Ўз мансаб лавозимини суиистеъмол қилган мактаб директори

Судланувчи Т.И.Р. давлат ташкилоти бўлган Бухоро шаҳар умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимида ишлаб келиб, эгаллаб турган лавозимига кўра мансабдор шахс бўла туриб, ўз мансаб лавозимига кўра меҳнат шартномалари тузиш ва бекор қилиш каби ваколатларига эгалигидан ғараз мақсадда фойдаланиб, 2020 йил 08 февраль куни тахминан соат 11:30да ўз хизмат хонасида хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Ю.Х.дан 2020 йилнинг 3-10 январь кунлари асоссиз равишда ишга келмаганлиги сабабли унга чора кўрмаслик ва меҳнат шартномасини бекор қилмаслик эвазига, таъмагирлик йўли билан фуқаро Ю.Х.дан кимёвий ишлов берилган 100 дона 500 сўм купюрадаги жами 500.000 сўм пулларни пора тариқасида олган вақтда департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ва Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ушланган.
Судланувчи Т.И.Р. суд мажлисида берган кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, у 26 йилдан буён педагогика соҳасида, 2019 йилдан Бухоро шаҳар умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимида ишлаб келаётганлигини, ушбу мактабда Ю.Х. 2019 йил сентябрь ойидан буён рус тили фани ўқитувчиси вазифасида ишлаб келаётганлигини, у 2020 йил 3 январь кунидан 10 январь кунигача узрсиз сабабларга кўра ишга келмаганлигини, бу вақтда у синов даврида бўлганлигини, 2020 йил 11 январь куни ишга келганида,
у Ю.Х.дан 3-10 январь кунлари нима сабабдан ишга келмаганлиги тўғрисида сўраганида, у онаси касал бўлиб қолганини, уни кўриш учун ……  туманига кетганлигини айтганлигини, шундан сўнг у январь ойининг охирида мактаб ўқитувчиларининг 2020 йил январь ойида ишга келганликлари тўғрисидаги табелларни тўлдираётган вақтида, Ю.Х.ни хизмат хонасига чақириб, унга 2020 йилнинг 3 январь кунидан 10 январь кунига қадар асоссиз равишда ишга келмаганлиги учун табелга ишга келмаганлиги тўғрисидаги ёзувни киритмоқчи эканлигини, бунинг натижасида у меҳнат кодексига асосан ишдан бўшатилиши ёки интизомий жазога тортилиши мумкинлигини айтганида, у унга оилавий шароити оғирлигини ва ишдан бўшаб кетса моддий томондан қийланишини билдирганлигини, шундан сўнг у Ю.Х.га уни ишга келмаган кунларини табелга киритмаслик ва ишдан бўшатмаслик эвазига 500.000 сўм пулларни беришини айтиб ўзаро келишганлигини, Ю.Х. унинг талабига рози бўлиб, ҳозирги вақтда олдида 500.000 сўм пули йўқлигини, ойлик маошини олганда беришини айтганлигини, у унинг гапларига рози бўлиб, 2020 йилнинг январь ойи давомида мактабнинг ўқитувчилари ишга келганлиги тўғрисидаги табелга гўёки 3-10 январь кунларигача Ю.Х. ишга келганлиги тўғрисидаги ёзувни киритганлигини, 2020 йил 7 февраль куни Ю.Х. билан учрашиб қолганлигини, ундан келишилган 500.000 сўм пулларни қачон беришини сўраганида, у унга пластик карточкасидаги пулларни нақдлаштириб беришини билдирганлигини, шундан сўнг 2020 йил 8 февраль куни у соат тахминан 11:30 ларда Ю.Х. хизмат хонасига кириб келиб, келишилган яъни у 2020 йилнинг 3-10 январь кунлари ишга келмаганлигини табелларга кўрсатмаслик ва унга нисбатан чора кўрмаслик эвазига 500.000 сўм пулларини олиб келганлигини билдирганида, у ундан бир боғлам 5000 сўмлик пулларни олиб, чўнтагига солганлигини ва Ю.Х.га хавотир олмаслигини, унинг тушунтириш хатини йиртиб ташлашини айтиб, хонасидан чиқиб, ўқитувчилар хонасига кирганлигини, орадан тахминан 5 дақиқа ўтгач унинг ёнига 4-5 нафар шахслар келиб, хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, ўзларини Бухоро вилоят ИИБ ҳамда ИЖҚК департаменти ходимлари деб таништириб, тадбир ўтказилаётганлигини билдириб, ундан бироз аввал Ю.Ҳ. билан ўрталарида бўлган ҳолат юзасидан сўраганларида, у ўзини таништириб, Ю.Ҳ.дан у 2020 йилнинг 3-10 январь кунлар асоссиз равишда ишга келмаганлиги учун унга чора кўрмаслик, яъни ишдан бўшатмаслик эвазига 500.000 сўм пулларини олганлигини айтиб, ушбу пуллар костюмидаги чўнтакда эканлигини айтганлигини, шундан сўнг тезкор тадбир ҳужжатлари расмийлаштирилганлигини, у ушбу пулларни ўз эҳтиёжларига эмас, балки мактабни таъмирлаш ишларига сарфламоқчи бўлганлигини, Ю.Х.
3-10 январь кунлари ишга келмаган бўлсада, ўқув ишлари бўйича мудира Н.Н.га ҳам Ю.Ҳ.ни табелда ишга келган деб белгилашни айтганлигини, у педагогик фаолияти давомида интизомий жазо олмаганлигини, 1994 йилдан ҳозирги кунгача унинг кўп ўқувчилари фан олимпиадаларида ғолиб чиққанлигини, бундан ташқари у таълим соҳасида янги дастур устида ишлаб, уни тақдим қилганлигини, халқ таълими аълочиси бўлганлиги, ҳозирда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.
 Суд судланувчи И.Т.га жазо тайинлашда, унинг шахси, ёшини, оилавий шароити, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, оилавий шароити, суддаги ўзининг ҳаракатига салбий баҳо бериш кўринишидаги хулқ-атвори, жиноят содир этгунга қадар ва ундан кейинги хулқ-атвори ва ишдаги бошқа ҳолатларни инобатга олиб, унга нисбатан муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан айбли деб топди ва қилган қилмишига яраша жазо тайинланди.
     
 
Завқий Қурбонов,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
 
Жўрабек Тожиев,
Жиноят ишлари бўйича Бухор шаҳар судининг судьяси 

Ўзбошимчаликнинг оқибати

Турсунов Нурали Жўрақулович Қоровулбозор туманидаги “Жарқоқ” МФЙ ҳудудида, ўзи фаолият юритаётган “Турсун Райим” фермер хўжалиги раҳбари бўла туриб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил  8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6243-сонли Қарори ҳамда 2021 йил 16 августдаги “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-708-сонли Қонуни қабул қилинганлиги ҳақида, Кадастр агентлиги Қоровулбозор туман бўлими раҳбари ва масъул ходимлар томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлсада, мазкур Қонуннинг махмун-моҳиятини ва ҳуқуқий оқибатлари бўйича олдиндан билган бўлсада, у қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган суғориладиган ерларда қурилиш ишларини амалга ошириши таъқиқланганлигини била туриб, 2021 йил ноябрь ойининг ўрталарида, ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигига ажратиб берилган, унумдорлиги 51 балл бонитетли, қишлоқ хўжалиги харитасининг 153қ-контуридаги суғориб экиладиган майдонидан 800 квадрат метр ер майдонининг унумдор қатламини, ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ҳолда, шу беда экилган ерга молхона биносини қуриб, натижада 1460 минг сўмлик зарар етказиб,  мазкур суғориладиган ерни яроқсиз ҳолатга келтирган.
2022 йил апрель ойининг 12 куни жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида, судья М.У.Арипов раислигида мазкур жиноят ишини кўриб чиқиб, судланувчи Турсунов Нурали Жўрақулович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 2291-моддасининг 2-қисми айбдор деб топилди ва унга шу модда билан унинг ёшини, айбига қисман иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилди.
 
Махмуд Арипов,
Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман судининг раиси

МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИДА ХОДИМ ҲУҚУҚЛАРИ

Баъзан танишлар ёки яқинлардан «бошлиғим менга аризангизни ёзинг, сиз ишдан бўшадингиз деди» қабилидаги сўзларни эшитиб қоламиз. Ўз-ўзидан савол туғилади: «Меҳнат жамоасида намунали хулқи билан ажралиб турган, белгиланган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажараётган, ҳамкасблари орасида обрў-эътиборга эга, мутахассислиги бўйича лавозимига лойиқ бўлган шахсни бошлиқ ҳеч бир сабабсиз ишдан бўшатиб юбориши мумкинми?»

Хўш, биз ўзимизнинг меҳнат ҳуқуқларимизни қанчалик даражада биламиз: «бошлиқ», яъни иш берувчининг ҳаракатлари асослими, аризани мажбурлаб ёздириш мумкинми, «ишдан бўшаётган шахс», яъни ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қай тарзда ҳимоя қилинади ва бу борада амалдаги қонунчиликда қандай кафолатлар назарда тутилган?

Меҳнат муносабатлари иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси асосида вужудга келади. Меҳнат шартномасида ҳар иккала томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилади. Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат муносабатларининг тугатилишига асос бўлади. Меҳнат муносабатларини у ёки бу асос бўйича бекор қилиш масаласини кўриб чиқишда меҳнат шартномаси кимнинг ташаббуси билан бекор қилинганини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.

Меҳнат шартномасини тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари Меҳнат кодексининг 100-моддасида (иш берувчининг ташаббуси) ва 99-моддасида (ходимнинг ташаббуси) белгилаб қўйилган. Улар бир-биридан ўзининг алоҳида хусусиятлари билан фарқланади. Қуйида биз меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ҳар иккала асоси билан танишиб чиқамиз.

Ходимнинг ташаббуси – «ишдан бўшаётган шахс аризаси» билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?

Биз, биринчи навбатда, меҳнат шартномасини ходим ташаббуси билан бекор қилишнинг қонуний тартиб-таомилларини аниқлаштириб оламиз. Ходимнинг «ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш» сабаблари турлича бўлиши мумкин. Масалан: мансаб пиллапоясида ўсиш имконияти, юқорироқ ҳақ тўланадиган бошқа ишга ўтиш, ходимнинг бажараётган ишидан қониқмаслиги ёки унинг жамоага киришиб кетолмагани, доимий яшаш учун бошқа жойга кўчиш, ўқишга кириш, пенсияга чиқиш ва ҳоказолар.

Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш таомили Меҳнат кодексининг 99-моддасида аниқ ва қатъий белгилаб берилган. Унга кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақли.

Бундан кўриниб турибдики, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ёки муддатли меҳнат шартномасини хоҳлаган пайтда бекор қилиши мумкин.

Ходим ўз аризасида меҳнат шартномасини бекор қилиш сабабини кўрсатиши керакми?

Ходим бирор сабаб кўрсатиб ёки ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Фақатгина ходим ўз нияти ҳақида иш берувчини икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириши талаб этилади ва бу мажбурий ҳисобланади. Огоҳлантириш муддати тугаганидан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан белгиланган икки ҳафталик муддатни қисқартирган ҳолда бекор қилиниши мумкинми?

Қонунда қисқартирилган муддатлар назарда тутилмаган. Бироқ Меҳнат кодексининг 99-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин. Бундан кўриниб турибдики, иш берувчи ва ходим ўзаро келишсалар, икки ҳафта ўтишини кутиб туриш шарт эмас. Аризанинг матнида ходим меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраётган аниқ сана кўрсатилади.

Қонунда белгиланган икки ҳафталик муддат ёки ўзаро келишиб олинган муддат ичида ходим ўз аризаси қайтариб олишга ҳақлими?

Мазкур вазиятда қонунчилик ўзида ходим манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаб қўйган. Қонунда белгиланган ёки ходим ва иш берувчи келишувига кўра қисқартирилган огоҳлантириш муддати давомида ходим меҳнат шартномаси тугатилгани ҳақида буйруқ чиқарилган бўлишидан қатъи назар, аризасини қайтариб олишга ҳақли. Ходимнинг ўрнига бошқасининг таклиф этилгани унга аризасини қайтариб олишни рад қилишга асос бўлмайди, чунки иш берувчи фақат аввалги ходим ўртасидаги меҳнат шартномасини бекор қилганидан кейингина бу иш (лавозим)га бошқа ходимни таклиф қилишга ҳақли.

Мисол: 2017 йил 30 майда ходим раҳбарга меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра 2017 йил 1 июндан бекор қилиш ҳақида ариза билан мурожаат қилди. Корхона раҳбари ходим қонунда белгиланган икки ҳафтани ишлаб бериши керак деб ҳисоблаган ҳолда у билан меҳнат шартномасини фақат 2017 йил 13 июнда бекор қилиши мумкинлигини айтди. Ходим бунга рози бўлди ва меҳнат шартномасини иш берувчи томонидан белгиланган муддатда бекор қилиш ҳақида янги ариза ёзди. Аммо огоҳлантириш муддати давомида ходим ўз қарорини ўзгартирди ва 2017 йил 12 июнда берган аризасини қайтариб олди. Бу вазиятда иш берувчи Меҳнат кодексининг 99-моддасида белгилаб қўйилган тартибда ходимнинг ишдан бўшаш тўғрисида ёзган аризаси асосида у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас. Чунки икки ҳафталик муддат тамом бўлмаган.

Иш берувчи ходимдан икки ҳафталик огоҳлантириш муддати давомида ишлаб беришни талаб қилиши ва у билан тузилган шартномани бекор қилишни рад этишга ҳақлими?

Албатта, иш берувчи, агар унинг бунга асоси бўлса, меҳнат шартномасини қонунда белгиланган икки ҳафталик огоҳлантириш муддатидан аввал бекор қилишни рад этишга ҳақли. Бу вазиятда ходим тўлиқ икки ҳафта иш берувчи учун ишлаб бериши керак. Зеро, бу вақтда иш берувчи мазкур ходим ўрнига янги номзод топиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширади.

Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?

Юқорида таҳлил қилганимиздек, ходим бирор сабаб кўрсатиб ёки ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли ҳисобланади. Бироқ бу ҳуқуқ иш берувчига тегишли эмас.

Меҳнат кодексининг 100-моддасига биноан қуйидаги сабаблардан бирининг мавжудлиги иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканини билдиради:

1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани;­

2) ходимнинг малакаси етарли бўлмагани ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;

3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузгани. Аввал меҳнат вазифаларини бузгани учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан такроран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади;

4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузгани.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати ички меҳнат тартиби қоидалари; корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси; айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар билан белгиланади.

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузиши қўпол тусга эгалиги ёки эга эмаслиги ҳар бир муайян ҳолда содир қилинган ножўя ҳаракатнинг оғир-енгиллигига ҳамда бундай бузиш туфайли келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларга қараб ҳал этилади;

5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек, меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилингани;

6) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилингани;

7) ходимнинг пенсия ёшига тўлгани, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан фақат юқорида кўрсатилган 7 та асосга кўра бекор қилиниши мумкин. Бошқа асосларга кўра иш берувчи ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас. Амалиётда иш берувчи юқоридаги асослар мавжуд бўлмаган ҳолда ходим билан бирор бир келишмовчиликка дуч келиб қолса, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг «осон йўли» – яъни ходимнинг ишдан «ўз аризаси билан» кетиши кераклигини талаб қилади. Бу — қонунга хилоф.

Ходим ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани ўз хоҳиши билан эмас, балки иш берувчининг қистови билан ёзган бўлса, ўз ишига тикланиши мумкинми?

Ҳа, албатта. Меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. Судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида бергани тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширишлари лозим (Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-қарорининг 15-банди).

Агар ариза иш берувчининг қистови билан ходимнинг ихтиёрига зид равишда ёзилган бўлса ва буни ходим исботлаб бера олса, меҳнат шартномасини бекор қилиш ғайриқонуний деб топилади ҳамда ходим суд томонидан аввалги ишига тикланади. Ишга тиклаш ҳақидаги низо бўйича ариза ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида бевосита судга берилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, меҳнат ва технология интизоми, ички меҳнат тартиби қоидалари, уставлар ва интизом тўғрисидаги қоидаларга риоя қилиш, иш берувчининг қонуний фармойишларини бажариш, меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя қилиш ходимнинг меҳнат муносабатларидаги мажбуриятларига киради. Агар ходим белгиланган тартибда ўзининг меҳнат вазифаларини бажарадиган бўлса, унга нисбатан иш берувчи бирор бир ножўя хатти-ҳаракат содир этишга ҳақли эмас. Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинади.

Жалол Садиров, Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси

БУХОРОЛИК  ТАДБИРКОР  ОҚЛАНДИ

Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг 2016 йил 01 июлдаги  ҳукмига кўра, З.Тоҳиров, Ўзбекистон Республикаси ЖК 178-моддасининг
1-қисми билан айбли деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.

Суднинг ҳукмига кўра, З.Тоҳиров, Бухоро тумани “Gala Osiyo Agrosaxovat Servis” МЧЖни ташкил қилиб, 2015 йил май-июнь ойларида шартнома асосида жами бўлиб 42.167 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия Федерациясидаги “Северо-Западный торговый дом” МЧЖга етказиб бериб, улар учун тўланиши лозим бўлган хорижий валютадаги пул маблағларининг 25 фоизини, яъни 10.541,75 АҚШ долларини банк муассасасига ўтказмасдан қасддан яширишда айбланган. 

Дастлабки тергов ва судда сўроқ қилинган З.Тоҳиров, шартнома асосида 2015 йил май ойида жами 19.811 АҚШ  долларга тенг помидор маҳсулотларини Россия Федерациясига олиб чиқмоқчи бўлганлигини, аммо Миллий банк Бухоро филиали томонидан валюта ҳисоб рақами ўз вақтида очилмаганлиги сабабли оворагарчилик натижасида етти кун қолиб кетганлигини, божхонада ҳам беш кун оввора бўлганлигини, шундан сўнг ушбу маҳсулотни Санкт-Петербург шаҳрига етказиб берганлигини, бу орада 2015 йил 10 июнда тузилган қўшимча шартномага асосан 22.356 АҚШ долларига тенг миқдорда помидор ва бақлажон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганлигини, шартномада кўрсатилган
42.167 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини
Санкт-Петербург шаҳрига етказиб берган бўлсада, аммо йўлда кўп оввора бўлиши ва ушланиб қолиши натижасида маҳсулотларнинг сифати бузилганлигини, харидор ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олмаганлиги ва ушбу маҳсулот учун маблағ келиб тушмаганлиги, бунинг оқибатида зарар кўрганлиги, натижада чет эл валютасини ваколатли банк муассасасига мажбурий тартибда сота олмаганлигини, экспортга юборилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини банк кредити ҳисобига сотиб олинганлигини билдирган.

Жиноят ишига “СОЭКС-НЕВА” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2015 йил 25 июнь куни ўтказилган эксперт хулосаси тақдим қилинган бўлиб, унга биноан “Gala Osiyo Agrosaxovat Servis” МЧЖ ва “Северо-Западный торговый дом” МЧЖ ўртасида тузилган шартномаларга биноан етказилиши лозим бўлган помидор ва бақлажон маҳсулотлари давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги ва истеъмолга яроқсизлиги аниқланган.

Қонуннинг мазмунига кўра, чет эл валютасини яшириш қасддан содир қилинадиган жиноятлар турига кириб, шахсни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 178-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун чет эл валютасини яширишга қаратилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир қилинганлиги исботланиши лозим.

Ўз навбатида ҳар қандай қасддан содир қилинадиган жиноятларда шахс унга қонун билан юклатилган вазифаларни унинг эрки, иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда бажара олмаса, мазкур ҳолатлар жавобгарликка сабаб бўлмайди.

Жиноят иши бўйича З.Тоҳировнинг чет эл валютасини яширишга қаратилган қасддан ҳаракатлар содир қилганлиги, чунончи Россия Федерациясига етказилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб, улардан тушган валютани махсус ҳисоб рақамига ўтказмасдан яшириб қолганлиги тасдиқланмаган. Аксинча, З.Тоҳировнинг четга етказиб берилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз бўлиб қолганлиги боис, уларни сота олмаганлиги, бунинг натижасида маблағ келиб тушмаганлиги сабабли, унга боғлиқ бўлмаган объектив сабабларга кўра махсус ҳисоб рақамига чет эл валютасини ўтказа олмаганлиги аниқланган.

Қайд этилганларга асосан, Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, биринчи босқич судининг айблов ҳукмини бекор қилиб, З.Тоҳировга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди.

Суръат Найимов, Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси

Рахимжон Қаноатов, Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг девонхона мудири

Суд ҳокимияти органлари фаолияти рақамлаштирилишга эришилдими?

Сўнги йилларда давомида мамлакатимизда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилиб келаётган чора-тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судларга мурожаат қилишни эркинлаштириши, одил судловга эришиш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бериб келмоқда.
Юртимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилан экан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, нуфузини ошириш, тизимни демократлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилиши билан изохланади.
Суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжат Қарор бўладими, Фармон бўладими аввало суддаги муаммоли ҳолатларни бартараф этиш йўллари ва уларнинг мақбул ечимлари аниқ кўрсатиб бераётганлиги, суднинг нуфузини янги босқичларга чиқишига қаратилганидан далолат  беради.
Бу жараён нафақат ҳудудимизда, балки халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг асосий босқичдаги вазифалари белгиланди.
Қарорнинг ижросига тўхталадиган бўлсак, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш йўлга қўйилди.
Апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш жорий қилинди.
2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш амалиёти киритилди.
2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиб бориш йўлга қйўилди.
Аввало суд тизимини рақамлаштириш орқали  фуқаролар сарсон бўлишининг олдини олишга, мурожаатларни автоматлаштиришга, тизимлаштириш ва энг асосийси, фуқароларга судларга мурожаат этиш бўйича конституциявий ҳуқуқларидан кенгроқ фойдаланишга имкон янада яхшиланди.
Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич уланди.
Судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотлар, уларга электрон шаклда юборилмоқда.
Муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олинмоқда.
Демак, хулоса ўрнида шуни айтиш лозим бўладики, суд-ҳуқуқ тизимига киритилган янгилик ва ўзгаришлар, суд ҳокимияти органлари фаолияти рақамлаштирилиш суд идораларининг чинакам адолат қўрғони, фуқаролар қонуний ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоячисига айланишига хизмат қилишини таъминлаш, судларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бирга судлар фаолиятида киберхавфсизликни таъминлаш, маълумотларнинг ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, давлат органлари ва суд тизими ўртасида ахборот тизимларининг интеграция қилинганлиги одил судлов самарадорлигини оширди, асосийси соҳада янги сифат кўрсаткичларига эришилди ва албатта халқнинг суд тизимидан рози бўлишига замин яратилди.
 
Салимжон Абдурасулов,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари
 
Сухроб Кушшаев,
Пешкў туманлараро иқтисодий судининг раиси

Фирибгарлик жинояти учун ҳунарманд уста қамалди

2022 йил 29 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди (раислик қилувчи У.И.Бозоров) томонидан судланувчи Ҳайдаров Нурмуҳаммад Шамсиддин ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а” банди билан ҳукм ўқилди.

Иш тафсилотлари кўра, Н.Ҳайдаров қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни такроран қалбакилаштириш ҳамда алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг анча миқдордаги мулкини қўлга киритиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир этган

Чунончи, у фуқаро Д.Атоевани АКШнинг Сантафе шахрида бўладиган халқаро ҳунармандчилик кўргазмасига “уста ёрдамчиси” сифатида олиб бориб, музейга ишга жойлаштиришини ваъда килиб, виза харажатлари ва ҳужжатларни тайёрлаш учун 1.000 АКШ доллари миқдорида тўлов қилиш лозимлигини айтиб, 2019 йил октябрь ойининг бошларида фуқаро Д.Атоевнинг Шофиркон тумани Мустақиллик кўчаси 4-уйда жойлашган Шофиркон туман ҳокимлиги биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг 9.424.000 сўмига тенг бўлган 1.000 АКШ доллари миқдоридаги нақд пулларини ва Ўзбекистон Республикасининг 7.539.200 сўмига тенг бўлган баҳоси 800 AҚШ доллари бўлган 1 дона “Samsung S10+” русумли уяли телефон аппаратини алдов йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчига жами 16.963.200 сўмлик моддий зарар етказиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Бундан ташқари, Н.Ҳайдаров кўплаб жабрланувчиларни фирибгарлик йўли билан алдаб уларга 500.000.000 сўм моддий зарар етказган.

Гарчанд судда судланувчи Н.Ҳайдаров айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, у Шофиркон тумани Бобоҳайдар МФЙ Региён қишлоғи 12-уйда доимий рўйхатда турсада, 2021 йил 5 апрель кунидан Андижон вилояти Андижон шаҳар 5-кичик ноҳия Қоратут маҳалласидаги ҳунармандчилик цехида яшаб келаганлигини, 2018 йил тахминан апрель ойларида Абдунаби исмли шахс уйига келиб уни шогиртликка олишни сўраган бўлганлигини, шундан сўнг у билан танишиб қолиб, тез – тез телефонда суҳбатлашиб туришганлигини, Абдунаби АҚШга жўнаб кетганлигини, у билан суҳбат давомида Дилрабо исмли опаси борлигини уни шогиртликка олишини ва АҚШда бўлиб ўтадиган Сантафе кўргазмасига олиб боришини сўраганлигини, Абдунаби унга бу хизмати учун ҳақ тўлашини билдирганлигини, эртаси куни Шофиркон туман ҳокимлиги биносининг олдига Дилрабо билан кўришганлигини, Дилрабо унга укаси Абдунаби совға юборганлигини айтиб 6000 АҚШ доллари ва SAMSUNG S10 телефон аппаратини берганлигини, у ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлигини, АҚШ элчихонасининг ташаббуси билан 2020 йил июль ойида АҚШнинг Санта-Марио штатида “Сантафе” ҳунармандчилик кўргазмаси бўлиши керак бўлганлигини, ушбу кўргазмада ўзи ва уста-шогирдлари бориши режалаштирилган бўлганлигини, бироқ карантин муносабати билан ушбу кўргазма ўтказилмаганлигини, у Дилрабога етказилган зарарларни тўлиқ қоплаб берганлигини, шунингдек, у С.Исоевни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган “Metropilitan Museum” номли музейига қайта реконструкция қилиш ишларига уста ёрдамчиси вазифасига 5 йил муддатга бериладиган шартнома асосида ишга юборишини, ҳар бир соатига 18 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олишини ваъда қилиб, 2020 йил 16 октябрь куни С.Исоевнинг таниши С.Абераев орқали Шофиркон тумани “Қалмақон” МФЙда жойлашган савдо дўконда жами 3.176.00 сўм нақд пулларини олганлигини ҳамда Бухоро шаҳар И.Мўминов кўчаси 1-уйда жойлашган Бухоро вилоят ҳокимлиги биноси олдида 3.600 АҚШ доллари миқдордаги нақд пулларини олганлигини ҳозирда етказилган зарарларни қоплаганлигини, Шунингдек, Б.Тоировни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган “Metropilitan Museum” номли музейига қайта реконструкция қилиш ишларига уста ёрдамчиси вазифасига ишга юборишни, ҳар бир соатига 18 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олишини, 6 йил муддатга бериладиган шартнома асосида юборишини айтиб, алдаб, шартнома солиқлари учун ўз ҳисобидан “Ҳунарманд” уюшмаси ҳисоб рақамига пул тўлаганлигини, шунга 3.600 АҚШ доллари миқдорида унга нақд пул бериш лозимлигини айтиб, 2020 йил 29 декабрь куни Бухоро шаҳар Ибн-сино кўчасида жойлашган “Корзинка” супермаркети биноси олдидаги автомобиллар тураргоҳида Б.Тоировдан 3.500 АҚШ доллари ва ушбу куни ўзи яшаб келаётган Шофиркон тумани Бобоҳайдар МФЙ Региён қишлоғи 12-уйда 100 АҚШ доллари миқдордаги пулларини олганлигини, ҳозирда етказилган зарарларни тўлиқ қлплаганлигини, бундан ташқари, у М.Шодиевни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган “Metropilitan Museum” номли музейига қайта реконструкция қилиш ишларига уста ёрдамчиси вазифасига 6 йил муддатга бериладиган шартнома асосида ишга юборишини, ҳар бир соатига 18 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олишини, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши лозимлигини айтиб, М.Шодиев 2021 йил 3 февраль куни Шофиркон туман Давлат хизматлари марказига 223.000 сўм тўлов амалга ошириб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтгач, “Устоз-шогирд гувоҳномаси” тўловлари учун деб 2021 йил февраль ойи бошларида Шофиркон шаҳар Қалмақон кўчасида жойлашган Маданият ва истироҳат боғи ҳудудида М.Шодиевдан 3.000.000 сўм миқдордаги нақд пулларини олганлигини ҳамда 5.000 АҚШ доллари миқдорида унга нақд пул бериш лозимлигини айтиб 2021 йил 5 февраль куни Бухоро шаҳар И.Мўминов кўчаси 2-уйда жойлашган Бухоро шаҳар ҳокимлиги маъмурий биносининг олдида М.Шодиевдан 10.055.000 сўм миқдордаги нақд пулларини ва ушбу куни ўзи яшаб келган Шофиркон тумани “Бобоҳайдар” МФЙ “Региён” қишлоғи 12-уйда 1.000 АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулларини олиб, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборганлигини, етказилган зарарларни қоплаганлигини, шунингдек, у С.Исмоиловни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган “Metropilitan Museum” номли музейига қайта реконструкция қилиш ишларига уста ёрдамчиси вазифасига 6 йил муддатга бериладиган шартнома асосида ишга юборишни, ҳар бир соатига 18 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олишини, “Устоз-шогирд гувоҳномаси” ва “Ҳунарманд уюшмасига аъзолик гувоҳномаси” тўловлари учун деб, 2021 йил 16 февраль куни ўзи яшаб келган Шофиркон тумани “Бобоҳайдар” МФЙ “Региён” қишлоғидаги 12-уйда С.Исмоиловдан 3.500.000 сўм миқдоридаги нақд пулларини олиб, икки томонлама шартнома солиқлари учун 6.000 АҚШ доллари кўчирилганлиги ҳақидаги ВХ-03037-сонли сохта тўлов квитанциясини кўрсатиб, 6.000 АҚШ доллари миқдорида унга нақд пул бериши лозимлигини айтиб, Бухоро шаҳар И.Мўминов кўчаси 2-уйда жойлашган Бухоро шаҳар ҳокимлиги биноси олдида фуқаро С.Исмоиловдан 6.000 АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулларини олиб шахсий эҳтиёжига сарфлаб юборганлигини, зарарни қисман қоплаб берганлигини, шунингдек, у И.Рахимовдан дастлаб 900.000 ва 2021 йил 18 февраль куни Бухоро шаҳар И.Мўминов кўчаси 2-уйда жойлашган Бухоро шаҳар ҳокимлиги биноси олдида 3.000.000 сўм нақд пулларини олиб ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлигини, зарарни қоплаганлигини, шунингдек, у А.Рахимовдан дастлаб 1.000 АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулларини олиб ўзининг шахсий эҳтиёжига сарфлаб юборганлигини, ҳозирда етказилган зарарларни қоплаб берганлигини, бундан ташқари, у Ш.Тиллоевдан дастлаб 450.000 сўм ва 2021 йил 26 март куни Бухоро шаҳар И.Мўминов кўчаси 2-уйда жойлашган Бухоро шаҳар ҳокимлиги биносининг 4-қаватида фуқаро Ш.Тиллоевдан 1.700 АҚШ долларини олганлигини, шунингдек, у Ш.Маҳмудовдан Шофиркон тумани Х.Ориф МФЙ Мустақиллик кўчасида жойлашган “Стар маркет” савдо мажмуасининг 2-қаватида Ш.Махмудовдан 3.600 АҚШ доллари миқдордаги нақд пулларини олиб, пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлигини, шунингдек, у Д.Хамедовадан 2021 йил 24 октябрь куни Бухоро шаҳар И.Мўминов кўчаси 1-уйда жойлашган Бухоро шаҳар ҳокимлиги биноси олдида Д.Хамедовадан 4000 АҚШ доллари миқдордаги ҳамда 2.500.000 сўм нақд пулларини, 2021 йилнинг июнь ойи бошларида эса Бухоро шахар Ислом Каримов кўчаси 22/1 уй олдида 200 АҚШ долларини олганлигини, пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлигини, шунингдек, у Г.Хамедовадан дастлаб 5.000 АКШ доллари ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш учун қўшимча 2.500.000 сўм пул маблағларини олганлигини, пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлигини, бундан ташқари, у Ш.Раҳмоновдан “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолик тўлови сифатида 2021 йил 30 август куни “Қишлоққурилишбанк” Шофиркон филиали орқали 500.000 сўм нақд пулларни топшириб, “Агробанк” АТБ Шофиркон филиали орқали 2.500.000 сўм тўловларни 2.000 АҚШ доллари нақд пулларини олиб ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборганлигини ҳақидаги кўрсатуви;

– жабрланувчилар Ш.Рахмонов, Ш.Махмудов, Г.Хамедова, Д.Хамедова, М.Исоев, С.Исомиддинов, Ш.Тиллоев ҳамда гувоҳлар Ф.Махмудов ва Ҳ.Иззатовнинг суддаги кўрсатувлари билан ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топган деб ҳисоблади.

Суд, судланувчи Н.Ҳайдаровга нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, етказилган моддий зарар қисман қопланганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а” банди билан ЖКнинг 59-моддасига асосан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Улуғбек Бозоров,

Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман судининг раиси

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни мазмун моҳияти.

Ҳозирги кунда биз жамиятда, оммвий ахборот воситаларида “коррупция, коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш” деган ибораларни тез-тез учратиб туряпмиз. Хўш, нимага бу сўзлар бизда  долзарб мавзуга айланиб қолди. Бу саволларга жавоб беришдан аввал биз коррупция сўзининг маъносини билишимиз керак.
 Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунида коррупцияга таъриф берилган. Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.
Халқ тилида соддагина қилиб -порахўрлик, кенг маънода коррупция деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади.
Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг  қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.
Коррупция жамиятнинг ривожланишига, икқтисодни ривожланишини энг катта салбий таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланади. Шунинг учун барча соҳаларда  коррупцияга қарши курашиш унинг келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва олдини олиш жуда долзарб бўлиб қолди.
Коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши кураш самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва ҳалқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсатгич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган.  Афсуски жамиятимизда коррупцияни бутунлай тугатиш имконияти бўлмаяпти. 
Коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари сифатида тадқиқотчилар асосан тўртта омилни кўрсатиб ўтадилар.
Биринчиси -иқтисодий сабаблар.  Муҳтарам Президентимиз ўзининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади.  Коррупциянинг бу  кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳайтни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган ҳар хил чеклашлар  амалдорларнинг кенг, назоратда холи, чекланмаган ё рухсат бериш, ё таъқиқлаш ваколати  порахўрликка замин яратади.
Шу билан  боғлиқ бўлган ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатида алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун  ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси -ҳуқуқий сабаблар.
Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар  ишламайди ва порахўрлар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси институциал сабаблар.
Уларга аввало давлат бошқарув тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси– ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги  каби омиллардир.
  Коррупцияга қарши кураш фоалиятини амалга оширувчи давлат органлари Қонунинг 7-моддасида кўрсатиб ўтилган
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонунчиликка мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.
Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши (бундан буён матнда Миллий кенгаш деб юритилади) ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар (бундан буён матнда ҳудудий кенгашлар деб юритилади) қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Миллий кенгашнинг ишчи органидир.
Мазкур давлат органларининг ваколатлари қонунда белгилаб берилган.
Қонунинг 16- моддасида  –Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўради, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир тушунтириш ишларини амалга ошириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимни, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни ишлаб чиқиш йўли билан зарур чора-тадбирлар кўради.
 Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради-деб белгиланган.
Қонунинг 18- моддаси  Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияга бағишланган.
Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади.
Давлат таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга, таълим дастурларини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади.
 Давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар
Давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ва бошқа ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтириш;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
давлат органларининг ва улар ходимларининг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш;
давлат органлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи одоб-ахлоқ қоидаларини самарали амалга ошириш;
давлат органлари ходимлари манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминлаш;
давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, хизматни ўташнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш ҳамда хизматда кўтарилиш тизимини жорий этиш;
давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши устидан назоратни таъминлаш;
давлат органлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ушбу органлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаган ҳолда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш;
давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш.
Қонунчиликда давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.
Давлат органларининг ва ўзга ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа ходимлари қонунчиликка риоя этиши, ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларини беғаразлик билан, холисона, виждонан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этган ҳолда бажариши ҳамда коррупцияга оид бирор-бир ҳуқуқбузарликни содир этишдан ёки бундай ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароитлар яратадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.
  Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар
Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш;
давлат органларининг назорат-текширув вазифаларини мақбуллаштириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тизимини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик;
давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг масофавий шаклларини кенг жорий этиш;
тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун тенг шарт-шароитлар яратиш ва инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик;
давлат харидларининг самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, давлат харидларини жойлаштиришда ошкоралик, шаффофликни таъминлаш ҳамда рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш;
таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бошқа соҳаларида аҳоли учун адолатли шарт-шароитларни ҳамда тенг имкониятларни яратиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
нодавлат ташкилотларда коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этиш.
Қонунчиликда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.
 
Қонунда манфаатлар тўқнашуви  тушунчаси киритилган ва нуга таъриф берилган. Манфаатлар тўқнашуви — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.
Давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат органларининг ходимлари ўзининг бевосита раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишга, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга доир чора-тадбирлар
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишга, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларининг коррупциянинг ҳолатини ва тенденцияларини тизимли таҳлил қилишга асосланган самарали ишини ташкил этиш, уларнинг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг замонавий шакллари ва усулларидан фойдаланиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг техник таъминоти даражасини ошириш, уларнинг ишига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ўртасида мувофиқлаштиришни ва ҳамкорликни таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш;
коррупцияга қарши курашнинг самарали жиноят-ҳуқуқий ва жиноят-процессуал механизмларини яратиш.
 
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни мазмун моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилиб, давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилиб, илмий, назарий мақолалар ёзиб чоп этилмоқда. Мақсад, битта Ўзбекистонда коррупциядан холи жамиятни барпо этиш, коррупция деган ёмон иллатни  туб илдизи билан йўқотиш, ҳар бир соҳани ,жумладан суд тизимини ҳам коррупциясиз соҳага айлантиришдан иборатдир.
 
Салимжон Абдурасулов,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари
 
Меҳринисо Қодирова,
Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Юрисконсульт томонидан масъулиятсизликка йўл қўйилса ёки қонун талаби бузилса…

Маълумки, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашда юридик хизматнинг ўрни жуда муҳим ҳисобланади. Сўнгги йилларда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2733-сонли Қарори ва унинг ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг                    2017 йил 1 майдаги 250-сонли Қарори билан юридик хизмат соҳаси тубдан такомиллаштирилиб, юрисконсульт ходимларнинг хизмат мавқеи ва манфаатдорлигини ошириш билан бирга, мазкур соҳа ходимларининг масъулияти ва жавобгарлиги оширилиши таъминланди. Зеро, бундан кўзланган мақсад давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтириш орқали тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишдан иборат.

Аввало, таъкидлаш жоизки, юрисконсульт ходим деганда кўз ўнгимизда қонунни пухта эгаллаган, интизомли, масъулиятли ва юксак ҳуқуқий маданиятга эга бўлган мутахассис гавдаланади.                  Шу билан бирга, деярли аксарият юрисконсульт ходимлар бундай масъулиятли  лавозимни ҳис қилган ҳолда тегишли давлат органлари ёки ташкилотларда муносиб фаолият юритиб келмоқдалар. Бироқ, афсуслар бўлсинки, амалиётда айрим юрисконсультларининг ўз вазифаларига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндашаётганлиги, қонун бузилиш ҳолатларига ўзлари йўл қўйиб бераётганликлари ҳолатлари мавжудлиги ҳолатлари ҳам айни ҳақиқатдир.     

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида иқтисодий судларнинг суд ишларини юритишда асосий вазифаларидан бири бу нафақат иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш, шу билан бирга мазкур соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат ҳисобланади.

Иқтисодий судлар томонидан низоларни кўриш амалиётида корхона ва ташкилотларнинг юрисконсульт ходимлари томонидан иш фаолиятларида масъулиятсизликка йўл қўйганликлари, қонунчилик талабларини ўзлари бузаётганликлари ҳолатлари аниқланиб, тегишли таъсир чоралари қўлланилди. Бундай ҳолатларни судда кўрилган қуйидаги ишлар мисолида келтириш айни муддаодир.

         Жондор туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши даъвогар “Ботиржон” фермер хўжалиги манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятидан 112 656 000 сўм ғалла маҳсулоти ҳақи ва 1 877 600 сўм ташиш харажатлари, жами 114 533 600 сўм ундиришни сўрайди.

    Дастлаб, мазкур иш биринчи инстанция судида кўриб чиқилиб даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган. Ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Жондор тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши апелляция шикояти билан мурожаат қилади ва Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг қарори билан апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган.

  Суд муҳокамасида аниқланишича,  тарафлар ўртасидаги                 2021 йил 20 майдаги 9/13-сонли бошоқли дон харид қилиш бўйича шартномани расмийлаштириш жараёнида жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти томонидан оферта сифатида бир томонлама имзоланган ва муҳрланган мазкур шартнома лойиҳасига маҳсулот миқдори, нархи ва умумий суммаси ҳақидаги шартноманинг муҳим шарти бўлган ёзувлар киритилмасдан, даъвогар фермер хўжалигига тақдим этилган. Даъвогар  раҳбари томонидан эса шартноманинг мазкур низолашилаётган муҳим шарти бўйича офертада кўрсатилмаган маҳсулот миқдори, нархи ва умумий суммасини шахсан ўзи тўлдириб, имзолаган ва муҳр қўйган. Мазкур ҳолатлар жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятининг фаолиятида даъвогар билан 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномани тузиш ва расмийлаштириш жараёнида қонунчилик ҳужжатлари, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 367-моддаси (оферта юбориш учун шартлар), Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни 10-моддаси (хўжалик шартномасига нисбатан қўйиладиган талаблар) ва 20-моддаси (хўжалик шартномаси субъектларига юридик хизмат кўрсатиш) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил   4 сентябрдаги 383-сон қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом (матнда Низом деб юритилади)нинг 10-банди (шартномада кўрсатилиши лозим бўлган муҳим шартлар) талаблари бузилганлиги аниқланди. Бунинг натижасида тарафлар ўртасида шартномага асосан буғдой маҳсулотининг нархи бўйича низо келиб чиқишига ва фермер хўжалиги томонидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилинишига сабаб бўлган.  Мазкур қонун бузилиш ҳолатлари жавобгар фаолиятида хўжалик шартномаларини тузишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши ва хўжалик шартномалари лойиҳаларининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириш олиб бориш ваколатларига эга бўлган жамият юрисконсульти Л.Мамиров ва бошқа масъул ходимларнинг ўз хизмат вазифасига масъулиятсизликлари ва совуққонликлари натижасида йўл қўйилган. Шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолатлари бошқа фермер хўжаликлари иштирокида кўрилган иқтисодий ишларда ҳам такрорланган.

 Шу сабабли судлов ҳайъати томонидан мазкур ходимларга нисбатан тегишли интизомий жавобгарлик масаласини ҳал этиш ҳамда келгусида бундай қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида хусусий ажрим чиқаришни ва ижро этиш учун жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти раҳбариятига юборишни лозим топди. Бошқа бир мисол:

        Даъвогар “Бухоро-Агро эркин иқтисодий зона дирекцияси” давлат унитар корхонаси (матнда даъвогар деб юритилади) иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Бекзод Фурқат саховати” фермер хўжалиги (матнда жавобгар деб юритилади)дан ўзаро тузилган шартномага асосан эркин иқтисодий зона дирекциясини сақлаш ва инфраструктурасини ривожлантириш тўловлари бўйича ҳисобланган 8 172 000 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.

         Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил                                     3 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 8 172.000 сўм асосий қарз, олдиндан тўланган 156 600 сўм суд харажатлари, жами 8 328 600 сўм ундирилган.

Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2022 йил                            25 мартдаги қарори билан жавобгарнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

 Маълум бўлишича, тарафлар ўртасида 2019 йил 10 апрелда 120-сонли “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инвестициялашни амалга ошириш тўғрисида шартномаси тузилган. Шартноманинг 9.1-бандига кўра томонларнинг ўзаро келишувига кўра битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Ўзгартириш ва қўшимчалар ёзма равишда тузилган бўлиши ва томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланиши лозимлиги белгиланган. Кейинчалик, шартномага 2020 йил 14 январда “Бухоро-агро” ЭИЗ дирекциясини сақлаш харажатлари тўғрисида қўшимча келишув тузилган. Бироқ, мазкур шартномалар жавобгар раҳбари Н.Қўшаева томонидан эмас, балки шартномани тузишга ваколати бўлмаган унинг ўғли Б.Нарзуллаев томонидан имзоланган ва муҳр қўйилганли қонун бузилишларга йўл қўйилганлиги тасдиқланган.

  Бундан кўринадики, даъвогар томонидан тарафлар ўртасидаги шартномани тузиш ва расмийлаштириш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 367, 370-моддаларида белгиланган шартномани тузиш учун оферта ва акцепт шартларига риоя қилинмаган. Тарафлар ўртасидаги ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган шартномани жавобгар номидан қонун доирасида иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан имзоланишига йўл қўйилган. Шунингдек, даъвогар томонидан шартнома шартларига кўра инвестиция лойиҳасининг ўз вақтида амалга оширилиши учун зарур инфратузилма (электр энергия, газ ва сув таъминоти, канализация, кириш йўллари ва бошқалар), ҳудудни ободонлаштиришни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда ёрдам кўрсатиш мажбурияти бажарилганлиги бўйича бирон ҳужжат тақдим этилмаган.         

 Бунинг натижасида, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг ҳақиқийлиги ва шартнома мажбуриятлари бажарилиши бўйича мазкур низо келиб чиқишига ва тадбиркорлик субъекти ҳисобланган жавобгарнинг турли эътирозларига сабаб бўлган.  

  Бинобарин, қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари даъвогар фаолиятида қонунчиликка мувофиқ шартнома тузишнинг ва шартноманинг бажарилишини назорат қилишга бевосита масъул бўлган юрисконсульт ходимнинг ўз хизмат вазифасига масъулиятсизликлари ва совуққонликлари натижасида йўл қўйилган.

Қайд этилганларга асосан, судлов ҳайъати даъвогар              “Бухоро-Агро эркин иқтисодий зона дирекцияси” давлат унитар корхонаси фаолиятидаги йўл қўйилган мазкур қонунбузилиш ҳолатларини муҳокама қилиш, келгусидаги иш фаолиятда йўл қўймаслик ва ходимларнинг масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаш учун хусусий ажрим юборишни лозим топди.

  Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, қонунлар ҳуқуқий демократик давлатнинг юзига қиёсланиши билан бараварда, юрисконсульт ходимлар мазкур қонунларнинг ижросини  таъминлашда жамиятда намуна бўлишлари ва фидоийлик кўрсатишлари зарур. Шундагина, юридик хизмат томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли ҳимоя қилишда ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда юксак натижаларга эришиш мумкин. 

Салимжон Абдурасулов,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Илҳом Юлдашев,

Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Маҳалла раисининг мансабига сохтакорлиги

Коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилишига қарамай баъзи бир мансабдор шахсларимиз давлат ва жамият манфаатларига зиён етказишда давом этмоқдалар воқеамиз “қаҳрамони” маҳалла фуқаролар йиғини раиси фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи мансабдор шахси ҳисобланиб, ўзига берилган ваколатдан ғаразгўйлик кўзлаб, ўзига олдиндан таниш бўлган С.Рахимова (исм шарифи ўзгартирилган) билан жиноий тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги Низоми талабларига зид равишда, Когон туман ҳудудида Д. Нусратова 2016 йилдан буён ер участкасига эгалик қилмаслиги 2018 йилда уй-жой қуриб битказмаганлиги ҳамда фуқаро Н.Мухиддинова мазкур ер участкасида истиқомат қилмаслигини била туриб, 09.01.2019 йилда ўзбошимчалик билан эгалланган 414,0 кв.метр ер участкасида 2018 йилда уй жой қурилганлиги ва Н.Мухиддинова оила аъзолари билан биргаликда мазкур уй-жойда истиқомат қилиб келаётганлиги тўғрисида расмий ҳужжат ҳисобланган ўзи томонидан рўйхатга олинган 22-сонли маълумотномага қасддан сохта ёзувлар киритиб, қонунга хилоф равишда ўз имзоси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини муҳри билан тасдиқлаб, сохта маълумотлар киритилган ҳужжат тузиб, мазкур маълумотномани Давлат хизматлари маркази орқали тақдим этиб, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича аризани туман комиссия аъзоларига юборилишига эришиб, Когон туман ҳокимининг 22.11.2019 йилдаги 4514-сонли қарори асосида фуқаро Н.Мухиддиновага 414,0 кв.метр ўлчамдаги ер участкасига ғайриқонуний равишда мулк ҳуқуқи эътироф этилиши оқибатида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари нуфузига путур етказиб, Когон туман ҳокимияти тасарруфида бўлган захира ерлар ҳисобидаги 414,0 кв.метр ер участкасининг муомаладан чиқарилиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқларига ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Шунингдек, судланувчи А.Каримова (исм шарифи ўзгартирилган) ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Когон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келиб, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи мансабдор шахси ҳисобланиб, ўзига берилган ваколатдан ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, ўзига олдиндан таниш бўлган С.Рахимова (исм шарифи ўзгартирилган) билан такроран жиноий тил бириктириб, Низом талабларига зид равишда, Когон туман, «Истиқбол» МФЙ, «Деҳмирзаён» қишлоғи ҳудудида У. Ўктамов 2016 йилдан буён ер участкасига эгалик қилмаслиги 2018 йилда уй-жой қуриб битказмаганлиги ҳамда фуқаро У. Ўктамов мазкур ер участкасида истиқомат қилмаслигини била туриб, 09.01.2019 йилда қонунга хилоф равишда эгалланган 400,0 кв.метр ер участкасида 2018 йилда уйжой қурилганлиги ва Ҳ.Умаров оила аъзолари билан биргаликда мазкур уйжойда истиқомат қилиб келаётганлиги тўғрисида расмий ҳужжат ҳисобланган ўзи томонидан рўйхатга олинган 23-сонли маълумотномага қасддан сохта ёзувлар киритиб, қонунга хилоф равишда ўз имзоси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини муҳри билан тасдиқлаб, сохта маълумотлар киритилган ҳужжат тузиб, мазкур маълумотномани Давлат хизматлари маркази орқали тақдим этилиши натижасида, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқининг эътироф этиш бўйича комиссия ишчи органига юборилиб, Когон туман ҳокимининг 29.06.2019 йилдаги 639-сонли қарори асосида фуқаро Ҳ.Умаровга 400,0 кв.метр ўлчамдаги ер участкасига ғайриқонуний равишда мулк ҳуқуқи эътироф этилиши оқибатида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари нуфузига путур етказиб, Когон туман ҳокимияти тасарруфида бўлган захира ерлар ҳисобидаги 400,0 кв.метр ер участкасининг муомаладан чиқарилиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқларига ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, бир йил муддатга фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
 
Қосим Холов,
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси

Велосипед ўғриси такроран суднинг қора курсисига ўтирди

Юртимиз ривожланиб, мулк шакллари кенгайиб, мулк эгаларининг мол-мулки турли туман бўлиб уларнинг сақлаш шароити соддалашди аммо бундан ғаразли ва паст ниятларда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш ҳолатлари юзага келишига замин яратди.
Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди томонидан жорий йилнинг 18-март санасида кўрилган ишда судланувчи Б. Жураевга (исм шарифи ўзгартирилган) хавфли рецидивист бўла туриб, қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2021 йил 26 сентябр куни тонг саҳарда Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчаси 14/5-уй подъездида қаровсиз қолдирилган, фуқаро Г.Шодиевага (исм шарифи ўзгартирилган) тегишли, баҳоси 1.500.000 сўмлик қора рангли “Ganlan” русумли велосипедни яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яшириниб, хавфли рецидив ўғирлик жиноятини содир қилган.
Бундан ташқари Б.Жураев ўзининг жиноий харакатларини такроран давом эттириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида 2021 йил 5 октябрь куни соат 13:00 да Бухоро шаҳрида жойлашган “Тожмаҳал” тўйхонаси ён томонида қаровсиз қолдирилган фуқаро Х. Муродовга тегишли баҳоси 700.000 сўмлик, қора рангли “Урал” русумли велосипедини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яшириниб, такроран ўғирлик жиноятини содир қилган.
Судланувчига нисбатан тегишли жазо чоралари одил суд томонидан таъминланди.
Судланувчи Б.Жураев ҳаёт йўлини ўзига ўзгалар мулкини яширин равишда егаллаш деб номланувчи қинғир йўлини танлади албатта у бошқа турдаги касб корни амалга ошириши маҳалласининг, халқининг корига ярайдиган шахс бўлиши мумкин эди.
 
Қосим Холов,
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси
Skip to content