Иқтисодий процессуал қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмуни
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда аҳолининг одил судловдан фойдаланиш имкониятини “Янги Ўзбекистон — янги суд” принципи доирасида янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
Дарҳақиқат, суд-ҳуқуқ тизимини янги поғонага олиб чиқиш, инсон ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш каби муҳим ишлар амалга ошириб борилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Дарҳақиқат, бу рақамлар судяларнинг иш ҳажми ва иш юкламасининг ортганини кўрсатмоқда. Ушбу ҳолатлар судяларнинг иш ҳажми ва иш юкламасининг норма даражасидан ортишига олиб келиб, ишларнинг кўриш сифатига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Бунинг оқибатида шикоятдаги важлар атрофлича текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, суд қарори бекор қилиниб, қуйи судларга юбориш ҳолатлари кўпайишига олиб келмоқда.
Яъни, замоннинг ўзи суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштириш масаласини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ушбу заруратнинг ечими сифатида қонунлар билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ҳамда Фуқаролик-процессуал кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Янги тартибга асосан, қонуний кучга кирмаган суд қарорлари шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорлари, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида кўриш белгиланмоқда.
Қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриб чиқиш ваколати вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказилди.
Шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстансияси киритилиши муносабати билан Иқтисодий-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ҳамда Фуқаролик-процессуал кодексларига тафтиш инстансиясида иш юритиш тартиби батафсил (янги боб билан) ёритиб берилди.
Юқори инстансия судлари томонидан қуйи инстансия судларининг қарорини бекор қилган ҳолда янгидан кўриш учун яна қуйи судга юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстансиясига иш бўйича якуний қарор қабул қилиш мажбурияти юкланди.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор устидан апелляция шикоятини бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилди. Фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича чиқарилган қарорлар бўйича апелляция шикоятини бериш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда узоғи билан уч ой еканлиги белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, қонунчиликка киртилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг туб мақсади одил судловнинг принсиплари — қонунийлик, асослилик ва адолатлилик талабларини таъминлашга қаратилгандир.
Бухоро вилоят суди
судья катта ёрдамчиси И.Мустафоев