БОЛАЛАР ҲУҚУҚИ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА
Давлатимизда болаларга тегишли ҳуқуқ ва эркинликлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари, жумладан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг қонуни, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, халқаро миқёсда эса “Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция” орқали кафолатлаб қўйилган.
Боланинг ҳуқуқи у билан бирга туғилади, дейиш мумкин. Чунки, ҳар бир бола туғилган пайтдан эътиборан фамилия, исм, ота исмини олади, миллати ва фуқаролигига эга бўлади. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқи эканлиги, бола ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят ҳисобланиши таъкидланган.
Бола туғилгач, унинг соғлиғи ҳақида қайғуриш керак. Ушбу йўналишда ҳам давлатимиз томонидан имкониятлар яратилган. Яъни боланинг соғломлигини таъминлаш чоралари у туғилмасдан аввал кўрилади.
Бола дунёга келгач, унинг саломатлигини сақлаш йўлида қуйидагилар амалга оширилиши лозим:
– малакали ва бепул тиббий ёрдам кўрсатиш;
– болалар касалликлари профилактикаси, даволаш-профилактика муассасаларида диспансер кузатувини олиб бориш ҳамда даволаш;
– талаб даражасидаги сифатга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва сотилишини назорат қилиш;
– санитария-гигиена таълимини бериш;
14 ёшдан катта бола маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш ёки уни рад этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ҳаёт доим ҳам бир текисда давом этавермайди. Дейлик, бола ҳаётда адашди ва жиноят содир этди. Бунда ҳам давлатимиз томонидан боланинг манфаатлари биринчи ўринга қўйилади. Яъни 18 ёшдан кичик бўлган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар учун Жиноят кодексидаги энг оғир жазо – умрбод қамоқ жазоси белгиланмайди. Болани ҳибсга олиш қонунга мувофиқ амалга оширилади ва бу учун иложи борича қисқа вақт белгиланади. Бу орада бола оиласи билан хат ёзишиш ва кўришиш, алоқа боғлаб туриш ҳуқуқига эга. Шунингдек, у озодликдан маҳрум этилишининг қонунийлигига эътироз билдириб, даъво билан чиқиш, ота-онаси ёки васийси орқали ўзига ҳимоя тайёрлаш, адвокат ёллаши мумкин.
Бундан ташқари давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари етарлича кафолатланган. Жумладан, васийлик ва ҳомийлик белгиланади, фарзандликка олинади, ихтисослаштирилган тарбия, даволаш муассасаларига, ижтимоий ҳимоя муассасаларига жойлаштирилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар жамият ҳаётида иштирок этишда бошқа болалар билан тенг ҳуқуқларга эгадир.
Шу ўринда ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар рўйхатига кимлар киради деган ҳақли савол туғилади.
Ногирон, етим, жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсонли, ота-она қарамоғидан маҳрум, ихтисослаштирилган болалар муассасаларида тарбияланаётган, муайян яшаш жойига эга бўлмаган, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, шунингдек, жиноий жавобгарликка тортилган ва жазони ижро этиш муассасаларида турган болалар, зўравонлик ва эксплуатация, қуролли можаролар ва табиий офатлар натижасида жабрланган болалар ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳисобланади.
Бу давлатимиз томонидан болаларга берилган имкониятларнинг бир қисми, холос. Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, давлат боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, камситилишига йўл қўймаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишда бош ислоҳотчи ҳисобланади. шунингдек, болалар ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглигини таъминлайди, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашади.
Шохида Бозорова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси,
Убайдулло Аллаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси