Иқтисодий судларда қарши даъвр аризаси киритиш тартиби ва ўзига хос жиҳатлари

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунида жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда мурожаатлар шаклига кўра, оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Бу борада Иқтисодий процессуал кодексида ҳар қандай шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли. Ҳеч ким судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ва маҳрум этиши мумкин эмас.
Иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун қарши даъво тақдим этишга ҳақли.
Қарши даъво қуйидаги ҳолларда тақдим этилиши мумкин, агар:
1) қарши талаб дастлабки талабни ҳисобга олишга қаратилган бўлса;
2) қарши даъвони қаноатлантириш дастлабки даъвони тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни истисно қилса;
3) қарши даъво билан дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлиб, уларни биргаликда кўриб чиқиш низони ўз вақтида ва тўғри ҳал этишга олиб келса.
Қарши даъвони тақдим этиш ва иш юритишга қабул қилиш ушбу Кодексда даъво аризаларини тақдим этиш ва иш юритишга қабул қилиш учун белгиланган қоидалар бўйича амалга оширилади.
Иқтисодий процессуал кодекси (матнда ИПК деб юритилади) 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (бундан буён матнда суд деб юритилади) ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.
Бунда манфаатдор шахс деганда, ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаат қилаётган шахс (даъвогар, қарши даъво аризаси бўйича эса жавобгар, аризачи, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс) тушунилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги 13-сонли Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида қуйидагича тушунтириш берилган. Жумладан, ИПК 160-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун қарши даъво тақдим этишга ҳақли.
Бунда назарда тутиш керакки, ИПК 160-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, қарши даъво иш юритишга қабул қилиниши мумкин. Агар қарши даъво процессуал қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинган ҳолда тақдим этилган бўлиб, аммо юқорида кўрсатилган моддадаги шартлар мавжуд бўлмаса, қарши даъвони иш юритишга қабул қилиш рад этилиши лозим. Қарши даъвони ИПКнинг 160-моддасида назарда тутилган шартлар мавжуд эмаслиги асосида қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим шикоят қилинмайди, чунки ушбу ҳолат судга мустақил даъво тақдим этишга тўсқинлик қилмайди. Агар қарши даъвони иш юритишга қабул қилиш ИПКнинг 154-моддасида кўрсатилган асослар бўйича рад этилган бўлса, бундай ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
Қарши даъво даъво аризасини тақдим этишнинг умумий қоидаларига риоя этган ҳолда тақдим этилган бўлса, суд томонидан иш юритишга қабул қилиниши мумкин, судловга тегишлилик тўғрисидаги қоидалар бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
148-моддасида баён қилинганидек , суд манфаатдор шахсларнинг аризалари, прокурорнинг аризаси ва давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.
Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, прокурор, шунингдек қонунларда назарда тутилган ҳолларда юридик шахслар, фуқаролар, давлат ва жамиятнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари ва бошқа органлар ҳам ИПКда белгиланган тартибда судга жавобгарнинг манфаатида қарши даъво бериши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли суд тизимини шакллантиришда ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари бузилган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада ошириш, судга мурожаат қилишнинг аниқ механизмлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабабли адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш, шунингдек, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш одил судловни таъминлашнинг устувор вазифаси этиб белгиланганлиги бежизга эмасдир.

Махсудова Муниса Зарифовна

Бухоро  туманлараро иқтисодий суди судьяси