ИЧКИ ИШЛАР БЎЛИМИ ХОДИМЛАРИГА СЕМИНАР

Пешку туман Ички ишлар бўлимида жорий йилнинг 7 июль кунида “Коррупция – ривожланишга тўсиқ” ҳамда “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш”мавзуларида жиноят ишлари бўйича Пешку туман судининг раиси Фаррух Икрамов ҳамда Бухоро вилоят судлари судьялари малака ҳайъати аъзоси Ўткир Разиков, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Кун тартибидаги биринчи мавзу юзасидан: суд раиси Ф.Икрамов мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган ҳужжатлар қаторида, 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6127-сонли Фармони судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашда муҳим ҳужжат ҳисобланишини қайд этди.

Одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади. Бугунги кунда барча судларда Е-ХSUD электрон ахборот тизими орқали мурожаатларнинг қонуний муддатларда кўрилиши, ишлар ҳақида батафсил маълумот шакллантирилаётганлиги, бу билан иш ҳужжатларининг қоғоз шаклидаги кўринишидан бутунлай воз кечилиши, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилиги олди олинишига эришилмоқда. Бу ҳам коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.

Кун тартибидаги иккинчи мавзу юзасидан: Бухоро вилоят судлари судьялари малака ҳайъати аъзоси Ў.Разиков судьлик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4096-сон билан қабул қилинганлиги;

хусусан, судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш, касбий этика, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмаларини ўқитишга, суд кадрларининг илмий-таҳлилий ва креатив салоҳиятини шакллантиришга қаратилган, грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича амалга ошириладиган судьялик лавозимларини эгаллаш учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, шунингдек иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ой бўлган, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш;

қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун ва моҳиятини етказишга, касбий, жумладан ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллаш масалаларига доир кўникма ва қобилиятларни такомиллаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш белгиланганлиги;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланиши;

судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланиши;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқиш дастурини бажармаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган тингловчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб бериши мустаҳкамланганлигини таъкидлади.

Судьялар олий кенгаши ҳузуридагиОлий мактаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
67-моддасига кўра, ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин.

Бироқ, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;

илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;

чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;

психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;

судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас.

Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.

Семинар савол-жавобларга бой руҳда ўтиб, Ички ишлар ходимларининг қизиқтирган суд амалиётига оид қатор саволларига жавоб берилди.

Фаррух Икрамов, Жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди раиси

Ўткир Разиков, Бухоро вилоят судлари судьялари Малака ҳайъати аъзоси

Тадбиркорлар куни

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2022 йил 20 июндаги 9-сонли фармойиши ижроси таъминлаш мақсадида Бухоро вилоят иқтисодий судлари томонидан манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ва давра суҳбатлари тарзида ўтказиладиган “Тадбиркорлар куни” режаси доирасида жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси биносида Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари, банклар, йирик инвесторлар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир давомда тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иқтисодий судларга даъво аризалари тақдим этишнинг ўзига хос хусусиятлари, инвестициявий низолар ҳамда иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган бошқа турдаги низоларнинг судларда ҳал қилиш тартиби тўғрисида маълумотларга эга бўлдилар. Шунингдек, давра суҳбати давомида тадбиркорлик субъектлари вакиллари қабули ҳам ўтказилиб, судьялар томонидан уларни қийнаб келаётган муаммоларга жавоблар берилди.

ФОЙДА СОЛИҒИ БАЗАСИГА ТУЗАТИШ КИРИТИШ ҲАМДА ФОЙДА СОЛИҒИ

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти ҳам жаҳон иқтисодий тизимига жадал суръатлар билан интеграциялашиб бормоқда.
Бугунги кунда фойда солиғи миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Чунки фойда солиғи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, экспортни кўпайтириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг асосий инструменти ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 46-боби Солиқ базасига тузатиш киритиш дея номланган бўлиб, Даромадлар ва харажатларга тузатиш киритиш қуйидагича кўрсатилган.
Ҳисобот солиқ давридаги даромад (харажатлар) миқдорининг солиқ базасини аниқлашда илгари даромад (харажат) деб эътироф этилган сумма доирасида кўпайиши ёки камайиши тузатиш киритиш деб эътироф этилади.
Даромадлар ва харажатларга қуйидаги ҳолларда тузатиш киритилиши лозим:
1) товарлар, шунингдек суғурталанувчига суғурта мукофоти тўлиқ ёки қисман қайтарилганда;
2) битим шартлари ўзгартирилганда;
3) нархлар ўзгартирилганда, сотиб олувчи томонидан чегирмадан фойдаланилганда;
4) кўрсатилган хизматлардан воз кечилганда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг
332-моддасидасининг иккинчи қисмида назарда тутилган даромадлар ва харажатларга тузатиш киритиш қуйидагича амалга оширилади:
Кафолат муддати белгиланган товарлар (хизматлар) бўйича — кафолат муддати доирасида;
Суғурта мукофотлари бўйича — шартномани бекор қилиш пайтида;
Бошқа ҳолларда — бир йиллик муддат доирасида.
Солиқ кодексининг 332-моддасига мувофиқ даромадлар ва харажатларга тузатиш киритиш мазкур модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳоллар юзага келганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади. Бунда товарни (хизматни) сотувчи ушбу Кодекснинг 257-моддасида назарда тутилган тартибда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадга тузатиш киритади.
Мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда даромадлар ва харажатларга тузатиш киритиш мазкур ҳоллар содир бўлган солиқ даврида амалга оширилади.
Даромадлар ва харажатларга тузатиш киритиш солиқ тўловчи солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтган тақдирда ҳам амалга оширилади, бундан тузатиш киритилаётган даромадлар бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш ҳоллари мустаснолиги кўрсатиб ўтилган.
Хўш фойда солиғининг ўзи нима ва у қандай ҳисобланади,
Ҳозирги вақтда миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини оширишда фойда солиғини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Деярли барча солиқлар рақобатбардошликка таъсир қилади. Шунингдек, солиқлар рақобатга камида 2 та йўналиш бўйича таъсир қилади.
Биринчидан, улар ишлаб чиқариладиган товар ва хизматларнинг таркиби ва умумий миқдорининг ўзгаришига сабаб бўла олади.
Иккинчидан, улар турли хил товар ва хизматларни ишлаб чиқарувчиларни ўзгартира олади. Солиқларнинг рақобатбардошликка таъсирининг янги пул ва инвестор моделларини таклиф этади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, эркин рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш ва барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг имконият яратишга қаратилган солиқ тизимини жорий қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу борада, корхоналар фойдасини солиққа тортиш борасида амалга оширилган ислоҳотларни алоҳида қайд этиш лозим. Бунда фойдадан олинадиган солиқ юкини камайтириш, қўшимча солиқ турларини қисқартириш, фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришни соддалаштириш ва солиқ ставкаларини оптималлаштиришга эътибор берилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлда қабул қилинган ПФ-5116-сонли Фармонига асосан 2018 йилдан корхоналарнинг соф фойдасидан 8 фоиз миқдорида ундириладиган ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи фойда солиғи билан унификация қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июнда қабул қилинган ПФ-5468-сонли Фармони билан мамлакатимиз солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепияси қабул қилинди.
Мазкур концепцияга мувофиқ, 2019 йилдан фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизга, тижорат банклари учун – 22 фоиздан 20 фоизга пасайтирилди, шунингдек, мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахслар учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб фойда солиғи ҳисоблаш тартиби, цемент (клинкер) ва полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчи корхоналар учун қўшимча фойда солиғи бекор қилинган ҳолда фойда солиғи ставкаси 20 фоизга оширилди.
Фойда солиғининг асосий ставкаси 2015 йилда 7,5 фоизни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда 14 фоизга ошган. 2019 йилда 12 фоизни ташкил этган ҳолда 2018 йилга нисбатан 2 фоизга пасайган.
Шунингдек, банклар учун фойда солиғи ставкаси 2015 йилда
15 фоизни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда 22 фоизга ошган.
Фойда солиғининг асосий ҳамда банклар учун ставкасининг
2015 йилда 2018 йилга ошишига сабаб корхоналарнинг соф фойдасидан 8 фоиз миқдорида ундириладиган ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг фойда солиғи билан унификация қилиниши ҳисобланади.
Ушбу даврда фойда солиғи ставкаси ошган бўлсада, корхона фойдасидан олинадиган солиқ миқдори камайган.
Аукционлар ўтказишдан ва оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромад олувчи юридик шахслар учун фойда солиғи ставкаси 2015-2019 йилларда 23 фоизга яъни 3,0 баробарга камайди. Фойда солиғи ставкасининг камайишини мазкур корхоналар учун 2018 йилдан асосий ставканинг жорий қилиниши билан изоҳлашимиз мумкин.
Мобил алоқа хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар учун фойда солиғи ставкаси 2015 йилда 7,5 фоизни ташкил этган. 2016 йилдан бошлаб мазкур корхоналар учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб фойда солиғи ҳисобланиши белгиланди.
Натижада фойда солиғи ставкаси уяли алоқа компаниялари (рентабиллик даража 30%) учун 21,6 фоизга ошди. Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг фойда солиғи билан унификация қилиниши натижасида 2018 йилда фойда солиғи ставкаси 26 фоизга ошди. Ушбу солиқ тўловчилар учун 2019 йилдан рентабеллик даражасидан келиб чиқиб фойда солиғи ҳисоблаш тартиби бекор қилинди ва солиқ ставкаси 20 фоизга пасайтирилди.
Цемент (клинкер) ва полиэтилен гранулалар ишлаб чиқаришни амалга оширувчи солиқ тўловчиларга 2015-2018 йилларда фойда солиғининг асосий ставкаси бўйича солиқ солинган. Шунингдек, ушбу даврда қўшимча фойда солиғи ундирилган. Мазкур солиқ тўловчилар учун 2019 йилдан қўшимча фойда солиғи бекор қилинди ва фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 20 фоизга оширилди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 2015-2019 йилларда фойда солиғи ставкалари оптималлаштирилди ва фойдадан олинадиган солиқ турлари қисқартирилди. Шунингдек, фойдадан олинадиган солиқ миқдори камайтирилди.
Кейинги йилларда фойда солиғи ставкаларининг оптималлаштирилганлиги, фойдадан олинадиган солиқларнинг қисқартирилганлиги, фойдага солиқ солиш соддалаштирилганлиги ҳамда умумбелгиланган ва соддалаштирилган тартибда солиққа тортиш такомиллаштирилганлиги натижасида фойда солиғи тушуми 2019 йилда 16 360,5 млрд.сўмга етди.
Фойда солиғи тушуми ортиши натижасида ЯИМдаги улуши, Давлат бюджетидаги ва бевосита солиқлар таркибидаги улуши ҳам ортган. Жумладан, фойда солиғининг ЯИМдаги улуши 2019 йилда 3,2 фоизни ташкил этиб, 2,6 фоизга ошган. Давлат бюджетидаги улуши 2015 йилда 3,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 14 фоизга ошган. Фойда солиғининг бевосита солиқлар таркибидаги улуши эса 2019 йилда 51,7 фоизни ташкил этган ҳолда 2015 йилга нисбатан 38,3 фоизга ёки 3,8 баробарга ошган.
Бундан кўриниб турибдики, фойда солиғи кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бюджет даромадларини шакллантирадиган асосий солиқ туридан бирига айланди.
Мамлакатимизда 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб амалга киритилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан фойда солиғи бўйича бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, бозорлар, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчи корхоналар ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар учун фойда солиғи жорий қилинди. Зарарларни тақсимлаб кўчириш муддати 5 йилдан 10 йилга узайтирилди, чегаравий миқдори эса солиқ солинадиган базанинг 50 фоиздан 60 фоизгача оширилди. Шунингдек, солиқ солинадиган фойдани камайтириш тарзидаги имтиёзлар бекор қилинди.
Фойда солиғи ставкалари Солиқ кодексининг 337-моддаси билан белгиланди. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари, ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи солиқ тўловчилар ва қўшимча манбалардан даромадлар олувчи бюджет ташкилотлари учун фойда солиғи ставкаси 0 фоиз миқдорида белгиланди.
 
Бухоро вилоят маъмурий
судининг раиси
С.Турсунов

Фуқаролик судларида регресс талаблар билан боғлиқ ишларни кўриш амалиёти

Фуқаролик судларида регресс талаблар билан боғлиқ ишлар даъво тартибда кўриладиган ишлар тоифасига мансуб бўлиб, мазкур институт шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг ўзига хусусияти бўлиб бунда  бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга бўлади.

Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1001-моддасига мувофиқ ҳисобланган, бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Биргаликда етказилган зарарни тўлаган зарар етказувчи зарар етказувчиларнинг ҳар биридан жабрланувчига тўланган товоннинг ҳар бир зарар етказувчининг айби даражасига мос улушини талаб қилишга ҳақли. Айбнинг даражасини аниқлаш имконияти бўлмаганда улушлар тенг баравар деб ҳисобланади.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарарни тўлаган давлат бундай шахсларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳолларда, бу шахсларга нисбатан регресс ҳуқуқига эга.

Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган давлат содир этилган айбли ҳаракатлари террорчиликка қарши операция ўтказилишига сабаб бўлган шахсга нисбатан тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

         Фуқаролик судларида жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорнинг айби билан етказилган зарар учун учинчи шахсга тўлаган тўловларнинг қайта ундиришни кўриб чиқишда  юқоридаги қонун талабларига риоя қилган ҳолда, қарздорнинг айби ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолатларга  баҳо бериб хулоса қилинади.

         Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманларо суди томонидан
2022 йилнинг январ-май ойларида прокуратура органларининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган корхона ташкилотлар манфаатида тақдим қилган, суғурта ташкилотлари фуқаролик тусдаги шартномалар юзасидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг регресс талаблар бўйича тақдим қилган 20 га яқин даъво аризалари қабул қилинган бўлиб, барча даъволар қаноатлантирилган.

         Хулоса қилиб айтганда мазкур институт жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорнинг қонун ва шартнома мажбуриятини бажармаганлиги оқибатида унинг етказган зарари учун тўлаган тўловларини қайта ундириш бўйича ҳуқуқларини амалга ошириш учун хизмат қилади.

Озоджон НОВРУЗОВ,

Бухоро вилот суди судьяси.

Файзулло КАДИРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Қоракўл туманлараро суди судьяси

“СУДЛАР ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУННИНГ мазмун-моҳияти ҳақида

Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, ҳар бир инсон тақдирига, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини олий қадрият даражасида кўтариш ва давлат муҳофазаси кафолатларини кучайтириш, пировард натижада “инсон қадри”ни амалда таъминлашга қаратилган. Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги беш йилда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов муҳим ўрин тутиши эътиборга олинди.
Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Қо­нун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари» доирасида суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштиришга аоҳида аҳа­мият­ берилмоқда.
Жумладан, соҳада йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қи­лиш борасида Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда Парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ор­тиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишонч­ли ҳимоя қилиш даражасини ошириш, одил судловдан фойдаланиш имко­ният­ларини кенгайтириш, суд тизимини такомиллаштириш борасида муҳим ислоҳотлар, ташкилий-ҳуқуқий, тузилмавий, институционал ўзгартиришлар амалга оширилди.
Бу борадаги ижобий ўзгаришлар БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги ма­саласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян томонидан ҳам эътироф этилди.
Суд тизимида амалга оширилган ислоҳотлар халқаро рейтинг ва индексларда ҳам мамлакатимиз нуфузига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Эътиборлиси, ушбу рей­тинглар­­да мамлакатимизнинг ўр­ни асосан суд фаолияти самарадорлигига эришганлиги натижасида яхшиланган. Ушбу кўрсаткич энг юқо­ри бўлган 16,6 балл­га кўтарилди.
Бундай натижаларга эришишда, албатта, соҳада амалга оширилган тарихий ислоҳотлар ҳамда қабул қилинган қонунлар муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритганда, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Судлар тўғ­рисида»ги қонун мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилганига эътибор қаратиш лозим. Мазкур қонун «ўтиш даври»нинг кенг кўламли ўзгаришларини ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади. Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш борасида мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди. «Судлар тўғрисида»ги қонун 2000 йил 14 декабрда янги таҳрирда қа­бул қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг янги босқичи қо­нун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳам­да фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.
Реал ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва илғор халқаро­ стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан-тўғри амал қиладиган замонавий суд қонунчилигини шакллантирмасдан туриб, ушбу вазифаларга эришиб бўлмайди.
Бунда «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг амалда бўлган таҳририга 2001 йилдан бошлаб 19 марта концептуал ўзгартиришлар киритилди. Шунга қарамай, ушбу қонунда суд тизимидаги ислоҳотлар, чуқур ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган ва у одил судлов соҳасидаги халқаро стандартларга, замонавий талабларга жавоб бермай қолган эди.
Шу сабабли мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳатларининг мантиқий давоми сифатида ҳамда Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолия­тини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга до­ир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан янги таҳрирдаги «Судлар тўғ­рисида»ги қонун ишлаб чиқилди.
«Судлар тўғрисида»ги қо­нуннинг янги таҳрири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинди, Сенат томонидан 26 июнда маъқулланди ҳамда 2021 йил 28 июлда Президентимиз томонидан имзоланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 25-26 июнь кунлари бўлиб ўтганўн олтинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонунлардан “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида тўхталадиган бўлсак,1993 йилда қабул қилинган ва ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, 2000 йил  14 декабрда янги таҳрири тасдиқланган, 2021 йил 28 июлгача амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, Қонунда суд тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижасида вужудга келган ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган эди.
         “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 14 та боб ва 101 та моддадан иборат бўлиб, Қонун билан одил судловнинг асосий принциплари ва суд ҳужжатларини қайта кўриш тартиби такомиллаштирилди, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди, судьялик лавозимига номзодлар ва сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мослаштирилди, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилди, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби аниқлаштирилди ҳамда судьяларнинг ижтимоий ҳимояси боғлиқ масалалар акс эттирилди.
Янги қонуннинг асосий маз­­мун-моҳияти қуйидагиларга қаратилган:
Биринчидан, суд тизимида амалга оширилган ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар қо­нунда акс эттирилди. Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ягона судга бирлаштирилгани ва маъмурий судлар тизимидаги ўзгаришларга оид нормалар назарда тутилди.
Иккинчидан, одил судловнинг асосий принциплари қайта кўриб чиқилди. Яъни қо­нунийлик, одил судловни амалга оширишда малакали юридик ёрдам, суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи каби янги асосий принциплар билан тўлдирилиб, амалдагиларига таҳририй ўзгартишлар киритилди.
Учинчидан, суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қай­та кўриш тартиби илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштирилди. Хусусан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилиши муносабати билан Олий суд Пленуми, Раёсати, барча судларнинг ваколатлари, таркибларига тегишли ўзгартишлар киритилиб, амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқлаштирилди.
Тўртинчидан, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди. Судьяларнинг ахборот-коммуникация технологиялари тизимидан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилди. Уларнинг мажбуриятлари «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун, Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси талабларига мувофиқлаштирилди.
Бешинчидан, судьялик лавозимига номзодлар ва судьялик лавозимига тайинланадиган, сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин бўлмаган шахслар дои­раси белгиланиб, иш стажлари бўйича талаблар қайта кў­риб чиқилди.
Олтинчидан, судьялар, суд раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби такомиллаштирилди.
Еттинчидан, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби унинг ҳуқуқ ва манфаатларини эътиборга олган ҳолда қай­та кўриб чиқилиб, унинг мақомига мослаштирилди. Бунда судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилиши назарда тутилди. Судьяларга нисбатан қўлланиладиган интизомий чоралар тури кенгайтирилди. Судья­ларга интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилди.
Саккизинчидан, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби янада аниқлаштирилди. Судьянинг ваколатларини тўхтатиш асослари кенгайтирилиб, судьяга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса ёки судья давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловида депутатликка номзод сифатида иш­тирок этаётган тақдирда судьянинг ваколатлари тўхтатилиши белгиланди.
Тўққизинчидан, судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қи­лиш чоралари кучайтирилди.
Шунингдек, илк бор «Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги, «Судья­ларнинг малака даражалари тўғрисида»ги ва «Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида»ги Низомлар қонун билан тасдиқланди.
Шундай қилиб, «Судлар тўғ­­рисида»ги қонуннинг ян­ги­ таҳрирда қабул қилиниши:
– суд-ҳуқуқ соҳасида сўнг­ги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни қонун билан мус­таҳкамлашга;
– судьяларнинг мустақиллигини тўлиқ таъминлашга қа­­ратилган кафолатларни янада кучайтириш, судьялар мақомининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга;
– фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, бунга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга;
– одил судловга оид ҳу­қуқий нормаларни халқаро стандарт­ларга мослаштириш, бу борадаги халқаро ҳужжатлар нормаларининг миллий қонунчиликка имплементация қилинишига;
– суд ҳокимияти билан боғлиқ масалаларни меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солиш амалиётини бекор қи­лишга, одил судлов самарадорлигини оширишга;
– суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича хал­қаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.
Бундан ташқари қонунда БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йил                          19-25 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунларига доир маърузасида берилган тавсиялари инобатга олинган ҳолда муайян нормалар баён этилди. Бу ҳам мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятлари бажарилишига қў­шилган ҳиссадир.
 
“Судлар тўғрисида”ги 28.07.2021 йилдаги ЎРҚ-703-сон Қонунига асосан суд тизими ўзгартирилди, Конституциявий суд ва Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби эса алоҳида қонунлар билан белгиланади.
Янги қонунга кўра, суд тизими энди қуйидагилардан иборатдир:
·         Конституциявий суд;
·         Олий суд;
·         ҳарбий судлар;
·         Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
·         Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
·         фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари;
·         жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари;
·         туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари;
·         туманлараро маъмурий судлар.
Конституциявий суд ва Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонунлар билан белгиланади.
         Қуйидагиларнинг ваколатлари чегараси белгиланди:
·         Олий суд, унинг Пленуми ва Раёсати, шунингдек раис, раиснинг биринчи ўринбосари ва раиснинг ўринбосарлари  – судлов ҳайъати раислари;
·         Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, уларнинг раёсатлари ва суд ҳайъатлари;
·         фуқаролик ишлари, жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, иқтисодий судлар;
·         Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди;
·         туманлараро маъмурий судлар.
         Судьялик лавозимига сайланадиган, тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талаблар эса Қонуннинг 68-моддасида кўрсатилган бўлиб, унга кўра:
·                  Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида 15 йиллик иш стажига (2021 йил 29 июлгача амалда бўлган Қонунда 10 йил эди), шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йиллик иш стажига(олдин 5 йил эди) эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси бўлиши мумкин.
·                  Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида 10 йиллик иш стажига (олдин 7 йил эди), шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 2 йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси бўлиши мумкин.
·                  Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, 35 ёшга тўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида 7 йиллик иш стажига(олдин 5 йил эди) эга бўлган шахс туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин.
·                  Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.
 
·                  “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 71-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун — 65 ёшни ташкил этади.
·                  Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 5 йилгача, бошқа судлар судьясининг ёши эса Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан худди шундай 5 йилгача узайтирилиши мумкин.
·                  Судья қонунчиликка мувофиқ пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
         Қуйидагилар эса судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас:
·                  жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;
·                  илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;
·                  чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;
·                  суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;
·                  психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;
·                  судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс.
 
·                  “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, судьялар корпусини шакллантириш судьяларнинг мустақиллиги принципига қатъий мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилади.
 
Қонуннинг 85-моддасига кўра, ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.
 
Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.
 
Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги илгари қонуннинг 73 моддаси билан тартибга солинган бўлса, энди ушбу нормага 4 та моддадан иборат 11-боб бағишланган.
Унга кўра, судья интизомий жавобгарликка қуйидаги ҳолатларда тортилиши мумкин:
·         одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлик учун;
·         суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун;
·         судьялик шаъни ва қадр-қимматига боғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун;
·         Судьялар одоби кодекси талабларини бузганлик учун.
Судяларнинг малака ҳайъати судяга қуйидаги интизомий жазолардан бирини қўллаши мумкин:
·         огоҳлантириш;
·         ҳайфсан;
·         ўрача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;
·         малака даражасини бир поғонага пасайтириш;
·         ваколатларини муддатидан илгари тугатиш.
Янги қонун билан киритилган 12-боб судянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳолатлари ва тартибини назарда тутади.
Судяларни моддий қўллаб-қувватлашга келадиган бўлсак, янги қонун уларга уй-жой олиш ва ижарага олинган турар-жой бинолари учун компенсация олиш имкониятини беради.
Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.
Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.
Суд мажлисида ҳозир бўлган шахслар ва ОАВ вакиллари қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин. Бироқ, тартибнинг ўзи ушбу қонунда баён қилинмаган.
Бир сўз билан айтганда, қонуннинг қабул қилиниши эса Ўзбекистон Республикасида суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини ва судьялар мустақиллиги кафолатларини такомиллаштиришга, судьялик касбининг обрўсини кўтаришга, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суднинг нуфузини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
 
 
Икром ТОШОВ,
Бухоро вилоят суди судьяси

Қоракўл туманида “Аёллар дафтарида” рўйхатда турувчи фуқаролар қабул қилинди

2022 йил 11 июнь куни фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди ва жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман судлари томонидан Қоракўл туман ҳоким ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими билан ҳамкорликда Қоракўл туман Маданият маркази биносида Қоракўл туманида “Аёллар дафтарида” рўйхатда турувчи фуқаролар қабул қилинди
Ушбу қабул давомида “Аёллар дафтарида” рўйхатда турувчи фуқароларнинг 30 яқин мурожжатлари ўрганиб чиқилиб, уларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Хусусан никоҳдан ажратишга оид 3 та, уй-жойга оид 5 та, алимент пулини олишга оид 8 та, ер низосига оид 2 та, маъмурий ва жиноят ишига оид 3 та ва бошқа мазмундаги мурожжатларни ташкил этади. Шунингдек, қабул давомида “Аёллар дафтарида” рўйхатда турувчи фуқаролар фуқаролик ва жиноий судларида қандай ишлар кўрилиши ва қандай мазмундаги даъво ва ариза билан мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақида ҳуқуқий тушунтириш берилди.
 
Фуқаролик ишлари бўйича
Қоракўл туманлараро суди судьяси                               Р.В.Кенджаев

ҲЕЧ БИР АСОСЛАРСИЗ СУДГА ТАҚДИМ ҚИЛИНГАН ДАЪВО РАД ЭТИЛДИ

Айни пайтда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ошиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни амалга оширилган ишлар натижаси сифатида келтириб ўтиш мумкин.
Бироқ судларга ҳар доим ҳам асосли мурожаатлар келиб тушмайди.
Буни ФИБ бухоро туманлараро судида кўрилган иш мисолида таҳлил қиламиз.
Даъвогар А.А. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар уйдан бир камаз нарсаларни ва пулларни олиб кетганлигини, холаси М.Ахмедова /Мастура/дан 4 500 000 сўмни қарз сифатида 2019 йилда олган бўлиб, жавобгар ушбу пулларни опаси Рахмонова Муборакка берганлигини, ушбу қарзни олиш учун судга мурожаат қилаётганлигини келтириб, жавобгардан 4 500 000 сўм қарзни ундиришни сўраган.
Фуқаролик иши ҳужжатларига қараганда, фуқаро М.М. /даъвогарнинг онаси/ 2021 йил 16 ноябрда Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ га қилган мурожаатида келини Б.Б. бошқа эркак билан юрганини, буни ўғли билганинини, келини эса уйдан барча нарсаларни суд қарорисиз олиб чиқиб кетганлиги юзасидан бирор бир кишининг ҳаракатларида жиноят ёки ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлмаганлиги сабабли Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ИИО ТП профилактика инспектори /катта лейтенант О.Камолов/ томонидан 2021 йил 20 ноябрда жиноят ёки маъмурий иш қўзғатишдан рад қилинган.
Мазкур қарор қонуний кучида эканлигини, прокуратура органлари томонидан бекор қилинмаганлигини, келини ва унинг опаси ўртасидаги пул олди-бердиси, моддий зарарни қоплаш юзасидан ФИБ Бухоро туманлараро судига мурожаат қилиши мумкинлигини тушунтириб, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан М.Ахмедовага 2021 йил 20 декабрда жавоб хати берилган.
Ушбу асосларни келтириб, даъвогар А.А. судда даъво қўзғаган.
Ўзбекистон Республикаси ФПК 72-моддасининг 1-қисмига асосан, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.
Ўзбекистон Республикаси ФК 234-моддасининг 1 ва 2 қисмларига мувофиқ, мажбурият — фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Суд даъвогарнинг важларини муҳокама қилиб, улар билан келишмайди ҳамда иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, 2022 йил 7 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.А.нинг жавобгар Б.Б.га нисбатан қарзни ундириш ҳақидаги даъвосининг рад қилиниши қонунийлик, ва адолат тамойилларига тўла мос келади деб ҳисоблайди.
Чунки, қонун талабига кўра, аризачининг талаби бўйича мажбурият – шартнома (келишув, тилхат) дан келиб чиқади ва айни пайтда жавобгар ва даъвогар ўртасида қарз муносабатларини юзага келган деб ҳисоблаш учун асослар мавжуд эмас, яъни даъвогар томонидан судга бирор-бир ёзма далил тақдим қилинмади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 74-моддасига асосан, қонун бўйича муайян исботлаш воситалари билан тасдиқланиши шарт бўлган ишнинг ҳолатлари бошқа ҳеч қандай исботлаш воситалари билан тасдиқланиши мумкин эмас.
Ушбу хулосага келишда суд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Биринчи инстанция суди томонидан Фуқаролик процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2018 йил 19 майдаги 14-сонли Қарорининг ўн бешинчи банди учинчи хатбошисида берилган тушунтиришларга таянади. Яъни тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан тақдим этилган, алоқадорлик (ФПК 73-моддаси) ва мақбуллик (ФПК 74-моддаси) талабларига жавоб берадиган ҳар бир далил суд муҳокамаси давомида текширилганлигини таъкидлаб ўтади.
Иш ҳолатлари бўйича даъвогарга жавобгарнинг ёки бошқа шахсларнинг ҳатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари бор деб ҳисоблаган тақдирда, буни тасдиқловчи ҳужжатлар билан тегишли ИИБ га мурожаат қилиш тавсия этади.
 
Фирузжон ЁДГОРОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Бухоро туманлараро судининг раиси

Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби

Дарҳақиқат очиқлик, ошкоралик, барча муаммоларни баралла айтиш, айрим ҳолларда эса фуқароларнинг оғир бўлса-да, ўз ўрнида ҳақли эътирозларига юзма-юз жавоб бериш тараққиётимиз янги босқичида ҳаёт тарзимиз ва фаолиятимиз мезонига айланиб бормоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад эса, халқ билан юзма-юз бўлиб, уни рози қилиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш демакдир.
Кези келганда, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки судлар томнидан оқлов ҳукмларининг чиқарилиши, шунингдек жиноий таъқиб натижасида етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш билан боғлиқ ҳуқуқларининг тикланиши таҳсинга сазовор.
Биргина фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судида кўрилган иш мисолида.
ЖИБ Жондор туман судининг 2013 йил 2 августдаги ҳукми билан С.Ҳ ЖК 210-моддаси 2-қисми “б” банди билан ЖК 45-моддаси қўлланиб, 2 йил мансабдорлки ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда ЖК 57-моддасини қўллаб 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ЖИБ судлов ҳайъатининг 2021 йил 10 февралдаги ажрими билан ЖИБ Бухоро вилоят кассация инстанциясининг 2014 йил 7 ноябрдаги ажрими ва шу суд раёсатининг 2016 йил 3 февралдаги қарори бекор қилинган.
Бухоро вилоят суди ЖИБ судлов ҳайъатининг 2021 йил 1 июндаги ҳкеми билан ЖИБ Жондор туман судининг 2013 йил 2 августдаги ҳукмининг С.Ҳга оид қисми бекор қилиниб, унинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖК 210-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилган.
С.Ҳ айбсиз деб топилиб, ОҚЛАНГАН.
С.Ҳга Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-313-моддаларига назарда тутилган тартибда жиноий таъқиб натижасида етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги эътироф этилган.
Жуда оғир ҳолатларни бошидан кечирганлиги, ҳам иқтисодий ҳам маънавий тушкунлик юзага келганлилигини, адолатсизлик сабаб азият чекиб, кун санаб, сабр-тоқат билан айбсизлигини исботлаш учун кутганлигини, маънавий зарар миқдорини белгилашда “судланган”, “жиноятчи” деган тамғалар билан юрганлигини ва натижаси бўйича чеккан ички изтиробларини инобатга олишни сўрашини келтириб, даъвогар С.Ҳ судда даъво қўзғаган.
Ўзбекистон Республикаси ФПК 75-моддасининг 4-қисмига асосан, жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми суд томонидан ҳукм этилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатлари тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилганлиги ёки содир этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилганлиги ёки этилмаганлиги масалалари юзасидан мажбурийдир.
Ўзбекистон Республикаси ФК 991-моддасининг 1-қисми талабига кўра, қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўлланиш, қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони қонунга хилоф тарзда бериш натижасида фуқарога етказилган зарар терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъий назар, қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан тўла ҳажмда тўланади. Суднинг қарори билан зарарни қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин.
Ушбу кодекс 1022-моддасига асосан, маънавий зарар пул билан қопланади.
Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади. Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим.
Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади.
Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар қопланади.
 Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2000 йил 28 апрелдаги 7-сонли Қарорининг 13-бандида келтирилишича, маънавий зарарнинг миқдорини белгилашда судлар жабрланувчининг унга етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини, шунингдек даъвогарга етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, тажовуз қилинган объектнинг ҳаёт учун муҳимлиги, фойдаси (ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати, шахсий эркинлиги, уй-жойнинг дахлсизлиги, катта қимматликка эга бўлган мулклари ва бошқалар), ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги ва оқибати (яқин қариндошларининг ўлдирилиши, ногиронликка олиб келган тан жароҳати етказилиши, озодликдан маҳрум қилиш, ишдан ёки турар жойдан ва бошқалардан маҳрум қилиш), уялтирадиган нотўғри маълумотларнинг характери ва уларни қанчалик даражада (доирада) тарқатилганлиги, жабрланувчининг яшаш шароитлари, шахсий хусусиятлари (хизмати, оилавий, маиший, моддий томонлари, соғлиғининг ҳолати, ёши ва бошқалар), зарар етказувчининг ва жабрланувчининг айб даражалари, зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни ҳисобга олишлари лозим.
Иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвонинг қисман қаноатлантирилиши, яъни, жавобгар Бухоро вилоят Молия бош бошқармаси орқали қонунчиликда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан С.Ҳ фойдасига 50 000 000 сўм маънавий зарар ундирилиши оқиллик, одиллик, қонунийлик ва ижтимоий адолат тамойилларига мос келади деб ҳисоблайди.
Ушбу хулосага келишда ҳамда маънавий зарар миқдорини баҳолашда суд, даъвогар С.Ҳ суднинг бекор қилинган ҳукмига асосан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланганиб, 2013 йил 6 мартдан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, 2013 – 2016 йилларда озодлиги чекланиб, жисмоний ва руҳий оғриқ кўринишида маънавий зарар кўрганлигини, ўтган 2013 – 2021 йилларда турли ташкилотлар қатори, суд инстанцияларига мурожаат қилиб келганлигини, ҳукм натижасида молиявий қийин аҳволда қолиб, руҳий ҳамда жисмоний азоб кўринишидаги маънавий азобни бошидан кечирганлигини, мазкур ҳолатлар ишдаги мавжуд ҳужжатлар, жумладан жиноят ишлари судларнинг суд ҳужжатлари билан ўз исботини топганлигини, С.Ҳнинг жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятини, унинг шахсий хусусиятлари, маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъий назар қопланишини инобатга олади.
Шунингдек, суд маънавий зарар фақатгина реабилитация этилган шахсгагина етказилишини, бунда маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатларни инобатга олинганлигини алоҳида таъкидлайди.
 
Фирузжон ЁДГОРОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Бухоро туманлараро судининг раиси
 
 
 

Иқтисодий низоларда судгача мажлис ўтказиш

 
Ўзбекистон   Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида 2019 йил 23 майда қабул қилинган 541-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонунига асосан  Иқтисодий процессуал кодекси “163-1-модда” билан тўлдирилиб  “Судгача мажлис” ўтказиш тартиблар ва қоидалари мустаҳкамлаб қўйилган. Аслида “Судгача мажлис” ўтказиш қонунчилигимизда ҳамда Иқтисодий суд ишларини юритиш амалиётида том маънода янгилик бўлди.
Бу орқали тадбиркорлар ва инвесторларнинг ортиқча овогарчиликларини олдини олиш кўзланган. “Судгача мажлис” ўтказиш тартиби фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича (соддалаштирилган тартибда кўриладиган низолар бундан мустасно) даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган ва иш қўзғатилган кундан эътиборан 10 кун ичида ўтказилади.
Судгача мажлис ўтказиш чоғид
а судья, даъвогарни ўзи арз қилган талабларнинг моҳияти бўйича сўроқ қилади, ундан жавобгар билдириши мумкин бўлган эътирозларни аниқлайди, агар бу зарур бўлса, даъвогарга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилади, шунингдек арз қилинган талабларидан воз кечиш ҳуқуқини ҳамда воз кечишнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради ҳамда ишнинг ҳолатлари бўйича жавобгарни сўроқ қилади, даъвогарнинг талабларига қарши унинг қандай эътирозлари борлигини ва бу эътирозлар қандай далиллар билан тасдиқланиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек жавобгарга даъвогарнинг талабларини тан олиш ёхуд қарши талаблар қўзғатиш ҳуқуқини тушунтиради, жавобгарга иш юзасидан ёзма тушунтиришлар тақдим этишни таклиф қилади ушбу ҳаракатлар орқали суд мажлисида тарафларга ҳар томонлама ҳуқуқий тушунтириш берилади.
Бундан ташқари  тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал қилишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш орқали тарафларнинг келишувчанлик имкониятлари оширади, тарафлар ўртасидаги низони тинч йўл билан ҳал этиш тарафларнинг кейинги фаолиятлари учун уларга замин яратиб бериш ҳамда ишчанлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
 Даъвогар ва жавобгарнинг ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда, ишнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда суд муҳокамасининг прогноз қилинаётган, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган илтимосномалар ва ҳужжатларни судга топшириш, гувоҳлар мавжуд бўлганда уларнинг рўйхатларини алмашиш муддатларини назарда тутувчи жадвалини аниқлайди.
Судгача  мажлисида ҳозир бўлган тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслардан улар ўртасида ушбу ишнинг судга тааллуқлилиги масаласи бўйича келишув, бошқа ҳаракатларни амалга ошириш зарурияти мавжудлигини аниқлайди.
Судгача мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслар хабардор қилинганлик фактини қайд этишни таъминлайдиган суд чақирув қоғозлари, буюртма хатлар, телефонограммалар, телеграммалар ва бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади.
Судгача мажлис ўтказилганлиги тўғрисида баённома тузилиб, унда қуйидагилар кўрсатилади: судгача мажлис ўтказилган йил, ой, сана ва жой; ишни юритаётган суднинг номи; судьянинг ва мажлис котибининг (судья ёрдамчисининг ёки катта ёрдамчисининг) фамилияси ҳамда исми-шарифининг бош ҳарфлари; тарафлар, бошқа манфаатдор шахслар ҳақидаги ва уларга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар; тарафлар томонидан берилган тушунтиришлар.
Тарафлар келмаган тақдирда, судья Иқтисодий процессуал кодекси 163-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширади. Бундай ҳолда судгача мажлис баённомаси тузилмайди.
Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, судгача мажлисда иш юритиш тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилганлигининг ўзи ҳам “судгача мажлис” ўтказиш тартибининг нечоғли аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб туради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, судгача мажлис ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад тарафларнинг низо юзасидан келишувга эришиш имкониятларини ошириш, судда ишни ҳар томонлама адолатли ва тез кўриб чиқилишига эришишдан иборатдир.
 
 
Мехринисо ҚОДИРОВА,
Бухоро вилоят суди судьяси,
 
Сухроб ҚЎШШАЕВ,
Пешкў туманлараро иқтисодий суди раиси

Пудрат шартномалари бўйича низоларни судда кўриш хусусиятлари

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминланишига, бизнес юритиш учун қулай муҳит ва шарт-шароит яратишлишига, шунингдек мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу жумладан, қурилиш соҳаси тизимида инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича танлов (тендер) ўтказиш тартиб-таомиллари ва молиялаштириш механизмларини соддалаштириш, мазкур соҳада фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес субъектларига нисбатан преференция бериш ва қулайликлар яратиш ҳисобига улар томонидан иқтисодиётимизга қўшаётган ҳиссаси йилдан-йилга ўсиб бориоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимиз қурилиш саноатини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни изчил давом эттириш, ички бозорни маҳаллий қурилиш материаллари билан тўлдириш ва экспорт салоҳиятини оширишга доир бир қатор вазифалар белгиланган.
Хусусан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳаларда:
тадбиркорларга маслаҳат-сервис ва техник кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш;
ички бозор талабини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига тўлиқ таъминлаш ҳамда импорт ҳажмини оптималлаштириш;
жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, замонавий кўп қаватли бино-иншоотларни қуриш масалаларини ҳал этиш учун талаб этиладиган янги инновацион қурилиш материалларини ўзлаштириш ҳамда юқори қўшилган қийматли рақобатбардош қурилиш материаллари экспорти ҳажмини оширишни рағбатлантириш;
энергия тежамкор ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва экспортчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
тармоқда экологик назоратни янада кучайтириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қарор лойиҳасида қурилиш кластерларини ташкил этиш, унда автоклав усулида газобетон, пенобетон ва бошқа турдаги замонавий энергия тежамкор арзон қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қурилиш кластерларига шаҳар ва қишлоқ жойларида намунавий типдаги арзон уй-жойлар қурилиши дастурлари доирасида уй-жойлар қуриш учун ер майдонларини ажратиш, мазкур дастурларни молиялаштираётган тижорат банклари томонидан қурилиш кластерларига қулай шартларда узоқ муддатли имтиёзли кредитлар берилиши таклиф этилмоқда. Ҳозир қарор лойиҳаси мутасадди вазирлик ва идоралар билан ўрнатилган тартибда келишилмоқда.
​         Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қурилиш соҳаси тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгаймоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда. Жумладан, мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 19 май куни “Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2021 йил
1 январгача импорт қилинадиган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари божхона тўловидан озод этилди. Бундан ташқари, 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача импорт қилинадиган бетон қуйиш қолиплари, бетон тайёрлаш машина ва механизмларини олиб кириш учун қўйилган божхона тўловлари ҳам бекор қилинмоқда.
Қарорга асасан 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда божхона тўловларини тўловчилар импорт қилинадиган қурилиш соҳасида фойдаланиладиган машина ва механизмлар, технологик жиҳозлар, кичик механизация воситалари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар бўйича божхона тўловларини (қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи ҳам бериляпти.
Шу билан бирга, хўжалик юритувчи субьектларнинг пудрат шартномалари бўйича пудратчининг ўзига буюртмачи томонидан қурилиш учун олдиндан тўланган пул маблағлирини мақсадсиз ишлатилиши, талон-тарож қилиниши, сохта тадбиркорлик орқали асоссиз равишда бойлик орттириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Шунингдек, пудрат шартномасининг иштирокчиси ҳисобланадиган буюртмачи ёки пудратчи томонидан мазкур шартномалардан келиб чиқадиган низолар юзасидан тақдим қилинган даъво аризаларини кўриб чиқишда маълум бир қийинчиликларни тарафларнинг ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги ҳам келтириб чиқаради.
Пудрат шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш учун ҳар бир даъво аризани иш юритишга қабул қилиш, тайёрлаш босқичида судья томонидан пухта ўрганиш ва процессуал ҳаракатларнинг тўлиқ бажарилиши суд ҳужжатини қабул қилиш жараёнидаги хатоларнинг олдини олиб, низонинг узоқ муддат чўзилмаслигига сабаб бўлади.
 
Феруз Ражабов,
Бухоро вилоят суди судьяси
 
Музаффар Болтаев,
Когон туманлараро иқтисодий
суди раиси
Skip to content