ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИНИ КЎРИШДА ТАРАФЛАР, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

Фуқаролик процессуал ҳуқуқий муносабатнинг муҳим субъектлари даъвогар ва жавобгар ҳисобланиб, улар тенг ҳуқуқий мақомга эга.

Фуқаролик процессуал кодексининг 8-моддасига биноан Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.

 Ушбу кодекснинг 40-моддасига биноан, ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, суд муҳокамаси давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш), суд ҳужжатларининг мажбурий ижросини талаб қилиш, давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар содир этилишида ҳозир бўлиш ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

Тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципи жавобгарнинг берилган даъводан ҳимояланиш ҳуқуқини кафолатлайди. Ушбу принцип судда иштирок этаётган бир неча даъвогарлар ва бир неча жавобгарларга нисбатан татбиқ этилади. Мазкур кафолатлар даъвога қарши эътироз билдириш ва қарши даъво бериш воситалари орқали амалга оширилади.

Умуман суд жараёнида даъвогар ҳам, жавобгар ҳам келтирилган талаблар, тақдим этилган далилларга нисбатан моддий ёки процессуал ҳуқуқий эътироз билдириши мумкин.

Айнан даъвога қарши ҳимояланишнинг субъекти фақат жавобгар ва унинг вакили бўла олиши назарда тутилган бўлиб, «даъвога қарши эътироз билдириш» тушунчаси мазмунида даъво талаби, унинг ҳажми ва доираси, даъво асосига нисбатан эътирозлар мавжуд деб баҳолаш мумкин.

Даъвога қарши эътироз билдиришнинг моддий-ҳуқуқий ва процессуал-ҳуқуқий турлари мавжуд. Эътирознинг мақсади суд томонидан даъвони тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни рад этишга қаратилган бўлади.

Моддий-ҳуқуқий маънодаги эътироз – низоли талаб вужудга келган моддий-ҳуқуқий муносабатга тегишли бўлиб, айнан даъво талабларига қарши йўналтирилган бўлади ва бундай эътирозлар моддий ҳуқуқ нормаларига ҳавола бериш орқали асослантирилади.

Процессуал-ҳуқуқий маънодаги эътироз – низоли талабни ҳал қилишга қаратилган, процессуал қонун ҳужжатларида кўрсатилган процессуал ҳаракатларга нисбатан вужудга келиб, суд жараёнининг бориши ва амалга оширилаётган процессуал ҳаракатларга қарши йўналтирилган бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, суд муҳокамаси давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш ҳуқуқларига эга бўлиб, суд ишларини юритишнинг муҳим элементларидан бири саналади. Ушбу процессуал ҳаракатлар айнан суд иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва манфаатлари билан боғлиқдир.

Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят суди раиси

Файзулло Кадиров, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг судьяси

Фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳ ва ажримнинг ҳуқуқий аҳамияти

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Никоҳ тегишли туман (шаҳар) Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан қайд этилади. Никоҳдан ажратиш Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ва фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан кўриб чиқилади. Фуқаролар никоҳдан ажратиш масаласида фуқаролик судига мурожаат қилишда қонунда белгиланган тартибда давлат божи ва почта харажатларини тўлаши лозим.

Суд никоҳдан ажратишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг
40-моддаси 2-кисмига кўра, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 15-бандида ярашиш учун бериладиган муддат уч ойдан кам бўлмаслиги белгиланган.

Ажрим нусхаси тарафлар яшайдиган туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси зиммасига тарафларни яраштириш чораларини кўриш учун юборилади.

Барча чоралар кўрилиб,  Оила ва хотин-қизлар бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси ўрганиб чиқилиб ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, биргина, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди томонидан 2021 йил 01 январдан
30 мартга қадар жами 89 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалари кўрилган бўлиб, шундан 45 таси қаноатирилган, 7 таси тугатилган, 7 таси кўрмасдан қолдирилган ва 30 таси рад этилган бўлсада, 2022 йил 01 январдан 30 мартга қадар жами 103 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалари кўрилган бўлиб, шундан 58 таси қаноатирилган, 16 таси тугатилган, 8 таси кўрмасдан қолдирилган ва
21 таси рад этилган. Бундан фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалар 2021 йилга нисбатан 14,6 % ошганлиги кўринади.

Хулоса қилиб айтганда, бу борада фуқаролик ишлари бўйича судлари энг аввало, Оила ва хотин-қизлар бўлими, Маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси ва Ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Миразиз Раджабов, Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг раиси 

Улуғбек Қаландаров, Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг судьяси

Тадбиркорлик фаолиятида ижара тўловлари: муаммо ва ечим…

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз фаравонлиги йўлида эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини юритиш, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериш, уларга давлат ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратиш шунингдек, соҳани ривожлантириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш ислоҳотларимиз йўналтирилган соҳа бўлиб қолмоқда. Унутмаслик керакки, тадбиркорлик фаолиятининг ҳам қонун талаблари доирасида амалга оширилиши, тадбиркорларнинг белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаб боришлари, банкдан олинган имтиёзли кредитларнинг эса муддатида қоплаб берилиши иқтисодий ривожланишнинг янги босқичини ташкил этади.

Бугунги кунда аксарият тадбиркорларимиз бозор ҳудудларида жойлашган объектлардан ҳамда бозор ифратузилмасига қарашли хизматлардан фойдаланишмоқда, бу эса маълум меъёр ва талаблар асосида амалга оширилади. Икки тараф ўртасида тузилган шартномалар ёхуд ўзгача мазмундаги келишувлар ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини  вужудга келтиради.

Ўбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги                      ПҚ-1326-сонли “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг  3-бандига кўра, бозорларнинг ҳудудида ер участкалари ажратиб берилишига, шунингдек бозорга тегишли кўчмас мулк объектларини жисмоний ва юридик шахсларга мулк қилиб топширилишига йўл қўйилмайди.

Ушбу қарорнинг 4-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

ҳудудий молия ва солиқ органлари билан келишилган ҳолда бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларини ҳар йили тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бозорлар ва савдо комплексларининг раҳбарлари бир марталик йиғим, ижара тўлови миқдорлари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек кўрсатиладиган мажбурий хизматлар рўйхати ва қийматини тасдиқлаш ҳамда бозорлар ва савдо комплексларига кириладиган жойда осиб қўйиш топширилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 234-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ, мажбурият — фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Юқоридагилар асосида таъкидлаш жоизки, бозор инфратузилмаси хизматларини тегишли бозор маъмурияти томонидан таъминланиб берилиши ва фойдаланувчи томонидан инфратузилма билан боғлиқ тўловларни ўз муддатида тўлаб борилиши нафақат улар ўртасидаги ўзаро тадбиркорлик муносабатларининг қонун асосида ташкил этилишини, балки ушбу масалага доир низоларнинг камайиши ва қонуний тадбиркорлик фаолиятини юритиш гарови бўлиб ҳисобланади.

Салимжон Абдурасулов, Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Феруз Ражабов, Бухоро вилоят суди судьяси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Маълумки жадал ривожлатниб бораётган Ўзбекистон Республикасида бир қанча қонун ва қонун ости ҳужатларига қабул қилинмоқда. Бу эса албатта халқ келажаги, ватан тараққиёти йўлида муҳим аҳамият касб этади. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг қонуни билан тартибга солинадиган сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар яъни Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 29 январда қабул қилинган
Сенат томонидан 2021 йил 5 февралда маъқулланган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”  қонуни шулар жумласиндандир. Қонунинг биринчи моддасида констутитуция  117-моддасининг иккинчи қисмидаги «декабрь» деган сўз «октябрь» деган сўз билан алмаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги 617-II-сонли Қонунига «8-моддаси. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш»;

 «Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланиши;

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилиши;

Сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар сиёсий партия томонидан:

ташвиқот олиб боришга;

номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга;

сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши керак»лиги белгиланди.

Қонунинг 16-модда: 2 қисмига кўра «Сиёсий партия ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда ҳамда тартибда молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига ҳисобот даврида олинган ҳамда сарфланган молиявий ва бошқа маблағлар тўғрисида молиявий ҳисобот тақдим этиши шарт. Сиёсий партия сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ўзига ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунида оралиқ ҳисоботни, сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин эса якуний ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши» белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июнда қабул қилинган ЎРҚ-544-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодексининг 10-моддасига кўра «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари эса туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилиши» белгиланди.

Шу ва шу каби сайлов олди амалга оширилаётган муҳим қонунлар Ўзбекистон Республикасининг демократик давлатни қуришда муҳим қадам ҳисобланади. Мазкур қонун сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай инсонни сайловга қизиқиб ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этишга чорлайди.

Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси

Убайдулло Аллаев, Фуқаролик ишлари бўйича

Ромитан туманлараро суди судьяси

ОИЛА – МУҚАДДАС ҚЎРҒОН, ҲАЁТ АБАДИЙЛИГИ ВА АВЛОДЛАР ДАВОМИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛОВЧИ ҚАДРИЯТЛАР БЕШИГИДИР

Ҳаммамизга маълумки, Конституциямизнинг XIV боби (63-66-моддалар) жамиятнинг ажралмас бўғини ҳисобланган “Оила”га бағишланган бўлиб, унинг жамиятдаги муҳим ўрни ва давлат муҳофазасида эканлигига урғу берилган. Бунда, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга бўлиши, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаб, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантириши, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари ҳақидаги ибратли нормалар ўзининг аниқ ифодасини топган.

Дарҳақиқат, оила – муқаддас қўрғон, ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешигидир. Зеро, халқнинг, миллатнинг келажаги айнан оила билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.

Бироқ, афсус надоматлар бўлсинки баъзи фуқароларимиз томонидан муқаддас ҳисобланган оила қадрига етмасдан, ҳаёт синовларига бардош беролмасдан ва буларга сабр қилмасдан судларга ҳали ҳануз никоҳдан ажрашиш борасидаги мурожаатлар қилиб келинаётганлигини кузатиш мумкин.

Суд амалиётига яна бир назар соладиган бўлсак, асосан никоҳдан ажрашиш ҳақидаги даъволарда тарафларнинг бир бировининг характери тўғри келмаганлиги, оилага қайнона ёки опа-сингил ёхуд ака-укалар (учинчи шахслар)нинг аралашуви, бир томоннинг бошқа чет элларда узоқ вақт кетиб қолиши, ишсизлик, хиёнаткорлик каби иллатларнинг важ қилиниши кўпроқ учрайди.

Бундан кўринадики, никоҳдан ажрашишларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳар икки томоннинг оила қуришга тайёр эмаслиги, ўз меҳнати ва машаққатисиз ота-оналар орзуси билан осонгина оила қуришга эришиш, оиладаги арзимас келишмовчиликлар яъни қилдан қийиқ қидириш, оила қурган ёш келинларни ёлғиз қолдириб, куёвларнинг Россия ёки бошқа чет элларга ишлаш учун кетиб қолиши, ҳуқуқий онг ва маданиятнинг пастлиги, қўл телефонлар орқали интернет ижтимоий тармоқларидан мақсадсиз фойдаланиш, бегона шахслар билан ёзишмалар қилиниши, натижада эр-хотин ўртасидаги ишончга путур етиб, хиёнатларнинг юзага келиши, оиладаги тақчиллик, шунингдек қайнона-келин муносабатларининг кескинлашиши кабилар ташкил қилмоқда.

Натижада эса, муқаддас оила қўрғонига путур етиб, болалар тирик етимга айланиб қолмоқда. Бундан ташқари, жамиятда янги муаммолар вужудга келиб, болаларнинг таъминоти ва аёлларнинг турар жойсиз сарсон саргардон бўлишига сабаб бўлмоқда.

Маълумки, 2018 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган Меморандум талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига таянган ҳолда, аёлларни мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлари билан яқиндан таништириб бориш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, никоҳдан ажратиш ва эрта никоҳга киришиш ҳолатларини олдини олиш, улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш, биринчи марта жиноят содир қилиш йўлига кириб қолганларга, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик оқибатида жабрланганларга ҳуқуқий кўмак бериш, мулкий муносабатдаги муаммоларни ҳал этиш, уларни тадбиркорлик соҳасида яратилаётган имкониятлардан яқиндан хабардор қилиб бориш каби ишларни ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш вазифалари белгилаб олинган.

Бугунги кунда айнан юқоридаги меморандум асосида мутасаддилар ҳамкорлигида оилаларни яраштириш чораларини кўриш ишлари жадал давом этмоқда. Шунга қарамай, никоҳдан ажрашиш ҳолатларига узил кесил барҳам берилмаётганлиги кишини ташвишга солмоқда.

Шу ўринда биз ҳам никоҳдан ажрашишни олдини олиш борасида ўзимизнинг қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларимизни беришни жоиз деб билдик, жумладан:

  • Жамиятда ишсизликка барҳам бериш;
  • Эрта никоҳга йўл қўймаслик;
  • Никоҳ шартномасини оммалаштириш, чунки никоҳ шартномаси тузиш оила мустаҳкамлигининг гарови ва кафолати сифатида тавсия этилади. Зеро, никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасида ишончсизлик эмас, балки бир-бирига ва оилага нисбатан масъулият ҳиссини уйғотади;
  • Йигит ва қизларни оила қуришга олдиндан тайёрлаш механизмини жорий қилиш;
  • Дабдабабозлик ва ким ўзарликка чек қўйиш;
  • Оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш;
  • Оила қуришда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш яъни оиладаги ҳуқуқий-ахлоқий тарбия борасида мактаб, лицей ва олий таълим муассасаларида алоҳида дарсларни жорий қилиш. Бу орқали оиланинг чинакам муқаддас қўрғон эканлигини ёшлар онгига сингдириш.

Халқимизда «Онасини кўриб, қизини ол», деган мақол бор. Бу пурҳикмат сўзларнинг асл маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг замирида – она тарбияли бўлса, қизи ҳам тарбияли бўлади, деган оддий ҳақиқат, аниқ маъно мужассамдир.

Қайсики оилада ўзаро ҳурмат, ишонч ва садоқат, тартиб-интизом мавжуд бўлса, шу оила фарзандлари тарбияли бўлиши, оила қургач, яхши яшаб кетиши табиий. «Қуш уясида кўрганини қилади», деб бежиз айтилмаган. Шунга кўра, фарзандни оилавий ҳаётга тайёрлашда аввало ота-она шахсий намуна бўлиши жуда муҳимдир.

Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимиз ҳам ҳисобланади.

Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят суди раиси

Давлат Ҳакимов, Фуқаролик ишлари бўйича

Ромитан туманлараро суди судьяси

Меҳнат ҳуқуқининг моҳияти ва вазифалари

Ушбу мақолада меҳнат ҳуқуқининг моҳияти ва вазифалари борасидаги қарашлар, фикр ва мулоҳазалар, шунингдек унга оид қонунлар ўрганилган. 

Бозор иқтисодиёти соҳасидаги муносабатлар ривожланаётган даврда ижтимоий меҳнат муносабатларини эскича, бюрократик усуллар билан тартибга солиш мумкин эмаслиги сабабли ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида янги, тез ўзгариб бораётган шароитларни ўзида акс эттирувчи меҳнат қонун ҳужжатлари юзага кела бошлади ва унда янги тамойиллар, янгича қарашлар ифода этилади.

Меҳнат ҳуқуқи – ҳуқуқ соҳалари орасида етакчи ўрин тутади. Меҳнат ҳуқуқи меҳнат бозори фаолияти натижасида юзага келувчи, ёлланма меҳнатни қўллаш ва ундан фойдаланишни ташкил этиш оқибатида пайдо бўладиган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.

Моддий ва маьнавий бойликлар яратиш жараёнидаги ижтимоий муносабатлар объектив хусусиятга эга ва барча шаклда меҳнат фаолиятига тааллуқли. Бунда биргаликдаги меҳнат фаолияти ижтимоий ишлаб чиқариш жараёнидаги кишилар томонидан ишлаб чиқариш қуроллари ва воситаларига таьсир этишга оид алоқалар сифатида баҳоланиши лозим.  Бундай алоқалар ҳар доим ташкилий тусга эга ва жамоа бўлиб ишлашнинг муайян қоидаларини ўз ичига олади. Меҳнат ҳуқуқи билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар орасида меҳнат муносабатлари, яъни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, бошқарув жараёнидаги меҳнат кооперацияси асосида ташкил қилинган меҳнатга оид ижтимоий муносабатлар етакчи ўринни эгаллайди.

Меҳнат ҳуқуқининг энг муҳим қонунияти вазифаларнинг гармоник уйғунлигидан, уларнинг бирлигидан иборат. Умуман олганда, меҳнат ҳуқуқи иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ғоявий-тарбиявий вазифаларни бажаради. Жумладан:

1)      иқтисодий вазифаси – ишлаб чиқаришга таьсир ўтказиш орқали;

2)      сиёсий вазифаси – ишлаб чиқариш жараёнида ходимларнинг ижтимоий – сиёсий фаоллигининг ошишида;

3)      ижтимоий вазифаси – меҳнат қилиш ҳуқуқининг эркинлигини таъминлашда;

4)      ғоявий-тарбиявий вазифаси – ижтимоий меҳнатнинг такомиллашуви ҳамда ходимларни маънавий-маърифий тарбиялаш кабиларда намоён бўлади.

 Меҳнат қонунчилигининг вазифалари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 2-моддасида назарда тутилган бўлиб, унга мувофиқ: «Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ходимлар, иш берувчилар, давлат манфаатларини эьтиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали амал қилишини, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таьминлайди, меҳнат унумдорлигининг ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда барча аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражаси юксалишига кўмаклашади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, инсон ҳуқуқларини таьминлаш соҳасида халқаро андозалар даражасига эришиш асосий вазифалардан бири қилиб белгилади, зероки тараққиётимиз ва ислоҳотларимизнинг бош мақсади фуқароларимиз учун муносиб турмуш шароитини таъминлашдан иборат.

Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси

Илхом Джураев, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг раиси  

Меҳнат ҳуқуқининг манбалари, меҳнат низолари ва уларни ҳал этилиши

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, инсон ҳуқуқларини таьминлаш соҳасида халқаро андозалар даражасига эришиш асосий вазифалардан бири қилиб белгиланди.

Меҳнат ҳуқуқининг манбаси деганда, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, ходимлар ва иш берувчилар вакиллик органлари тамонидан ўз ваколатлари доирасида ходимларнинг меҳнат шароитларини тартибга солиш, ўзаро меҳнат муносабатларини бошқариш юзасидан қабул қилинадиган ҳуқуқ нормаларининг ифодаланиш шакли назарда тутилади.

Мамлакатимизда меҳнат ҳуқуқи манбалари қонунлар ва қонун асосида қабул қилинган бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат. Қонунлар ўз навбатида Конститутсия ва бошқа амалдаги қонунлардан. Меҳнат ҳуқуқининг бош манбаcи Ўзбекистон Республикасининг Конститутсияси бўлиб, унда ҳар қандай фуқароларнинг барча ижтимоий-иқтисодий ҳамда бошқа ҳуқуқлари, жумладан энг асосий табиий ҳуқуқларидан ҳисобланувчи эркин меҳнат қилиш, дам олиш, меҳнатга яраша иш ҳақи олиш, адолатли ва қулай иш шароитларида меҳнат қилиш, меҳнат ҳуқуқлари амалга оширилишининг кафолатланиши, самарали тарзда ҳимоя қилиниши назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясининг 15-моддасида Конститутсиянинг сўзсиз устивор эканлиги айтилган. Конститутсия олий юридик кучга эга бўлган ҳужжат сифатида меҳнат ҳуқуқи манбалари шакллантирилиши ва ривожлантирилишида ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари бошқа идоравий ҳужжатлар ҳам меҳнат ҳуқуқининг манбаи саналади. Булар орасида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа бошқарав ташкилотлари чиқарадиган меъёрий ҳужжатларнинг салмоғи катта. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан тасдиқланган «Хотин-қизлар меҳнати қўлланилиши таъқиқлаган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати», «Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома», «Ички меҳнат тартибининг намунавий қоидалари» ва бошқалар ҳам шулар жумласидандир.

Меҳнат низолари – иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўлланиш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлардир.

 Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 260-моддасида айтилишича, якка меҳнат низолари:

–      меҳнат низолари комиссиялари;

–      туман (шаҳар) судлари;

–      қонунда махсус кўрсатилган ҳолларда бўйсуниш тартибида юқори турувчи органлар тамонидан;

–      меҳнат шартларини белгилаш, ўзгартиришга оид жамоага доир меҳнат низолари махсус тузиладиган органлар тамонидан кўриб чиқилиши мумкин. 

 Шаҳодатлаш натижаларига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан келиб чиқадиган меҳнат низолари туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқилади.

Қуйидагилар меҳнат низосини кўриш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:

1)    ходим, касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи;

2)    меҳнатнинг ҳуқуқ бўйича инспектори; 

3)    иш берувчи, меҳнат низолари комиссиясининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, шунингдек унга ходим томонидан етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги низолар бўйича;

4)    прокурор;

Бевосита туман (шаҳар) судларида кўрилиши лозим бўлган меҳнат низолари: 

1)    агар ходимнинг иш жойида меҳнат низолари комиссияси тузилмаган бўлса;

2)    улар меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан қатьи назар, ишга тиклаш тўғрисида, меҳнат шартномасини бекор қилиш вақти ва асослари таьрифини ўзгартириш тўғрисида, мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган ишни бажарган вақт учун ҳақ тўлашга доир бўлса;

3)    улар ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг тўланиши ҳақида бўлса;

4)    улар меҳнат вазифаларини бажараётганда ходимнинг соғлиғига шикаст етказилгани оқибатидаги зарарни (шу жумладан маьнавий зарарни) ёки унинг мол-мулкига етказилган зарарни иш берувчи томонидан тўланиши ҳақида бўлса;

5)    улар Меҳнат Кодекси 78-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ишга қабул қилиш рад этилганлиги ҳақида бўлса;

улар иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан олдиндан келишиб ҳал этилган масалалар юзасидан келиб чиққан бўлса.

Бундан ташқари 78-модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган меҳнат низоларидан бошқа низолар ҳам ходимнинг хоҳишига кўра бевосита туман (шаҳар) судларида кўрилади. Меҳнат низоси меҳнат низолари комиссиясида кўрилмаган деган важ билан ходимнинг аризасини кўриб чиқишни рад этишга йўл қўйилмаслиги қонунчиликда келтириб ўтилган. 

Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, мамлакатимизда меҳнат қилаётган шахсларга катта эьтибор қаратилмоқда. Бунинг исботини санаб ўтилган қонун, қонуности ҳужжатлари ва бугунги давлат сиёсатидан ҳам англаш қийн эмас. Илмий техника револютсияси юз бераётган пайтда ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муносабатларнинг глобаллашув жараёни кузатилмоқда. Бундай шароитда жаҳоннинг бир бурчагида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар дунёнинг бошқа бурчагида яшовчи халқлар ва давлатлар ҳаёти ва сиёсатига ҳам таьсир қиляпти. Ушбу омиллар юз бераётган жараёнларни мувофиқлаштирилишини, давлатлар ва халқлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилишини тақозо этмоқда. Манашу омилларни ҳисобга олиб биз нисбатан қонунчилиги ривожланган Европа ва Америка давлатларининг тегишли ҳуқуқий ҳужжатларини миллий қонунчилигимиздан келиб чиқиб ўзлаштиришимиз ва уларни ўзимизга мослаштира бошладик. Ҳозирги кунда меҳнатни ҳуқуқий тартибга солиш борасидаги халқаро андозалар, агар улар Ўзбекистон томонидан тан олинган бўлса, бевосита қўлланилиши, уларнинг қоидалари Ўзбекистон қонунлари таркибига киритилиши, улар асосида қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиш орқали Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқининг ривожланишига таъсирини ўтказмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 10-моддасида: «Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ёки Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификатсия қилинган конвенсиясида ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ёки бошқа норматив ҳужжатларга нисбатан имтиёзлироқ қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки конвенсиянинг қоидалари қўлланилади. Бундай ижобий ҳаракатлар қонунчилигимизнинг мукаммаллашувига ва меҳнат қилувчиларнинг ҳуқуқларини янада яхшироқ та’минланишига олиб келади. Бу фуқароларнинг яшаш даражаси ошиши ва давлатнинг нисбатан муқобил иқтисодиётга ва сиёсий барқарорликка эришиши учун жуда муҳим. 

Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси

Файзулло Кадиров, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл

туманлараро судининг судьяси

Меросга оид низоларнинг судларда кўрилишининг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Фуқаролик ҳуқуқининг тизимларидан бири бўлган ворислик ҳуқуқи- вафот этган шахснинг мерос бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ворисларига ўтиш тартибини белгиловчи ҳуқуқий меъёрлар мажмуаси ҳисобланади. Ворислик икки йўл билан амалга оширилади: васиятномага асосан ворислик ва қонунга асосан ворислик.

Васиятномага асосан ворислик – Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.

Қонун бўйича ворислик- васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса амалга оширилади.

Мерос таркибига қуйидагилар киради:

Ашёлар, шу жумладан, пул ва қимматли қоғозлар; мулкий ҳуқуқлар (шу жумладан, мерос қолдирувчи томонидан тузилган шартномалар (агар қонунда ёки шартномада бошқача белгиланган бўлмаса) интеллектуал мулк объектларига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан бўлган мутлақ ҳуқуқлар, мерос қолдирувчи олиши белгиланган, лекин у томондан олинмаган пул маблағлари); Мулкий мажбуриятлар, шу жумладан қарзлар (меросхўрларга қолдирилаётган мерос қиймати доирасида).

Мерос таркибига қуйидагилар кирмайди:

юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;

ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;

алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;

меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;

мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар.

Меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини (улушини) олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик меросдан воз кечмаса, ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса ва уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васият фармойиши ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида мерос олиш ҳуқуқини йўқотмаса, мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.

Қонунчилигимизда мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланиши, агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.

Меросхўрлар мерос гувоҳномаси олиш юзасидан мерос очилган жойдаги нотариусга мурожаат қилади, меросни ўзаро тақсимлаш юзасидан келишувга эриша олмаган ҳолларда тақсимот улардан исталган бирининг талаби бўйича суд тартибида амалга оширилади.

Фуқаролик судларида ушбу тоифадаги низоларни кўришда асосан фуқаролар томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мулкларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳолларда ҳам ушбу мулкларни мерос мулки таркибига киритиб бўлиб бериш, улуш ажратиш каби  талаблар билан  мурожаат қилинганлигини гувоҳи бўлинмоқда. Бу ўз навбатида улранинг мазкур мулк талаби бўйича даъволари рад этилишига ва фуқароларнинг оворагарчилигига ҳамда давлат божи харажатларини тўлаб кейинчалик мазкур ҳолатда давлат божи фуқароларга қайтарилмаслиги натижасида норозичиларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу сабабли юқорида келтирилган қонун нормалари ва талабларидан келиб чиқиб хулоса қилинганда ҳар бир фуқаро, яъни мулкдор ўз мулкига нисбатан ҳуқуқ туғдирувчи ҳужжатларни ўз вақтида тўғри расмийлаштиришга алоҳида эътибор бериши, яъни давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мулкларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказиб мулкга нисбатан ҳуқуқни шакллантириш ҳамда меросхўрлари ўртасида низоларни олдини олиш ва ушбу қариндошлар ўртасида турли хил келишмовчиликларни олдини олиш мақсадида мулкнинг эгасини ва тақдирини белгилаши мақсадга мувофиқ бўлади.

Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси 

Рустам Кенджаев, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл

туманлараро судининг судьяси

МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ҚОНУНЧИЛИКДАГИ АСОСЛАРИ

Меҳнат қонунчилигида ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилиши белгилаб қўйилган. Бироқ, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади. Лекин, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади. Бу каби ишлар рўйхати ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари маслаҳатини олган ҳолда белгилайди.

Демак, ишга қабул қилишга йўл қўйиладиган ёшга етган шахс, ходим сифатида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича иш берувчи билан меҳнат тўғрисидаги қонунларга риоя қилган ҳолда меҳнат шартномаси тузиши мумкин.

Меҳнат шартномасининг ҳуқуқий белгилари қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, бу шартнома ишга жойлашиш ниятида келган ходим ва корхона, ташкилотларда ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар ўртасида икки нусхада, ёзма шаклда тузилади ва ҳар иккала томон томонидан имзоланади. Мансабдор шахснинг имзоси имзонинг ҳақиқий ва ваколатли эканлини таъкидлаш учун корхона муҳри билан тасдиқланади.

Иккинчидан, меҳнат шартномасида ходим корхонага қайси вазифага, қандай лавозимга қабул қилинаётгани, иш жойи, вақти, меҳнат ҳақи миқдори, шартноманинг муддати, тарафларнинг мажбуриятлари ва бошқа шартлар кўрсатилиши лозим.

Учинчидан, меҳнат шартномаси у имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради. Агар шартномада ишнинг бошланиш куни ҳақида шартлашилмаган бўлса, ходим меҳнат шартномаси имзоланган иш кунининг эртасидан кечикмай ишга тушиши керак.

Меҳнат шартномасида муддатлар

Меҳнат муносабатларининг субъектлари ҳисобланган ходим ва иш берувчи ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси қуйидаги муддатларга тузилиши мумкин:

Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади. Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас.

Шу ўринда барчани қизиқтирган савол туғилиши мумкин.

Ишга қабул қилиш вақтида қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига биноан, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

  • Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;

Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Агар ишга кираётган шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати ҳақиқий бўлмаса, уни ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин.

Ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади. Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади. Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.

Ходимнинг меҳнатга оид муносабатлари камситилганда, иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахслар ишга қабул қилинмаганда, меҳнат шартномаси тузиш шарт бўлган шахсларни, жумладан минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни, ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги важ қилиниб ишга қабул қилинмаганда, ходим ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилгани устидан судга шикоят тартибида мурожаат қилиши мумкин.

Меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин:

1) тарафларнинг келишувига кўра.

2) тарафлардан бирининг ташаббуси билан;

3) муддатнинг тугаши билан;

4) тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;

5) меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра. Меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида бу шартнома иш берувчи томонидан корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилганда, шунингдек қонунда йўл қўйиладиган бошқа ҳолларда ҳам назарда тутилиши мумкин.

6) янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.

Меҳнат соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари амалга оширади. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилиш – шунга махсус вакил қилинган давлат органлари, уларнинг инспекциялари ҳамда касаба уюшмалари томонидан амалга оширади. Меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назорат олиб бориш эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда меҳнатни муҳофаза қилиш давлат сиёсатига асосланган бўлиб, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланган. Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.

Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят суди раиси

Мақсад Матякубов, Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешкў туманлараро суди судьяси

ЭР-ХОТИННИНГ УМУМИЙ МУЛКИ

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Амалдаги Оила кодекси билан эр-хотинларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солиниши билан биргаликда, уларнинг мулк ҳуқуқлари ҳам тартибга солинади. Аммо тарафларнинг қонуний никоҳдан ўтмасдан, фақатгина биргаликда яшаганлиги, уларнинг бирга яшаган даврида сотиб олинган мулкнинг умумий мулк деб ҳисобланиши учун асос бўла олмайди.

Жумладан,  С.С. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, марҳум М.М.га тегишли бўлган Когон шаҳрида жойлашган уй-жой, ҳамда “NEXIA SONS” русумли автомашинани умумий мулк деб топишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар 1997 йилдан                            2020 йилгача шаръий никоҳ асосида бир оила бўлиб яшаб келишган, қонуний никоҳдан ўтишмаган, турмушларидан фарзандлари йўқ. М.М.                  2020 йилда вафот этган.

2021 йил 21 декабрда Когон шаҳар нотариал идораси томонидан марҳум М.М.га тегишли бўлган низоли уй-жой ва “NEXIA SONS” русумли автомашинага марҳумнинг фарзандларига меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар расмийлаштириб берилган.

Гарчи даъвогар судлрада берган кўрсатмаларида низоли уй-жойни турмушлари давомида бирга таъмирлшанлигини, низоли автомашинани ҳам турмушлари давомида сотиб олганликлари ҳақида важ келтирган бўлсада, ушбу важларини тасдиқловчи мақбул далилларни судларда тақдим қила олмаган ва ишда даъвогарнинг важларини тасдиқловчи иш учун исботлаш воситаси бўладиган далиллар мавжуд эмас

Шу сабабли судлар даъвогарнинг даъво талабини муҳокама қилиб, даъвогар ва марҳум қонуний никоҳдан ўтмаган ҳолда яшаганликларини, С.С. ва марҳум М.М. ўртасида умумий мулкни ташкил этиш бўйича ёзма келишув мавжуд эмаслигини, даъвогар томонидан низоли мулклар уларнинг умумий маблағлари ҳисобига шакллантирилганлигини исботловчи далиллар тақдим қилинмаганлигини инобатга олиб, даъвони рад қилиш ҳақида хулосага келишган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, аёл ва эркакнинг қонуний никоҳдан ўтмасдан биргаликда яшаши, улар ўртасида умумий мулкни ташкил этиш бўйича ёзма келишув бўлмаган ҳолларда, турмушлари давомида сотиб олинган мол-мулклар умумий мулк ҳисобланмайди ва фақатгина кимнинг номига расмийлаштирилган ҳолатда ўша шахснинг шахсий мулки бўлиб ҳисобланади. Зеро, амалдаги Оила кодексининг                          13-моддасигна кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят суди раиси

Ўткир Разиков, Фуқаролик ишлари бўйича

Пешкў туманлараро суди раиси

Skip to content