Ҳозирги кунда мамалакатимизда тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар якка тартибдаги тадбикорлик билан ёки бундай фаолият билан юридик шахс тузган ҳолда фаолият юритишлари мумкин. Тадбикорлик субъектларини ташкил этиш, уларни рўйхатга олиш механизмлари соддалаштиришга катта аҳамият берилмоқда.
Маблағсиз тадбиркорлик билан шуғулланиш мумкин эмас, албатта. Шунинг учун айрим фуқаролар ўз маблағларини тадбикорликка йўналтирсалар, айримлари эса тадбиркорлик юритиш учун банк кредитларидан фойдаланмоқдалар. Яъни, банкдан қарз олган ҳолда тадбиркорлик фаолиятларини бошлайдилар, келгусида тадбирклорликни ривожлаштириш учун ҳам банк билан кредит шартномаси тузиб, ўз фаолятларига кредитларни жалб қиладилар.
Барча ҳуқуқий давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистон Республикасида ҳам шартнома тузиш, уларни ўзгартириш, ижро этиш ва бекор қилишни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, шартнома иштирокчилари ушбу қоидаларга албатта риоя этишлари керак.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Соддароқ айтиладиган бўлса, шартномани тузган яъни имзолаган шахс, маълум бир мажбурятларни ўз зиммасига олади ва у ушбу мажбуриятларни лозим даражада, яъни ўз муддатида ва сифатли қилиб бажариши керак.
Мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Фуқаролик кодекси 744-моддасининг биринчи қисмига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. Яъни, банк томонидан кредит ажратилганидан сўнг, кредитни олган шахс уни ва унга ҳисобланган фоиздларни шартномада кўрсатилган муддатларда қайтариши керак.
Амалиётдан шуни кўриш мумкинки, аксарият ҳолларда берилган кредитларни қайтариш бўлиб-бўлиб амалга оширилади. Яъни, банк ўзи берган кредит ва унинг фоизларини тегишли график (жадвал) асосида қайтариш ҳақида қарз олувчи билан келишиб олади. Масалан, олинган кредит ва унинг фоизлари 3 (уч) йилга бўлинган ҳолда гарфик тузилади ва олинган кредит ушбу график асосида қайтарилиши керак.
Қонунда мажбуриятни таъминлаш усуллари деб номланувчи институт мавжуд бўлиб, бунда мажбур (масалан кредит олувчи) ўз мажбуриятини бажарилиши учун маълум бир таъминотни тақдим этади. Ушбу таъминот кредит шартномасининг ўзида кўрсатилиши ёки алоҳида шартнома тарзда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.
Мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин (Фуқаролик кодекси 259-моддасининг биринчи қисми).
Банклар ва кредит олувчилар ўртасида амалиётда аксарият ҳолларда ушбу таъминот турларидан гаров ҳамда кафиллик танланади.
Қонунга кўра, бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.
Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда назарда тутилган тартибда, ҳақли бўлади.
Таъкидлаш керакки, гаров мулки кредит олувчиники ёки учинчи шахсники ҳам бўлиши мумкин. Яъни, кредит шартномаси иштирокчиси бўлмаган учинчи шахс ҳам ўз мулкини гаровга қўйиши мумкин.
Кредит шартномаси мажбуриятлари кредит олувчи томонидан бузилган тақдирда, банк ушбу кредит ва унинг суммаларини муддатидан олидин ёки муддати тугагандан кейин қайтаришни талаб қилиш билан бирга, ундирувчини гаровга қўйилган мулкка қаратиш ҳақида судга мурожаат қилиши мумкин.
Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно (Фуқаролик кодекси 279-моддасининг иккинчи қисми).
Суд амалиётида кредит суммаларини ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратиш ҳақидаги даъволарни кўришда асосан қуйидаги масалаларга эътибор берилади.
– кредитнинг қайтарилиши қанча муддатга кечиктирилганлиги. Қонунга кўра, агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарзолувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли (Фуқаролик кодекси 726-моддасининг иккинчи қисми).
гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилишининг миқдори. Агар мажбуриятни бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, юқорида қайд этилганидек, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этилиши мумкин.
гаров шартномаси қонун талабларига риоя қилинган ҳолда тузилганлиги. Бунда, агар гаров шартномаси қонун талабига кўра нотариал расмийлаштрилиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлса, ушбу тартибга риоя этилганлиги. Агар қонунга ёки шартнома шартига кўра, гаров шартномасига нисбатан шундай тартиб ўрнатилган бўлса, бундай гаров шгартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди. Бу эса кредит суммасининг ундириш ҳақидаги талаб қаноатлантрилган тақдирда ҳам, ундрувни гаров мулкига қаратиш ҳақидаги талабни қанотлантиришни рад этилишига олиб келиши мумкин.
Гаровга қўйилган мулкни сотиш масаласи Фуқаролик кодексининг 281-моддасида кўрсатилган тартибда ҳал этилади. Ушбу модда 2019 йил 22 октябрдаги Қонун билан янги таҳрирда баён қилинди. Ушбу ўзгартириш қабул қилингунига қадар гаровга қўйилган мулкни гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан ёки бошқа ҳолларда гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан келишуви натижасида белгиланган.
Ҳозирда эса Ушбу Кодекснинг 280-моддасига мувофиқ ундирув қаратилган, гаровга қўйилган мол-мулкни мажбурий равишда реализация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион шаклидаги очиқ кимошди савдосида сотиш орқали амалга оширилади.
Гаровга қўювчининг илтимосига кўра, суд ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги қарорда уни очиқ кимошди савдосида сотишни бир йил муддатгача кечиктиришга ҳақли. Кечиктириш ушбу мол-мулкнинг гарови билан таъминланган мажбурият бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди ҳамда кредиторнинг кечиктириш вақти мобайнида кўпайган зарарларининг ўрнини қоплашдан ва неустойкани ундиришдан қарздорни озод қилмайди.
Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.
Кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганда (ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка суддан ташқари тартибда қаратилган тақдирда) гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишувга кўра, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олишга ва харид нархини гаров билан таъминланган ўз талаблари ҳисобига ўтказишга ҳақли. Бундай келишувга нисбатан олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.
Такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганда гаровга олувчи гаров нарсасини реализация қилинмаган гаров нарсасини такрорий кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархидан кўпи билан ўн фоиз камроқ суммада баҳолаб, ўзида олиб қолишга ҳақли.
Агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ичида фойдаланмаса, гаров тўғрисидаги шартнома бекор қилинади.
Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш чоғида тушган сумма гаровга олувчининг талабини қоплаш учун етарли бўлмаса, у, қонунда ёки шартномада бошқача кўрсатма мавжуд бўлмаган тақдирда, етишмаётган суммани гаровга асосланган имтиёздан фойдаланмаган ҳолда, қарздорнинг бошқа мол-мулкидан олиш ҳуқуқига эга.
Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш чоғида тушган сумма гаровга олувчиларнинг гаров билан таъминланган талаблари миқдоридан ошиб кетса, фарқ гаровга қўювчига қайтарилади.
Қарздор ёки учинчи шахс бўлган гаровга қўювчи гаров нарсаси реализация қилингунига қадар исталган вақтда гаров билан таъминланган мажбуриятни ёки унинг муддати ўтказиб юборилган қисмини бажариб, ундирувни гаров нарсасига қаратишни ва уни реализация қилишни тугатишга ҳақли. Бу ҳуқуқни чеклайдиган келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.
Яъни эндиликда гаровга куйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланган вактдаги бошланғич бахосини суд белгиламайди.
Қоракўл туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Зоиров
Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Абдуллаев
Сўнги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши тадбиркорлик субъектларининг сон жиҳатдан ошишига олиб келмоқда. Ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг турли ҳудудларда жойлашиши улар билан боғлиқ иқтисодий низоларни ҳал қилишда қайси судга мурожаат қилиши керак деган саволни уйғотади.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексида иқтисодий ишларнинг судловга тегишлилиги масаласи қуйидагича баён қилинади.
Судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Юридик шахсларга нисбатан уларнинг алоҳида бўлинмалари фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинмалар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Фуқароларга нисбатан даъволар улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.
Иқтисодий ишларнинг судловга тегишлилик қоидаларини амалий жиҳатдан беш турга бўлиш мумкин.
Даъвогарнинг танлови бўйича судловга тегишлилик. Турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар аризачи давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судда кўрилади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар кўчмас мулк жойлашган ердаги судда кўрилади.
Юридик шахслар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судда кўрилади.
Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъволар, кўчмас мулк ҳақидаги низолар, шу жумладан кўчмас мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги ёхуд мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилишини бартараф этиш ҳақидаги ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги бошқа даъволар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга тақдим этилади.
Бундан ташқари судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра тарафларнинг келишувига шартномада алоҳида кўрсатилган ҳолда низони кўриб чиқувчи судни тарафлар ўз ихтиёрларига кўра ҳам белгилаши мумкин.
Қоракўл туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Зоиров
Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Абдуллаев
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилади. (Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 328-модда)
Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.
Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қабул қилишда шуни назарда тутиш керакки, аризада янги очилган ҳолатларнинг мавжудлигини тасдиқловчи асослар мавжуд бўлиши лозим. Аризага зарурий бўлган далиллар, хусусан, кўрсатилган ҳолатлар санасини аниқлаш имконини берувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак. Бундай ҳолатларнинг аниқланганлик куни бўлиб, шу ҳолатларнинг аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун ҳисобланади. Агар янги очилган ҳолатлар ҳукм, суднинг ҳал қилув қарори, бошқа органнинг қарори билан боғлиқ бўлса, унда янги очилган ҳолат суд ҳужжатларини қабул қилиш учун асос бўлган ҳолатга мазмунан қарама-қарши ҳужжатларнинг қонуний кучга кирган куни ёки ҳукм, ҳал қилув қарори ва қарорнинг қонуний кучга кирганлиги аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун шу ҳолат аниқланган кун ҳисобланади.
ИПК 328-моддасининг биринчи — учинчи қисмлари, шунингдек 329-моддаси талабларига риоя этилган ҳолда берилган қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ишни кўриш жойи ва вақти кўрсатилган ажрим чиқариш йўли билан иш юритишга қабул қилинади. ИПК 328-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ариза беришнинг бир ойлик муддати процессуал муддат бўлиб, агар ариза қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ушбу муддат тикланиши мумкин.
Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш ҳақида аризани қайтариш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиши лозим. Илтимоснома қаноатлантирилган ва ўтказиб юборилган муддат тикланганда бу ҳақида қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.
Қоракўл туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Зоиров
Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси Д.Чориев
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади- деб белгиланган. Бу эса никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлари оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозим ҳисобланади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш орган (ФХДЁ) бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг 37-моддасига мувофиқ никоҳ эр-хотиндан бирининг вафоти ёки улардан бири суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида тугайди. Эр ва хотин ҳаётлигида никоҳ улардан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш йўли билан тугатилиши мумкин. Агар муомалага лаёқатсиз эр ёки хотин манфаатлари ҳимояси тақозо этса, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза унинг васийси томонидан берилиши мумкин ҳисобланади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш орган (ФХДЁ) бўлимлари томонидан фуқароларни никоҳдан ажратиш ҳақидаги мурожаат бўйича Оила Кодексининг 42-моддасига кўра, вояга етмаган умумий болалари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлган тақдирда никоҳдан ажратиш амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасини Оила кодексининг 43-моддасига мувофиқ, никоҳдан ажратиш қуйидаги ҳолларда эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш (ФХДЁ) органларида амалга оширилади, агар эр-хотиндан бири суд томонидан: бедарак йўқолган деб топилган бўлса; руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса; содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда Оила кодексининг 39-моддасига мувофиқ эр хотинининг розилигисиз унинг ҳомиладорлиги вақтида ва бола туғилганидан сўнг бир йил мобайнида никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга, гарчи у туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида боланинг отаси сифатида ёзилмаган бўлса ҳам, ҳақли эмас. Мазкур қоида бола ўлик туғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларга ҳам татбиқ этилади. Хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар у қабул қилинган бўлса, суд ФПК 122-моддасининг 8-бандига асосан аризани кўрмасдан қолдиради.
Фуқаролар томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини судларга тақдим этишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 189 ва 190-моддалари талабларига жавоб бериши керак. Унда, жумладан никоҳ қачон ва қаерда расмийлаштирилганлиги, никоҳдан болалар бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида вояга етмаган болаларни таъминоти ва тарбияси ҳақида келишувга эришилган-эришилмаганлиги, никоҳдан ажратиш сабаблари, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар кўрсатилади.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризага никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари, эр-хотиннинг ойлик маоши ва ўзга даромадлари ҳақидаги, давлат божи ва почта харажатлари тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, даъво талабларини тасдиқловчи далиллар, шунингдек никоҳдан ажратиш ҳақидаги низо судгача ҳал қилинганлигидан далолат берувчи даъвогарнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғини яраштириш комиссиясининг хулосаси илова қилинади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, фуқаролар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаларни судгача ҳал қилинганлигидан далолат берувчи даъвогарнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғини яраштириш комиссиясининг хулосаси тақдим этилишида эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора сифатида баҳоланади. Бу ҳолат Республикамизда оилаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи меҳанизимдир.
Илхом Джураев,
Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг раиси
Юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдуми асосида иштирок этган фуқаролар томонидан овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат бермоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Референдум кўп миллатли буюк халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.
Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.
Ҳокимиятлар бўлиниши принципи ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий концепциясини ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ўртасида ваколатлар қайта тақсимланди. Жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги модели назарда тутилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлашда Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланди.
Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиққан ҳолда давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади- инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмидир.
Илхом Джураев,
Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг раиси
Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Конституция билан кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси “Одам савдоси” деб номланиб, мазкур моддада ушбу тоифадаги жиноятнинг содир этиш усули, турлари ва бу жиноятлар учун тайинланадиган жазолар қайд этилган. Одам савдоси бу- одамни олиш-сотиш, ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланади.Мазкур ҳаракатларнинг содир этилиши жиноий оқибат юз берган-бермаганидан қатъий назар жиноят тугалланган деб топилади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланган қилмишларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик юзага келади.
Одам савдоси жинояти миллат, давлат ва чегара танламайди. Ушбу жиноят бир давлатнинг ҳудудида бошланиб, унинг оқибатлари бошқа давлатларнинг ҳудудида юз бериши мумкин.
Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва ҳ.к.лар сифатидаги ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишдаги одам савдосида одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги (сотилганлиги) ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.
Шахс одамни унинг эвазига ҳақ олинганидан сўнг топшириш шарти билан сотишга ваъда бериб, бироқ азалдан унинг қасди моддий қимматликларни эгаллашга қаратилган ва унда битим шартларини бажариш нияти бўлмаган ҳолларда унинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этади, олувчининг ҳаракатлари эса сотиб олиш тариқасидаги одам савдосига суиқасд сифатида баҳоланади.
Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилади.
Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади.
Фоҳишабозликдан фойдаланиш деганда, одамдан унинг ҳақ эвазига номуайян доирадаги жинсий шериклар билан шаҳвоний муносабатларга киришишидан муттасил фойдаланиш тушунилади. Бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатация деганда, одамнинг ундан порнографик тасвирлар тайёрлаш, бузуқ ҳаракатлар содир этиш ва ҳ.к. мақсадларда фойдаланиш учун берилиши тушунилади.
Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатади. Ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.
Қуллик – ўзига нисбатан мулк ҳуқуқига хос айрим ёки барча ҳуқуқлар амалга оширилаётган шахс аҳволи ёки ҳолатини англатади.
Эрксизлик ҳолати – шахснинг муайян омиллар мажмуи таъсири остида ўз эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур бўлганлигини англатади.
Ёллаш деганда эксплуатация қилиш мақсадида одамни бирор бир фаолият билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган фаолият (эксплуатация объектини қидириш, тўплаш, у билан музокара юритиш ва ҳ.к) тушунилади;
ташиш – шахсни олиш-сотиш битими тузиладиган (ижро этиладиган), бошқа шахсга топшириладиган жойга ёки ундан эксплуатация мақсадида фойдаланиладиган жойга етказиб бериш (транспортда ташиш)ни англатади. Бунда етказиб бериладиган шахс одам савдосини амалга ошириш учун мўлжалланганлиги ташувчига олдиндан маълум бўлиши лозим. Ташиш битта аҳоли пункти доирасида ҳам, Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиш билан боғлиқ тарзда ҳам амалга оширилиши мумкин;
топшириш – одамни бошқа шахсга эксплуатация қилиш мақсадида жисмоний тарзда беришда ифодаланади;
яшириш – жабрланувчини ҳокимият вакилларидан, қариндошларидан ёки унинг тақдиридан манфаатдор бошқа шахслардан ҳар қандай жойда хуфия сақлашда ифодаланади;
қабул қилиш – одамни ўз мақсадларида эксплуатация қилиш учун эгаликка олиш (масалан, ҳадя тариқасида, вақтинча текин фойдаланиш учун ёки қарз эвазига ва ҳ.к.) ни англатади.Одамни сотиб олиш ҳоллари бундан мустасно.
Ўғирлаш деганда, одамни қонунга хилоф равишда, яширин ёки ошкора қўлга киритиш ва унинг эркига хилоф равишда уни олиш-сотиш ёки эксплуатация қилиш мақсадида бошқа жойга олиб кетиш тушунилади.
Зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деганда, боғлаш, озодликдан маҳрум этиш, уриш-дўппослаш, ушлаб туришдан бошлаб, жабрланувчининг соғлиғига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш, шунингдек жабрланувчининг соғлиғига зиён етказмаган бўлсада, бироқ қўлланилган пайтда бундай зиён етказишга реал имконият туғдирган зўрликкача бўлган ҳар қандай мажбурлаш тушунилади.
Бошқа шаклдаги мажбурлаш деганда, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларининг мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд шикаст етказиш ёки нобуд қилиш билан таҳдид қилиш, жабрланувчи ёки унинг яқин кишилари обрўсини тўкадиган маълумотларни ёки уларнинг ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни тарқатиш ёхуд жабрланувчини айбдорнинг у ёки бу кўрсатмаларини бажаришга мажбур этадиган вазиятни вужудга келтирадиган ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш тушунилади.
Моддий қарамлик, жумладан жабрланувчи айбдорнинг тўлиқ ёки қисман қарамоғида бўлганлигини, қарздорнинг кредиторга мутелигини ва ҳ.к.ни англатади.
Бошқа жиҳатдан қарамлик деганда, жабрланувчининг айбдорга ҳар қандай номоддий қарамлигини (масалан, оилавий муносабатлар, тобе шахснинг раҳбарига, ўқувчининг ўқитувчига қарамлигини) тушуниш зарур.
Жабрланувчини чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб туриш унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтиши ёки Ўзбекистон Республикаси дипломатик ёки консуллик муассасалари билан алоқа боғлаш имкониятидан маҳрум қилинишида намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят қонунчилигида чақалоқ савдоси учун алоҳида норма мавжуд бўлмасада, чақалоқ ҳам индивид яъни, инсон ҳисобланганлиги боис, унга нисбатан содир этилган одам савдоси жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.
Мазкур тоифадаги жиноятларнинг субеъкти, 16 ёшга тўлган ҳар қандай жисмоний шахс, айрим ҳолларда эса жабрланувчининг ота-онаси, яқин қариндошлари ёки бевосита тиббиёт ходимлари ҳам бўлишлари мумкин.
Келинг ҳар сафаргидек мақоланинг бошланишида ўзимизни ўзимиз мақтамасдан, ҳамду-сано ўқимасдан тўғридан тўғри муддаога ўтиб қўя қолайлик.
Буюк ҳинд файласуфи Шри Бхагван Раджниш (тахаллуси Ошо)нинг “Олмосларни ўғирлаган одам ҳақида” деган ажойиб бир ҳикояси бор. Кунлардан бир куни кимдир қирол саройидан жуда қимматли бир неча дона олмосларни ўғирлаб кетибди. Хизматчилар олиб кетилган олмосларни роса излашибди. Қирол ушбу тошларни жуда яхши кўрар экан, шу боис нима қилиб бўлса ҳам уларни тезроқ топиш лозим эди. Бироқ тошларнинг изи ҳам топилмади. Шунда кимдир шаҳарда бир донишманд яшашини, унинг олдига борсалар уларни қўллаб-қувватлаши, ёрдам бериши, бирор фикр айтиши мумкинлиги ҳақида маслаҳат берди. Оддий фуқаролар олимларнинг олдига ёки экспертларнинг олдига бора олишмайди. Биз фақат ўзимизнинг кекса донишмандимиз олдига борамиз. У бизни ҳеч қачон рад қилмайди, бизга доим чиройли маслаҳатлар беради. Шундай қилиб, шаҳар ҳокими ва аёнлар донишманднинг олдига келишибди. Донишманд бир муддат кўзларини юмиб, сўнгра айтибди: “Ҳа ўғриликни ким қилганини мен биламан, бироқ, олмосларни ким ўғирлаганини айтганимни ҳеч ким билмаслиги лозим. Шуни менга ваъда беринглар” – дебди. Унга ваъда беришибди, албатта. Донишманд яна айтибди: “Фақат сен мен билан бирга борасан. Биз одамлардан шу даражада жуда узоққа кетишимиз, ўрмоннинг ичига киришимиз керакки, токи ҳеч ким ҳеч нарсани эшитмасин. Фақат шаҳар ҳокими мен билан бирга боради”. У шаҳар ҳокимини олиб кетибди, ҳоким эса жуда ҳаяжонланар, чунки олмосларни топишига озгина қолган ва уларни топса қирол уни тақдирлар эди. Улар кетган йўл жуда узоқ эди. Ҳар сафар ҳоким донишманддан “биз узоқ йўл юрдик, атрофда ҳеч ким йўқ, олмосларни ким ўғирлаганини айт” – деб сўрар эди. Донишманд эса “яна озгина қолди, чида” – деб жавоб берар эди. Ниҳоят шаҳар ҳокими оёқдан қолибди. “Нима учун мени узоқ юришга мажбур қиляпсан, ахир жуда чарчадим, билсанг айт! Шуни билсанг айт!” – дебди. Донишманд эса “Мен олмосларни ким ўғирлаганини биламан. Яқинроқ ўтир, қулоғингга пичирлаб айтаман. Токи бошқа ҳеч ким эшитмасин”- дебди. Ҳоким: “Сен жиннига ўхшайсан, атрофда ҳеч ким йўқ”. Донишманд: “Ҳа энди бошқалар эшитмасин дедимда”. Ниҳоят донишманд шаҳар ҳокимининг қулоғига секин шивирлаб, дебди: “Аниқ биламан, олмосларни ўғри ўғирлаган”.
Ўртоқлар, тушунмаганлар учун айтаман, қиссадан ҳисса шуки, ҳақиқат жуда оддий нарса. Биз ҳаммамиз олмосларни ўғри ўғирлаганини олдиндан билар эдик, буни ҳамма англайди. Ҳақиқат барчамиз учун умумийдир. Бироқ, муаммо шундаки, мана шу ҳақиқатни, гарчи у оддий бўлсада ёки уни ҳаммамиз билсакда бир-биримизга айтмаймиз. Ҳақиқатни айтмаймиз, уни яширамиз, бир-биримизга ёлғон гапирамиз. Жамиятда ошкоралик тўлиқ таъминланмагани боис муаммоларни ошкора муҳокама қилмаймиз.
Мен судьяман, бунинг устига жиноят ишлари бўйича судьяман. Баъзида жиноят ишларини кўриб, қароримни ўқиб, суд залидан хурсанд бўлиб чиқиб кетаман, чунки жиноятчи жазоланган, жабрланувчининг ҳуқуқлари тикланган, адолат эса қарор топган бўлади. Баъзида эса кўнглим сиёҳ, ўзим эса ўйга чўмиб, юзага келган саволларга жавоб тополмасдан, ўйлаган ўйимга етолмасдан, жамиятимизда содир бўлаётган адолатсизликларни ўйлаб, ҳорғин бир аҳволда чиқаман. Баъзида судда одамлар айтган гапларни эшитиб, бир неча кунлар тушкунликка тушиб юраман. Ўзим, оилам, болаларим, уларнинг келажаги нима бўлади деб ўйлайман. Бу гапларни сизлар ҳам эшитсангизлар астағфуруллоҳ деб ёқа ушлашларингиз тайин. Наҳотки 21 асрда, ўзини мустақил ва демократик давлат деб ҳисоблаган она Ўзбекистонимизда шунақа воқеалар содир бўлган бўлса. Биринчи олий маълумотим тарих фани ўқитувчилиги бўлиб, озми-кўпми тарихдан хабарим бор. Ахир ҳозир ўтган асрдаги 37 йиллар каби репрессия йиллари, улуғ ватан урушидан сўнгги ёки 80 йиллардаги турғунлик йиллари эмаску.
Охирги йиллар давомида судланувчилардан дастлабки тергов даврида мутассил калтакланганликларини, иродаси синдирилганлиги оқибатида исталган кўрсатувлар беришга тайёр бўлганликларини эшитдим. Кимдир қамоқхонага хотини ёки қизи олиб келиниб уларнинг номусига тажовуз қилиш билан қўрқитилганлигини гапиради. Кимдир орқа чиқариш жинсий аъзосига шиша идишини мажбурлаб тиққанликларини гапиради. Бухорода дастлабки тергов даврида қамоқда бир тадбиркор калтакланиб ўлдирилганлигини кўпчилик эшитган бўлса керак. Хулосам шуки, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги, болаларимиз учун обод ва озод ватанни қолдиришимиз учун тергов даврида руҳий ва жисмоний тазйиқ натижасида олинган ҳар қандай далилни айбловдан чиқаришимиз, бундай ҳолатларга эътиборсиз ва бефарқ бўлмаслигимиз, маслагимизда қатъий туришимиз, жасур бўлишимиз, шу эзилганларнинг хотирасини ҳурмат қилишимиз, ноҳақ айбланган ҳар бир ватандошимизни оқлашимиз, уларнинг обрўсини ва жамиятга ишончини тиклашимиз лозим.
Жамиятимизда узоқ йиллар мобайнида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўтказилаётган бўлсада, ҳар бир судья ўз ишига виждонан ёндашмас экан, одамларни қалбан ҳис қилмас экан, ислоҳотларнинг бир пуллик фойдаси бўлмайди.
Ҳаммамизни ота-онамиз, бобо-бувимиз, гулгун фарзандларимиз бор. Худога шукурки ўзимиз ҳам, улар ҳам соғ-саломат юришибди. Мени бир нафар ўғлим, уч нафар қизларим бор. Катта қизим институтда ўқийди. Анча катта бўлиб қолди. Унинг хавфсизлигини, номусини ўйлайман. Худодан илтижолар қиламан. Кичкина қизим ҳали беш ёшда боғчага боради. Қизалоқнинг зеҳни жуда ўткир. Ёш болачалар жуда нозик ва ҳимоясиз. Улар ҳали ўсиши, улғайиши керак. Ҳаётда ўз ўрнини топиши керак. Улар учун жавобгарман. Шуларни ҳам ўйлайман. Худодан уларнинг соғлигини, номусини, хавфсизлигини, бахтини тилайман. Тўғри мен намоз ўқимайман, сажда қилмайман, чунки ибодатдан кўра кўпроқ адолатни афзал деб биламан. Шу боисдан ҳам фарзандларим учун, худо учун савоб ишларни қилишга ҳаракат қиламан. Ноҳақ айбланган одамларни оқлаш ҳам юксак одамгарчилик, савоб ҳисобланса керак. Биз кўчада соғ-саломат ўйнаб юрган болаларимизнинг бадали учун ҳам айби йўқ одамларни оқлашимиз керак. Чунки улар ҳам биринчи навбатда инсон, жамиятимиз аъзоси, кимгадир ота, кимгадир ака-ука, кимгадир қўшни, дўст, устоз бўлади. Уларнинг ҳам фарзандлари бор, ҳаётдан умидлари бор.
Агар юқоридаги гаплар бизларга таъсир қилмаса, ҳеч бўлмаса ўзимиз учун, борингки кўнгил учун, хурсанд бўлишимиз учун, судланувчини бир неча йиллар ўтиб кўриб қолганимизда шу одамни ман оқлаганман деб юракдан хурсанд бўлишимиз учун, ғурурланишимиз учун, қилган ишимиздан фахр туйғусини туйишимиз учун, борингки қалбимиз учун одамларни оқлашимиз керак деб ҳисоблайман. Чунки инсон фақат овқат билан тирик эмас, у биринчи навбатда маънавиятли бўлгани учун ҳам тирикдир ва инсон деган номга муносибдир.
Президентимизнинг 2020 йил 10 августда “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сонли Қарори эълон қилинганидан сўнг олий маълумотли ҳуқуқшунос бўлганим учун ҳам мазкур қарорнинг ҳақиқий аҳамиятини тушунганим учун ҳам жамиятимизда ўзгаришлар бўлаётганлигидан хурсанд бўлган инсонлардан бири бўлдим. Чунки ушбу ҳужжат тергов ва суд-ҳуқуқ амалиётини тубдан ўзгартиришга, “провокация” деб номланувчи ярамас бир амалиётни бартаф қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Аввало айтиш жоизки, “провокация” деганда шахсни салбий оқибатларга (масалан жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир қилинишига) олиб келадиган ҳаракатларни содир этишга далолат қилиш, ундаш тушунилади.
Масалан, фуқарога бирор бир муайян ҳуқуқни берувчи ҳужжатни, хусусан меҳнатга қобилиятсизлик ёки ногиронликни белгилаш ваколатига эга бўлган мансабдор шахснинг (врачнинг) олдига бир аёл фуқаро келиб, унга ҳақ эвазига шундай ҳужжатни беришни илтимос қилади. Табиийки, дастлаб врач унинг илтимосини рад қилади, ноқонуний ишни қилишни истамайди. Шундан сўнг ҳалиги фуқаро бир неча кунлардан сўнг врачнинг олдига яна келиб илтимос қилишни, ялинишни давом эттираверади. Ўзи оиласидан ажрашганлигини, ёш болалари борлигини, моддий шароити яхши эмаслигини рўкач қилиб, ногиронликни олишга ёрдам беришни илтимос қилаверади. Врачдан телефон рақамини олиб ҳар куни қўнғироқ қилиб сўрайверади. Оқибатда врачнинг фикрини ўзгартиради, врач тегишли пул суммасини олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланади. Ўз навбатида реал ҳолат шундан иборатки, ўша аёл шундан сўнг ногиронликни олиш учун тегишли органга бошқа мурожаат қилмайди, айни вақтда бошқа ишлар бўйича ҳам жабрланувчи бўлиб ўтишни давом эттираверади.
Яна бир мисол. Муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар учун судланган фуқаронинг олдига бир киши кириб, ундан ўз истеъмоли учун ҳақ эвазига “марихуана” гиёҳвандлик воситасини топиб беришни илтимос қилади. Ҳалиги судланган фуқаро унинг илтимосини рад этади. Ўзи яқинда қамоқдан чиққанлигини, тўғри ҳаёт билан яшамоқчи эканлигини айтади, уни бундай ишларга аралаштирмаслигини сўрайди. Бироқ, провакатор шахс, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан судланган шахснинг шундай ишларга мойиллигидан фойдаланиб, унга “марихуана” воситасини топиб беришга ундайверади. Оқибатда судланган фуқаро судланганидан олдин бўлган эски танишларини топиб, улардан гиёҳвандлик воситаси топиб беришни илтимос қиладиган ҳолатга тушади. Бундай ишларнинг оқибати аниқ. Фуқаро эски танишидан гиёҳвандлик воситасини олиб, провокаторга бераётган вақтида тадбирда ушланади.
Яна бир мисол. Якка тартибдаги тадбиркор бирор тумандаги марказий бозор ҳудудида ўз дўконида савдо қилади. Муқаддам судланмаган ёки маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Чунончи, ноқонуний валюта айрибошлаш фаолияти билан ҳам шуғулланмаган. Бироқ, дўконда ишлаб турган вақтида унинг олдига эски таниши келиб, 100 АҚШ долларини сўмга алмаштириб беришни илтимос қилади. Тушлик вақти бўлганлиги сабабли банклар ишламаслигини баҳона қилади, бозордаги ноқонуний валютафурушлик билан шуғулланувчи одамлардан эса пул алмаштиришга қўрқишини айтади. Тадбиркор унга ишониб долларни алмаштирган вақтида ушланади. Ёки шу мисолнинг бошқача варианти. Бир аёл киши тумандаги солиқ идораларида ишлайдиган ходим билан олдиндан таниш бўлади. Аёл солиқ ходимидан унинг ҳудудида жойлашган дўконлардан биридан 100 АҚШ долларини сўмга алмаштириб беришни сўрайди. Солиқ ходими аёлнинг юзидан ўтолмасдан ўз ҳудудидаги дўконлардан бирига кириб дўкончидан долларни алмаштириб беришни илтимос қилади. Оқибатда дўкончи ва солиқ ходими воқеа жойида ушланадилар. Шу аёл шундан сўнг ҳам валютага оид бошқа тадбирларда қатнашиб юраверади.
Мисолнинг даҳшати. Иккита аёл (улардан бири суд қарорига кўра МЖТКнинг 190-моддаси билан, яъни фоҳишалик билан шуғуллангани учун маъмурий жавобгарликка тортилган) қаердандир бир фуқаронинг телефон рақамини топишиб, унга қўнғироқ қилишади ва ундан тумандаги коллежга кириш имтиҳонларидан ўтказиш учун ёрдам беришни сўрашади. Эркак фуқаро аёлларнинг чиройига учиб, улар билан ишқий муносабатда бўлиш учун уларга коллежда танишлари борлигини айтиб, ҳақ эвазига ўқишга киритишни ваъда беради. Пулларни олаётган вақтида ушланган. Реал ҳолатда аёллар ўқишга кириш учун тўғридан тўғри коллежга бориб ҳужжат топширишмаган, коллеж ходимлари билан суҳбатлашмаганлар. Аёллардан бирининг паспорти ҳам бўлмаган. Эркак фуқаронинг телефон рақамни қаердан олишгани ҳам номаълум, унинг коллежга ўқишга киритиш билан шуғулланаётганлиги ҳам номаълум.
Фикримизча, юқорида келтирилаётган мисолларнинг барчасида жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир қилишга қаратилган қасд фуқароларда уларнинг олдига тегишли шахслар боргандан ва ундагандан сўнг пайдо бўлган. Ваҳоланки, фуқарони ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар содир этишга оғдириш ёки ундаш қонун билан тақиқланади.
Мазкур мақолада ҳам провокацияга учраган фуқаро мисолида ушбу масалаларга янада ойдинлик киритмоқчимиз. Қисқаси, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2021 йил 25 июнь кунидаги ҳукмига кўра, Б.Ахмедов, (исми фамилияси ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан айбли деб топилиб, 1 йил муддатда давлат ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.
Суднинг ҳукмига кўра, Б.Ахмедов, Бухоро шаҳар Давлат солиқ инспекцияси Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар билан ишлаш шўъбаси давлат солиқ катта инспектори лавозимида ишлаб келиб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида 2021 йил 28 январь куни 1710ларда фуқаро “Мирзо омад плюс” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Шарипов Анвар (исми фамилияси ўзгартирилган) билан кўришиб, алдаб, ишончига кириб, унинг раҳбарлигидаги МЧЖ ҳисоб рақамини ёпишга оид ишни ижобий ҳал қилиб беришга ишонтириб, бунинг эвазига 100 АҚШ доллари беришни талаб қилган.
Шу мақсадда, Б.Ахмедов “Мирзо Омад плюс” МЧЖ раҳбари А.Шариповни алдаб, уни ишончини суиистеъмол қилиб, 100 АҚШ доллари эвазига Бухоро туманлараро иқтисодий судининг “Мирзо Омад плюс” МЧЖ ҳисоб рақамини ёпишга оид ишни ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, 2021 йил 29 январь куни тахминан соат 1748да ўзининг номида бўлган пластик картасига 1.050.000 сўм пулларни юклатиб олганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган. Мазкур иш бўйича биринчи босқич суди ўз ҳукмини чиқарганидан сўнг, судланувчи томонидан Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти киритилган. Судлов ҳайъати ишни кўриб чиқиб Б.Ахмедовга нисбатан оқлов ҳукми чиқарган. Ўзим ҳам шу ишни кўриб чиқишда раислик қилувчи, маърузачи сифатида иштирок қилдим. Судлов ҳайъатининг бошқа аъзоларига, Шавкат Чориевич Қувватовга ва Нозим Сатторович Жўраевга уларнинг илми, салоҳияти, жасурлиги учун ҳам миннатдорчилик билдираман.
Судланувчи Б.Ахмедов, ўзининг апелляция шикоятида дастлабки тергов ҳамда биринчи инстанция судида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддаси талаблари бузилганлиги, моддий ва процессуал қонун талабларига, Олий суд Пленумининг соҳага оид тегишли тушунтиришларига риоя қилинмаганлиги, унинг айбсизлиги ҳақидаги важлари синчиклаб текширилмаганлиги, иш бўйича жабрланувчи деб топилган А.Шариповнинг Б.Ахмедовни пул олишига мунтазам тарза ундаганлиги бўйича ҳаракатларига, шунингдек А.Шариповнинг муқаддам ҳам бир неча фуқаролардан пул олиш жараёнида аризачи сифатида уларни ушлаб берганлиги, жиной жавобгарликка тортилишларига сабабчи бўлганлиги ҳолатига тўғри ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, қонуннинг далилларнинг мақбуллигига оид нормаларига амал қилинмаганлиги ҳақида важлар келтириб, унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги боис, жиноят ишини ҳаракатдан тугатиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги 7-сонли Қарорининг 4-бандида, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги кўрсатилган. Бироқ, биринчи инстанция суди судланувчига нисбатан айблов ҳукми чиқаришда Олий суд Пленумининг қайд этилган раҳбарий тушунтиришларига риоя қилмаган.
Апелляция инстанцияси суди муҳокамасида сўроқ қилинган Б.Ахмедов, 2020 йил 02 декабрь кунидан Бухоро шаҳар Давлат солиқ инспекцияси Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар билан ишлаш шўъбаси давлат солиқ катта инспектори лавозимида ишлаб келганини, 2021 йил 27 январь куни унга бир фуқаро қўнғироқ қилиб, ўзини “Мирзо Омад Плюс” МЧЖ раҳбари Шарипов Анвар деб таништириб, олдига бир масалада келмоқчи эканлигини айтганини, унга эртага келишини айтганини, 2021 йил 28 январь куни ўз ишлари билан жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига борганини, шу куни соат тахминан 1710ларда унга яна А.Шарипов қўнғироқ қилиб, Бухоро шаҳар ДСИга қўнғироқ қилганлигини, ДСИдагилар унинг қўл телефонининг рақамини берганликларини, унга суддан қанақадир хат келганлигини айтганини, хатни олиб кўрганида, Бухоро туманлараро Иқтисодий судидан чақирув қоғози бўлганини, корхона ҳисобот топширмаганлиги учун ҳисоб рақами суд томонидан ёпиб қўйилгани ёзилганини кўрганини, унга ҳисобот топширмаганлиги учун ҳисоб рақами ёпилганини ва шу масалада бухгалтерига мурожаат қилишини айтганлигини, лекин А.Шарипов унга бухгалтери касал эканлигини, ўзи тумандан эканлигини, Россияга чиқиб кетиши керак эканлигини, 2 та фура юк машиналари борлигини, унга ишларини қилиб беришини, ҳисоботни топшириб беришини, эвазига 100 АҚШ доллари беришини айтганини, кейин Бухоро Давлат Университетининг олдида учрашганини, унга электрон калитни давлат хизматлари марказидан олишни айтганини, калитни олгач корхона фаолиятини кўриб чиққанини, А.Шарипов унинг қилиб берган иши учун нақд пулда хизмат ҳақи беришини айтганини, ўзи унга пластик картасининг рақамини ёзиб олишини, пулни пластик картасига ташлаб беришини айтганини, 2021 йил 29 январь куни соат тахминан 1800 ларда А.Шарипов унга қўнғироқ қилиб, пластигига пул ташлаганлигини, чеки қўлида эканлигини, ҳисобини текшириб кўришини айтганини, кейин жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида бўлган вақтида унинг олдига нотаниш фуқаролар келиб ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари деб таништириб, уни ўзлари билан олиб кетишганини, А.Шариповдан пул сўрамаганини, А.Шарипов унга ишларини бажариб берса хизмат ҳақи беришини айтганини, А.Шарипов айтавергани учун йўл кира ҳақига пулни пластик картасига ташлаб беришини айтганини, А.Шариповга одамгарчилик юзасидан ёрдам бермоқчи бўлганини, А.Шарипов унга мунтазам қўнғироқ қилиб турганлигини, оиласидан 2 марта ажралганлигини айтганлигини, шу билан унда ачиниш туйғусини уйғотганлигини, ўзининг айби йўқлигини айтиб, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраб, кўрсатувлар берди.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддасида фирибгарлик учун, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритганлик учун жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 35-сонли Қарорининг 4-бандида, “Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият бериши ҳақида тушунтириш берилган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 10 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг банклардаги барча ҳисоб варақлари бўйича чиқим операциялари унинг томонидан 2020 йилнинг август ойи учун қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар тўхтатилган. Б.Ахмедов эса мазкур МЧЖ ҳисоб рақамини очиб бериш учун жамият раҳбари А.Шариповдан 1.050.000 сўм пулларни олганликда айбланган. Ваҳоланки, ишни апелляция инстанцияси судида кўришда аниқланишича, гарчи Б.Ахмедов мазкур ишларга ваколатли бўлмасада, бироқ “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг солиқ ҳисоботини тузиш ва пировардида тўхтатилган ҳисоб рақамини очилишини таъминлаш учун қонуний ҳаракатларни амалга оширган. Чунончи, Б.Ахмедов ўзининг дастлабки тушунтириш хатида А.Шариповга қўнғироқ қилиб унга ҳисобот топширмаганлиги сабабли унинг ҳужжатлари судга оширилган бўлиши мумкинлигини ва эртага бориб Давлат хизматлари марказидан электрон калитни олишини ва калит орқали корхона фаолиятини кўриб чиқишларини айтганлигини баён этган. А.Шарипов ҳам ўз тушунтиришларида Б.Ахмедов унга қўнғироқ қилиб айтганидан сўнг жамият бўйича “Ягона дарча”га бориб электрон калит олганлигини, Б.Ахмедов келиб унинг калитини ўзининг флешкасига ташлаб олганлигини баён қилиб тушунтиришлар берган. Иш бўйича ҳам мазкур ҳолат тасдиқланган.
Апелляция инстанцияси судида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган, Бухоро вилоят ДСБнинг солиққа оид ҳуқуқбузарликлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, ўз кўрсатувларида иқтисодий суд томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг банкдаги ҳисоб варағи бўйича чиқим операциялари тўхтатилган бўлса, тегишли ҳисоботлар тақдим этилган тақдирда солиқ органи томонидан ҳисоб варақлари очилишини маълум қилди. Яъни қонунчиликка биноан, ҳисоб варағи бўйича чиқим операциялари тўхтатилган тадбиркорлик субъектлари тегишли солиқ ҳисоботларини тақдим этганларидан сўнг уларнинг ҳисоб варақлари солиқ органи томонидан автоматик тарзда очилади.
Юқорида кўрсатилганидек, Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 10 ноябрдаги ҳал қилув қароридан кўринишича “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг 2020 йилнинг август ойи учун қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этилмаган бўлган. Б.Ахмедов эса А.Шариповдан жамият фаолияти бўйича электрон калитни олиб, жамиятнинг электрон солиқ ҳисоботларини тузиб, юбормоқчи бўлган. Мазкур ҳисоботларни “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг ҳисобчиси ҳам тузиши мумкин эди. Лекин А.Шарипов, мазкур масалада жамият ҳисобчиси касал бўлганлиги боис Б.Ахмедовга мурожаат қилганлигини судда билдирди.
Жиноят ишида Б.Ахмедовнинг А.Шариповдан 1.050.000 сўм пулларни олиб, сўнгра “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг ҳисоботларини қилиб бермасдан, жамиятнинг ҳисоб варағини очиш учун қонуний тарзда ҳаракат қилмаслигини тасдиқлайдиган бирор бир далил мавжуд бўлмаган. Ҳусусан, Б.Ахмедовнинг шахсига оид маълумотлардан кўринишича, у 2013 йилда Бухоро солиқ коллежини, 2019 йилда Тошкент молия институтининг “солиқлар ва солиққа тортиш” йўналиши бўйича ўқиб тугатган, 2019 йил август ойидан бошлаб Шофиркон туман ДСИ, 2020 йил декабрь ойидан Бухоро шаҳар ДСИда давлат солиқ инспектори вазифасида ишлаб келган. Иш бўйича ижобий тавсифланган. Бундай вазиятда, унинг А.Шариповдан тегишли пулларни олиб, келгусида эса ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан юриши мумкинлиги иш ҳолатларига ҳам тўғри келмайди, мантиқан ҳам зиддир.
Қонуннинг мазмунига кўра, фирибгарлик жинояти талон-торож турларидан бири сифатида ўзганинг мулкини текинга эгаллашга қаратилиши лозим. Бироқ олинган мулк учун эквивалент пул тўланган, хизмат кўрсатилган, иш бажарилган бўлса, яъни мулк текинга олинмаган бўлса, гарчи мулкни олишда баъзи қоидабузарликларга йўл қўйилган тақдирда ҳам қилмишни фирибгарлик деб баҳолаб бўлмайди.
Дастлабки тергов органи ва биринчи босқич суди томонидан Б.Ахмедов хизмат мақеидан фойдаланиб фирибгарлик содир қилганликда айбланган бўлсада, бироқ мазкур хулоса иш ҳужжатлари билан тасдиқланмаган. Чунончи, Б.Ахмедовнинг “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг ҳисоб варағини очиш учун Бухоро вилоят ДСБга ёки Бухоро туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилганлиги, уларнинг фаолиятига аралашганлиги аниқланмаган. Қолаверса Б.Ахмедов Бухоро шаҳар ДСИда ишлаган. “Мирзо омад плюс” МЧЖ эса солиқ тўловчи сифатида Бухоро вилоят ДСБдан рўйхатдан ўтган бўлган. Бундай вазиятда, дастлабки тергов органи ва биринчи босқич судининг Б.Ахмедовнинг А.Шарипов билан бўлган муносабатларида ўз хизмат мавқеидан фойдаланганлиги тўғрисидаги хулосасига қўшилиб бўлмайди.
Судлов ҳайъати, юқорида кўрсатилган асослардан келиб чиқиб, иш бўйича Б.Ахмедов А.Шариповдан 1.050.000 сўм пулларни олиб, уларга эквивалент равишда хизмат кўрсатишга ҳаракат қилганлиги, яъни “Мирзо омад плюс” МЧЖ учун электрон калит олиб, ундан фойдаланган ҳолда тегишли ҳисоботларни тузиб тақдим этиш орқали МЧЖнинг суд томонидан тўхтатилган ҳисоб варағини қонуний тартибда очиш учун ёрдам беришга ҳаракат қилганлиги ва бу жараёнда хизмат мавқеидан фойдаланмаганлиги боис, унинг ҳаракатларида фирибгарлик жинояти таркиби, хусусан, ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди ҳам мавжуд эмас деб топди.
Ўзбекистон Республикаси ЖПК 95-моддасига биноан, жиноят иши бўйича далиллар ушбу Кодекснинг 88,90,92-94-моддаларида назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлсагина, улар мақбул далил деб эътироф этилади. ЖПК 88-моддаси 2-қисмининг 4-бандига асосан исбот қилишда шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун айблаш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарорининг 9-банди “м” кичик бандида, далил Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тўпланган бўлса мақбул эмас деб топилиши ҳақида тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрдаги “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги ЎРҚ-344-сонли Қонунининг 17-моддасига биноан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг фуқароларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириши ва ундаши тақиқланади.
Жиноят ишидаги ҳужжатлардан кўринишича, мазкур иш бўйича жабрланувчи деб топилган А.Шарипов, муқаддам ҳам бошқа бир неча жиноят ишлари бўйича ҳам жабрланувчи бўлиб ўтган. Чунончи, жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг 2017 йил 29 ноябрдаги ҳукмига кўра, ЖК 210-моддасининг 1-қисми билан судланган Д.Шарипованинг, шу суднинг 2018 йил 06 август кунидаги ҳукмига кўра, ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди ва 28,211-моддасининг 1-қисми билан судланган Ф.Темировнинг, худди шунингдек, жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2018 йил 11 октябрдаги ҳукмига кўра, ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди ва 28,211-моддасининг 1-қисми билан судланган А.Задаевга оид жиноят иши бўйича А.Шарипов жабрланувчи бўлиб ўтган. Мазкур суд ҳукмларининг мазмунидан, фуқаро А.Шариповнинг судланувчиларни жиноят содир этишга ундаганлиги яққол кўринади.
Б.Ахмедовга оид жиноят иши бўйича эса, иш ҳужжатларидан кўринишича А.Шарипов гарчи унинг корхонаси вилоят солиқ бошқармаси ҳисобида солиқ тўловчи бўлсада бошқармага мурожаат қилмасдан Бухоро шаҳар ДСИ ходимига мурожаат қилган. Б.Ахмедовдан “Мирзо омад плюс” МЧЖ ҳисоб варағини очиб беришга ёрдам беришни илтимос қилган. Б.Ахмедов унга ҳисоботларни топшириш лозимлигини бир неча маротаба тушунтирган бўлсада, барибир ундан шу масалани ҳал қилиш учун ёрдам беришни илтимос қилаверган. Ваҳоланки, А.Шарипов бир неча йиллардан бери тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келиб, иқтисодий суд томонидан корхонасининг ҳисоб варағи тўхтатилган бўлса тегишли солиқ ҳисоботларини топшириш кераклигини ва шундан сўнг ҳисоб варағи очилишини яхши билган. Шунга қарамасдан Б.Ахмедовни ушлаб беришга ҳаракат қилиб, унга ёрдам беришни илтимос қилиб сўрайверган. Масалан иш ҳужжатларидан кўринишича, А.Шарипов ўзининг уяли телефонидан Б.Ахмедовнинг уяли телефонига 2021 йил 27 январь куни 1 марта, 28 январь куни 7 марта, 29 январь куни эса 5 марта мунтазам телефон қилиб турган. Фирибгарликда жабрланувчи одам уни алдаган деб ҳисоблаган одамга қўнғироқ қилиб унга ёрдам беришни илтимос қилавермайди. Ишдаги мавжуд суҳбатлар ёзиб олинган дисклар стенограммасидан кўринишича, А.Шарипов Б.Ахмедовга “Сиз энг асосийси муаммо бўлмаса бўлди. Ўша Россия борганимда хат-пат келмасин, уйдагилар безовта бўлмаса бўлдида” деб мурожаат қилган. Мазкур маълумотлар А.Шарипов Б.Ахмедовга мунтазам равишда қўнғироқ қилиб, унинг ишончига кириб, пул бериш таклифи билан Б.Ахмедовни пул олишга ундаб келганлигидан далолат беради. Судлов ҳайъати, юқоридаги асослардан келиб чиқиб, Б.Ахмедовнинг А.Шариповнинг ўзи унга пул таклиф қилганлиги, ундаганлиги ҳақидаги важларини улар иш ҳолатларига мос келганлиги боис ҳам, ишончга сазовор деб топди.
Ҳурматли газетахон! Мақоламизнинг бошланишида айтганимиздек, Президентимизнинг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сонли Қарорининг 4-бандида тезкор-қидирув тадбирлари натижалари фақат улар қонун талабларига асосан олинган ва шахсда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ёки тезкор тадбирда иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлгандагина суд ҳукмида далил сифатида тан олиниши мумкинлиги кўрсатилган. Шу боис ҳам, судлов ҳайъати, юқорида кўрсатилган асослардан келиб чиқиб, иш бўйича А.Шарипов Б.Ахмедовдан “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг ҳисоб варағини очишга ёрдам сўраганлиги, пул бериш ташаббуси А.Шариповдан чиққанлиги, айнан А.Шарипов Б.Ахмедовни тегишли ҳаракатларни содир этишга ундаганлиги, яъни провокация қилганлиги сабабли, юқорида кўрсатилган Қонун, ЖПК, Президент фармони, Олий суд Пленуми Қароридаги талаблардан келиб чиқиб, жиноят иши бўйича оғзаки аризани қабул қилиш, диктафон тақдим этиш, диктафон қабул қилиш, стенограмма, пулларни аризачига топшириш, аризани текшириш ва кўздан кечириш ҳақидаги тергов ҳаракати баённомаларини номақбул далил деб топишни лозим топди. Якуний қарор билан Б.Ахмедовга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.
Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг Б.Ахмедовга нисбатан оқлов ҳукмининг қонунийлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида, кассация инстанциясида яна бир марта кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилди. Ватандошимизга нисбатан оқлов ҳукми тўғри чиқарилганлиги яна бир бор тасдиқланди. Бундай адолатли қарор учун ишни кассация инстанциясида кўриб чиқишда иштирок этган Олий суд судьяларига, чунончи Илхом ака Рахманкулов, Шамсиддин ака Тожиев ва Жаҳонгир ака Гайбуллаевга (ҳозирда жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди раиси) ҳам миннатдорчилик билдираман. Чунки оқлов ҳукми чиқариш учун илм, салоҳият, интилиш, озгина бўлсада жасурлик, адолатни ва одамларни севиш кераклигини судья сифатида жуда яхши биламан.
Мақоланинг сўнгида айтмоқчи эдимки, ҳуқуқ фанида провокация тушунчасини илмий ўрганишимиз лозим. Бундай ҳолатнинг қачон қонуний бўлиши қачон эса қонунга хилоф бўлиши аниқланиши лозим. Ўз навбатида жамиятимизда, суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида ноқонуний провокация ҳолатларига чек қўйишимиз керак.
Қадимги римликларнинг ажойиб мақоли бор. “Дунё барбод бўлса бўлсин, лекин адолат тантана қилсин” – дейди улар. Фикримизча, қонуний чиқарилган ҳар қандай оқлов ҳукми адолат тантанасига хизмат қилади. “Бирники юзга, юзники мингга, мингники эса туманга” деганларидек, суднинг оқлов ҳукми аввало оқланган шахснинг оиласига, қариндошларига, маҳаллага, туманга ва пировардида бутун жамиятга катта ижобий таъсир кўрсатади. Шундай экан бундай адолатли қарорлар чиқаришда ҳамкасбларимга куч-қувват ва омад тилайман.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни такомиллаштириш юзасидан муҳим қадамлар қўйилмоқда.
Жумладан. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сонли Қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳим қадам бўлди.
Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби ўрнатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳузурида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ходимлари учун инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилинди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, шунингдек, ушбу йўналишда фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида “Инсон ҳуқуқлари” (юридик фанлар, социология фанлари) ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим институти ташкил қилинди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасаларини аҳоли ўртасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва унга риоя қилиш тамойилларини оммалаштириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлаш жараёнига кенг жалб этиш зарурати юзага келди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини қабул қилиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу Миллий таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот бериш, маърифат ва ўқитиш тизимини босқичма-босқич кенгайтириш ва такомиллаштиришга, кадрлар тайёрлаш тизимини миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари асосида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли саналади.
Шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ва чинакам ҳимоячисига айлантириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг судларга бўлган ишончини ошириш зарур бўлиб ҳисобланади.
Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган фкқаровий ва маъмурий ҳамда иқтисодий соҳадаги низоларни ҳал этишда мазкур тоифадаги шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний-қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишнинг устувор вазифалари белгилан берилдди.
Шахснинг бенлгиланган конституциявий ҳуқуқларни амалга оширда юзага келган ҳар қандай чекловчи меъёрлар билан муросасиз курашиш, халқни рози қилиш суд олдида қўйилган асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.
Жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланиши, халқаро ташкилотлар тавсияларининг бажарилиши учун суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича малакасини ошириш ишларини тизимли йўлга қўйиш лозим.
Халқаро ҳужжатлар доирасида мамлакатимиз зиммасига олган мажбуриятларни, шунингдек, пандемия ва унинг оқибатлари натижасида юзага келган таҳдидлар ва муаммоларни инобатга олиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида, ўзида янги ёндашувларни, янги методологияларни ва амалиётни акс эттирган инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этиш масаласи кун тартибига қўйилмоқда.
Соҳадаги камчиликлар мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланишига, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларининг ошишига тўсқинлик қилмоқда.
Мухтасар қилиб айтгандан, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини қабул қилиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу Миллий таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот бериш, маърифат ва ўқитиш тизимини босқичма-босқич кенгайтириш ва такомиллаштиришга, кадрлар тайёрлаш тизимини миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари асосида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилгандир.
Мамлакатда суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини ҳамда чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилмоқда.
Жумладан, Олий суднинг расмий веб-сайтида барча суд қарорлари доимий равишда эълон қилинмоқда, давлат органлари ва ташкилотлари билан электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилмоқда, суд ишларини юритиш рақамлаштирилмоқда, судлар ўз қарорларининг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириб келмоқда, суд раислари ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари билан брифинглар ўтказмоқда.
Шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ва чинакам ҳимоячисига айлантириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг судларга бўлган ишончини ошириш зарур бўлиб ҳисобланади.
Жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилади.
Шунга кўра давлат раҳбари томонидан 2022 йил 29 январь кунида “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли Қарорлари қабул қилинди.
Эндиликда, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш, маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш амалиёти белгиланди.
Бундан ташқари, мазкур қарор билан тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш механизми йўлга қўйилди.
Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбарининг мазкур Қарори мамлакатда суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини ҳамда чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ва қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг янги босқичини таъминлашга, жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг судларга бўлган ишончини ошишига, ҳар қандай мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳааракатлари туфайли фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга ҳамда адолат устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ромитан туманлараро иқтисодий
суди раиси Х.Г.Абдуллаев
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Бухоро вилоят суди