Иқтисодий судларда қарши даъво аризаси киритиш тартиби ва ўзига хос жиҳатлари.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунида жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда мурожаатлар шаклига кўра, оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Бу борада Иқтисодий процессуал кодексида ҳар қандай шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли. Ҳеч ким судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ва маҳрум этиши мумкин эмас.

Иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун қарши даъво тақдим этишга ҳақли.

Қарши даъво қуйидаги ҳолларда тақдим этилиши мумкин, агар:

1) қарши талаб дастлабки талабни ҳисобга олишга қаратилган бўлса;

2) қарши даъвони қаноатлантириш дастлабки даъвони тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни истисно қилса;

3) қарши даъво билан дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлиб, уларни биргаликда кўриб чиқиш низони ўз вақтида ва тўғри ҳал этишга олиб келса.

Қарши даъвони тақдим этиш ва иш юритишга қабул қилиш ушбу Кодексда даъво аризаларини тақдим этиш ва иш юритишга қабул қилиш учун белгиланган қоидалар бўйича амалга оширилади.

Иқтисодий процессуал кодекси (матнда ИПК деб юритилади)
3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (бундан буён матнда суд деб юритилади) ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

Бунда манфаатдор шахс деганда, ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаат қилаётган шахс (даъвогар, қарши даъво аризаси бўйича эса жавобгар, аризачи, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс) тушунилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги 13-сонли Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида қуйидагича тушунтириш берилган. Жумладан, ИПК   160-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун қарши даъво тақдим этишга ҳақли.

Бунда назарда тутиш керакки, ИПК 160-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, қарши даъво иш юритишга қабул қилиниши мумкин. Агар қарши даъво процессуал қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинган ҳолда тақдим этилган бўлиб, аммо юқорида кўрсатилган моддадаги шартлар мавжуд бўлмаса, қарши даъвони иш юритишга қабул қилиш рад этилиши лозим. Қарши даъвони ИПКнинг 160-моддасида назарда тутилган шартлар мавжуд эмаслиги асосида қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим шикоят қилинмайди, чунки ушбу ҳолат судга мустақил даъво тақдим этишга тўсқинлик қилмайди. Агар қарши даъвони иш юритишга қабул қилиш ИПКнинг 154-моддасида кўрсатилган асослар бўйича рад этилган бўлса, бундай ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.

Қарши даъво даъво аризасини тақдим этишнинг умумий қоидаларига риоя этган ҳолда тақдим этилган бўлса, суд томонидан иш юритишга қабул қилиниши мумкин, судловга тегишлилик тўғрисидаги қоидалар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
148-моддасида баён қилинганидек[1], суд манфаатдор шахсларнинг аризалари, прокурорнинг аризаси ва давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.

Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, прокурор, шунингдек қонунларда назарда тутилган ҳолларда юридик шахслар, фуқаролар, давлат ва жамиятнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари ва бошқа органлар ҳам ИПКда белгиланган тартибда судга жавобгарнинг манфаатида қарши даъво бериши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли суд тизимини шакллантиришда ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари бузилган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада ошириш, судга мурожаат қилишнинг аниқ механизмлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳим аҳамият касб этади.

Шу сабабли адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш, шунингдек, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш одил судловни таъминлашнинг устувор вазифаси этиб белгиланганлиги бежизга эмасдир.

Қоракўл туманлараро иқтисодий судининг раиси Ш.Хамидов

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят суди бош консультанти


[1] Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси, 2018 йил 1 апрелда қонуний кучга кирган.

Қўшимча ҳал қилув қарори ва уни қабул қилиш тартиби

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бошқа соҳалардаги ижобий ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда амалга ошириб келинмоқда. Судларнинг мустақиллиги таъминланганлиги, судьялар дахлсизлиги рўёбга чиқаётганлиги ушбу ислоҳотларнинг натижасидир. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги, хусусан иқтисодий судлар фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳам такомиллаштириб борилмоқда.

Мазкур мақолада иқтисодий-ҳуқуқ соҳасининг муҳим институтларидан бири ҳисобланмиш “қўшимча  ҳал қилув қарори” ҳақида сўз боради. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 189-моддасига асосан Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилади, агар:

1) ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган бирор-бир талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса;

2) суд ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, ундириладиган сумма миқдорини, топширилиши лозим бўлган мол-мулкни ёки жавобгар амалга ошириши шарт бўлган ҳаракатларни кўрсатмаган бўлса;

3) суд харажатлари тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса.

Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар қўйилиши мумкин.

Қўшимча ҳал қилув қарори ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига ёки суднинг ташаббусига кўра қабул қилиниши мумкин.

Суд томонидан қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала мазкур бобда белгиланган қоидалар бўйича суд мажлисида ҳал қилинади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масалани кўришга тўсқинлик қилмайди.

Қўшимча ҳал қилув қарори асосий ҳал қилув қарори билан бирга қонуний кучга киради. Қўшимча ҳал қилув қарори устидан асосий ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш рад этилган тақдирда, ажрим чиқарилади.

Масалан, иқтисодий суд ишни видеоконференқалоқа режимида кўрди. Бироқ якуний суд ҳужжатида видеоконференқалоқа харажатларини ундириш тўғрисидаги масала ҳал этилмади. Суд ўз ташаббуси қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилишга қарор қилди. Мазкур ҳолатда қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала суд мажлисида тарафлар вакилларини хабардор қилган ҳолда кўриб чиқилади.

         Хулоса қилиб айтганда, қўшимча ҳал қилув қарори иқтисодий-ҳуқуқ соҳасининг муҳим институтларидан бири сифатида суд органларида қонунийликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади.

Қоракўл туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Хамидов

Иқтисодий судларда судловга тегишлилик тушунчаси

Иқтисодий судларда судловга тегишлилик тушунчаси

Сўнги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши тадбиркорлик субъектларининг сон жиҳатдан ошишига олиб келмоқда. Ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг турли ҳудудларда жойлашиши улар билан боғлиқ иқтисодий низоларни ҳал қилишда қайси судга мурожаат қилиши керак деган саволни уйғотади.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексида иқтисодий ишларнинг судловга тегишлилиги масаласи қуйидагича баён қилинади.

Судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Юридик шахсларга нисбатан уларнинг алоҳида бўлинмалари фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинмалар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Фуқароларга нисбатан даъволар улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Иқтисодий ишларнинг судловга тегишлилик қоидаларини амалий жиҳатдан беш турга бўлиш мумкин.

Даъвогарнинг танлови бўйича судловга тегишлилик. Турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар аризачи давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судда кўрилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар кўчмас мулк жойлашган ердаги судда кўрилади.

Юридик шахслар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судда кўрилади.

Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъволар, кўчмас мулк ҳақидаги низолар, шу жумладан кўчмас мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги ёхуд мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилишини бартараф этиш ҳақидаги ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги бошқа даъволар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга тақдим этилади.

Бундан ташқари судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра тарафларнинг келишувига шартномада алоҳида кўрсатилган ҳолда низони кўриб чиқувчи судни тарафлар ўз ихтиёрларига кўра ҳам белгилаши мумкин.

Қоракўл туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Хамидов

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят суди бош консультанти

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг Конституциявий-ҳуқуқий асослари

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг Конституциявий-ҳуқуқий асослари

Узоқ мозийга назар ташлайдиган бўлсак, минг йиллар давомида шаклланиб, миллатлар онгида мустаҳкамланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари ягона бир ҳужжат, яъни Конституция шаклига келтирилганлигини кўрамиз.

Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим ҳуқуқи, умуман олганда барча ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини, шу жумладан, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларининг тимсоли сифатида, инсонни олий қадрият даражасига кўтарди.

Янги Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилиниши халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар учун конституциявий-ҳуқуқий асосни янада мустаҳкамлаб берди.

Янги Ўзбекистон Конституциясининг 30-31 моддаларига асосан, ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.

Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсоннинг шахсий дахлсизлик, турар жой дахсизлиги ҳуқуқи, ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқларининг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилиши, айбсизлик презумпцияси институтининг мазкур ҳужжатда ўз ифодасини топганлиги мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланаётганлиги ҳамда кучли демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қурилаётганлигидан далолат беради.

Бухоро вилоят суди

иқтисодий ишлар бўйича судьяси                                                                М.Болтаев

Янги конституцияда суд ҳокимияти

Янги Конституциядаги муҳим жиҳатлардан бири-одил судловга эришишни таъминлаш мақсадида фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги тўғрисида Конституциявий қоиданинг мустаҳкамланганидир.

Мазкур нормага кўра бирор фуқаро ёки юридик шахснинг фикрича, уларнинг иши фуқаролик, маъмурий, жиноий ёки иқтисодий судларда
кўрилиб, ишни судда кўришда, биринчидан, уларнинг конституциявий ҳуқуқ
ва эркинликлари бузилаётган бўлса, иккинчидан, Конституцияга мувофиқ келмаса, учинчидан, судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса, тўртинчидан, судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланган бўлса, қўлланилган амалдаги қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисида шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш имконияти яратилади. “Суд ҳокимияти” бобида акс
эттирилган ўзгартиришлар суд ҳокимияти мустақилигини самарали таъминлаш, судьялар корпусини шакиллантириш, одил судлов самарадорлигини оширишга асосланган бўлиб, бунинг туб моҳиятида
“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакиллантириш ётади.

Янги таҳрирдаги Асосий Қонунимизнинг 136-моддаси 1-қисмида “Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар
қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ  жавобгарликка сабаб бўлади.

Бу шуни англатадики, судьяларнинг ва уларнинг оила аъзоларининг хавфсизлиги конституция даражасига кўтарилди. Эндиликда, давлат нафақат судья, балки унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлашни ҳам кафолатлайди. Ўз навбатида, ушбу кафолат судьянинг ҳар қандай ҳолатда
ўз вазифасига виждонан ёндашиши ва холисона иш олиб боришини, энг
муҳими оиласидан кўнгли хотиржамлигини таъминлайди. Шу ўринда судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги каби меъёрнинг акс эттирилиши унинг мустақиллигини янада кучайтиради. Давлатнинг судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлашга масъул эканлигининг белгиланиши эса унинг дахлсизлиги кафолатларини мустаҳкамлаш билан бирга, фуқароларнинг одил судловга ишончини ҳам орттиради.

Эътиборни торадиган жиҳатлардан яна бири-энг юқори раҳбар судьялик лавозимларида бўлиш муддатининг қатъий белгиланганлигидир. Энди айни бир шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосари этиб сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас, шу билан бирга, Конституциявий суд судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йиллик муддатга сайланиши ҳамда Конституциявий суд раиси ва ўринбосарининг ваколат муддати 5 йил эканлиги ҳақидаги қоида Асосий қонунимизда аксини топди.

Янги Конституцияда Судьялар олий кенгашининг мақоми аниқлаштирилиб, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи сифатида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий тамойилига риоя этилишини таъминлаш билан бирга, судьялар корпусини шакиллантиришга ҳам масъул экани кўзда тутилган. Шу билан бирга Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилиб, Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосари Президент тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланиши белгиланган.

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, суд ҳокимиятининг мустақил иш юритиши – демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини
барпо этишнинг ягона йўли. Шу сабабли Асосий қонунинг янги таҳририда судьялар мустақиллиги кафолатларига алоҳида урғу берилган. Жумладан, судьялар фақатгина қонунга эмас, балки Конституцияга бўйсуниши ҳам тўғридан – тўғри белгиланган.   

Ўткир Разиков,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Пешку туманлараро суди раиси

Мақсад Матякубов,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Пешку туманлараро суди судьяси

Эрта никоҳва унинг оқибатлари

Ўзбекистон мустақилликка эришгач барча соҳаларда, хусусан Оила қонунчилиги тизимида ҳам самарали ислоҳотлар қилинди. Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам алоҳида “Оила” боби киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши белгилаб қўйилган.

Юртимизда оила инс­титутини мустаҳкамлаш, нуфу­зини ошириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, эрта никоҳнинг олдини олиш ва соғлом фарзандни дунёга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Шунингдек, Оила кодексида ҳам никоҳ тузиш тартиби, никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги, никоҳ ёши, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар ва никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш нормалари белгилаб қўйилган.

Бироқ, баъзи ота-оналарнинг никоҳ ёшига етмаган, коллеж, лицейларни тугатмаган қизларини эрта турмушга чиқариб юбориш ҳолатлари учраяптики, бу ёш оналар ва болаларнинг ногирон, заиф болалар туғилишига сабаб бўлмоқда.

Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида ўзига хос ижтимоий вазифани бажаради. Оилалар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамиятимиз шунчалик мустаҳкам бўлади. Республикамизда оилага эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшлармизнинг соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Оиланинг ҳуқуқий асосини қонуний никоҳ ташкил этади. Чунки фақат қонуний никоҳгина оилада эр-хотин ва болалар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.

Никоҳ тузилиши учун никоҳланувчилар қонунда белгилаб қўйилган никоҳ ёшига етган бўлишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркак ва аёллар учун 18 ёш қилиб белгиланган. Бугунги кунда мутахассислар томонидан никоҳ ёшини кўтариш мақсадга мувофиқ деб топилмоқда. Таълим тўғрисидаги қонунчилик талаблари ҳамда қизларнинг физиологик жиҳатдан оналикка тайёр бўлишлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу фикр асослидир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасининг иккинчи қисмига кўра, узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомилага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хохловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўёхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга қисқартирилиши мумкин.

Оила кодексининг 13-моддасида «Диний расм-русмларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас»лиги кўрсатилган, бироқ никоҳ ёшига тўлмаган қизлар билан ФҲДЁ органларидан рўйхатдан ўтмасдан, диний расм-русмларга биноан никоҳ тузиш маросимини ўтказиш ҳолатлари кам бўлсада, ҳамон учраб турибди. Мўрт ва ҳуқуқий ҳимояланмаган оилалар кўп ҳолатларда бузилиб, аксарият ҳолларда аёллар жабрланувчи бўлиб қолаётгани ачинарлидир.

Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Эрта никоҳнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш ҳамда жамиятда аёлларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мавқеини мустаҳкамлаш, аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилашга қаратилган мазкур ҳужжатларга асосан никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Шу билан бирга никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш эндиликда маълум жавобгарликларни келтириб чиқаради.

Бундан кўзланган мақсад – она-бола саломатлигига салбий таъсир этаётган ҳолатларнинг олдини олиш, келгуси наслларнинг ҳар томонлама соғлом онадан дунёга келишини таъминлашдир.

Ушбу қонунда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни кенг тарғиб қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш долзарб вазифалардандир. Бу борада тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим ҳамда тиббиёт муассасалари мутахассислари ҳамкорлигида амалга оширилаётган тарғибот ишлари янада кучайтирилмоқда. Шифокорлар, педагоглар, психологлар, хотин-қизлар қўмиталари ва маҳаллалар фаоллари томонидан ёшларга соғлом ҳаёт ва узоқ умр кўриш, жисмоний ва маънавий баркамолликка эришиш, оила мустаҳкамлиги хусусида ҳаётий мисоллар орқали сўзлаб берилмоқда.

Мамлакатнинг ҳар бир қонун-қоидасини, унинг мазмуни ва аҳамиятини шу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси билиши лозим. Зеро, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди. Никоҳ ёшига оид юқоридаги қонун-қоидаларни тарғиб қилишдан мақсад эса одамларни огоҳлантиришдир. Ҳар бир ота-она, ҳар бир никоҳланувчи ёш ўз ҳақ-ҳуқуқини ва бурчини яхши билса, ўз соғлиги ва фарзандлари олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этса, хавотирга ўрин қолмайди. Оилалар мустаҳкам, болалар баркамол бўлади.

Юртимизда никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, оилавий ҳаётда рўй берадиган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам соғлом ва мустаҳкам оила барпо этишдир. Зеро, ватан оиладан бошланади. Оила мустаҳкам экан, ватанимиз гуллаб-яшнайверади. Фарзанд­ларимиз соғлом ва баркамол экан, келажагимиз порлоқ бўлади.

Ўткир Разиков,

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

Мақсад Матякубов,

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси

Ҳакамлик суди афзалликлари, турлари ва иш юритиш доираси

Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 16 октябрда қабул қилинган 2007 йилнинг 1 январидан кучга кирган ЎРҚ-64-сонли “Ҳакамлик судлари тўғисида”ги Қонуни қабул қилиниши низоларни ихтиёрий тарзда давлат судини рад этган ҳолда ва ўзининг мулкий низосини ҳал қилиш учун тегишли ҳакамлик судига мурожаат этган қатнашчиларнинг ўзларининг хоҳишлари миқёсида ҳакамлик суди одил судловни амалга оширишга давлат судлари билан бир қаторда кўмаклашади. Ҳакамлик келишуви томонлари учун ҳакамлик судида ишни кўриш мажбурияти ҳеч қачон уларга одил судловни рад этиб ёки уларнинг мулкий манфаатларини суд орқали ҳимоя этишга бўлган конституцион ҳуқуқидан воз кечишини англатмайди.

Шу билан бирга, шубҳасизки, ҳакамлик суди шаклидаги суд ҳимояси жуда муҳим ўзига хос хусусиятларга эга. Ҳакамлик судлари давлат органлари ҳисобланмаслиги билан бир қаторда, давлатнинг одил судлов тизимига ҳам кирмайди. Умуман том маънода ҳакамлик судлари ташкилот ҳам эмаслар ва ҳеч қандай суд тизимини ҳам ташкил этмайди. Айниқса-иерархияга асосланган (марказлаштирилган) ҳам эмас. Шунинг учун ҳакамлик судлари давлат рўйхатидан ўтиши ва умуман тўғридан-тўғри давлат назоратида бўлиши мумкин эмас. Фақатгина уларнинг қарори юзасидан низолашиш ҳақида сўз юритилаётган бўлса суд назорати доирасига тушади.

Шу тариқа, ҳакамлик судлари (ҳам доимий ҳам вақтинчалик фаолият кўрсатувчи) юридик ва жисмоний шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ўзига хос адлия органлари бўлиб, уларнинг ваколатлари уни ташкил этган тарафларнинг эркига асосланади. Шу билан бирга бу ваколат Қонун билан чегараланган – “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига биноан, уларда фақатгина фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар кўрилиши мумкин. Шуни тан олиш жоизки, Қонун мазмунига кўра, хусусий-ҳуқуқий асосан-тадбиркорлар ўртасида оммавий-ҳуқуқий муносабатларда даҳлдор бўлмаган шартномавий низо ҳақида сўз юритилади.

Сўнги йилларда ҳакамлик судлари томонидан кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқлар ҳақидаги низоларни киритиш орқали ҳакамлик судлари ўз ваколатларини кенгайтиришга интилиш ҳолатлари мавжуд. Бундай низолар фақатгина давлат судларида кўрилиши назардан четда қолдирмаслик лозим. Чунки, кўчмас мулкка оид битимлар ва ҳуқуқлар мажбурий равишда давлат рўйхатидан ўтказилади. Баъзи ҳакамлик судлари давлат органларини кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳаракатидан кейин бундай ҳуқуқларни ўрнатишни (бундай қарорлар устидан давлат судига шикоят қилиш тартибини четлаб ўтиб) кўриб чиқиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Айрим ҳакамлик судлари кўчмас мулкка нисбатан битимни ҳақиқий деб топиш, эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Судлар шуни унутмасликлари керакки. ҳакамлик битими тарафи фақатгина ҳуқуқий муносабат икки томонга тегишли ва уларнигина низони келишган ҳолда ҳакамлик судида кўришлик ва суд фақатгина икки томон учун ҳуқуқ ва мажбурият юкловчи, фақатгина тегишли низо тарафлари учуг мажбурий, фақатгина ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятга даҳлдор, ҳуқуқий табиатга эга қарор чиқариш ваколатига эга. Ҳакамлик суди қарори билан учинчи шахсларга, айниқса давлатга нисбатан ҳуқуқ ва мажбурият юклаши қонунан мумкин эмас.

Судлар шуни унутмасликлари керакки, давлат суди тўғридан-тўғри ёки қисман ҳакамлик судлов ишини назорат қилмасликлари лозим. Яъники, ишнинг ҳақиқий ҳолатига шубҳа туғдирувчи, уларнинг қарорларини қайта кўриб чиқувчи қарашлар мавжуд.

Буни, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг 47-моддаси                                              1-қисми “Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш асослари “Ваколатли суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас” ва 53-модда 1-қисми “Ижро варақаси беришни рад этиш асослари. Ваколатли суд ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.”лигидан четга чиқмасликка эътибор қаратиш лозим.

Ўзбекистон Республикасида ҳакамлик судлари, айниқса доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судлари ташкилий кўмакка муҳтожлигини кўриш мумкин, яъни ҳакамлик судининг регламентлари мазмунини такомиллаштириш, фаолят таркибини аниқлаштирувчи ички ҳужжатларни мутахассислар иштирокида ишлаб чиқиш, судьялар малакасини ошириш, низоларни амалий кўриб чиқишда давлат судлари билан тажриба алмашиш, ишларни давлат судларида кўришга қадар низони камчиқим, замонавий механизмлар асосида. Ўзлари ўрнатган қоида ва тартиблар асосида ва тазда мустақил ҳакамлик институтига мурожаат этиш йўли билан ҳал қилишни оммалаштириш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотларни кутмоқда.

Энди, ФИБ Когон туманлараро суди фаолият юритаётган фуқаролик  ишлари бўйича судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 346-моддаси 2-бандига кўра ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш ҳақидаги аризалар бўйича ишларни қуйидаги мисолларда кўрсатиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 9-моддасига асосан, фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли фуқаролик ҳуқуқларини, шу жумладан уларни ҳимоя қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишларига кўра амалга оширишлари мумкин. Низо субъектлари улар ўз манфаатлари ҳимояси учун қайси судга-давлат суди ёки ҳакамлик судига мурожаат қилишни ҳал қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Мазкур кодекснинг 10-моддасига кўра, фуқаролик ҳуқуқлари процессуал қонунчилик ёки шартномада белгилаб қўйилганидек, ишлар қайси судга тааллуқли бўлишига қараб, суд, иқтисодий суд ёки ҳакамлик суди (бундан кейин — суд) томонидан ҳимоя қилинади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш рад этилганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.

Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳакамлик битимининг ҳақиқий эмаслиги оқибатида ёки ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлиги ёхуд унда ҳакамлик битимида қамраб олинмаган масалалар бўйича тўхтамлар мавжудлиги ёинки низо ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлиши мумкин эмаслиги оқибатида фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан тўлиқ ёки қисман рад этилган бўлса, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бундай низони ҳал қилиш учун ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиши мумкин.

Ўткир Разиков,

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси      

Мақсад Матякубов,

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси      

Ҳадя шартномаси тарафларининг жавобгарлигини ҳуқуқий тартибга солиш

Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

Ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида шартнома ҳадя деб тан олинмайди. Бундай шартномага нисбатан ушбу Кодекс 124-моддасининг иккинчи қисми қоидалари қўлланади.

Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Ашё, мулк ҳуқуқи ёки мулкий мажбуриятдан озод қилиш шаклида ҳадя нарсасини аниқ кўрсатмасдан ўзининг мол-мулкини ёки мол-мулкнинг бир қисмини ҳадя этишни ваъда қилиш ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. Бундай ҳадяга нисбатан ушбу Кодекснинг ворислик тўғрисидаги қоидалари қўлланади.

Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади.

Агар ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадяни рад этиш ҳам ёзма шаклда амалга оширилиши керак. Агар ҳадя шартномаси рўйхатдан ўтказилган бўлса, ҳадяни қабул қилишни рад этиш ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Агар ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадя қилувчи ҳадя олувчидан ҳадяни олишни рад этиши оқибатида етказилган ҳақиқий зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Ҳадя қилиш, айни пайтда ҳадяни ҳадя олувчига топшириш оғзаки амалга оширилиши мумкин, ушбу модданинг учинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ҳадяни топшириш уни тақдим қилиш, рамзий топшириш (калит ва ҳоказоларни тақдим қилиш) ёки ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатларни тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.

Кўчар мулкни ҳадя қилиш шартномаси:

ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганида;

фуқаролар ўртасида базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда;

шартномада келажакда ҳадя этиш ваъда қилинган ҳолларда оддий ёзма шаклда тузилиши лозим.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда оғзаки тузилган ҳадя шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Юридик шахс хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ўзига қарашли бўлган ашёни, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулкдорнинг розилиги билан ҳадя этишга ҳақли. Бу чеклаш қиймати катта бўлмаган одатдаги совғаларга тааллуқли эмас.

Умумий биргаликдаги мулкни ҳадя қилишга ушбу Кодекснинг 225-моддасида назарда тутилган қоидаларга амал қилган ҳолда умумий биргаликдаги мулкнинг барча иштирокчилари розилиги билан йўл қўйилади.

Ҳадя қилувчига тегишли учинчи шахсдан талаб қилиш ҳуқуқини ҳадя қилиш ушбу Кодекс 313-317, 319 ва 320-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Ижара ҳуқуқини ёки бошқаларнинг ашёсига ўзгача ҳуқуқни унинг мулкдорининг ёки унга нисбатан хўжалик юритиш ёхуд оператив бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг розилигисиз ҳадя қилишга, агар бундай ҳуқуққа асос бўлган қонунда ёки шартномада уни мазкур шахслар розилигисиз бошқа шахсларга бериш тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.

Ҳадя олаётган шахс ўрнига унинг учинчи шахс олдидаги мажбуриятини бажариш йўли билан ҳадя қилиш ушбу Кодекс 241-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Ҳадя олувчининг учинчи шахсдан қарзини ҳадя қилувчининг ўзига олиши йўли билан ҳадя қилиш ушбу Кодекс 322-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Ҳадя олувчининг номи ва ҳадя нарсаси кўрсатилмаган ҳадяни вакил томонидан амалга ошириш ишончномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Агар шартнома тузилгандан сўнг ҳадя қилувчининг моддий аҳволи жиддий ёмонлашган бўлса, у келажакда ҳадя олувчига ашёни ёки мулк ҳуқуқини бериш ё бўлмаса, уни мулкий мажбуриятдан озод этиш ваъда қилинган шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.

Ушбу Кодекс 507-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асосларда ҳадя қилувчи келажакда ҳадя олувчига ашёни ёки мулк ҳуқуқини бериш ё бўлмаса, уни мулкий мажбуриятдан озод этиш ваъда қилинган шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.

Ушбу модда да назарда тутилган асосларда ҳадя қилувчининг ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиши ҳадя олувчига зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқини бермайди.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.

Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.

Ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш ва ҳадяни бекор қилиш тўғрисидаги қоидалар оғзаки тузилган ҳадя шартномаларига нисбатан қўлланмайди.

Ҳадя қилинган ашёдаги камчиликлар туфайли ҳадя олувчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, агар бу камчиликлар ашё ҳадя олувчига топширилгунга қадар пайдо бўлгани аниқ кўриниб турган камчиликлар жумласига кирмаслиги ва ҳадя қилувчи бу ҳақда билган бўлса-да, ҳадя олувчини огоҳлантирмаганлиги исбот қилинган бўлса, ушбу Кодекс 57-бобида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ҳадя қилувчи томонидан қопланиши лозим.

Агар ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя ваъда қилинган ҳадя олувчининг ҳуқуқлари унинг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) ўтмайди.

Агар ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя беришни ваъда қилган шахснинг мажбуриятлари унинг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) ўтади.

Умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон ҳисобланади.

Хайр-эҳсон фуқароларга, даволаш, тарбия, ижтимоий ҳимоя муассасаларига ва шунга ўхшаш бошқа муассасаларга, хайрия, илмий ва ўқув муассасаларига, фондларга, музейлар ва бошқа маданият муассасаларига, жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларга, шунингдек давлатга ва бошқа фуқаролик ҳуқуқи субъектларига қилиниши мумкин.

Хайр-эҳсонни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди.

Хайр-эҳсон қилувчи мол-мулкни фуқарога хайр-эҳсон қилганида бу мол-мулкдан маълум бир мақсадда фойдаланишни шарт қилиб қўйиши лозим, юридик шахсларга хайр-эҳсон қилганда эса бу шартни қўйиши мумкин. Бундай шарт бўлмаганида мол-мулкни фуқарога хайр-эҳсон қилиш оддий ҳадя деб ҳисобланади, қолган ҳолларда эса хайр-эҳсон қилинган мол-мулкдан ҳадя олувчи унинг вазифасига мувофиқ фойдаланади.

Аниқ мақсадда фойдаланишга мўлжалланган хайр-эҳсонни қабул қилиб олаётган юридик шахс хайр-эҳсон қилинган мулкдан фойдаланиш бўйича амалга оширилган операцияларнинг алоҳида рўйхатини юритиши лозим.

Агар хайр-эҳсон қилинган мулкдан хайр-эҳсон қилувчи кўрсатган мақсадда фойдаланиш вазият ўзгарганлиги туфайли мумкин бўлмай қолса, мулкдан бошқа мақсадда фақат хайр-эҳсон қилувчининг розилиги билан, мол-мулкни хайр-эҳсон қилган фуқаро вафот этган бўлса ёки мулкни хайр-эҳсон қилган юридик шахс қайта ташкил этилган ёхуд тугатилган бўлса –– суд қарорига мувофиқ фойдаланиш мумкин.

Хайр-эҳсон қилинган мулкдан хайр-эҳсон қилувчи кўрсатган мақсадга зид ҳолда фойдаланиш ёки ушбу мақсадни мазкур модда олтинчи қисмининг қоидаларини бузган ҳолда ўзгартириш хайр-эҳсон қилувчига, унинг меросхўрларига ёки бошқа ҳуқуқий ворисига хайр-эҳсонни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқини беради.

Убайдулло Аллаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

Зубайда Курбонова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

Mamlakatimizda xotin-qizlar ijtimoiy-siyosiy faolligini oshirish – davr talabi

Mamlakatimiz mustaqil rivojlanish yillari davomida ayollarning huquqlari va ularning qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʼyicha katta muvaffaqiyatlarni qoʼlga kiritdi. Oʼz-oʼzidan ayonki, respublikamizning ijtimoiy-siyosiy va ijtimoiy-iqtisodiy hayotida xotin-qizlarning faol ishtirok etishini taʼminlash sohasidagi salmoqli muvaffaqiyatlarining ahamiyati ham salmoqlidir. Umuman, Oʼzbekistonda xotin-qizlarning jamiyatdagi oʼrni va mavqeini mustahkamlash borasida davlat ahamiyatiga molik salmoqli ishlar amalga oshirib kelinmoqda. Zero, jamiyat rivojini xotin-qizlarsiz, ularning ishtirokisiz tasavvur etib boʼlmaydi. Shu bois ayollarning oilada ham, davlat va jamoat ishlarida ham emin-erkin faoliyat yuritishlari, ularning huquq va manfaatlarini roʼyobga chiqarish yoʼlida mamlakatmiz miqyosida qator choratadbirlar ishlab chiqilib, hayotga joriy etilmoqda. Prezidentimiz Shavkat Mirziyoev tomonidan 2018 yil 2 fevralь kuni imzolangan «Xotin-qizlarni qoʼllab-quvvatlash va oila institutini mustahkamlash sohasidagi faoliyatini tubdan takomillashtirish choratadbirlari toʼgʼrisida»gi Farmon ham bu boradagi saʼy-harakatlar samaradorligini yana bir yangi bosqichga olib chiquvchi muhim tarixiy hujjat boʼldi. Farmonda Oʼzbekiston Xotin-qizlar qoʼmitasining jamiyat hayotidagi faolligini oshirish, xotin-qizlarni qoʼllab-quvvatlash va oila institutini mustahkamlash sohasidagi faoliyatni tubdan takomillashtirish maqsadida qoʼmita faoliyatining ustuvor yoʼnalishlari belgilab berildi. Oʼzbekiston Xotin-qizlar qoʼmitasi va uning hududiy boʼlinmalarining yangilangan tuzilmalari tasdiqlandi. Shu oʼrinda, Oʼzbekistonda ushbu yoʼnalishdagi meʼyoriy-huquqiy bazani rivojlantirish borasida amalga oshirilayotgan ishlarga toʼxtalish maqsadga muvofiq boʼladi. Oʼtgan yillar mobaynida ayollar manfaatlarini himoya qilishga yoʼnaltirilgan qariyb 100 ta milliy va xalqaro huquqiy hujjatlar qabul qilindi va ratifikatsiya qilindi.

Maʼlumki, mamlakatimiz Konstitutsiyasi ayollarning fundamental huquqlari himoyasini kafolatlovchi eng muhim hujjat hisoblanadi. Shuningdek, Oʼzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining qator farmon va qarorlari, jumladan, Davlat va jamiyat qurilishida ayollarning rolini oshirish toʼgʼrisida, Ona va bola salomatligini muhofaza qilish, sogʼlom avlodni shakllantirishga doir qoʼshimcha chora-tadbirlar toʼgʼrisida va boshqa koʼplab hujjatlar bor. Har yili muayyan yoʼnalishda qabul qilinayotgan maxsus davlat dasturlarining hayotga tatbiq etilishi doirasidagi rejali ishlar maʼlum darajada ayollarimizning hayot sharoiti va sifatini yaxshilashga ham aloqadordir. Bundan tashqari, Oʼzbekiston BMT va Xalqaro Mehnat tashkilotining qator konventsiyalarini Markaziy Osiyoda birinchilardan boʼlib ratifikatsiya qilgan. Ular orasida Xotin-qizlar huquqlari kamsitilishining barcha shakllariga barham berish toʼgʼrisida, Onalikni himoya qilish toʼgʼrisida, Mehnat va ish turlari sohasida kamsitishlar toʼgʼrisidagi va boshqa hujjatlar mavjud.

Oʼzbekistonning mustaqillik yillarida xotin qizlarga eʼtibor davlat siyosati darajasiga koʼtarildi. Oila kodeksida turmushda, oilaviy munosabatlarda ayollarning erkaklar bilan teng huquqli ekani, oila davlat tomonidan muhofaza etilishi oʼz aksini topgan. Shu vaqtga qadar ayollar huquqi himoyalangan koʼplab qonun xujjatlari qabul qilindi. Аyniqsa, xotinqizlarimizni ish bilan taʼminlash, tabdirkorlik qilishlariga erkinlik berish, ragʼbatlantirish borasida sezilarli ishlarni kuzatish mumkin. Mehnat kodeksida homilador yoki uch yoshga toʼlmagan bolasi borligini vaj qilib, ishga qabul qilmaslikka haqqi yoʼqligi keltirib oʼtilgan. Аyollar tugʼruqdan soʼng ish oʼrnini yoʼqotmagan holda bola parvarishlashi, soʼng ishga qaytishi mumkin. Tugʼruq taʼtili paytida uni ishdan boʼshatib yuborish mumkin emas. Shuningdek, ayollarimizni aldov yoʼli bilan xorijda noqonuniy ishlashga olib ketish, ularni kamsitish va xoʼrlashga qarshi jadal ishlar olib boriladi. Yurtimiz BMTning ayollarning huquqlari, erkinlariga oid barcha tashabbuslarini qoʼllab-quvvatlab kelgan. Oʼzbekiston Xotin-qizlar qoʼmitasi ham ayollarimizning jamiyatdagi rolini oshirish uchun xizmat qilmoqda. Ularning dardu fikrini tinglab, oʼz yoʼllarini topishga xizmat qilishmoqda. Lekin shunday holatlar ham boʼladiki, ayol tushkunlikka tushib qoladi, huquqlarini bilmay xoʼrlanadi, yaqinlari tomonidan jazolanadi, oʼqib taʼlim olishga imkon topolmaydi, ish izlab sarson boʼladi, farzandlari bilan yolgʼiz qoladi va hakozo. Аynan shunday paytlarda jamiyat ayolni yolgʼizlatib qoʼymasligi kerak. Shu maqsadda ayollar uchun psixologik markazlar, maslahatxonalar, tibbiy, moddiy, huquqiy yordam tashkilotlari koʼpaytirilsa, ular ayollarning muammolarini hal etishga sidqidildan yordam bersalar, jamiyatda baxtsiz ayollar soni oshmaydi. Mazkur muhim masalalarga majmuaviy yondashuv tufayli ana shunday natijalar qoʼlga kiritilmoqda. Chunki mamlakatimizda nafaqat mustahkam huquqiy zamin, balki samarali institutsional baza ham mavjuddir. Misol tariqasida Oʼzbekiston Xotin-qizlar qoʼmitasi faoliyatini koʼrsatish mumkin. Mazkur jamoatchilik tashkiloti aholining ushbu qatlamini qoʼllab-quvvatlash va ularning huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini himoya qilishning samarali mexanizmiga aylangan.

Mamlakatimizda huquqiy demokratik davlat va kuchli fuqarolik jamiyati barpo etilayotgan bir sharoitda ayollar ijtimoiy va siyosiy faolligining oʼsishi juda muhim omil hisoblanadi. Kundek ravshanki, Oʼzbekistonda mustaqil taraqqiyot yillari mobaynida bu yoʼlda salmoqli natijalar qoʼlga kiritildi. Shubha yoʼqki, ayollarga yashash, mehnat qilish va yosh avlodni tarbiyalashlari uchun yaratilgan va yaratilayotgan qulay sharoitlar bundan keyin ham mamlakatimizning yanada zalvorli muvaffaqiyatlarni zabt etishiga xizmat qilishi shubxasiz.

Ilxom Djuraev,

Fuqarolik ishlari boʼyicha

Qorakul tumanlararo sudi raisi

Aziz Safarov,

Fuqarolik ishlari boʼyicha

Qorakul tumanlararo sudi sudyasi

Халқаро ҳуқуқда медиациянинг тан олинган тамойиллари

Тараққиёт ўзининг энг юқори чўққисига интилгани сари ҳуқуқшунослик ҳам замонга ҳамнафас равишда такомиллашиб бормоқда.

Бугунги замонавий дунёда ҳуқуқшуносликнинг нозик жиҳатларига ҳам эътибор қаратилмоқдаки, бу инсон ҳуқуқини энг олий қадрият сифатида баҳолашга, инсон қадрини улуғлашга хизмат қиляпти.

Сўнги йилларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг вақт ва маблағини тежаш, турли қоғозбозликнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган турли усуллар, хусусан медиация институти ва ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш амалиёти
кенг қўлланилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Иқтисодий процессуал кодексига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал этишнинг муқобил усуллари бор-йўқлигини аниқлаши, уларнинг
ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши лозим. Ҳуқуқий жамиятда низони ҳал этишнинг муқобил механизмлари яратилиши жисмоний ва юридик шахслар бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришишнинг самарали воситаси эканлиги аёнлашди ва мазкур кодексларга медиация атамалари киритилди.

Медиация институти бугунги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатларида, шу жумладан АҚШ, Германия, Буюк Британия, Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Жанубий Карея Республикаси, Ҳиндистонда ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Медиация – бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули, медиатор эса – медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс ҳисобланади.

Мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.

Шу ўринда, 2019 йил 1 январдан кучга кирган “Медиация тўғрисда”ги қонун ушбу институтни амалиётга кенгроқ жорий этишга замин яратганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Таҳлилларга кўра, сўнги 4 йилда фуқаролик судлари томонидан медиация тартиб – таомили  қўлланилиб ва медиатив келишув бўйича кўрмасдан қолдирилган ишлар сони ошганлигини кўришимиз мумкин.

Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация – тарафлар ихтиёрий розилиги билан низони ўзаро ҳал этиш жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Медиация тарафларнинг хоҳиш истаги асосида қўлланилади. Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага
киргунга қадар қўланилиши мумкин. Медиация низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин.

Тарафларнинг медиация жараёнларига ўз ихтиёрий билан қўшилиши, келишув имзолангунга қадар жараёндан чиқиши, келишув қандай шартлар ва усулларда бўлиши уларнинг ўзаро якдил қарорлари асосида амалга оширилади. Бунда медиатор тарафлар номидан қарор қабул қилмайди. Ушбу тамойилнинг асосий хусусияти шундаки,
медиация жараёнларида ҳар бир тараф ўзига маъқул келган қарорни
ўзи мустақил қабул қилади, қабул қилинган қарор ва унинг ижроси
бўйича жавобгарлик тарафларнинг зиммасида қолади.

Медиация махфийлик хусусиятига эга. Тарафлар ва медиатор медиация жараёнидаги муҳокамалар махфийлигини ва унинг ошкор этилмасилигини ўзаро келишувда ифодалайдилар. Унинг ноодатийлиги шундаки, медиация жараёнида қўлланилган ўзаро қайдлар, ёзишмалар, қўлёзмалар, видео ва аудио ёзувлардан медиатор келгусида ушбу иш бўйича суд низоси вужудга келган ҳолларда фойдалана олмаслиги учун медиация жараёни тугаганидан сўнг йўқ қилиниши мумкин.

Бироқ, жаҳон харитасида давлатлар ўртасидаги низолар ҳам учраб турадики, уларни тинч йўл билан ҳал этиш зарурати пайдо бўлади.
Бунда халқаро ташкилотларнинг ўрни ва мавқеи асосий ўрин эгаллайди.

Халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларидан биридир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 2-моддаси тамойилларидан келиб чиқиб, БМТнинг барча аъзолари халқаро тинчлик, хавфсизлик ва адолатни таҳдид остига қўймаслик учун ўзларининг халқаро низоларини тинчлик воситалари билан ҳал қилишга мажбур.

Халқаро миқёсда медиация тартиб-таомилини ўтказиш давлатларнинг ҳуқуқ тизими доирасидаги медиациядан унчалик фарқ қилмайди. Воситачи низолашаётган томонларга айбдорларни қидириш ўрнига, иккала томон учун ҳам мос келадиган муросага келишни
таклиф қилиши мумкин. Давлатлар ўртасида воситачилик тартиб – таомилларини ўтказиш тажрибасида асосан халқаро тижорат низоларини ҳал этишда воситачилик эътибор қаратилади.

Мисол сифатида давлатлар ўртасидаги зиддиятларни кўриб чиқиш фойдалидир.

1978 йилда Чили ва Аргентина ўртасидаги Леннокс, Пиктон ва Исла-Нуэва оролларининг эгалик ҳуқуқига доир можаро пайтида Ватикан князлиги машҳур кардиналлардан бирини воситачи сифатида таклиф қилади. Ватикан буни иккала давлат ҳам католик бўлганлиги ва улар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можарони истамаслиги каби икки сабаб билан изоҳлайди. Бошқа томондан, Рим папаси  Жанубий Америкада вужудга келган айрим келишмовчиликларда доимий қатнашиб келгани учун ушбу низоли вазиятга ҳам аралашувни зарур деб ҳисоблайди. Яъни, воситачи номзодини кўрсатиш учун тарихий ва диний шартлар мавжуд эди. Кардинал Антонио Саморанинг ҳаракатлари, шунингдек, католик черковининг нуфузи туфайли муқаррар бўлиб туюлган ҳарбий можаронинг олди олиниб, тарафлар  “Тинчлик ва дўстлик” шартномасини тузишга эришадилар.

Шунингдек, таъкидлаш жоизки, давлатлар, одатда йирик мамлакатлар минтақага ўз таъсирини кучайтириш учун воситачи вазифасини бажарадилар. Собиқ Совет давлатининг 1965 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можарода иштирок этиши бунга
мисол бўла олади. Собиқ Совет давлатининг ўз таъсирини сусайтиришига йўл қўйиб бўлмаслиги сабаб ярашув  тартиб-қоидалари ташкил этилди. Давлат ўзи ва томонлардан бири ўртасида бирон – бир мажбуриятга эга бўлса воситачилик натижалари кўзланган самара бермайди ва ушбу манфаат низоларни ҳал қилиш жараёнига таъсир қилиши мумкин. Шу сабабдан, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Кашмирнинг ҳудудий мансублиги бўйича можарога Қўшма Штатлар ва Буюк Британия воситачи бўла олмадилар, шунинг учун воситачилик жараёнлари собиқ Совет иттфоқи томонидан амалга оширилди, чунки иккала томон билан муносабатлар ўрнатилган эди.

Медиация халқаро ҳуқуқда низоларни ҳал қилишнинг муқобил
усули сифатида тўлиқ музокара кўринишида намоён бўлса, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда низоларни учинчи шахс ёрдамида фақат икки тарафнинг муқобил ечимига келишида воситачилик кўринишида ифодалайди.

Илхом Джураев,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Қоракўл туманлараро суди раиси

Азиз Сафаров,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Қоракўл туманлараро суди судьяси

Skip to content