Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги

Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни 2022 йил 12 апрелда қабул қилинди. Мазкур қонуннинг мақсади юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунинг 3 моддасида тўловга қобилиятсизлик тушунчасига таъриф берилилиб, суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла хажмда қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ва йиғимлар бўйича ўз мажбуриятиларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги – тўловга қобилиятсизлик деб тушунилади.

Қонуннинг 14 боби “Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги”га бағишланган бўлиб, бу 14 боб 2023 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилди. Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги қоидалар мазкур қонун қабул қилингунга қадар амалда бўлган илгари 1994 йил 5 майда қабул қилинган “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилмаган эди.

Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги билан боғлиқ муносабатларга нисбатан Қонуннинг умумий қоидалари, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш иштирокчиларининг, кредиторлар йиғилишининг, жамоат бирлашмаларининг, суд бошқарувчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, тўловга қобилиятсизлик соҳасини тартибга солиш, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни судда кўриш, битимларни ҳақиқий эмаслиги ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор раҳбарининг ва бошқа шахсларнинг жавобгарлиги масалаларига тегишли қоидалари қўлланилади.

Шу билан бирга жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги масалаларида унинг бошқа тўловга қобилиятсизлик ишларидан ажралиб турадиган ўзига хос жиҳатлари бор.

Қонунинг 5 моддасига биноан, тўловга қобилиятсизлик аломатлари қуйидагилардан иборат:

вақтинча тўловга қобилиятсизлик — агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги;

доимий тўловга қобилиятсизлик — агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлса.

Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилаётганда, жисмоний шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда қўлланилмайди.

Қонуннинг 195 моддасида қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ёки солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ёки тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланиши назарда тутилган.

Қарздор жисмоний шахс, кредитор, шунингдек давлат солиқ хизмати ва бошқа ваколатли органлар жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин. Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш ушбу Қонуннинг
195 моддасида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлган тақдирда суд томонидан қўзғатилиши мумкин.

Қарздор юридик шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув,тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллар қўлланилса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда эса бу тартиб таомиллар қўлланилмайди, балки  қарзни таркибий жиҳатдан ўзгартириш, банкротликни тан олиш ва мол-мулкни сотиш тартиб-таомиллар қўлланилади.

Қарздор жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги аризага ушбу Қонуннинг 40 моддасида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

якка тартибдаги тадбиркор мақомининг мавжудлигини ёки йўқотилганлигини тасдиқловчи маълумот (агар бундай фаолият билан шуғулланган бўлса);

қарздор жисмоний шахс кредиторлар талабларини қаноатлантириш учун тақдим этишга тайёр бўлган мол-мулки рўйхати (нархи кўрсатилган ҳолда), гаров предмети бўлган мол-мулк жойлашган ёки сақланадиган жой, мол-мулк эгасининг номи ёки исми, фамилияси ва отасининг исми кўрсатилган ҳолда;

жисмоний шахснинг мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ва жисмоний шахснинг интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мутлақ ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (мавжуд бўлган тақдирда) кўчирма нусхалари;

кўчмас мулкка, қимматли қоғозларга, юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларга, транспорт воситаларига оид ҳужжатларнинг, шунингдек ариза берилган санага қадар уч йил ичидаги даврда жисмоний шахс томонидан тузилган битимларнинг кўчирма нусхалари;

жисмоний шахс акциядор (иштирокчи) бўлган юридик шахс акциядорларининг (иштирокчиларининг) реестридан (мавжуд бўлган тақдирда) кўчирма;

жисмоний шахс томонидан олинган даромадлар, жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза берилган санага қадар бўлган уч йил ичидаги даврда ҳисобланган ва тўланган солиқлар ҳамда йиғимлар ҳақидаги маълумотлар;

тижорат банкларидаги ҳисобварақлар ва улардаги пул маблағларининг қолдиқлари, жамғармалар (депозитлар) тўғрисида тижорат банки томонидан берилган маълумотнома, шунингдек жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш ҳақидаги ариза берилган санага қадар уч йил ичидаги давр учун жисмоний шахснинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисобварақларидаги операциялар, омонатлар (депозитлар) бўйича маълумотлар (мавжуд бўлган тақдирда);

суғурталанган шахс шахсий ҳисобварағининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлган тақдирда);

бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳудудий бошқармасининг жисмоний шахсни ишсиз деб топиш ҳақидаги қарорининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг (агар никоҳ ариза топширилган санада тузилган бўлса ёки никоҳдан ажралиш қайд этилмаган бўлса) ва (ёки) никоҳдан ажралиш ҳақидаги гувоҳноманинг (агар гувоҳнома ариза берилгунига қадар уч йил ичида берилган бўлса) кўчирма нусхаси, шунингдек никоҳ шартномасининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

ариза берилган санага қадар уч йил ичида тегишинча тузилган ва қабул қилинган, эр-хотиннинг умумий мол-мулки тўғрисидаги шартноманинг ёки суд ҳужжатининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда).

Жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза кредитор, давлат солиқ хизмати ёки бошқа ваколатли орган томонидан кредиторларнинг пул мажбуриятлари ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбуриятларига доир талабларини тасдиқловчи суднинг қонуний кучга кирган қарори мавжуд бўлган тақдирда берилиши мумкин.

Суд қарори мавжуд бўлмаган тақдирда, жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш ҳақидаги ариза кредитор томонидан нотариал тарзда тасдиқланган битимлар асосидаги талаблар, нотариуснинг ижро ёзуви билан тасдиқланган талаблар, жисмоний шахс томонидан тан олинган, аммо бажарилмаган пул мажбуриятлари бўйича кредитор тақдим этган ҳужжатлар асосидаги талаблар, оталикни белгилаш, оталикни (оналикни) рад этиш ёки бошқа манфаатдор шахсларни жалб этиш зарурати бўлмаган вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги талаблар бўйича берилиши мумкин.

Қарздор жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья аризани қабул қилиш ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ёхуд аризани қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш ҳақидаги ажримни чиқаради.

Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни қўзғатиш ҳақидаги ажримда суд қарздор жисмоний шахснинг зиммасига суднинг ажрими олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддат ичида судга ушбу Қонуннинг 198 моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолдаги ёзма фикрини тақдим этиш мажбуриятини юклайди. Агар жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ариза қарздор жисмоний шахс томонидан берилган бўлса, бу қоида қўлланилмайди.

Суд жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомилини жорий этиш ҳақидаги ажрим ёки жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисидаги қарор, ёхуд аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарор каби суд ҳужжатларидан бирини қабул қилади.

Агар бошқача ҳолат исботланмаган бўлса, пул мажбуриятлари ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш бўйича мажбуриятлар умумий суммасининг ўн фоизидан кўпроғи бундай мажбуриятлар бажарилиши керак бўлган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ вақт давомида бажарилмаганда, жисмоний шахс қарзининг миқдори унинг мол-мулки қийматидан ортиқ бўлганда, ижрога доир иш юритишни жисмоний шахсда мол-мулк мавжуд эмаслиги муносабати билан тугатиш тўғрисида қарор мавжуд бўлган ҳолатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда, жисмоний шахс тўловга қобилиятсиз деб ҳисобланади.

Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисида бошқа иш мавжуд бўлса, жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари йўқ бўлса, ушбу Қонун 200 моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган асослар бўлмаса, кредиторнинг ёки тегишли ваколатли органнинг аризасида кўрсатилган талаблар тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ариза берилган санада суднинг қонуний кучга кирган қарори билан тасдиқланмаган бўлса ҳамда кредитор ёки тегишли ваколатли орган ва жисмоний шахс ўртасида даъво иши тартибида ҳал этилиши лозим бўлган ҳуқуққа оид низо мавжуд бўлса, суднинг жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарори қабул қилинади.

Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги  тўғрисидаги аризалар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Жисмоний шахсга нисбатан мерос очилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, суд жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш юритишни мероснинг тақдири ҳақидаги масала ҳал қилингунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.

Жисмоний шахснинг банкрот деб топилиши қандай оқибатларга олиб келиши кўпчиликни қизиқтирса керак. Қонунинг 224 моддасида жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни тамомлаш оқибатлари назарда тутилган. Унга кўра, жисмоний шахсга нисбатан мол-мулкни сотиш тартиб-таомили тамомланган ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритиш тугатилган санадан эътиборан беш йил ичида ушбу шахс ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилганлиги ҳақидаги фактни маълум қилмасдан туриб ўз зиммасига кредит шартномалари ва (ёки) қарз шартномалари бўйича мажбуриятларни қабул қилишга ҳақли эмас.

Жисмоний шахсга нисбатан мол-мулкни сотиш тартиб-таомили тамомланган ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш тугатилган санадан эътиборан беш йил ичида ушбу жисмоний шахснинг илтимосномасига кўра тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилиши мумкин эмас. Беш йил давомида жисмоний шахс кредиторнинг ёки тегишли ваколатли органнинг аризаси асосида такроран тўловга қобилиятсиз деб топилган тақдирда, жисмоний шахсга нисбатан ушбу Қонун 222 моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган жисмоний шахсни мажбуриятлардан озод этиш тўғрисидаги қоида қўлланилмайди. Жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомили тамомланганидан кейин суд тўлов муддати етиб келган, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш жараёнида билдирилмаган талаблар бўйича ижро варақасини қонунчиликда белгиланган тартибда беради.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонунида жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги муносабатларни, жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни қўзғатишдан бошлаб, қўлланиладиган тартиб таомиллар, уни банкрот деб топиш, мол-мулкларини сотиш, келишув битимни тасдиқлаш тартибларини ҳар томонлама тартибга солади.   

   С.Абдурасулов

                   Бухоро вилоят суди раисининг    

                   ўринбосари – иқтисодий ишлар     

                                                                      бўйича судлов ҳайъати раиси

        М.Кодирова

        Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар     

        бўйича судлов ҳайъати судьяси

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий пойдевори

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан кучга кирди. У 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат. 2023 йил 30 апрелдаги референдумда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонуни 2023 йил 1 майдан кучга кирди. Шу кундан эътиборан бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларида келтирилган нормалар конституцияга зид бўлса, судлар конституцияга қараб қарор қабул қилади.

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида, янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланган.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади ҳамда янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади. Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланади.

Конституциянинг 29 моддасига асосан, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.

Конституциянинг XXIII боби суд ҳокимиятига бағишланган бўлиб, 130-140 моддаларни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Ўзбекистон Республикасида суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади. Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради. Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшган ҳолда сайланади. Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини беш йиллик муддатга сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.

Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди. Судьялар дахлсиздир. Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди.

Х.Ю.Пўлатов

                                                                  Фуқаролик ишлари бўйича

      Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Мерос ҳуқуқига боғлиқ низоларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг V бўлимида “Ворислик ҳуқуқи” билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар тартибга солинган бўлиб, унда ворислик асослари, мерос таркиби, умумий биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш, деҳқон хўжалиги ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини мерос қилиб олиш, мероснинг очилиши, мероснинг очилиш жойи, меросхўрлар, нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш ва ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган.

Ворислик – фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институти ҳисобланади. Фуқаро вафот этган тақдирда, унинг мол-мулки ва мулкий ҳуқуқ мажбуриятларининг меросхўрларга ўтиши асослари, тартиби ва шартларини белгилайди. Мерос қолдирувчи ҳаётлигида эга бўлган мулк, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг меросхўрларга ўтиши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар ворислик ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинади ва унинг предмети ҳисобланади. Меросхўрларга ўтиши мумкин бўлган мулк ва мулкий ҳуқуқ мажбуриятларининг жамиси меросни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексини 1113-моддасига кўра, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.

Мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар:

юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;

ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;

алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;

меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;

мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.

Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.

Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади. Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар. Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.

Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.

Васият ва қонун бўйича ворислар сифатида, жумладан, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган шахслар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлиги пайтида ҳомила ҳолида бўлиб, мерос очилгандан сўнг тирик туғилган болалари бўлиши мумкин.

Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.

Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин. Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа ҳол келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан татбиқ этилмайди. Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади. Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас. Мерос қолдирувчи ўзи васиятномада меросхўр этиб тайинлаган шахсларга, ўз навбатида вафот этишлари эҳтимоли билан ўзларига васият қилинган мол-мулкни муайян тарзда тасарруф этиш хусусида кўрсатма бериш мажбуриятини юклашга ҳақли эмас.

Фуқаролик кодексининг 1124-моддасида, “Васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар” белгиланган бўлиб, васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.

Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:

нотариал тасдиқланган васиятномалар;

нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.

Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.

Қуйидагилар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас:

нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс;

васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари;

тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар;

саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар;

ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар.

Қонун бўйича меросхўрлар ворисликка Фуқаролик Кодекснинг 1135 ––1141-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида чақириладилар.

Қонун бўйича ворисликда фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари, бир тарафдан, фарзандликка олувчи шахс ва унинг қариндошлари, иккинчи тарафдан, туғишган қариндошларга тенглаштириладилар.

Ворислар қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворисларга бўлинади. Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар. Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади. Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.

Ворислик муносабатларидан келиб чиқадиган низоларнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал этилиши мулк дахлсизлиги ва мерос ҳуқуқи қўриқланишига доир конституциявий кафолатлар (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддаси) таъминланишининг ўта муҳим воситаси ҳисобланади.

Мерос таркибига фақат мерос қолдирувчига қонуний асосларда тегишли бўлган мулк кириши туфайли, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тарзда расмийлаштирилмаган иморатлар мерос таркибига фақат марҳумнинг мазкур иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда эътироф этилган ҳолда киритилади.

Мерос қолдирувчи томонидан тузилган олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва шу каби битимлар унинг ўлимидан сўнг ҳақиқий эмас деб топилганда, қайтарилган мулк ҳам мерос таркибига киритилади.

Биргаликдаги умумий мулк иштирокчиси вафот этган тақдирда мерос унинг ҳиссасига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан, мол-мулкни натура ҳолида бўлишнинг иложи бўлмаганда эса, бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.

Фуқаролик кодексининг 1119-моддаси биринчи қисмига кўра, нолойиқ меросхўр деб топилиши мумкин бўлган шахсларнинг ворислигига оид низоларни кўришда шуни назарда тутиш лозимки, уларнинг қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқланган, ворисликка чақирилишга имкон яратган қонунга хилоф ҳаракатлари, фақат бу ҳаракатлар қасддан содир этилгандагина меросдан маҳрум этиш учун асос бўлади.

Эҳтиётсизлик орқасида содир этган жинояти учун судланган шахсга нисбатан Фуқаролик кодексининг 1119-моддасида назарда тутилган қоида қўлланилмайди.

Меросхўр фақат суднинг ҳал қилув қарорига кўра ва фақат меросдан четлатиш ўзи учун ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатлар туғдирадиган шахснинг даъвоси бўйича нолойиқ деб топилиши ва меросдан четлатилиши мумкин.

Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда, унда меросхўр тариқасида кўрсатилган, бироқ тегишли навбатдаги қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган шахс умумий асосларда қонун бўйича ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.

Бундай ҳолларда, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган васиятномага кўра меросдан маҳрум этилган қонун бўйича меросхўр ҳам умумий асосларда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.

Васиятнома қонунда белгиланган тартибда тузилган ва васият қилувчининг вафотидан сўнг муайян оқибатлар келиб чиқишини назарда тутувчи бир томонлама битим ҳисобланади.

Қонунга биноан васият қилувчи ўз мулкини тўлиқ ёки қисман ҳар қандай шахс ёхуд бир неча шахсга, шунингдек юридик шахсларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёхуд давлатга васият қилиши, ёинки бир, бир неча ёки барча қонун бўйича меросхўрларни меросдан маҳрум қилиши мумкин.

Васиятномани ҳақиқий эмас деб топишга оид даъволарни кўришда, судлар Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни назарда тутувчи нормаларига амал қилишлари лозим.

Мерос қолдирувчи томонидан зиммасига бирор бир мажбурият бажарилиши юклатилган васиятнома бўйича меросхўр ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи ўртасидаги низоларни кўришда, судлар ФК 1132-моддаси талабларига риоя этишлари лозим.

Васиятнома ва унинг асосида берилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай талаблар бўйича суд томонидан келишув битими тасдиқланишига, у қонунга зид бўлиши туфайли йўл қўйилмайди.

Қонунчиликка кўра, васият қолдирувчининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз (шу жумладан, фарзандликка олинган) болалари, унинг меҳнатга қобилиятсиз эри(хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ҳам қонун бўйича меросхўр бўладилар. Бу ўринда шуни назарда тутиш лозимки, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўрлар, мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, иккинчи ва ундан кейинги навбатдаги ворислар мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга эмас.

Мажбурий улуш белгилашда қонун бўйича ворисликка чақирилиши мумкин бўлган барча меросхўрлар инобатга олиниши ва мерос таркибига кирувчи барча мол-мулкдан келиб чиқилиши лозим.

Меросхўрга мажбурий улуш тайинлашда у мерос тариқасида бирон-бир асосга кўра олаётган барча нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам инобатга олинади.

Қуйидаги ҳолларда ҳам қонун бўйича ворислик мавжуд бўлади:

тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик;

мерос трансмиссияси тартибида ворислик;

мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари томонидан ворислик.

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бирдек даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Масалан, агар ўғил (қиз) отаси ёки онасидан олдин вафот этган бўлса, унинг болалари бобоси ёки бувисининг вафотидан сўнг қолган меросга нисбатан тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўр бўлади.

Қонун бўйича марҳум меросхўрнинг эри(хотини) тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворис бўла олмайди.

Мерос трансмиссияси тартибида ворислик васиятнома ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр (трансмиттент) мерос очилганидан кейин, лекин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган ҳолларда амалга оширилади. Бундай ҳолларда унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига (трансмиссарларига) ўтади.

Мерос трансмиссияси қуйидаги шартларда вужудга келади:

мерос очилган пайтда ворислик ҳуқуқига эга бўлган васият ёки қонун бўйича меросхўрнинг борлиги;

васият ёки қонун бўйича меросхўр меросни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этганлиги сабабли унинг меросдаги улуши тақдирини ҳал қилиш зарурати пайдо бўлганлиги;

вафот этган меросхўр унинг меросхўрлари билан алмаштирилиши мумкинлиги.

Меҳнатга қобилиятсиз шахсларни қонун бўйича меросхўр деб топиш учун бир вақтнинг ўзида икки ҳолатнинг мавжуд бўлиши, яъни бундай шахсларнинг бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлиши ва мерос қолдирувчи билан унинг вафотига қадар бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида бирга яшаган бўлиши талаб этилади.

Иккинчи, учинчи ва тўртинчи навбатдаги қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирувчи меҳнатга қобилиятсиз шахсларга келганда эса, улар ворисликка чақирилиши учун фақат уларнинг мерос қолдирувчи вафотига қадар унинг қарамоғида бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида бўлганлигини аниқлашнинг ўзи кифоя.

Меҳнатга қобилиятсиз шахсни мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган деб топиш учун бундай шахс мерос қолдирувчининг тўлиқ таъминотида бўлганлиги ёки ундан олиб турилган моддий ёрдам унинг ҳаёт кечириши учун асосий ва доимий манба бўлганлиги факти аниқланиши лозим. Мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, иш (хизмат) жойи маъмурияти, ижтимоий таъминот бўлими томонидан берилган ҳужжатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланиши мумкин.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, ворислик васият ёки қонун бўйича эканлигидан қатъий назар, мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган.

Меросдан воз кечиш тўғрисида ариза берган меросхўр кейинчалик уни бекор қилиши ёки қайтариб олиши мумкин эмас. Бундай воз кечиш фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ва қонунда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун белгиланган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Баён этилганлардан кўринадики, ворислик масалалари ҳозирги вақтда ҳам долзарб масала ҳисобланади.

Ворислик ҳуқуқи жамиятнинг ҳар бир аъзосига мулклари, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари васият ёки қонун бўйича мерос бўлиб ўтиши кафолатланганлигини тушунган ҳолда яшаши ва ишлашига имкон яратади.

Х.Ю.Пўлатов

                                                                  Фуқаролик ишлари бўйича

      Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Мастлик оқибатидаги қотилликка уриниш

Судланувчи М.Х 2023 йил 23 май куни тахминан соат 15:35.ларда Бухоро шаҳар, “Жўбор” МФЙ, “Абай” кўчасида жойлашган аҳоли чиқиндиларини тўплаш учун мўлжалланган махсус жой қурилишида ўзи билан бирга жалб қилинган таниши Б.Ш билан спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда арзимаган сабаб туфайли Б.Ш билан ўзаро жанжаллашиб, уни ўлдириш мақсадида ҳаракат қилиб, ўзига тегишли бўлган “Москвич” русумли автомашина салонида сақлаб келган хўжалик пичоғини олиб, ҳодиса жойига қайтиб келиб юқори мастлик даражасида бўлган Б.Шнинг ожиз аҳволдалигини билгани ҳолда, унинг ҳаёти учун муҳим аъзоси ҳисобланган бўйин олд соҳасига бир маротаба қасддан уриб, жабрланувчи бўйин қисмидан кўп миқдорда қон отилиб чиққанлиги натижасида мувозанатини йўқотиб йиқилганлиги сабабли жиноий ниятини охирига етказа олмасдан, қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилган.

Мазкур жиноят иши 2023 йил октябрь ойининг 27 куни, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, судлаувчи М.Хга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “в” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб,
5 /беш/ йил 6 /олти/ ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эътиборлиси шундаки, М.Х ва Б.Ш муқаддам қурилиш ва тозалаш ишларида биргаликда ва ҳамкорликда ишлаб келишган. Лекин мана шу спиртли ичимликнинг оқибатида ўзаро келиб чиққан жанжал эса М.Хни одам ўлдиришга ундади.

Ж.Тожиев

     Жиноят ишлари бўйича

     Бухоро шаҳар суди судьяси

Коррупция ва унга қарши кураш: Глобал тажриба ва маҳаллий муаммолар

Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган замонда юзага чиқаётган муаммолар қаторида коррупция ҳам бутун дунё бўйлаб, айниқса ривожланаётган мамлакатларда тараққиётнинг жиддий тўсиғига айланиб қолмоқда. У нафақат иқтисодий ўсиш ва тараққиётга салбий таъсир кўрсатади, балки давлатнинг сиёсий тизимини, ҳуқуқий структураси ва жамиятнинг ижтимоий барқарорлигини ҳам хавф остига қўяди, шу билан биргаликда, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг давлат, унинг органларига бўлган ишончига путур етказади. Ваалалоқибат, жамият негизларига болта уриши ҳеч кимга сир эмас. Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлатлар учун энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Бироқ, ҳар бир мамлакатда бу курашнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлиб, бу мавзу глобал миқёсда ҳам, маҳаллий даражада ҳам чуқур таҳлилни талаб этади.

Аввало, коррупцияга қарши кураш борасида ривожланган хориж мамлакатларининг тажрибасини кўриб ўтишимиз мақсадга мувофиқдир. Хусусан, Сингапур давлатини оладиган бўлсак, мазкур мамлакат коррупция билан курашда ўзининг улкан муваффақиятлари билан танилган.

1960-йилларда мамлакат иқтисодий ва ижтимоий инқирозга юз тутган эди. Аммо, кенг кўламли ислоҳотлар ва коррупцияга қарши қатъий чора-тадбирлар орқали Сингапур нафақат коррупцияни енгди, балки дунё миқёсида иқтисодий ривожланишнинг юқори кўрсаткичларига эришди. Ушбу муваффақиятнинг калитлари орасида, давлат хизматига қабул қилишда юқори малака талаблари, шаффофлик ва давлат мулозими фаолиятининг кучли назорати бўлди.

Ушбу соҳадаги ўзининг ижобий ютуқлари билан мақтана оладига яна бир мамлакат Швеция ҳисобланади. Бу мамлакатда коррупцияга қарши қонунлар ва стандартлар жуда қатъий белгиланган, шу билан бирга жамиятда ижтимоий онг ва таълим даражаси юқори бўлиши коррупция ҳолатларининг камайишига сабаб бўлди. Швеция модели, айниқса, коррупцияга қарши маданиятни шакллантириш ва жамиятда этик қоидаларига риоя қилишнинг аҳамиятини кўрсатади.

Шу билан бирга, мамлакатимизда ҳам йилдан йилга коррупцияга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатлар кўлами ошириб борилмоқда. Бироқ, тан олиш керакки, Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатларда коррупция, ҳамда унга қарши курашиш, ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқаради. Биринчидан, коррупция одатда давлат бошқаруви тизимида илдиз отган бўлиб, кўплаб ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва давлат идораларининг самарасизлиги билан боғлиқ.

Ўзбекистонда, айниқса, сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш учун қатор қонунлар ва ислоҳотлар амалга оширилди. Мисол учун, Давлат хизматига киришнинг очиқлиги ва юридик назоратнинг кучайтирилиши каби ташаббуслар илгари суриб борилмоқда.

Ҳозирги даврда коррупция кўпгина давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб бера олди. Унга қарши курашиш, мунтазам равишда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалардан бирига айланди.

Шулардан келиб чиқиб, 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Статистик маълумотларга кўз ташлайдиган бўлсак, Давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани, танлов ва тендер рақамлашиб, соғлом рақобат бўлгани учун ўтган йили 14 триллион сўм бюджет маблағи тежалди.

Бугунга келиб, барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни инсон омилисиз 5 дақиқа ичида онлайн бераяпти. Натижада олдин бу иш билан шуғулланган минглаб банкирлар энди маҳаллага тушиб, одамларга лойиҳа, кредит таклиф қилиб, мижозини кўпайтириш билан ишлаяпти.

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайди.

Олий таълим тизими ҳам рақамлаштирилди. Аввал тест топшириб, тўплаган баллига қараб, кейин олийгоҳни танлаш жорий қилинди. 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори “боди-камера”да хизмат ўтаётгани, авторақамлар аукционда сотилаётгани, қоғоздаги баённома йўқ бўлгани учун коррупция омиллари кескин камайди.

Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Натижада 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келди. Чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашди.

Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса, 11 миллиондан ошди.

Энг муҳими, булар орқали аҳоли, тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларимиз, халқаро ташкилотлар ва инвесторларнинг ислоҳотларга ишончи мустаҳкамланди. Сўнгги етти йилда 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киргани, иқтисодиётимиз 2 карра ўсиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етгани бунинг исботи.

Коррупцияга қарши кураш борасидаги ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида 2025 йил 5 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда янграган муҳтарам Президентнинг “Коррупцияга қарши курашда барчамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, янада катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак. Бугун сизлар билан бирга белгилаб олинган барча вазифалар айнан ана шундай руҳда ишлаб, аниқ натижага эришишга қаратилган. Сизлар бу ҳақиқат ва талабни чуқур англаб, уларни амалга оширишда алоҳида жонбозлик кўрсатасиз, барчага намуна бўласиз, деб ишонаман” деган сўзлари мамлакатимиздаги барча давлат хизматчилари, ходимлар ҳамда фуқароларга жиддий масъулият юклайди.

Таъкидлаш лозимки, маҳаллий муаммоларга қарши курашишда жамиятда коррупцияга нисбатан салбий муносабатни шакллантириш жуда муҳим. Ўзбекистонда амалга оширилган ижтимоий ислоҳотлар ва таълим тизимидаги ўзгаришлар, шунингдек, шаффофлик ва коррупцияга қарши таълимни кенгайтириш, узоқ муддатда самарали бўлиши мумкин. Коррупцияга қарши курашиш учун жамиятдаги барча қатламларни бирлаштирадиган ислоҳотлар зарур, чунки давлатнинг мустаҳкамлиги, жамиятнинг ички барқарорлиги ва адолатнинг таъминланиши коррупция билан курашишнинг асоси ҳисобланади.

Глобал ва маҳаллий тажрибалар шуни кўрсатадики, самарали кураш учун нафақат қонунлар, балки инсонларнинг онгини ўзгартириш, таълим тизимини мустаҳкамлаш ва ижтимоий маданиятни ривожлантириш муҳимдир.

Коррупция билан курашда жаҳоннинг турли мамлакатларида эришилган ютуқлар, шу билан бирга, ҳали ҳал қилинмаган муаммолар ҳам талайгина.

Ривожланаётган мамлакатлар учун энг муҳим вазифа — бу коррупцияни нафақат жазолаш, балки унинг сабабларини бартараф этиш ва ўзгаришларни амалга оширишдир. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш, коррупцияга қарши курашишда самарали восита бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, коррупция билан курашишда муваффақиятга эришиш учун ижтимоий маданиятни ривожлантириш, шаффофликни ошириш ва фуқароларнинг ҳуқуқи онгини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар бу йўналишда ижобий натижалар кўрсатмоқда, аммо бу жараённи давом эттириш, давлат ва жамиятни бирлаштириб, барчани коррупцияга қарши курашда фаоллаштириш зарур.

      З.Шеров

           Бухоро вилоят суди жиноят ишлари          

           бўйича судлов ҳайъати судьяси

  М.Болтаев

        Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар     

        бўйича судлов ҳайъати судьяси

СЎЗ  ЭРКИНЛИГИ  ЁХУД  КОЭН  КАЛИФОРНИЯ

ШТАТИГА  ҚАРШИ

1968 йил 26 апрель куни Америкалик ёшлар фаоли ва ҳарбий хизматга чақирувга қарши 19 ёшли Пол Роберт Коэн эгнидаги орқа томонида Американинг ёшларни ҳарбий хизматга чақирув тизимини ҳақорат қилувчи “Fuck the draft” деб ёзилган курткасини Лос Анджелес шаҳрининг мунципал суди биносида кийиб юргани учун қамоққа олинган эди.

“Draft” сўзи “Америкада ҳарбий хизматга чақирув тизими” деган инглизча сўзларнинг бош ҳарфларидир. “Fuck” сўзи эса ҳақоратли сўз эканлигини аксариятимиз билсак керак. Қисқаси, Коэн курткасининг орқа томонида “Ҳарбий хизматга чақирув тизимини ………… қилдим” – деб ёзиб, шу кийимни жамоат жойида яъни суд биносида кийиб юрган.

У суд томонидан Калифорния штати Жиноят кодексининг
415 параграфи талабларини, яъни жамоат тартибини бузганлиги, безорилиги учун 30 кунга озодликдан маҳрум қилинган. Мазкур ҳукмни штат апелляция суди ҳам қўллаб-қувватлади. Апелляция инстанцияси “Коэннинг қилмиши бошқаларни зўрлик ишлатишга ёки тартибни бузишга ундайдиган ҳақоратомуз ҳатти ҳаракат” эканлигини кўрсатди. Штат Олий суди жиноят ишини қайта кўриб чиқишни рад қилгандан сўнг эса, иш тўғридан тўғри Америка Олий судига юборилган.

1971 йил яъни воқеадан 3 йил ўтган конституциявий назоратнинг юқори органи ҳисобланган Америка Қўшма Штатлари Олий суди “Коэн Калифорния штатига қарши” деб ном олган мазкур ишни ўз иш юритувига қабул қилган. Иш гарчи оддий бир кичик жиноят иши бўлсада барча суд инстанцияларда кўрилди ва унинг Олий суд иш юритувига қабул қилиниши федерал аҳамиятга яъни давлат аҳамиятига эга эканлигидан далолат берар эди.

Гап шундаки, ўтган асрнинг 60 йиллари АҚШ қуролли кучлари  Вьетнам давлатида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган бир вақтда Американинг ўзида аҳоли орасида ҳарбий ҳаракатларга қарши кайфиятлар кучайган эди. Кўпгина ёшлар бирлашган ҳолда баъзи бирлари эса якка бўлсада давлатнинг Вьетнамдаги урушда иштирокини қоралаб чиқдилар. Бу чиқишлар протестлар ва намойишларда, ҳарбий хизматга чақирув пунктлари бинолари ёнида чақирув хатларини ёқиш, давлат байроғини ёқиш ва бошқа шаклларда содир қилинган. Баъзи фуқаролар норозиликни билдиришнинг ҳар хил бошқача усулларини ўйлаб топдилдар. Ёш йигит Пол Коэн эса курткасининг орқа томонида Американинг ёшларни ҳарбий хизматга чақирув тизимини ҳақорат қилувчи “Fuck the draft” деган ёзувларни ёзди.

АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатишларда “Конгресс (АҚШнинг қонун чиқарувчи олий вакиллик органи) сўз эркинлигини чекловчи қонун чиқаришга ҳақли эмас”лиги кўрсатилган бўлиб, сўз эркинлигига жуда катта эътибор берилади. Сўз эркинлигига жамиятнинг устунларини сақлаб туриш ва мустаҳкамлаш воситаси сифатида қаралади.

Ўтган асрнинг 60 йилларида АҚШ Олий суди аъзоларидан бири “Сўз эркинлиги жамиятимизни озиқлантириб турувчи манбадир” – деб айтган эди. Сўз эркинлигини таъминланмасдан туриб ва жамиятдаги муҳим муаммоларни муҳокама қилмасдан туриб ривожланишга эришиб бўлмайди. Давлат томонидан фуқароларнинг эркин фикри, умид ва орзуларини бўғиш хавфли бўлиб, тизимга нисбатан норозиликларга олиб келади.

Коэннинг иши бўйича якуний қарор чиқариш АҚШ Олий судига ҳам осон кечмади. Бу масала судьялар ўртасида кескин муҳокамаларга ва тортишувларга сабаб бўлди. Аслида Коэннинг курткасида ёзилган ҳақоратли “Fuck” сўзидан ташқари бу ёш йигитнинг ҳатти-ҳаракатларида номуносиб ҳеч нарса йўқ эди. Курткада ёзилган сўзлар оммавий тартибсизликларга ҳам ёки шунчаки тартибсизликка ҳам олиб келмаган эди. Қолаверса, Коэн суд залига кириб, бошқаларнинг ортиқча диққатини тортмаслик учун курткасини ечиб, ўраб қўйган эди. Шунингдек, бу ҳақоратли сўз Америка ёшларини ҳарбий хизматга чақириш тартибига нисбатан ўзига хос муносабат бўлиб, Коэн курткасида ёзган ҳаракатлар содир қилинишига сабаб бўлмас эди.

АҚШ Олий суди Коэнга оид ишни кўриб ва тарафларнинг далилларини ўрганиб чиқиб, қуйидаги қарорни қабул қилди. “Омма олдида ҳақоратли сўзларни айтиш, агар бу сўзлар шахснинг қонуний сиёсий эътирозини ифодаласа ва жамоат тартибини бузишга олиб келмаса, Штат ҳукумати шахсни жиноий жавобгарликка торта олмайди”. Шундай қилиб, АҚШ Олий суди ўз қарори билан америкаликлар гарчи ножўя сўзларда ифодалансада, бироқ давлат, унинг сиёсати ва мансабдор шахсларининг ҳаракатларига нисбатан ўз сиёсий эътирозларини билдириши мумкин деб топди.

Қарор қабул қилингандан сўнг АҚШ Олий суди судьяларидан бири “Конституцияни ҳимоя қиладиган жасур, унинг нормаларини тўғри тушунтириш учун теран фикрли, унга амал қилиш учун содиқ одамлар бор экан, Конституция ҳам буюк эркинликлар хартияси сифатида яшайверади” –деб айтган эди.   

С.Найимов

     Жиноят ишлари бўйича

     Бухоро туман суди,

     тергов судьяси

Муаллифлик ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида

Маълумки, интеллектуал мулк объектлари жамият тараққиёти ва иқтисодиёти ривожланишини таъминлайдиган муҳим омил ва етакчи куч бўлиб ҳисобланади. Шу жиҳатдан мамлакатимизда илғор халқаро тажрибада келиб чиқиб интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мукаммал қонунчилик асослари ва ҳуқуқий механизмлари яратилган бўлиб, бундан ҳуқуқни қўллаш амалиётида самарали фойдаланиб келинмоқда.

 Таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган ва мазкур ҳуқуқлар бузганлик учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий ҳуқуқий-жавобгарлик чоралари белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида интеллектуал мулк, хусусан муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари ва мазкур ҳуқуқни бузганлик учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чоралари назарда тутилган.    

 Шу ўринда, фуқаролик қонунчилигига мувофиқ ҳар бир манфаатдор шахснинг интеллектуал мулк, хусусан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Бунга мисол сифатида, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Бухоро туманлараро иқтисодий судида кўрилган ишнинг тафсилотларини мисол келтириш мақсадга мувофиқ.

 Даъвогар Тошкент шаҳридаги “TURON-IQBOL” масъулияти чекланган жамияти (матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Бухоро шаҳридаги “BUKHARA BOOKS PRINT” масъулияти чекланган жамияти (матнда жавобгар деб юритилади)дан асарни нашр қилишга бўлган муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун етказилган моддий зарар сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баравари миқдорида 375.000.000 сўм товон пули ундиришни сўрайди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси томонидан рўйхатга олинган муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномасига кўра, “Математикадан қўшимча машқ ва мисоллар” (ихтиослаштирилган мактабларнинг 2-4 синф ўқувчилари учун, тўлдирилган ва қайта ишланган нашр) номли қўлланма муаллифлик ҳуқуқи объектининг муаллифлари фуқаролар Бобоев Ойназар Пирназарович ва Шамсиева Гулчеҳра Фазлиддиновнага тегишли бўлган. Даъвогар ўз навбатида муаллифлик шартномаси асосида ушбу муаллифларга тегишли қайд этилган қўлланмани нашр этиш ва қайта нашр этиш ҳуқуқларини олган. Аммо, даъвогар тегишли ҳудудларда мазкур қўлланма китобининг контрафакт нусхалари сотилаётганлиги ҳолатларини кузатган ва муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолати бўйича жавобгарга нисбатан судга мурожаат қилишга мажбур бўлган. 

Суд томонидан мазкур низони қонуний ҳал қилиш мақсадида тарафлар томонидан тақдим этилган далиллар ва келтирилган важлар ҳар томонлама синчиклаб ўрганиб чиқилди ва якуний хулосага келинди. 

Жавобгар томонидан Бухоро шаҳрида ихтисослаштирилган дўконда китоблар чакана савдоси билан шуғулланиб келиб, бироқ қонунга хилоф равишда даъвогарга муаллифлик ҳуқуқи асосида тегишли қўлланма китобининг контрафакт нусхалари сотилаётганлиги ва муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари судда ўз исботини топди. 

 Қонуннинг 65-моддасида, муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Шу сабабли суд даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириб, ушбу қонун нормасига асосланган ҳолда жавобгар томонидан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, жавобгарнинг айби даражаси, даъвони қисман тан олиб, зарарни тўлашдан бўйин товламаётганлиги ҳолатларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда адолатлилик принципи ва қонунийлик талабларига мувофиқ жавобгардан даъвогар фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида 37.500.000 сўм товон пули ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса қилиб айтганда, муаллифлик ҳуқуқларини бузганлиги жавобгарга қимматга тушди. Суд томонидан юқорида кўрсатилган қонунга хилоф ҳаракатлари учун жавобгардан товон пули ундириш орқали даъвогарнинг муаллифлик ҳуқуқлари қонуний ҳимояси таъминланди.

                    Бухоро туманлараро                                                  

                       иқтисодий суди раиси                            

                                           И.Юлдашев

                    Бухоро туманлараро                                                  

                          иқтисодий суди судьяси

Н.Солиев                            

Кредит шартномасидан келиб чиқадиган низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ кредит ташкилотлари бўлмаган тижорат ташкилотларининг кредитлашни амалга оширишига йўл қўйилган ҳолларда кредит шартномаси тўғрисидаги қоидалар бундай тижорат ташкилотлари амалга оширадиган кредитлаш муносабатларига нисбатан қўлланади.

Агар ушбу параграфнинг қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у кредит шартномасининг моҳиятидан келиб чиқмаса, кредит шартномаси муносабатларига нисбатан ушбу қоидалари қўлланади.

Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт.

Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Кредитор қарз олувчини тўловга қобилиятсиз деб ҳисобласа, қарз олувчи кредитни таъминлаш мажбуриятларини бажармаса, шартномада назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузса, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли.

Қарз олувчи кредит олишдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб
назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи бу ҳақда кредиторни кредит шартномасида белгилаб қўйилган кредит бериш муддатига қадар хабардор қилиши шарт. Қарз олувчи кредит шартномасида назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузган тақдирда кредитор шартнома бўйича қарз олувчини бундан буён кредитлашни тўхтатишга ҳақли.

Тарафлар бир тарафнинг кредит шартномаси шартлари асосида турга хос аломатлари билан белгиланган ашёларни иккинчи тарафга бериш мажбуриятини назарда тутувчи шартномани тузишлари мумкин.

Ашёларни кредитга бериш тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартноманинг берилаётган ашёларнинг миқдори, ассортименти, тўлиқлиги, сифати, идиши ва (ёки) ўралиши ҳақидаги шартлари товарларни олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоидаларга мувофиқ бажарилиши шарт.

Бажарилиши учун пул суммаларини ёки турга хос аломатлари билан белгиланадиган бошқа ашёларни иккинчи тарафга мулк қилиб топшириш талаб қилинадиган шартномаларда, агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳол белгилаб қўйилган бўлмаса, кредит бериш, шу жумладан бўнак, олдиндан ҳақ тўлаш, товарларга, ишлар ёки хизматларга ҳақ тўлашни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида кредит бериш (тижорат кредити) назарда тутилиши мумкин.

Тегишли мажбурият баён қилинган шартнома тўғрисидаги қоидаларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у мазкур мажбуриятнинг моҳиятига зид келмаса, тижорат кредитига нисбатан тегишли суратда ушбу бобнинг қоидалари қўлланади.

Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаси бўйича бир тараф (молия агенти) иккинчи
тарафга (мижозга) шу мижознинг (кредиторнинг) учинчи шахсга (қарздорга) товарлар беришидан, унинг ишларини бажаришидан ёки
унга хизматлар кўрсатишидан келиб чиқадиган пул талабномаси ҳисобидан пул маблағларини беради ёки бериш мажбуриятини олади, мижоз эса молия агентига ушбу пул талабномасини беради ёки бериш мажбуриятини олади.

Мижоз ўзининг молия агенти олдидаги мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳам қарздорга нисбатан пул талабномасидан молия агенти фойдасига воз кечиши мумкин.

Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаси бўйича молия агентининг мажбуриятлари мижоз учун бухгалтерия ҳисобини юритишни, шунингдек мижозга бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул талабномалари билан боғлиқ бошқа молиявий хизматлар кўрсатишни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаларини молия агенти сифатида банклар ва бошқа кредит ташкилотлари, шунингдек бундай турдаги фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномаси (лицензияси) бўлган бошқа тижорат ташкилотлари ҳам тузиши мумкин.

Тўлов муддати келган пул талабномаси ҳам (мавжуд талабнома), шунингдек келажакда вужудга келадиган пул маблағларини олиш ҳуқуқи (бўлажак талабнома) ҳам молиялаш эвазига бошқа шахс фойдасига воз кечиладиган нарса бўлиши мумкин.

Молиялаш эвазига бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси
бўлган пул талабномаси мижознинг молия агенти билан тузадиган шартномасида шундай белгиланган бўлиши керакки, мавжуд талабнома шартнома тузиш пайтига монанд бўлсин, бўлажак талабнома эса — кечи билан талаб вужудга келган пайтга монанд бўлсин.

Бўлажак пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечилганида, у шартномада назарда тутилган талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул маблағларини қарздордан олиш ҳуқуқи вужудга келганидан кейин молия агентига ўтган ҳисобланади. Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш маълум воқеага боғлиқ бўлса, бошқа шахс фойдасига воз кечиш ушбу воқеа юз берганидан кейин кучга киради. Бундай ҳолларда пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечишни қўшимча расмийлаштириш талаб қилинмайди.

Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасида ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мижоз бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул талабномасининг ҳақиқийлиги учун молия агенти олдида жавобгар бўлади.

Агар мижоз пул талабномасини топшириш ҳуқуқига эга бўлса ва ушбу талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш пайтида у қарздор бу ҳуқуқни бажармасликка ҳақли бўладиган вазиятлардан бехабар бўлса, бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул талабномаси ҳақиқий ҳисобланади.

Агар мижоз билан молия агенти ўртасидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, молия агенти бошқа шахс фойдасига
воз кечиш нарсаси бўлган талабномани ижрога тақдим этганида қарздор бу талабномани бажармаганлиги ёки тегишли даражада бажармаганлиги учун мижоз жавобгар бўлмайди.

Мижоз билан унинг қарздори ўртасида талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ёки чеклаш ҳақида келишув бўлган тақдирда ҳам, пул талабномасидан молия агенти фойдасига воз кечиш ҳақиқий ҳисобланади.

Белгилаб қўйилган қоида талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ёки чеклаш ҳақида мижоз билан қарздор ўртасидаги келишувни бузган ҳолда талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечилиши муносабати билан мижозни қарздор олдидаги мажбуриятлар ёки жавобгарликдан озод қилмайди.

Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, молия агентининг пул талабномасидан ўз навбатида бошқа шахс фойдасига воз кечишига йўл қўйилмайди.

Шартномада пул талабномасидан ўз навбатида бошқа шахс фойдасига воз кечишга йўл қўйилган ҳолларда унга нисбатан ушбу модданинг қоидалари тегишли суратда қўлланади.

Қарздор мижоздан ёки молия агентидан пул талабномасидан ушбу молия агенти фойдасига воз кечилганлиги ҳақида ёзма билдиришнома олган ва унда ижро этилиши керак бўлган пул талабномаси белгиланган, шунингдек тўлов амалга оширилиши керак бўлган молия агенти кўрсатилган тақдирда қарздор тўловни молия агентига амалга ошириши шарт.

Қарздорнинг илтимосига кўра молия агенти оқилона муддатда қарздорга пул талабномасидан ҳақиқатан ҳам молия агенти фойдасига
воз кечилганлигининг исботини тақдим этиши керак. Агар молия агенти ушбу мажбуриятни бажармаган бўлса, қарздор ушбу талабнома бўйича тўловни мижозга нисбатан амалга ошириб, унинг олдидаги ўз мажбуриятини бажаришга ҳақли.

Қарздорнинг пул талабномасини ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ молия агенти фойдасига бажариши қарздорни мижоз олдидаги тегишли мажбуриятдан озод қилади.

Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаси шартларига кўра молия агенти мижоздан бу талабни сотиб олиб, шу йўл билан уни молияласа, молия агенти қарздор талабни бажариш учун тўлайдиган ҳамма суммани олиш ҳуқуқини қўлга киритади, мижоз эса молия агенти олган суммалар у сотиб олган талабноманинг баҳосидан кам бўлиб чиққанлиги учун агент олдида жавобгар бўлмайди.

Агар мижознинг мажбуриятлари молия агентига бажарилишини таъминлаш мақсадида пул талабномасидан унинг фойдасига воз кечилган бўлса ва талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасида бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, молия агенти мижозга ҳисобот тақдим этиши ҳамда мижознинг талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан таъминланган қарзидан ортиб қолган суммани мижозга бериши шарт. Агар молия агенти қарздордан олган пул маблағлари мижознинг молия агентига талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан таъминланган қарзи суммасидан кам бўлиб чиқса, мижоз қарзнинг қолдиғи учун молия агенти олдида жавобгар бўлиб қолаверади.

Молия агенти қарздорга мурожаат этиб, тўловни амалга оширишни талаб қилган тақдирда, қарздор ўзининг мижоз билан тузилган шартномага асосланган, қарздор талабномадан молия агенти фойдасига воз кечилганлиги ҳақида билдириш олган пайтда ихтиёрида бўлган ўз пул талабномаларини инобатга олиш учун тақдим этишга ҳақли.

Мижоз талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ёки чеклаш тўғрисидаги келишувни бузганлиги муносабати билан қарздор мижозга қўйиши мумкин бўлган талаблар молия агентига нисбатан кучга эга эмас.

Мижоз қарздор билан тузган шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бузган тақдирда, қарздор молия агентига ўтган талабнома бўйича тўланган суммаларни, агар қарздор бундай суммаларни бевосита мижоздан олишга ҳақли бўлса, ундан қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмас.

Қарздор талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш натижасида молия агентига тўланган суммаларни бевосита мижоздан олиш ҳуқуқига эга бўлишига қарамай, агар молия агенти талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан боғлиқ ваъда қилинган тўловни мижозга тўлаш мажбуриятини бажармаганлиги ёки мижоз талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан боғлиқ тўловни олиши керак бўлган қарздор олдидаги мажбуриятини бузганлигини била туриб, бундай тўловни амалга оширганлиги исбот қилинган бўлса, ушбу суммалар молия агенти томонидан қайтарилишини талаб қилишга ҳақли.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

 Пешку туманлараро суди судьяси

Давлат мулкини хусусийлаштиришнинг тартиби борасида

Давлат мулкини хусусийлаштириш орқали давлат ва хусусий ҳуқуқий асосларни уйғунлаштириш қонунчиликни ислоҳ қилиш жараёнлари билан бевосита боғлиқдир. Бундай шароитда давлат мулкий муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишдаги ўзгаришлар унга тегишли шартномавий, корпоратив ва бошқа тармоқлар (иқтисодий, маъмурий, процессуал ҳуқуқ) институтларини жалб қилган ҳолда, хусусий ҳуқуқ механизмлари мажмуаси таъсирининг муқаррар натижаси ҳисобланади. Тадқиқотнинг фуқаролик ҳуқуқий жиҳати умуман хусусийлаштириш тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шунингдек унга таъсир этувчи асослар ва давлат мулк ҳуқуқини ўзгартириш йўллари каби қонунчилик ҳодисаларини тушуниш заруратини туғдирди. Уларнинг моҳияти ва турларини аниқлаштириш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли тавсиялар бериш билан уларни таҳлил қилишда комплекс ёндашувни қўллаш зарурати мавжуд.

Таъкидлаш лозимки, хусусий ҳуқуқ тадқиқ қилишнинг замонавий тенденциялари тобора кўпроқ шахсий эркинларнинг кенгайиши, жамоатчилик назорати ва жамоатчилик билан муносабатларни тартибга солишни минималлаштириш ва энг динамик айланмани (бозорни) шакиллантириш билан ажралиб туради. Шу муносабат билан ҳуқуқий либертаризм, позитивизм ва юнатуарилизмни бирлаштирган муаллифнинг ўз позиясига асосланган ҳуқуқий тушунча сифатида фуқаролик тадқиқотларида алоҳида аҳамият касб этади ва шахсий эркинлик ҳисси, жамоат ахлоқи ва жамиятдаги шахсларнинг фундаментал тенглиги ғояларини баҳолаш имкониятини беради. Шу билан бирга, тадқиқотчи томонидан мустақил равишда танланган хусусий ҳуқуқнинг моҳиятини, унинг предмети ва тадқиқот методологиясини тўғри тушунишни талаб қилади.

Ҳар қандай ҳуқуқий ҳодиса сингари хусусийлаштиришни ҳам унинг фаолияти ва ривожланишининг обеъктив қонунларидан ташқари қўллаш мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 210-моддасига биноан давлатга қарашли турар жойга хусусий мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда хусусийлаштириш натижасида вужудга келади.

Давлат уй-жой фондидаги турар жойни хусусийлаштиришни амалга оширишда фуқаро ва мулкдорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш муносабати билан вужудга келувчи низолар судга тааллуқлидир.

Хусусийлаштирилиши мумкин бўлган турар жойларга – маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уй-жой фонди ҳамда давлат органлари, корхоналари, муассаса ва ташкилотларининг тўлиқ хўжалик тасарруфидаги ёки оператив бошқарувидаги уй-жой фондлари киради.

Шунингдек, давлат тадбиркорлик ва рақобатни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик соҳасидаги давлат корхоналарини ва устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахсларни ташкил этишни чеклаш, хусусийлаштириш ва хусусий мулкка изчил, тизимли эътибор қаратиш орқали тадбиркорлик соҳасида давлат улушини камайтиришга, тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида маълум чеклов институтларидан кенг фойдаланиши лозим бўлади.

«Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 1-қисмига биноан хусусийлаштириш объектларига:

фуқаролар ижара шартномаси асосида фойдаланаётган кўп квартирали уйлардаги квартиралар ва бир квартирали уйлар (уйларнинг бир қисми);

қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари тугалланган, лекин одамлар кўчиб кирмаган, ҳамда бўшатилган уйларнинг квартиралари, бир квартиралик уйлар (уйларнинг бир қисми);

янги қурилган уйлардаги квартиралар киради.

«Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 3-бандига мувофиқ икки ёки ундан зиёд ижарачи яшаб турган квартиралар барча ижарачиларнинг розилиги бўлмаса, хусусийлаштирилиши мумкин эмас.

Барча ижарачиларнинг розилиги билан улар эгаллаб турган квартира хусусийлаштирилиши мумкин, бунда хусусийлаштиришнинг ҳар бир иштирокчисида (ижарачида) квартирага нисбатан умумий ҳиссали мулк ҳуқуқи вужудга келади.

«Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига биноан фуқаро ва юридик шахслар уй-жой, ёрдамчи хоналар ва ускуналардан ҳамда умумий фойдаланиш жойларидан уларнинг вазифасига мувофиқ ҳамда бошқа фуқаро ва юридик шахсларнинг уй-жойга доир, ўзга ҳуқуқ ва эркинликларига зарар етказмаган ҳолда фойдаланишлари ва уй-жойни асраш чораларини кўришлари шарт эканлигини назарда тутмоқ лозим.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

             Пешку туманлараро суди судьяси

Никоҳни бекор қилиш тартиби, ушбу низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш” масалаларига бағишланган йиғилишида белгилаб берилган вазифаларга тўхталиб ўтдилар.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги роли Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг хотин-қизларга бўлган эътибор кундан-кунга кучайиб бормоқда.  

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу масалага алоҳида эътибор бериб, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланган.

Ўтган йиллар мобайнида бу борада муайян ишлар амалга оширилган. Бироқ шу пайтгача хотин-қизлар манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича самарали механизм яратилмаган эди.

Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари йиллар мобайнида фақатгина турли тадбир ва йиғилишлар ўтказиш билан чекланиб, ижтимоий вазияти оғир оилалар, аёллар ва ёш қизларга чинакам ёрдам бериш бўйича самарали фаолият олиб бормаган. Бунинг оқибатида жойларда кўплаб масалалар тўпланиб қолган, уларнинг ечими бўйича аниқ манзилли ишлар амалга оширилмаган эди.

Ўтган йил жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил этилиб, хотин-қизлар ҳаётидаги муаммолар ўрганилди. Ҳар бир хонадонга кириб борилиб, оилалар томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш
чоралари кўрилди. Жумладан, минглаб оилада ажрашиб кетишнинг олди олинди, фуқаро ишга жойлаштирилмоқда, юртдошларимизга имтиёзли кредит олишда ёрдам берилмоқда.

Оила фаровонлигини таъминлашга қаратилган муҳим ишларнинг бир қисми холослиги, ҳали бу борада амалга ошириш зарур бўлган қатор долзарб вазифалар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шу мақсадда қабул қилинган эди.

Хотин-қизларга эътибор ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиши, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Оилага эътибор аслида бу ўзлигимизга эътибордир.

Хотин-қизлар қўмиталари фаолияти қониқарсиз экани, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, эрта никоҳлар, ажрашишлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олишга етарлича эътибор берилмагани таъкидланди.

Охирги йилларда ажрашишлар сони ҳар йили 10-11 фоизга ошиб боргани ташвишланарлидир. Ажралиш ҳолати қайд этилган оилалар, бунинг оқибатида, асосан, аёллар ва болалар жабр кўрмоқда. Аёллар ўртасида жиноятга қўл уриш ҳоллари кўп учрамоқда.

Президентимизнинг юқорида қайд этилган фармонида шу каби муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди. Республика, вилоят, шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари тузилмаси тубдан такомиллаштирилди.

Барча маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, аниқ вазифалари, мақоми белгилаб берилди.

Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органи фаолиятини мувофиқлаштириш туман ҳокими ўринбосари – хотин-
қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди. Бу билан жойлардаги хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари ҳамда Республика қўмитасининг имконияти ва таъсири кучайтирилди.

Оналар ва гўдаклар ўлими қайд этилаётгани, ногирон болалар туғилаётгани – хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини таъминлаш бўйича ишларнинг мутлақо қониқарсиз эканини кўрсатмоқда. Ҳар йили 95 фоиз ҳомиладор аёллар перинатал скрининг текширувидан ўтказилса-да, натижаси амалда сезилмаяпти. Шу боис оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида “аёллар маслаҳатхоналари” ташкил этилиши белгиланди.

Республика комиссияси ва 7 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, бу борадаги ишларни бажариш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига юклатилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлаш, турмуш шароитларини ҳар томонлама яхшилаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Топшириқларга мувофиқ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг барча бўғинларидаги раҳбарлар фаолияти танқидий ўрганилиб, вазифасига нолойиқ кадрлар ўзгартирилиши;

Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва ногирон хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан якка тартибда ишлаш тизими жорий этилиши;

“Оила” маркази ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиши;

Судлар томонидан қарор қабул қилинаётганда, биринчи навбатда, ажралишларнинг олдини олиш, мазкур жараёнда аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган чоралар кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши;

Жойлардаги фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари фаолияти танқидий ўрганилиб, уларга ўз вазифаси моҳиятини тушунадиган, адолатли, оилавий қадриятларимизни ҳурмат қиладиган, профессионал кадрлар тайинланиши;

Ишлаш истаги бўлган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёлларни оилавий
ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши;

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида иш олиб борилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, шунингдек, ўтган йили махсус рўйхатдан чиқарилган 2 минг 587 нафар диний оқим аъзоси бўлган аёлларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилиши;

Хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, кам таъминланган оилаларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш, республика скрининг ва репродуктив марказлари хизматларини янада ривожлантириш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилиши белгилаб берилди.

Оила ва никоҳ муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Оила
кодекси билан тартибга солинади. Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини
қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

 Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.

Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади. Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.

Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар муайян муддат билан чекланиши ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин.

Никоҳ шартномаси суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида назарда тутилган асослар бўйича тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Никоҳ шартномасининг шартлари ушбу Кодекс 31-моддаси бешинчи қисмининг талабларига зид келса, суд эр-хотиндан бирининг талабига биноан никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

 Пешку туманлараро суди судьяси

Skip to content