Келишув битимини тузиш ва суд томонидан тасдиқлаш тартиби билан боғлиқ суд амалиёти

“Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.

Замонавий суд процессининг ўзига хос хусусиятларидан бири – ишни қонуний ва оқилона ҳал этишда процессуал куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш мақсадларида самарали процессуал шаклларни қўллаш билан боғлиқ бўлиб, процессуал келишув институти айнан самарали процессуал шакллардан бири ҳисобланади.

Бу борада хорижий мамлакатлар тажрибаси сифатида Шри-Ланка Медиация жараёнларида (Mediation Boards in Sri Lanka) даставвал 30 кун давомида низоларнинг 61 фоизи ҳал этилган бўлса, кейинчалик медиациянинг афзалликларидан келиб чиқиб, ушбу муддатни 90 кунга узайтирилиши 94 фоиз низоларнинг ўз ечимини топганлигини ва бу Шри-Ланка судларида иш ҳажмининг 6 йил давомида 50 фоизга камайишига олиб келганлигини эътироф этишнинг ўзи кифоя. Медиация — низолашаётган тарафларнинг муаммони ўзлари учун мақбул ва самаралироқ усулда ҳал этиш  йўлидир. Унинг ижтимоий ютуқлари масаласида тадқиқот олиб борган К.Е. Гафнер медиациянинг афзалликлари ҳақида  “…суд тартибидан фарқли равишда тарафлар медиация жараёнида ўзларининг ижобий фаоллигини намоён эта оладилар ва бу ҳолат уларнинг ҳар иккисига ҳам бир вақтда фойда келтириши билан характерланади” мазмундаги  қарашни илгари суради. Хўжалик-иқтисодий ва тадбиркорликка оид муносабатлар билан боғлиқ низоларнинг медиация тартиб-таомили асосида ҳал этилиши ўз ўрнида иқтисодий суд ишларини юритишда судьялар иш ҳажмининг сезиларли даражада камайишига олиб келади. Хорижий давлатларнинг ушбу соҳадаги норматив ҳуқуқий-ҳужжатларида жумладан, Малайзия медиация актида, Финландия медиация тўғрисидаги актида (Act on Mediation in Labour Disputes) медиация иқтисодий, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар ва оилавий муносабатлардан келиб чиққан низоларни ҳал этишда қўлланилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, мазкур тартиб бир неча давлатларнинг медиация тартиб-таомилини тартибга солишга қаратилган қонунчилигида ҳам ўз аксини топган. Шу ўринда айтиб ўтиш керак-ки мамлакатимизда медиация институтини ривожлантириш юзасидан бир қатор ташкилий ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлсада, қонунчиликда фуқаролик ва оилавий муносабатларда медиатив келишувига эришиш имкониятини чекловчи нормалар мавжуд. Мисол учун қарздор ундирувчига ўз қарзлари эвазига ўзига тегишли автомототранспорт воситасини ҳадя қилиш орқали ёки иккила томоннинг ўз мафаатлари учун тўғри келадиган мақбул медиатив келишуви тузсалар ва бу келишувни  медиатор томонидан тасдиқланиши мумки. Ҳуқуқшунос, адвокат ҳамда халқаро медиатор Элейн Ричардсоннинг таъкидлашича “Аслида, судларда ўтирган судьялар одамларни ўзларининг келишмовчиликларини суддан узоқда ҳал қилишга ундайдилар ва бунинг учун медиациядан фойдаланишни қўллаб-қувватлашларини билдиргна.

Хорижий тажриба таҳлили асосида шуни айтиш мумкин-ки, мамлакатимизда медиациянинг ривожланиши туфайли нафақат тарафларнинг ортиқча вақт ва сарф харажатларининг олди олинади, балки судьялар иш ҳажмининг камайиши натижасида давлат бюджетининг сезиларли даражада иқтисод қилинишига эришилади. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 16-боби яраштириш тартиб таомиллари деб номланди.

Хусусан, Суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашиши, тарафлар низони келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб ҳал этиши мумкинлиги, келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкинлиги, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкинлиги белгиланди.

келишув битими низо томонлари ўртасидаги битим бўлиб, унинг матнида муаммони ҳал қилиш йўллари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, шартларга риоя қилмаслик учун жавобгарлик кўрсатилади. Бундай келишув баҳсли вазиятни тугтатади, муаммони тугатади. Бошқа ҳар қандай шартнома муносабатларидан ўзига хос хусусияти суд томонидан маъқуллаш зарурати бўлиб, эришилган келишув суд қарори кучини беради[1].

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 16-боби яраштириш тартиб-таомилларига бағишланган бўлиб, унда суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашиши белгиланган.

Тарафлар низони келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб ҳал этиши мумкин.

Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Шунингдек, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.

Келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади. Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.

Келишув битимида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак.

Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.

Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.

Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида умумий тартибда ҳал этади.

Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 204-сонли қарорида Судлар инобатга олишлари лозимки, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилиши, ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ суд ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида тарафларни муросага келтириш чораларини кўриши, шу муносабат билан даъво аризасини қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда суднинг тарафларга низони келишиш йўли билан ҳал этиш ҳақидаги таклифи кўрсатилиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш берилган.

 Яна шуни қайд этиш лозимки, суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади.

Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда, битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Ижро босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш масаласи келишув битими судга тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда кўрилади.

Келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажримнинг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) келишув битимининг шартлари;

2) келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги хулоса;

3) суд харажатларини тақсимлаш;

4) иш юритишни тугатиш ҳақидаги маълумот.

Бундан ташқари, келишув битимини тасдиқлаб беришда судлар қуйидаги ҳолатларга аҳамият беришлари лозимлиги қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 134-моддасига кўра, суд келишув битимини тасдиқлашни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар: 1) унинг шартлари қонунчиликка зид бўлса; 2) унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса; 3) у шарт асосида тузилган бўлса.

Келишув битими ваколати бўлмаган шахс томонидан имзоланганлигини ҳисобга олиб, ИПКнинг 134-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига ва
63-моддаларига таянган ҳолда суд уни тасдиқлашни рад этишни ва ишни мазмунан кўриб чиқишни лозим топган. Хулоса қиладиган бўлсак, мазкур институт тадбиркорлик соҳасида ҳамкорликни кучайишига, тарафлар ўртасида дўстона муносабатларнинг сақланиб қолиши, иқтисодий судларга низоларни тез ва тўғри ҳал этилиши, шунингдек, судларда низоларнинг камайишига сезларли даражада таъсир кўрсатди.

Чориев Дилшод Шавкатович
Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси