ОҒУФУРУШЛАРГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

2023 йил 24 январь куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди биносида, очиқ суд мажлисида судланувчи Ф.Очилов, С.Бобомуротов, У.Абдуллаев ва С.Рауповга нисбатан ҳукм ўқилди.
Иш ҳолатларига кўра, Ф.Очилов муқаддам содир этган фирибгарлик жинояти учун судланиб, суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ даврида, кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилиш жиноятини содир этган.
Чунончи, 2022 йил 09 август кеч соат 22.20да Бобомуротов Сайфиддин Болтаевич билан бир гуруҳ бўлиб, Пешку тумани, “Янгибозор” МФЙ, Ибн-Сино кўчасида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор-Н.Н.Бахроновага тегишли ошхона олдида назорат тариқасида гиёҳвандлик моддасини сотиб олиш учун юборилган фуқаро Усмонова Юлдуз Акбаржон қизига уч дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига алоҳида-алоҳида қадоқланиб солинган соф вазни 14,41 (ўн тўрт бутун юздан қирқ бир) граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш мақсадида Ю.Усмоновадан 1.500.000 сўм нақд пул олиб, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган.
С.Бобомуротов кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилиш жиноятини иштирокчиликда содир этган.
Чунончи, 2022 йил 09 август кеч соат 22.20да Очилов Фазлиддин Нажмиддинович билан бир гуруҳ бўлиб, Пешку тумани, “Янгибозор” МФЙ, Ибн-Сино кўчасида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор-Н.Н.Бахроновага тегишли ошхона олдида назорат тариқасида гиёҳвандлик моддасини сотиб олиш учун юборилган фуқаро Усмонова Юлдуз Акбаржон қизига уч дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига алоҳида-алоҳида қадоқланиб солинган соф вазни 14,41 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш мақсадида Ю.Усмоновадан 1.500.000 сўм нақд пул олиб, иштирокчиликда гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган.
У.Абдуллаев кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини қуйидаги ҳолатда содир этган.
Чунончи, у қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, 2022 йил 09 август куни соат 19:00да таниши Очилов Фазлиддин Нажмиддиновичга Пешку туман “Мустақиллик” МФЙдан ўтувчи йўл бўйида уч дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига алоҳида-алоҳида қадоқланиб солинган соф вазни 14,41 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 900.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотган.
С.Раупов кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини қуйидаги ҳолатда содир этган.
Чунончи, у қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, 2022 йил 09 август куни соат 17.00да Пешку тумани, “Навбаҳор” МФЙ, Сарой қишлоғидаги қурилиши тугалланмаган уйида таниши Абдуллаев Улуғбек Ахтамовичга уч дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига алоҳида-алоҳида қадоқланиб солинган соф вазни 14,41 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 740.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотган.
Суд мажлисида судланувчилар Ф.Очилов, С.Бобомуротов, У.Абдуллаев ва С.Раупов томонидан содир қилинган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорларнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ, яъни судланувчи Очилов Фазлиддин Нажмиддиновичга Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,273-моддасининг 5-қисми билан ЖКнинг 57, 60,61-моддаларига асосан 7 йил 3 ой, судланувчи Бобомуротов Сайфиддин Болтаевичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 28,25,273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўллаб 4 йил, судланувчи Абдуллаев Улуғбек Ахтамовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг
57-моддаси қўллаб 6 йил, судланувчи Раупов Сайлиддин Салимовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўллаб, 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ашёвий далил деб топилган 14,22 гр. “марихуана” гиёҳвандлик воситаси, бир дона баклажка ва дори воситалари йўқ қилиниши белгиланган.

Лукмон Кадиров,
Бухоро вилоят суди раиси

Фаррух Икрамов,
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман суди раиси

Фуқаролар орасида қарз муносабатларининг тўғри расмийлаштирилишининг бугунги кундаги аҳамияти

Бугунги бозор муносабатлари, хусусий мулкдорларнинг ривожланишига кенг имконият яратилаётган, тадбиркорлик, кичик бизнес ва ишбилармонликка кенг имкониятлар берилаётган бир шароитида, фуқароларимиз ўртасида қарз муносабатлари кенг тарқалмоқда.

         Бирор бир тадбиркорлик ғоясини, иннавацион ғояни, бизнес дастурини бир сўз билан айтганда фойда олиш мақсадида фуқаро ўз маблағи етарли бўлмаганида фуқаролардан ёки юридик шахслардан қарз олишга тўғри келади.

         Фуқароларимиз бугунги кунда судларга қилаётган аксарият мурожаатларида қарз муносабатлари натижасида бузилган мулкий ҳуқуқларини тиклашни сўрашмоқда.

Суд амалиёти таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, бу тоифа низолари йилдан йилга ошиб бораётганлиги ва бу ўринда қарз муносабатларида низоларни олдини олиш бўйича профилактик чораларга алоҳида эътибор қаратишни тақозо қилмоқда.

         Қадимдан буён шариат ва аҳоли орасидаги кенг тарқалган ишбилармонлик одатларига кўра, бировнинг омонатини қайтармаслик гуноҳ саналиб келган.

         Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларимиз ўртасида қарз муносабатларининг тўғри расмийлаштирилмаслиги, қонун талабларига риоя қилмаслик кейинчалик фуқароларимизнинг ўз қўллари билан берган маблағларини судма-суд, идорама-идора сарсон-саргардон бўлиб қайтаришларига, айрим ҳолларда берган маблағларини қайтара олмаётганликларига олиб келмоқда. Бу ўринда халқимизда азалдан шаклланиб келган таниш-билишчилик, маҳаллачилик, андишалик, қариндошчилик, ўзаро ишонч каби хислатлар айрим ноинсоф қарздорларнинг қарзларини ўз вақтида қайтармасдан низоли ҳолатларни келтириб чиқаришларига имкон яратмоқда.

         Шу ва бошқа шу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида қарз муносабатлари ва унинг қонунчилигимизда расмийлаштириш тартиби ва ҳуқуқий томонларини ёритишга қарор қилдик. Зеро, халқимизнинг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини оширишимиз келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган айрим ҳуқуқий низоларни олдини олса ўз мақсадимизга эришган бўламиз.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Қарз шартномаси фақат пул суммаси ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб кучга кирадиган ва шу пайтдан тегишли мажбуриятлар келиб чиқадиган анъанавий реал шартнома ҳисобланади. Бу қоидага биноан қарз берувчини қарз беришга мажбур қилиш мумкин эмас, чунки қарзни беришга ваъда беришлик ҳуқуқий кучга эга бўлмайди.

Бунга хорижий валюта ва валюта қимматликларидаги қарз битими энг ёрқин мисол бўла олади. Улар қонунда кўзда тутилган тартиб ва ҳолатлардагина амалга оширилиши мумкин.

Шунинг билан бирга қонун олинган қарзни қатьий белгиланган мақсадда фойдаланишнинг аниқ шартларини ўрнатувчи аниқ мақсадли қарз шартномаси тузишга йўл беради (ФК 739-м.). Бу ҳолатда шартномада олинган мулкнинг аниқ мақсадли фойдаланиши устидан қарз берувчи томонидан назорат олиб бориш чоралари белгиланиши мумкин,   назорат қилишга тўсқинлик қилиш (ёхуд қарзнинг аниқ мақсадли шарти бузилган бўлса) қарз берувчида қарз суммасини тегишли бўлган фоизлари билан муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқи келиб чиқади.

Қарз шартномасининг тарафлари ҳар қандай шахс, шу жумладан фуқаролар ва нотижорат ташкилотлари бўлиши мумкин. Аммо бу ўринда гап фоизли бўлса-да, айнан қарз шартномаси ҳақида бормоқда,  лекин кредит битимлари тўғрисида эмас. Мулкдор томонидан молиялаштириладиган ташкилотлар қарз берувчи вазифасида бўлолмайди. Чунки уларнинг оператив бошқарув ҳуқуқи мазмунига мулкдорнинг мулкини тасарруф этиш имконияти кирмайди. Одатда давлат органлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари бундай ташкилотлар (агар фақат қонун тўғридан тўғри  уларга  тегишли оммовий-ҳуқуқий тузилма номидан мулкий муомалада иштирок  этишга рухсат этмаган бўлса) бўлиши мумкин эмас.

Бугунги кунда фуқароларимиз асосан қарз шартномаси тузганларида ёзма равишда тузмасликлари оқибатида бузилган ҳуқуқларини судда ҳимоя қилишга қийинчиликларга дучор бўлмоқдалар.

Қонун талабига асосан қарз шартномаси ёзма равишда тузилиб нотариал равишда тасдиқланган тақдирда тузилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Қарз шартномасини бу тартибда тузилиши, нотариус томонидан фуқароларнинг муомала лаёқатининг текширилиши, фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш, шартномада имзо юзасидан, пул ва ашёни аслида берилган берилмаганлигини аниқлашда, шартномани тазйиқ ва бошқа мажбурлаш оқибатида тузилганлигини аниқлаш ва исботлаш, шунингдек бошқа мақсадларни яшириш мақсадида тузилгинлигини аниқлашда катта аҳамиятга эга.

Фўқаролик кодексининг 733-моддасига кўра, қарз шартномасининг оддий ёзма шаклини тузишда қуйидагилар талаб қилинади:биринчидан, бу шартнома фуқаролар орасида тузилиб, унинг миқдори энг кам иш ҳақи миқдорини ўн баробаридан кўп бўлса; иккинчидан, агарда қарз берувчи юридик шахс бўлса, у ҳолда қарз суммасидан қатъий назар шартнома ёзма тузилади. Шу билан бир вақтда, фуқаролар орасидаги маиший қарз, агар қарз суммаси энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан кам бўлса, шартнома оғзаки тузилиши ҳам мумкин.

Қарз шартномаси тузилганлигининг ёзма далили сифатида қуйидагилар тақдим қилиниши мумкин: қарз олувчининг тилхати; облигациялар; счет-фактуралар; бухгалтерия учун томонлар тузган бошланғич ҳисобга олиш ҳужжатлари; қарз берилганлигини тасдиқловчи, қарздорнинг қарзни қайтариш муддатини чўзиш ҳақидаги ёзма илтимосномаси; телеграмма, телефакслар, барча иш қоғозлари ва битим тузилганлигини ёзма равишда тасдиқловчи барча нарсалар.

Қарз бериш шартномаси бир томонлама мажбурият бўлсада, ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқарувчи бундай шартнома бир юридик мақсадга эришишга қаратилган икки томонлама битим ҳисобланиб, унинг шартларини муҳокама қилишда иккала томон ҳам иштирок этади.

Тилхат, қарз ҳақида келишувдан фарқли равишда, бир томоннинггина ҳоҳиш иродасини ифода этади. Тилхат икки томоннинг ҳоҳиш-иродасини рад этмаган ҳолда, кўпчилик ҳолларда ҳуқуқий муносабатларнинг келиб чиқиш асосини аниқлашга имкон бермайди. Масалан, бирор-бир миқдордаги пулни олганлик ҳақидаги тилхат томонлар ўртасидаги мулкий муносабатларда турли хил ҳуқуқий муносабатларни юзага келтириши мумкин. Тилхат ёрдамида олди-сотди шартномасига кўра олдиндан ёки пудрат шартномаси асосида аванс ўтказилганлигини ёки қарз шартномаси асосида қарз суммасини тасдиқлаш мумкин. Шунинг учун тилхатни баҳолашда, биринчи навбатда томонларнинг ҳоҳиш иродаси қандай ҳуқуқий муносабатларга қаратилганлигини аниқлаш зарур. Қарз шартномаси томонлар орасида юзага келган шартнома ҳуқуқий муносабатларни турини аниқ кўрсатиб беради.

Бундан келиб чиқадики, қарз шартномаси ва қарз олувчининг тилхати айнан бир хил тушунчалар эмас. Қарз шартномаси бу – томонларнинг қарз ҳуқуқий муносабатларнинг келиб чиқишига қаратилган келишуви. Қарз олувчининг тилхати ва бошқа ҳужжатлар унга маълум бир суммани ёки буюмларни берилишини тасдиқлайди ва оғзаки тузилган шартноманинг ёзма далили бўлиб хизмат қилади. Ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиёти ҳам тилхатга оғзаки тузилган шартноманинг ёзма далили деб қарайди. Бу ҳужжатларнинг мазмунига ва расмийлаштирилишига, агарда улар судга ҳавола қилинган тақдирда, суд мажлисида алоҳида эътибор билан қаралади. Чунки айнан шулардангина томонлар ўртасида қарз бўйича ҳуқуқий муносабатлар ўрнатилганлиги келиб чиқади.

Шу ўринда фуқароларимизга шуни айтиш жоизки фоиз ҳисобига берилган қарзни ундиришда, олинган фоизлар жисмоний шахснинг даромади ҳисобланиб солиқ қонунчилигига асосан тегишли ставкалардан даромад солиғи тўлаш учун асос бўлади.

Бандан ташқари, Ўзбекистон Республикасида пул муомаласи миллий валюта сўмда амалга оширилиши белгиланган бўлиб, фуқаро томонидан чет эл валютасида берилган қарз суммаси суд томонидан чет эл валютасининг ундирув кунидаги расмий курси билан ундирилади.

Қарз мажбурияти субъектлари ўз мажбуриятларини шартномада кўрсатилган тартиб ва муддатда  бажаришлари шарт. Агарда қарз шартномасида қарзни қайтариш тартиби ва муддатлари кўрсатилмаган бўлса, бундай ҳолда қарздор ўз қарзини қарздор талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун муддат ичида қайтаришга мажбур.

Қарз берувчи қарз суммасини ўз вақтида қайтармаса, у ҳолда, ФК 736-моддасига мувофиқ  ФКнинг 327-моддасида кўрсатилган тартиб ва миқдорда қарздор шу сумманинг қайтарилиши керак бўлган кундан, қайтарилган кунгача ҳисобланадиган фоизларни, кодекснинг 734-м. биринчи қисмида кўзда тутилган фоизлардан қатъи назар тўлайди.

Фуқароларимизнинг қарз муносабатлари натижасида бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида жавобгар, яъни қарздор яшаб келаётган жойдаги фуқаролик судларига ёзма равишда (ёки интернетдаги MY.SUD.UZ миллий электрон суд хизматлари дастури орқали) даъво аризаси билан, қарз берганлигини тасдиқловчи ёзма шартнома, тилхат ёки қарзини тан олганлигини тасдиқловчи ишончга сазовор далилларни илова қилган ҳолда талаб қилинаётган қарз суммасининг   4 фоизи миқдорида давлат божи ва энг кам иш ҳақининг 7 фоизи (21.000 сўм) миқдорида почта харажатларини тўлаб мурожаат этишлари мумкин.

Шу ўринда фуқароларимизга шуни эслатишни жоиз деб биламизки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддасига кўра, фуқаролик процессида ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаш мажбурияти тарафларда бўлганлиги сабабли судга мурожаат қилишда албатта ишончга сазовор далиллар ва далилларнинг асл нусхаларини (тилхат ёки шартноманинг асл нусхаси) тақдим этган ҳолда мурожаат қилсалар мақсадга мувоф бўлади.

Фирузжон Ёдгоров,

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди раиси

Алишер Бахромов,

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси

ҲОКИМИЯТ ВАКИЛИГА ҚАРШИЛИК КЎРСАТИШ ОҚИБАТЛАРИ

2023 йил 10 март куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди биносида, очиқ суд мажлисида судланувчи И.Қодиров, О.Муртазоев, Д.Латипов ва Ғ.Тиллоевларга нисбатан ҳукм ўқилди.
Иш ҳолатларига кўра, И.Қодиров, О.Муртазоев, И.Қодиров ва Ғ.Тиллоевлар қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, бир гуруҳ бўлиб, 2023 йил 06 январь куни 16:00да Пешку тумани “Навбаҳор” МФЙ, “Навбаҳор” қишлоғида яшовчи О.Рамазонованинг хабарномасига асосан воқеа жойига етиб келган Пешку туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспектори Исматов Давлат Искандарович ва Ганжиев Аваз Бахриддиновичларнинг ўз хизмат вазифасини олиб бораётган вақтида уларнинг қонуний талабини бажармасдан Д.Исматовнинг танасининг турли қисмларига бир неча маротоба, А.Ганжиевнинг юз қисмига қўли билан уриб, эгнида бўлган хизмат кийимини қасддан йиртиб, Д.Исматовнинг ҳодиса жойига хизмат бўйича шерикларини чақирмаслиги учун унинг “SAMSUNG” А-20 русумли телефон аппаратини қасддан синдириб, унинг давлат рақами 80F163FA бўлган “NIVA” русумли автомашинасининг электро кабелларини узиб ташлаб, унинг хизмат вазифасини бажаришга фаол қаршилик кўрсатганлар.
Суд мажлисида судланувчилар И.Қодиров, О.Муртазоев, И.Қодиров ва Ғ.Тиллоевлар томонидан содир қилинган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киришлигини, уларнинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганликларини, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини ва уларга нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўраб қилган мурожаатини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, унинг қилмишини жазога сазовор ва уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин деган тўхтамга келиниб, Жиноят Кодексининг демократизм, одиллик ва инсонпарварлик принципларидан келиб чиқиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 219-моддасининг 2-қисми билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Завқий Қурбонов,
Бухоро вилоят суди судьяси

Фаррух Икрамов,
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман суди раиси

Меросга оид фуқаролик ишларини тааллуқлилик, судловлилик масалалари ва ишни судда кўришга тайёрлаш ҳамда кўриш тартиби

Меросга оид масалаларни ўзида қамраб олган фуқаролик ишлари ўз хусусиятига кўра мураккаб ишлар туркумига киради. Суд (судъя) ишни кўриш вақтида аввало мазкур ишни судга тааллуқлилик масаласини ҳал этиши керак. Устоз, процессуалист олим Ш.Ш. Шорахметов ўз китобларида “судловга таалллуқлилик деганда, фуқаролик ишларини кўриш ва ҳал қилиш вазифаси қонун билан муйян давлат органи ёки жамоат ташкилоти зиммасига юклатилганлиги тушунилади , деб таъкидласа, процессуалист олимлардан М.М.Мамасиддиқов фикрича “тааллуқлилик шахсларнинг судга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқларини юзага келтирадиган юридик шартлардан бири эканлиги унинг фуқаролик процессуал ҳуқуқнинг асосий институтларидан бири ҳисобланишини кўрсатади ва ўз китобида тааллуқлиликни кенг маънода ва тор маънода изоҳлайди.”
Таъкидлаш жоизки, мерос ҳуқуқига оид низоли муносабатлар фуқаролик судларида мазмунан кўриб ҳал этилмоқда. Мазкур ҳолат амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида ўз ифодасини топган бўлиб, қуйидаги ишлар фуқаролик судларига тааллуқли:
1) тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлган низоларга доир ишлар, қонунда бундай низоларни ҳал қилиш хўжалик суди ёки бошқа органларга топширилган ҳоллар бундан мустасно;
2) Кодексда санаб ўтилган алоҳида тартибда кўриладиган ишлар;
3) қонун билан судларнинг ваколатига берилган бошқа ишлар
Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий адабиётларда “судловга тааллуқлилик”, “судловга тегишлилик”, “судлолвлилик” тушунчалари айни бир маънода қўлланилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексида “судловга тааллуқлилик” тушунчаси қўлланилган. Ваҳоланки, судловга тааллуқлилик ва судловлилик тушунчалари бир-биридан фарқ қилиб, уларни бир-биридан фарқлаш лозим бўлади. Фикримизча, тааллуқлилик деганда, ҳал этилиши лозим бўлган низоли ҳуқуқий муносабатни бевосита фуқаролик судига тааллуқлилиги тушунилади. Ҳал этилиши лозим бўлган низоли ҳуқуқий муносабат, судга тааллуқлилиги аниқлаб олингач, мазкур низоли муносабатни суд бўғимига кирган қайси судда ҳал этилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли судга тааллуқлилик яъни, судларнинг ваколатига берилган ишларни қайси суд кўриб ҳал этишини аниқлаб олиш лозим бўлади.
“судлов деб, судларга тааллуқли бўлган ҳамма ишларнинг суд тизими бўғинлари ўртасида тақсимланишига айтилади. Ишнинг судловлигини белгилаш мазкур ишни айнан қайси суд кўришга ва ҳал этишга ваколатли эканлигини белгилаш демакдир” деб таъкидлаган эди. М.М.Мамасиддиқов “фуқаролик ишларининг судловлилиги деганда, судларга тааллуқли бўлган ишларнинг турлари ҳамда жойлашган ҳудудига қараб бир тизимдаги суд бўғинлари ўртасида тақсимланишини белгилаб берувчи фуқаролик процессуал ҳуқуқи нормалари мажмуига айтилади” деб эътироф этади.
Судловга тааллуқлилик масаласи Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.
Меросга оид низолар бўйича фуқаролик ишлари кўрилаётганда судлар томонидан судловга тааллуқлиликда ушбу қонун талаби ҳам инобатга олинади. Бироқ, мерос қолган мулк кўчмас мулк бўлса-ю, марҳумнинг охирги яшаб турган жойи кўчмас мулк жойлашган жой эмас, балки бошқа жой бўладиган бўлса, ишни кўраётган суд ушбу ҳолатда амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодекси талабидан келиб чиқиб, судловга таалллуқлилик масаласини ҳал этади. Қонунда судловга тааллуқлиликнинг алоҳида ҳоллари кўрсатилган бўлиб, бунга кўра, мерос қолдирувчининг кредиторлари мерос ворислар томонидан қабул қилингунига қадар тақдим этган даъволар мерос мол-мулк ёки унинг асосий қисми жойлашган ҳудуддаги суднинг судловига тегишлидир.
Ишни судда кўришга тайёрлаш босқичи судлар томонидан одил судловни амалга оширишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Меросга оид фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш суд(судъя)дан етарлича вақт талаб қилади. Сабаби ишни кўришга тайёрлашда йўл қўйилган камчиликларни ҳамма вақт ҳам ишни мазмунан судда кўриш жараёнида тўлдириб бўлмайди ва оқибатда иш бўйича тўлиқ текширилмаган ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарори чиқаришга олиб келади. Натижада бундай ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида бекор қилиниб, бартараф этилмаган ушбу ҳолатлар келгусида сансоларликни келтириб чиқариши мумкин.
Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш ариза қабул қилинган кундан бошлаб ўн кунлик муддатдан кечиктирмай амалга оширилиши лозим. Бу муддат алоҳида ҳолларда ўта мураккаб ишлар буйича судъянинг асослантрилган ажримига биноан кечиктирилиб, йигирма кунга етказилиши мумкин. Қолган фуқаролик ишлари судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўрилиши лозим. Мерос ҳуқуқига оид низоли муносабатлар судларда кўпинча даъво ишлари тартибида кўрилади.

Меросга оид фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш жараёнида судъя мерос очилган вақт, мерос очилган жой, мерос таркиби, меросхўрлар доираси, марҳумнинг қарамоғида бўлган шахслар, васият бўйича мерос очилган бўлса мерос очилган кунда васиятнома кучда эканлиги, бекор қилинмаганлигини, васиятноманинг мазмунидан қатъий наза мажбурий улуш олувчи шахслар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини, меросдан имтиёзли олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини аниқлаши лозим. Шунингдек,
а)тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни кўришда қўлланиши лозим бўлган қонунни аниқлаши;
б) тарафларнинг талаб ва эътирозларини асословчи фактларни, шунингдек низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни аниқлаши;
в) ишни ҳал этиш учун зарур бўлган далиллар доирасини аниқлаш ва уларни ўз вақтида суд мажлисига тақдим этишни таъминлаши;
г) ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркиби масаласини ҳал этиши лозим.
Агар аризачи томонидан битта аризада ёки суд томонидан битта иш юритувда бир қанча талаблар бирлаштирилган ҳамда судда кўришга тайёрлаш ва кўриш юзасидан баъзилари бўйича умумий, баъзилари бўйича эса, қисқартирилган муддатлар белгиланган бўлса, фуқаролик иши судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирилмай кўрилиши лозим. Ишни кўришга тайёрлаш жараёнида судъя даъво аризани ҳаракатсиз қолдириши ҳам мумкин.
Судья фақат қонунда назарда тутилган асослар бўйича аризани қабул қилишни рад этишга ҳақли.
Меросга оид фуқаролик иши судлар томонидан икки ҳил ҳолатда мазмунан кўриб чиқилади.
Биринчидан, агарда меросхўрлар қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олган бўлса-ю, кейинчалик улар ўртасида мерос мулкини тақсимлаш ва фойдаланишда низо келиб чиққан ҳолларда мазкур низоли муносабат судлар томонидан даъво тартибида мазмунан кўриб чиқилади. Шунингдек, меросхўрлар мерос қолган мулкни қонун ва васият бўйича қабул қилиб олмасдан туриб, улар ўртасида меросни тақсимлаш ва улушлар ажратишда низо келиб чиқса мазкур ҳолатда ҳам суд, меросхўрларнинг даъво талаби бўйича ишни мазмунан кўриб чиқади.
Иккинчидан, нотариус айрим ҳолларда қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришни рад этиши, кечиктириши ёки тўхтатиб туриши мумкин, ушбу ҳолларда ҳам манфаатдор шахс нотариусни қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақида гувоҳнома беришни рад этганлиги, кечиктирганлиги ёки тўҳтатиб турганлиги ҳақидаги Қарорига нисбатан судга шикоят қилади. Мазкур шикоят мансабдор шахснинг хатти-ҳаракат(қарор)ларига нисбатан шикоят кўринишида берилади. Бундан кўринадики, меросга оид фуқаролик ишлари судлар томонидан икки ҳил ҳолатда кўриб чиқилади, биринчи ҳолат нотариуснинг қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани нотўғри бажарганлиги бўйича берилган даъво аризаларини судда кўриб чиқиш тартиби, иккинчи ҳолат нотариуснинг қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани беришни рад этганлиги ёки кечиктирганлиги бўйича қарор устидан судга шикоят қилинганда шикоят тартибида ишни кўриб чиқиш тартиби.
Ишни мазмунан кўрган суд ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳал қилув қарори қабул қилади.
Нотариус томонидан нотариал тартибда тасдиқланган қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан берган даъво аризасини судда кўриб чиқишнинг ўзига хос процессуал тартиби мавжуд. Судья ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида аввало, манфаатдор шахс нотўғри деб ҳисоблаган нотариал ҳаракатни жумладан, қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани яъни даъво аризада кўрсатиб ўтилган нотариал ҳаракатни манфаатдор шахсдан талаб қилиб олади. Бажарилган нотариал ҳаракатга нисбатан даъво тартибида судга мурожаат қилиш муддати манфаатдор шахс томонидан ҳуқуқи бузилганлигини билган вақтдан бошланади. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб чиқиш жараёнида эьтибор бериш керак бўлган, процессуал хусусиятларидан бири даъво аризани қонун бўйича белгиланган муддатда берилганлигини аниқлашдир. Суд(судъя) ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида даъво муддати ўтиб кетган бўлса-да, даъво аризани иш юритувига қабул қилади ва ишни кўришга тайинлайди, умумий асосларда белгиланган даъво муддати ўтгандан сўнг берилган ариза уни қабул қилишни рад этишга асос бўлмайди. Суд (судъя) ишни мазмунан кўриб чиқиш жараёнида, ўтказиб юборилган даъво муддати узрсиз эканлигини аниқланса, ёки жавобгар даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза берса даъво талаби рад этилиши мумкин.
Судъя ушбу низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатлар: нотариал идорадан нотариал ҳаракатни чақириб олиш, низо предметига нисбатан уни тассарруфи билан боғлиқ бўлган ҳаракатларга тақиқ солиш ва қонунга асосан манфаатдор шахснинг талабидан келиб чиқиб, бошқа ҳаракатларни ҳам бажариши мумкин.
Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш борасида суд(судъя) мазкур турдаги ишларни судда кўришга тайёрлаш вақтида тегишли ҳужжатларни, шикоятда кўрсатилган важларни асослилигини тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиши лозим. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб ҳал этишнинг ўзига ҳос бўлган процессуал хусусиятлари ЎзР ФПКда кўрсатиб ўтилган нормаларга риоя қилиш ва судьянинг моддий ҳуқуқ нормасини тўғри қўллаши билан ифодаланади. Фуқаролик ишини қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарган судья, ишни кўришга тайёрлайди, бу вақтда ушбу муносабатни тартибга солувчи қонунни аниқлаши, тарафларнинг талаб ва эьтирозларини асословчи фактлар мавжудлигини, далиллар доирасини аниқлайди, ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркибини ҳал этади, давлат божи масаласини ҳал этади.
Таъкидлаш жоизки, нотариал идоралар халқаро миқёсда низосиз муносабатларни тартибга солувчи идора сифатида тан олинган. Ушбуга кўра, нотариал идоралар “Нотариат тўғрисида”ги қонун талабидан келиб чиққан ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари йўлида фақат низосиз бўлган нотариал ҳаракатни амалга оширадилар. Лекин айрим ҳолларда бажарилган нотариал ҳаракатлар негизида низоли ҳуқуқий муносабатларни юзага келади. Бундай ҳолларда ҳуқуқи бузилган шахс, ўз ҳуқуқини тиклаш учун судга мурожаат этишга ҳақли. Манфаатдор шахснинг судга мурожаати ариза ёки шикоят кўринишида бўлади. Бунда, ариза ёки шикоят судга мурожаат этишнинг процессуал воситаси ҳисобланади. Фикримизча, бундай низоларни судлар томонидан кўриб чиқилиши, ўз навбатида нотариал фаолиятни судлар томонидан назоратини таьминлайди. А.Я.,Бугрей, Е.Б.Тарбагаева таъбири билан айтганда “бажарилган нотариал ҳаракат юзасидан, нотариал ҳаракатни бажаришни рад этганлиги ёки кечиктирганлиги бўйича қарор юзасидан берилган шикоят, судларда низоли ҳуқуқий муносабат тарзида кўрилади” .
Суд амалиётидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, нотариуслар томонидан бажарилган нотариал ҳаракатларни судларда ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш бўйича низоли ишлар кўрилмоқда.
Қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ишлар судларда даъво ишлари тоифасига кириб, мазманан кўрилмоқда. Мазкур тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича даъво аризасида манфаатдор шахс қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш бўйича даъво талабини қўяди. Мазкур ҳолатда ишни кўраётган суд иш бўйича даъво талаби, даъво предмети ва даъво асосини аниқлаб олиши керак.
Фикримизча, нотариус томонидан бажарилган нотариал ҳаракат, нотариал фаолиятнинг объектини ташкил этади, суд ишни кўраётган вақтда ушбу нотариал фаолият суд учун далил, исботлаш воситаси бўлади. Нотариал фаолият объектига нисбатан қўйилган талаб даъво талабини, нотариус амалга оширган нотариал фаолиятнинг объекти судда даъво предметини, нотариал ҳаракатни ҳақиқий эмас деб топиш учун манфаатдор шахс томонидан келтирилган важ даъвонинг асосини ташкил этади.
Нотариал ҳаракатни амалга ошириш вақтида иштирок этган шахслар суд жараёнида низоли фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга киришадилар ва оқибатда суд процессида даъвогар ва жавобгар шахслар деб эътироф этилади. Ушбудан келиб чиқиб ва суд амалиётини ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда айтишимиз мумкинки, нотариуснинг муайян ҳаракатларни нотўғри бажарганлиги устидан судга шикоят қилиш тушунчаси деганда, фикримизча бевосита нотариал фаолиятда иштирок этган шахсларнинг, ёки бўлмаса учинчи шахсларнинг нотариал фаолиятнинг объектига нисбатан норозилиги тушунилади.
Иш судда кўрилиши жараёнида манфаатдор шахс ўз даьво талабларини қувватлаб баёнот бериши табиий, лекин суд иш бўйича тўпланган далилларга холисона баҳо бериб, бир тўхтамга келади. Бу борада А.Я.Бугрей., Е.Б.Тарбагаевалар “иш судда кўрилиши жараёнида, бажарилган нотариал ҳаракатнинг ҳуқуқий жиҳатдан тақдири ҳал этилади” – деб фикр билдиради. Юқорида кўрсатиб ўтилган икки турдаги шикоят келтириш тартиби бир-бирига ўхшаш бўлса-да, лекин улар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Бажарилган нотариал ҳаракат юзасидан берилган шикоятда нотариал ҳаракат бажарилганлиги туфайли маълум бир оқибатлар юзага келган бўлади. Бажарилган бу нотариал ҳаракат манфаатдор шахснинг қонуний ҳуқуқ ва манфаати бузилганлиги учун судга шикоят қилишга мажбур этади. Амалиётда судлар томонидан бажарилган нотариал ҳаракатларга нисбатан даъво тартибида кўрилаётган ишлар бўйича умумий даъво муддати, уч йиллик муддат қўлланилмоқда. Амалиётда бажарилган муайян нотариал ҳаракат юзасидан манфаатдор шахснинг судга берган шикояти даьво аризаси кўринишида бўлмоқда. Бажарилган нотариал ҳаракат юзасидан низо келиб чиққанда даъво аризаларда нотариус қўшимча жавобгар шахс эканлиги кўрсатиб ўтилмоқда. Бироқ, фикримизча мазкур ҳолатда нотариус судга мустақил даъво билан арз қила олмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилиши лозим.
Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексида мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар ҳақида фикр билдирилган бўлиб, бунга кўра изонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича чиқариладиган ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса, суд ҳал қилув қарори чиқаргунига қадар даъвогар ёки жавобгар томонида ишга киришишлари мумкин. Шунингдек улар тарафларнинг, прокурорнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёки суднинг ташаббуси билан ишда иштирок этишга жалб қилинишлари мумкин.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафларнинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва уларнинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар, арз қилинган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, улардан воз кечиш бундан мустасно.
Агар мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида даъвогарнинг ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида арз қилинган талабларни тан олса, суд мажбуриятни бажаришни учинчи шахс зиммасига юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли. Айнан шундай ҳолларда, даъвогар ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўртасида келишув битими тузилишига йўл қўйилади.
Судлар томонидан қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилишда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексида кўрсатиб ўтилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилишга оид қоидаларни қўллаши кераклиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида” ги 2006 йил 22 декабрдаги сонли 17-сонли қарорида кўрсатма бериб ўтилган. Ва судлар битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш бўйича даъво талаби бўйича иш кўриш вақтида бу иккала ҳуқуқий ҳолатни бир-биридан фарқлаши кераклиги, сабаби бу иккала ҳолат алоҳида асосларга эга эканлиги таъкидланади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексини 9-боби 113-126- моддаларида кўзда тутилган битимларнинг ҳақиқий эмаслигини тартибга солувчи нормаларда баён этилган асослар бўйича шартномаларни ҳақиқий эмас деб топилишига йўл қўйилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини 114-моддаси 1-қисмига мувофиқ ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларни вужудга келтирмайди ва у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шартномани бекор қилиш эса тўлиқ ёки қисман бажарилмаган шартномани ва унинг оқибатида вужудга келган тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини келгусида бекор қилишга қаратилган ҳаракатдир.
Шартноманинг ҳақиқий эмаслиги ва шартномани бекор қилишнинг ўзаро фарқи:
а) битимнинг ҳақиқий эмаслигига асос унинг ноқонунийлигидир.
Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани суд тартибида ҳақиқий эмас деб топишга ушбу гувоҳномани қонунга зид равишда расмийлаштирилганлиги асос бўлади. Бекор қилишга эса — унинг қонунийлиги низолашилмасдан шартномани бекор қилишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади;
б) шартномани бекор қилиш у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқлидир.
Битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабдан фарқли равишда шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабда даъво муддати чекланмаган бўлади ва бундай даъво билан мурожаат қилишга шартнома ҳаракатда бўлган бутун давр мобайнида йўл қўйилади.
Мазкур қоидадан келиб чиқиб, қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича уч йиллик даъво муддати қўлланилади. шунингдек, бир томонлама битимларнинг ҳақиқий эмаслиги, жумладан васиятномани ҳақиқий эмаслиги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексини 9-бобида белгиланган умумий қоидалар билан, уни бекор қилиш шартлари эса айнан шу туркумдаги битимларга оид қоидалар билан тартибга солинади (масалан, ишончнома ва васиятномани бекор қилиш ФК 141, 142, 1127-моддалари). ЎзР ФКнинг 9-бобида қайд этилган қоидалар битимларни ҳақиқий эмас деб топишнинг қатъий асослари ҳисобланади ва ушбу асослар қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ҳам қўлланилади.
Суд амалиёти тажрибасига таянган ҳолда айтиш мумкинки, васиятнома сир сақланганлиги боис, васиятнома ва васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича даъво тартибида кўрилаётган ишлар кўпинча васият қилувчининг ўлимидан сўнг вужудга келади, васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани васият қилувчининг ўлимидан сўнг бекор қилиш асослари қонунда ўз ифодасини топмаган.
Ишни кўраётган суд, васиятнома ва васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича фуқаролик ишини кўраётган вақтда васиятноманинг қонунда белгиланган шаклига асосан расмийлаштирилганлигини текшириши шарт. Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексини 1124-моддасида васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар кўрсатиб ўтилган.
Мазкур тоифадаги ишни кўраётган суд, нотариал тартибда тасдиқланган васиятномани ҳақиқий эмас деб топиш вақтида, низодаги васиятнома қонун бўйича нотариал тасдиқланган васиятномага қўйилган талабларга жавоб бериш ёки бермаслигини текшириши керак. Қонун нотариал тартибда тасдиқланган васиятномага айрим талабларни қонунан мустаҳкамлайди. Жумладан, нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Васиятномани васият қилувчи сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олиш пайтида умумий қабул қилинган техника воситаларидан (ёзув машинкаси, шахсий компьютер ва ҳоказолардан) фойдаланилиши мумкин. Васият қилувчининг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, васиятноманинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади, бу ҳақда васиятномада тегишлича қайд этилиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўқий олмаганлигининг сабаблари кўрсатилади.
Меросга оид фуқаролик ишларини судлар томонидан кўриб чиқишнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари мавжуд бўлиб, нотариал идорадан мерос иши чақириб олингач, ишни кўраётган суд мерос иши ичидаги ҳужжатларга ва қуйидаги ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериши лозим, булар қуйидагилар:

  • меросхўрлар мерос очилган жойдаги нотариусга ариза билан мурожаат этганлиги ва меросхўрлар нотариус ҳузурида аризага шахсан имзо қўйганлиги, аризага имзо қўйган вориснинг шахси нотариус томонидан аниқлаганлиги ва имзонинг тўғрилигини текшириб бу ҳақда аризага ёзиб қўйилганлик ҳолатига;
  • меросхўрларнинг аризаси почта орқали юборилган бўлса аризада
    мурожаат этган шахснинг имзоси нотариал тартибда
    тасдиқланганлик ҳолатига;
  • нотариал идорага мерос олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома беришни илтимос қилган бева қолган эр(хотин) га Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини 23-моддаси ва “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 63-моддаларини мазмуни тушунтирилганлиги бу ҳақда мерос иши ичида ариза мавжудлиги ҳолатига;
  • мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой ҳисобланади дейилган, мазкур ҳолат нотариус томонидан текширилганлик ҳолатига эьтибор бериши лозим.
    Меросга оид фуқаролик ишлари мураккаб ишлар қаторига киради, шу сабабли ҳам мазкур туркумдаги ишларни кўриш суддан алоҳида эътибор талаб қилади.

Суд, мазкур туркумдаги ишларни кўриш вақтида ушбу тоифадаги ишларнинг ўзига хос бўлган айрим процессуал жиҳатларига эътибор қратиши лозим.
Ишни кўраётган суд( судъя)га мерос ҳисобидан тўланиши лозим бўлган ҳаражатлар ҳақида ариза берилган бўлса, ушбу масалани ҳам ҳал этиши лозим. Мазкур ҳолатда мерос ворислар ўртасида тақсимланишидан олдин мерос қолдирувчининг вафоти олдидан хасталиги туфайли қилинган зарур харажатлар, мерос қолдирувчини дафн этиш харажатлари, меросни эгаллаш, муҳофаза қилиш, бошқариш ва васиятномани ижро этиш, шунингдек васиятномани ижро этувчи ёки меросни бошқарувчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тўғрисидаги талаблар мерос ҳисобидан қондирилиши лозим. Бу талаблар мерос қиймати ҳисобидан бошқа барча талаблардан, шу жумладан ипотека ёки бошқа гаров билан таъминланган талаблардан олдин имтиёзли равишда қондирилиши лозим.
Нотариуснинг нотариал ҳаракатни бажаришни рад этганлик ёки кечиктирганлик бўйича қарор юзасидан берилган шикоятни судда кўриб чиқишнинг ўзига хос процессуал тартиби мавжуд. Судья ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида нотариал ҳаракатни бажариш рад этилган ёки кечиктирилган ҳолларда нотариуснинг бу ҳақдаги қарорини талаб қилиб олади. Нотариус томонидан муайян ҳаракатни бажаришни рад этганлик ёки кечиктирганлик бўйича чиқарилган қарорда рад этиш ёки кечиктириш асослари мавжудлигини текшириб кўради. Нотариал ҳаракатни бажариш рад этилганлиги ҳақидаги шикоятлар амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодекси талабидан келиб чиқиб, бундай ҳаракатни бажариш рад этилганлиги аризачига маълум бўлган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда берилади.
Мазкур ҳолатда нотариал ҳаракат бажарилмаган ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқмаган бўлади, нотариус нотариал ҳаракатни бажаришни рад этган ёки кечиктирган бўлади. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб чиқиш жараёнида эьтибор бериш керак бўлган процессуал хусусиятларидан бири шикоятни қонун бўйича белгиланган муддатда берилганлигини аниқлашдир.
Судъя шикоятда кўрсатиб ўтилган важни тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатлар: нотариал идорадан нотариал ҳаракатни бажариш учун тақдим этилган ҳужжатлар йиғиндисини чақириб олиш, бажариш рад этилган нотариал ҳаракат предметига нисбатан уни тассарруфи билан боғлиқ бўлган ҳаракатларга тақиқ солиш ва қонунга асосан манфаатдор шахснинг талабидан келиб чиқиб, бошқа ҳаракатларни ҳам бажариши мумкин. Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш борасида фикр билдирган Б.Жамолов, А.Бобоқулов “мазкур турдаги ишларни судда кўришга тайёрлаш вақтида суд тегишли ҳужжатларни, шикоятда кўрсатилган важларни асослилигини тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиши лозим, бундай тоифадаги шикоятлар бўйича ишлар ариза судга келиб тушган пайтдан бошлаб ўн кундан кечиктирмай кўрилиши лозим” -деб фикр билдиради. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб ҳал этишнинг ўзига ҳос бўлган процессуал хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексида кўрсатиб ўтилган нормаларга риоя қилиш ва судьянинг моддий ҳуқуқ нормасини тўғри қўллаши билан ифодаланади. Судья аризани қабул қилиб олади, фуқаролик ишини қўзғатади, унинг бу ҳаракати ажримда ўз ифодасини топади. Фуқаролик ишини қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарган судья, ишни кўришга тайёрлайди, бу вақтда ушбу муносабатни тартибга солувчи қонунни аниқлаши, тарафларнинг талаб ва эьтирозларини асословчи фактлар мавжудлигини, далиллар доирасини аниқлайди, ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркибини ҳал этади, давлат божи масаласини ҳал этади. ЎзРФПКнинг 160-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳаракатлар асосида ишни судда кўришга тайёрлайди.
Ушбу тоифадаги ишлар амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодекси талабидан келиб чиқиб судда мазмунан кўрилади, манфаатдор шахс бажарилган нотариал ҳаракатларни ёки нотариал ҳаракатни бажариш рад этилганлигини нотўғри деб ҳисобласа, бу ҳақда у нотариал идора жойлашган ҳудуддаги судга шикоят беришга ҳақли.
ЎзР ФПК да нотариал ҳаракат нотўғри бажарилганлиги ёки уни бажариш рад этилганлиги ҳақидаги шикоятлар нотариал ҳаракат нотўғри бажарилганлиги ёки бундай ҳаракатни бажариш рад этилганлиги аризачига маълум бўлган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда берилади, деб кўрсатиб ўтилган.

Ҳабиб Саидов,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси

Ойбек Шомуродов,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси

“СУДЛАР ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУННИНГ мазмун-моҳияти ҳақида

Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, ҳар бир инсон тақдирига, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини олий қадрият даражасида кўтариш ва давлат муҳофазаси кафолатларини кучайтириш, пировард натижада “инсон қадри”ни амалда таъминлашга қаратилган. Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги беш йилда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов муҳим ўрин тутиши эътиборга олинди.
Жумладан, соҳада йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қи¬лиш борасида Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда Парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ор¬тиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишонч¬ли ҳимоя қилиш даражасини ошириш, одил судловдан фойдаланиш имко¬ният¬ларини кенгайтириш, суд тизимини такомиллаштириш борасида муҳим ислоҳотлар, ташкилий-ҳуқуқий, тузилмавий, институционал ўзгартиришлар амалга оширилди.
Бу борадаги ижобий ўзгаришлар БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги ма¬саласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян томонидан ҳам эътироф этилди.
Суд тизимида амалга оширилган ислоҳотлар халқаро рейтинг ва индексларда ҳам мамлакатимиз нуфузига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Эътиборлиси, ушбу рей¬тинглар¬¬да мамлакатимизнинг ўр¬ни асосан суд фаолияти самарадорлигига эришганлиги натижасида яхшиланган. Ушбу кўрсаткич энг юқо¬ри бўлган 16,6 балл¬га кўтарилди.
Бундай натижаларга эришишда, албатта, соҳада амалга оширилган тарихий ислоҳотлар ҳамда қабул қилинган қонунлар муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритганда, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Судлар тўғ-рисида»ги қонун мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилганига эътибор қаратиш лозим. Мазкур қонун «ўтиш даври»нинг кенг кўламли ўзгаришларини ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади. Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш борасида мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди. «Судлар тўғрисида»ги қонун 2000 йил 14 декабрда янги таҳрирда қа¬бул қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг янги босқичи қо¬нун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳам¬да фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.
Реал ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва илғор халқаро¬ стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан-тўғри амал қиладиган замонавий суд қонунчилигини шакллантирмасдан туриб, ушбу вазифаларга эришиб бўлмайди.
Бунда «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг амалда бўлган таҳририга 2001 йилдан бошлаб 19 марта концептуал ўзгартиришлар киритилди. Шунга қарамай, ушбу қонунда суд тизимидаги ислоҳотлар, чуқур ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган ва у одил судлов соҳасидаги халқаро стандартларга, замонавий талабларга жавоб бермай қолган эди.
Шу сабабли мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳатларининг мантиқий давоми сифатида ҳамда Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолия¬тини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга до¬ир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан янги таҳрирдаги «Судлар тўғ-рисида»ги қонун ишлаб чиқилди.
«Судлар тўғрисида»ги қо¬нуннинг янги таҳрири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинди, Сенат томонидан 26 июнда маъқулланди ҳамда 2021 йил 28 июлда Президентимиз томонидан имзоланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 25-26 июнь кунлари бўлиб ўтганўн олтинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонунлардан “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида тўхталадиган бўлсак,1993 йилда қабул қилинган ва ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, 2000 йил 14 декабрда янги таҳрири тасдиқланган, 2021 йил 28 июлгача амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, Қонунда суд тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижасида вужудга келган ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган эди.
“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 14 та боб ва 101 та моддадан иборат бўлиб, Қонун билан одил судловнинг асосий принциплари ва суд ҳужжатларини қайта кўриш тартиби такомиллаштирилди, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди, судьялик лавозимига номзодлар ва сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мослаштирилди, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилди, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби аниқлаштирилди ҳамда судьяларнинг ижтимоий ҳимояси боғлиқ масалалар акс эттирилди.
Янги қонуннинг асосий ма第мун-моҳияти қуйидагиларга қаратилган:
Биринчидан, суд тизимида амалга оширилган ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар қо¬нунда акс эттирилди. Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ягона судга бирлаштирилгани ва маъмурий судлар тизимидаги ўзгаришларга оид нормалар назарда тутилди.
Иккинчидан, одил судловнинг асосий принциплари қайта кўриб чиқилди. Яъни қо¬нунийлик, одил судловни амалга оширишда малакали юридик ёрдам, суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи каби янги асосий принциплар билан тўлдирилиб, амалдагиларига таҳририй ўзгартишлар киритилди.
Учинчидан, суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қай¬та кўриш тартиби илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштирилди. Хусусан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилиши муносабати билан Олий суд Пленуми, Раёсати, барча судларнинг ваколатлари, таркибларига тегишли ўзгартишлар киритилиб, амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқлаштирилди.
Тўртинчидан, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди. Судьяларнинг ахборот-коммуникация технологиялари тизимидан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилди. Уларнинг мажбуриятлари «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун, Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси талабларига мувофиқлаштирилди.
Бешинчидан, судьялик лавозимига номзодлар ва судьялик лавозимига тайинланадиган, сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин бўлмаган шахслар дои¬раси белгиланиб, иш стажлари бўйича талаблар қайта кў¬риб чиқилди.
Олтинчидан, судьялар, суд раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби такомиллаштирилди.
Еттинчидан, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби унинг ҳуқуқ ва манфаатларини эътиборга олган ҳолда қай¬та кўриб чиқилиб, унинг мақомига мослаштирилди. Бунда судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилиши назарда тутилди. Судьяларга нисбатан қўлланиладиган интизомий чоралар тури кенгайтирилди. Судья¬ларга интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилди.
Саккизинчидан, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби янада аниқлаштирилди. Судьянинг ваколатларини тўхтатиш асослари кенгайтирилиб, судьяга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса ёки судья давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловида депутатликка номзод сифатида иш¬тирок этаётган тақдирда судьянинг ваколатлари тўхтатилиши белгиланди.
Тўққизинчидан, судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қи¬лиш чоралари кучайтирилди.
Шунингдек, илк бор «Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги, «Судья¬ларнинг малака даражалари тўғрисида»ги ва «Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида»ги Низомлар қонун билан тасдиқланди.
Шундай қилиб, «Судлар тўғ¬¬рисида»ги қонуннинг ян¬ги¬ таҳрирда қабул қилиниши:
– суд-ҳуқуқ соҳасида сўнг¬ги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни қонун билан мус¬таҳкамлашга;
– судьяларнинг мустақиллигини тўлиқ таъминлашга қବратилган кафолатларни янада кучайтириш, судьялар мақомининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга;
– фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, бунга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга;
– одил судловга оид ҳу¬қуқий нормаларни халқаро стандарт¬ларга мослаштириш, бу борадаги халқаро ҳужжатлар нормаларининг миллий қонунчиликка имплементация қилинишига;
– суд ҳокимияти билан боғлиқ масалаларни меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солиш амалиётини бекор қи¬лишга, одил судлов самарадорлигини оширишга;
– суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича хал¬қаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.
Бундан ташқари қонунда БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йил 19-25 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунларига доир маърузасида берилган тавсиялари инобатга олинган ҳолда муайян нормалар баён этилди. Бу ҳам мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятлари бажарилишига қў¬шилган ҳиссадир.

“Судлар тўғрисида”ги 28.07.2021 йилдаги ЎРҚ-703-сон Қонунига асосан суд тизими ўзгартирилди, Конституциявий суд ва Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби эса алоҳида қонунлар билан белгиланади.
Янги қонунга кўра, суд тизими энди қуйидагилардан иборатдир:
• Конституциявий суд;
• Олий суд;
• ҳарбий судлар;
• Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
• Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
• фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари;
• жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари;
• туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари;
• туманлараро маъмурий судлар.
Конституциявий суд ва Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонунлар билан белгиланади.
Қуйидагиларнинг ваколатлари чегараси белгиланди:
• Олий суд, унинг Пленуми ва Раёсати, шунингдек раис, раиснинг биринчи ўринбосари ва раиснинг ўринбосарлари – судлов ҳайъати раислари;
• Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, уларнинг раёсатлари ва суд ҳайъатлари;
• фуқаролик ишлари, жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, иқтисодий судлар;
• Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди;
• туманлараро маъмурий судлар.
Судьялик лавозимига сайланадиган, тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талаблар эса Қонуннинг 68-моддасида кўрсатилган бўлиб, унга кўра:
• Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида 15 йиллик иш стажига (2021 йил 29 июлгача амалда бўлган Қонунда 10 йил эди), шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йиллик иш стажига(олдин 5 йил эди) эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси бўлиши мумкин.
• Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида 10 йиллик иш стажига (олдин 7 йил эди), шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 2 йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси бўлиши мумкин.
• Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, 35 ёшга тўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида 7 йиллик иш стажига(олдин 5 йил эди) эга бўлган шахс туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин.
• Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.

• “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 71-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун — 65 ёшни ташкил этади.
• Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 5 йилгача, бошқа судлар судьясининг ёши эса Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан худди шундай 5 йилгача узайтирилиши мумкин.
• Судья қонунчиликка мувофиқ пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Қуйидагилар эса судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас:
• жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;
• илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;
• чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;
• суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;
• психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;
• судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс.

• “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, судьялар корпусини шакллантириш судьяларнинг мустақиллиги принципига қатъий мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилади.

Қонуннинг 85-моддасига кўра, ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги илгари қонуннинг 73 моддаси билан тартибга солинган бўлса, энди ушбу нормага 4 та моддадан иборат 11-боб бағишланган.
Унга кўра, судья интизомий жавобгарликка қуйидаги ҳолатларда тортилиши мумкин:
• одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлик учун;
• суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун;
• судьялик шаъни ва қадр-қимматига боғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун;
• Судьялар одоби кодекси талабларини бузганлик учун.
Судяларнинг малака ҳайъати судяга қуйидаги интизомий жазолардан бирини қўллаши мумкин:
• огоҳлантириш;
• ҳайфсан;
• ўрача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;
• малака даражасини бир поғонага пасайтириш;
• ваколатларини муддатидан илгари тугатиш.
Янги қонун билан киритилган 12-боб судянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳолатлари ва тартибини назарда тутади.
Судяларни моддий қўллаб-қувватлашга келадиган бўлсак, янги қонун уларга уй-жой олиш ва ижарага олинган турар-жой бинолари учун компенсация олиш имкониятини беради.
Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.
Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.
Суд мажлисида ҳозир бўлган шахслар ва ОАВ вакиллари қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин. Бироқ, тартибнинг ўзи ушбу қонунда баён қилинмаган.
Бир сўз билан айтганда, қонуннинг қабул қилиниши эса Ўзбекистон Республикасида суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини ва судьялар мустақиллиги кафолатларини такомиллаштиришга, судьялик касбининг обрўсини кўтаришга, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суднинг нуфузини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Баходир Эргашев,
Бухоро вилоят суди судьяси

Озоджон Новрузов,
Бухоро вилоят суди судьяси

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари одил судловга эширишнинг муҳим шарти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 16 январдаги ПФ–11-сон Фармони қабул қилинди.
Фармон билан 2023–2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.
Стратегия доирасида қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:
«Инсон қадри учун» ғояси асосида адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;
адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш;
фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш;
судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;
судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш;
суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;
судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.
Қуйидаги тартибларни жорий этиш режалаштирилмоқда:
туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апеллация ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апеллация ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.
Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланади, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилади.
Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгиланди:
судга ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;
суд ишларига аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
одил судловга аралашганликка оид ҳар бир жиноят бўйича жамоатчиликни мажбурий хабардор қилиш;
судьяга нисбатан тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;
процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш бўйича мурожаатларни адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.
Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси шакллантирилди ва унга қуйидагилар киради:
Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;
ҳудудий прокуратураларнинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;
туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари.
Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширади улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Фармон билан ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида
2023 йил 1-сентабргача «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизими синов тарзида ишга туширилади ҳамда 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этилади.
Фармонга кўра, қуйидагилар жорий этилади:
айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўриш ваколати маъмурий органларга ўтказилади;
айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади.
Айрим йўналишларда прокурор назорати қисқартирилади, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликлари мақбуллаштирилади ҳамда унинг ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сони кўпайтирилади. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари суд биноларида ўтиради.

Истам Турдиев,
Бухоро вилоят суди судьяси

Алишер Бахромов,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси

Исмни ўзгартириш тартиби қандай?

Кўп ҳолларда фуқаролар томонидан исми ёки фамилияси ўзига ёқмаслиги, исмини ўзгартирмоқчи эканлиги, фамилия исм ота исмни ўзгартириш тартиби қандайлиги юзасидан кўплаб саволлар келиб тушади.

Шунга кўра, фамилия исм ота исмни ўзгартириш тартибини қуйида кўриб чиқамиз.

Оила кодексининг 226-моддасига кўра фуқаронинг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризаси ўн олти ёшга тўлгандан кейин ўзи яшаб турган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан кўриб чиқилиши, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги хулоса ички ишлар органлари томонидан ушбу шахс тегишлича текширувдан ўтказилгандан кейингина тузилиши мумкинлиги, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни рад этганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига мувофиқ ариза берувчи 16 ёшга тўлгач турар жойдаги ФҲДЁ органига юқоридаги масала юзасидан ариза бериши мумкин.

Агар 16 ёшга тўлган шахс паспорт ёки паспорт ўрнини босувчи шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат олгунга қадар фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш ҳақида ариза берса, у ҳолда аризага туғилганлик ҳақида гувоҳнома илова қилинади.

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар ФҲДЁ бўлимлари томонидан қуйидаги ҳолларда кўриб чиқилади:

«Давлат тили ҳақида»ги қонунининг 15-моддасига биноан;

суднинг ҳал қилув қарори асосида;

агар фамилия ва исм эшитилишда ёқимсиз бўлса;

агар фамилия ва исм миллатига тўғри келмаса;

хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;

оила учун умумий фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилия қабул қилишмаган бўлса);

16 ёшга тўлган шахсга оталикни белгилашда.

Исм-фамилия, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ариза берувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;

агар ариза берувчи никоҳда турган бўлса, у ҳолда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси, агар никоҳдан ажратилган бўлса — никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномаси;

агар ариза берувчининг вояга етмаган болалари бўлса, у ҳолда болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари;

ариза берувчининг паспортидан ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатидан кўчирма;

агар ариза берувчи вояга етмаган ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, у ҳолда ота-онасининг ёхуд васий ёки ҳомийнинг аризаси;

1 дона (3х4 ўлчамли) фотосурат.

Шохида Бозорова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси,

Давлат Ҳакимов,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

ИШОНЧНОМА ОРҚАЛИ ИШ ЮРИТГАНДА…

Республикамизнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқаролар ва ташкилотлар ўз ишларини шахсан ёки ваколатлари ишончнома билан тасдиқланиши керак бўлган вакиллар орқали юритишлари мумкин.

Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 134-моддасида белгиланишича, бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Бунда ишончли вакил фақат ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради ва, агар ишончномада бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, ўзи вакил қилинган ҳаракатларни шахсан амалга ошириши керак.

Барча ишончномаларни вазифасига ва ишончли вакилга (вакилга) бериладиган ҳуқуқларга боғлиқ ҳолда 3 турга бўлиш мумкин – бир марталик, махсус ва умумий.

Бир марталик ишончнома ишончли вакилга бир марталик ҳаракатни амалга оширишга ваколат беради. Масалан, товар-моддий бойликлар, банкдан пул суммаси олиш, шартнома имзолаш.

Махсус ишончнома умумий мақсад, предмет ва таомил билан боғлиқ ва бир юридик натижага эришишга йўналтирилган бир турдаги муайян ҳаракатларни амалга оширишга берилади. Масалан, транспорт ташкилотларидан юк олиш билан боғлиқ операциялар бўйича, судда вакил бўлишга ва ҳоказо.

Умумий ёки бош ишончнома ишонч билдирувчининг мол-мулкидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш бўйича, шу жумладан давлат органлари, тижоратчи ва тижоратчи бўлмаган юридик шахслар, уларнинг бўлинмалари, шунингдек ҳар қандай бошқа шахслар олдида барча масалалар бўйича ва вакил қилган шахс номидан ишларни юритишга вакил бўлишга ваколатлар беради. Филиал ёки ваколатхона раҳбарига бош ташкилот номидан берилган, унинг раҳбари ёки таъсис ҳужжатлари бунга ваколат берган бошқа шахс томонидан имзоланган ишончнома бош ишончномага мисол бўлади.

Шохида Бозорова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси,

Жахонгир Каримов,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

БОЛАЛАР ҲУҚУҚИ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Давлатимизда болаларга тегишли ҳуқуқ ва эркинликлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари, жумладан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг қонуни, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, халқаро миқёсда эса “Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция” орқали кафолатлаб қўйилган.

Боланинг ҳуқуқи у билан бирга туғилади, дейиш мумкин. Чунки, ҳар бир бола туғилган пайтдан эътиборан фамилия, исм, ота исмини олади, миллати ва фуқаролигига эга бўлади. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқи эканлиги, бола ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят ҳисобланиши таъкидланган.  

Бола туғилгач, унинг соғлиғи ҳақида қайғуриш керак. Ушбу йўналишда ҳам давлатимиз томонидан имкониятлар яратилган. Яъни боланинг соғломлигини таъминлаш чоралари у туғилмасдан аввал кўрилади.

Бола дунёга келгач, унинг саломатлигини сақлаш йўлида қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

– малакали ва бепул тиббий ёрдам кўрсатиш;

– болалар касалликлари профилактикаси, даволаш-профилактика муассасаларида диспансер кузатувини олиб бориш ҳамда даволаш;

– талаб даражасидаги сифатга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва сотилишини назорат қилиш;

– санитария-гигиена таълимини бериш;

14 ёшдан катта бола маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш ёки уни рад этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ҳаёт доим ҳам бир текисда давом этавермайди. Дейлик, бола ҳаётда адашди ва жиноят содир этди. Бунда ҳам давлатимиз томонидан боланинг манфаатлари биринчи ўринга қўйилади. Яъни 18 ёшдан кичик бўлган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар учун Жиноят кодексидаги энг оғир жазо – умрбод қамоқ жазоси белгиланмайди. Болани ҳибсга олиш қонунга мувофиқ амалга оширилади ва бу учун иложи борича қисқа вақт белгиланади. Бу орада бола оиласи билан хат ёзишиш ва кўришиш, алоқа боғлаб туриш ҳуқуқига эга. Шунингдек, у озодликдан маҳрум этилишининг қонунийлигига эътироз билдириб, даъво билан чиқиш, ота-онаси ёки васийси орқали ўзига ҳимоя тайёрлаш, адвокат ёллаши мумкин.

Бундан ташқари давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари етарлича кафолатланган. Жумладан, васийлик ва ҳомийлик белгиланади, фарзандликка олинади, ихтисослаштирилган тарбия, даволаш муассасаларига, ижтимоий ҳимоя муассасаларига жойлаштирилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар жамият ҳаётида иштирок этишда бошқа болалар билан тенг ҳуқуқларга эгадир.

Шу ўринда ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар рўйхатига кимлар киради деган ҳақли савол туғилади.  

Ногирон, етим, жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсонли, ота-она қарамоғидан маҳрум, ихтисослаштирилган болалар муассасаларида тарбияланаётган, муайян яшаш жойига эга бўлмаган, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, шунингдек, жиноий жавобгарликка тортилган ва жазони ижро этиш муассасаларида турган болалар, зўравонлик ва эксплуатация, қуролли можаролар ва табиий офатлар натижасида жабрланган болалар ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳисобланади.  

Бу давлатимиз томонидан  болаларга берилган имкониятларнинг бир қисми, холос. Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, давлат боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, камситилишига йўл қўймаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишда бош ислоҳотчи ҳисобланади. шунингдек, болалар ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглигини таъминлайди, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашади.

Шохида Бозорова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси,

Убайдулло Аллаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

ОИЛА – МУҚАДДАС ҚЎРҒОН

Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакллана бошлайди. Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам.

Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг ҳаётий аҳамияти бор. Оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар яхши тушунади. Шу боис ҳар бир инсоннинг суянчи саналувчи бу муқаддас даргоҳга дарз етмасин, деймиз.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

— Албатта, кундалик ҳаётимизда оилавий ажримларга сабаб бўлаётган турли омиллар мавжуд. Масалан, ажримларнинг энг муҳим сабаблардан бири, бу – иккала томон бир-бирларини яхши билмай оила қуришидир. Ёки келин-куёвнинг турмушга тайёр эмаслиги, меҳнат қилишга ўрганмаганлиги, сабр ва ирода билан енгиш мумкин бўлган қийинчиликларга тоқат қилмаслигини ҳам оилавий ажримлар асоси сифатида баҳолаш мумкин.

Бундан ташқари, айрим куёвларнинг ичкиликка ружу қўйиши, баъзан гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлиши ҳам гулдек оилани парчалаб юбормоқда.

Шу ўринда қонунчиликка киритилган бир янгиликка эътиборингизни қаратмоқчимиз. 2018 йил 3 январда қабул қилинган “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан Оила кодексининг 40-моддаси “Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак”, деган мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди. Бу тўлдириш оилавий ажримларнинг олдини олишга, айниқса, ёш оналарнинг ҳуқуқларини таъминлашга, фарзандларнинг келажаги учун хизмат қилади.

Кези келганда оилавий ажримларнинг яна бошқа омиллари ҳақида ҳам фикр-мулоҳаза юритсак. Айтайлик, оилаларнинг бир-бирига мос эмаслиги (лўнда қилиб айтганда, тенг тенгини топмаганлиги) ҳам ажримларни юзага келтиради. Яъни куёвнинг оиласидаги ҳаёт тарзи келинникидагига умуман ўхшамайди. Уларнинг ҳаётга муносабати, дунёқараши, фикрлаши, моддий имкониятлари бутунлай фарқ қилади. Охир-оқибат келишмовчилик, ўзаро жанжал, дилхираликлар рўй беради ва бу ҳолат ажрим билан якунланиши ҳам ҳеч гап эмас. Бундай вазиятда ота-онанинг бир умр йиққан-терганлари, тўйга қилган харажатлари, ҳаттоки, шириндан-шакар фарзандлар ҳам кўзга кўринмай қолади. Қолаверса, қонуний никоҳга нисбатан бефарқлик, шошма-шошарлик ортида никоҳни қонуний расмийлаштирмасдан, шаръий никоҳ билан кифояланиб турмуш қуриш ҳолатларини ҳам ҳеч иккиланмай ажримларга сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Бундан ташқари, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳам баъзан ажрим билан якун топади. Яъни айрим ота-оналар жиддий ўйламасдан, ўз орзу-ҳавасларини фарзандининг бахтидан устун қўйишмоқда. Аниқроғи, улар қизини эрта турмушга берадилар ёки яқин қариндошлари билан қуда-анда бўлишмоқда. Аммо набираларининг нуқсон билан туғилишига, бунинг оқибатида ўғли ёки қизининг бир умр ногирон боласига термулиб ўтишига ёхуд кўп ўтмай ажрашиб, юз кўрмас бўлиб кетишларига замин яратаётганларини хаёлига ҳам келтиришмаяпти.

Тўғри, оилавий ажримларнинг яна бир асосий омили бор, бу – фарзандсизликдир. Бунда кўпинча томонлар ўзаро келишиб, бир-бирларини тушуниб ажрашишади. Ўртада гина-кудурат ёки ортиқча миш-миш ва ғийбатларга ўрин қолмайди.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Икки ёшнинг бошини қовуштириб, бир оилани барпо қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун ота-оналар, ёши улуғлар кўпдан-кўп маслаҳат ва саъй-ҳаракатлар қилишади, елиб-югуришади. Бироқ ёш эр-хотин ўртасидаги арзимас гап-сўзлар ва асоссиз важлар туфайли гулдек оиланинг барбод бўлиши ачинарли ҳол. Баъзан маҳалла фаолларининг оилалардаги келишмовчиликлар, жанжалларга бефарқлиги, улардаги яраштирув комиссияларининг масъулиятсизлиги туфайли ҳам оилавий ажримлар пайдо бўлаётганини минг таассуф билан тилга олиш лозим. Шунинг учун ота-оналар, тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари бу масалага ҳамиша масъулият билан ёндашсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Токи, муқаддас оила қўрғони ҳеч қачон дарз кетмасин.

Зафар УСМОНОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Ғиждувон туманлараро судининг раиси

Азизжон ШАРИПОВ ва Гулсара САТТОРОВА,

Фуқаролик ишлари бўйича

Ғиждувон туманлараро судининг судьяси

Skip to content