Халқ маслаҳатчилари судлар фаолияти очиқлигини таъминлашга хизмат қилади

Жамоатчилик вакилларининг жиноят ишларини кўришда халқ маслаҳатчилари сифатида иштирок этиши қонунийликни мустаҳкамлашга, халқнинг кўз ўнгида судларнинг нуфузини кўтаришга, фуқароларни қонунларга риоя этиш руҳида тарбиялашга, қолаверса шахс, жамият ва давлатнинг манфаатларини ҳимоя этишга қаратилган. Бунда халқ маслаҳатчиларининг раислик этувчи билан бир қаторда жиноят ишининг муҳокамасида юзага келган барча масалаларни ҳал этишда ва суд қарори чиқаришда тенг ҳуқуққа эга эканлиги билан аҳамиятлидир.

Одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари иштирокининг хусусиятлари кўп жиҳатдан ушбу институтнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёрдамида тартибга солинишида ўз аксини топади. Мазкур институтга оид нормалар Жиноят-процессуал кодекси, “Судлар тўғрисида”ги қонун ва “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомда белгилаб қўйилган.

Жиноят-процессуал кодексининг 13 ва 30-моддаларига ва Жиноят кодексининг 15-моддасига мувофиқ, ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра, ўта оғир тоифали жиноят иши биринчи инстанция суди томонидан ҳайъатда кўрилади, бунда суд таркибига судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси киради. Жиноят ишини кўришда ушбу суд таркибида тайинланган ёки сайланган судьялар ва судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятларига эга бўлган халқ маслаҳатчилари қатнашадилар.

“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасида халқ маслаҳатчиларига нисбатан қўйилган талабларга кўра, Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Шунингдек, ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, сайлов кунида ўттиз беш ёшга тўлган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суднинг халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишларини кўришдаги иштироки жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Жамоатчиликнинг суд ишларида фаол иштироки одил судлов фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлайди, фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлайди.

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни шундан далолат берадики, ушбу янгиланиш ва ўзгаришлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва суд органлари, демократик институтлар ва жамоатчилик фаолияти ҳамда уларнинг вазифалари қамраб олинган ҳолда комплекс тарзда ўтказилмоқда.

Шу маънода халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишларини судда кўришдаги иштироки жиноят процессининг демократик асосларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Чунки, халқ маслаҳатчилари иш натижаларидан манфаатдор бўлмаган шахслар сифатида жиноий-процессуал фаолиятни амалга оширишга жалб этилади. Бу ҳолат, ўз навбатида, одил судловнинг сифати ва самарадорлигини оширади, объективлик, адолат ва қонунийлик каби тамойилларни ўзида мужассам этади. Фуқароларнинг судга бўлган ишончи янада ортишига хизмат қилади.

Алишер Самадов, Бухоро вилоят судлари судьялари малака ҳайъати котиби