“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни мазмун моҳияти.

Ҳозирги кунда биз жамиятда, оммвий ахборот воситаларида “коррупция, коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш” деган ибораларни тез-тез учратиб туряпмиз. Хўш, нимага бу сўзлар бизда  долзарб мавзуга айланиб қолди. Бу саволларга жавоб беришдан аввал биз коррупция сўзининг маъносини билишимиз керак.
 Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунида коррупцияга таъриф берилган. Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.
Халқ тилида соддагина қилиб -порахўрлик, кенг маънода коррупция деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади.
Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг  қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.
Коррупция жамиятнинг ривожланишига, икқтисодни ривожланишини энг катта салбий таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланади. Шунинг учун барча соҳаларда  коррупцияга қарши курашиш унинг келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва олдини олиш жуда долзарб бўлиб қолди.
Коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши кураш самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва ҳалқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсатгич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган.  Афсуски жамиятимизда коррупцияни бутунлай тугатиш имконияти бўлмаяпти. 
Коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари сифатида тадқиқотчилар асосан тўртта омилни кўрсатиб ўтадилар.
Биринчиси -иқтисодий сабаблар.  Муҳтарам Президентимиз ўзининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади.  Коррупциянинг бу  кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳайтни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган ҳар хил чеклашлар  амалдорларнинг кенг, назоратда холи, чекланмаган ё рухсат бериш, ё таъқиқлаш ваколати  порахўрликка замин яратади.
Шу билан  боғлиқ бўлган ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатида алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун  ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси -ҳуқуқий сабаблар.
Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар  ишламайди ва порахўрлар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси институциал сабаблар.
Уларга аввало давлат бошқарув тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси– ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги  каби омиллардир.
  Коррупцияга қарши кураш фоалиятини амалга оширувчи давлат органлари Қонунинг 7-моддасида кўрсатиб ўтилган
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонунчиликка мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.
Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши (бундан буён матнда Миллий кенгаш деб юритилади) ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар (бундан буён матнда ҳудудий кенгашлар деб юритилади) қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Миллий кенгашнинг ишчи органидир.
Мазкур давлат органларининг ваколатлари қонунда белгилаб берилган.
Қонунинг 16- моддасида  –Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўради, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир тушунтириш ишларини амалга ошириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимни, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни ишлаб чиқиш йўли билан зарур чора-тадбирлар кўради.
 Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради-деб белгиланган.
Қонунинг 18- моддаси  Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияга бағишланган.
Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади.
Давлат таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга, таълим дастурларини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади.
 Давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар
Давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ва бошқа ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтириш;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
давлат органларининг ва улар ходимларининг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш;
давлат органлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи одоб-ахлоқ қоидаларини самарали амалга ошириш;
давлат органлари ходимлари манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминлаш;
давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, хизматни ўташнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш ҳамда хизматда кўтарилиш тизимини жорий этиш;
давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши устидан назоратни таъминлаш;
давлат органлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ушбу органлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаган ҳолда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш;
давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш.
Қонунчиликда давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.
Давлат органларининг ва ўзга ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа ходимлари қонунчиликка риоя этиши, ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларини беғаразлик билан, холисона, виждонан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этган ҳолда бажариши ҳамда коррупцияга оид бирор-бир ҳуқуқбузарликни содир этишдан ёки бундай ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароитлар яратадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.
  Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар
Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш;
давлат органларининг назорат-текширув вазифаларини мақбуллаштириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тизимини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик;
давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг масофавий шаклларини кенг жорий этиш;
тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун тенг шарт-шароитлар яратиш ва инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик;
давлат харидларининг самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, давлат харидларини жойлаштиришда ошкоралик, шаффофликни таъминлаш ҳамда рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш;
таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бошқа соҳаларида аҳоли учун адолатли шарт-шароитларни ҳамда тенг имкониятларни яратиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
нодавлат ташкилотларда коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этиш.
Қонунчиликда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.
 
Қонунда манфаатлар тўқнашуви  тушунчаси киритилган ва нуга таъриф берилган. Манфаатлар тўқнашуви — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.
Давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат органларининг ходимлари ўзининг бевосита раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишга, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга доир чора-тадбирлар
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишга, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларининг коррупциянинг ҳолатини ва тенденцияларини тизимли таҳлил қилишга асосланган самарали ишини ташкил этиш, уларнинг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг замонавий шакллари ва усулларидан фойдаланиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг техник таъминоти даражасини ошириш, уларнинг ишига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ўртасида мувофиқлаштиришни ва ҳамкорликни таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш;
коррупцияга қарши курашнинг самарали жиноят-ҳуқуқий ва жиноят-процессуал механизмларини яратиш.
 
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни мазмун моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилиб, давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилиб, илмий, назарий мақолалар ёзиб чоп этилмоқда. Мақсад, битта Ўзбекистонда коррупциядан холи жамиятни барпо этиш, коррупция деган ёмон иллатни  туб илдизи билан йўқотиш, ҳар бир соҳани ,жумладан суд тизимини ҳам коррупциясиз соҳага айлантиришдан иборатдир.
 
Салимжон Абдурасулов,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари
 
Меҳринисо Қодирова,
Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Юрисконсульт томонидан масъулиятсизликка йўл қўйилса ёки қонун талаби бузилса…

Маълумки, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашда юридик хизматнинг ўрни жуда муҳим ҳисобланади. Сўнгги йилларда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2733-сонли Қарори ва унинг ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг                    2017 йил 1 майдаги 250-сонли Қарори билан юридик хизмат соҳаси тубдан такомиллаштирилиб, юрисконсульт ходимларнинг хизмат мавқеи ва манфаатдорлигини ошириш билан бирга, мазкур соҳа ходимларининг масъулияти ва жавобгарлиги оширилиши таъминланди. Зеро, бундан кўзланган мақсад давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтириш орқали тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишдан иборат.

Аввало, таъкидлаш жоизки, юрисконсульт ходим деганда кўз ўнгимизда қонунни пухта эгаллаган, интизомли, масъулиятли ва юксак ҳуқуқий маданиятга эга бўлган мутахассис гавдаланади.                  Шу билан бирга, деярли аксарият юрисконсульт ходимлар бундай масъулиятли  лавозимни ҳис қилган ҳолда тегишли давлат органлари ёки ташкилотларда муносиб фаолият юритиб келмоқдалар. Бироқ, афсуслар бўлсинки, амалиётда айрим юрисконсультларининг ўз вазифаларига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндашаётганлиги, қонун бузилиш ҳолатларига ўзлари йўл қўйиб бераётганликлари ҳолатлари мавжудлиги ҳолатлари ҳам айни ҳақиқатдир.     

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида иқтисодий судларнинг суд ишларини юритишда асосий вазифаларидан бири бу нафақат иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш, шу билан бирга мазкур соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат ҳисобланади.

Иқтисодий судлар томонидан низоларни кўриш амалиётида корхона ва ташкилотларнинг юрисконсульт ходимлари томонидан иш фаолиятларида масъулиятсизликка йўл қўйганликлари, қонунчилик талабларини ўзлари бузаётганликлари ҳолатлари аниқланиб, тегишли таъсир чоралари қўлланилди. Бундай ҳолатларни судда кўрилган қуйидаги ишлар мисолида келтириш айни муддаодир.

         Жондор туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши даъвогар “Ботиржон” фермер хўжалиги манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятидан 112 656 000 сўм ғалла маҳсулоти ҳақи ва 1 877 600 сўм ташиш харажатлари, жами 114 533 600 сўм ундиришни сўрайди.

    Дастлаб, мазкур иш биринчи инстанция судида кўриб чиқилиб даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган. Ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Жондор тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши апелляция шикояти билан мурожаат қилади ва Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг қарори билан апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган.

  Суд муҳокамасида аниқланишича,  тарафлар ўртасидаги                 2021 йил 20 майдаги 9/13-сонли бошоқли дон харид қилиш бўйича шартномани расмийлаштириш жараёнида жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти томонидан оферта сифатида бир томонлама имзоланган ва муҳрланган мазкур шартнома лойиҳасига маҳсулот миқдори, нархи ва умумий суммаси ҳақидаги шартноманинг муҳим шарти бўлган ёзувлар киритилмасдан, даъвогар фермер хўжалигига тақдим этилган. Даъвогар  раҳбари томонидан эса шартноманинг мазкур низолашилаётган муҳим шарти бўйича офертада кўрсатилмаган маҳсулот миқдори, нархи ва умумий суммасини шахсан ўзи тўлдириб, имзолаган ва муҳр қўйган. Мазкур ҳолатлар жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятининг фаолиятида даъвогар билан 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномани тузиш ва расмийлаштириш жараёнида қонунчилик ҳужжатлари, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 367-моддаси (оферта юбориш учун шартлар), Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни 10-моддаси (хўжалик шартномасига нисбатан қўйиладиган талаблар) ва 20-моддаси (хўжалик шартномаси субъектларига юридик хизмат кўрсатиш) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил   4 сентябрдаги 383-сон қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом (матнда Низом деб юритилади)нинг 10-банди (шартномада кўрсатилиши лозим бўлган муҳим шартлар) талаблари бузилганлиги аниқланди. Бунинг натижасида тарафлар ўртасида шартномага асосан буғдой маҳсулотининг нархи бўйича низо келиб чиқишига ва фермер хўжалиги томонидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилинишига сабаб бўлган.  Мазкур қонун бузилиш ҳолатлари жавобгар фаолиятида хўжалик шартномаларини тузишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши ва хўжалик шартномалари лойиҳаларининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириш олиб бориш ваколатларига эга бўлган жамият юрисконсульти Л.Мамиров ва бошқа масъул ходимларнинг ўз хизмат вазифасига масъулиятсизликлари ва совуққонликлари натижасида йўл қўйилган. Шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолатлари бошқа фермер хўжаликлари иштирокида кўрилган иқтисодий ишларда ҳам такрорланган.

 Шу сабабли судлов ҳайъати томонидан мазкур ходимларга нисбатан тегишли интизомий жавобгарлик масаласини ҳал этиш ҳамда келгусида бундай қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида хусусий ажрим чиқаришни ва ижро этиш учун жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти раҳбариятига юборишни лозим топди. Бошқа бир мисол:

        Даъвогар “Бухоро-Агро эркин иқтисодий зона дирекцияси” давлат унитар корхонаси (матнда даъвогар деб юритилади) иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Бекзод Фурқат саховати” фермер хўжалиги (матнда жавобгар деб юритилади)дан ўзаро тузилган шартномага асосан эркин иқтисодий зона дирекциясини сақлаш ва инфраструктурасини ривожлантириш тўловлари бўйича ҳисобланган 8 172 000 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.

         Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил                                     3 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 8 172.000 сўм асосий қарз, олдиндан тўланган 156 600 сўм суд харажатлари, жами 8 328 600 сўм ундирилган.

Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2022 йил                            25 мартдаги қарори билан жавобгарнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

 Маълум бўлишича, тарафлар ўртасида 2019 йил 10 апрелда 120-сонли “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инвестициялашни амалга ошириш тўғрисида шартномаси тузилган. Шартноманинг 9.1-бандига кўра томонларнинг ўзаро келишувига кўра битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Ўзгартириш ва қўшимчалар ёзма равишда тузилган бўлиши ва томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланиши лозимлиги белгиланган. Кейинчалик, шартномага 2020 йил 14 январда “Бухоро-агро” ЭИЗ дирекциясини сақлаш харажатлари тўғрисида қўшимча келишув тузилган. Бироқ, мазкур шартномалар жавобгар раҳбари Н.Қўшаева томонидан эмас, балки шартномани тузишга ваколати бўлмаган унинг ўғли Б.Нарзуллаев томонидан имзоланган ва муҳр қўйилганли қонун бузилишларга йўл қўйилганлиги тасдиқланган.

  Бундан кўринадики, даъвогар томонидан тарафлар ўртасидаги шартномани тузиш ва расмийлаштириш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 367, 370-моддаларида белгиланган шартномани тузиш учун оферта ва акцепт шартларига риоя қилинмаган. Тарафлар ўртасидаги ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган шартномани жавобгар номидан қонун доирасида иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан имзоланишига йўл қўйилган. Шунингдек, даъвогар томонидан шартнома шартларига кўра инвестиция лойиҳасининг ўз вақтида амалга оширилиши учун зарур инфратузилма (электр энергия, газ ва сув таъминоти, канализация, кириш йўллари ва бошқалар), ҳудудни ободонлаштиришни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда ёрдам кўрсатиш мажбурияти бажарилганлиги бўйича бирон ҳужжат тақдим этилмаган.         

 Бунинг натижасида, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг ҳақиқийлиги ва шартнома мажбуриятлари бажарилиши бўйича мазкур низо келиб чиқишига ва тадбиркорлик субъекти ҳисобланган жавобгарнинг турли эътирозларига сабаб бўлган.  

  Бинобарин, қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари даъвогар фаолиятида қонунчиликка мувофиқ шартнома тузишнинг ва шартноманинг бажарилишини назорат қилишга бевосита масъул бўлган юрисконсульт ходимнинг ўз хизмат вазифасига масъулиятсизликлари ва совуққонликлари натижасида йўл қўйилган.

Қайд этилганларга асосан, судлов ҳайъати даъвогар              “Бухоро-Агро эркин иқтисодий зона дирекцияси” давлат унитар корхонаси фаолиятидаги йўл қўйилган мазкур қонунбузилиш ҳолатларини муҳокама қилиш, келгусидаги иш фаолиятда йўл қўймаслик ва ходимларнинг масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаш учун хусусий ажрим юборишни лозим топди.

  Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, қонунлар ҳуқуқий демократик давлатнинг юзига қиёсланиши билан бараварда, юрисконсульт ходимлар мазкур қонунларнинг ижросини  таъминлашда жамиятда намуна бўлишлари ва фидоийлик кўрсатишлари зарур. Шундагина, юридик хизмат томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли ҳимоя қилишда ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда юксак натижаларга эришиш мумкин. 

Салимжон Абдурасулов,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Илҳом Юлдашев,

Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Маҳалла раисининг мансабига сохтакорлиги

Коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилишига қарамай баъзи бир мансабдор шахсларимиз давлат ва жамият манфаатларига зиён етказишда давом этмоқдалар воқеамиз “қаҳрамони” маҳалла фуқаролар йиғини раиси фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи мансабдор шахси ҳисобланиб, ўзига берилган ваколатдан ғаразгўйлик кўзлаб, ўзига олдиндан таниш бўлган С.Рахимова (исм шарифи ўзгартирилган) билан жиноий тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги Низоми талабларига зид равишда, Когон туман ҳудудида Д. Нусратова 2016 йилдан буён ер участкасига эгалик қилмаслиги 2018 йилда уй-жой қуриб битказмаганлиги ҳамда фуқаро Н.Мухиддинова мазкур ер участкасида истиқомат қилмаслигини била туриб, 09.01.2019 йилда ўзбошимчалик билан эгалланган 414,0 кв.метр ер участкасида 2018 йилда уй жой қурилганлиги ва Н.Мухиддинова оила аъзолари билан биргаликда мазкур уй-жойда истиқомат қилиб келаётганлиги тўғрисида расмий ҳужжат ҳисобланган ўзи томонидан рўйхатга олинган 22-сонли маълумотномага қасддан сохта ёзувлар киритиб, қонунга хилоф равишда ўз имзоси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини муҳри билан тасдиқлаб, сохта маълумотлар киритилган ҳужжат тузиб, мазкур маълумотномани Давлат хизматлари маркази орқали тақдим этиб, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича аризани туман комиссия аъзоларига юборилишига эришиб, Когон туман ҳокимининг 22.11.2019 йилдаги 4514-сонли қарори асосида фуқаро Н.Мухиддиновага 414,0 кв.метр ўлчамдаги ер участкасига ғайриқонуний равишда мулк ҳуқуқи эътироф этилиши оқибатида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари нуфузига путур етказиб, Когон туман ҳокимияти тасарруфида бўлган захира ерлар ҳисобидаги 414,0 кв.метр ер участкасининг муомаладан чиқарилиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқларига ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Шунингдек, судланувчи А.Каримова (исм шарифи ўзгартирилган) ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Когон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келиб, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи мансабдор шахси ҳисобланиб, ўзига берилган ваколатдан ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, ўзига олдиндан таниш бўлган С.Рахимова (исм шарифи ўзгартирилган) билан такроран жиноий тил бириктириб, Низом талабларига зид равишда, Когон туман, «Истиқбол» МФЙ, «Деҳмирзаён» қишлоғи ҳудудида У. Ўктамов 2016 йилдан буён ер участкасига эгалик қилмаслиги 2018 йилда уй-жой қуриб битказмаганлиги ҳамда фуқаро У. Ўктамов мазкур ер участкасида истиқомат қилмаслигини била туриб, 09.01.2019 йилда қонунга хилоф равишда эгалланган 400,0 кв.метр ер участкасида 2018 йилда уйжой қурилганлиги ва Ҳ.Умаров оила аъзолари билан биргаликда мазкур уйжойда истиқомат қилиб келаётганлиги тўғрисида расмий ҳужжат ҳисобланган ўзи томонидан рўйхатга олинган 23-сонли маълумотномага қасддан сохта ёзувлар киритиб, қонунга хилоф равишда ўз имзоси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини муҳри билан тасдиқлаб, сохта маълумотлар киритилган ҳужжат тузиб, мазкур маълумотномани Давлат хизматлари маркази орқали тақдим этилиши натижасида, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқининг эътироф этиш бўйича комиссия ишчи органига юборилиб, Когон туман ҳокимининг 29.06.2019 йилдаги 639-сонли қарори асосида фуқаро Ҳ.Умаровга 400,0 кв.метр ўлчамдаги ер участкасига ғайриқонуний равишда мулк ҳуқуқи эътироф этилиши оқибатида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари нуфузига путур етказиб, Когон туман ҳокимияти тасарруфида бўлган захира ерлар ҳисобидаги 400,0 кв.метр ер участкасининг муомаладан чиқарилиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқларига ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, бир йил муддатга фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
 
Қосим Холов,
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси

Велосипед ўғриси такроран суднинг қора курсисига ўтирди

Юртимиз ривожланиб, мулк шакллари кенгайиб, мулк эгаларининг мол-мулки турли туман бўлиб уларнинг сақлаш шароити соддалашди аммо бундан ғаразли ва паст ниятларда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш ҳолатлари юзага келишига замин яратди.
Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди томонидан жорий йилнинг 18-март санасида кўрилган ишда судланувчи Б. Жураевга (исм шарифи ўзгартирилган) хавфли рецидивист бўла туриб, қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2021 йил 26 сентябр куни тонг саҳарда Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчаси 14/5-уй подъездида қаровсиз қолдирилган, фуқаро Г.Шодиевага (исм шарифи ўзгартирилган) тегишли, баҳоси 1.500.000 сўмлик қора рангли “Ganlan” русумли велосипедни яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яшириниб, хавфли рецидив ўғирлик жиноятини содир қилган.
Бундан ташқари Б.Жураев ўзининг жиноий харакатларини такроран давом эттириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида 2021 йил 5 октябрь куни соат 13:00 да Бухоро шаҳрида жойлашган “Тожмаҳал” тўйхонаси ён томонида қаровсиз қолдирилган фуқаро Х. Муродовга тегишли баҳоси 700.000 сўмлик, қора рангли “Урал” русумли велосипедини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яшириниб, такроран ўғирлик жиноятини содир қилган.
Судланувчига нисбатан тегишли жазо чоралари одил суд томонидан таъминланди.
Судланувчи Б.Жураев ҳаёт йўлини ўзига ўзгалар мулкини яширин равишда егаллаш деб номланувчи қинғир йўлини танлади албатта у бошқа турдаги касб корни амалга ошириши маҳалласининг, халқининг корига ярайдиган шахс бўлиши мумкин эди.
 
Қосим Холов,
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси

Бир лаҳзалик бееътиборлик бир инсон умрига зиён

Транспорт воситалари орқали одам ўлимига сабабчи бўлиш ҳолатлари охирги пайтларда қулоғимизга тез-тез чалинмоқда.

Таҳлилчиларнинг билдиришига биноан ҳар йили транспорт воситалари орқали одам ўлими инсониятнинг бошқа турдаги офатларга нисбатан уч баробар ортиқлиги аниқланган.

Жаҳон статистик маълумотларига биноан ҳар йили автотранспорт воситаларини бошқариш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида миллионлаб киши бевақт вафот этган.

Ушбу мақола орқали Когон туманида рўй берган ва жиноят ишлари бўйича Когон туман судида кўрилган ишни сизларга маълум қиламиз.

2021 йил 15 ноябрь куни кундузги соат 15:10 ларда Н.Камолов (исм шарифи ўзгартирилган) бошқарувида бўлган “Кобальт” русумли автомашинасини Когон туман, “Ўртачўл” МФЙ “Ўртачўл” қишлоғида жойлашган фермер хўжалигига қарашли дала ер майдони ҳудудидан ўтган зовурнинг ён томонидаги тупроқ йўлидан Когон туман маркази томонга бошқариб бораётганида, амалдаги йўл ҳаракати қоидасининг тегишли талабларини бузиб, бошқарувни йўқотиб, автомашина зовур ичига ағдарилиб кетиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Натижада “Кобальт” русумли автомашинани олдинги йўловчи ўриндиғида бўлган йўловчи Т. Темиров (исм шарифи ўзгартирилган) “ОҒИР” тан жароҳати олиб вафот этган.

Суд томонидан судланувчи Н.Камоловга икки йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ва шунча муддатга қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан, яъни барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қосим Холов,

Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси

Нафсига қул инсонни нафси ҳароб қилар

Инсонга неъматлар бисёр бўлганда, нафсига қул банда ҳаром бўлган нарса ортидан қувиб ўз умрига ва саломатлигига зиён қилганини билмай қолар экан мавзуйимиз “қаҳрамони” судланувчи З. А. Шокиров (исм шарифи ўзгартирилган) илгари гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс бўла туриб, 2021 йил май ойида ўзи истиқомат қилган ҳовлиси омборхонасида гултувак ичида тақиқланган экин таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган бир туп “Каноп” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб етиштирган.
Шунингдек, судланувчи З. А. Шокиров 2021 йил 26 ноябрь куни соат 10:00 да Когон туман ИИБ ходимлари томонидан Когон туманида илгари гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс бўла туриб, гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилишга мўлжалланган бир дона 0,5 литр сиғимли “елим идиш ва қоғоз бўлакларига ўралган ҳолдаги қуритилган «марихуанна» гиёҳвандлик воситасини келгусида ўтказиш мақсадини кўзламасдан қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳужжатлаштириб олинган.
Суд томонидан судланувчи З.А.Шокировга ҳукмлар мажмуи бўйича
узил-кесил тўрт йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи таъминланди.
Жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида судланувчи истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини ва ички ишлар бўлимига хусусий ажримлар чиқарилиб, жиноятчиликка ва унинг сабабларини бартараф этишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда ўқувчиларимизга юзланиб билдиришни истаймиз ҳавойи нафсга эргашман унинг охири мудом надоматдир.
 
Қосим Холов,
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси

Фирибгарнинг фириблари уни такроран суднинг қора курсисига олиб келди

Жамиятимизда эркин иқтисодий муносабатлар ва хусусий сектор фаолиятига кенг миқёсда йўл очилиши замирида иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар хусусан ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш жиноят туркумининг фирибгарлик жиннояти салмоқли даражада ошди.
Жумладан судланувчи А.А. Рахимов (исм шарифи ўзгартирилган) алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида гарчи муқаддам шу турдаги жиноятни содир этган бўлсада, такроран, 2021 йил сентябрь ойларида ўзи яшаб келаётган Когон туман “Геофизика” МФЙ Сарибозор кўчасида фуқаро С. С. Сатторовнинг (исм шарифи ўзгартирилган) ишончини суистеъмол қилиб, фуқаро
Ғ. Д. Дилмуродовага (исм шарифи ўзгартирилган) тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинасини 2021 йил 15 октябрь куни расмийлаштириб беришни ваъда қилган ҳолда 2.650 АҚШ долларига сотиб, шундан 2.250 АҚШ доллари миқдордаги пулларни олиб, С.С. Сатторов томонидан машинага яна 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни харажат қилдириб, машинани расмийлаштириб бермасдан, олинган пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб, жабрланувчи С.С.Садриддиновга 25.125.988,5 сўмлик моддий зарар етказиб, хавфли рецидив фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Шунингдек судланувчи А. А. Рахимов (исм шарифи ўзгартирилган) алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида 2021 йил 17 ноябрь куни Когон тумани “Беклар” МФЙ Хўжафайз қишлоғи 164-уйнинг олдида фуқаро Х. Ф. Саматовага (исм шарифи ўзгартирилган), унга ота-онасининг даволаниши учун пул зарур бўлаётганлигини айтиб, ишончини суиистеъмол қилган ҳолда 10 кунлик муддатда қайтариб беришни ваъда қилиб, 100 АҚШ долларини алдов йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчи Х. Ф. Саматовага моддий зарар етказиб, такроран хавфли рецидив фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Халқимизда бир гўзал нақл бор “қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда бўлса ҳам ошкор бўлади”, судланувчи А. А. Рахимов (исм шарифи ўзгартирилган) ўзига ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни касб қилиб олди аммо, жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини унутиб қўйди ва унга нисбатан одил суд томонидан ҳукмлар мажмуи тариқасида узил-кесил беш йил икки ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
 
Қосим Холов,
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси

Қонунчилигимиздаги янгиликлар туркумидан

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш юзасидан.
Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг жадал суратларда ривожланиши қонунчилик соҳасини ҳам такомиллаштиришга зарурут туғдирди.
Бунинг натижасида жорий йилнинг 31-май санасида “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 773-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси кенгайтирилиб, қуйидаги таҳрирда қабул қилинди.
Турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини, кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш
Турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, умум фойдаланадиган жойларни санитария ҳолатида сақлаш қоидаларини бузиш, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш (бундан ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно), кўп квартирали уйлардаги турар жойларда чорва молларни, худди шунингдек одамларнинг саломатлигига хавф солувчи ҳайвонларни боқиш —фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш —мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Кўп квартирали уйлардаги таянч ва (ёки) тўсиқ конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ва (ёки) реконструкция қилиш, шу жумладан кўп квартирали уйларда ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморатлар (иншоотлар) қуриш ишларини амалга ошириш, —фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — қирқ бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни (тўсиқ конструкцияларга оид қисмида) биринчи марта содир этган шахс, агар у кўп квартирали уйдаги тўсиқ конструкцияларнинг амалга оширилган ўзгартирилишини ёки уларни реконструкция қилиш туфайли йўл қўйилган бузилишларни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни (иншоотларни), шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексимизнинг тўлдирилган моддаси билан эндиликда кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш ва уларнинг таянч конструкцияларига ташқи таъсир етказиш ҳамда уларга туташ ер учаскаларида ўзбошимчалик билан иншоотларни барпо этиш маъмурий ҳуқуқбузарликни вужудга келтириши қонунчилигимизда мустаҳкамланди.
 
Қосим Холов,
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси

АСОСИЙ МАҚСАД СУДЬЯЛАРНИНГ ЧИНАКАМ МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ЎРҚ-717-сонли Қонун 20.09.2021 йилда Президент томонидан имзоланди. «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг таркиби ва уни шакллантириш тартиби ўзгартирилиб, Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланиши, Кенгашнинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга ошириши, Кенгашнинг қолган етти нафар аъзоси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши, Кенгашнинг судьялар орасидан тасдиқланган ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи ўн бир нафар аъзоси Кенгаш томонидан унинг раиси тақдимига биноан Кенгашнинг шўбаси ҳамда Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси таркибига, шу жумладан мазкур тузилмаларнинг раҳбарлари лавозимларига сайланиши белгиланди.
Бундан ташқари, Кенгаш эндиликда, судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиб, уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради, суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқади ва принципиал баҳолайди, судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради.
Шунингдек, Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг масъулияти оширилиб, Кенгаш фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва Кенгаш зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан масъул бўлишлиги белгиланган ҳолда, суд ҳокимияти мустақиллигини, судьялар дахлсизлигини таъминлашга ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳақида, шунингдек суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якунлари бўйича ахборот тақдим этиши тасдиқланди.
Бундан ташқари, Қонун билан Кенгаш раиси ўринбосари ваколатларига ҳам ўзгартишлар киритилган бўлиб, унга кўра, Кенгаш раиси ўринбосари судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир ишларни ташкил этади.
Шунингдек, Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, Кенгаш раиси судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга оширишга аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритиши мумкин. Прокуратура органларига киритилган тақдимнома 1 ой муддатда кўриб чиқилади ва Кенгаш жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисида ёки уни қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Бош прокуратура томонидан хабардор қилинади.
Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимча натижасида судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси оширилишига, суд тизимида коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмлари янада ривожлантирилишига эришилади.
 
 
Гулрух Рахимова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси
 
Убайдулло Аллаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

Судланганликнинг ҳуқуқий аҳамияти

Судланганлик — бу шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм қилинишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади. 

Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Судланганлик ушбу қонунда назарда тутилган ҳолларда ва шахс янги жиноят содир этгандагина ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади.

Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

Жазони ўтаган, аммо қонуннинг ўзгариши билан бундай қилмиш жиноят деб ҳисобланмайдиган тақдирда, шунингдек содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Судланмаган шахс билан солиштирганимизда Судланганлик судланган шахснинг ҳуқуқларини чеклаш билан бирга унга муайян мажбурият ҳам юклайди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки бу бошқа ҳуқуқий бўлмаган оқибатларни келтириб чиқармайди. Судланганлик фақат шахс томонидан жиноят содир этилганда, шу жиноятни содир этишда айбдор деб топилганда, унга муайян турдаги жазо тайинланиб, ҳукм қилинганда келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади.

Шахснинг судланганлиги умумҳуқуқий ва жиноий ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳисобланади.

Шахс содир этган жинояти учун жазога тортилиб, ҳукм қилингандаги умумҳуқуқий аҳамияти шундан иборатки бунда  жиноят қонун ҳужжатларини ташкил қилмайди аксинча норматив-ҳуқуқий актларда мустаҳкамланган бўлади ҳамда бу жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди.

Хусусан, шахснинг судланганлиги тўғрисида (олиб ташланмаган судланганлик мавжуд бўлганда) расмий органларга маълум қилиш мажбурияти бўлади, айтайлик маълум бир мансабни эгаллаш ёки айрим фаолият билан шуғулланишдаги чекловларда намоён бўлади. Масалан, Адвокатура тўғрисидаги қонун судланганлик ҳолати мавжуд бўлганда шахснинг адвокатлик фаолиятини амалга оширишни чеклайди.

Шунингдек, судлангакликка эга бўлган шахсларга муайян бир ҳудудларга бориш ва жойларда бўлиш таъқикланиши мумкин.

Судланганликнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамияти (оқибати) эса судланганлиги мавжуд бўлган шахс томонидан янги жиноят содир этилгандагина вужудга келади.

Хусусан, судланганлик қатор ҳолларда жиноят квалификациясига таъсир этади, яъни жиноий жавобгарликни кучайтирувчи ҳолат ҳисобланади. Булар жиноятлар мажмуи, такроранлигини ва рецидив жиноятни белгилаб беради.

Масалан, ЖКнинг 34-моддасига кўра шахсни ўта хавфли рецидивист деб топилиши учун судланганлик ҳолати асос бўлади.

Судланганлик, агар шахс муқаддам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган бўлса, жазони ижро этиш колонияси турини белгилаш учун ҳам аҳамият касб этади. Масалан ЖКнинг 50-моддасида Озодликдан маҳрум қилиш жазоси тушунчаси ва уни тайинлаш асослари келтирилган бўлиб, ЖКнинг 50-моддаси 6-қисми “в” бандида илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиқиб ёки ўтаётган чоғида, қасддан янги содир этган жинояти учун ҳукм қилинаётганларга нисбатан жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланиши ёки “г” бандида ўта хавфли рецидивистларга нисбатан жазони махсус тартибли колонияларда ўташ тайинланиши белгиланган.

Алишер Ўралов,

Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди раиси

Skip to content