Гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш

Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири аҳолининг юксак ҳуқуқий маданияти ҳисобланади. Мамлакатимизнинг эндиги тараққиёти жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятини юксалтиришни долзарб вазифа қилиб қўяр экан, шу ўринда аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
        Агар инсоният тарихига назар ташласак, аёллар эркакларга нисбатан камситилган, жамиятни бошқариш ишларидан четлатилган даврларни ифодаловчи илмий манбаларга дуч келамиз. Минг йиллар давомида аёллар фарзанд кўриб, уларни парваришлаш билан чекланганлиги маълум.
       XX асрда аёлларни мана шундай қарашлардан озод қилувчи, оиладаги оналик, рафиқалик масъулиятидан воз кечмаган ҳолда жамиятда эркаклар билан тенг меҳнат қилиш, меҳнатига яраша ҳақ олиш, дам олиш, соғлиқни сақлаш, таълим олиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларга эга бўлиш имкониятини яратди. Аёлларнинг бундай ҳуқуқларга эга бўлишини БМТда ишлаб    чиқилган    халқаро   ҳуқуқ – “Инсон  ҳуқуқларининг умумжаҳон  декларацияси” (1948) ҳамда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция (1979) кафолатлади. Бу ҳужжатлар хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай чеклашларни тугатиб, уларнинг оилавий ҳолатидан қатъи назар, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида: сиёсат, иқтисод, маданият ва фуқароликда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқларини таъминлашга чақиради. У давлатларни хотин-қизларнинг камситилишларига қарши миллий қонунчилик чораларини ҳамда оила ва жамиятда эркаклар ва аёллар ўртасида тенгликни тезлик билан ўрнатишга, уларнинг ҳуқуқлари камситилишини сақлаб қолишга имкон берувчи ижтимоий ва маданий моделларини ўзгартириш чораларини кўришни тавсия этади[1]. Шунингдек, оилавий ҳаётда эркак ва аёллар учун бир хил ҳуқуқ ва бурчларни ўрнатиш лозимлиги кўрсатилган. “Балоғатга етган эркак ва аёллар ирқи, миллати ёки динидан қатъи назар  бирон-бир чеклашсиз никоҳдан ўтиш ва оила қуриш ҳуқуқига эгадирлар. Улар никоҳдан ўтаётганда ҳам, никоҳда бўлган вақтида ҳам ва никоҳ бекор қилинганда ҳам бир хил ҳуқуқлардан фойдаланадилар» (26-модда) деб таъкидланган[2].
       Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси қаторида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, бу халқаро ҳужжатларни эътироф этди ва ўз зиммасига хотин-қизларга нисбатан камситиш сиёсатини ўтказмаслик мажбуриятини олди ҳамда шу мақсадда хотин-қизлар манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини белгиловчи тегишли қонун ҳужжатларини ларини қабул қилди.
        Улар жумласига: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонуни киради.
       Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги (46-модда)[3], оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, эркин ва тенг ҳуқуқли никоҳ тузиш (63-модда), фарзандларни вояга етказиш ва тарбиялаш учун ота-оналарнинг масъуллиги (64-модда) қоидалари белгиланган[4].
        Барчага маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
       Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди.
       Бешинчи мақсаднинг вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.
         Хотин-қизлар дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этади, аммо уларнинг кичик қисмигина муносиб иш билан таъминланади ва қарорлар қабул қилишда қатнашади.Сиёсатда ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёлларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш ривожланиш учун жуда муҳимдир.
         Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги нутқида: “Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.
      Замонавий жамиятда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, шахслараро муносабатларнинг ривожига хизмат қиладиган ва ижтимоий тизимнинг барча шаклларида -оила, иқтисодиёт, меҳнат бозори, давлат маъмурий амалиётида кенг қўлланиладиган,ижтимоий адолат тамойиллари асосида жамият ҳаётини ташкил этишнинг долзарб муаммоси гендер тенглигидир.     
      Гендер — ижтимоий жинс деган тушунчани беради ва уларнинг тенглигини эътироф этади. Гендер — хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларидаги  муносабатларининг мажмуини ташкил этади ва у ривожланиш жараёнининг барча босқичларида: оилада, жамиятда, таълимда, сиёсатда намоён бўлади.
      Жинс бўйича камситиш — жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, жумладан, оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шаҳвоний тегажоғлик қилиш, тенг меҳнат ва малака учун ҳар хил ҳақ тўлаш тушунилади.
       Қонунга кўра, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари:
        Гендер тенглиги соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ва такомиллаштириш;
        Гендер тенглиги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар маданиятини шакллантириш;
        Жамият ва давлат ишларини бошқаришда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш;
        Меҳнатга оид ва оилавий мажбуриятларни бирга бажаришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш;
оилани, болаликни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, масъулиятли оналик ва оталикни шакллантириш;
        Жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишга қаратилган ахборотдан жамиятни ҳимоя қилиш;
        Мазкур соҳадаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқишда нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этиш;
        Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга доир чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш;
       Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш мақсадида минтақавий ва халқаро даражаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш белгиланган.
      Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари қуйидагича шакллантирилган:
·         Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
·         Ўзбекистон Республикасининг Сенатдаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси;
·         Давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ваколатли мансабдор шахс белгиланади.
Ваколатли шахснинг мажбуриятларини бажариш давлат органи раҳбарининг ўринбосарларидан бири зиммасига юклатилади.
       Айниқса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу Қонун кўп йиллик муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир. Бундай чоралар, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари томонидан узоқ вақт давомида тавсия қилиб келинган.
       Зўравонлик қонунга кўра, хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик)да намоён бўлади.
       Зўравонликнинг кўринишлари турлича бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунида зўравонликнинг тўрт асосий
тури белгиланган:
·         Руҳий зўравонлик
·         Жисмоний зўравонлик
·         Жинсий зўравонлик
·         Иқтисодий зўравонлик
Бугунги кунда зўравонликнинг кенг тарқалган – кибер зўравонлик тури ҳам кенг тарқалган бўлиб, у жабрдийдага катта руҳий азоб орқали шикаст етказади.
      Руҳий зўравонлик – хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракатларда намоён бўлади.
      Жисмоний зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли ҳисобланади.
      Иқтисодий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик)да намоён бўлади.
      Жинсий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлашдир.
      Тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш деганда, хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи учун пайдо бўлган хавфни бартараф этиш, тезкор чора-тадбирларни талаб қиладиган ҳаётий вазиятлар юз берганда хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жабрланувчига нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг такроран ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадидаги иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва бошқа тусдаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар тизими тушунилади.
       Тазйиқ  ва зўравонликнинг олдини олишда – хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга, жамиятда хотин-қизларнинг зўравонликдан холи бўлиш ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизими йўналишида кенг қамровли ишларни олиб бориш назарда тутилган. Бундай саъй-ҳаракатларга тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат – Ҳимоя  ордери берилади .
        Гендер тенглик бўйича институционал чораларга келсак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.
       Мазкур янги ташкил этилган барча институционал механизмлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда БМТ Конвенциясига мувофиқ аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам беришнинг ягона яхлит механизмига айланиши масаланинг муҳим томонидир.
       Таъкидлаш жоиз, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга, уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.
      Шу билан бирга, ушбу йўналишда давомий изчил ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ерда нафақат қабул қилинган кўрсатмалар, балки уларнинг халқаро мажбурият ва стандартларга мувофиқлиги, жойларда ўз вақтида ва аниқ бажарилиши ҳам муҳим ахамиятга эга.
        Шу маънода, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирок этишини таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарур.
         Ўткир Разиков,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси
 
Мақсад Матякубов,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди судьяси


 
 
 
 

Воситачилик шартномаси ва унинг турдош шартномалардан фарқли жиҳатлари

Бозор муносабатлари шароитида фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларнинг турлари, уларнинг қўлланиш соҳаси ва ижтимоий-иқтисодий функцияси кенгайиб бориши натижасида, шартномалар иқтисодий муомала иштирокчилариг товарлар, етказиб бериш, иш бажариш ва хизмат кўрсатиш муносабатларининг асосий ҳуқуқий воситасига айланди. Бу ҳолат аввало қонун ҳужжатларида шартномаларга нисбатан ва уни тузувчи тарафларга нисбатан кенг эркинлик ва имтиёзлар берилиши билан боғлиқ. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 1-моддасида шартномалар эркинлиги, хусусий ишларга ўзбошимчалик билан аралашишга йўл қўйилмаслиги, фуқаролик ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширилиши каби асосий негизларнинг белгиланиши фуқаролик муомласида шартномаларнинг аҳамиятини ва уларга бўлган талабларнинг ошишига олиб келди.
Шунингдек, бозор иқтисодиётида воситачилик шартномасининг ҳаётий зарурияти ва моҳияти тубдан ўзгарганлигини эътироф этиш зарур. Бинобарин, собиқ Иттифоқ даврида воситачилик шартномаси асосан фуқароларнинг шахсий истеъмолга мўлжалланган товарларини сотишга ихтисослашган комиссион дўконлар билан фуқаролар ўртасида тузилган. Шу билан бирга чет эл товарларини сотишга ихтисослашган дўконлар ҳам комиссион дўконлар ҳисобланган. Хозирда воситачилик тадбиркорлик фаолиятининг   ўзига хос кўринишига айланди.
Бугунги кунда воситачилик ижтимоий ҳаётнинг деярли барча соҳаларида кенг қўлланилаётганлиги, биринчи навбатда воситачилик фаолиятининг ўз ҳисобидан муайян харажатлар қилмаслиги ва учинчи шахслар ҳисобидан ўз фаолиятини амалга ошириш орқали фойда кўриши билан характерланади. Бинобарин, савдо, хизмат кўрсатиш ва иш бажариш соҳаларида воситачилик хизматидан фойдаланиш, қимматбаҳо қоғозлар муомаласини амалга оширишда воситачининг хизматларидан кенг фойдаланилади.
         Воситачилик шартномасининг тадбиркорлик фаолияти соҳасида кенг қўлланилиши тадбиркорлик муносабатлари ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Воситачилик  шартномасининг айнан тадбиркорлик, савдо муносабатларида ривожланганлиги мазкур шартноманинг тадбиркорлик фаолиятининг муҳим таркибий қисми сифатида намоён этади.
Маълумки, фуқаролик ҳуқуқи шартномалар тизимида хизмат кўрсатиш шартномалари алоҳида ўрин тутади. Бинобарин бозор муносабатлари шароитида субъектларга берилган имкониятлар, фан ва техниканинг ривожланиши бугунги кунда хизмат турларининг ортиб, кенгайиб боришига замин яратмоқда. Бу ҳолатни Бутунжаҳон Савдо Ташкилотининг “Хизматлар савдоси бўйича Бош келишуви” да бир неча юзлаб хизмат турлари белгиланлигидан ҳам кўриш мумкин.         Хизмат кўрсатиш шартномалари тизимида ўзаро ишончга асосланган ва муайян шахслар фойдасига у ёки бу юридик ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган шартномалар гуруҳи мавжудки, бундай шартномалар орасида воситачилик шартномаси алоҳида ўрин тутади. Воситачилик шартномаси бир шахснинг иккинчи шахсга берган топшириғи, фуқаролик-ҳуқуқий характердаги кўрсатмасига асосан вужудга келади ва бунда шартномани ва шартномавий-ҳуқуқий муносабатни вужудга келишидаги дастлабки асос комитент – тошириқ ва кўрсатма берувчининг эрки-иродаси ҳисобланади. Айтиш лозимки, бошқа шахс фойдасига юридик ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган шартномаларда кўрсатма берувчининг эрки-иродаси ўзаро ишончга асосланади ва бу ҳолат ҳар доим шартномани тузиш жараёнида аҳамиятга эга бўлади. Зеро, фуқаролик ҳуқуқида “ўзаро ишонч” категорияси ҳар қандай шартномавий муносабатни вужудга келтирувчи бош мезон сифатида контрагентни танлашда ва шартномадан ўзи кутган натижага эришиш йўлида дастлабки қадамни ташлашда асосий негиз саналади[1]. Бошқача айтганда ҳар қандай фуқаролик-ҳуқуқий шартномани ўзаро ишончга асосланадиган шартнома деб ҳисоблаш мумкин.
Воситачилик шартномаси ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра, бир шахснинг манфаати ва фойдасини кўзлаб бир ёки бир неча битимни иккинчи шахс ўз номидан ҳақ эвазига тузиши тўғрисидаги биринчи шахснинг топшириғи ва кўрсатмаси ҳисобланади. Бундай ўзига хослик ва тарафлар амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатларнинг моҳияти мазкур муносабатларни бир шахснинг иккинчи шахсни ўз манфаатлари ва фойдаси учун “ёллаши” сифатида баҳолаш имконини беради. Зеро, комитент воситачини ўзи учун мақбул ва фойдали бўлган битим тузиш учун “ёллайди” ва эвазига муайян мукофот беришни ваъда қилади. Албатта бундай “ёллаш” кўрсатма берувчи (комитент) нинг ҳисобидан ва унинг мулкий таъминоти эвазига амалга оширилади. Чунки воситачилик муносабатларида гарчи воситачи ҳеч қандай мулкий таваккалчилик қилмасдан фақат муайян ҳуқуқий ҳаракатларни амалга оширади ва бу ҳаракатларнинг кўрсатма берувчи учун самарали бўлишини кўзда тутади холос. Воситачи ўз номидан битимни тузиш жараёнида ўзига берилган кўрсатмалардан четга чиқмасликка ҳаракат қилади ва шу орқали ўзининг вазифаларини бажаради.
         Воситачилик шартномасига ўзининг ҳуқуқий табиати, моҳияти ва мазмуни жиҳатидан энг яқин шартномалар сифатида топшириқ, агентлик, транспорт экспедицияси, мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Мазкур шартномалар ўртасидаги ўхшашлик ва ҳуқуқий конструкциясига кўра ўзаро яқинлик шундаки, уларнинг барчасида “ёллаш”, ўзаро ишонч, бир шахс учун иккинчи шахснинг юридик ҳаракатларни амалга ошириши, ҳуқуқий муносабатларнинг биринчи шахс хоҳиши-иродаси асосида вужудга келиши ҳамда барча ҳолатларда ҳам биринчи шахснинг мулкий таваккалчилигига асосланиши ҳолатлари мавжуд бўлади.
Топшириқ шартномасидан фарқли равишда воситачилик шартномасида воситачи юридик ҳаракатларни ўз номидан амалга оширади ва ҳар доим бунинг учун муайян ҳақни олади. Агар вакил амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлар доираси кенг ва хилма-хил бўлса, воситачи амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлар диораси тор ва аниқ бўлади. Яъни, воситачи фақатгина бир ёки бир неча битимни тузиши ва комитент берган аниқ параметрлар бўйича ҳаракатланиши лозим. Шунингдек, воситачига қараганда вакилга муайян ҳаракатларни қилишда кўпроқ эркинлик берилиши ва муайян вазиятларда вакилнинг ўз хоҳишидан келиб чиқиб ҳаракат қилиши мумкин бўлади.
Вакиллик ва воситачилик муносабатларидаги яна бир фарқ воситачининг комитент топшириғи асосида ҳаракат қилиши учун алоҳида ҳуқуқий ҳужжат талаб қилинмаса, вакиллик муносабатларида вакилнинг топшириқ берувчи номидан ҳаракатларни амалга ошириши учун муайян ҳуқуқий ҳужжат – ишончнома талаб қилинишида намоён бўлади.
  Агентлик шартномалари ва транспорт экспедицияси шартномасида ҳам деярли барча вазиятларда агент ва экспедитор асосан кўрсатма берувчи шахс номидан юридик ҳаракатларни амалга ошириши билан воситачилик шартномасидан фарқ қилади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда воситачилик шартномасини “Ўзаро ишонч” шартномаси ва “Савдо воситачилиги шартномаси” деб ҳам номласак ҳам бўлади.
 
Ўткир Разиков,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси
 
Мақсад Матякубов,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди судьяси
 


 

Ўғирлик пул татимади

Эргашев Фазлиддин Болтаевич ўта хавфли рецидивист бўлган ҳолда, яна қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ўзи ишлаб келаётан “Абдурахмон сифатли парранда” МЧЖ раҳбари Ж.Закировга фарзанди касал бўлиб қолганлиги сабабли унга пул зарурлигини айтиб, уни алдаб, Ж.Закировдан 2021 йил декабрь ва 2022 йил май ойларида икки маротабада жами 6.500.000 сўм пулларни Когон тумани Беклар МФЙ, “Хонсарой” қишлоғида жойлашган “Абдурахмон сифатли парранда” МЧЖ биноси олдида қайтариб бериш шарти билан олиб, қўлга киритган пулларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юбориб, жабрланувчи Ж.Закировга 6.500.000 сўмлик моддий зарар етказган ҳолда, ўта хавфли рецидивист фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Шунингдек, у яна қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2022 йил 20 май куни соат тахминан 11:00.лар атрофида  Закиров Жамшид Саиджоновичга тегишли бўлган Дамас русумли, 80W 967 HА давлат рақам белгили автомашинаси Когон тумани Беклар МФЙ, “Хонсарой” қишлоғида жойлашган “Абдурахмон сифатли парранда” МЧЖ биноси олдида очиқ ҳолатда, қаровсиз ҳолда қолдириб кетилганлигидан фойдаланиб, автомашина ичида бўлган Ж.Закировга тегишли 20.000.000сўм нақд пулларни яширин равишда талон-торож қилиб, жабрланувчига моддий зарар етказган ҳолда, ҳодиса жойидан яшириниб, ўта хавфли рецидивист ўғрилик жиноятини содир қилган.
Мазкур жиноят иши 2022 йил 7 декабрь кунида жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилиб, судланувчи Ф.Эргашевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “б” банди,
169-моддаси 4-қисми “б” банди
билан жазо тайинланиб, ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан, узил-кесил 6 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ҳамдажазони махсус-тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Жўрабек Тожиев,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси                                          

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқаро ва тадбиркорларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга бўлган яна бир илғор қадам

Ҳозирги кунда давлатимизда барча соҳаларда жуда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг ташаббуси билан “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг қабул қилиниши мамлакатимизда туб демократик ислоҳотлар даврини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар барча соҳаларни қамраб олди. Энг асосийси, мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаънини, қадр-қимматини, манфаатларини, давлат органларининг жамият олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.
Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан еттита устувор йўналишдан иборат бўлган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди ва бу стратегия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланди.
Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш – Тараққиёт стратегиясининг иккинчи устивор йўналиши, вазифаси сифатида белгилаб олинди. Айнан шу вазифани бажариш ҳамда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида 2023 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11 ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармонлари қабул қилинди.
Президентимизнинг ПФ-11-сонли Фармони билан 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Эътиборли жиҳати шундаки, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш билан бирга, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.
Ҳаракатлар дастури 10 та бўлим 28 та банддан иборат бўлиб, унинг “Одил судлов сифатини тубдан ошириш” деб номланувчи 2-бўлимининг 5-банди маъмурий суд иш юритувини такомиллаштиришга қаратилган.
Ушбу бандда 2023 йил ноябрь ойига қадар “Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш, бунда:
– маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни такомиллаштириш;
– маъмурий суд иш юритуви принципларини танқидий ўрганиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи принципларни киритиш;
– маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш;
– фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизимини танқидий ўрганиб, етказилган зарарни ундириш тартибини аниқлаштириш;
– маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро — аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш белгилаш лозимлиги кўрсатилган.
Суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланган юқорида қайд этиб ўтилган Президент Фармонлари авваламбор, “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, улар адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд йўли орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ошишининг таъминланишига хизмат қилади.
Баҳрилло Жабборов,
Жиноят ишлари бўйича Олот туман суди раиси

Иқтисодий судларда даъво аризасини кўрмасдан қолдириш асослари

Мустақил Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бошқа соҳалардаги ижобий ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда амалга ошириб келинаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Дарвоқе, иқтисодиётимизнинг муҳим таянчи бўлган тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятининг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, чет эл капиталининг кириб келиши ҳамда қулай инвестиция шароитлари яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб ҳисобланади. Бу эса мазкур соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини доимий равишда такомиллаштириб боришни тақозо этади. Мамлакатимизда юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар фаолиятидан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.
Иқтисодий судлар фаолияти билан тадбиркорлар қатлами, шунингдек кенг халқ оммасини таништириб бориш, судларга киритиладиган даъво ариза (ариза), шикоятларга қўйиладиган талаблар, кўриладиган низолар ҳамда судда низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида доимий равишда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий маданияти бир қадар ўсишига хизмат қилмоқда. Хусусан, қуйида иқтисодий ҳуқуқ соҳасининг муҳим институтларидан бири ҳисобланмиш “Иқтисодий судларда даъво аризасини кўрмасдан қолдириш асослари” ҳақида сўз боради.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 107-моддасига асосан, суд қуйидаги ҳолларда даъво аризасини кўрмасдан қолдиради, агар:
1) фуқаролик ишлари бўйича суд, иқтисодий суд, ҳакамлик суди, арбитраж суди иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ушбу низони ҳакамлик судига ёки арбитражга кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлиб, ҳакамлик судига ёки арбитражга мурожаат қилиш имконияти бой берилмаган бўлса ва, агар ишнинг иқтисодий судда кўрилишига қарши бўлган жавобгар ўзининг низонинг мазмуни бўйича биринчи аризасидан кечиктирмай низони ҳакамлик судининг ёки арбитражнинг ҳал қилувига ўтказиш тўғрисида илтимоснома берса;
3) даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
4) қонунчиликка ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали ундириб олиниши керак бўлишига қарамай, даъвогар жавобгардан қарзини ундириб олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат этмаган бўлса;
5) даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса;
51) даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
52) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган тарафлар уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаса;
53) тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса;
6) даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса;
7) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққанлиги аниқланса;
8) даъвогарнинг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан тақдим этилган даъводан даъвогар воз кечган бўлса;
9) жавобгарга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва жавобгарга нисбатан тақдим этилган талаб қонунга кўра банкротлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилиши лозим бўлса.
Суд амалиётидан мисол: даъвогар “Илғор Пахлавон савдо” масъулияти чекланган жамияти судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Buxoro zarhal teks” масъулияти чекланган жамиятидан 458.190.766,61 сўм асосий қарз, 148.453.803 сўм пеня ундиришни сўраган.
Тарафлар ўртасидаги 2023 йил 16 январдаги медиатив келишув медиатор Ашуров Дилшод Зарипович (МТ № 000018-сонли сертификат) иштирокида тузилган. Медиатив келишувда жавобгар томонидан асосий қарздорлик тўлиқ тан олиниб, тўлаб берилганлиги сабабли, даъвогар олдиндан тўланган 24.000 сўм почта харажати ва 148.453.803 сўм пенядан воз кечиши белгиланган.
Суднинг ажрими билан даъвогар “Илғор Пахлавон савдо” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “Buxoro zarhal teks” масъулияти чекланган жамиятидан 458.190.766,61 сўм асосий қарз, 148.453.803 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризаси тарафлар томонидан медиатив келишув тузилганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилган.
“Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 29-моддасининг биринчи қисмига кўра, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади. Ушбу модданинг учинчи қисмига кўра, медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.
Кодекс нормаларига асосан даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради. Суд ажримида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги, давлат божини бюджетдан қайтариш ҳақидаги масалалар ҳал қилиниши мумкин. Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Даъво аризасини кўрмасдан қолдиришнинг яна бир жиҳати шундаки, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.
Фаррух Муродов,
Когон туманлараро иқтисодий суди раиси
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Янгиланаётган конституцияда инсон ҳуқуқлари ҳимояси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2023 йил                       14 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарори юзасидан Ромитан туман “Афросиёб” маҳалла фуқаролари йиғини биносида, Бухоро вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Ш.Зиядуллаев, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьялари Ж.Каримов, У.Аллаев, жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди раиси А.Ўралов, Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Абдуллаев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси Ў.Разиковлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2023 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорига кўра жорий йилнинг 30 апрель куни референдум ўтказиш белгиланган.
Конституциянинг янги таҳрири ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлишини инобатга олган ҳолда, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш ва тизимли етказиш зарурлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.
Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодасидир. Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади. Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкинлиги белгиланди.
Референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли референдум ўтказувчи округ комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Шамшод Султонов, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг судья ёрдамчиси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2023 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарори юзасидан

Ромитан туман “Афросиёб” маҳалла фуқаролари йиғини биносида, Бухоро вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Ш.Зиядуллаев, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьялари Ж.Каримов, У.Аллаев, жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди раиси А.Ўралов, Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Абдуллаев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси Ў.Разиковлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2023 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорига кўра жорий йилнинг 30 апрель куни референдум ўтказиш белгиланган.
Конституциянинг янги таҳрири ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлишини инобатга олган ҳолда, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш ва тизимли етказиш зарурлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.
Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодасидир. Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади. Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкинлиги белгиланди.
Референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли референдум ўтказувчи округ комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Бухоро вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Ш.Зиядуллаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьялари Ж.Каримов, У.Аллаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси Ў.Разиков
Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди раиси А.Ўралов,
Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Абдуллаев,

Sud hokimyati va davlat suverenitetida amalga oshirlayotgan islohotlar

Sud hokimiyati – hokimiyatlar boʻlinishi qoidasiga koʻra, davlat hokimiyatining alohida va mustaqil (qonun chiqaruvchi va ijro etuvchi hokimiyatlar bilan bir qatordagi) tarmogʻi. U oʻzida: a) odil sudlovni amalga oshirish vakolatlari, yaʼni jinoiy, fuqarolik, xoʻjalik, maʼmuriy va konstitutsiyaviy ish (nizo)larni protsessual, qonun bilan belgilangan tartibda koʻrib chiqish vakolatlari yigʻindisini, baʼzi mamlakatlarda, shuningdek, huquq normalarini izohlash vakolatlarini, qonun ijodkorligi vakolatlari va boshqa 2 darajali vakolatlarni; b) yuqorida qayd etilgan vakolatlarni amalga oshiruvchi davlat organlari tizimini mujassamlashtiradi. Odil sudlovni amalga oshirish vakolatlari va yordamchi vakolatlarga boʻlinadi. Hozirgi zamon demokratik davlatlarida Sud hokimiyatining asosiy vakolatlari turli toifadagi sudlar zimmasiga yuklanadi. Oʻzbekiston Respublikasida Sud hokimiyati ijtimoiy adolat, fuqarolar tinchligi va totuvligi, qonun ustuvorligini taʼminlashga, inson huquklari va erkinliklarini, korxonalar, muassasalar va tashkilotlarning huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini muhofaza etishga karatilgan. Mamlakatimizda Sud hokimiyatining konstitutsiyaviy huquqiy maqomi, tuzilishi va faoliyat yuritishining qonuniy asosi Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va Oʻzbekiston Respublikasining «Sudlar toʻgʻrisida»gi qonuni va boshqa qonun hujjatlari bilan belgilanadi. Konstitutsiyada mustahkamlanishicha, «Oʻzbekiston Respublikasida sud hokimiyati qonun chiqaruvchi va ijro etuvchi hokimiyatlardan, siyosiy partiyalardan, boshqa jamoat birlashmalaridan mustaqil holda ish yuritadi».

Suverenitet (fransuzcha: souverainete — oliy hokimiyat) — hokimiyatning ustunligi va mustaqilligi. Suverenitetni hurmatlash — xalqaro huquq va xalqaro munosabatlarning asosiy prinsipidir. Konstitutsiyaviy huquq fanida davlat suvereniteti, millat suvereniteti, xalq suvereniteti tushunchalari ishlatiladi. Davlat suvereniteti — hokimiyatning mamlakat ichida oliyligi va tashqi munosabatlarda toʻla mustakilligidir. Davlat suvereniteti haqidagi goya Jan Boden
(16-asr, Fransiya) ga tegishlidir. Uning fikricha, Suverenitet davlatning eng muxim belgisi hisoblanadi, bunda abadiy, mutlaq, boʻlinmas oliy hokimiyat nazarda tutiladi. Davlat suvereniteti tushunchasi keyingi davrlarda yanada rivojlantirildi va boyitiddi. Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasida davlat suvereniteti alohida bobda oʻz ifodasini topgan, Konstitutsiyaning
1-moddasida „Oʻzbekiston suveren demokratik respublika“ ekanligi qayd qilingan. Millat suvereniteti — millatning toʻla hokimiyatini, uning toʻla siyosiy erkinligini, oʻz milliy hayotini belgilash real imkoniyatiga egaligini, mustaqil davlatni tashkil qila olishgacha boʻlgan huquqqa egaligini bildiradi. Xalq suvereniteti — xalqning toʻla hokimiyatini anglatadi, yaʼni xalq jamiyat va davlatni boshqarishda real ishtirok etish uchun ijtimoiy iqtisodiy va siyosiy vositalarga ega boʻladi. Xalq suvereniteti — barcha demokratik davlatlarda konstitutsiyaviy tuzum prinsiplaridan biri bo’lib hisoblanadi. Jumladan, Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasida kursatilishicha, „Xalq davlat hokimiyatining birdanbir manbaidir. Oʻzbekiston Respublikasida davlat hokimiyati xalq manfaatlarini koʻzlab va Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi hamda uning asosida qabul qilingan qonunlar vakolat bergan idoralar tomonidangina amalga oshiriladi.

Nodirbek Sharopov, Jinoyat ishlari bo‘yicha Buxoro shahar sudining raisi

Nurbek Raximov, Buxoro viloyat sudining bosh konsultanti

Экин еридан йўл очиб, уй-жой қурган фермер пушаймонда…

Киши нафақа ёшига етиб, тинч-осойишта ҳаёт кечира бошлаганида адашиб ёки қандайдир сабаб билан суднинг “қора курсиси”га ўтириб қолиши жуда ачинарли. Афсуски, Ғиждувон тумани, “Позагари” МФЙ, Харчхона қишлоғида яшовчи, “Т. Ражаббобо” фермер хўжалиги раҳбари Қосим Тешаев билан ҳам худди шу ҳол рўй берди.  Серфарзанд оиланинг соҳиби муқаддам судланмаган, ножўя ҳатти-ҳаракати учун жавобгар бўлмаган.

Ноқонуний қилмишига келсак, фермер 1999 йилдан асос солинган ва деҳқончилик қилиб келинаётган тасарруфидаги экин еридан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келганидир. 2021 йил охирларида Позагари қишлоғидаги 481-контурдан қарийб 1 гектарли экин майдонини бузиб, йўл чиқариб, давлат манфаатларига деярли 87 миллион сўм моддий зарар етказган.

Шу билан кифояланмаган Қосим Тешаев “Т.Ражаббобо” фермер хўжалиги раҳбари сифатида ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, фермер хўжалигига ижара ҳуқуқи асосида ажратилган 474-контурдан 12 сотих суғориладиган ер майдонини ҳеч қандай қонун талабидан тап тортмасдан куёви Шерали Жўраевга уй-жой жой қуриш учун ажратиб бериб, 2021 йил октябрь ойида мазкур ер майдонида уй-жой қурилишига сабабчи бўлган.

Суд мажлисида судланувчи сифатида сўроқ қилинган Қ.Тешаев айбига қисман иқрорлик билдириб, у “Т.Ражаббобо” фермер хўжалигини ташкил қилиб, 23 йилдирки, бу ерда давлат шартномаси асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб келаётгани, ҳозирда қўли остидаги 123,9 гектар ерни икки йил бурун декабрь ойида лазерли текислаш жараёнида 481-контурдан ўзбошимчалик билан йўл очиб, фойдаланиб келинаётганини билдирган. Ноқонуний уй-жой борасида ҳам фермер ўзбошимчаликка йўл қўйганини тан олган, яъни 474-контурдан уй-жой учун алоҳида ер майдони ажратгани, кейинчалик бу ер майдони куёви томонидан темир панжара билан ўраб олиниб, қурилиш бошланганини, аммо бу иш қонунбузарлик экани ва ҳолат юзасидан жиноий очилганидан сўнг йўл ва уй-жой майдони қайта буздирилиб, ҳозирда экин ери асл ҳолати тиклангани ва давлатга етказилган моддий зарар бартараф қилингани айтилган.

Олиб борилган дастлабки суриштирув, тергов ва суд муҳокамалари, судланувчи ва гувоҳлар кўрсатмалари, қолаверса, Кадастр Агентлиги Шофиркон туман бўлими етакчи инспектори У.Ражабов, Кадастрлар Палатаси Шофиркон туман филиали мутахассиси Б.Аминов, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси Ж.Қиличов, Ғиждувон туман Кадастр Агентлиги бўлим бошлиғи О.Ҳакимов, Кадастрлар Палатаси Ғиждувон туман филиали мутахассиси Ф.Холовлар томонидан 2022 йилнинг 15 ноябрь куни расмийлаштирилган далолатнома ҳам “Т.Ражаббобо” фермер хўжалигида ер майдонларидан ўзбошимчалик билан, ноқонуний фойдаланиб келингани, экин ери ўрнида йўл ва уй-жой қурилгани ўз исботини топди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 19211-моддаси 1-қисми ва 2296-моддаси 2-қисмининг “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган Қосим Тешаевга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 19211-моддасининг 1-қисми билан Жиноят Кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида, яъни 13 миллион 500 минг сўм жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, Жиноят кодекси 2296-моддасининг 2-қисми “г” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида, яъни 27 миллион сўм жарима жазоси тайинланди. Қосим Тешаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил–кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 120 баравари миқдорида, яъни 32 миллион 400 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Хулоса шуки, фермер хўжаликлари зиммаларига юкланган вазифа––узоқ муддатга ижара шартномаси асосида олинган экин ерининг ҳар қаричидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашдир. Экин ерини бузиб, ўрнида уй-жой ёки бошқа иншоотларни қуриш нафақат қонунбузарлик ва жиноят, балки халқ ризқига ҳам хиёнат деганидир.    

Бобир Умаров, Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди раиси

Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят суди бош консультанти      

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Бухоро вилоят суди Жиноят ишлар бўйича судлов ҳайъатининг судья катта ёрдамчиси ҳамда туманлараро иқтисодий судининг девонхона мудири лавозимларига олий юридик маълумотга эга шахслар ишга таклиф қилинади.

Номзодлар ишга танлов асосида қабул қилинади.

Танлов бўйича номзодни ишга қабул қилиш Бухоро вилоят судининг Кадрлар заҳирасини шакллантириш комиссияси суҳбати натижаси бўйича амалга оширилади.

Номзоднинг чет тилларини билиш қобилияти қўшимча рағбатлантирилади.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Бухоро вилоят судининг bux.kadr@sud.uz электрон манзилига қуйидаги ҳужжатларни юборишлари сўралади:

– ариза;

– маълумотнома (объективка);

– паспорт нусхаси;

-диплом ва унинг иловаси нусхаси

– меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно)

  • наркология ва руҳий-асаб касалликлари рўйхатида туриш-турмаслиги ҳақида тиббий маълумотнома (давлат хизматлари агентлигидан олинади).

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар 2023 йил 30 январь куни соат 18.00 га қадар қабул қилинади.

Манзил: Бухоро шаҳри, Ҳ.Т.Бухорий кўчаси, 13-уй.

Мурожаат учун тел.: (65) 221-58-70.

Skip to content