Buxoro Viloyat Davlat aktivlarini boshqarish boshqarmasida Buxoro viloyat sudi sudyalari hamda viloyatda faoliyat yuritib kelayotgan sud boshqaruvchilar ishtirokida qonunchilik hujjatlariga rioya etilishi hamda Sud boshqaruvchilari faoliyatini tanqidiy ko‘rib chiqish va muammoli masalalarni hal etish muhokamasiga bag’ishlangan davra suhbati o‘tkazildi.

Tadbirda viloyat sudi raisi o‘rinbosari S.Abdurasulov hamda viloyat sudi sudyasi I.Yuldashev, boshqarma boshlig‘i o‘rinbosari R.Ersoriyev, Bo‘lim boshlig‘i N.To‘rayev Bankrotlik taomili qo‘llanilgan korxonalar Sud boshqaruvchilar ishtirok etishdi. 

Buxoro viloyat sudi raisi S.Abdurasulov so‘zga chiqib, viloyat iqtisodiy sudlari tomonidan o‘tkazilgan tahlillarda ayrim sud boshqaruvchilar tomonidan tugatishga doir ishlarini yetarli darajada olib borilmaganligi oqibatida 34 ta korxonalarni tugatishga doir ishlari bir yilgacha yoki bir yildan oshiq mobaynida cho‘zilib kelinayotganligi to‘g‘risida gapirib, ushbu korxonalarda tugatish ishlarini borishi to‘g‘risida sud boshqaruvchilar bilan birma bir tanqidiy ko‘rib chiqilib, mazkur korxonalarni yil yakuniga qadar yakunlash bo‘yicha tegishli choralar belgilandi.

Shuningdek, bankrot deb topilgan 30 ta fermer xo‘jaliklari amalda faoliyat ko‘rsatib kelayotganligi, ularning yer maydonlari mavjudligi, yer maydonlari tuman zaxirasiga topshirilmaganligi, tugatish ishlari boshlangandan so‘ng ham paxta, g‘alla va boshqa ekinlar yetishtirish bo‘yicha faoliyat yuritib, hosil olib kelayotganligi, lekin mavjud qarzdorliklar to‘lanmasdan kelinayotganligi ko‘rsatib o‘tildi.

Shuningdek, N.To‘rayev so‘zga chiqib, sud boshqaruvchilar tomonidan bankrotlik taomillari qo‘llanilgan korxonalarda jarayonlar bo‘yicha amalga oshirilayotgan ishlar yuzasidan gapirib, viloyatda iqtisodiy sudlar tomonidan 2022-yilda bankrot deb topilib tugatishga doir ishlari 2023-yilga o‘tgan bankrot korxonalarni joriy yilning oxiriga qadar tugatishga doir ishlari to‘liq yakunlanib davlat reyestridan chiqarish choralarini ko‘rishni;

Shuningdek, Iqtisodiy sudlar tomonidan joriy yilning 1-noyabriga qadar bankrot deb topilib, tugatish ishlari olib borilayotgan korxonalarni tugatishga doir ishlari to‘liq yakunlab joriy yil yakuniga qadar davlat reyestridan chiqarish choralarini ko‘rish to‘g‘risida aytib o‘tildi.

Shundan so‘ng, yig‘ilishda bankrotlik taomili qo‘llanilgan korxonalarda tugatish jarayonlarining olib borilishida yo‘l qo‘yilgan kamchiliklar, ularni bartaraf etish bo‘yicha chora-tadbirlarni belgilash hamda tugatish ishlarini jadallashtirish, sud boshqaruvchilari faoliyatini tanqidiy ko‘rib chiqish masalalari muhokama qilindi.

Shu bilan birga, ayrim sud boshqaruvchilari tomonidan O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2013-yil 14-avgustdagi 224-sonli qarori bilan tasdiqlangan “Soxta bankrotlik, bankrotlikni yashirish va qasddan bankrotlikka olib kelish alomatlarini aniqlash to‘g‘risida”gi Qoidalar talablariga rioya qilmasdan qarzdorning moliyaviy ahvoli va bankrotlikka olib kelish holatlarini chuqur tahlil qilmasdan asoslantirilmagan holda nomigagina yuqoridagi alomatlar mavjud emasligi to‘g‘risida xulosalar tayyorlanib kelinayotganligi aytib o‘tildi.

Bundan tashqari, bankrot korxonalarda faoliyat yuritayotgan sud boshqaruvchilarining hisobot va tugatish jarayonidagi muammolari eshitildi va kun tartibidagi masala tanqidiy muhokama qilindi.

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигининг Конституциявий ҳуқуқий асоси

Тарихдан маълумки, асрлар давомида шаклланиб, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликлари, ижтимоий-сиёсий тенгилиги учун курашиб келган. Ушбу курашнинг меваси ўлароқ кўпгина давлатларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асоси бўлмиш Конституция қабул қилинган.

Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим ҳуқуқи, умуман олганда барча ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини, шу жумладан, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларининг тимсоли сифатида, инсонни олий қадрият даражасига кўтарди.

Янги Ўзбекистон Конституциясида шу ҳуқуқ ва эркинликларнинг асосийларидан бири сифатида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқи белгиланганлигини кўришимиз мумкин.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.

Конституциянинг 44-моддасига асосан, суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1482-моддасига асосан, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши,

Худди шундай ҳаракат вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши,

Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсоннинг меҳнат қилиш, муносиб меҳнат шароитида ишлаш ҳуқуқи ҳамда мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланаётганлиги ҳамда кучли демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қурилаётганлигидан далолат беради.

Когон туманлараро

иқтисодий суди раиси                                                           Ф.Муродов

Судларга қандай мурожаат қилинади

Барча фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли судларга оғзаки, ёзма ва электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжуд. Судларга одатда икки хил тоифада мурожаат  қилиш мумкин, биринчиси бу оддий хат тарзидаги яъни, муайян иш билан боғлиқ бўлмаган мурожаатлар (ариза, таклиф, шикоятлар) бўлса, иккинчиси, муайян низо ёки иш билан боғлиқ бўлган мурожаатлар (ариза, даъво аризаси, илтимоснома, шикоятлар.) ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига асосан биринчи тоифадаги мурожаатлар белгиланган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, агар қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Агар ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш муддати узайтирилганда бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
Иккинчи тоифадаги мурожаатлар тегишлича фуқаролик ишлари бўйича судларда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида, жиноят ишлари бўйича судларда Жиноят-процессуал кодексида, маъмурий судларда эса Маъмурий суд ишларини юритиш кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Жалолиддин Ҳусенов,

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Ихтиёр Холов,

Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Коррупция: унга қарши курашишда фаоллик кўрсатганларни рағбатлантириш тартиби

Тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ёхуд коррупцияга оид жиноятларни содир этганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахсларни топишда ёрдам кўрсатиш бу коррупцияга қарши курашишда фаол иштирок этиш дейилади.

Коррупция ҳақида хабар берган шахсларга бир марталик пул мукофотлари берилади:

а) коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун — БҲМнинг 3 баравари миқдорида;

б) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг 30 бараваригача бўлса;

-ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун — БҲМнинг 5 баравари миқдорида;

-унча оғир бўлмаган жиноят учун — БҲМнинг 7 баравари миқдорида;

-оғир жиноят учун — БҲМнинг 10 баравари миқдорида;

ўта оғир жиноят учун — БҲМнинг 15 баравари миқдорида;

в) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг 30 бараваридан 100 бараваригача бўлса:

-ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун – БҲМнинг 10 баравари миқдорида;

-унча оғир бўлмаган жиноят учун — БҲМнинг 15 баравари миқдорида;

-оғир жиноят учун — БҲМнинг 20 баравари миқдорида;

-ўта оғир жиноят учун — БҲМнинг 25 баравари миқдорида;

г) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг 100 бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:

-анча миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг 15 фоизи миқдорида;

кўп ёки жуда кўп миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг 10 фоизи миқдорида.

Бунда пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматини фоизларда ҳисоблашда қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорнинг энг кам миқдоридан келиб чиқилади.

д) қидирувда бўлган шахснинг яширинган жойи ҳақида хабар берганлиги учун БҲМнинг 5 баравари, икки ёки ундан ортиқ қидирувда бўлган шахсларнинг яширинган жойи ҳақида бир вақтда хабар берганлиги учун эса — БҲМнинг 7 баравари миқдорида.

Коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга хабар берганлик ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашганлик учун шахс ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида рағбатлантириш тарзида тақдирланади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.

Эсдалик совға қиймати БҲМ 2 бараваридан ошмаслиги лозим.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш масаласи коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида тузиладиган махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.

Коррупцияга қарши курашувчи орган махсус комиссиянинг қарори асосида 1 иш куни ичида бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаси билан тақдирлаш ҳақида қарор чиқаради.

Бир марталик пул мукофоти харажатлар сметасига ўзгартириш киритилгандан сўнг 10 иш куни ичида шахсларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилади, эсдалик совғаси эса қонун ҳужжатларига мувофиқ совға қилинадиган буюм харид қилингандан сўнг 5 иш куни ичида топширилади.

Жалолиддин Ҳусенов,

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Ихтиёр Холов,

Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Тазйиқ ва зўравонлик: Аёллар ҳуқуқи давлат ҳимоясида

Ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл тазйиқ ва зўравонликнинг жабрланувчи ҳисобланади. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёл ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш, содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш каби ҳуқуқларга эгадир.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёл етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул 1146 телефон линияси тармоғини ишлаб туришини таъминлайди.

Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатади.

Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар тазйиқ ва зўравонлик фактлари аниқланган тақдирда бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига дарҳол хабар қилиши шарт.

Жалолиддин Ҳусенов,

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Ихтиёр Холов,

Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Пенсия олиш ҳуқуқи: тартиб ва имтиёзлар

Амалдаги қонунчилигимизга кўра, пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшда – иш стажи 25 йил бўлганда, аёллар эса 55 ёшда – иш стажи 20 йил бўлганда эга бўладилар. Бундан ташқари, қуйидаги асосларда имтиёзли пенсиялар тайинланиши мумкин:

-ёшидан қатъи назар пенсия олиш ҳуқуқини берадиган 1-сонли рўйхат асосида;

-ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган 2-сонли рўйхат асосида;

-ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган 3-сонли рўйхат асосида;

-уруш ногиронлари, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар;

-аёлларга 54 ёшга тўлиб, 20 йиллик иш стажига эга бўлганида.

Шунингдек, ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган эркаклар 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда, аёллар эса 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда муддатидан олдин пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар. Ишсиз деб эътироф этилган шахсларга муддатидан олдин пенсия тайинланади.

Пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасининг тегишли туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат қилинади.

Пенсия тайинлаш муддатлари бир пенсиядан бошқасига ўтказиш пенсионер тегишли ариза ва барча зарур ҳужжатлар билан мурожаат этган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга юқорида кўрсатилган тартибда пенсия тайинланади.

Жалолиддин Ҳусенов,

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Ихтиёр Холов,

Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga himoya orderini berish tartibini bilasizmi?

Mamlakatimizda jamiyatning poydevori sifatida oila institutini yanada mustahkamlash va rivojlantirish, oila manfaatlarini himoya qilishning huquqiy va ijtimoiy-iqtisodiy asoslarini kuchaytirish, uning xavfsizligini va uygʼunligini qoʼllab-quvvatlash boʼyicha keng koʼlamli chora-tadbirlar amalga oshirilmoqda. Koʼrilgan choralar xotin-qizlarning siyosiy va ijtimoiy faolligini oshirish, ularning huquqlari va qonuniy manfaatlariga shak-shubhasiz rioya qilish, maʼnaviy-axloqiy asoslarni va oilaviy qadriyatlarni mustahkamlash uchun poydevor yaratishga xizmat qilmoqda.
Oʼzbekiston Respublikasining 02.09.2019 yildagi OʼRQ-561-sonli “Xotin-qizlarni tazyiq va zoʼravonlikdan himoya qilish toʼgʼrisida”gi qonunning 23-moddasiga asosan, himoya orderi tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchiga beriladi. Tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxsga himoya orderining nusxasi beriladi.
Himoya orderini bergan ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxsni himoya orderining shartlari hamda uni bajarmaslik oqibatlari va zoʼravonlik xulq-atvorini oʼzgartirish boʼyicha tuzatish dasturlaridan oʼtish zarurligi toʼgʼrisida xabardor qiladi.
Shaxs himoya orderini olish toʼgʼrisidagi tegishli hujjatni imzolashni rad etgan taqdirda, himoya orderini topshirayotgan ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tomonidan xolislar ishtirokida dalolatnoma tuziladi.
Tegishli hududda tazyiq va zoʼravonlikning yakka tartibdagi profilaktikasini amalga oshirish uchun masʼul boʼlgan ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tazyiq va zoʼravonlik fakti yoki ularni sodir etish xavfi aniqlangan paytdan eʼtiboran 24 soat ichida himoya orderini oʼttiz kun muddatgacha beradi va ushbu order rasmiylashtirilgan paytdan eʼtiboran kuchga kiradi.
Аgar tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchi hamda tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxs bir joyda ishlasa yoki oʼqisa, tegishli hududda tazyiq va zoʼravonlikning yakka tartibdagi profilaktikasini amalga oshiruvchi ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tomonidan jabrlanuvchiga himoya orderi berilganidan keyin bir ish kuni ichida tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining ish yoki oʼqish joyiga, agar tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxs tashkilot rahbari boʼlsa, yuqori turuvchi organga, jabrlanuvchi va tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxs oʼrtasidagi bevosita aloqani taqiqlash toʼgʼrisida taqdimnoma yuboriladi.
Tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchi ishlayotgan yoki taʼlim olayotgan tashkilot rahbari taqdimnomani olganidan keyin, uch ish kuni ichida jabrlanuvchi hamda tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxs oʼrtasidagi bevosita aloqani bartaraf etishga qaratilgan harakatlarni amalga oshiradi.
Аgar xavf hali bartaraf etilmagan boʼlsa, himoya orderining amal qilish muddati tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining arizasiga koʼra koʼpi bilan bir yilgacha muddatga jinoyat ishlari boʼyicha sud tomonidan uzaytirilishi mumkin.
Himoya orderini berish yoki himoya orderini berishni yoxud uzaytirishni rad etish ustidan sudga shikoyat qilinishi mumkin.
Himoya orderi talablarining ijrosi ustidan nazorat ichki ishlar organi tomonidan amalga oshiriladi.
Himoya orderining shakli va uni berish tartibi Oʼzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan amalga oshiriladi.
Tazyiq va zoʼravonlik yoki ularni sodir etish xavfi bartaraf etilmagan taqdirda, tegishli hududda tazyiq va zoʼravonlikning yakka tartibdagi profilaktikasini amalga oshirish uchun masʼul boʼlgan ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tomonidan tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining arizasiga koʼra, bir ish kuni ichida himoya orderining amal qilish muddatini uzaytirish boʼyicha materiallar tayyorlanadi hamda himoya orderining amal qilish muddatini uzaytirish toʼgʼrisidagi iltimosnoma rasmiylashtirilgan holda jabrlanuvchining yashash joyidagi jinoyat ishlari boʼyicha tuman (shahar) sudiga yuboriladi.
Himoya orderining amal qilish muddatini uzaytirish toʼgʼrisidagi iltimosnoma materiallar kelib tushgan paytdan eʼtiboran yigirma toʼrt soat ichida yopiq sud majlisida jabrlanuvchi hamda tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxs hozirligida koʼrib chiqiladi.
Himoya orderida quyidagilar koʼrsatiladi:

  • u rasmiylashtirilgan sana va joy;
  • uni rasmiylashtirish uchun asos boʼlib xizmat qilgan holatlar;
  • tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining hamda tazyiq oʼtkazgan yoki zoʼravonlik sodir etgan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi, tugʼilgan sanasi va joyi, kasbi hamda yashash joyi;
  • ushbu Qonunning 26-moddasida nazarda tutilgan cheklovlarning roʼyxati.
    Himoya orderida tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining sudga murojaat qilish huquqi toʼgʼrisidagi, tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxsning himoya orderi talablarini bajarmaganlik uchun maʼmuriy javobgarligi haqidagi maʼlumot koʼrsatiladi.
    Himoya orderida quyidagi cheklovlar nazarda tutilishi mumkin:
  • tazyiq oʼtkazishni va zoʼravonlik sodir etishni taqiqlash;
  • tazyiq oʼtkazgan yoki zoʼravonlik sodir etgan shaxsning tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchilar bilan aloqasini taqiqlash (ish joylarida va taʼlim muassasalarida tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxs bilan bilvosita aloqasiga yoʼl qoʼyiladi);
  • tazyiq oʼtkazilgan va zoʼravonlik sodir etilgan taqdirda tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining hamda tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxsning bir xonada birga boʼlishini taqiqlash;
  • tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxsning zimmasiga tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchini davolash, unga maslahat berish, uni tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchilarga yordam koʼrsatish boʼyicha maxsus markazga joylashtirish uchun xarajatlarning, yetkazilgan moddiy zararning oʼrnini qoplash, shuningdek maʼnaviy ziyonni kompensatsiya qilish majburiyatini yuklatish;
  • tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxsning qurolni (bundan xizmat quroli mustasno) saqlash va olib yurish huquqini himoya orderining amal qilishi yoki unda koʼrsatilgan muddat davrida cheklash yoxud taqiqlash, shuningdek qurol sotib olish uchun ruxsatnoma olishga doir huquqini taqiqlash.
    Tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga himoya orderini berish, ijrosini taʼminlash va monitoring olib borish tartibi Vazirlar Mahkamasining 2020 yil 4 yanvardagi 3-son qarori bilan tasdiqlangan “Tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga himoya orderini berish, ijrosini taʼminlash va monitoring olib borish toʼgʼrisida”gi nizomga asosan amalga oshiriladi.

Uchqun Ro’ziyev,
Buxoro viloyat sudining raisi

Zаfar Usmonov,
Fuqarolik ishlari boʼyicha Gʼijduvon tumanlararo sudining raisi

ЎЗБЕКИСТОНДА ХОТИН-ҚИЗЛАР ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШ – ДАВР ТАЛАБИ

Мамлакатимиз мустақил ривожланиш йиллари давомида аёлларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича катта муваффақиятларни қўлга киритди. Ўз-ўзидан аёнки, республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида хотин-қизларнинг фаол иштирок этишини таъминлаш соҳасидаги салмоқли муваффақиятларининг аҳамияти ҳам салмоқлидир. Умуман, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Зеро, жамият ривожини хотин-қизларсиз, уларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис аёлларнинг оилада ҳам, давлат ва жамоат ишларида ҳам эмин-эркин фаолият юритишлари, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш йўлида мамлакатмиз миқёсида қатор чоратадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 2 февраль куни имзоланган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида»ги Фармон ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини яна бир янги босқичга олиб чиқувчи муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Фармонда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди. Шу ўринда, Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўтган йиллар мобайнида аёллар манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қарийб 100 та миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва ратификация қилинди.
Маълумки, мамлакатимиз Конституцияси аёлларнинг фундаментал ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатловчи энг муҳим ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор фармон ва қарорлари, жумладан, Давлат ва жамият қурилишида аёлларнинг ролини ошириш тўғрисида, Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ва бошқа кўплаб ҳужжатлар бор. Ҳар йили муайян йўналишда қабул қилинаётган махсус давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши доирасидаги режали ишлар маълум даражада аёлларимизнинг ҳаёт шароити ва сифатини яхшилашга ҳам алоқадордир. Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТ ва Халқаро Меҳнат ташкилотининг қатор конвенцияларини Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб ратификация қилган. Улар орасида Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида, Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида, Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситишлар тўғрисидаги ва бошқа ҳужжатлар мавжуд.
Шарқ халқлари мутафаккирлари Алишер Навоий, Ибн Сино, Ал Бухорий, Фаробий ва бошқалар ўз асарларида комил инсонни юзага келишида аёлларнинг ўрни муҳим эканлиги кўп бора таъкидланган. Лекин ўтган асрларда аёлларнинг ҳуқуқлари эркакларникидан анчагина пастда эди. Замон ривожланган сари дунёда аёлларнинг ўрни ошиб борди. Аёлларнинг кучли жинс вакиллари билан тенгма-тенг ҳуқуққа эга бўлиш жараёни юртимизда XX аср бошларидан авж олди. Сабаби фарзанд тарбиялаётган оналарнинг ўзлари ҳам зиёли бўлиши лозимлигини кўпчилик тушуна бошлаган эди. Турмуш ва оила одобларига оид рисолалар кенг тарқала бошлади. Аёлларимиз ҳам оилани, ҳам касб-ҳунарни бирдек бошқариб, жамият учун керакли шахсларга айландилар. XIX аср охири ва XX аср бошларининг етакчи маърифатпарварлари М.Беҳбудий, А.Фитрат, А.Авлонийлар хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни борасида кенг фикрлар билдирдилар. Масалан, Фитратнинг “Оила” асарида шундай фикрлар бор: Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги миллий озодлик, эрк учун зарур: аёллар фақат уй-рўзғор, бола тарбияси билан банд қолмаслиги керак, – дейди. Аёлларнинг ҳуқуқлари албатта, дин ва миллий қадриятлар билан ҳам боғлиқдир. Ислом дини кириб келгунга қадар қизлар туғилибоқ тириклайин ўлдирилгани кўпчиликка маълум. Муқаддас Ислом дини ҳамиша аёлларни эъзозлашга буюради. Жаннат оналар оёғи остидадир, деган нақл асрлар оша ўз мавқени йўқотгани йўқ. Ислом таълимоти аёлларни илм олиш, меҳнат қилиш, мерос ҳуқуқи, жамият тараққиётида фаол қатнашишда эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилди. Ҳадисларда илм олиш ҳар бир муслим ва муслимага хосдир, дейилган. Исломда оила, никоҳ, мерос масалаларида аёлга кўпроқ ён берилади, никоҳсиз яшашга рухсат берилмай, шу тариқа аёлнинг ҳуқуқи таъминланади. Никоҳ шартларидан бўлмиш маҳр ҳам айнан аёлларнинг фойдаси учун жорий этилган.
Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида хотин қизларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Оила кодексида турмушда, оилавий муносабатларда аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани, оила давлат томонидан муҳофаза этилиши ўз аксини топган. Шу вақтга қадар аёллар ҳуқуқи ҳимояланган кўплаб қонун хужжатлари қабул қилинди. Айниқса, хотинқизларимизни иш билан таъминлаш, табдиркорлик қилишларига эркинлик бериш, рағбатлантириш борасида сезиларли ишларни кузатиш мумкин. Меҳнат кодексида ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган боласи борлигини важ қилиб, ишга қабул қилмасликка ҳаққи йўқлиги келтириб ўтилган. Аёллар туғруқдан сўнг иш ўрнини йўқотмаган ҳолда бола парваришлаши, сўнг ишга қайтиши мумкин. Туғруқ таътили пайтида уни ишдан бўшатиб юбориш мумкин эмас. Шунингдек, аёлларимизни алдов йўли билан хорижда ноқонуний ишлашга олиб кетиш, уларни камситиш ва хўрлашга қарши жадал ишлар олиб борилади. Юртимиз БМТнинг аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинларига оид барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келган. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам аёлларимизнинг жамиятдаги ролини ошириш учун хизмат қилмоқда. Уларнинг дарду фикрини тинглаб, ўз йўлларини топишга хизмат қилишмоқда. Лекин шундай ҳолатлар ҳам бўладики, аёл тушкунликка тушиб қолади, ҳуқуқларини билмай хўрланади, яқинлари томонидан жазоланади, ўқиб таълим олишга имкон тополмайди, иш излаб сарсон бўлади, фарзандлари билан ёлғиз қолади ва ҳакозо. Айнан шундай пайтларда жамият аёлни ёлғизлатиб қўймаслиги керак. Шу мақсадда аёллар учун психологик марказлар, маслаҳатхоналар, тиббий, моддий, ҳуқуқий ёрдам ташкилотлари кўпайтирилса, улар аёлларнинг муаммоларини ҳал этишга сидқидилдан ёрдам берсалар, жамиятда бахтсиз аёллар сони ошмайди. Мазкур муҳим масалаларга мажмуавий ёндашув туфайли ана шундай натижалар қўлга киритилмоқда. Чунки мамлакатимизда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий замин, балки самарали институционал база ҳам мавжуддир. Мисол тариқасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини кўрсатиш мумкин. Мазкур жамоатчилик ташкилоти аҳолининг ушбу қатламини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмига айланган.
Давлат бошқарувида аёлларнинг иштироки борган сари фаол тус олмоқда. Хусусан, бугунги кунда Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизи, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизи хотин-қизлардан иборат. Бундан ташқари, сўнгги йиллар давомида ижро ҳокимияти идораларида ҳам аёлларнинг фаолият юритиш кўрсаткичлари 5 баробарга ошди – 3,4 фоиздан 16 фоизга етди. Аёллар қаноти тузилгани боис мамлакатдаги сиёсий партияларда хотин-қизларнинг сони ҳам ошди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси маълумотларида қайд этилишича, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Либерал демократик партиясида уларнинг сони 35 фоиздан 38 фоизга, Миллий тикланиш демократик партиясида 40 фоиздан 46 фоизга, Халқ-демократик партиясида 41 фоиздан 56 фоизга, Адолат социал демократик партиясида 38 фоиздан 49 фоизга етди.
Маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ва маҳалла тизимларида ҳам аёллар иштироки кенгайди. Масалан, кейинги даврда бандлик тизимидаги хотин-қизлар ҳиссаси 44 фоиздан 45,7 фоизга ўсди. Ўз бизнесини очаётган ва салмоқли муваффақиятга эришаётган тадбиркор аёлларнинг сони ҳам ошиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, кичик корхоналар раҳбарларининг 40,4 фоизини, мўъжаз тадбиркорлик субъектлари раҳбарларининг 13,7 фоизини хотин-қизлар вакиллари ташкил этмоқда. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, соғлом авлод тарбиясида аёллар ўта муҳим ўрин тутиши инобатга олинган ҳолда Ўзбекистонда уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қатор дастурлар қабул қилинган. Жумладан, ишламайдиган оналарга 2 ёшгача болани парвариш қилиш учун нафақа тўланмоқда. Бундан ташқари, меҳнат шартномаларида ҳомиладорлиги ва фарзанд кўрганлиги туфайли аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, 2 ёшдан 3 ёшгача болалари бўлган аёлларга ҳақ тўланадиган таътил бериш, 3 ёшдан кичик бўлган болали аёллар иш вақтини бир соатга қисқартириш сингари имтиёзлар ўз ифодасини топган.
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётган бир шароитда аёллар ижтимоий ва сиёсий фаоллигининг ўсиши жуда муҳим омил ҳисобланади. Кундек равшанки, Ўзбекистонда мустақил тараққиёт йиллари мобайнида бу йўлда салмоқли натижалар қўлга киритилди. Шубҳа йўқки, аёлларга яшаш, меҳнат қилиш ва ёш авлодни тарбиялашлари учун яратилган ва яратилаётган қулай шароитлар бундан кейин ҳам мамлакатимизнинг янада залворли муваффақиятларни забт этишига хизмат қилиши шубхасиз.

Азиз Шарипов,

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг судьяcи

Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий пойдевори

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан кучга кирди. У 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат. 2023 йил 30 апрелдаги референдумда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонуни 2023 йил 1 майдан кучга кирди. Шу кундан эътиборан бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларида келтирилган нормалар конституцияга зид бўлса, судлар конституцияга қараб қарор қабул қилади.
Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида, янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланган.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади ҳамда янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади. Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланади.
Конституциянинг 29 моддасига асосан, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Конституциянинг XXIII боби суд ҳокимиятига бағишланган бўлиб, 130-140 моддаларни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Ўзбекистон Республикасида суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади. Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради. Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшган ҳолда сайланади. Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини беш йиллик муддатга сайлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.
Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди. Судьялар дахлсиздир. Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди.

Учқун Рўзиев,
Бухоро вилоят судининг раиси

Зафар Усмонов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг раиси

Никоҳни қайд қилиш ва никоҳ муносабатларига оид фуқаролик ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Алоҳида ҳоллар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин. Никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи никоҳни рўйхатга олишни рад этганда, шикоят билан бевосита судга ёки бўйсунишига кўра юқори турувчи органга мурожаат қилиниши мумкин.

Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади. Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Никоҳ тузишга:

лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;

насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.

Никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. Тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, шунингдек ушбу Кодекс 13-моддасининг бешинчи қисмида кўрсатилган алоҳида ҳоллар мавжуд бўлганда тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси                       33-моддасига асосан, аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Ушбу кодекснинг 34-моддасида, агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойидаги судга тақдим этилиши мумкинлиги, бедарак йўқолган деб ёхуд руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг хоҳишига кўра ўз яшаш жойидаги судда кўрилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси                      122-моддаси 1-қисми 8-бандида, хотини ҳомиладор бўлган вақтда ёки бола туғилганидан кейин бир йил давомида эр хотинининг розилигисиз никоҳни бекор қилиш тўғрисида даъво тақдим этган бўлса ариза кўрмасдан қолдирилиши белгилаб қўйилган.

Эр-хотиннинг мол-мулкини бўлиш ҳақидаги талаби, агар бу низони тўғри ҳал этиш учун ишга учинчи шахсларни жалб қилиш зарур бўлса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги иш билан бирга кўрилиши мумкин эмас.

Гулсара Сатторова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг судьяси

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Skip to content