qilish tartibi joriy etildi.
Fuqarolarimizning Konstitusiyada muhrlab qo‘yilgan davlat organlari  va  muassasalariga,  xalq  vakillariga  murojaat qilish huquqlarini ta’minlash maqsadida ommaviy uchrashuvlarda murojaatlarni qabul qilish tartibi belgilandi. Bugungi kunda fuqarolarimiz  mansabdorlar  oldiga  emas,  balki  mansabdor shaxslarning o‘zi xalqimiz oldiga bormoqda. Bu- katta o‘zgarish. 
“Huquqiy  axborotni tarqatish  va  undan  foydalanishni  ta’minlash  to‘g‘risida”  yangi Qonun qabul qilinishida fuqarolarning huquq va manfaatlariga daxldor  bo‘lgan  hujjatlar  va boshqa materiallar bilan tanishib chiqish imkoniyati yanada oshirildi. Bundan keyin fuqarolarimiz har qanday davlat organi, boshqa tashkilotlar  va  mansabdor  shaxslardan  huquqiy  axborotni  hech qanday cheklovsiz olishi kafolatlanadi. Nima uchun bunday qoida joriy etildi? Odamlar so‘rab borsa, tumandagi  eng  kichik  amaldor  ham  birorta  hujjatni  ularga bermaydi.  Bunga kattalar ruxsat bermaydi,  deb bahona qiladi.  Bu muhum hujjatga muofiq ,  endilikda eng quyi bo‘g‘indagi rahbarlargacha xalqimiz xizmatida bo‘lishini
anglashimiz mumkin. Inson huquqlari bo‘yicha milliy institutlarimiz tizimini takomillashtirib borish Konstitusiyamizda muhrlab qo‘yilgan.
“Har bir shaxs mulkdor bo‘lishga haqli” hamda “Xususiy mulk  boshqa  mulk  shakllari  kabi  daxlsiz  va  davlat himoyasida”degan  normalarni  amalda  ro‘yobga  chiqarish  maqsadida  yangi institut O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti huzurida Tadbirkorlik  sub’yektlarining  huquqlari  va  qonuniy  manfaatlarini himoya qilish bo‘yicha vakil instituti ta’sis etilgan.  O‘zbekiston  Respublikasi  Oliy  Majlisining Uning  jazoni  ijro  etish  muassasalarida nazoratni  amalga oshirishga oid vakolatlari kengaytirilgan. Adashib jinoyat yo‘liga kirgan yoki sodir etgan qilmishidan chin  dildan  pushaymon  bo‘lgan  insonlarga  yana  bir  bor  imkon berish,  ularni  jamiyatga,  oilasi  bag‘riga  qaytarish  muhim ijtimoiy masalalardan biri hisoblanadi. Nega deganda, ular ham O‘zbekiston fuqarolari, shu yurt farzandlaridir. Yuridik sohadan  yiroq  bo‘lgan  odamlar amnistiya  va afv degan tushunchalarning farqiga bormasligi sir emas. Mamlakatimizda har yili amnistiya aktlari qabul qilinadi. Amnistiyaning asosiy mazmuni shundan iboratki, u avval jinoyatlar toifasini belgilab beradi, keyin esa ana shu jinoyatlar toifasiga tushadigan shaxslar aniqlanadi.
Albatta,  amnistiya  jinoyat  sodir  etgan  odamlarni  kechirish bo‘yicha  muhim  mexanizmlardan  biri.  Biroq,  tahlillar  shuni ko‘rsatmoqdaki,  oldindan  chuqur  o‘rganmasdan  turib  javobgarlikdan ozod qilishni belgilash qilmishiga pushaymon bo‘lmagan, yetkazilgan  zararni  to‘liq  qoplamagan  shaxslarham  amnistiya doirasiga  kirib  qolishiga  sabab  bo‘lgan. Ming afsuski,  korrupsiya  holatlari  ham  bo‘lgan  deb  aytsak,  to‘g‘ri bo‘ladi. Bu esa amnistiyaga tushgan kimsalarda jazoni his etmaslik, bizga  hamma  narsa  mumkin,  degan  noto‘g‘ri  kayfiyatning shakllanishiga olib kelgan.
Bu jarayonda sodir etilgan jinoyatning og‘irlik darajasi, sud tayinlagan  jazoning  qanchalik  adolatli  ekani  ham  e’tiborga olindi. Chuqur tahlil va o‘rganishlar natijasida chin ko‘ngildan pushaymon bo‘lgan, jinoyatni bilib bilmay sodir etgan, tuzalish yo‘liga  qat’iy  o‘tgan  mahkumlarning  aniq  doirasi  belgilandi va aynan shunday shaxslar afv etildi. Prezident tomonidan kechirilgan har bir shaxs o‘ziga bildirilgan ishonchni oqlab, yurtimizda amalga oshirilayotgan keng ko‘lamli islohotlarga munosib hissa qo‘shadi, jamiyatda o‘z o‘rnini topadi. Jinoyatchilikning oldini  olish  maqsadida  yangi  dastur va  rejalar  amalga  oshirilmoqda.  Jumladan,  sohaga  axborot kommunikasiya texnologiyalari keng joriy etilmoqda. Mahallalar, ko‘chalar,  savdo  va  xizmat  ko‘rsatish  ob’yektlarida  114 mingdan ortiq  videokuzatuv  vositasi  o‘rnatildi.  Ularning  yordamida 10mingga yaqin jinoyat fosh etildi. Yil  davomida  jinoyatchilik  darajasi  2016 yilga  nisbatan 14 foizga kamaydi va bunda ana shu ishlarning ahamiyati katta bo‘ldi.
 Kelajakda el-yurtimizning ishonchi va mehrini qozongan, tom ma’nodagi  xalqparvar  ichki  ishlar  tizimini  yaratishimiz kerakligi va “Xavfsiz shahar” loyihasini hayotga tatbiq etish natijasida samarali ishlar olib borilmoqda . Jamiyatimizda “Qonun va adolat ustuvor, jinoyatga jazo muqarrar”degan  prinsipni  qaror  toptirish  uchun barchamiz o`z kuch va imkoniyatlarimizni safarbar etishimiz maqsadga muvofiq. Mazkur  yo‘nalishdagi  e’tiborga  molik  ishlar  qatorida korrupsiyaga qarshi kurashishning yaxlit tizimi yaratilganligi alohida ta’kidlash lozim.
“Korrupsiyaga qarshi kurashish to‘g‘risida”gi Qonunning qabul qilinishi  davlat  apparati  va  fuqarolik  jamiyati  institutlarining ushbu xavfli illat bilan kurashdagi kuch va imkoniyatlarini birlashtirish imkonini berdi. Huquqnimuhofaza  qiluvchi  organlarning  faoliyat  mazmuni butunlay o‘zgarmoqda. Huquqbuzarliklar     profilaktikasi va jinoyatchilikka  qarshi  kurashishning  mutlaqo  yangi  tizimi  yaratildi. Faqat  jazolash  bilan  qo‘rqitib,  huquqbuzarliklarning  oqibati bilan  kurashish  emas,  balki  noqonuniy  harakatlar  sodir etilishining barvaqt oldini olish eng dolzarb vazifaga aylandi.
Ma’lumki,  Asosiy  qonunimizda “Davlat  xalq  irodasini ifoda etib, uning manfaatlariga xizmat qilishi”to‘g‘risidagi norma  belgilab  qo‘yilgan.  Uning  ijrosini  amalda  ta’minlash maqsadida Ma’muriy islohotlar konsepsiyasi qabul qilindi.
Konsyepsiyaga asosan davlat boshqaruvi tizimini tubdan isloh qilishning  6  ta  ustuvor  yo‘nalishi  belgilandi  va  maxsus “yo‘l xaritasi”bo‘yicha  100  dan  ortiq  ijro  hokimiyati  organlari faoliyati qayta ko‘rib chiqilmoqda. Ma’muriy islohotlarni amalga oshirishdan asosiy maqsad ixcham  va  professional  ijro  organlari  tizimini,  zamonaviy menejmentga asoslangan boshqaruv tizimini yaratishdan iboratdir.
Xulosa o`rnida shuni takidlash joizki, bugungi kunda mamlakatimizda olib borilayotgan islohotlar samarasi avvalambor yuksak ma’naviyatli, mustaqil fikrlaydigan, Vatanimiz taqdiri va istiqboli uchun mas’uliyatni o‘z zimmasiga olishga qodir yosh kadrlar safini kengaytirishga bevosita bog‘liq.
Taraqqiyot strategiyasida o‘z aksini topayotgan, adolatli va xalqparvar davlat barpo etishda muhim ahamiyat kasb etadigan vazifalarni amalga oshirish uchun, avvalo, yangi konstitusiyaviy makon hamda yanada mustahkam qonunchilik bazasi kerak. Shu ma’noda,  Asosiy  qonunimizni  jamiyatdagi bugungi  real  voqelikka,  shiddatli  islohotlarimiz  mantig‘iga moslashtirilmoqda, Yangi O‘zbekiston taraqqiyot strategiyasi uchun mustahkam huquqiy poydevor yaratish muhim vazifadir.
 
                                                                                     Ikromjon Toshov,
                                                                                     Buxoro viloyat sudi sud’yasi.
 
Alisher BAXROMOV,
                 Fuqarolik ishlari bo’yicha
Buxoro tumanlararo sudi sud’yasi

Сайёр суд мажлислари самараси кўзга яққол ташланамоқда.

Маълумки, 2017 йилда мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ҳеч қайси ҳокимият бўғинига бўйсунмайдиган орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Ягона суд амалиётини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, янги Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилган эди. Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу асосда судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди. 
Судга мурожаат қилган фуқароларнинг сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, суд ходимларига муносиб баҳо бериш мақсадида – ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этилиши, судьялар ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши, бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо бериши билан боғлиқ амалиёт йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган тарихий учрашувда ҳамда унда берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш воситаси сифатида Ўзбекистон Республикаси судьяларининг Ўзбекистон Республикаси халқига мурожаатида, кўриладиган ишларнинг 30 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиш каби устувор вазифа фуқаролик ишлари бўйича судлар олдига қўйилди.
Устувор вазифалар ижросини амалга ошириш мақсадида, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди томонидан 2021 йил давомида 4574 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 1619 таси ёки 36 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди.
Президентимиз таъкидлаганларидек, судья адолатли ҳукм чиқариши учун аввало халқни, унинг ҳаётини, дарду ташвишларини яхши билиши керак.
Бунда судлар томонидан ташкил этилаётган сайёр қабул, сайёр учрашув ва сайёр суд мажлисларининг аҳамияти бениҳоя катта.
Суд амалиётидан бир мисол. 2021 йил октябрь ойининг 15 куни фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди Бухоро вилоят юридик техникуми биносида, очиқ сайёр суд мажлисида даъвогар К.Кулдашев /исм шарифи ўзгартирилган/нинг жавобгар М.Холова /исм шарифи ўзгартирилган/га нисбатан боласи билан кўришиб туриш тартибини белгилаш тўғрисидаги фуқаролик ишини кўриб чиқди.
Фуқаролик иши ҳужжатларига қараганда, тарафлар – К.Кулдашев  ҳамда М.Холовалар 2018 йил 20 июнда туғилган Ферузбек исмли боланинг ота-онаси ҳисобланишиб, уларга ўрталаридаги қонуний никоҳдан ўтганлиги тўғрисида 2017 йил 7 мартда Никоҳ гувоҳномаси берилган.
Болалари билан кўришиб туришда ўртада низо келиб чиқаётганлигини келтириб, даъвогар К.Кулдашев судда даъво қўзғаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-моддасининг 1-қисмига асосан, ота-оналар ўз болаларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддаси талабига кўра, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.
Ушбу кодекс 76-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ, боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.
Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида” 1998 йил 11 сентябрдаги 23-сонли Қарорининг 9-хатбошисида судларга тушунтирилишича, суд алоҳида турадиган ота ёки онанинг боласини тарбиялашда иштирок этиш тартибини белгилайди ва бола билан бирга турадиган ота ёки онага бунга қаршилик кўрсатмаслик мажбуриятини юклайди.
Суд муҳокамасида аниқланишича, тарафлар 2021 йил майидан буён бошқа-бошқа яшаётганлиги сабабли вояга етмаган 2018 йил 20 июнда туғилган Ферузбек жавобгар /онаси/ М.Холова тарбиясида бўлиб, ота- онасининг уйида яшаб келмоқда.
Бухоро шаҳар ХТБ “Васийлик ва ҳомийлик” органи томонидан даъвогар яшаб турган уй-жой шароитлари ўрганилиб, уй-жойлар бола учун керакли жихозлар билан таъминланганлигини, болалар учун алоҳида хоналар ажратилганлиги, бироқ бола отасидан алоҳида яшаганлигини кўрсатиб, 2021 йил 14 октябрда тегишли далолатномалар расмийлаштирилган.
Даъвогар М.Кулдашев 2021 йил июлдан буён алоҳида яшаб келаётганлиги, жавобгар эса боласини кўришиб туришига қаршилик қилганлиги, боласининг жисмоний ва руҳий ривожланиши ёшига мос эканлиги, бироқ бола отаси билан кўришиб туриши лозимлиги келтириб, даъвогарнинг фарзандлари билан ҳар ойнинг 1,3,4 шанба кунларни соат 1000 дан 1600 гача даъвогар отаси яшаётган уй манзилида кўришиб туришига рухсат берилиши мумкинлиги ҳақида Бухоро шаҳар ХТБ “Васийлик ва ҳомийлик” органи томонидан 2021 йил 15 октябрда 386-сонли ёзма хулоса берилган.
Иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суд даъвонинг қаноатлантирилиши яъни, даъвогар К.Кулдашевнинг фарзанди Ферузбек билан ҳар ойнинг 1,3,4 шанба кунлари соат 1000 дан 1600 гача бола яшаётган уй манзилида учрашиб туриш тартибининг белгиланиши ҳамда жавобгарга бунга қаршилик кўрсатмаслик мажбурияти юклатилиши лозим топган.
Бунда суд келишув битимининг тасдиқлашини, қонунийлик ва ижтимоий адолат тамойилларига тўла мос келишини инобатга олган.
Демак, ташкил этилаётган сайёр суд мажлислари низони ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этибгина қолмай, уни ўзаро келишувга асосан якунланишига ҳам туртки бермоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, суднинг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларни ҳимоя қилиш мақсадида ишларни тўғри, ўз вақтида кўриб ҳал қилиш билан бир қаторда, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашишдан иборат эканлигини доим ёдда сақлаш ва буни сайёр учрашувларда, сайёр қабул ва сайёр суд мажлисларида фуқаролар эътиборига етказиш керак.
Зеро, шундагина фуқароларнинг қонунга ҳамда судга нисбатан ҳурмат муносабати шаклланади.
 
 
Нодир ФАЙЗИЕВ,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари.
 
Ҳабиб САИДОВ,
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Бухоро туманлараро судининг судьяси 
 
 
 
Skip to content