Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигининг Конституциявий ҳуқуқий асоси

Тарихдан маълумки, асрлар давомида шаклланиб, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликлари, ижтимоий-сиёсий тенгилиги учун курашиб келган. Ушбу курашнинг меваси ўлароқ кўпгина давлатларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асоси бўлмиш Конституция қабул қилинган.

Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим ҳуқуқи, умуман олганда барча ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини, шу жумладан, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларининг тимсоли сифатида, инсонни олий қадрият даражасига кўтарди.

Янги Ўзбекистон Конституциясида шу ҳуқуқ ва эркинликларнинг асосийларидан бири сифатида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқи белгиланганлигини кўришимиз мумкин.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.

Конституциянинг 44-моддасига асосан, суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1482-моддасига асосан, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши,

Худди шундай ҳаракат вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши,

Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсоннинг меҳнат қилиш, муносиб меҳнат шароитида ишлаш ҳуқуқи ҳамда мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланаётганлиги ҳамда кучли демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қурилаётганлигидан далолат беради.

Когон туманлараро

иқтисодий суди раиси                                                           Ф.Муродов