Биринчи инстанция судида ишларни юритиш

Фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари буйруқ тартибидаги ишларни, даъво тартибидаги ишларни, алоҳида тартибда юритиладиган ишларни, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни ва чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш тартибини белгилайди.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва манфаатларини, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишларини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш;

қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиш;

қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини
суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.

Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш
учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.

Судга мурожаат қилиш:

фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича – даъво аризаси шаклида;

буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда
тутилган бошқа ҳолларда – ариза шаклида;

апелляция ва кассация инстанцияси судларига мурожаат
этилганда – шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Фуқаролик иши ишда иштирок этувчи шахслар, фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари судга тақдим этган ёки
суд томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар ва суд ҳужжатлари асосида суд томонидан шакллантирилади.

Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.

Электрон шаклда шакллантирилган фуқаролик ишининг қоғоздаги кўчирма нусхаси бўлиши мумкин.

Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда,
ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари судга тақдим этган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.

Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, суд ҳужжатлари судьянинг (судьяларнинг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, суд мажлисларининг ҳамда процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Электрон шаклда шакллантирилган фуқаролик ишини бошқа
судга ёки ўзга органга ўтказиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Суд кўрилаётган ва ҳал этилаётган масала бўйича ҳал қилув
қарори, ажрим, қарор ва буйруқ қабул қилади.

Биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади, ушбу Кодекснинг 18-бобида назарда тутилган ҳолларда эса суд буйруғи қабул қилади.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Суд қонунда ўзининг ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш натижалари бўйича қарор чиқаради.

Суд иш мазмунан ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фақат суд томонидан,
ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича амалга оширилади.

Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси,
ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий
ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий
шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.

Фуқаролик ишлари бўйича одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.

Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.

Фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида фуқаролик суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.

Суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахсларга ишга тааллуқли материаллар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиш,
судда она тилида ёки ўзи биладиган бошқа тилда сўзлаш, кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, арз билан мурожаат этиш, илтимосномалар тақдим этиш, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган тартибда таржимоннинг хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.

Ишда иштирок этувчи ва суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахс ишдаги суд ҳужжатлари берилишини сўраб ёзма
ариза билан мурожаат этган тақдирда, унга суд ҳужжатлари унинг она тилига ёки у биладиган бошқа тилга таржима қилиб топширилади.

Барча судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади.

Давлат сирига, фарзандликка олиш сирига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ишлар бўйича ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва
қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади.

Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилаётганида ишда иштирок
этувчи шахслар, зарур ҳолларда эса гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар
ва таржимонлар ҳам ҳозир бўлади.

Ишни суднинг ёпиқ мажлисида эшитиш фуқаролик суд ишлари юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда олиб борилади. Суднинг ёпиқ мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари тарафларнинг розилиги
билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида
эълон қилиниши мумкин, бундан суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари мустасно.

Суд фуқаролик ишини кўраётганда ишга оид далилларни бевосита текшириши: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини ва мутахассисларнинг маслаҳатларини (тушунтиришларини) эшитиши, ёзма далиллар билан танишиши, ашёвий далилларни кўздан кечириши шарт.

Суд ишларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳал қилиши шарт. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаса, бошқа қонун ҳужжатларини ҳам қўллайди.

Низоли муносабатни тартибга соладиган ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга
соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳал этади.

Суд Ўзбекистон Республикасининг қонунига ёки халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатнинг ҳуқуқ нормаларини ҳам қўллайди.

Суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга мувофиқ чоралар кўришга ҳақли.

Суд ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, уларни процессуал ҳаракатларни
амалга ошириш ёки амалга оширмаслик оқибатлари тўғрисида огоҳлантириши ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишида кўмаклашиши керак.

Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

Суд ҳужжатини бажармаслик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Суд ҳужжатининг мажбурийлиги манфаатдор шахсларни ўз
ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя
қилиш учун, башарти буларга дахлдор низо судда кўриб чиқилмаган ва
ҳал этилмаган бўлса, судга мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси                                                      Ў.С.Разиков

Девонхона мудири                                                                                  Ш.Ғафуров

Иқтисодий суд томонидан ҳал этиладиган низолар

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 26-моддасига кўра, иқтисодий суд:

– тузилиши мажбурийлиги қонунда назарда тутилган шартномани тузишда юзага келган келишмовчиликлар тўғрисидаги;

– шартнома тарафлари томонидан кўриб чиқилиши судга ўтказилиши келишилган шартномани тузишда юзага келган келишмовчиликлар ҳақидаги;

– шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги;

– битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги;

– мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги;

– мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги;

– мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан мол-мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги;

– интеллектуал фаолият объектлари ва фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар, товарлар, ишлар ва хизматларга мулкий ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги;

– мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилганлиги тўғрисидаги;

– зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги;

– ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги;

– ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этиш мумкин эмас деб топиш ҳақидаги, бундан маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаб бўйича ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат мустасно;

– агар қонунда жарималарни сўзсиз (акцептсиз) тартибда ундириш назарда тутилмаган бўлса, назорат қилувчи органлар томонидан юридик шахслар ва фуқаролардан жарималар ундириш тўғрисидаги;

– назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш ҳақидаги низоларни ҳал этади.

Суд қонун билан ўзининг ваколатига киритилган бошқа низоларни ҳам ҳал қилади.

                                                                  С.Абдурасулов

Вилоят суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси

                                                                  М.Набиев

                                                                  Ғиждувон туманлараро

                                                                  иқтисодий суди раиси

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш якунлари бўйича қандай суд ҳужжатлари қабул қилиниши мумкин?

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 51-моддасига биноан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича суд қуйидаги суд ҳужжатларидан бирини қабул қилади:

  • қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги қарор;
  • қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарор;
  • суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш ва унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрим;
  • ташқи бошқарув тартиб-таомилини жорий этиш ва унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрим;
  • тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим;
  • тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим;
  • келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрим.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатлари, агар ушбу Қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, дарҳол ижро этилиши лозим.
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатининг кўчирма нусхаси суд томонидан дарҳол қарздорнинг турган жойидаги (яшаш жойидаги) давлат ижрочисига юборилади.

Ф.Муродов
Когон туманлараро иқтисодий
суди раиси

Н.Зоиров
Ромитан туманлараро иқтисодий
суди раиси

Кимлар судга қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатиш ҳақида ариза бериш ҳуқуқига эга бўлиб ҳисобланади?

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ, давлат солиқ хизмати органлари, кредиторлар, махсус ваколатли давлат органи, яъни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек қарздорнинг ўзи ҳам тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза тақдим этиши мумкин. Бунда иқтисодий суд томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда ариза суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича тегишли суд ҳужжати қабул қилинади.

Ф.Муродов

Когон туманлараро иқтисодий

суди раиси

Н.Зоиров

Ромитан туманлараро иқтисодий

суди раиси

Shahar bedarvoza emas

M.G‘ulomov (ism-familiyalar o‘zgartirilgan) 2024-yil 10-dekabr kuni soat taxminan 20:20 da Kogon shahar, Bunyodkor mahallasi, Buxoro shoh ko‘chasi,
35-uyning yerto‘lasida joylashgan “O‘zbegim” pivo, spirtli ichimliklari sotish shoxobchasida notanish bir fuqaro, ya’ni F.G‘oziyev bilan arzirli sabablarsiz o‘zaro janjallashib qolishdi.

Janjal davomida M.G‘ulomov F.G‘oziyevning turli sohalariga oyoqlari bilan tepib, qo‘llarini musht qilgan holda bir necha marotaba urib, o‘rtacha og‘ir tan jarohati yetkazdi.

Sud, davlat ayblovchisi va himoyachining xulosasini, sudlanuvchi va jabrlanuvchining ko‘rsatmasini eshitib, jinoyat ishi hujjatlarini o‘rganib chiqib, sudlanuvchining jinoyat sodir etishdagi aybi o‘zining iqrorlik bildirib bergan ko‘rsatmasidan tashqari, dastlabki tergov va sudda so‘roq qilingan jabrlanuvchining ko‘rsatmalari, xabarnoma va hodisa joyini ko‘zdan kechirish bayonnomasi va unga foto ilovalar, ekspertiza xulosasi, so‘roq qilish bayonnomalari, tushuntirish xatlari hamda jinoyat ishida to‘plangan boshqa dalillar yig‘indisi bilan o‘z tasdig‘ini topgan deb hisobladi.

Mushtumzo‘rga 1 yilu 6 oy ozodlikni cheklash jazosi tayinlandi. Bu M.G‘ulomov singari “polvon”larga yaxshigina “dars” bo‘ldi, bizningcha. Bunday mushtumzo‘rlarga dono xalqimizning aytgan adolatli gapi bor: “Shahar bedarvoza emas”. Kim qonunni buzsa, qilmishiga yarasha jazo olishi muqarrar.

Yashin NIYOZOV

Jinoyat ishlari bo‘yicha Kogon shahar sudining raisi

Муштумзўр қўлга олинди

Афсуски, билагидаги кучини оила фаравонлиги йўлидаги меҳнатга эмас, турмуш ўртоғини уриш, таҳқирлашга сарфловчи муштумзўрлар ҳам бор орамизда.

И.Б 2025 йил 7 февраль куни тахминан соат 02:00 ларда уйида хотини С.Қни уриб, енгил шикаст етказди. Аммо “полвон”га бу ҳам камлик қилди шекилли, у 14 апрель куни тахминан соат 21:00 ларда аёлининг соғлигини ёмонлашувига олиб келган тарзда шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаб, уни қўрқитиб уриб, оилавий зўравонлик қилди. Доимий камситишлардан чарчаган аёл адолат истади…

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги кафолатланган.

Муштумзўрнинг қилимиши суд тиббий экспертиза хулосаси, маълумотнома, тушунтириш хатлари ҳамда ишда тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Полвонлигини аёлига кўрсатган И.Б қилмишига яраша жазосини оладиган бўлди. Бу эса шу тоифадаги баъзи “эркак”ларга “дарс” бўлади деган умиддамиз.

Бобир УМАРОВ

Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар тергов судьяси

Суд бошқарувчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади)нинг 1-моддасига кўра,ушбу Қонуннинг мақсади юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ушбу Қонуннинг амал қилиши давлат муассасаларига ва бошқа нотижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди, бундан матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклидаги фаолиятни амалга ошираётган юридик шахслар мустасно.

Иқтисодий судлар томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси талабларига мувофиқ кўриб ҳал этилади. Суд томонидан қарздор тўловга қобилиятсиз деб топилганда, тугатиш ишларини олиб бориш учун тегишли аттестатга эга бўлган суд бошқарувчиси тайинланади. Хўш, суд бошқарувчиси деганда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига кўра кимлар тушунилади?

Маълумки, Қонуннинг 22-моддасига асосанолий маълумотга ҳамда камида икки йиллик иш стажига эга бўлган, шунингдек ваколатли давлат органида аттестациядан ўтган шахслар суд бошқарувчилари этиб тайинланиши мумкин. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган талабларга жавоб берадиган, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишга ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган адвокат ҳам суд бошқарувчиси бўлиши мумкин.

Суд бошқарувчилари этиб қуйидагилар тайинланиши мумкин эмас:

қарздорга ёки кредиторларга нисбатан манфаатдор шахслар;

судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;

ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили жорий этилган якка тартибдаги тадбиркорлар ёки жисмоний шахслар;

илгари суд бошқарувчиси вазифасини бажараётганда қарздорга, кредиторларга зарар етказган ва бу зарарнинг ўрнини қопламаган шахслар;

ваколатли давлат органи қарори билан суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилиши тугатилган (бекор қилинган) ва (ёки) вақтинча тўхтатиб турилган (суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилиш муддати вақтинча тўхтатиб турилган муддатга) шахслар;

ўзига нисбатан бошқа шахсларнинг ишларини ва (ёки) мол-мулкини бошқариш бўйича фаолиятни амалга оширишга чеклов белгиланган шахслар (бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар).

Суд ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган асосларга мувофиқ тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахслар тақдим этган далиллар бўлган тақдирда, суд бошқарувчилигига тавсия этилган номзодни тайинлашни рад этади ёки суд бошқарувчисини вазифаларини бажаришдан озод этади.

Суд бошқарувчиси тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларга зарар етказилиши ҳодисаси учун ўз жавобгарлигини суд томонидан суд бошқарувчилигига тайинланган санадан эътиборан ўн кун ичида суғурталаши керак.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган талаблар тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартибини амалга ошираётган суд бошқарувчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Кредиторлар йиғилиши суд бошқарувчисидан қарздорнинг мол-мулкини суғурта қилиш шартномасини тузишни талаб қилишга ҳақли.

Энди, суд бошқарувчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида тўхталиб ўтсак.

Қонуннинг 23-моддасида суд бошқарувчисининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари келтириб ўтилган бўлиб, унга кўра суд бошқарувчиси:

кредиторлар йиғилишини чақиришга;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда кредиторлар қўмитаси чақирилишини талаб қилишга;

олдиндан давлат божи тўламай туриб, даъво аризалари ва бошқа аризалар билан судга мурожаат этишга;

ушбу Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ ҳақ олишга;

бошқа шахсларни улар фаолиятига қарздорнинг маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлаган ҳолда, агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, шартнома асосида жалб этишга;

давлат хизматларидан, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги орқали кўрсатиладиган хизматлардан олдиндан ҳақ тўламасдан фойдаланишга;

қарздорнинг мулки, ҳисoбвaрaқлaри вa депозитлaри, шу жумлaдaн крeдит кaртaлари, электрон баланслaри вa электрон пул ўткaзмaлaри тўғрисидa жисмоний вa юридик шaxслaрдан (шу жумлaдaн крeдит тaшкилoтлaридaн) ҳамда дaвлaт oргaнлaридaн бепул ахборот oлишга;

қарздор жисмоний шахсдан унинг жисмоний шахснинг қaрзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш рeжaсини aмaлгa oширишга доир фaoлияти тўғрисидaги ахборотни сўрaб олишга;

ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариш учун давлат солиқ хизмати ва божхона органларидан, бюджетдан ташқари жамғармалардан, кўчмас мулкка оид ҳужжатларни рўйхатдан ўтказувчи органлардан ҳамда қарздор корхона ва унга тегишли мол-мулк тўғрисида зарур ахборотга эга бўлган бошқа ваколатли органлардан ахборот олишга;

ўз вазифаларини бажаришни муддатидан илгари тугатиш тўғрисида судга ариза беришга ҳақли.

Суд бошқарувчиси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Суд бошқарувчиси:

қарздорнинг мол-мулки бут сақланиши юзасидан чоралар кўриши;

кредиторларнинг талаблари реестрини шакллантириши ва юритиши;

қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиши;

қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни кредиторнинг талабига кўра ўн кунлик муддатда тақдим этиши;

сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатларини аниқлашга доир ҳаракатларни амалга ошириши ва чоралар кўриши ҳамда бундай аломатлар аниқланганлиги ҳақида кредиторлар йиғилишига, судга, ваколатли давлат органига, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши;

қарздор жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш режасининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириши;

қарздор жисмоний шахс томонидан кредиторларнинг талаблари тўла ҳажмда қаноатлантирилиши учун маблағларнинг ўз вақтида тўлиқ тўланишини назорат қилиши;

суд ҳужжатлари билан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши шарт.

Суд бошқарувчисининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Суд бошқарувчиси тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини ўтказаётганда қарздорнинг ва кредиторларнинг манфаатларини кўзлаб оқилона иш юритиши шарт.

Агар суд бошқарувчиси зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда қарздорга, кредиторларга ва учинчи шахсларга зарар етказилган бўлса, мазкур зарар суд бошқарувчисидан суд тартибида ундирилиши мумкин.

Худди шундай қоида Қонуннинг 144-моддасида ҳам келтириб ўтилган. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд томонидан тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорга нисбатан тугатиш ишлари тегишли аттестатга эга бўлган тугатиш бошқарувчиси томонидан амалга оширилиб, Қонун билан унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган. Суд бошқарувчиси ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятларга қатъий амал қилган ҳолда иш кўриши лозим бўлади.

         С.Абдурасулов

                       Бухоро вилоят суди раисининг

                       ўринбосари – иқтисодий ишлар     

                                                                          бўйича судлов ҳайъати раиси

     Ф.Муродов

     Бухоро вилояти Когон туманлараро

     иқтисодий судининг раиси

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларда келишув битими.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 161-моддасида келишув битимини тузиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра қарздор ва кредиторлар суд томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида келишув битимини тузишга ҳақли.

Кредиторлар номидан келишув битимини тузиш ҳақидаги қарор кредиторлар йиғилиши томонидан қабул қилинади. Кредиторлар йиғилишининг келишув битимини тузиш тўғрисидаги қарори биринчи, иккинчи ва учинчи гуруҳ кредиторларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ҳамда қарор, башарти қарздорнинг гаров билан таъминланган
мол-мулки мажбуриятлари бўйича барча кредиторлар уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Кредитор вакилининг келишув битимини тузиш масаласи тўғрисида овоз беришга доир ваколатлари унинг ишончномасида алоҳида назарда тутилган бўлиши керак.

Келишув битими қарздор номидан тегишинча қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки қарздорнинг раҳбари, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси ёхуд молиявий бошқарувчи томонидан тузилади.

Келишув битимида назарда тутилган ҳуқуқлар ва мажбуриятларни ўз зиммасига оладиган учинчи шахсларнинг келишув битимида иштирок этишига йўл қўйилади.

Келишув битими суд томонидан тасдиқланиши лозим бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади, унда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш кўрсатилади. Агар келишув битими тугатишга доир иш юритиш жараёнида тузилган бўлса, суд келишув битимини тасдиқлаш ҳақида ажрим чиқаради, унда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарор бажарилмаслиги кўрсатилади.

Келишув битими қарздор, кредиторлар, шунингдек келишув битимида иштирок этаётган учинчи шахслар учун суд томонидан тасдиқланган кундан эътиборан кучга киради ва улар учун мажбурийдир. Кучга кирган келишув битимини бажаришни бир томонлама рад этишга йўл қўйилмайди.

Келишув битими тузишни ёқлаб овоз берган кредитор, қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси келишув битимини тузишга қарши овоз берган ёхуд овоз беришда иштирок этмаган кредиторлар олдида қарздорнинг пул мажбуриятларини ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбуриятини бажаришга ҳақли. Бу ҳолда кредитор қарздор учун таклиф этилган ижрони қабул қилиши шарт, қарздорнинг мажбуриятларини бажарган шахсга эса кредиторнинг мажбурият бўйича талаб қилиш ҳуқуқлари ўтади.

Учинчи шахслар келишув битими бўйича қарздор томонидан пул мажбуриятлари қаноатлантирилиши ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбурияти бажарилиши кафиллигини ёки кафолатини беришга, худди шунингдек унинг лозим даражада бажарилишини бошқача тарзда таъминлашга ҳақли. Агар келишув битимининг шарти қарздорнинг
мол-мулкини учинчи шахс фойдасига ўтказишдан иборат бўлса, битим фақат мазкур мол-мулк учинчи шахс томонидан кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилишини таъминловчи гаровга берилиши шарти билан тузилиши мумкин.

Ушбу Қонуннинг 163-моддасига биноан келишув битими ёзма шаклда тузилади. Қарздор номидан келишув битими тегишинча қарздор якка тартибдаги тадбиркор, қарздорнинг раҳбари ёки суд бошқарувчиси томонидан имзоланади. Кредиторлар номидан келишув битимини кредиторлар йиғилиши томонидан ваколат берилган шахс имзолайди. Агар келишув битимида учинчи шахслар иштирок этаётган бўлса, уларнинг номидан келишув битими ушбу шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.

   С.Абдурасулов

                   Бухоро вилоят суди раисининг    

                   ўринбосари – иқтисодий ишлар     

                                                                      бўйича судлов ҳайъати раиси

Ф.Муродов

 Бухоро вилояти Когон туманлараро

 иқтисодий судининг раиси

Raqamli dalillar bilan ishlash tizimini takomillashtirishga qaratilgan o‘zgartirish

Raqamli dalillar: ish uchun ahamiyatga ega bo‘lgan holatlar to‘g‘risidagi ma’lumotlar mavjud bo‘lgan elektron ma’lumotlar, shu jumladan elektron tarzdagi fayllar, audio-, videoyozuvlar, Internet jahon axborot tarmog‘ida saqlanayotgan ma’lumotlar, shuningdek boshqa elektron ma’lumotlar raqamli dalillardir.

Prezident tomonidan 21.11.2024 yilda  «Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga raqamli dalillar bilan ishlash tizimini takomillashtirishga qaratilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida»gi OʻRQ-1003-son qonun imzolandi.

Ushbu Qonun bilan O‘zbekiston Respublikasining Jinoyat-protsessual kodeksiga, Fuqarolik protsessual kodeksiga, Iqtisodiy protsessual kodeksiga, O‘zbekiston Respublikasining Ma’muriy javobgarlik to‘g‘risidagi kodeksiga va O‘zbekiston Respublikasining Ma’muriy sud ishlarini yuritish to‘g‘risidagi kodeksiga raqamli dalillar tushunchasini, raqamli dalillarni to‘plash, taqdim etish, mustahkamlash, ko‘zdan kechirish, tekshirish va baholash, ularni saqlash, qaytarish hamda yo‘q qilish tartibini belgilovchi o‘zgartirish va qo‘shimchalar kiritilmoqda.

Ushbu Qonun fuqarolar va tashkilotlarning huquqlari, erkinliklari hamda qonuniy manfaatlarini ishonchli himoya qilish kafolatlarini yanada kuchaytirishga xizmat qiladi.

Bundan tashqari, “Notariat to‘g‘risida”gi, “Hakamlik sudlari to‘g‘risida”gi va “Sud ekspertizasi to‘g‘risida”gi O‘zbekiston Respublikasi qonunlarida raqamli dalillarni guvohlantirish va ularni tekshirish tartibi nazarda tutilmoqda. Ushbu qonun fuqarolar va tashkilotlarning huquqlari, erkinliklari hamda qonuniy manfaatlarini ishonchli himoya qilish kafolatlarini yanada kuchaytirishga xizmat qiladi, deyiladi hujjat matnida.

Xususan, jinoyat ishi doirasida guvoh, jabrlanuvchi, gumon qilinuvchi, ayblanuvchi, sudlanuvchi va boshqa shaxslar elektron ma’lumotlarni ushbu ma’lumotlarning ko‘chirma nusxasini elektron jismdan elektron ma’lumotlar mavjud bo‘lgan boshqa elektron jismga olish orqali taqdim etishga haqli.

Tergovga qadar tekshiruvni amalga oshirayotgan organning mansabdor shaxsi, surishtiruvchi, tergovchi, prokuror yoki sud taqdim etilgan elektron ma’lumotlarni mutaxassis ishtirokida qabul qilib oladi hamda elektron ma’lumotlar mavjud bo‘lgan birlamchi elektron jismlarni ko‘zdan kechiradi.

Ish uchun ahamiyatga ega bo‘lmagan elektron ma’lumotlar mavjud bo‘lgan elektron jismlar egalariga darhol qaytarib beriladi.

Ish uchun ahamiyatga ega bo‘lgan holatlar to‘g‘risidagi ma’lumotlar mavjud bo‘lgan elektron ma’lumotlar, shu jumladan, elektron tarzdagi fayllar, audio, videoyozuvlar, internet tarmog‘ida saqlanayotgan ma’lumotlar, shuningdek, boshqa elektron ma’lumotlar raqamli dalillardir.

Raqamli dalildan ko‘chirma nusxa olishga, basharti uning yaxlitligi va aynan o‘xshashligi saqlansa, yo‘l qo‘yiladi. Raqamli dalildan ko‘chirma nusxa olishga yo‘l qo‘yilishi o‘zidan mazkur ko‘chirma nusxa olingan raqamli dalilning asli mavjudligi bilan ta’minlanadi.

Shavkat Amrullayev,

Buxoro viloyat sudi bosh konsultanti

Реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклашнинг ўзига хос жиҳатлари

Кейинги йилларда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилиши ортиб бораётганлигини кўрсатиб туриб. Лекин, реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш амалиётида суриштирув ва тергов идоралари билан бир қаторда суд амалиётида ҳам ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслиги айрим ҳолларда фуқароларимизнинг норозилигига, уларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларининг бирмунча сусайишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунда фуқароларимизнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини, аниқса реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган амалиёт бундай ҳуқуқларни ҳар доим ҳам тўла-тўкис таъминланмоқда, дея олмаймиз. Бу борадаги амалиётда ёндошувларнинг ҳар хиллиги кишини ажаблантиради.

Реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг
304-310-моддаларида белгиланишича суднинг ажрими, терговчи ёки прокурорнинг қарори асосида амалга оширилади.

Юқоридаги моддалар мазмунига кўра шахсни реабилитация қилиш тўғрисида тегишли вертикт чиқарган суд реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқларини тиклаши лозим бўлади. Бинобарин, ЖПКнинг 311-моддасига асосан реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқлари билан бир қаторда уни меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилмаган бўлса, ёхуд у қабул қилинган қарорга рози бўлмаса тегишли талаб билан даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Аммо, мазкур қонун нормасида реабилитация қилинган шахснинг меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ талаби айнан қайси давлат органи ёки мансабдор шахси томонидан қаноатлантирилмаган ҳолларда даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга
ҳақли эканлиги аниқ назарда тутилмаган. Шу йўсинда қонун реабилитация қилинган шахсга “тўғри йўлни” кўрсатмайди.

ЖПКнинг “талаб қилиш ҳуқуқи” деб номланган 312-моддасига кўра, реабилитация этилган шахсни ишга тиклаш бўйича ҳеч қандай процессуал ҳужжат қабул қилинмайди, фақат унга тушунтирувчи билдириш хати юборилади, холос.

Бундай мазмундаги норма қатор тушунмовчиликларни келтириб чиқаради.Тушунмовчилик мазкур меъёрнинг турли талқин қилиниши билан боғлиқ.

Бугунги кунда мамлакатимизда ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган мажбурлов чораларини одил судлов йўли билан белгилаш борасида ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масаланинг муҳимлиги, бу фуқаронинг
меҳнат қилиш ҳуқуқининг таркибий қисми бўлганлиги боис қонун бу масаланинг ҳам суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилишини назарда тутади. Аммо, қонун бир вақтнинг ўзида суд ажрими асосида айблонувчи, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини суруштирувчи , терговчи, прокурорнинг қарори билан “бекор қилиниши” мумкинлигини ҳам инкор қилмайди, Фақат бундай ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурор судни хабардор қилиб қўйиши талаб қилинади.

Амалдаги тартибга кўра, дастлаб иш берувчига шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги суднинг ажрими тақдим қилиниб, у лавозимидан четлаштирилади, у реабилитация қилингандан кейинчи? Айнан шу жойга келганда, яъни шахс реабилитация қилингандан сўнг шахсни ишга тиклаш бўйича иш берувчига қайси органнинг ҳужжати тақдим қилинади, деган саволга қонунларимизда ҳеч нарса дейилмаган. Балким, бу саволга ЖПКнинг 255-моддаси 4-бандига асосан қабул қилинган терговчи қарорига биноан масала ҳал бўлади, дейиш мумкиндир. Аммо суднинг ажрими асосида ходимни ишдан четлаштирган иш берувчи тергов органининг қарорига асосан ходимни ишга тиклармикин? Агар тиклаши шарт бўлса, бу ҳақда ҳеч қаерда ёзилмаган. Бу борадаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилганимизда шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган қонун меъёрлари анчайин мукаммалигига, аксинча уни тиклашга қаратилганларида эса қатор бўшлиқлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз.

Бугунги кунда реабилитация қилинган шахсларни, айниқса ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш бўйича суд амалиётида турли ёндошувлар мавжуд. Бу борадаги суд амалиёти амалдаги қонунлар, қонун ости ҳужжатлари ва шу билан бирга 2019 йил 4 февралдаги Олий суд томонидан барча судларга юборилган 11-9-10-сонли хат ва 2020 йил
26 ноябрда Олий суднинг РС-54-20-сонли реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақидаги Раёсат қарорига таяниб шаклланган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида суднинг айблов ҳукми билан ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо тайинланган ва реабилитация қилинган
шахслар учун ҳарбий ёки махсус унвонларни қайтариб бериш асослари
ва тартиби назарда тутилмаган. Бизнингча реабилитация этилган шахснинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш баробарида, агарда суднинг
айблов ҳукми билан ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш
тарзидаги қўшимча жазо қўлланилган бўлса, бундай ҳарбий ёки махсус унвонлар унга қайтариб берилиши билан боғлиқ масала ҳам ҳал этилиши лозим.

Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда
биринчи навбатда реабилитация қилинган шахслар, айниқса реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш билан боғлиқ суд амалиётини бир хиллаштириш мақсадида аввало мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини унификациялаш, шу билан бир қаторда Олий суднинг тегишли Пленум қарорини ишлаб чиқиш лозим. Бундан ташқари мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги ва ўзига хослигидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг “Реабилитация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилиш лозим.

Ойбек Шомуродов,

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси

Файзулло Кадиров,

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси

Skip to content