Фуқаролик ҳуқуқида мажбуриятлар:

моҳияти, турлари ва аҳамияти

Фуқаролик ҳуқуқи инсонлар ўртасидаги мулкий ва мулкий бўлмаган шахсий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқ тармоғидир. Ушбу ҳуқуқ соҳасининг асосий институтларидан бири — мажбуриятлар ҳуқуқи ҳисобланади. Мажбуриятлар фуқаролик ҳуқуқининг юрак уришидир, чунки улар орқали шахслар ўзаро ҳуқуқий алоқаларга киришадилар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғланадилар.

Фуқаролик кодексининг 329-моддасида айтилишича, мажбурият деб, бир шахснинг (қарздорнинг) бошқа шахс (кредитор) фойдасига маълум бир ҳаракатни — яъни мол-мулкни топшириш, иш бажариш, хизмат кўрсатиш, пул тўлаш ва бошқаларни бажариши, ёхуд муайян ҳаракатни содир этмаслиги мажбурияти тушунилади. Кредитор эса қарздордан бу мажбуриятни адо этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Мажбуриятлар икки томонлама ҳуқуқий муносабатлар бўлиб, унда бир томоннинг мажбурияти бошқа томоннинг ҳуқуқи билан чамбарчас боғлиқдир.

Мажбуриятлар келиб чиқиш асосларига ва мазмунига кўра бир неча турларга бўлинади:

Келиб чиқишига кўра:

Шартномавий мажбуриятлар — томонлар ўртасида тузилган шартномаларга асосланади (масалан, олди-сотди, ижара, хизмат кўрсатиш шартномалари).

Шартномадан ташқари мажбуриятлар — қонун асосида ёки зарар етказилиши натижасида юзага келади (масалан, мулкий зарар учун жавобгарлик).

Мазмунига кўра:

Мол-мулкни топшириш мажбуриятлари

Иш бажариш ёки хизмат кўрсатиш мажбуриятлари

Пул тўлаш мажбуриятлари

Нотўғри ҳаракатлар содир этмаслик мажбурияти

Мажбуриятларнинг бажарилиши

Мажбуриятни бажариш — бу қарздорнинг кредитор олдидаги мажбуриятини ўз вақтида, тўлиқ ва қонуний асосда адо этишидир. Фуқаролик кодексида мажбуриятларнинг бажарилиш тартиби, жойи, муддати, шакли аниқ белгиланган. Агар қарздор ўз мажбуриятини бажармаса ёки лозим даражада бажармаса, у ҳуқуқий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Мажбуриятни бажармаслик оқибатлари

Мажбуриятлар бузилган тақдирда қуйидаги ҳуқуқий оқибатлар юзага келади:

Зарарни қоплаш

Пеня (жарима) тўлаш

Шартномани бекор қилиш ёки уни ўзгартириш

Суд орқали мажбуриятни ижро эттириш

Фуқаролик ҳуқуқида мажбуриятлар жамиятда ҳуқуқий барқарорлик ва ишонч асосларини яратади. Улар орқали шахслар ўз ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва адолатни қарор топтириш имкониятига эга бўладилар. Шу боисдан, ҳар бир фуқаро ва юридик шахс ўз мажбуриятларини билиши ва уларга риоя қилиши лозим.

Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар

бўйича судлов ҳайъати судьяси                               Х.Абдуллаев

Даъво муддати: тушунчаси, турлари ва ҳуқуқий аҳамияти

Фуқаролик ҳуқуқида ҳар бир шахс ўз бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиши мумкин. Бироқ бу ҳуқуқ доимий эмас — у муайян муддат билан чегараланади. Ҳуқуқни ҳимоя қилишга бўлган бу давр даъво муддати деб аталади. Даъво муддати — бу фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда муҳим институт бўлиб, ҳуқуқий барқарорлик ва ишончни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 148-моддасига кўра, даъво муддати — бу шахснинг ҳуқуқи бузилган пайтдан бошлаб ушбу ҳуқуқни суд орқали ҳимоя қилиш учун белгиланган муддатдир. Ушбу муддат тугагач, суд одатда даъвони кўришдан бош тортади, агар у қонун билан истисно этилмаган бўлса.

Даъво муддати институтининг асосий мақсади — йиллар давомида ҳуқуқий ноаниқликни олдини олиш, ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда жавобгарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат. У шунингдек, шахсларни ўз ҳуқуқларини ўз вақтида амалга оширишга ундайди.

Даъво муддати турлари

Умумий даъво муддати

Фуқаролик кодексининг 149-моддасига мувофиқ, умумий даъво муддати 3 йил этиб белгиланади. Бу муддати барча фуқаролик-ҳуқуқий талаблар учун татбиқ этилади, агар қонун билан бошқача муддат белгилаб қўйилмаган бўлса.

Махсус даъво муддати

Айрим ҳуқуқий муносабатлар учун қонунчиликда қисқароқ ёки узоқроқ муддатлар белгиланади. Масалан:

Ташиш шартномасидан келиб чиқадиган даъволар учун — 1 йил.

Нуқсонли товарлар учун даъво — 6 ой ёки 1 йил (товар турига қараб).

Ҳаёт ва соғлиққа зарар етказиш билан боғлиқ даъволар учун — 3 йил, лекин зарар кўрилганлигини билган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

Даъво муддатининг бошланиши

Даъво муддати, одатда, фуқаро ўз ҳуқуқининг бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисобланади. Айрим ҳолларда, муддати кечиктирилган ёки турлича бошланган бўлиши мумкин (масалан, яширин нуқсонлар бўйича даъволар).

Даъво муддати ўтганидан кейин

Даъво муддати ўтиб кетган бўлса, бу даъвони қаноатлантиришга тўсқинлик қилади. Бироқ агар томонлар бу муддат тугаганидан бехабар бўлиб, даъво кўтарилган бўлса, суд уни фақат жавобгар даъво муддати ўтганлиги ҳақида эътироз билдирса, рад этади. Акс ҳолда, даъво кўриб чиқилади.

Даъво муддатининг тўхташи, бекор бўлиши ва тикланиши

Фуқаролик кодексида айрим ҳолатларда даъво муддати ҳисобланишини:

Тўхтатиб туриш (уруш, форс-мажор, томоннинг оғир ҳолати),

Тиклаш (агар шахс узрли сабабларга кўра даъво қилолмаган бўлса),

Янги муддатдан бошланиши (масалан, даъвони тан олиш) каби ҳолатлар назарда тутилган.

Даъво муддати фуқаролик ҳуқуқининг тартиб-интизомини сақлашда, ҳуқуқларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлашда муҳим воситадир. Ҳар бир фуқаро ва юридик шахс ўз ҳуқуқларини йўқотиб қўймаслиги учун даъво муддатларига қатъий риоя қилиши зарур. Шунингдек, судлар ва юристлар ушбу институтни тўғри қўллаш орқали адолатли ёндашувни таъминлайдилар.

Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар

бўйича судлов ҳайъати судьяси                               Х.Абдуллаев

Тўловга қобилиятсизлик ишларини кўриш:

ҳуқуқий асослар, тартиб ва амалий аҳамияти

Бозор иқтисодиёти шароитида корхоналар ва юридик шахслар фаолияти нафақат фойда олиш, балки молиявий хавфлар билан ҳам боғлиқдир. Узоқ муддат давомида қарзларини тўлай олмаслик ҳолати юзага келганида, бундай субъектлар тўловга қобилиятсиз деб топилиши мумкин. Тўловга қобилиятсизлик ҳолатлари иқтисодий судлар томонидан махсус қонуний тартибда кўриб чиқилади.

Тўловга қобилиятсизлик тушунчаси

Ўзбекистон Республикаси “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, тўловга қобилиятсизлик — бу қарздорнинг ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга молиявий имконияти йўқлиги туфайли, унда мавжуд қарзларни қоплашга етарли маблағ ёки мол-мулк бўлмаган ҳолатидир.

Тўловга қобилиятсизлик:

доимий ва узоқ муддатли бўлса,

суд томонидан тасдиқланса,

расмий тартибда эълон қилинади.

Ишни кўриш тартиби

Ариза бериш

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар, одатда, қуйидаги субъектлар томонидан судга ариза киритилиши билан бошланади:

Қарздорнинг ўзи (ўзини банкрот деб тан олиши ҳолатида)

Кредиторлар (қарзни ундира олмаган тақдирда)

Солиқ органлари ёки бошқа ваколатли идоралар

Аризани қабул қилиш ва иш қўзғатиш

Суд ариза шартларига мувофиқликни текширади ва иш юритишни бошлайди. Аризада қарздорнинг молиявий ҳолати, қарздорлик миқдори, муддати, тўловнинг имконсизлиги далиллари бўлиши керак.

Молиявий таҳлил ва вақтинчалик бошқарув

Суд қарорига кўра, қарздор корхонага вақтинчалик бошқарувчи тайинланади. У қарздорнинг молиявий ҳолатини текширади, мулкни рўйхатга олади ва тиклаш ёки тугатиш бўйича таклиф беради.

Тугатиш (банкротлик) ёки тиклаш (реорганизация)

Суд қарздорнинг молиявий барқарорлигини тиклаш учун реабилитация режаси тасдиқлаши ёки тўловга қобилиятсизликни эълон қилиб, мулкни реализация қилиш ва кредиторларга тақсимлаш ҳақида қарор чиқариши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик ишларининг ҳуқуқий оқибатлари

Қарздорнинг мулкига эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи чекланади.

Янги шартномалар тузиш, мажбуриятларни бажариш фақат суд ва бошқарувчи розилиги билан амалга оширилади.

Кредиторларнинг талабларини қондириш фақат суд қарорига асосан, навбатлилик асосида амалга оширилади.

Қарздор юридик шахс бўлса, тугатилган деб эълон қилинади, давлат реэстридан чиқарилади.

Амалий аҳамияти

Тўловга қобилиятсизлик жараёнлари қуйидаги муҳим функцияларни бажаради:

Бозор иштирокчиларининг молиявий интизомини оширади;

Нотўғри бошқарувга эга бўлган субъектлар иқтисодиётдан четлаштирилади;

Кредиторларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади;

Фойдали фаолиятни қайта тиклаш имконияти яратилади (агар реабилитация танланса).

Тўловга қобилиятсизлик институтининг қонуний асосда юритилиши — иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг муҳим воситасидир. Иқтисодий судлар бундай ишларни ҳал қилишда нафақат молиявий ҳолатни, балки ижтимоий ва иқтисодий омилларни ҳам инобатга олади. Бу жараён қонунийлик, адолат ва тартиб асосида олиб борилиши лозим.

Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар

бўйича судлов ҳайъати судьяси                               О.Қўлдошов

Коррупция тараққиёт кушандаси

Президентимиз 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида иштирок этиб, юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо бериб, келгуси вазифларни белгилаб берган эди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда нутқ сўзлаб, коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлади. Шу боис сўнги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Парламент палаталарида маъсул қўмиталар, коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлиги ташкил қилинди.

Ушбу ислоҳотлар натижасида коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинган ишларга қаратсак. Давлатимиз раҳбари бошчилигида дастлаб унинг омилларига қарши курашилди. Масалан, ерни ҳоким қарори билан ажратишдан тўлиқ воз кечилиб, аукцион тизимига ўтказилгани натижасида бу тизим халқчил бўлди. Шаффоф қурилиш дастури жорий этилганидан кейин бу соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани, танлов ва тендер рақамлашиб, натижада соғлом рақобат бўлгани учун ўтган йили жуда кўп миқдорда бюджет маблағлари тежалди.

Бундан ташқари, мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, бу соҳада мурожаат сони камайганлигидан, Олий таълим тизими ҳам рақамлаштирилди, аввал тест топшириб, тўпланган балига қараб, кейин олийгоҳни  танлаш жорий қилинганлигидан ҳамда ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори “боди-камера”да хизмат ўтаётгани, авторақамлар аукционда сотилаётгани, қоғозда баённома йўқ бўлгани учун коррупция омиллари кескин камайганлигидан билсак бўлади.

Хусусан, аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан, коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупциявий омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чораларга эътиборсиз қолаётгани қайд этилди. Аслида эса коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилаётгани боис коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланганлиги, унга вилоят халқ депутатлари кенгаши раислари бош бўлиши таъкидланди.

Ҳудудий кенгашлар коррупциявий омилларни аниқлаб, уларга барҳам бериш учун қонунчиликни ўзгартириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритади.

Бу тизим ижтимоий–иқтисодий муаммоларни ҳал этишга кўмаклашади, шу билан бирга энди прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторлар фаолияти билан шуғулланмаслиги айтиб ўтилди. Жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича қўшимча вазифлар қўйилди.

Бундан ташқари энди, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш бўйича талаблар ҳам кучайтирилади. Давлат идораларининг харидларида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган транспорт ва мебелга устуворлик берилади.

Албатта, коррупцияга қарши курашда энг муҳим жиҳат бу давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш ҳисобланади. Шу боис энди давлат хизматига ишга олишдаги тартиб ва ёндашувлар такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳаллолик ғояларини сингдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилади.

Фуқаролик ишлари бўйича
          Пешку туманлараро суди раиси                               Ў.С.Разиков

Девонхона мудири                                                       Ш.Ғафуров

FUQАROLIK ISHLАRINI VIDEOKONFERENSАLOQА TIZIMIDАN FOYDАLАNGАN HOLDА O‘TKАZISH TАRTIBI

O‘tgan davr mobaynida O‘zbekistonda barcha sohalar qatori sud-huquq yo‘nalishida ham keng ko‘lamli ishlar amalga oshirildi. Xususan, sud majlislarida zamonaviy axbarot-kommunikatsiya tenologiyalari orqali videokonferentsaloqa rejimi tashkil etildi. Sohadagi bu yangilik sud protsessi ishtirokchilariga katta qulaylik yaratdi.

Sudda videokonferentsaloqa rejimidagi sud majlisini o‘tkazishga tayyorgarlik ko‘rish, uni o‘tkazish va taqdim etilgan hujjatlar bilan ishlash Oliy sud Plenumining “Fuqarolik, jinoyat va ma’muriy ishlarni ko‘rishda sud majlislarini videokonferentsaloqa rejimida o‘tkazishning ayrim masalalari to‘g‘risida”               2017-yil 24-iyundagi 23-sonli qarori bilan tartibga solinadi.

Fuqarolik ishlarini videokonferentsaloqa tizimidan foydalanishda, sud tomonidan ishda ishtirok etuvchi shaxslar va sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilaridan birortasi ishni ko‘rayotgan sudga nisbatan O‘zbekiston Respublikasining boshqa hududida joylashgan taqdirda VKА rejimidagi sud majlisi o‘tkazilishi mumkin.

Sudьya ishni sudda ko‘rishga tayyorlash to‘g‘risidagi ajrim (qaror)da ishda ishtirok etuvchi shaxslarga, sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilariga ularning VKА rejimidagi sud majlisida ishtirok etish huquqini ko‘rsatib o‘tadi.

VKА rejimidagi sud majlisi o‘tkazilishining aniq sanasi

va vaqti sudьya tomonidan ishni ko‘rayotgan sudning Аxborot-kommunikatsiya texnologiyalari masalalari bo‘yicha sud xodimi bilan kelishilgan holda “Sud majlislarini VKА rejimida o‘tkazish jadvali”dan kelib chiqib belgilanishi lozim.

Sudьya yordamchisi ishni sudda ko‘rishga tayyorlash to‘g‘risidagi ajrim (qaror)ni ishda ishtirok etuvchi shaxslarga, sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilariga protsessual qonun hujjatlarida belgilangan tartibda yuborilishini hamda bir nusxasini ishni ko‘rayotgan sudning АKT xodimiga ro‘yxat asosida imzo orqali topshirilishini ta ‘minlaydi.

VKА rejimidagi sud majlisini o‘tkazishga ko‘maklashadigan sudga kelib tushgan ishni sudda ko‘rishga tayyorlash to‘g‘risidagi ajrim (qaror) axborot tizimi orqali ro‘yxatdan o‘tkazilib, shu kunning o‘zida АKT xodimiga topshiriladi.

  VKА rejimidagi sud majlisini o‘tkazishga ko‘maklashadigan sud sud majlisini VKА rejimida o‘tkazilishini biror bir sababga ko‘ra ta ‘minlay olmagan taqdirda, АKT xodimi ishni ko‘rayotgan sudning АKT xodimiga zudlik bilan telefon, faks va boshqa aloqa vositalari orqali xabar beradi. O‘z navbatida ishni ko‘rayotgan sudning АKT xodimi bu haqda ish bo‘yicha ma ‘sul sudьyani xabardor qiladi.

VKА rejimidagi sud majlisini o‘tkazishga ko‘maklashadigan sud bilan VKА o‘rnatishning imkoni bo‘lmagan taqdirda, sudьya protsessual qonun hujjatlariga asosan ishni ko‘rishni keyinga qoldirish choralarini ko‘radi.

Ishda ishtirok etuvchi shaxslar, sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilari tomonidan sud majlisida taqdim etilgan hujjatlar, jumladan ishonchnomalar, arizalar, iltimosnomalar, yozma fikr-mulohazalar va boshqa yozma dalillar sud majlisini o‘tkazishga ko‘maklashadigan sud АKT xodimi tomonidan skaner yordamida elektron shaklga keltirilib, Internet tarmog‘i orqali ishni ko‘rayotgan sudga uzatiladi.

VKА rejimidagi sud majlisini o‘tkazishga ko‘maklashadigan sud АKT xodimi keyingi ish kunidan kechiktirmasdan sud majlisida taqdim etilgan hujjatlar, jumladan, ishonchnomalar, arizalar, iltimosnomalar, yozma fikr-mulohazalar va boshqa yozma dalillarni kuzatuv xati orqali ilova qilinayotgan hujjatlar ro‘yxati asosida ishni ko‘rayotgan sudga yuboradi.

Ushbu yaratilgan qulayliklar fuqarolar va sud sohasi xodimlariga juda katta imkoniyatlar yaratib berdi. Bugungi kunda boshqa viloyatdagi sud majlisiga borish, buning uchun sarf-xarajat qilish, ortiqcha vaqt yo‘qotish kabi tashvishlar deyarli barham topdi.

Fuqarolik ishlari bo‘yicha G‘ijduvon tumanlararo sudining tizimni boshqarish va xizmat ko‘rsatish muhandisi

Shamsiyev Shohruh Fazliddinovich

Ўзбекистон Республикасининг №1067-сонли Қонуннинг мазмун моҳияти

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятини ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг
№1067-сонли Қонунини қабул қилинди.

Ушбу қонун қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 21 январда қабул қилинган бўлиб, Сенат томонидан 2025 йил 17 мартда маъқулланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 9 июнда имзоланиб, 2025 йил 10 июнда кучга кирган.

Бугунги кунда, мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, суд ишлари юритилишини такомиллаштиришга, шунингдек фуқароларнинг ва тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда унинг ваколатларига тааллуқли янги нормалар белгиланганлиги Олий суди фаолиятини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлиги тақозо этилганлиги боис мазкур қонун қабул қилинган.

Ушбу Қонун билан “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиш мумкинлиги, ҳеч ким ўзига ҳамда яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога торилиши мумкин эмаслиги, шунингдек шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Ушбу Қонун одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича ҳуқуқий тарзда йўлга қўйиш учун хизмат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича
          Пешку туманлараро суди раиси                               Ў.С.Разиков

Девонхона мудири                                                       Ш.Ғафуров

“Одамфурушлар” ҳар қандай жазога лойиқдир

Фуқаро Н.Г. 2019 йил октябрь ойининг охирларида БАА давлатида фуқаролар А.Г., Қ.Л. ва бошқалардан иборат уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда улар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, одамлар савдоси билан шуғулланиш мақсадида вояга етмаган У.Н.га БААнинг Дубай шаҳридаги меҳмонхона ёки савдо дўконида яхши даромадли иш борлигини айтиб, уни қизиқтириб, аслида эса ундан шаҳвоний мақсадларда фойдаланишни режалаштирган ҳолда ўз ҳисобларидан электрон виза ҳамда “Душанбе-Шарджа” йўналишидаги самолётга электрон чипта юбориб, унинг Ўзбекистон Республикасидан чет элга чиқиш учун рухсатномаси йўқлигини била туриб, “Али” исмли шахс орқали Қирғизистон Республикасидан Тожикистон Республикасига олиб ўтиб, “Талиб” исмли шахс орқали эса уни Душанбе шаҳридаги халқаро аэропорт назорат ўтиш пунктларидан ҳеч бир тўсиқсиз ўтишига эришиб, 2019 йил 13 ноябрь куни вояга етмаган Н.У.ни БААнинг Шарджа шаҳридаги аэропортда кутиб олиб, уни уюшган гуруҳ аъзоси бўлган Қ.Л.га топшириб, Қ.Л. эса уни Шарджа шаҳридаги “Al Taven” ноҳиясидаги кўп қаватли хонадонда сақлаб, унга тегишли фуқаролик паспортини олиб қўйган ҳолда эркини чеклаб, фохишалик йўли билан
16.000 АҚШ доллар ишлаб беришини, акс ҳолда полицияга айтиб қаматтириб юбориш билан мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали унга таҳдид қилиб, 2020 йилнинг 12 январь кунига қадар Шарджа шаҳридаги турли миллатга мансуб номаълум фуқаролар билан маълум бир ҳақ эвазига жинсий алоқада бўлишига мажбурлаб, ундан сўнг 2020 йил
13 январдан 2020 йил июнь ойи бошларига қадар бўлган вақт мобайнида Г.А. гуруҳ аъзоси бўлган “Мансур” исмли бангладеш миллатига мансуб фуқаронинг БАА Дубай шаҳар “Дубай Марина” ноҳияси, “Al Shebani Building” даҳасида жойлашган кўп қаватли хонадондаги фоҳишахонасида моддий жиҳатдан ўзига қарам бўлган вояга етмаган У.Н.дан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиб, фоҳишалик йўли билан орттирилган барча пулларни уюшган гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимлаб олиб, одам савдоси ҳамда қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш жиноятини содир қилган.

Худди шунингдек, фуқаро С.Ф. ҳам 2019 йил март ойининг бошларида Бухоро шаҳрида бўлиб туриб, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда улар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, одам савдоси билан шуғулланиш мақсадида Н.Г. БААнинг Дубай шаҳрига юбориб, ундан Дубай шаҳар, “Al-naxta 1” ноҳиясидаги кўп қаватли уйда жойлашган хонадонида фоҳишалик билан шуғуллантириб, жиноий йўл билан топилган барча пулларни уюшган гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимлаб олиб, одам савдоси ҳамда қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш жиноятини содир қилган.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилиб, судланувчи Н.Г.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
135-моддаси 3-қисми “а”,“г” бандлари билан 4 йил 2 ой муддатга, судланувчи Ф.Н.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “г” банди билан 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳар иккала судланувчилар ҳам суд залидан қамоққа олинди.

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро шаҳар суди судьяси                                                Ж.Тожиев

Бухоро вилоят суди

бош консультанти                                                                  Ф.Шарапов

Илмсизлик жиноятга етаклайди

Фуқаро А.А. қасддан жиноят содир этиш йўлига кириб, Интернет тармоғининг “Instagramm” ижтимоий тармоғи орқали “Ahmedov.uzb92” номли профил очиб, ушбу профилда ёзишмалар олиб бориб, 18.12.2022 йилда қариндоши М.Ф. фойдаланиб келган “Miroshoh Uktamovich” номли профилга ва бошқа танишларининг профилларига Дин ишлари бўйича қўмитанинг 22.06.2023 йилдаги IV-сонли экспертиза хулосаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш таъқиқланган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумот ҳисобланган Абу Муовиянинг “ҳозирги кунда тоғутлар Аллоҳ таолонинг ҳукми билан ҳукм қилмаётгани, бу нарса куфр экани, булар кофир экани, улар диндан чиқиши, умра ва ҳаж амали бекор экани, буларнинг амалига алданиб қолмаслик кераклиги, куфр масжидлардида ўтирмаслик тўғрисидаги” фикрлари келтирилган “VID 20230616 101005 082” номли файлни ва бошқа шу каби материалларни жойлаштириб, тарқатган.

Бундан ташқари, А.А. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Интернетнинг “Instagramm” ижтимоий тармоғи орқали “Ahmedov.uzb92” номли профил очиб, ушбу профилда “Катиба Ал-Ғуроба Ал Туркистон” Халқаро террористик ташкилотининг Медиа ходими “Саад Мухтор” билан ёзишмалар олиб бориб, 2022 йил декабрь ойида “Катиба Ал-Ғуроба Ал Туркистон” Халқаро террористик ташкилотини ноқонунийлигини англаган ҳолда тан олиб, мазкур ташкилот таркибида иштирок қилган.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилиб, судланувчи Б.С.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
2441-моддаси 3-қисми ва 2442-моддаси 1-қисми билан узил-кесил 3 /уч/ йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро шаҳар суди судьяси                                                Ж.Тожиев

Бухоро вилоят суди

бош консультанти                                                                  Ф.Шарапов

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ПРОКУРОР ИШТИРОКИ: ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАР ВА АМАЛИЁТ

Бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги низолар ва молиявий-ҳуқуқий муносабатлар сонининг ортиб бориши иқтисодий судлар фаолиятининг муҳим аҳамият касб этишига олиб келади. Бундай шароитда қонун устуворлигини таъминлашда ва иқтисодий адолатни қарор топтиришда прокурор иштирокининг ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда.

Иқтисодий судлар хўжалик юритувчи субъектлар, давлат органлари, маҳаллий ҳокимиятлар, молиявий ва солиқ идоралари ўртасидаги низоларни ҳал этади.

Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунига ҳамда Иқтисодий процессуал кодексининг 49- моддаси учинчи қисмига асосан, прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкин.

Қонунчиликка асосан прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ишлар мустасно.

Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён этади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.

Фуқаронинг, юридик шахснинг ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризаси (ариза) тақдим этган прокурор даъвогарнинг ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно.

Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.

Сўнгги йилларда прокуратура органлари томонидан ноқонуний хусусийлаштириш, солиқдан бўйин товлаш, давлат мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ иқтисодий ишлар бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, йирик миқдордаги маблағлар давлат бюджетига қайтарилган.

Иқтисодий судларда прокурор иштироки – бу нафақат қонунийликни таъминлаш, балки иқтисодий адолатни қарор топтиришда муҳим восита ҳисобланади. Шу боис, ушбу институтни кучайтириш, прокурорларнинг малакасини ошириш ва уларнинг амалий фаолиятини янада такомиллаштириш давлат сиёсатининг долзарб йўналишларидан биридир.

Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси                                                               М.Болтаев

Б Е З О Р И Л И К

Ҳурматли китобхон. Безориликни квалификация қилиш мазусини осон деб ўйлаб, ушбу китобда биринчи бўлиб шу масалани ёритишдан бошлаганман. Бироқ, кейинчалик мазкур мавзу мураккаблиги аён бўлди.

Ўзи безори одамларни кўришга кўзим йўқ. Уларга нисбатан қонуннинг тўлиқ кучидан фойдаланиб, жавобгарлик масаласини ҳал қилмас эканмиз, жамиятда тартибни таъминлай олмаймиз. Бунинг учун эса безорилик белгиларини яхши англаб олишимиз зарур.

– Бир фуқаро хотинини болалари билан бирга уйдан ҳайдаб юборган. Улар қайтиб келгандан сўнг эса, маст ҳолатда дарвозадан чиқиб, бақир чақир қилиб, қўни қўшнилар олдида уларни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, урмоқчи бўлиб, дағдаға қилиб, орқаларидан яна қувиб солган. (1-мисол)

– Ижтимоий хизматларни амалга ошираётган ҳамшира қизлар бир фуқаронинг уйига бориб унинг ёш фарзандини кўрикдан ўтказиш, муолажа қилишга боришганида, фуқаро маст ҳолатда дарвозадан чиқиб, булар мени дам олаётган вақтимда безовта қилди деб қўни қўшнилар олдида уларни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, урмоқчи бўлиб, дағдаға қилиб, орқаларидан қувиб солган. (2-мисол)

Юқоридаги ҳар иккала мисолда ҳам айбдор томонидан жамоат тартиби, бошқа фуқароларнинг осойишталиги бузилганлиги кўриниб турибди. Бироқ, уларнинг фарқи шундаки, 2-мисолда жамоат тартиби бузилишидан ташқари айбдорнинг ҳаракатларида жамиятга ўзини қарши қўйиш, ҳеч бир сабабсиз ёки арзимаган сабаб билан (мени дам олаётган вақтимда безовта қилди деб) ҳаракат қилиш белгиси мавжуд ва шу боис улар безорилик деб баҳоланиши лозим.

1-мисолда эса айбдорнинг ҳаракатларида ўзини жамиятга қарши қўйиш белгиси мавжуд эмас. Бу мисолда шахсий, оилавий келишмовчилик мотиви яъни маълум сабаб билан ҳаракатланиш белгиси мавжуд бўлади.

Чекиш учун сигарет сўраб, сигарети бўлмаганлиги сабабли жабрланувчини ҳақорат қилган, атайин шунчаки соат неча бўлганлигини сўраб жавоб ололмагандан сўнг фуқарони ҳақорат қилган, жабрланувчининг афти ёки кийиниши ёқмаётганлигини, унинг йўлини кесиб ўтганлигини, автомашинасини унинг уйи ёнида қўйганлигини баҳона қилиб уни урган айбдорнинг шу ва шунга ўхшаш ҳаракатларида ҳам ҳеч бир сабабсиз ёки арзимаган сабаб билан ҳаракат қилиш белгиси мавжуд бўлади.

Аслида мазкур ҳолатларда жабрланувчи шахс айбдор уни ҳақорат қилиши, уришига, мулкига зарар етказишига сабаб бўладиган бирор бир ҳаракат қилмаган бўлади. Ёки қандайдир ҳаракат қилган тақдирда ҳам айбдорнинг жабрланувчига қарши ҳаракатлари номутаносиб бўлади. Масалан, ёш боланинг ўзганинг боғидан довуча-ўрик ўғирлаш бўйича ҳаракатларини айбдор учун арзимаган сабаб деб ҳисоблаймиз. Айбдорнинг ёш болани ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, уришга қаратилган ҳаракатларини боланинг қилмишига номутаносиб деб ҳисоблаб, уларни безорилик деб баҳолаш тарафдоримиз.

Юқорида айтилганидек, безориликда жабрланувчи шахс айбдор уни ҳақорат қилиши, уришига, мулкига зарар етказишига сабаб бўладиган бирор бир ҳаракат қилмаган бўлади. Ҳаётга, соғликка, мулкка қарши жиноятларда (ҳуқуқбузарликларда) эса жабрланувчи одатда айбдорга нисбатан ножоиз ҳатти-ҳаракатларни содир этган бўлади (масалан жанжал жабрланувчи томонидан бошланган бўлади ёки низога унинг ғайриҳуқуқий хулқ атвори сабаб бўлади) ёки улар ўртасида шахсий келишмовчиликлар мавжуд бўлади. Бундай ҳолларда айбдорда ҳам жабрланувчига нисбатан қарши ҳаракат  қилиши учун арзирли сабаб мавжуд бўлади.

Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 13-сонли қарорининг 16-бандида “……агар уруш-жанжал жабрланувчи томонидан бошланган бўлса ёки низога унинг ғайриқонуний хулқ-атвори сабаб бўлган бўлса, айбдор безорилик оқибатида одам ўлдириш жинояти учун жавобгар бўлмайди” – деб тўғри тушунтириш берилган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг 2024 йил 22 май кунидаги ҳукмига кўра, фуқаро Т. ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “е” банди (безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан судланган. У маст ҳолатда қишлоқдаги овқатланиш шаҳобчасида фуқаро А. билан ҳеч бир сабабсиз жанжаллашиб, унга оғир шикаст етказишда айбдор деб топилган. Аниқланишича, жанжал жабрланувчи А. маст ҳолатда бўлиб, судланувчи Т.ни онасидан олиб ҳақорат қилганлиги сабабли бошланган. Судланувчи Т. жабрланувчининг оғир ҳақоратларига чидай олмасдан унинг юз соҳасига мушти билан бир маротаба уриб, оғир тан жароҳати етказган. Унинг ҳаракатларида безорилик белгилари мавжуд бўлмаганлиги боис, Бухоро вилоят суди судлов ҳайъатининг 2024 йил
25 июлдаги ажрими билан судланувчининг ҳаракатлари ЖК 104-моддасининг
1-қисмига қайта квалификация қилиниб, суд ҳукми ўзгартирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумини юқоридаги қарорининг 5-бандида “……. қотиллик безорилик туйғулари билан эмас, балки ўзаро жанжал ёки уришиш натижасида, рашк туфайли, ўч олиш, ҳасад, адоват, нафрат оқибатида содир этилган бўлса, қасддан одам ўлдириш жинояти ЖК 97-моддасининг биринчи қисми бўйича квалификация қилинади” – деб тушунтириш берилган.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2016 йил
30 ноябрдаги ҳукмига кўра, фуқаро М. ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “л” банди (безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) билан судланган. У отаси И.ни жабрланувчи А. ва унинг тоғалари ўзаро жанжал натижасида уришиб, енгил тан жароҳати етказишганидан ғазабланиб, деҳқон бозорида савдо ишлари билан шуғулланиб турган А.нинг олдига келиб, “кеча нима учун тоғаларинг билан отамни уриб кўзини кўкартирдинг?”- деб ўзаро тортишиб, жамоат жойи ҳисобланган бозорнинг ичида жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ҳақорат қилиб, бозорга савдо сотиқ учун келган фуқароларнинг тинчлигини бузиб, ўзида бўлган қайчи билан А.нинг бўйин соҳасига икки марта санчиб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир шикаст етказиб, безорилик оқибатида қасддан ўлдирганликда айбдор деб топилган. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2016 йил
15 сентябрдаги қарорига кўра, жабрланувчи А. ва унинг тоғалари бозорда қилган безорилиги учун МЖтКнинг 183-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилганлар. Иш материалларидан кўринишича, М. воқеа содир бўлган куни отаси И.нинг ўчини олиш мақсадида А.ни бўйин соҳасига қайчи билан уриб, қасддан ўлдирган. Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди М.нинг ҳаракати жамоат тартибига эмас, балки шахсий келишмовчилик замирида жабрланувчи А.нинг унинг отаси И.га қилган ножоиз ҳатти-ҳаракатларига қаратилган жиноятга сабаб бўлганини эътибордан четда қолдирган. Қайд этилганлар инобатга олиниб, Олий суд судлов ҳайъатининг 2017 йил 04 сентябрдаги ажрими билан М.нинг ҳаракатлари ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “л” бандидан 97-моддасининг 1-қисмига қайта квалификация қилинган.

Олий суд Пленумида берилган тушунтиришга қўшимча равишда биз юқоридаги ҳолатлар (яъни, ўзаро жанжал ва бошқа)да айбдорда жабрланувчига нисбатан қарши ҳаракат  қилиши учун арзирли сабаблар мавжуд бўлади ва шунинг учун ҳам унинг ҳаракатларини безорилик сифатида баҳолаб бўлмайди, чунки арзирли сабаблар билан ҳаракат қилаётган айбдор ўзини жамиятга эмас, балки шу сабабни вужудга келтирган жабрланувчига қарши қўяди деб ҳисоблаймиз.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шундай хулоса қилиш мумкинки, айбдорнинг ҳаракатларига тўғри баҳо бериш учун у ҳаракатларини маълум бир сабаб билан ёки ҳеч бир сабабсиз содир қилганлиги, сабаб билан содир қилинган бўлса бу сабаб арзирли ёки арзимас эканлиги аниқланиши лозим. Айбдор ўзини жамиятга қарши қўйган, сабабсиз ёки арзимас сабаб билан ҳаракат қилган ҳолатлар безорилик сифатида баҳоланиши лозим бўлади.

                                                                                 Жиноят ишлари бўйича

                                                                                 Бухоро туман суди

                                                                                 тергов судьяси Суръат Найимов

Skip to content