ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ — ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ШАРТИ
Мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ҳамда фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилмоқда. Ушбу ҳаётий ҳақиқат Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 27 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида яна бир бор эътироф этилди.
Шу кунларда кўп миллатли халқимиз Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа — Мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллик санасини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Шу муносабат билан жойларда ўтказилаётган «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирларда бошқа соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар самаралари ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилмоқда.
Чунки бугунги кунда ҳар қандай давлатнинг халқаро майдондаги мавқеи ушбу давлатда қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги қай даражада таъминланганига қараб белгиланади. Судлар фаолияти ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга қаратилган.
Бинобарин, жамиятда қонун устуворлиги таъминланса, судлар адолатли ва холис фаолият юритса, мулк дахлсизлиги сўзсиз ҳимоя қилинса, халқнинг давлатга ишончи ортади, иқтисодиёт ривожланади ва аҳоли фаровонликка эришади.
Шу сабабли мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини халқаро мезонларга мувофиқ ривожлантиришга стратегик аҳамиятга эга вазифа сифатида қаралмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган муҳим чоралар кўрилди.
Амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, тизимдаги шиддатли янгиланишлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш имконини берди.
Судьянинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги давлат томонидан кафолатланган. Бу одил судловга эришиш – қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлари қабул қилишнинг асосий омилларидан биридир.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарали ва изчил амалга оширилишида сифатли ҳуқуқий тартибга солиш тизими, қонун ижодкорлиги жараёни муҳим аҳамият касб этади.
Конституциямизга мувофиқ Олий суд ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонун лойиҳасини Парламентга киритиш орқали амалга оширилади.
Судлар ўз фаолиятининг хусусиятидан келиб чиқиб, қонунчилик нормаларининг амалиётда қўлланилишини таҳлил қилади.
Қонунчиликдаги бўшлиқларни аниқлайди ва суд амалиёти асосида ҳуқуқ нормаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
2017 йилдан бугунги кунга қадар Олий суд томонидан 250 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари, шу жумладан, 150 дан ортиқ қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Олий суд томонидан ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари судьялар ва мутахассислар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинади. Заруриятга қараб хорижий экспертларнинг таклиф ва мулоҳазалари олинади.
Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ва ҳуқуқий экспертиза, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган қонун лойиҳалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади. Парламент вакилларининг чуқур мунозара ва муҳокамаларидан ўтган қонунлар қабул қилинади.
Ушбу даврда Президентимиз илгари сурган ғоя ва ташаббусларни амалга оширишга қаратилган ҳамда суд амалиёти таҳлиллари асосида ишлаб чиқилган суд тизимига оид 60 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Бу ҳужжатлар билан «Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришилмоқда. Шу орқали халқимиз, жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, «Янги Ўзбекистонда – янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, соҳага илғор халқаро мезонларни жорий этиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, жиноят қонунчилиги янада либераллаштирилди, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар рўйхати, «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳаси, ярашув институти кенгайтирилди. Шунингдек, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Фуқаролик ва иқтисодий процессуал қонунчилик судларга мурожаат қилишда аҳолига қулайлик яратиш, тадбиркорлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш нуқтаи назаридан такомиллаштирилди. Фуқаролик ва иқтисодий судларда судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация каби янги институтлар жорий қилинди.
Маъмурий одил судлов тизими шакллантирилди. Бу борада фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг роли кучайтирилиб, улар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланмоқда.
Айни пайтда Президентимизнинг 2023 йил 16 январдаги Фармони билан тасдиқланган 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ижроси алоҳида эътиборда турибди. Унда белгиланган вазифалар доирасида одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш устида изчил иш олиб борилмоқда.
Суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида процессуал кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари Парламентга киритилган. Уларда асосан қуйидаги янги тартиблар назарда тутилмоқда:
туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.
Президентимиз Фармонига асосан маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш мақсадида Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, суд-ҳуқуқ соҳасига оид қабул қилинаётган қонунлар одил судлов самарадорлигини ошириш, қонуний ва адолатли суд қарори қабул қилиниши орқали аҳолини судлардан рози қилиш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган. Зеро, Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага фақат одил суд томонидан адолатли ечим топилиши керак.
Суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди.
Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим.
Шоҳида Бозорова, фуқаролик ишлари бўйича
Ромитан туманлараро судининг раиси
Давлат Хакимов, фуқаролик ишлари бўйича
Ромитан туманлараро судининг судьяси