ДАЪВО МУДДАТИ: ҚОНУНЧИЛИККА БИР НАЗАР

Вақт – олий ҳакамдир! Дарҳақиқат, вақт инсон ҳаётидаги муҳим лаҳзаларни унинг хотирасида муҳрлаши билан боғлиқ ҳодиса бўлиб, уни ортга қайтариб бўлмайди. Бугунги шиддат билан рвиожланаётган даврда вақтнинг ўрни жуда ҳам муҳим. Чунки, вақтдан унумли фойдаланиш инсонга фойда келтирса, вақтни ўтказиб юбориш уларнинг зарарига ишлайди. Чунончи, вақтнинг ўтиши қонунчилигимизда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича мурожаатларини қаноатлантиришдан рад қилишга асос бўлишини таъкидлайди. 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 5-кичик бўлими даъво муддати, муддатларни хисоблаш масаласига бағишланган бўлиб, унга кўра даъво муддати бу шахс ўзининг бузилган хуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан химоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.

Қонунчилигимизга кўра, умумий даъво муддати уч йил этиб белгиланган.

Айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

Даъво муддатлари ва уларни хисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Бузилган хуқуқни химоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.

Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш хақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

Даъво муддати шахс ўзининг хуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар қонунлар билан белгиланади.

Қонун хужжатларида ёки битимда белгиланган, шунингдек суд томонидан тайинланадиган муддат календар сана билан ёхуд йиллар , ойлар, хафталар, кунлар ёки соатлар билан ўлчанадиган вақт даврининг ўтиши билан белгиланади.

Даъво муддати ўтганидан кейин мажбуриятни бажарган шахс ижро этиш пайтида даъво муддатининг ўтиб кетганлигини билган ёки билиши лозим бўлганлигидан қатъи назар, бажарган нарсасини қайтаришни талаб қилишга хақли эмас.

Асосий талаблар бўйича даъво муддати ўтиши билан қўшимча талаблар (неустойка, гаров, кафолат ва шу кабилар) бўйича даъво муддати хам ўтган хисобланади.

Даъво муддати қуйидагиларга жорий қилинмайди:

шахсий номулкий хуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни химоя қилиш хақидаги талабларга, қонун хужжатларида назарда тутилган холлар бундан мустасно;

омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига;

фуқаронинг хаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш хақидаги талабларга. Даъво муддати ўтганидан кейин қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади;

жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш хақидаги талабларига;

мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз хуқуқини хар қандай бузишларни, шу жумладан эгалик қилишдан махрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бузишларни, бартараф этиш хақидаги талабларига;

мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни хамда бошқа қимматбахо объектларни қайтариб бериш хақидаги талабларга;

қонунда белгиланган холларда бошқа талабларга.

Халқаро тажрибани ўрганадиган бўлсак, даъво муддатига бўлган муносабат бизнинг қонунчилигимиздан бироз бошқачароқ. Масалан, Англия ва Уелсдаги фуқаролик даъволари билан боғлиқ масалалар
1980 йилда қабул қилинган “Чеклаш тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади ва унда ҳар бир иш бўйича алоҳида муддатлар белгиланган.

Жумладан, агар қарз берувчи ҳеч қандай тўлов олмасдан олти йил ўтишига йўл қўйган бўлса, қарзни ундириш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинади. Шунингдек, болаларнинг олган жароҳатлари учун етказилган зарарни ундириш бўйича даъво муддатини ҳисоблаш  улар 18 ёшга тўлганларидан сўнг бошланади.

Туҳмат қилганлиги натижасида етказилган зарарни ундириш бўйича даъво муддати 1 йил ҳисобланади.

Бундан кўринадики, Англияда даъво муддати алоҳида қонун ҳужжати билан тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида эса бундай ҳужжат мавжуд эмас, лекин бунга эҳтиёж катта.

Гарчанд, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида даъво муддатининг умумий тушунчаси ёритилган бўлсада, Меҳнат кодексида даъво муддати алоҳида, Оила кодексида алоҳида қилиб белгиланган.

Бу борада барча қонун ҳужжатларини бир-бирига мувофиқлаштириб, ягона қонун ҳужжати, яъни “Даъво муддати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш зарурати мавжуд деб ҳисоблайман.  

Бундан ташқари, қонунчилигимизда даъво муддати турлича бўлиб, баъзида улар бир-бирини истисно қилиб келади.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
164-моддасида мулк ҳуқуқи тушунчаси қуйидагига тарифланган:

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасида эса никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 06-сонли Қарорининг 28-бандига кўра, Оила кодекси 27-моддасининг тўққизинчи қисмида никоҳдан ажратилган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтишини никоҳ тугатилган вақтдан (яъни, ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилган ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан) эмас, балки шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш лозим (ФК 154-моддаси биринчи қисми) деб кўрсатилган.

Чунончи, Оила кодексининг 23-моддасига асосан эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Гарчанд, Фуқаролик кодекси билан мулк ҳуқуқи муддатсизлиги белгиланган бўлсада, Оила кодексининг мазкур нормаси мулкдорнинг мулк ҳуқуқларини чекланишига олиб келмоқда.

Қонунчилигимиздаги бир-бирига зид бўлган нормаларни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг
27-моддаси 9-қисмини никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан даъво муддати қўлланилмайди, деб баён қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Лукмон Кадиров,

Бухоро вилоят судининг раиси

Нодирбек Файзиев,

Бухоро вилоят  суди раиси ўринбосари

Умр қисқа, уни увол қилманг

  Фуқаро  Истам  Хамроев (исм-шарифи ўзгартирилган) бир оиланинг соҳиби, 2 нафар фарзанднинг отаси, иш ўрнига, касбига эга бўлиб, ҳаётдан завқланиб яшашга арзийдиганлар тоифасидан. Аммо шу бахтини, ҳаловатини ўз қўллари, қинғир ҳатти-ҳаракатлари сабаб ўзи нотинч қилишга сабабчи бўлди.Сабаб эса текин даромад орттиришдир. 
  Истам Хамроев текин даромад пайига тушиб қолди. Когон шаҳар Адолат кўчасида гиёҳвандлик воситасини назорат тариқасида сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЭКБМнинг 2023 йил 18 мартдаги 236-сонли хулосасига кўра шаффоф рангли полимер халтачасига солинган ҳолда соф вазни 0,5 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги "Пирролидиновалерофенон" гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда  сотганлиги аниқланиб,унга нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар рамийлаштирилган.
 Фуқаро И.Хамроевнинг мазкур жиноят иши  очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
 Ҳукмга кўра Фуқаро Ёров Ҳамдам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисмининг "а" бандида ва 273-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 276- моддаси 2-қисмининг "а" банди билан 3 (уч) йил озодликдан маҳкум қилиш жазоси тайинланди.Жиноят Кодексининг 273- моддасининг 5-қисми билан Жиноят Кодексининг 57-моддасини қўллаб, 6 (олти) йил, 6 (олти) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил, 7 (етти) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
 Инсон бу ёруғ дунёда эркин яшаш учун туғилади, аммо бу буюк неъматни ҳар ким ҳам тўғри тушунавермайди.Умр эса қисқа,уни увол қилманг.

Яшин Ниёзов,
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг раиси

Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти 

Ночор қолган ўғри, қўлга тушди

А.Христов муқадам ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан, бундан ўзига ижобий хулоса чиқармасдан, хавфли рецидивист бўла туриб, қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, ғайриқонуний равишда кириб, такроран ўзгаларнинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиб, ўғирлик ва илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс бўла туриб, тақиқланган экинларни, яъни таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган “каннабис” ўсимлигини экиб етиштириш ҳамда гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлаш жиноятларини содир қилган. Жумладан у, 2022 йил 21 ноябрь кунидан 2022 йил 22 ноябрь кунига ўтар кечаси тахминан соат 01:00 ларда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ва текин бойлик орттириш мақсадида Бухоро шаҳар Х.А.Ғиждувоний кўчаси 44-сонли уйнинг асосий кириш эшиги олдида турган фуқаро Хайруллаев Бехрух Рахматовичга тегишли давлат рақам белгиси 80 809 ОRA бўлган яшил рангли “Тико” русумли автомашинанинг эшиклари очиқ ҳолда қолдириб кетилганлигидан фойдаланиб, ушбу автомашинанинг олд йўловчи салонида мавжуд бўлган “бардачок” қисмидан жами 900 АҚШ доллари (1 АҚШ доллари=11.202 сўм х 900 АКШ=10.081.800 сўмлик ) ва 6.720.900 сўм миқдоридаги пулларни яширин равишда ўғирлаб олиб, жабрланувчи Б.Р.Хайруллаевга жами 16.802.700 сўмлик моддий зарар етказиб, хавфли рецидив, ўғрилик жиноятини содир қилган.
Бундан ташқари, судланувчи Христов Андрей Христович ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, 2022 йил 23 ноябрь кунидан 2022 йил 24 ноябрь кунига ўтар кечаси тахминан соат 02:00 ларда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ва текин бойлик орттириш мақсадида Бухоро шаҳар Х.Бодом кўчаси 85-сонли уйда жойлашган велосипед савдо дўконига кириш эшигини бузиш йўли орқали ғайриқонуний равишда кириб, савдо дўконида жойлашган фуқаро Болтаев Жамил Журамуротовичга тегишли бир дона баҳоси 5.800.000 сўмлик “AVALON” русумли электровелосипедни яширин равишда ўғирлаб олиб, жабрланувчи Ж.Ж.Болтаевга 5.800.000 сўмлик моддий зарар етказиб, хавфли рецидив, такроран ўғрилик жиноятини содир қилган.
Шунингдек, судланувчи Христов Андрей Христович ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, 2022 йил 26 декабрь куни тахминан соат 06:00 ларда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ва текин бойлик орттириш мақсадида Бухоро шаҳар А.Жомий кўчаси 21/2-уй подъездида фуқаро Каримов Умид Ражабович томонидан қаровсиз қолдириб кетилган бир дона баҳоси 1.100.000 сўмлик “АОNVI” русумли велосипедни ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган ҳолда яширин равишда ўғирлаб олиб, жабрланувчи У.Б.Каримовга 1.100.000 сўмлик моддий зарар етказиб, хавфли рецидив, такроран ўғрилик жиноятини содир қилган.
Бундан ташқари, судланувчи Христов Андрей Христович илгари гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир қилган шахс бўла туриб, 2020 йилнинг март ойларида Бухоро шахар “Афшормаҳалла” МФЙ “Кунжи Қалъа” кўчасида жойлашган “Руслар қабристони”нинг ички ерида таъқиқланган экин, яъни таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган бир туп “Каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб-етиштирган.
Шунингдек, 2023 йил 05 январь куни соат тахминан 17:00ларда хизматга жалб қилинган Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан шахар марказида мақсадсиз юрган, илгари гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир қилган Христов Андрей Христовичнинг шахсини аниқлаш мақсадида Бухоро шахар ИИО ФМБ 3-сон ИИБ маъмурий биносига олиб келиниб, ёнлари кўздан кечирилганда, унинг эгнидаги қора рангли эркаклар курткасининг ўнг томон чўнтаги ичидан 1 дона “Спички” ёзувли гугурт қутисига жойлаштирилган, яшил рангли, ўзига хос ўткир хидли, соф оғирлиги 3,14 грамга тенг озгинадан кўпроқ миқдордаги “Марихуанна” гиёҳвандлик воситасини, ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Судланувчи А.Христовга 5 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Зариф Шеров,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Акбар Жабборов,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси

ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИНИ КЎРИШДА ТАРАФЛАР, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

Фуқаролик процессуал ҳуқуқий муносабатнинг муҳим субъектлари даъвогар ва жавобгар ҳисобланиб, улар тенг ҳуқуқий мақомга эга.

Фуқаролик процессуал кодексининг 8-моддасига биноан Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.

 Ушбу кодекснинг 40-моддасига биноан, ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, суд муҳокамаси давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш), суд ҳужжатларининг мажбурий ижросини талаб қилиш, давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар содир этилишида ҳозир бўлиш ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

Тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципи жавобгарнинг берилган даъводан ҳимояланиш ҳуқуқини кафолатлайди. Ушбу принцип судда иштирок этаётган бир неча даъвогарлар ва бир неча жавобгарларга нисбатан татбиқ этилади. Мазкур кафолатлар даъвога қарши эътироз билдириш ва қарши даъво бериш воситалари орқали амалга оширилади.

Умуман суд жараёнида даъвогар ҳам, жавобгар ҳам келтирилган талаблар, тақдим этилган далилларга нисбатан моддий ёки процессуал ҳуқуқий эътироз билдириши мумкин.

Айнан даъвога қарши ҳимояланишнинг субъекти фақат жавобгар ва унинг вакили бўла олиши назарда тутилган бўлиб, «даъвога қарши эътироз билдириш» тушунчаси мазмунида даъво талаби, унинг ҳажми ва доираси, даъво асосига нисбатан эътирозлар мавжуд деб баҳолаш мумкин.

Даъвога қарши эътироз билдиришнинг моддий-ҳуқуқий ва процессуал-ҳуқуқий турлари мавжуд. Эътирознинг мақсади суд томонидан даъвони тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни рад этишга қаратилган бўлади.

Моддий-ҳуқуқий маънодаги эътироз – низоли талаб вужудга келган моддий-ҳуқуқий муносабатга тегишли бўлиб, айнан даъво талабларига қарши йўналтирилган бўлади ва бундай эътирозлар моддий ҳуқуқ нормаларига ҳавола бериш орқали асослантирилади.

Процессуал-ҳуқуқий маънодаги эътироз – низоли талабни ҳал қилишга қаратилган, процессуал қонун ҳужжатларида кўрсатилган процессуал ҳаракатларга нисбатан вужудга келиб, суд жараёнининг бориши ва амалга оширилаётган процессуал ҳаракатларга қарши йўналтирилган бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, суд муҳокамаси давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш ҳуқуқларига эга бўлиб, суд ишларини юритишнинг муҳим элементларидан бири саналади. Ушбу процессуал ҳаракатлар айнан суд иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва манфаатлари билан боғлиқдир.

            Илхом Джураев,

            Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди раиси

            Файзулло Кадиров,

            Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси

Фуқаролик судлари томонидан фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш ёки фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 30-моддасига асосан фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тартиби белгиланган руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонунчиликда белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни уни васийи амалга оширади. Фуқаронинг муомалага лаёқатсиз деб топилишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд уни муомалага лаёқатли деб топади ва унга белгиланган васийликни бекор қилади.
Мазкур Кодекснинг 31-моддасига асосан, фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш тартиби белгиланган бўлиб, спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади. Фуқаронинг муомала лаёқати чекланишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд унинг муомала лаёқатини чеклашни бекор қилади. Фуқарога белгиланган ҳомийлик суд қарори асосида бекор қилинади.
Васийлик ва ҳомийлик муомалага лаёқатсиз ёки муомалага тўлиқ лаёқатли бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун белгиланади. Вояга етмаганларга васийлик ва ҳомийлик уларни тарбиялаш мақсадида ҳам белгиланади. Васийлар ва ҳомийларнинг бунга тегишли ҳуқуқ ва бурчлари қонунчилик билан белгиланади.
Васийлар ва ҳомийлар ўз ҳимояларидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар қандай шахслар билан муносабатларда, шу жумладан, судларда ҳам махсус ваколатсиз ҳимоя қиладилар.
Вояга етмаганларга васийлик ва ҳомийлик уларнинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари бўлмаган, ота-онаси суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган тақдирда, шунингдек бундай фуқаролар бошқа сабабларга кўра ота-она ҳимоясидан маҳрум бўлиб қолган, хусусан, ота-она уларни тарбиялашдан ёхуд уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган ҳолларда белгиланади.
Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги иш унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари берган аризалар бўйича қўзғатилиши мумкин.
Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ариза мазкур фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади. Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги аризада спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилувчи шахс ўз оиласини моддий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўяётганлигидан далолат берувчи ҳолатлар баён этилиши керак. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги аризада шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги), шунинг оқибатида у ўз хатти-ҳаракатларини англай олмаслигидан ёки бошқара олмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар баён қилиниши керак. судья аризани олгач, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида фуқаронинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд бўлса, унинг руҳий аҳволини аниқлаш учун суд-психиатрия экспертизасини тайинлайди.
Суднинг фуқаpони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғpисидаги ҳал қилув қаpоpи васийлик ва ҳомийлик органининг муомала лаёқати чекланган шахсга ҳомий тайинлаши, муомалага лаёқатсиз шахсга эса васий тайинлаши учун асос бўлади. Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топганда суд ҳал қилув қарори кучга кирганидан сўнг уч кун ичида бу ҳақда мазкур шахс яшаб турган жойдаги ҳомийлик ва васийлик органига хабар қилади ва унинг устидан ҳомий ёки васий тайинлаш учун ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасини юборади.
Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди. Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки уни муомала лаёқатидан маҳрум этиш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.

Зафар Усмонов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди раиси

Азиз Шарипов ва Гулсара Сатторова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси

ФИРИБГАРЛИКМИ ЁКИ ЖИНОЯТГА АЛОЛАТ ҚИЛИШМИ

Истиқлолга эришгач, мамлакатимизда мустақил миллий давлатчиликнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий пойдевори барпо этилди. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини эгаллади, фуқароларимизнинг дунёқарашида катта ижобий ўзгаришлар содир бўлди, ҳар бир инсонга ўз қобилият ва имкониятларини тўла ҳамда эркин рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар собитқадамлик билан давом эттирилмоқда.

Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳуқуқнинг турли соҳалари билан қўриқлансада, лекин улар орасида жиноят қонуни табиати ва хусусиятларига кўра ўзига хос ўринни эгаллайди. Ижтимоий муносабатлар ривожланиб борар экан, амалиёт жиноят ҳуқуқи фани олдига жамиятда бўлаётган туб ўзгаришлардан келиб чиқиб янгича талаблар қўймоқда. Мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мақсади шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат экан, жиноят қонуни нормаларини қўллаш, қилмишни тўғри квалификация қилиш масалаларига ҳам эътиборни кучайтириш талаб қилинади. Бу эса ўз навбатида мазкур масалаларни янгича ёндашув асосида тадқиқ қилиш эҳтиёжини келтириб чиқаради.

Шу муносабат билан мазкур мақоламизда ҳозирда назарияда ва қонуннни қўллаш амалиётида мавжуд муаммолардан бири, унинг ечимлари хусусида фикрлашмоқчимиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил                        24 сентябрдаги “Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги                19-сонли қарорининг 15-бандида “Агар айбдор пора берувчидан мансабдор шахсга бериш учун деб пора тариқасида пул ёки бошқа бойликларни олганида ва бундай қилмишни хохламасдан, уларни ўзлаштириб юборганда, қилмиш фирибгарлик деб тавсифланиши лозим. Бойликларни қўлга киритиш мақсадида пора берувчи улар томонидан пора беришга оғдирилган тақдирда айбдорнинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга қизиқтирувчи тариқасида қўшимча тавсифланиши керак. Пора берувчининг ҳаракати бундай ҳолларда пора беришга суиқасд деб тавсифланиши лозим бўлади. Бу ўринда пора берилиши мўлжалланган муайян мансабдор шахс айтилган-айтилмаганлигининг аҳамияти бўлмайди” – деб тушунтириш берилган. Демак мазкур тушунтириш бўйича айбдор шахснинг ҳаракатлари ҳам фирибгарлик сифатида, ҳам пора беришга қизиқтириш  сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси ва                         28,211-моддасининг тегишли қисми билан жиноятлар мажмуи сифатида квалификация қилиниши лозим.

Фикримизча, мазкур ҳолат жиноят қонуни нормаларига, чунончи унинг иштирокчиликка оид нормалари мазмунига мувофиқ эмас. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 27-моддасига биноан икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилади. Иштирокчиликнинг объектив ва субъектив белгилари мавжуд бўлиб, шахснинг ҳаракатини иштирокчилик деб квалификация қилиш учун бир неча шахснинг жиноят содир этиш учун онгли равишда ўз кучларини бирлаштириши, шунингдек умумий жиноий оқибат келиб чиқишини мақсад қилганлиги талаб этилади. Иштирокчилик бўлиши учун жиноят содир этишда қатнашаётган шахсларнинг нафақат ташқи бирлиги балки ички бирлиги ҳам зарур.

Хўш таҳлил қилинаётган Пленум қароридаги тушунтиришлар ҳолатда нима содир бўлмоқда. Бунда пора берувчи шахс унинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига мансабдор шахсга пора берилишини истайди ва шунга интилади. Мансабдор шахсга бериш учун пора тариқасида пул ёки бошқа бойликларни олган шахс эса нафақат “бундай қилмишни хохламайди” балки алдаш йўли билан, яъни мансабдор шахсга пора берилишини сохта кўринишини яратади, пора предметини ўзи ўзлаштиради, пора берувчининг жиноий фаолияти ривожланиши ва тамомланишига тўсқинлик қилади.        

Туман судининг ҳукмига кўра А. суд ижрочиларининг туман бўлими суд ижрочиси вазифасида ишлаб келиб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг судьяси иш юритувида бўлган фуқаролик иши бўйича, К.дан, унинг қизи ва куёви ўртасидаги никоҳни қисқа муддатларда бекор қилиш ҳақидаги суд қарорини чиқартириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пора сўраб, кейинчалик ушбу пулларни судьяга беришга қизиқтириб ва уни бунга ишонтириб, ўз хизмат хонасига кириш йўлагида фуқаро К.дан 500 АҚШ долларини олган. Айбдорнинг ҳаракатлари дастлабки тергов органи ва суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси тегишли қисми билан квалификация қилинган.

Хўш, ушбу мисолда иштирокчилик белгилари мавжудми? Бундай “иштирокчиларнинг” ҳаракатида на мақсадлар бирлиги, на ҳаракатлар бирлиги мавжуд. Чунки А. К.га порани судьяга олиб беришда нафақат ёрдам бермаган, балки ёрдам бермоқчи ҳам бўлмаган. У ўз манфаатларини кўзлаб, К.ни алдаган.

Пленум қарорининг таҳлил қилинаётган бандидаги ҳолат бўйича айбдор шахсларнинг ҳаракатлари объектив равишда бир-бирига боғлиқ бўлсада, лекин ўз ички моҳиятига кўра иштирокчиликда содир қилинадиган битта жиноят эмас, балки ҳар хил шахслар томонидан содир қилинадиган бошқа-бошқа жиноятлардир. Бунда айбдорлардан биттаси (ўз ташаббуси билан ёки бировнинг алдови билан) пора беришга суиқасд қилади, бошқаси эса алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритади, яъни фирибгарлик содир қилади.       

 Худди шунингдек, айбдор шахснинг пора беришга оғдиришга қаратилган ҳаракатларида гарчи пора беришга далолат қилиш белгилари мавжуд бўлсада, аслида бундай шахснинг мақсади мазкур Пленум қарорининг ўзида кўрсатилганидек, бойликларни қўлга киритиш бўлганлиги сабабли, унинг далолат қилиш ҳаракатлари ҳеч қандай жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди ва қўшимча равишда Жиноят кодексининг                    28,211-моддаси билан квалификация қилинмаслиги керак. Қолаверса, айбдор шахсда  пора предметини бериш мақсади бўлмаса унинг ҳаракатларида пора беришнинг субъектив томони мавжуд бўлмайди, пировардида умуман жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.

Мазкур соҳада амалиётда йўл қўйилаётган қўпол камчиликлардан бири шундаки, қонуннинг мазмунига кўра пора мансабдор шахсга берилиши керак. Пора берувчини алдаётган фирибгар шахснинг у порани қайсидир ташкилотда ишлаётган танишига бериш учун олиши, гарчи унинг таниши мансабдор шахс бўлмасада, айбдорнинг ҳаракатлари қонунга хилоф равишда ЖКнинг 211-моддаси билан квалификация қилинмоқда.       

Юқоридаги мулоҳазаларни якунлаб, шуни айтиш мумкинки, мансабдор шахсга бериш учун пора тариқасида пул ёки бошқа бойликларни олган шахснинг ҳаракатлари фақатгина у порани мансабдор шахсга беришга ҳаракат қилсагина иштирокчилик билан квалификация қилиш мумкин. Мана шундай ҳолатдагина умумий жиноий оқибатга эришишга қаратилган, қасддан, биргалашиб қатнашишда ифодаланган фаолият мавжуд бўлади. Акс ҳолда шахсни пора беришга қизиқтириш ҳаракатлари, бошқа мақсадлар учун, шунчаки “кўриниш” учун амалга оширилган бўлса, бу иштирокчиликнинг “кўриниши” холос, аслида эса ўз мазмунига кўра фирибгарликдан бошқа нарса эмас.

Шундай қилиб, биз юқоридаги ҳолатда квалификациядаги муаммо қуйидагича ҳал қилиниши, яъни пора берувчининг ҳаракатлари пора беришга суиқасд сифатида, алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритган шахснинг ҳаракатлари эса фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши, ўз навбатида тегишли Пленум қарорига ўзгартиришлар киритиш тарафдоримиз.

          Суръат Найимов,

          Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси

          Нурбек Рахимов,

          Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Ўғриларга муносиб жазо

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 65-моддасига мувофиқ мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.

Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Инсон табиатида иллатларнинг мавжудлиги жамият учун зарар келтиради. Чунки бу иллатлар бора-бора одатга, табиийликка айланиб қолади ва кишини жиноят сари етаклайди.

Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади.

М.Қўшаев муқаддам ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан, бундан ўзига ижобий хулоса чиқармасдан, яна қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида таниши вояга етмаган Ғ.Умирбаёв билан билан олдиндан жиноий тил бириктириб, у билан бир гуруҳ бўлиб, 2023 йил 18 февраль куни соат 23:10.ларда Бухоро шаҳар “М.Ашрафий” кўчаси
21-уйда жойлашган компьютер ўйинлари залида фуқаро Ё.Тўхтаевнинг ўйин ўйнаб, чалғиб қолганлигидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган жигар рангли куртканинг ички чўнтагидан, унинг ичида номига расмийлаштирилган банк пластик карталари ва 1.800.000 сўм нақд пуллари мавжуд бўлган ҳамённи яширин равишда талон торож қилиб, хавфли рецидив ўғирлик жиноятини содир қилган.

Жабрланувчининг аризасига асосан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноятчилар аниқланиб, М.Қўшаевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 /уч/ йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва судланувчи суд залидан қамоққа олинди.

Судланувчи вояга етмаган Ғ.Умирбаевга эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари билан ЖКнинг 841-моддасига асосан 1 /бир/ йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Шавкат Қувватов,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Жўрабек Тожиев,

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси

Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар

Дунёнинг турли минтақаларида мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган бир вақтда, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари даражасида ташкил этиш, ёшларимизни ёт кучлар таъсиридан, бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш, жиноятчиликни, айниқса ёшлар орасида содир этлаётган жиноятларнинг олдини-олиш борасида кенг кўламли вазифаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақазо этади.

Шуни айтиш лозимки, ёшларнинг жиноят йўлига киришида, ўзига хос эҳтиёжлари, манфаатлари, ўзаро алоқаларида мавжуд салбий ҳолатлар, табиатида маънавий ва ҳуқуқий қадриятларни менсимаслик мавжудлиги, шунингдек жамиятда, ўқиш ва меҳнат фаолиятида ўз ўринларини топа олмаслиги, таълим ва тарбиясига етарли эътибор берилмаслиги каби ҳолатлар уларнинг турли ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар содир этишларига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Махсус қисми
V боби “Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар”га бағишланган.

Мазкур бобга 2 мустақил (оила ва ахлоққа ҳамда вояга етмаганларга қарши) гуруҳдаги моддалар бирлаштирилган бўлиб, улардан ҳар бири ўзининг махсус объектига эга. Ушбу объектлардан ҳар бири мустақил бўлиб, бири иккинчисига бўйсунишда эмас. Бу объектларнинг бир хил муҳофазаси оила ҳамда вояга етмаганлар манфаатларини давлат ва жамият манфаатлари йўлида тенг ҳимоялаш зарурати билан изоҳланади.

Биз биламизки Республикамиз аҳолисининг кўпчилик қисмини вояга етмаганлар ташкил қилиб, уларнинг баркамол ривожи жамиятимиз тараққиётининг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасига мувофиқ, республикамизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида ёш авлоднинг баркамол ривож топиши ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун кафолатлар белгиланган бўлиб, давлат органлари томонидан ёшларни тарбиялашга, айниқса вояга етмаганларнинг тарбиясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Жамиятимиз ва давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий ва қатор бошқа соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган бирламчи мақсад – ҳар бир фуқаро учун нормал яшаш шароитларини яратиш, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва муҳофаза қилиш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлашдан иборатдир. Бу ўринда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш ва таъминлаш устувор аҳамият касб этади. Шу боис мустақилликни қўлга киритган илк кунлариданоқ, ёшларнинг ҳар томонлама ривожланишига, инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисмини ташкил этувчи бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилмоқда, мамлакатимизда ёшларга оид қатор дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Уларнинг асосий мақсади – баркамол авлодни тарбиялашдан иборат. Зеро, бизнинг келажагимиз, юртимиз ривожи айни шу омилга боғлиқдир.

Вояга етмаганлар жиноятчилиги эртанги кун жиноятчилигининг кўзгусидир. Демак, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг камайиши келгуси ҳаётимизни айни иллатдан маълум бир даражада ҳоли бўлишини кафолатлайди. Шу боис вояга етмаган шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ҳар бир жамият ва давр учун долзарб бўлиб келган ва ҳозир ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикасида аҳолининг тахминан 35% – 16 ёшгача бўлган болалар ташкил этиши, 60% – 30 ёшгача бўлган ёшлар эканлиги мазкур соҳада амалга оширалаётган ишлар кўлами ва аҳамиятини намоён этади.

Вояга етмаганлар руҳий ва маънавий жиҳатдан шахс сифатида тўлиқ шаклланмаган бўлиб, улар алоҳида муҳофаза ва эътиборга муҳтождирлар. Ўзбекистон Республикасида вояга етмаганлар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларига ҳамда улар манфаатларининг муҳофазасига асосланган норматив-ҳуқуқий база шаклланган. Жумладан, 1991 йилда “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, унда ёшларнинг ривожланиши ва ижтимоий ҳаётга мослашиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратиш бўйича давлатимиз томонидан танланган йўналиш белгилаб қўйилган.

Шу билан бир қаторда Бола ҳуқуқлари Конвенцияси ҳамда бошқа бир қатор халқаро шартномалар ратификация қилинган бўлиб, мазкур ҳужжатларнинг нормалари 2008 йилда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари, вояга етмаганлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127-моддасида назарда тутилган жиноий-ҳуқуқий кафолатлар алоҳида ўрин тутади. Вояга етмаганларга қарши жиноятлар ичида вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиш жинояти ижтимоий хавфи юқори ҳисобланади. Бу, бир томондан, мазкур жиноят ижтимоий хавфлилик даражаси юқорилиги билан, иккинчи томондан, катталарнинг вояга етмаган шахсларни жиноятга жалб қилишдан манфаатдорлиги билан изоҳланади. Зеро, аксарият ҳолларда катталар вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш орқали жавобгарликни четлаб ўтиш мақсадини кўзлайдилар.

“Вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш” тушунчасини тўғри талқин қилиш ва мазкур жиноятнинг асосий белгиларини аниқлаш ушбу норманинг амалда қўлланилишида ҳамда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда бирламчи меъзон бўлиб хизмат қилади. Бироқ, шунга қарамай амалдаги қонунчилик нормаси диспозицияси оддий шаклда бўлиб, унда вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш тушунчаси очиб берилмаган. Бу эса мазкур норманинг ҳуқуқий мазмунига таъсир этиши ҳамда қонун нормасининг турлича талқин этилишига олиб келиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда, норма қўлланилишида юзага келадиган қатор англашилмовчиликлар ҳамда нотўғри талқин қилинишнинг олдини олиш мақсадида модда диспозициясини тасвирлов шаклида ифодалаб, мазкур тушунча мазмунини ёритиб бериш мақсадга мувофиқдир. Қонунчиликдаги ушбу бўшлиқни назарий жиҳатдан тўлдиришга уринишлар бўлган бўлсада, бироқ вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш тушунчасига берилган умумий таъриф мавжуд эмас. Хусусан, М.Х.Рустамбаевнинг таъкидлашига кўра, “жалб қилиш деганда вояга етган шахснинг вояга етмаган шахсни маълум бир ҳаракатларни бажаришга кўндиришга қаратилган ҳаракатлар тушунилади. Жалб қилиш бериш, алдаш, жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш ва бошқа ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин”. Ш.Бердиевнинг фикрига кўра, “… жалб қилиш деганда жалб қилиш ваъда бериш, алдаш, жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш ва бошқа ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин” дейди. В.С.Комиссарованинг фикрича, жалб қилиш деганда вояга етмаган шахсда жиноят содир этиш ёки унда иштирок этиш ниятини туғдиришга қаратилган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

Вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиш деганда, вояга етмаган шахсга нисбатан жисмоний зўрликни қўллаш ёки унга руҳий тазйиқ ўтказиш билан қўрқитиш, пул бериб оғдириш, авраш, алдаш, ўч олиш, ҳасад, рашк туйғуларини ва бошқа паст ниятларини қўзғатиш, жиноят содир этишни таклиф қилиш, ўғирланган нарсаларни сотиб олиш ёки сотиб беришни ваъда қилиш, жиноятни содир этиш жойи ва усуллари ёки жиноят изларини яшириш ҳақида маслаҳатлар бериш йўли билан унинг бир ёки бир нечта жиноятларнинг содир этилишида иштирок этиш ниятини рағбатлантиришга қаратилган ҳаракатлар ва жиноятни содир этишга оғдириш мақсадида вояга етмаган шахслар билан спиртли ичимликлар ичилишини тушуниш керак.

18 ёшга тўлган ва жиноятни қасддан содир этган шахслар вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилади.

Агарда катта ёшдаги киши шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилсаю, унинг вояга етмаганлигини билмаса ёки билиши мумкин бўлмаса, бу ҳолда ЖКнинг 127-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Ҳуқуқий норма аналогиясига асосан бу қоидани вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилишга нисбатан қўллаш мумкин.

Вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиш деганда ижтимоий хавфлилик даражасидан қатъий назар ҳар қандай жиноятни содир этишга ундаш, қизиқтириш ва бунга мойиллик туғдириш, шунингдек, жиноятни содир этишда иштирокчи сифатида жалб этиш назарда тутилиши лозим. Жалб қилиш тушунчасининг асосини жалб қилиш шакли ва усуллари ташкил этади.

Жалб қилиш турли усулда амалга оширилиши мумкин. Жумладан, ваъда бериш, алдаш, жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш ва бошқа ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин.

Ваъда бериш шахснинг вояга етмаган шахсга нисбатан бирор-бир мажбуриятни олишини, яъни унинг манфаатлари йўлида маълум бир ҳаракатни амалга ошириши ёки амалга оширишдан ўзини тийишини айтишда ифодаланади (масалан, вояга етмаган шахсни бошқалардан ҳимоя қилишга, моддий ёрдам беришга, ўқишга киритишга ваъда бериш ва ҳ.к.).

Алдаш вояга етмаган шахсни бирор бир маълумот ёки воқеани чалғитиб кўрсатиш орқали амалга оширилади.

Жисмоний зўрлик ишлатиш вояга етмаган шахсни унинг иродасини синдириб, маълум бир ҳаракатни амалга оширишга мажбурлаш мақсадида дўппослаш, турли даражадаги тан жароҳатлари етказиш ёки бошқача тарзда жисмоний азоб бериш (боғлаш, қўлини қайириш ва б.лар)да ифодаланади.

Жиноят учун жавобгарлик – жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан суд томонидан ҳукм қилиш, жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилишида ифодаланадиган жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатидир.

Лкмон Кадиров,

Бухоро вилоят судининг раиси

Нодир Ашуров,

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси                                                 

Коррупция – бу занглаш, емрилиш ва чириш деганидир

          Коррупция – бу жамият ва ҳаётни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Бу иллат эса демократия ва қонун устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига, қонунчиликнинг издан чиқишига, шунингдек, бозор иқтисодиёти ривожига тўсқ бўлиб, ҳаёт сифатини ёмонлаштириш ҳамда одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган салбий ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлади.

          Бу эса, ҳар-қандай шахсда хоҳ у оддий фуқаро ёки мансабдор шахс бўлсин уларда давлатга ҳамда қонун устворлигига нисбатан ишончнинг йўқолишига ҳамда жавобгарлик муқаррарлиги принципининг танозилга учрашига олиб келади. Натижада мансабдор шахсларнинг пора олиши, таниш-билиш, уруғ-аймоқчилик, гуруҳбозлик ёки маҳаллийчилик ва мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланишни оддий ҳол сифатида қабул қилишига, оддий фуқароларда эса «пора бермасдан масалани ҳал этиш мумкин эмас», деган психология ва инстинктнинг шаклланишига олиб келади.

          Албатта ҳозирги вақтда қонунчиликда ва давлат бошқарувида коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар эканлигини таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.

           Бироқ жамиятимизда Коррупцияни йўқотиш борасида қатий ислоҳатлар амалага оширилаётган бўлсада, мазкур иллатни тўлақонли бартараф этиш имкони бўлмаётганлиги кўриниб турибти.

           Жамиятда Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи буни амалга ошириш доирасида масъул идоралар ташкил этилган бўлса-да, мазкур сайи ҳаракатларнинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро, ҳар бир шахс ўзида масъулият ҳис этса ўйланган мақсадга эришиш бир мунча осонлашган бўлади.

Улуғбек Жўраев,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Алишер Ўралов,

Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг раиси

ФИРИБГАРЛИК- ЁМОН ИЛЛАТ

Инсон, унинг шаъни, қадр-киммати ҳакида уйлаганимизда ёшлари улуғ отахон, онахонларнинг ўтмиш хотиралари тарихнинг рад этиб булмас манбаларига асосланиб ҳали ҳеч қайси жамиятда, ҳеч қачон инсон манфаатлари бу кадар улугланиб, давлат томонидан ҳимояланмаганлигининг гувохи бўламиз. Кундан-кунга чирой очиббораётган юртимиз, мехнаткаш, мард ва танти халкимиз , кузни кувонтираётган бунёдкорлик ишлари, илм-фан, иктисодиёт ва туризм борасидаги салохиятимиз, қўлга киритаётган ютукларимиз шу жаннатмакон юртга мухаббат ва яратиш иштиёкини оширади.Ок когозда кора нукта дарров кузга ташланганидай хаётимизда учраб коладиган баъзи товламачи, алдов йули билан ишонувчан кишиларнинг пул ва бойликларини узлаштириб юрган юртдошларимиз хам борлиги жамиятимизга тушган дог каби xунук куринади.

          Аммо бундай кишиларнинг килмиши жазосиз колмайди. Энди фикримизнинг асоси сифатида якинда куриб тамомланган бир жиноят иши тафсилотига тўхталиб ўтайлик.

          Бозоров Шокир Раҳматиллоевич (Bozorov SHokir Raxmatillovich)1976 йил 21 август куни Пешку туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, оилали 4 нафар фарзанди отаси, маълумоти ўрта, ишламайди, муқаддам айнан фирибгарлик жинояти бўйича судланган бўлсада, яна фирибгарлик жиноятига қўл урди, яъни, у 2022 йил 24 октябрь куни қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Пешку туман “Навоий” МФЙ Аллаёр қишлоғида яшовчи Баҳронов Халилнинг яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, бир бош қора молини 9.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “10” кун ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 100.000 сўм пул маблағларини бериб, бир бош қора молини алдов йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Шунингдек, у 2022 йил 03 ноябрь куни у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Пешку туман Малишояк МФЙ Кўсаравон қишлоғида яшовчи Туйев Хавас Мардоновични яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, уч бош чорва молларини жами 67.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса 1 ой ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 100.000 сўм пул маблағларини бериб, уч бош чорва молларини алдов йўли билан қўлга киритиб, келишилган пулларни ҳозирги кунга қадар бермасдан жабрланувчига анча миқорда моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Бундан ташқари, у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йил 22 декабрь куни Ромитан туманидаги “Қўрғон” мол бозорида, Ромитан тумани Ромитан МФЙ Мўзадўзон қишлоғида яшовчи фуқаро Бердиев Содиқ Холмирзаевични ишончига кириб, бир бош сигир ва боласини жами 11.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “20” кун ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 300.000 сўм пул маблағларини бериб, бир бош сигир ва боласини алдов йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Шунингдек, у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2023 йил                      28 январь куни Ромитан туман Ҳазортут МФЙ Ҳазортут қишлоғида яшовчи Асадов Эли Набиевични яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, уч бош қора молларини жами 12.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “1” ҳафта ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш тариқасида олдиндан (аванс) 10.000 сўм пул маблағларини бериб, уч бош қора молларини алдов йўли билан қўлга киритиб, келишилган пулларни ҳозирги кунга қадар бермасдан жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

           Ҳеч қандай жиноят жазосиз колмайди. Адолатли суд тизимининг саъй-харакатлари билан судланувчи Ш.Бозоровнинг килмишлари ўрганилди, у айбларига тўлиқ икрор булиб, фуқароларни алдаб, уларга тегишли молларини сўйиб тез кунларда пулини беришни айтиб, уларни алдаб, содир қилган фирибгарлик жиноятини тан олди ва чин кунгилдан пушаймонлигини билдирди.

Суд, судланувчи А.Бозоровга нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама килиб, жабрланувчиларнинг моддий даъвоси борлигини, етказилган зарарлар қопланмаганлигини эътиборга олиб, Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди 20.04.2023 йилдаги ҳукмига кўра уни Жиноят кодекси 168-модда 3-қисмининг “б” банди билан айбдор деб топиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш билан биргаликда судланувчи Ш.Бозоровдан жабрланувчи Х.Тўйев фойдасига 66.900.000 сўм, жабрланувчи Х.Бахронов фойдасига 1.500.000 сўм, жабрланувчи С.Бердиев фойдасига 5.720.000 сўм ва жабрланувчи Э.Асадов фойдасига 11.990.000 сўм ундириш белгилади.

          “Бирни куриб фикр кил, бирни куриб шукур кил”-дейди доно халкимиз.Чунки бир кишининг килган хатоси минглаб кишиларга сабоқ бўлиши албатта тайин. Нафс, текин даромад, бошкаларнинг мулкини узлаштириш мукаддас Куръонда, хадиси шарифларда хам кораланган. “Бир нафснинг ишини етмиш шайтон килолмайди”-дейилади “Киссаси Рабгузий”да. 

           Дархакикат, нафс барча ёмонларнинг онасидир. Зеро, барча ноконуний ишларнинг илдизи унга бориб такалади.

         Қолаверса, янги таҳрирдаги Конститутциянинг 54-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”-деб бежизга кўрсатилмаган албатта.

           Фирибгарку жазосини олди, аммо унинг ногорасига уйнаганлар-чи? Улар хам бу вокеадан керакли хулоса чикариб, хушёрликни оширсалар максадга мувофик буларди. 

Абдулло Аллаев,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Махмуд Арипов,

Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди раиси

Skip to content