Маҳсулот етказиб бериш шартномалари бўйича низоларни судда кўриш хусусиятлари.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминланишига, бизнес юритиш учун қулай муҳит ва шарт-шароит яратишлишига, шунингдек мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Шу жумладан, маҳсулот етказиш соҳаси тизимида инфратузилма объектларини қуриш, молиялаштириш механизмларини соддалаштириш, мазкур соҳада фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес субъектларига нисбатан преференция бериш ва қулайликлар яратиш ҳисобига улар томонидан иқтисодиётимизга қўшаётган ҳиссаси йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

Президентимиз Олий мажлисга мурожаатномасида ҳам  фаол тадбиркор деганда, биз рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни тушунишимиз, бундай тадбиркорлар сафини кенгайтириш, жумладан, юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ва жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиши лозимлигини таъкидлаганлар.

Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилганинновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютиши табиий.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида маҳсулот етказиш тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгаймоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда.

Шу билан бирга, хўжалик юритувчи субьектларнинг шартнома шартларини қўпол равишда бузиши, сохта тадбиркорлик орқали асоссиз равишда бойлик орттириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Шунингдек, маҳсулот етказиб бериш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар юзасидан тақдим қилинган даъво аризаларини кўриб чиқишда маълум бир қийинчиликларни жавобгарлар томонидан ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги ҳам келтириб чиқаради.

Маҳсулот етказиб бериш шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш учун ҳар бир даъво аризани иш юритишга қабул қилиш, тайёрлаш босқичида судья томонидан пухта ўрганиш ва процессуал ҳаракатларнинг тўлиқ бажарилиши суд ҳужжатини қабул қилиш жараёнидаги хатоларнинг олдини олиб, низонинг узоқ муддат чўзилмаслигига сабаб бўлади.

Хусусан, даъвогар “Бухоро логистик” хусусий фирмаси иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Акбар мелиоратив қурилиш” масъулияти чекланган жамиятидан 9.531.215 сўм асосий қарз, 4.308.109 сўм пеня, жами 13.839.324 сўм ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар ҳамда “Достон мелиоратив қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2019 йил 27 майда
183-сонли темир-бетон маҳсулотини етказиб бериш шартномаси тузилган.

Шартноманинг 1.1-бандига асосан даъвогар жавобгарнинг буюртмасига асосан темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш, жавобгар эса мазкур маҳслотларни шартномада белгиланган тартибда қабул қилиб олишмажбуриятини олган.

Бироқ, жавобгар шартномавий мажбуриятини лозим даражада бажармасдан етказиб берилган маҳсулотлар ҳақини даъвогарга тўлиқ тўламаган, яъни 49.531.215 сўмлик тайёрланган маҳсулотларнинг ҳақини 2019 йил 27 майдан 30 октябрига қадар 40.000.000 сўмлик маҳсулот ҳақини 2019 йил 27 майдаги 102-сонли тўлов топшириқномаси орқали тўалб, қолган 9.531.215 сўмга қарздор бўлиб қолган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 236-моддасига кўра мажбуриятлар мажбурият шартнома шартларига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Кодекснинг 333-моддасининг биринчи қисмига кўра қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.

Тузилган шартномаларга асосан жавобгар даъвогар олдидаги мажбуриятларини лозим даражада бажармасдан ундан 9.531.215 сўмга қарздор бўлиб қолган. Ушбу ҳолат иш ҳужжатларига илова қилинган
2019 йил 30 майдаги 195-сонли, 2019 йил 2 июндаги 227-сонли ҳисоб-фактуралари ва даъвогар вакилининг оғзаки кўрсатмалари билан тасдиқланган.

 Биринчи инстанция судининг 2021 йил 17 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 9.531.215 сўм асосий қарз ундириш талабини тўлиқ қаноатлантирилган. Суд, мажбуриятни бузилиши билан неустойка миқдори номутаносиблигини, тарафларнинг манфаатларини, даъвогар қарздорликни ўз вақтида ундириш чораларини кўрмаганлигини, кечиктирилганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг 4.308.109 сўм пеня ундириш тўғрисидаги талабини 1.861.621 сўмга қаноатлантиришни лозим  топган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, уларни молиялаш тизиминнинг барқарорлигини ошириш ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бу каби низони ҳал қилиш самарадорлигига эришиш низолашаётган тарафларда келажакка йўналтирилган мақсадли ҳаракатлари ҳисобидан вақтни, пулни тежашга ёрдам беради, шунингдек тарафларга келгусида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш, шартномавий ва бошқа муносабатларга қайта киришиши учун бир-бирига ишонч каби ишбилармонлик муҳитини сақлашга имкон беради.

Таъкидлаш жоизки, маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатга кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар аввало шартнома шартлари ва юқоридаги қонун ҳужжатлари нормаларига қатъий риоя қилишлари зарур. Ушбу тартибга амал қилиш тарафлар ўртасида низоларнинг келиб чиқмаслигига ёки келиб чиққан тақдирда уни судга қадар ҳал этиш имконини беради.

Шахиддин АХРОРОВ,

Бухоро вилоят суди судьяси

Музаффар БОЛТАЕВ,

Когон туманлараро иқтисодий
суди раиси

СОБИҚ ТУРМУШ ЎРТОҒИМ ЧЕТ ЭЛДА ЯШАЙДИ УНДАН ҚАНДАЙ ТАРТИБДА АЛИМЕНТ УНДИРСАМ БЎЛАДИ?

 
Ассалому алейкум! Мен 2012 йилда Э.Асроров билан турмуш қуриб, турмушимиз давомида икки нафар фарзандли бўлдик.
Эрим билан ўзаро келишмовчиликлар натижасида ажрашиб кетганмиз.
Турмуш ўртоғим бир неча йил аввал Россия Федерациясига ишлаш учун кетиб, у ерда ишлаб, кейинчалик
Россия Федерацияси фуқаролигини олди ва бугунги кунда ҳам ўша ерда яшаб келмоқда.

Ёлғиз ўзим ишлаб, болаларимни моддий таъминлашда қийналаётганлигим сабабли собиқ турмуш ўроғимдан алимент ундириш учун судга ариза берсам, суд аризамни қабул қилишни рад қилиб, судга умумий тартибда даъво ариза билан мурожаат қилинг деб жавоб берибти.
Эрим чет элда яшаса болаларим таъминоти учун алимент ололмайманми ёки Россия Федерацияси судига ариза беришим керакми?
Бухоро туманида яшовчи
Баҳора Назарова
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессаул кодексининг 171-моддасига кўра агар вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса суд буйруғи берилади.
ФПКнинг 175-моддасига биноан қарздор Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлса, судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади.
Бугунги кунда эрингиз чет элда яшаётганлиги, яъни Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлганлиги сабабли сизнинг аризангиз суд томонидан қабул қилиш рад этилган.
ФПКнинг 14-моддасида суд ишларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳал қилиши шарт. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаса, бошқа қонун ҳужжатларини ҳам қўллайди.
Низоли муносабатни тартибга соладиган ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳал этади.
Суд Ўзбекистон Республикасининг қонунига ёки халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатнинг ҳуқуқ нормаларини ҳам қўллаши белгиланган.
Эрингиздан алимент ундириш учун Сиз Россия Федерацияси судига ариза беришингиз шарт эмас, ўзингиз яшайдиган ёки эрингиз яшаган охирги яшаш манзили бўйича судга даъво ариза билан мурожаат қилсингиз, суд сизнинг фойдангизга алимент ундиришда ҳалқаро ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланади.
Энди менинг ҳуқуқимни ҳимоя қиладиган бирор ҳужжат борми деб сўрагансиз.
Бу ҳақда ҳам икки оғиз тушунча бериб ўтсак.
Ҳозирги глобаллашув жараёнида ва мамлакатлар ўртасида миграциянинг ошиб бориши, ўз-ўзидан давлатлар ўртасида халқаро ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш эҳтиёжини туғдиради.
Халқаро ҳуқуқий ёрдам универсал, минтақавий ва икки томонлама халқаро ҳуқуқий шартномаларга асосан кўрсатилади.
Собиқ иттифоқ давлатларининг аксарияти аъзо бўлган ҳужжатлардан бири “Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари буйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида” Минск конвенцияси ҳисобланади.
Мазкур ҳужжат минтқавий халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, ушбу ҳужжат 1993 йил 22 январь куни қабул қилинган ва 1994 йил 25 март куни кучга кирган.
Қуйидаги давлатлар конвенциянинг аъзо давлатлари ҳисобланади: Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси,  Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси, Украина, Азарбайжон Республикаси ва Грузия.
Мазкур Конвенцияга 1997 йил 28 март кунидаги Протокол билан ўзгартиш киритилган. Ушбу Протоколни Ўзбекистон Республикаси имзолаган лекин ратификация қилмаган.
Минск конвенцияси тузилиши ҳақида гапирадиган бўлсак, мазкур ҳалқаро ҳуқуқий ҳужжат 5 бўлим 87 моддадан иборат.
Конвенциянинг аъзо давлатлари ҳуқуқий ҳимояни тақдим қилишда халқаро ҳуқуқдаги миллий режим принципидан фойдаланадилар. Унга кўра  шартнома томонларининг фуқаролари ва тегишли давлат ҳудудида яшовчи шахслар фойдаланадиган ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Шартномалашаётган давлатлар фуқаролари ва бошқа шахслар қаршиликсиз суд, прокуратура, ички ишлар органлари ва бошқа фуқаролик, оила, жиноят ишларини кўриш ҳуқуқига эга бўлган муассасаларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга (адлия муассасаларига). Улар илтимосномалар киритиш, даъво қўзғатиш ва бошқа процессуал ҳаракатларни бажаришда шу давлат фуқаролари эга бўлган барча ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Конвенция қоидалари давлатлар томонидан қабул қилинган қонунлар асосида юридик шахслар учун ҳам қўлланилиши белгилаб қўйилган.
Шартномалашаётган давлатлар фуқаролари суд ва нотариал идораларига мурожаат қилганида қўшимча давлат божлари ва чиқимлардан озод қилинадилар ва бепул юридик ёрдамдан фойдаланадилар. Ҳар бир давлат ўз фуқароларидан қанча миқдорда бож олса конвенцияга аъзо давлатлар фуқароларидан ҳам шу миқдорда бож олади. Юқорида кўрсатилган имтиёзлар барча процессуал ҳаракатлар учун жорий қилинади (шу жумладан ижрода ҳам).
Тарафларнинг адлия муассасалари мазкур Конвенция асосида марказлашган тарзда фуқаролик, оила, жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатадилар. Конвенцияга мувофиқ халқаро-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш фақатгина Адлия вазирлиги орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Тўғридан-тўғри халқаро-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга рухсат этилмайди.
Томонлар конвенция бўйича ёзишмаларни ўз давлат тилларида ҳамда рус тилида олиб борадилар.
Агарда ҳужжатлар давлат тилида тайёрланган бўлса рус тилида тасдиқланган таржимаси илова қилинади.
Конвенцияни қўллаш билан боғлиқ юзага келувчи масалалар томонларнинг ваколатли органларининг ўзаро келишувига асосан ҳал қилинади.
2002 йил 7 октябрь куни Кишинев шаҳрида имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенцияга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида 2019 йил 26 август куни  Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган.
Мазкур Қонун билан Кишинев конвенцияси Ўзбекистан Республикасида 2020 йил 12 июлдан кучга кирган.
Ҳозирги кунда собиқ иттифоқ мамлакатларидан Молдова, Грузия, Туркманистон ва Украинадан бошқа республикалар Кишинев конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси учун ушбу конвенция кучга кириши муносабати билан мамлакатимиз ва конвенциянинг иштирокчилари бўлган давлатлар ўртасида 1993 йил
22 январдаги  Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари буйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Минск конвенцияси ва унга 1997 йил 28 мартдаги баённома ўз кучини йўқотган.
Хулоса қилиб айтмоқчиманки, юқорида санаб ўтилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар асосида сизнинг фойдангизга алимент ундириб бериш масаласи суд томонидан кўриб чиқилади ва чет эл судига ариза беришингизга зарурат йўқ.
 
                                                      Саволга фуқаролик ишлари
                                                      бўйича Бухоро туманлараро   
                                                      суди судьяси
                                                      Ойбек Шомуродов
                                                      жавоб тайёрлади.

“Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун

Ўзбекистон Республикасида “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб ушбу соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди, шунингдек, соҳадаги ваколатли давлат органи, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ва ресурсларининг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар белгилаб берилди. бугунги кунда рақамли маълумотлар хавфсизлиги билан боғлиқ хавфларнинг ортиб бориши, давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларига таҳдид солиши глобал рақамли бошқарув учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Аввалроқ, киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланган Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги ишчи орган бўлиши кутилаётган Киберхавфсизлик маркази ДУК томонидан “Ўзбекистон Республикасида киберхавфсизликни таъминлаш” бўйича 2021 йил учун эълон қилинган ҳисоботда: миллий сегментдан 17 миллиондан ортиқ зарарли ва шубҳали тармоқ фаолликлар бўйича ҳолатлар аниқлангани, ушбу фаолликларнинг кўпгина қисми, яъни 76 фоизи бот-тармоқ иштирокчиларидан иборатлиги айтилган. Шунингдек, марказнинг веб-иловаларни ҳимоя қилиш тизими ёрдамида интернет тармоғининг миллий сегментидаги веб-сайтларга қилинган 1,3 миллиондан ортиқ киберҳужумлар аниқлангани ва бартараф этилгани маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикасида ушбу қонунга анча муддат олдин зарурат туғилган эди, чунки бугун ахборот майдони кенгайиб, рақамлаштириш борасидаги ишлар кундан-кун ривожланиб бормоқда, бу ўз навбатида, кибермакондаги таҳдидларни ҳам юзага келтирмоқда. Ушбу муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу қонуннинг қабул қилиниши киберхавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш, ахборот тизимлари ва ресурсларининг яхлитлигини таъминлашга замин бўлади. Рухсатсиз ҳаракатлар, ахборотни йўқ қилиш, ўзгартириш, бузиш, нусхалаш, блоклаш ва мамлакатнинг ахборот тизимлари ва тармоқларига ноқонуний аралашишнинг олдини олишга хизмат қилади.

15 апрель куни «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди. 40 та моддадан иборат мазкур қонун расман эълон қилинганидан 3 ой ўтиб қонуний кучга кириши белгиланган.

Қонунда, киберхавфсизликни таъминлашнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланган:

  • қонунийлик;
  • кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишнинг устуворлиги;
  • киберхавфсизлик соҳасини тартибга солишга нисбатан ягона ёндашув;
  • киберхавфсизлик тизимини яратишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокининг устуворлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик учун очиқлиги.

Қонунга кўра киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилайди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Киберхавфсизлик субъектлари томонидан киберхавфсизлик ҳодисаларига нисбатан чоралар кўриш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

  • дастурий таъминотдаги ва қурилмалардаги заифликларни ҳамда хатоликларни бартараф этиш;
  • зарарли дастурларни йўқ қилиш, уларнинг тарқалишини чеклаш, киберҳужумлар манбаини техник жиҳатдан чеклаш;
  • ахборотлаштириш объектларини мавжуд кибертаҳдидлардан ажратиб қўйиш;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга киберхавфсизлик ҳодисалари тўғрисида маълумотлар тақдим этиш.

    Қонуннинг 3-моддасида соҳадаги асосий тушунчаларга таъриф берилган. Унга кўра, 
  • Кибержиноятчилик – ахборотни эгаллаш, уни ўзгартириш, йўқ қилиш ёки ахборот тизимлари ва ресурсларини ишдан чиқариш мақсадида кибермаконда дастурий таъминот ва техник воситалардан фойдаланилган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар йиғиндиси ҳисобланади. 

           Кибермакон эса – ахборот технологиялари ёрдамида яратилган виртуал муҳитдир. Шунингдек, қонунда бошқа кўплаб зарурий атамаларга ҳам изоҳ берилган.

Қонуннинг 11-моддасига кўра киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли орган – ДХХга кўплаб ваколатлар берилган, хусусан:

  • киберхавфсизлик ҳодисалари юзасидан тезкор тадбирлар ва тергов ҳаракатлари олиб бориш, шунингдек уларнинг олдини олиш, бартараф қилиш ва оқибатларини тугатиш бўйича техник чоралар кўриш;
  • соҳага доир тадқиқотлар ва мониторинглар ўтказиш;
  • давлат бошқарув органлари ва маҳаллий ҳокимликларни кибертаҳдидлар ҳақида огоҳлантириш;
  • Соҳа бўйича ваколатли орган – ДХХнинг қонуний талаб ва кўрсатмаларини бажариш мажбурийдир.

Шунингдек, қонуннинг 12-моддасига кўра ваколатли орган қуйидаги ҳуқуқларга эга эканлиги белгилаб қўйилган:

  • кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш учун техник қурилмалар ва хизматлардан текин фойдаланиш;
  • текширув ва назоратни амалга ошириш учун давлат ташкилотлари, муҳим ахборот инфратузилмалари объектларининг ахборот тизимлари ва ресурсларига тўсқинликсиз кириш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг турар жойларига ва бошқа объектларига тўсқинликсиз кириш, зарурат бўлганда қулфлаш мосламаларини бузиш, шунингдек, жиноят содир этиб таъқиб қилинаётган ёки шундай жиноят содир этаётган шахс бор деб ҳисоблаш учун етарли асослар бўлса ёхуд кечиктириш фуқаролар ҳаётини таҳдидга қўйса, бу жойларни кўздан кечириш (етказилган зарарни қоплаш ва 24 соат ичида прокурорга хабар бериш шарти билан) ва бошқалар.

Қонуннинг 15-моддасига кўра давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ҳамда ресурслари маълумотларининг сақланишини таъминлаш маълумотларнинг захира нусхаларини яратиш йўли билан амалга оширилади, уларнинг сақланиш муддати охирги 3 ойдан кам бўлмаслиги белгиланган.

Киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан экспертиза мажбурий тартибда ёки киберхавфсизлик субъектларининг ташаббусига кўра амалга оширилади. Қуйидагилар киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши лозим:

  • давлат органларининг ахборот ресурслари;
  • давлат органларининг ахборот тизимлари;
  • муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари тоифасига киритилган ахборот тизимлари.

Шунингдек, 19-моддада давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ҳамда ресурсларининг киберхавфсизлигини таъминлаш учун қўлланиладиган аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалар мажбурий тартибда сертификатлаштирилиши лозим.

Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ, халқаро кибержиноятчиликка қарши курашиш масалаларига доир ахборотни чет давлатларга ва халқаро ташкилотларга сўров бўйича тақдим қилади. Агар бундай ахборот тергов ва суд жараёнларига тўсқинлик қилмаса ҳамда киберҳужумларга барҳам беришга хизмат қилса, ваколатли орган уни хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга олдиндан сўровсиз ҳам бериши мумкин. (36-модда).

Феруз РАЖАБОВ,

Бухоро вилоят судининг cудьяси

ХАЙРУЛЛО АБДУЛЛАЕВ,

Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси

Бир суд – бир инстанция тамойили

Ўтган йиллар давомида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Хусусан,
мазкур соҳадаги ислоҳотлар давом эттирилиб, амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон хукукдарини химоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Президентимиз томонидан имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон айнан мана шундай ҳақиқий одил судловни амалга ошириш ва пировардида инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муаммоларнинг ечимини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қайд этиш керак, ушбу Фармон қабул қилингунга қадар Олий Мажлис ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари жойларга чиқиб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида муаммоларни таҳлил қилиш ва жойлардаги аҳволни кўздан кечириб, аҳоли, жамоатчилик вакиллари, нодавлат-нотижорат ташкилотларидан бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф қилишга қаратилган фикр ва таклифлар олинди.

Эндиликда, Фармон билан юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларнинг аниқ ечимига қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратиб берилмоқда. Хусусан, ушбу ҳужжат билан ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд — бир инстанция” тамойилини жорий этиш белгиланди. Яъни суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади ҳамда бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилмоқда.

Фармон билан қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Улар  жамласига, Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, онлайн тартибда мурожаат қилиш имконияти, шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши кабиларни киритиш мумкин.

Бироқ, шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, авваламбор, бу ислоҳотлар ислоҳот учунгина эмас балки, инсон учун, унинг манфаатлари учун хизмат қилишга замин яратиб келмоқда.

Шу билан бирга, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
27-бобида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни юритиш  назарда тутилган бўлиб, кодекснинг 215-моддасига кўра ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги аризалар билан судларга назорат қилувчи органлар мурожаат этишга ҳақли. Бироқ, назарий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, мазкур муносабат маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс қоидаларига кўра маъмурий судалр томонидан мазмунан кўриб чиқилиши лозим. Чунки, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш билан боҳлиқ ишларда бир тараф назорат қилувчи орган (давлат ҳокимияти органи), аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак солиқ органи ҳисобланади, ваҳоланки, “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти ПФ-4966-сон Фармони билан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судлар ташкил этилган. Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларнинг маъмурий судлар тоонидан кўриб чиқилиши қонунга мувофиқ келишини ҳам таъкидлаш жоиз.

Кодекснинг 189-моддаси бешинчи қисми мазмунига кўра қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятларни юклаши белгиланган.

Амалиётда дастлаб иш бўйича тарафнинг маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан берган ариза (шикоят)ига кўра қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилса, тарафнинг ундан кейинги ҳаракатлари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича судларга ёки иқтисодий судларга зарарни ундириш ёхуд мол-мулкни қононуний эгаликдан талаб қилиб олиб бериш юзасидан даъво ариза киритилиши одатий ҳодиса. Шундан сўнг иш бошқа суд томонидан кўрилиб қонуний тўхтамга келинади. Аммо, айнан ўша нотўғри қабул қилинган маъмурий қарор ёки мансабдор шахснинг қонунга хилоф хатти-ҳаракати бўйича бир суд томонидан нуқта қўйилиши керак эмасми. Муаммонинг ечими сифатида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиб, қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда суднинг тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига юкланадиган мажбуриятлар доирасини кенгроқ белгилаш мақсадга мувофиқ. Ахир қачонгача фуқаролар суд идораларида сарсон юришади, бунга чек қўйишнинг айни вақти.

Шунингдек, бугунги кунда амалиётда корпоратив низолар корпоратив низолар бўйича ишларни кўриш иқтисодий судларга тааллуқли ҳисобланади.

Бироқ, ишни кўриш жараёнида юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш талаби қўйилагн бўлса, мазкур талаб иқтисодий судга тааллуқли бўлмасдан уни амалга ошириш маъмурий органнинг ваколатига кириши сабабли маъмурий судга тааллуқли бўлиб қолади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддасининг олтинчи қисмига кўра ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

Қонун ҳужжатида келтирилган иккита модда ишда иштирок этувчи шахсларни ҳуқуқларини бир судда тўлиқ ҳимоя қилинишига тўсқинлик қилаётгандай кўринади. Аслини олганда корпоратив низолар бўйича иш кўрилаётганда унинг давлат рўйхатидан ўтказиш масаласи ҳам айни шу судда ҳал этилиши “Бир суд – бир инстанция” тамойилининг айни ўзгинаси эмасми?

Шу сабадан келгусида корпоратив низолар бўйича иш кўрилаётганда унинг давлат рўйхатидан ўтказиш талаби қўшимча талаб сифатида келтирилганда ҳамда низони ўз вақтида ва тўғри ҳал этишга олиб келса ушбу талабни ҳам иқтисодий судларда кўриб чиқилиши юзасидан қонунларни ўзгартирмоқ зарур.

Яна бир масала, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 32-моддаси иккинчи қисмига кўра  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар иқтисодий судлари:

тарафлардан бири Ўзбекистон Республикаси норезиденти — чет эл шахси бўлган ишларни;

чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўради. УШбу модданинг бешинчи қисмига кўра инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.

Шу ўринда Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларининг иш ҳажмига тўхталадиган бўлсак, рақамлар шуни кўрсатадики, —–

Албатта бир судьянинг иш юритувида кўрилиши мураккаб тоифа бўлган инвестициявий низоларнинг ҳам юқори инстанция сифатида кассация инстанциясида кўриладиган ишнинг мавжудлиги жисмоний ва ақлий жиҳатдан толиқтириши ҳеч кимга сир эмас, айниқса буни судья вазифасида ишлаган инсон билади. Шу сабабли, ушбу тегишлилик қоидаларини қайтадан кўриб чиқиб, уни биринчи инстанция суди судловига тегишлилик масаласини ўйлаш керак. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий суди иш юритишига кўмаклашибгина қолмасдан сифат даражасини оширишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш мақсадида қабул қилаётган қонун ва қонуности ҳужжатларимизни янада такомиллаштириш, уларни ислоҳ қилиш  давр талаби.

Умуман олганда, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мукаммаллиги ва ошкоралиги, давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилувчиларга янада қулайликларни яратиш олдимизда турган устувор вазифадир.

Салимжон АБДУРАСУЛОВ,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Муззаффар БОЛТАЕВ,

Когон туманлараро иқтисодий
суди раиси

Суд мустақиллигининг Конституциявий асослари

Маълумки, мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач, республикамизда барча соҳаларда, шу жумладан, ҳуқуқий соҳада ҳам кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширди. Эътиборлиси шундаки, мамлакатимиз авваламбор миллатнинг кўзгуси, халқнинг хоҳиш-иродаси, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати бўлган Конституциясини яратишни ўз олдига бош мақсад қилиб қўйди. Зеро, Конституциямиз мамлакатимиз тараққиётининг асосий стратегияси ва йўналишларини белгилашда ҳал қилувчи муҳим аҳамиятга эга бўлган сиёсий ва ҳуқуқий аҳамиятдаги ҳужжатдир. Шу тариқа, мамлакатимизда олиб борилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар айнан Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда, шунингдек ҳар қандай қонун ва норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам унинг негизида қабул қилинмоқда.
Хусусан, Конституциямизда суд алоҳида ҳокимият, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади, судьялар мустақилдирлар, улар фақат қонунга бўйсунадилар, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди. Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади, деб қатъий белгилаб қўйилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, суд мустақиллиги одил судловни амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Айнан суд ишдаги ҳолатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганиши ҳамда адолатли қарор чиқариши орқали ҳар қандай шахснинг бузилган  ҳуқуқларини қонун йўли билан тиклаган ҳолда мустаҳкам ҳимоя механизмини таъминлайди. Бунда суд ҳокимиятининг мустақиллиги зарурий аҳамият касб этиб, судьялар чинакам эркин ва аралашувлардан холи бўлсагина, суднинг қонуний ҳимояси тўлиқ ва самарали тарзда амалга ошиши мумкин.
Ўтган давр мобайнида Конституциямиз нормалари мазмунига кўра, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қиладиган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Яъни, суд тизими бутунлай ижро этувчи ҳокимият органларининг назорати ва таъсири остидан чиқарилди. Судларнинг ваколатлари изчил кенгайтирилиб, айни пайтда ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этилди. Жумладан, жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши бўйича айблов хулосаларини эълон қилиш ваколатлари судлар зиммасидан соқит қилинди. Дастлабки тергов устидан суд назорати кучайтирилиб, прокуратура органларининг суд жараёнига аралашувини жиддий чеклаш бўйича қонунчилик нормаларига зарур ўзгартишлар киритилди. Судларда ишларни кўриб чиқишнинг қатъий муддатлари белгиланди, юқори суд (кассация, назорат) инстанциялари ислоҳ қилиниб, шикоят ва протестлар келтиришда процессуал муддатлар қисқартирилди.
Мазкур тартиб биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.
Суд тизимини малакали, етук кадрлар билан таъминлашда судьялик лавозимига кадрларни танлаш ва тавсия этиш бўйича замонавий демократик тамойилларга асосланган ҳуқуқий механизм яратилди, судьялик лавозимига номзодларнинг касб тайёргарлигига нисбатан малака талаблари кучайтирилди. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.
Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу аснода судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари янада кучайтирилди.
Судьянинг мустақиллиги унинг ижтимоий таъминотига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ бўлиб, бугунги кунда судьяларнинг таъминоти яъни ойлик маоши ҳам сезиларли даражада оширилганлигини фахр билан таъкидлаш мумкин.
Умуман олганда, суд мустақиллигини таъминлаш орқали унинг нуфузини оширишга хизмат қиладиган суд-ҳуқуқ ислоҳотларимиз жадал тарзда амалга ошиб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, бу ҳақда яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Бинобарин, судьяларимиз ҳам суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар олдида масъулиятни чуқур англаган ҳолда холисона иш тутиб, доим халқпарвар бўлишлари, адолатли иш олиб боришлари, адолатли қарор чиқаришда аввало халқни, унинг ҳаёти ва дарду ташвишларини яхши англаб, уни қалбан ҳис қилмоғликлари лозим бўлади.
Мухтасар қилиб айтганда, ўтган машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни айнан Конституциямиз билан боғласак ҳеч муболаға бўлмайди. Негаки, асосий қонунимиз суд мустақиллигининг қонуний асослари ва кафолатларини белгилаб берди.
Боз устига, Бош Қомусимиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон, унинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини барпо этишнинг кафолатидир. Зеро, бугун ҳар биримиз инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафили бўлган муқаддас Конституциямиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
            
Истам ТУРДИЕВ,
Бухоро вилоят суди судьяси.
 
Азизжон ШАРИПОВ,
Фуқаролик ишалри бўйича
Ғиждувон туманлараро суди судьяси

ОИЛА ҚЎРҒОНИ ДАРЗ КЕТМАСИН

Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакллана бошлайди. Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам.

Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг ҳаётий аҳамияти бор. Оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар яхши тушунади. Шу боис ҳар бир инсоннинг суянчи саналувчи бу муқаддас даргоҳга дарз етмасин, деймиз.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

— Албатта, кундалик ҳаётимизда оилавий ажримларга сабаб бўлаётган турли омиллар мавжуд. Масалан, ажримларнинг энг муҳим сабаблардан бири, бу – иккала томон бир-бирларини яхши билмай оила қуришидир. Ёки келин-куёвнинг турмушга тайёр эмаслиги, меҳнат қилишга ўрганмаганлиги, сабр ва ирода билан енгиш мумкин бўлган қийинчиликларга тоқат қилмаслигини ҳам оилавий ажримлар асоси сифатида баҳолаш мумкин.

Бундан ташқари, айрим куёвларнинг ичкиликка ружу қўйиши, баъзан гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлиши ҳам гулдек оилани парчалаб юбормоқда.

Шу ўринда қонунчиликка киритилган бир янгиликка эътиборингизни қаратмоқчимиз. 2018 йил 3 январда қабул қилинган “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан Оила кодексининг 40-моддаси “Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак”, деган мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди. Бу тўлдириш оилавий ажримларнинг олдини олишга, айниқса, ёш оналарнинг ҳуқуқларини таъминлашга, фарзандларнинг келажаги учун хизмат қилади.

Кези келганда оилавий ажримларнинг яна бошқа омиллари ҳақида ҳам фикр-мулоҳаза юритсак. Айтайлик, оилаларнинг бир-бирига мос эмаслиги (лўнда қилиб айтганда, тенг тенгини топмаганлиги) ҳам ажримларни юзага келтиради. Яъни куёвнинг оиласидаги ҳаёт тарзи келинникидагига умуман ўхшамайди. Уларнинг ҳаётга муносабати, дунёқараши, фикрлаши, моддий имкониятлари бутунлай фарқ қилади. Охир-оқибат келишмовчилик, ўзаро жанжал, дилхираликлар рўй беради ва бу ҳолат ажрим билан якунланиши ҳам ҳеч гап эмас. Бундай вазиятда ота-онанинг бир умр йиққан-терганлари, тўйга қилган харажатлари, ҳаттоки, шириндан-шакар фарзандлар ҳам кўзга кўринмай қолади. Қолаверса, қонуний никоҳга нисбатан бефарқлик, шошма-шошарлик ортида никоҳни қонуний расмийлаштирмасдан, шаръий никоҳ билан кифояланиб турмуш қуриш ҳолатларини ҳам ҳеч иккиланмай ажримларга сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Бундан ташқари, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳам баъзан ажрим билан якун топади. Яъни айрим ота-оналар жиддий ўйламасдан, ўз орзу-ҳавасларини фарзандининг бахтидан устун қўйишмоқда. Аниқроғи, улар қизини эрта турмушга берадилар ёки яқин қариндошлари билан қуда-анда бўлишмоқда. Аммо набираларининг нуқсон билан туғилишига, бунинг оқибатида ўғли ёки қизининг бир умр ногирон боласига термулиб ўтишига ёхуд кўп ўтмай ажрашиб, юз кўрмас бўлиб кетишларига замин яратаётганларини хаёлига ҳам келтиришмаяпти.

Тўғри, оилавий ажримларнинг яна бир асосий омили бор, бу – фарзандсизликдир. Бунда кўпинча томонлар ўзаро келишиб, бир-бирларини тушуниб ажрашишади. Ўртада гина-кудурат ёки ортиқча миш-миш ва ғийбатларга ўрин қолмайди.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Икки ёшнинг бошини қовуштириб, бир оилани барпо қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун ота-оналар, ёши улуғлар кўпдан-кўп маслаҳат ва саъй-ҳаракатлар қилишади, елиб-югуришади. Бироқ ёш эр-хотин ўртасидаги арзимас гап-сўзлар ва асоссиз важлар туфайли гулдек оиланинг барбод бўлиши ачинарли ҳол. Баъзан маҳалла фаолларининг оилалардаги келишмовчиликлар, жанжалларга бефарқлиги, улардаги яраштирув комиссияларининг масъулиятсизлиги туфайли ҳам оилавий ажримлар пайдо бўлаётганини минг таассуф билан тилга олиш лозим. Шунинг учун ота-оналар, тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари бу масалага ҳамиша масъулият билан ёндашсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Токи, муқаддас оила қўрғони ҳеч қачон дарз кетмасин.

Нодирбек ФАЙЗИЕВ,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Зафар УСМОНОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Ғиждувон туманлараро судининг раиси

Оилавий ажримлар, вилоятда ажримларни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар

Жамиятимизда оилага аввалдан муқаддас даргоҳ сифатида қаралган. Айниқса мустақилликдан сўнг Конституциямизнинг 16-боби “Оила”га бағишланди. Унда оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида баҳоланиб, унинг жамиятдаги муҳим ўрни ва давлат муҳофазасида эканлигига урғу берилган. Аммо баъзи фуқароларимиз томонидан муқаддас ҳисобланган оила қадрига етмасдан, ҳаёт синовларига бардош бермасдан ва буларга сабр қилмасдан ҳали ҳанузгача судларга никоҳдан ажратиш борасида мурожаатлар қилиб келинаётганлигини кузатиш мумкин. Суд амалиётига бир назар соладиган бўлсак, асосан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъволарда тарафларни бир-бировининг характери тўғри келмаганлиги, оилага учинчи шахсларнинг аралашуви,бир томоннинг чет давлатга узоқ муддат кетиб қолиши, ишсизлик, хиёнат каби иллатларнинг важ қилиниши кўпроқ учрайди.  
Статистик таҳлил қилинганда 2021 йил 9 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари томонидан 2356 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар кўрилган бўлиб, 1829 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 1334 таси ёки 56,6 фоизи қаноатлантирилган, 495 таси ёки 21 фоизи рад этилган, 314таси ёки 13,3 фоизи ҳаракатдан тугатилган, 177 таси ёки 7,5 фоизи кўрмасдан қолдирилган.
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судларда жами 1652 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 1327 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 1054 та даъво қаноатлантирилган,
273 та даъво рад қилинган,204 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
121 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган 2020 йил 9 ойига нисбатан 731 тага ёки 44,2 фоизга кўпайганлиги салбий ҳисобланади.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги қаноатлантирилган ишлар ўтган йилга нисбатан 280 та ёки 26,6  фоизга кўпайган.
Шунингдек, 2021 йил 9 ойи давомида қаноатлантирилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишларнинг 956 та оиланинг 1 нафар, 497 оиланинг 2 нафар, 302 та оиланинг 3 ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандлари, 74 та оила фарзандсиз ҳолатлари маълум бўлди.
Мазкур статистикани туманлараро судлари кесимида муҳокама қиладиган бўлсак, Бухоро туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 833 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 634 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 485 та даъво ариза қаноатлантирилган, 149 та даъво ариза рад қилинган, 112 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 87 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 10 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 87 та оилалардаги фарзандлар сони 122 нафарни ташкил қилади.
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 499 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 393 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 360 та даъво қаноатлантирилган, 33 та даъво рад қилинган,64 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
42 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 334 тага ёки 66,9 %га кўпайган.
 
   Когон туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 221 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 174 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 157 та даъво ариза қаноатлантирилган, 17 та даъво ариза рад қилинган, 14 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 33 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 1 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 33 та оилалардаги фарзандлар сони 75 нафарни ташкил қилади.
 
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 156 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 130 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 118 та даъво қаноатлантирилган, 12 та даъво рад қилинган,23 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
3 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 65 тага ёки 41,7 %га кўпайган.
 
   Ғиждувон туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 542 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 443 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 262 та даъво ариза қаноатлантирилган, 181 та даъво ариза рад қилинган, 25 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 74 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 2 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 74 та оилалардаги фарзандлар сони 126 нафарни ташкил қилади.
 
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 269 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 210 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 143 та даъво қаноатлантирилган, 67 та даъво рад қилинган,40 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
19 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 273 тага ёки 101 %га кўпайган.
 
   Қоракўл туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 265 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 210 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 147 та даъво ариза қаноатлантирилган, 63 та даъво ариза рад қилинган, 32 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 23 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 9 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 21 та оилалардаги фарзандлар сони 35 нафарни ташкил қилади.
 
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 161 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 141 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 88 та даъво қаноатлантирилган, 53 та даъво рад қилинган,16 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
4 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 104 тага ёки 64,6 %га кўпайган.
 
   Пешкў туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 238 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 181 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 139 та даъво ариза қаноатлантирилган, 42 та даъво ариза рад қилинган, 14 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 43 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 17 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 43 та оилалардаги фарзандлар сони 86 нафарни ташкил қилади.
 
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 290 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 224 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 153 та даъво қаноатлантирилган, 71 та даъво рад қилинган,34 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
32 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 52 тага ёки 17 %га камайган.
 
   Ромитан туманлараро судида 2021 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 257 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 187 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 144 та даъво ариза қаноатлантирилган, 43 та даъво ариза рад қилинган, 16 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, 54 та фуқаролик ишлари иш юритишдан  тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича 10 та хусусий ажрим чиқарилган. 2021 йил 9 ойида давомида суд томонидан яраштирилган 54 та оилалардаги фарзандлар сони 122 нафарни ташкил қилади.
 
2020 йил 9 ойи давомида туманлараро судида жами 190 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, улар бўйича 158 та ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шундан 133 та даъво қаноатлантирилган, 25 та даъво рад қилинган,24 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,
8 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
2021 йил 9 ойида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, ўтган йилдаги ҳисобот даврига нисбатан 67 тага ёки 35,2 %га кўпайган.
 
Мазкур ишлар бўйича туманлараро судлари томонидан оилаларни  яраштириш мақсадида аксарият 3 ойдан 6 ойгача муддат берилиб, суднинг ажрими тегишли туман маҳалла ва оилани қўллаб қуввтлаш бўлимларига ҳамда жойлардаги Маҳалла фуқаролар йиғинига муҳокама қилиш учун юборилган ва яраштирув чоралари амалга оширилганлиги бўйича тегишли хулосалар олинган.
   Вилоят судлари томонидан судьялар мазкур тоифадаги низолар бўйича келиб тушаётган даъво аризаларни қабул қилиш жараёнида, даъво ариза билан мурожаат қилган тарафга оиланинг барбод бўлишлиги қандай салбий оқибатларга олиб келганлиги мумкинлиги хусусида суҳбат ўтказиш, ёш оилалар ўртасида никоҳдан ажралиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида яраштириш учун муҳлат бериш билан чекланиб қолмасдан, яраштириш муддатини бериш ҳақидаги ажримни тарафларни яшаётган жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига муҳокамасига юбориш амалиёти йўлга қўйилган. Маҳалладаги оилавий қадриятларни қўллаб қувватлаб ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимлари томонидан асосланган хулосалар олинганидан сўнг судлар томонидан мазкур фуқаролик ишлари мазмунан кўриб чиқилмоқда. Шунингдек 2021 йилда вилоят суди томонидан ажрим ёқасига келган оилаларни яраштириш мақсадида маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вилоят бошқармаси билан келишилган ҳолда суҳбатлар ўтказиб, оилаларни тиклаш чоралари кўрилмоқда.
 
 
Сарвиноз ҚАМБАРОВА,
Бухоро вилоят суди судьяси.
 
Миразиз РАДЖАБОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Когон туманлараро суди раиси.

АЖРИМГА САБАБ НИМАЛАР ВА УНИ ҚАНДАЙ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИН

Ҳаммамизга маълумки, Конституциямизнинг XIV боби (63-66-моддалар) жамиятнинг ажралмас бўғини ҳисобланган “Оила”га бағишланган бўлиб, унинг жамиятдаги муҳим ўрни ва давлат муҳофазасида эканлигига урғу берилган. Бунда, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга бўлиши, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаб, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантириши, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари ҳақидаги ибратли нормалар ўзининг аниқ ифодасини топган.
Дарҳақиқат, оила – муқаддас қўрғон, ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешигидир. Зеро, халқнинг, миллатнинг келажаги айнан оила билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.
Бироқ, афсус надоматлар бўлсинки баъзи фуқароларимиз томонидан муқаддас ҳисобланган оила қадрига етмасдан, ҳаёт синовларига бардош беролмасдан ва буларга сабр қилмасдан судларга ҳали ҳануз никоҳдан ажрашиш борасидаги мурожаатлар қилиб келинаётганлигини кузатиш мумкин.
Шу нуқтаи назардан, ўтган давр мобайнида судда кўрилган оила-никоҳ низоларига оид ишлар таҳлил қилинганда, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди томонидан унга бириктирилган туманлар, яъни Ромитан ва Жондор туманлари бўйича никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2019 йилда жами 305 та (2018 йилда бу кўрсатгич 358 та) фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилиб, шундан 192 та (2018 йилда 211 та) иш қаноатлантирилган, 51 та (2018 йилда 45 та) иш қаноатлантиришдан рад қилинган, 14 та (2018 йилда 24 та) иш кўрмасдан қолдирилган ва 48 та (2018 йилда 78 та) иш юзасидан тарафлар ярашганлиги сабабли иш юритиш тугатилган.  Кўриниб турибдики, никоҳдан ажралишларнинг камайишига эришилган бўлсада, бироқ батамом бартараф этилиш имконияти қийин кечмоқда.
Суд амалиётига яна бир назар соладиган бўлсак, асосан никоҳдан ажрашиш ҳақидаги даъволарда тарафларнинг бир бировининг характери тўғри келмаганлиги, оилага қайнона ёки опа-сингил ёхуд ака-укалар (учинчи шахслар)нинг аралашуви, бир томоннинг бошқа чет элларда узоқ вақт кетиб қолиши, ишсизлик, хиёнаткорлик каби иллатларнинг важ қилиниши кўпроқ учрайди.
Бундан кўринадики, никоҳдан ажрашишларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳар икки томоннинг оила қуришга тайёр эмаслиги, ўз меҳнати ва машаққатисиз ота-оналар орзуси билан осонгина оила қуришга эришиш, оиладаги арзимас келишмовчиликлар яъни қилдан қийиқ қидириш, оила қурган ёш келинларни ёлғиз қолдириб, куёвларнинг Россия ёки бошқа чет элларга ишлаш учун кетиб қолиши, ҳуқуқий онг ва маданиятнинг пастлиги, қўл телефонлар орқали интернет ижтимоий тармоқларидан мақсадсиз фойдаланиш, бегона шахслар билан ёзишмалар қилиниши, натижада эр-хотин ўртасидаги ишончга путур етиб, хиёнатларнинг юзага келиши, оиладаги тақчиллик, шунингдек қайнона-келин муносабатларининг кескинлашиши кабилар ташкил қилмоқда.
Натижада эса, муқаддас оила қўрғонига путур етиб, болалар тирик етимга айланиб қолмоқда. Бундан ташқари, жамиятда янги муаммолар вужудга келиб, болаларнинг таъминоти ва аёлларнинг турар жойсиз сарсон саргардон бўлишига сабаб бўлмоқда.
Маълумки, 2018 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган Меморандум талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига таянган ҳолда, аёлларни мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлари билан яқиндан таништириб бориш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, никоҳдан ажратиш ва эрта никоҳга киришиш ҳолатларини олдини олиш, улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш, биринчи марта жиноят содир қилиш йўлига кириб қолганларга, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик оқибатида жабрланганларга ҳуқуқий кўмак бериш, мулкий муносабатдаги муаммоларни ҳал этиш, уларни тадбиркорлик соҳасида яратилаётган имкониятлардан яқиндан хабардор қилиб бориш каби ишларни ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш вазифалари белгилаб олинган.
Бугунги кунда айнан юқоридаги меморандум асосида мутасаддилар ҳамкорлигида оилаларни яраштириш чораларини кўриш ишлари жадал давом этмоқда. Шунга қарамай, никоҳдан ажрашиш ҳолатларига узил кесил барҳам берилмаётганлиги кишини ташвишга солмоқда.
Ҳатто, куни кеча муҳтарам Президентимиз ёшлар билан бўлган учрашувда ҳам айнан оилалардаги никоҳдан ажрашиш муаммоларига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бу бежизга эмас албатта, чунки ҳар қандай давлатнинг келажак тақдири ва ривожи  айнан оила мустаҳкамлиги билан боғлиқдир. Ушбу масала бугун барчамиз учун оғриқли муаммо десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, юртбошимиз ажримларнинг олдини олиш борасида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари билан яқиндан қизиқдилар.
Шу ўринда биз ҳам никоҳдан ажрашишни олдини олиш борасида ўзимизнинг қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларимизни беришни жоиз деб билдик, жумладан:
–         Жамиятда ишсизликка барҳам бериш;
–         Эрта никоҳга йўл қўймаслик;
–         Никоҳ шартномасини оммалаштириш, чунки никоҳ шартномаси тузиш оила мустаҳкамлигининг гарови ва кафолати сифатида тавсия этилади. Зеро, никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасида ишончсизлик эмас, балки бир-бирига ва оилага нисбатан масъулият ҳиссини уйғотади;
–         Йигит ва қизларни оила қуришга олдиндан тайёрлаш механизмини жорий қилиш;
–         Дабдабабозлик ва ким ўзарликка чек қўйиш;
–         Оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш;
–         Оила қуришда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш яъни оиладаги ҳуқуқий-ахлоқий тарбия борасида мактаб, лицей ва олий таълим муассасаларида алоҳида дарсларни жорий қилиш. Бу орқали оиланинг чинакам муқаддас қўрғон эканлигини ёшлар онгига сингдириш.
Шу билан бир қаторда, халқимизда қизиқувчанлик ва эмоционаллик туйғулари кўпроқ шаклланганлигини инобатга олиб, айнан ажримларни олдини олиш ва оила муаммоларини ўзида акс эттирувчи таъсирчан кинофильм ва телесериалларни психолог ҳамда тажрибали режиссёрларимизни жалб қилган ҳолда кенг оммага тарғиб қилиш орқали ҳам мақсадга эришишимиз мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Халқимизда «Онасини кўриб, қизини ол», деган мақол бор. Бу пурҳикмат сўзларнинг асл маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг замирида – она тарбияли бўлса, қизи ҳам тарбияли бўлади, деган оддий ҳақиқат, аниқ маъно мужассамдир.
Қайсики оилада ўзаро ҳурмат, ишонч ва садоқат, тартиб-интизом мавжуд бўлса, шу оила фарзандлари тарбияли бўлиши, оила қургач, яхши яшаб кетиши табиий. «Қуш уясида кўрганини қилади», деб бежиз айтилмаган. Шунга кўра, фарзандни оилавий ҳаётга тайёрлашда аввало ота-она шахсий намуна бўлиши жуда муҳимдир.
Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимиз ҳам ҳисобланади.
 
Истам ТУРДИЕВ,
Бухоро вилоят суди судьяси.
 
Гулсара САТТОРОВА,
Фуқаролик ишлари бўйича
Ғиждувон туманлараро суди судьяси.

Мерос ҳуқуқига боғлиқ низоларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари.

1)     Мерос ҳуқуқининг вужудга келиш асослари;
2)     Мероснинг меросхўрларга ўтиш асослари, тартиби ва шартлари;
3)                     Судлар томонидан ворислик муносабатларидан келиб чиқадиган низоларнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал этилишининг ўзига хос хусусиятлари.
 
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг V бўлимида “Ворислик ҳуқуқи” билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар тартибга солинган бўлиб, унда ворислик асослари, мерос таркиби, умумий биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш, деҳқон хўжалиги ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини мерос қилиб олиш, мероснинг очилиши, мероснинг очилиш жойи, меросхўрлар, нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш ва ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган.
Ворислик – фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институти ҳисобланади. Фуқаро вафот этган тақдирда, унинг мол-мулки ва мулкий ҳуқуқ мажбуриятларининг меросхўрларга ўтиши асослари, тартиби ва шартларини белгилайди. Мерос қолдирувчи ҳаётлигида эга бўлган мулк, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг меросхўрларга ўтиши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар ворислик ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинади ва унинг предмети ҳисобланади. Меросхўрларга ўтиши мумкин бўлган мулк ва мулкий ҳуқуқ мажбуриятларининг жамиси меросни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексини 1113-моддасига кўра, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.
Мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар:
юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;
ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;
алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;
меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.
Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.
Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади. Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар. Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.
Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.
Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.
Васият ва қонун бўйича ворислар сифатида, жумладан, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган шахслар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлиги пайтида ҳомила ҳолида бўлиб, мерос очилгандан сўнг тирик туғилган болалари бўлиши мумкин.
Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин. Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа ҳол келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан татбиқ этилмайди. Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади. Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас. Мерос қолдирувчи ўзи васиятномада меросхўр этиб тайинлаган шахсларга, ўз навбатида вафот этишлари эҳтимоли билан ўзларига васият қилинган мол-мулкни муайян тарзда тасарруф этиш хусусида кўрсатма бериш мажбуриятини юклашга ҳақли эмас.
Фуқаролик кодексининг 1124-моддасида, “Васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар” белгиланган бўлиб, васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.
Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:
нотариал тасдиқланган васиятномалар;
нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.
Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.
Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.
Қуйидагилар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас:
нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс;
васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари;
тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар;
саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар;
ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар.
Қонун бўйича меросхўрлар ворисликка Фуқаролик Кодекснинг 1135 ––1141-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида чақириладилар.
Қонун бўйича ворисликда фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари, бир тарафдан, фарзандликка олувчи шахс ва унинг қариндошлари, иккинчи тарафдан, туғишган қариндошларга тенглаштириладилар.
Ворислар қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворисларга бўлинади. Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар. Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади. Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.
Ворислик муносабатларидан келиб чиқадиган низоларнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал этилиши мулк дахлсизлиги ва мерос ҳуқуқи қўриқланишига доир конституциявий кафолатлар (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддаси) таъминланишининг ўта муҳим воситаси ҳисобланади.
Мерос таркибига фақат мерос қолдирувчига қонуний асосларда тегишли бўлган мулк кириши туфайли, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тарзда расмийлаштирилмаган иморатлар мерос таркибига фақат марҳумнинг мазкур иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда эътироф этилган ҳолда киритилади.
Мерос қолдирувчи томонидан тузилган олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва шу каби битимлар унинг ўлимидан сўнг ҳақиқий эмас деб топилганда, қайтарилган мулк ҳам мерос таркибига киритилади.
Биргаликдаги умумий мулк иштирокчиси вафот этган тақдирда мерос унинг ҳиссасига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан, мол-мулкни натура ҳолида бўлишнинг иложи бўлмаганда эса, бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.
Фуқаролик кодексининг 1119-моддаси биринчи қисмига кўра, нолойиқ меросхўр деб топилиши мумкин бўлган шахсларнинг ворислигига оид низоларни кўришда шуни назарда тутиш лозимки, уларнинг қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқланган, ворисликка чақирилишга имкон яратган қонунга хилоф ҳаракатлари, фақат бу ҳаракатлар қасддан содир этилгандагина меросдан маҳрум этиш учун асос бўлади.
Эҳтиётсизлик орқасида содир этган жинояти учун судланган шахсга нисбатан Фуқаролик кодексининг 1119-моддасида назарда тутилган қоида қўлланилмайди.
Меросхўр фақат суднинг ҳал қилув қарорига кўра ва фақат меросдан четлатиш ўзи учун ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатлар туғдирадиган шахснинг даъвоси бўйича нолойиқ деб топилиши ва меросдан четлатилиши мумкин.
Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда, унда меросхўр тариқасида кўрсатилган, бироқ тегишли навбатдаги қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган шахс умумий асосларда қонун бўйича ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.
Бундай ҳолларда, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган васиятномага кўра меросдан маҳрум этилган қонун бўйича меросхўр ҳам умумий асосларда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.
Васиятнома қонунда белгиланган тартибда тузилган ва васият қилувчининг вафотидан сўнг муайян оқибатлар келиб чиқишини назарда тутувчи бир томонлама битим ҳисобланади.
Қонунга биноан васият қилувчи ўз мулкини тўлиқ ёки қисман ҳар қандай шахс ёхуд бир неча шахсга, шунингдек юридик шахсларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёхуд давлатга васият қилиши, ёинки бир, бир неча ёки барча қонун бўйича меросхўрларни меросдан маҳрум қилиши мумкин.
Васиятномани ҳақиқий эмас деб топишга оид даъволарни кўришда, судлар Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни назарда тутувчи нормаларига амал қилишлари лозим.
Мерос қолдирувчи томонидан зиммасига бирор бир мажбурият бажарилиши юклатилган васиятнома бўйича меросхўр ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи ўртасидаги низоларни кўришда, судлар ФК 1132-моддаси талабларига риоя этишлари лозим.
Васиятнома ва унинг асосида берилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай талаблар бўйича суд томонидан келишув битими тасдиқланишига, у қонунга зид бўлиши туфайли йўл қўйилмайди.
Қонунчиликка кўра, васият қолдирувчининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз (шу жумладан, фарзандликка олинган) болалари, унинг меҳнатга қобилиятсиз эри(хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ҳам қонун бўйича меросхўр бўладилар. Бу ўринда шуни назарда тутиш лозимки, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўрлар, мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, иккинчи ва ундан кейинги навбатдаги ворислар мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга эмас.
Мажбурий улуш белгилашда қонун бўйича ворисликка чақирилиши мумкин бўлган барча меросхўрлар инобатга олиниши ва мерос таркибига кирувчи барча мол-мулкдан келиб чиқилиши лозим.
Меросхўрга мажбурий улуш тайинлашда у мерос тариқасида бирон-бир асосга кўра олаётган барча нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам инобатга олинади.
Қуйидаги ҳолларда ҳам қонун бўйича ворислик мавжуд бўлади:
тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик;
мерос трансмиссияси тартибида ворислик;
мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари томонидан ворислик.
Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бирдек даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Масалан, агар ўғил (қиз) отаси ёки онасидан олдин вафот этган бўлса, унинг болалари бобоси ёки бувисининг вафотидан сўнг қолган меросга нисбатан тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўр бўлади.
Қонун бўйича марҳум меросхўрнинг эри(хотини) тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворис бўла олмайди.
Мерос трансмиссияси тартибида ворислик васиятнома ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр (трансмиттент) мерос очилганидан кейин, лекин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган ҳолларда амалга оширилади. Бундай ҳолларда унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига (трансмиссарларига) ўтади.
Мерос трансмиссияси қуйидаги шартларда вужудга келади:
мерос очилган пайтда ворислик ҳуқуқига эга бўлган васият ёки қонун бўйича меросхўрнинг борлиги;
васият ёки қонун бўйича меросхўр меросни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этганлиги сабабли унинг меросдаги улуши тақдирини ҳал қилиш зарурати пайдо бўлганлиги;
вафот этган меросхўр унинг меросхўрлари билан алмаштирилиши мумкинлиги.
Меҳнатга қобилиятсиз шахсларни қонун бўйича меросхўр деб топиш учун бир вақтнинг ўзида икки ҳолатнинг мавжуд бўлиши, яъни бундай шахсларнинг бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлиши ва мерос қолдирувчи билан унинг вафотига қадар бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида бирга яшаган бўлиши талаб этилади.
Иккинчи, учинчи ва тўртинчи навбатдаги қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирувчи меҳнатга қобилиятсиз шахсларга келганда эса, улар ворисликка чақирилиши учун фақат уларнинг мерос қолдирувчи вафотига қадар унинг қарамоғида бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида бўлганлигини аниқлашнинг ўзи кифоя.
Меҳнатга қобилиятсиз шахсни мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган деб топиш учун бундай шахс мерос қолдирувчининг тўлиқ таъминотида бўлганлиги ёки ундан олиб турилган моддий ёрдам унинг ҳаёт кечириши учун асосий ва доимий манба бўлганлиги факти аниқланиши лозим. Мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, иш (хизмат) жойи маъмурияти, ижтимоий таъминот бўлими томонидан берилган ҳужжатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланиши мумкин.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, ворислик васият ёки қонун бўйича эканлигидан қатъий назар, мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган.
Меросдан воз кечиш тўғрисида ариза берган меросхўр кейинчалик уни бекор қилиши ёки қайтариб олиши мумкин эмас. Бундай воз кечиш фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ва қонунда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун белгиланган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Баён этилганлардан кўринадики, ворислик масалалари ҳозирги вақтда ҳам долзарб масала ҳисобланади.
Ворислик ҳуқуқи жамиятнинг ҳар бир аъзосига мулклари, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари васият ёки қонун бўйича мерос бўлиб ўтиши кафолатланганлигини тушунган ҳолда яшаши ва ишлашига имкон яратади.
 
                                                                   
Озоджон НОВРУЗОВ,
Бухоро вилоят суди судьяси.
 
Азизжон ШАРИПОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Мерос ҳуқуқи билан боғлиқ фуқаролик ишларини судларда кўриш амалиёти

Мерос ҳуқуқи фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи билан чамбарчас боғланган ва фуқаролик ҳуқуқи тармоғининг бир тармоғи бўлиб ҳисобланади.

Мерос ҳуқуқи-бу фуқаронинг вафоти муносабати билан унинг мулкий, мулк ҳуқуқи билан боғлиқ шахсий номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бевосита қабул қилиб олишни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳуқуқий меъёрлар йиғиндисидан иборатдир. Мерос ҳуқуқи фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари ва манфаатларини қўриқлаш билан боғланган бўлиб, уларнинг ўз мулкига нисбатан тасарруф этиш ҳуқуқини ҳеч қандай тўсиқсиз, нафақат ҳаётлигида, шунингдек вафот этганидан сўнг ҳам амалга оширилишини таъминлайди.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 1113-моддасига мувофиқ, мерос таркибига мерос очилган пайтда мерос қолддирувчига тегишли бўлган кўчар ва кеўчмас мулк, ашёлар, шу жумладан, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар киради.

Мерос таркибига фақат мерос қолдирувчига қонуний асослар тегишли бўлган мулк кириши туфайли, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тарзда расмийлаштирилмаган иморатлар мерос таркибига фақат марҳумнинг мазкур иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда эътироф этилган ҳолда киритилади.

Фуқаролик кодекси 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.

Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.

Мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади.

Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар.

Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади. Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Қонун талабига кўра, васиятнома қонунда белгиланган тартибда тузилган ва васият қилувчининг вафотидан сўнг муайян оқибатлар келиб чиқишини назарда тутувчи бир томонлама битим бўлиб, қонунга биноан васият қилувчи ўз мулкини тўлиқ ёки қисман ҳар қандай шахс ёхуд бир неча шахсга, шунингдек юридик шахсларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёхуд давлатга васият қилиши, ёинки бир, бир неча ёки барча қонун бўйича меросхўрларни меросдан маҳрум қилиши мумкин.

Васиятномани ҳақиқий эмас деб топишга оид даъволарни кўришда, судлар Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни назарда тутувчи нормаларига амал қилинади.

Меросхўрнинг мерос мулкидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжи (масалан, турар жойга нисбатан шахсий эҳтиёжи), шунингдек мулк ҳуқуқининг меросхўрдан бошқа шахсга ўтиши, бундай ўтиш асосларидан (сотиш, ҳадя, айирбошлаш ва ҳ.к.) қатъий назар, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи ҳуқуқларига таъсир этмайди, чунки бундай ҳуқуқлар ҳажми мерос қолдирувчи томонидан васиятномани тузиш пайтида белгиланиб, унинг меросхўрлари томонидан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Фуқаролик кодекси 1112-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ қонун бўйича ворислик фақат васиятнома мавжуд бўлмаган ёки мерос тақдирини тўла белгиламаган, шунингдек Фуқаролик кодексида назарда тутилган бошқа ҳолларда келиб чиқади.

Қонун бўйича меросхўрларга ФК 1135-1141-моддаларида кўрсатилган ва навбат тартибида ворисликка чақириладиган шахслар киради. ФК 1142-моддасига мувофиқ васият қолдирувчининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз (шу жумладан, фарзандликка олинган) болалари, унинг меҳнатга қобилиятсиз эри(хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ҳам қонун бўйича меросхўр бўладилар. Бу ўринда шуни назарда тутиш лозимки, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўрлар, мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, иккинчи ва ундан кейинги навбатдаги ворислар мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга эмас.

Мажбурий улуш белгилашда қонун бўйича ворисликка чақирилиши мумкин бўлган барча меросхўрлар инобатга олиниши ва мерос таркибига кирувчи барча мол-мулкдан келиб чиқилиши лозим.

Меросхўрга мажбурий улуш тайинлашда у мерос тариқасида бирон-бир асосга кўра олаётган барча нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам инобатга олинади.

Фуқаролик кодекси ва Пленум қарори талабига кўра, қуйидаги ҳолларда ҳам қонун бўйича ворислик мавжуд бўлади:

тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик (ФК 1140-моддаси);

мерос трансмиссияси тартибида ворислик (ФК 11401-моддаси);

мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари томонидан ворислик (ФК 1141-моддаси).

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бирдек даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Масалан, агар ўғил (қиз) отаси ёки онасидан олдин вафот этган бўлса, унинг болалари бобоси ёки бувисининг вафотидан сўнг қолган меросга нисбатан тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўр бўлади.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қонун бўйича марҳум меросхўрнинг эри(хотини) тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворис бўла олмайди.

 Мерос трансмиссияси тартибида ворислик васиятнома ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр (трансмиттент) мерос очилганидан кейин, лекин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган ҳолларда амалга оширилади. Бундай ҳолларда унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига (трансмиссарларига) ўтади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, ворислик васият ёки қонун бўйича эканлигидан қатъий назар, мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган.

Нодир ФАЙЗИЕВ, Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Миразиз РАДЖАБОВ, Фуқаролик ишлари бўйичаКогон туманлараро суди раиси

Skip to content