Янги таҳрирдаги Конституциянинг 29–моддасига асосан,“Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.
Ҳар қандай шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чақирилганда ёки ушланганда бир оз ўзини йўқотиб қўйиши, эсанкираши бор гап. Шундай вазиятда унинг ҳуқуқлари бузилишини олдини олиш мақсадида адвокат ёрдамидан фойдаланишни таъминлаш муҳим ўрин тутади. Бундай вазиятда адвокат ҳақиқий маънода кўмакчи, ҳимоячи сифатида шахсга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши керак.
Бугунги кунда мамлакатимизда 4,5 минг нафардан ортиқ адвокат фаолият юритмоқда. Қувонарлиси, жамиятда адвокат хизматига эҳтиёжнинг ортиб бориши, турли зиддиятли масалаларни адвокат ёрдамидан фойдаланиб ҳал этиш маданияти шаклланаётганлиги кузатилмоқда.
Конституцияда шахс ушланганида унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқининг алоҳида белгиланиши унга нисбатан ноқонуний ёки асоссиз айблов қўйилишидан, турли босимлардан ҳимоя қилади. Шунингдек, шахс ўз танловига кўра, яъни истаса, адвокат ёрдамидан фойдаланади, истамаса, бундай ёрдамдан воз кечиши мумкин. Борди-ю, бунга имкони бўлмаса, давлат ҳисобидан адвокат таъминланиши мумкин.
Мазкур қоида фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтиришга, уларга нисбатан турли ноқонуний ҳаракатлар содир этилишини ва асоссиз айб қўйилишини олдини олишга хизмат қилади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 51-моддасига асосан, “Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга”.
Ўзбекистонда олий таълим тизими тубдан ислоҳ этилмоқда. Жумладан, нодавлат олий таълим муассасалари очилмоқда, хорижий университетлар филиаллари сони ортмоқда, олис ҳудудларда ҳам университет филиаллари ташкил этилмоқда, 41 та давлат олий ўқув юртларига академик ва молиявий мустақиллик берилди.
Олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида фаолият юритиши – уни маъмурий бошқаришдан тортиб то ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот жараёнини ташкил этишда академик эркинликка эга бўлишини тақозо этади.
Академик эркинлик – олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот ташкилотларида таълим бериш ва илмий-тадқиқот ўтказиш эркинлигидир. Ушбу эркинлик ўқув жараёнини мустақил шакллантириш, профессор ўқитувчиларни дарс ўтиш эркинлигида, илмий-тадқиқот мавзуларини мустақил танлаш ва тадқиқ этиш, унинг натижаларини нашр этиш ва тарқатиш, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар академик эркинлигини чекланмаслигида ва бошқаларда намоён бўлади.
Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятининг ривожланишига, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга, ушбу соҳага ташқи аралашувни чеклашга хизмат қилади. Бухоро вилоят суди судья катта ёрдамчиси Д.Гадоев
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилади. (Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 328-модда)
Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.
Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қабул қилишда шуни назарда тутиш керакки, аризада янги очилган ҳолатларнинг мавжудлигини тасдиқловчи асослар мавжуд бўлиши лозим. Аризага зарурий бўлган далиллар, хусусан, кўрсатилган ҳолатлар санасини аниқлаш имконини берувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак. Бундай ҳолатларнинг аниқланганлик куни бўлиб, шу ҳолатларнинг аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун ҳисобланади. Агар янги очилган ҳолатлар ҳукм, суднинг ҳал қилув қарори, бошқа органнинг қарори билан боғлиқ бўлса, унда янги очилган ҳолат суд ҳужжатларини қабул қилиш учун асос бўлган ҳолатга мазмунан қарама-қарши ҳужжатларнинг қонуний кучга кирган куни ёки ҳукм, ҳал қилув қарори ва қарорнинг қонуний кучга кирганлиги аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун шу ҳолат аниқланган кун ҳисобланади.
ИПК 328-моддасининг биринчи — учинчи қисмлари, шунингдек 329-моддаси талабларига риоя этилган ҳолда берилган қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ишни кўриш жойи ва вақти кўрсатилган ажрим чиқариш йўли билан иш юритишга қабул қилинади. ИПК 328-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ариза беришнинг бир ойлик муддати процессуал муддат бўлиб, агар ариза қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ушбу муддат тикланиши мумкин.
Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш ҳақида аризани қайтариш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиши лозим. Илтимоснома қаноатлантирилган ва ўтказиб юборилган муддат тикланганда бу ҳақида қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.
2023 йил 15 мартда «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонунга кўра Вазирлар Маҳкамаси, агентлик, давлат ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимиятлар давлат мулкини бошқаради. Шунингдек Қонун билан хусусийлаштирилмайдиган объектлар ҳам белгиланиб, унга кўра мамлакатнинг ер, ерости бойликлари, ўсимлик, ҳайвонот дунёси, архив ҳужжатлари, маданий мерос объектлари ва муҳофазадаги ҳудудлар хусусийлаштирилмайди.
Қонуннинг мақсади давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда:
1) давлат мулкини бошқаришнинг принциплари белгиланмоқда. Бунда муҳим принциплардан бири сифатида давлат корхоналарига ва нодавлат юридик шахсларга хўжалик фаолиятини юритиши учун тенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат корхоналарига қўшимча имтиёзлар ва преференциялар берилмаслиги белгилаб ўтилмоқда;
2) давлат мулкига эгалик қилишнинг мезонлари белгиланмоқда;
Давлатда фақатгина стратегик манфаат ва аҳоли хавфсизлиги объектлари, табиий монополия, хусусий сектор учун норентабел соҳалар, хусусийлаштирилмайдиган объектлар сақлаб қолинади.
3) давлат мулклари республика мулки ва муниципал мулк турларига ажратилмоқда;
4) давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этиш назарда тутилмоқда;
Баҳолаш натижаларига кўра, балансда сақловчилар томонидан ортиқча, фойдаланилмаган ёки мақсадга мувофиқ фойдаланилмаган мулк улардан қайтиб олиниб, самарали фойдаланиш чоралари кўрилади.
5) давлат мулкини бошқариш субъектлари, яъни Вазирлар Маҳкамаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, давлат органлари ва ҳокимликлар ва уларнинг ваколатлари белгиланмоқда;
6) давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишнинг асосий йўналишлари белгиланмоқда;
Давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарларига уларнинг фаолияти самарадорлигига қараб, кузатув кенгашининг эса корхоналардаги корпоратив бошқарув тизими натижаларига қараб баҳо берилади, кузатув кенгаши томонидан раҳбарнинг ҳисоботлари, жумладан харидлар тўғрисидаги ҳисоботлари ҳар чоракда камида бир марта кўриб чиқилади.
7) давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари – Давлат активларини бошқариш агентлиги, давлат улуши мавжуд тижорат банклари ва стратегик корхоналар – Молия вазирлиги, муниципал аҳамиятдаги хўжалик жамиятлари – ҳокимликлар томонидан бошқариш назарда тутилмоқда;
8) давлат унитар корхоналари ва давлат муассасаларини ташкил этиш, уларнинг фаолият юритиши ва қайта ташкил этишнинг асосий қоидалари белгиланмоқда;
Бунда давлат унитар корхоналар ва давлат мулкини сақлаш мезонларига мос келмайдиган давлат муассасалари хўжалик жамиятларига (АЖ, МЧЖ) айлантирилади.
9) давлат мулкини бошқаришда ҳисобдорлик, шаффофлик ва маълумотларни ошкор қилиш талаблари белгиланмоқда.
Ушбу Қонун қабул қилиниши давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга, давлат мулкини бошқариш соҳасини янада такомиллаштиришга ҳамда бу соҳада давлат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини ва ваколатларини аниқ белгилаш, давлат мулкини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Сўнги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши тадбиркорлик субъектларининг сон жиҳатдан ошишига олиб келмоқда. Ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг турли ҳудудларда жойлашиши улар билан боғлиқ иқтисодий низоларни ҳал қилишда қайси судга мурожаат қилиши керак деган саволни уйғотади.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексида иқтисодий ишларнинг судловга тегишлилиги масаласи қуйидагича баён қилинади.
Судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Юридик шахсларга нисбатан уларнинг алоҳида бўлинмалари фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинмалар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Фуқароларга нисбатан даъволар улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.
Иқтисодий ишларнинг судловга тегишлилик қоидаларини амалий жиҳатдан беш турга бўлиш мумкин.
Даъвогарнинг танлови бўйича судловга тегишлилик. Турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар аризачи давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судда кўрилади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар кўчмас мулк жойлашган ердаги судда кўрилади.
Юридик шахслар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судда кўрилади.
Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъволар, кўчмас мулк ҳақидаги низолар, шу жумладан кўчмас мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги ёхуд мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилишини бартараф этиш ҳақидаги ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги бошқа даъволар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга тақдим этилади.
Бундан ташқари судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра тарафларнинг келишувига шартномада алоҳида кўрсатилган ҳолда низони кўриб чиқувчи судни тарафлар ўз ихтиёрларига кўра ҳам белгилаши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият. Инсон ҳуқуқлари амалда таьминланиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофаза қилиниши ҳамда бузилган ҳуқуқларининг тикланиши бевосита суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатли ва ҳолис қарор қабул қилиниши билан баҳоланади. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.
Юртимизда соҳани ривожлантириш мақсадида барча чора-тадбирлар кўрилиб, судларнинг мустақиллигини таьминлаш, одил судловни амалга ошириш, инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ижобий ва самарали натижаларга эришиляпти.
Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Шу билан бирга “Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судлар фаолияти самарадорлигини ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида:
2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди ва кейинги беш йилликда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур ва сиёсий-ҳуқуқий ижтимоий иқтисодий ва илмий маьрифий асослари яратишга доир бир қанча муҳим вазифалар белгиланди.
“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилиб, мамлакатимизнинг ривожланиш тенденсиялари қандай болиши ва бу борадаги устувор вазифалар белгиланган болиб, 7 та устувор йўналиш юзасидан кейинги беш йил мобайнида 100 мақсад ва 398 та вазифани амалга тошириш чора тадбирлари белгиланди.
Тараққиёт стратегиясининг 15 мақсадида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш вазифаси белгиланган.
Суд протсесида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўйобга чиқариш мақсадида суд тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш ва аризаларни тааллуқлигидан қатьий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муаййан иш доирасида фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш тизимини жорий этиш мақсадлари белгиланди.
Шу билан бирга судлар фаолиятини босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш аҳолига ҳамда соҳада фаолият юритувчи ҳодимларга қулайлик яратиб,вавтни тежаш ва ортиқча қоғозбозликка чек қойиб, соҳада иш ҳажми юкламаларини ошиб кетиши олдини олиш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш ва одил судловга эришиш даражисини тубдан ошириш бўйича ҳам аниқ вазифалар амалга оширилади.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таьминлашда судялар ҳамжамияти органларининг ролини янда кучлироқ ошириш ҳамда судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган.
Жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари, фуқаролик ишлари ва иқтисодий низолар бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари ва ажримлари ижросини қатьий таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини янада ошириш белгиланди.
Судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш асосий мақсад қилиб белгиланди.
Шу билан бирга суд тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий тизимлаштириш олиб борилиши кўрсатиб ўтилди. Белгиланган вазифаларнинг асосий мақсади судлар фаолиятида ва суд ишлари кўрилишида адолат ва қонун устуворлигини янада таьминланишига эришиш ҳисобланади. Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ишларнинг асосий мақсади фуқаролирнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни кучайтириш ва одил судлов самарадорлигини оширишни таьминлаш ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мазкур чора тадбирларнинг амалга оширилиши фуқароларнинг ва юридик шахслар ҳуқуқлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатлари самарали ҳимоя этилишида муҳим восита бўлиб хизмат қилади ва судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир бир қанча мақсадлар ва масалаларнинг белгилаб берилиши билан бирга судларга маьсулият билан ёндашишни амалга оширишига хизмат қилади.
Нурмурод Зоиров,
Қоракўл туманлараро иқтисодий суд раиси
Бекзод Турсунов,
Қоракўл туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 31-моддасидаги нормага асосан, “Хар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи туғрисида конунга хилоф йўл билан тўпланган ёки хукукий асосларга эга бўлмай колган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш хукукига эга”.
Инсон туғилганидан бошлаб у ҳакидаги маълумотлар унинг ҳаёти давомида бирор-бир жойда қайд қилинади. Жумладан, давлат хизматларидан фойдаланганда, шифохонада, ФҲДЁ бўлимларида, боғчада, мактабда, банкларда ва бошқа ташкилотларда, кундалик фойдаланадиган ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ёки маълумотлар базаларида шахснинг фото, видео, аудио, ёзма ёки электрон шаклидаги шахсга доир маълумотлар мавжуд. Шахсга доир маълумотлар муайян жисмоний шахсга тааллукли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ёки бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборотдир.
Айникса, бугунги рақамлаштрилаётган дунёда шахсга доир маълумотларни ҳимоя килишга эхтиёж тобора ортиб бормокда. Чунки, айримлар ўзгаларга тегишли шахсий маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам амалиётда куп учрамокда. Давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя килинишини қонун билан конституция билан кафолатлайди.
Хусусан, давлат шахснинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя килинишини, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлигини сакланишини, махфийлигига риоя этилишини, қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини таъминлаши лозим.
2019 йилда қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга кўра, шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган шахслар ушбу маълумот эгасининг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт. Шунингдек, шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун хужжатларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шу билан бирга, Конституцияга фуқаронинг ўзи тўғрисида қонунга хилоф йул билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқини кафолатловчи янги коида киритилмокда.
Хорижий мамлакатларда “унутилишга бўлган хукук» (right to be forgotten) деган ном билан кўлланилувчи ушбу ҳукук шахснинг ўзи ҳақидаги конунга хилоф йул билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларни ахборот ресурсларидан, жумладан Интернетдан, йук килинишини талаб килиш ҳукукини англатади.
Мазкур хукук Сингапур, Япония каби давлатлар конституцияларида ҳам белгилаб қўйилган.
Конституциямизда бундай мазмундаги норманинг белгиланиши инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя килишни таъминлашда муҳим кафолат бўлиб хизмат килади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 46-моддасига асосан, “Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас”.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз жамият ва давлат ўртасидаги янги “жамоат келишуви” бўлиб, энг асосий бурилиш – ижтимоий мажбуриятларга доир нормалар 3 баробарга ошаётганлигидадир. Айни шу мақсадда Конституциямизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат”, деб алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу эса ижтимоий таъминот соҳасида давлат сиёсатини юритишда маълум қоидаларга амал қилишни тақозо этади.
Амалдаги Конституциянинг 39-моддасидан фарқли ўлароқ янги таҳрирдаги конституциянинг 46-моддаси янада мукамаллаштирилган бўлиб, янги таҳрирдаги Конституцияга кўра ишсизлик ҳолатида ҳам ижтимоий таъминот ҳуқуқи конституциявий ҳуқуқ сифатида белгиланди.
Давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратади ҳамда пенсия, нафақалар ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларини белгилайди. Пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турлари миқдори расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас. Айрим хорижий давлатларнинг қонунчилигида пенсия ва нафақалар миқдори белгиланган минимал истеъмол саватчаси ёки яшаш минимумидан кам бўлмаслиги белгиланган. Бу албатта ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолини келажакка бўлган ишончини кафолатлайди.
Шунинг учун пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдам турлари миқдорининг энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги – фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш, харид қобилиятини сақлаб қолиш, соғлиғини, меҳнат қилиш салоҳиятини сақлаган ҳолда жамиятнинг ҳеч бир аъзосини эътибордан четда қолмаслигини таъминлайди.
2022 йил йилда тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Мисол учун, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етди.
Барча ҳуқуқий давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистон Республикасида ҳам шартнома тузиш, уларни ўзгартириш, ижро этиш ва бекор қилишни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, шартнома иштирокчилари ушбу қоидаларга албатта риоя этишлари керак.
Соддароқ айтиладиган бўлса, шартномани тузган яъни имзолаган шахс, маълум бир мажбурятларни ўз зиммасига олади ва у ушбу мажбуриятларни лозим даражада, яъни ўз муддатида ва сифатли қилиб бажариши керак.
Мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Фуқаролик кодекси 744-моддасининг биринчи қисмига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. Яъни, банк томонидан кредит ажратилганидан сўнг, кредитни олган шахс уни ва унга ҳисобланган фоиздларни шартномада кўрсатилган муддатларда қайтариши керак.
Амалиётдан шуни кўриш мумкинки, аксарият ҳолларда берилган кредитларни қайтариш бўлиб-бўлиб амалга оширилади. Яъни, банк ўзи берган кредит ва унинг фоизларини тегишли график (жадвал) асосида қайтариш ҳақида қарз олувчи билан келишиб олади. Масалан, олинган кредит ва унинг фоизлари 3 (уч) йилга бўлинган ҳолда гарфик тузилади ва олинган кредит ушбу график асосида қайтарилиши керак.
Қонунда мажбуриятни таъминлаш усуллари деб номланувчи институт мавжуд бўлиб, бунда мажбур (масалан кредит олувчи) ўз мажбуриятини бажарилиши учун маълум бир таъминотни тақдим этади. Ушбу таъминот кредит шартномасининг ўзида кўрсатилиши ёки алоҳида шартнома тарзда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.
Банклар ва кредит олувчилар ўртасида амалиётда аксарият ҳолларда ушбу таъминот турларидан гаров ҳамда кафиллик танланади.
Қонунга кўра, бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.
Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда назарда тутилган тартибда, ҳақли бўлади.
Таъкидлаш керакки, гаров мулки кредит олувчиники ёки учинчи шахсники ҳам бўлиши мумкин. Яъни, кредит шартномаси иштирокчиси бўлмаган учинчи шахс ҳам ўз мулкини гаровга қўйиши мумкин.
Кредит олувчилар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда ундирувчи, яъни банклар кредит ва унинг фоиздларини ундириш ҳақида судга мурожаат қилиш ҳоллари ҳам мавжуд.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш бугунги кунда бу борада амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг бош мезонларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Ушбу соҳанинг ривожланиши тадбиркорлик субъектларининг сон жиҳатдан кўпайишига, ўзаро муносабатлар ошиши натижасида бизнес вакиллари ўртасида иқтисодий низолар пайдо бўлишининг тезлашишига олиб келади.
Бугунги кун давр талаби бизнес эгаларининг иқтисодий судлардаги низоларнинг ечилишини имкон қадар тезлаштиришни тақозо этмоқда. Бундай ҳолларда тадбиркорлик субъектларининг ўзлари низони ҳал қилишда судларга айрим процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилишлари лозим бўлади.
Даъвони таъминлаш иқтисодий-процессуал қонунчиликда назарда тутилган махсус чора бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (матнда “ИПК” деб юритилади) 93-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси даъвони таъминлаш чораларини кўриш учун асос бўлади.
Даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.
ИПК 93-моддасининг учинчи қисмида давлат фойдасига мулкий ундириш билан боғлиқ ишлар бўйича суд даъвогарнинг аризасига кўра даъвони таъминлаш чораларини кўриши шартлиги белгиланган. Яъни, ушбу норма билан даъвогарнинг аризаси мавжуд бўлганда даъвони таъминлаш чорасини кўриш тўғрисидаги аризанинг қаноатлантирилиши шартлиги мустаҳкамланган.
ИПКнинг 94-моддасига асосан қуйидагилар, яъни жавобгарга тегишли мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш; жавобгарга муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш; бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш; даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ундиришни тўхтатиб туриш; мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилган тақдирда, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш; низоли мол-мулк бузилишининг, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклатиш; низоли мол-мулкни учинчи шахсга (сақловчига) ўтказиш даъвони таъминлаш чораси бўлиб ҳисобланади.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза судга даъво аризаси билан бир вақтда даъво аризасида ёки ишни юритиш жараёнида даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимосномада баён этилиши мумкин.
ИПК 96-моддасининг биринчи қисмига асосан даъво аризаси билан бирга берилган даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, яъни ариза судга келиб тушгандан 5 кундан кечиктирмасдан ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан процессуал муддатларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 2015 йил 19 июндаги 283-сонли қарорининг 18-бандида ҳам тушунтириш берилган.
Судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини кўриш низони биринчи суд муҳокамасида кўрилгунга қадар бартараф этишга катта ёрдам беради. Шу ўринда, суд амалиётига мурожаат қилсак.
Даъвогар МЧЖ жавобгар АЖга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ундан маҳсулот етказиб бериш шартномасига асосан 33.000.000 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган. Шунингдек, даъво аризасида даъвони таъминлаш мақсадида жавобгарга тегишли бўлган пул маблағларини хатлаб қўйиш чораларини кўриш сўралган. Суднинг ажрими билан даъвони таъминлаш чораси кўрилиб, жавобгарга тегишли бўлган пул маблағларининг 33.000.000 сўм миқдорига тенг чиқим қисми (бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга ҳамда иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ тўловлардан ташқари) иш мазмунан кўриб чиқилиб, ҳал қилингунга қадар хатлаб қўйилган. Ажрим нусхаси жавобгарнинг хизмат кўрсатувчи банкига ижро қилиш учун юборилган.
Суднинг ажрими банк томонидан ижро қилиниб, биринчи суд муҳокамасида жавобгар томонидан даъвогарнинг ҳисобига 33.000.000 сўм тўланганлиги ҳамда низо бартараф этилганлиги аниқланган. Шу сабабли суд томонидан даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори ҳамда даъвони таъминлаш чорасини бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқарилган.
Шу билан бирга, процессуал қонунчиликда даъвони таъминлаш чорасини бекор қилиш масаласи ҳам ҳал қилинган. Жумладан, даъвони таъминлаш чоралари ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра бекор қилиниши мумкин. Даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал қилинади. Даъвони қаноатлантириш рад этилган, даъво кўрмасдан қолдирилган, иш юритиш тугатилган ҳолларда, даъвони таъминлаш чоралари тегишли суд ҳужжати қонуний кучга киргунига қадар ўз кучини сақлайди. Бироқ суд кўрсатилган суд ҳужжатларини қабул қилиш билан бир вақтда ёки улар қабул қилинганидан кейин даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқариши мумкин. Шу ўринда судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини қўллаш бўйича суд амалиётини бирхиллаштириш мақсадида ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленум қарори лойиҳасини ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Бу эса ўз навбатида судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини кўришда суд амлиётининг бирхиллаштирилишига, низоларнинг белгиланган муддатда қонуний ва адолатли ҳал этилишига замин яратади.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, даъвони таъминлаш чораларини кўриш тадбиркорлик субъектлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишининг яққол далили бўлиб ҳисобланади.
Истам Турдиев,
Бухоро вилоят суди судьяси
Жавохир Нурматов,
Бухоро вилоят судининг судья катта ёрдамчиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Бухоро вилоят суди