Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади

Маълумки, Фуқаролик Конституцион норма сифатида Бош Қонунимизда алоҳида боб /VI-боб/ сифатида кўрсатилган бўлиб, ҳозирда бутун дунёда рўй бераётган таҳликали ҳолатларда унинг ўрни беқиёс эканлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи ва бевосита назорати остида амалга оширилган “Меҳр” операциясиларидан ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикасида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди /“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 4-моддаси/

Ушбу ўринда судларининг ўрни қандай эканлигини суд амалиёти мисолида келтириб ўтмоқчиман.

Аризачи А.Акбаров /исми шарифи ўзгартирилган/ судга ариза билан мурожаат қилиб, 1963 йил 20 апрелда Тожикистонда туғилган-лигини, 1986 йилда Бухоро шаҳрида яшовчи И.Турдиева /исми шарифи ўзгартирилган/ /Мамлиева/ билан турмуш қуриб, 1993 йилда турмуш ўртоғи ва 2 нафар фарзандлари билан Бухоро шаҳрига доимий яшаш учун кўчиб келганлигини, буни унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатидаги қайдлардан ҳам кўриш мумкинлигини, дастлаб турмуш ўртоғини ота-онасининг уйида, яъни Бухоро шаҳар, «А.Икромов» кўчаси, 24-уй, 5-квартирада яшаганлигини, буни ушбу уйда яшовчи қўшнилари ҳам тасдиқлаши мумкинлигини, 1994 йил январь ойида “Узмевасабзавот” ташкилотига ишга кириб, меҳнат фаолиятини бошлаганлигини, бу ҳақида буйруқ ва ойлик маошлари тўғрисидаги ҳужжатлар мавжудлигини, 1997 йил июнь ойида «А.Икромов» кўчаси, 18-уй, 24-квартирани сотиб олиб, шу уйда оиласи билан яшай бошлаганлигини, ушбу манзилда уй рўйхатига кириб, бугунги кунга қадар яшаб келаётганлигини, буни қўшнилари ҳам тасдиқлашини, бироқ ушбу ҳолатлар ва далиллар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишида етарли ҳисобланмаётганлигини, мазкур ҳолатни бошқача тартибда тасдиқлаш имконияти қолмаганлиги учун судга мурожаат қилаётганлигини таъкидлаб, 1993 йил 5 декабрдан 1997 йил 27 июнгача Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик фактини белгилаб беришни сўраган.

Иш ҳужжатларига қараганда, А.Акбаров 1963 йил 20 апрелда Тожикистонда туғилган бўлиб, 1986 йил 4 апрелда И.Турдиева билан қонуний никоҳдан ўтган. Турмушларидан 2 нафар – 1987 йил 13 январда туғилган Акбар /исми шарифи ўзгартирилган/ ва 1990 йил 8 февралда туғилган Асрор /исми шарифи ўзгартирилган/ исмли фарзандлари бор.

А.Акбаров 2020 йил 15 сентябрда вилоят ИИБ М ва ФРБ га Ўзбекистон фуқаролиги беришда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган бўлиб, унга вилоят ИИБ М ва ФРБ томонидан 1994 йилда доимий яшаганлигини тасдиқловчи фактлар мавжуд бўлса-да, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли фуқароликни тан олиш бўйича мурожаатни қаноатлантириш имконияти йўқлиги маълум қилиниб, 2020 йил 15 сентябрда жавоб хати берилган.

Ўзбекистон Республикаси ФПК нинг 295-моддаси талабига кўра, суд фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди.

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 5-моддасига кўра, қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади:

а) 1992 йил 28 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс;

б) Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва 1992 йил 28 июлга қадар ўқиш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган ҳамда узлуксиз равишда таълим олган ёхуд ҳарбий хизматни ўтаган ва ўқиш ёки ҳарбий хизмат тугаганидан кейин бир йил ичида Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий пропискадан ўтган шахс, башарти унинг чет давлат фуқаролиги мавжуд бўлмаса;

в) ушбу Қонун кучга кирган кунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлган шахс;

г) ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олган шахс.

Ушбу модда биринчи қисмининг «а» ва «б» бандларида назарда тутилган ҳолларда, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш факти доимий пропискада турганлик тўғрисидаги белгининг мавжудлиги билан тасдиқланади.

Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкин.

Мазкур Қонун 6-моддаси 1-қисмига асосан, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Суд муҳокамасида аниқланишича, аризачи А.Акбаровга Бухоро вилоят ИИБ ХЧК ФБ томонидан 1999 йил 25 декабрда фуқаролиги йўқ шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси берилган бўлиб, аризачининг 1993 йил 5 декабрда Ўзбекистон Республикасига яшаш учун келганлиги /2-бет/, Бухоро шаҳар, «А.Икромов» кўчасида 1997 йил 21 июнда доимий яшовчи сифатида уй рўйхатига киритилганлиги /9-бет/ қайд қилинган. Мазкур Бухоро шаҳар «А.Икромов» кўчасидаги квартира аризачининг турмуш ўртоғи И.Турдиевага 1997 йил 13 январда нотариал тасдиқланган шартномага асосан тегишли ҳисобланади.

“Узмевасабзавот” АЖнинг 1994 йил 3 январдаги буйруғи билан А.Акбаров 1994 йил 3 январдан созлаш устахонасига 4 разрядли “электргазпайвандловчи” вазифасига тайинланган бўлиб, 1996 йил 4 апрелдаги буйруқ билан аризасига кўра 1996 йил 10 апрелдан ишдан бўшатилган. Мазкур ҳолат вилоят Давлат архиви томонидан 2020 йил 30 октябрда мазкур буйруқларнинг кўчирма нусхалари ва аризачига 1982 йил 2 сентябрда берилган меҳнат дафтарчасининг 16 – 17 варақларидаги ёзувлар билан ҳам тасдиқланади.

Шунингдек, А.Акбаровга 2020 йил 7 октябрда берилган архив фондида сақланаётган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномада, унинг “Узмевасабзавот” АЖ  томонидан 1994, 1995 ва 1996 йилларда белгиланган тартибда иш ҳақилари олганлиги қайд қилинган.

Шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ХПБ ТП томонидан А.Акбаровга берилган тавсифномада, унинг қўшнилари билан муносабати яхши эканлиги, МФЙ да унинг устидан бирор марта ариза, шикоятлар келиб тушмаганлиги, маҳалла тадбирлари ва ободонлаштириш ишларида фаол қатнашиши, фуқаролар йиғинида ушбу фуқаро ҳақида бирорта қораловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги қайд қилинган.

Шаҳар ИИО ФМБ М ва ФРБ томонидан 2020 йил 18 сентябрда берилган маълумотномада, аризачининг турмуш ўртоғи И.Турдиеванинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 1993 йил 5 декабрда келганлиги ва у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 мартдаги ФП-5667-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганлиги маълум қилинган.

Шаҳар ХТБ га қарашли 19-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби томонидан 2020 йил 26 ноябрда берилган маълумотда, аризачининг фарзандлари 1994 – 2002, 1997 – 2006 йилларда мазкур мактабда ўқиганлиги қайд қилинган.

Демак, иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суд 2020 йил 10 декабрдаги ҳал қилув қарори билан аризанинг қаноатлантирилиши, яъни аризачининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1993 йил 5 декабрдан 1997 йил 27 июнга қадар доимий яшаганлиги ҳақидаги юридик аҳамиятга эга бўлган факт белгиланиши инсонийлик, адолат ва қонунийлик тамойилларига тўла мос келади деб ҳисоблади..

Чунки, аризачи А.Акбаров 1993 йил 5 декабрда Ўзбекистон Республикасига келиб, доимий пропискадан ўтмасдан 1997 йил 13 январгача Бухоро шаҳар «А.Икромов» кўчасида доимий яшаб, 1996 йил 10 апрелгача “Узмевасабзавот” ташкилотида ишлаганлиги иш ҳужжатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, аризани қаноатлантириш ҳақида тўхтамга келишда суд, Қонун талабига кўра 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинишини, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкинлигини инобатга олган ҳолда  аризачининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари суд йўли билан тикланиши лозимлигини инобатга олди.

Зеро, бунда суд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида” 1991 йил 20 декабрдаги 5-сонли Қарорининг 2-бандида судларга берилган тушунтиришларга таянди.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг               295-моддасида назарда тутилган суд тартибида аниқланадиган юридик аҳамиятга эга бўлган фактлар рўйхати тугал эмаслигини, мазкур фактни аниқлаш қонун билан суддан бошқа органнинг ваколатига берилмаганлигини инобатга олди.

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Бухоро туманлараро судининг раиси

Фирузжон Ёдгоров