Коррупцияга қарши курашиш борасидаги амалга оширилаётганчора-тадбирлар

Коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлиб қолаётганлигини, унга қарши жиддий ва кескин кураш олиб бориш зарурлигини вазият тақозо этмоқда. Қайси бир соҳани олмайлик ўша соҳада ривожланиш, тараққиёт рўй бермаётган экан, унинг сабабларидан бири коррупцияга бориб тақалади. Амалда коррупция мамлакатда ислоҳотларни амалга оширилиши, ўз олдимизга қўйилган мақсадлар йўлидаги жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ҳозирги пайтда жаҳондаги деярли барча илғор давлатлар миллий даражада коррупцияга қарши кенг кўламли чораларни қўллаш билан бирга халқаро миқёсда уни олдини олишга қаратилган дастурлар амалга оширилишида фаол иштирок этиб келмоқда.

Коррупция халқнинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончига путур етказади, жамиятнинг ахлоқий асосларини емиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг вужудга келиши ва чуқурлашишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг 03.01.2017 йилдаги ЎРҚ-419-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг 3-моддасида, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш деб тариф берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.12.2020 йилдаги ПФ-6127-сонли “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган.

Ушбу Фармонга асосан, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;

судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;

судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;

судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.

2021 йил 1 февралдан бошлаб суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Кенгаш ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:

илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш;

судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши муносабати билан 2021 йил 1 январдан ушбу судларнинг малака ҳайъатларини шакллантирилган. Судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Кенгаш раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар бериши, судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши, суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилиши тартиба жорий қилинган.

Азиз Шарипов,

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси