Тарихдан маълумки, асрлар давомида шаклланиб, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликлари, ижтимоий-сиёсий тенгилиги учун курашиб келган. Ушбу курашнинг меваси ўлароқ кўпгина давлатларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асоси бўлмиш Конституция қабул қилинган.
Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим ҳуқуқи, умуман олганда барча ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини, шу жумладан, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларининг тимсоли сифатида, инсонни олий қадрият даражасига кўтарди.
Янги Ўзбекистон Конституциясида шу ҳуқуқ ва эркинликларнинг асосийларидан бири сифатида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқи белгиланганлигини кўришимиз мумкин.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.
Конституциянинг 44-моддасига асосан, суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1482-моддасига асосан, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши,
Худди шундай ҳаракат вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши,
Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсоннинг меҳнат қилиш, муносиб меҳнат шароитида ишлаш ҳуқуқи ҳамда мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланаётганлиги ҳамда кучли демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қурилаётганлигидан далолат беради.
Барча фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли судларга оғзаки, ёзма ва электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжуд. Судларга одатда икки хил тоифада мурожаат қилиш мумкин, биринчиси бу оддий хат тарзидаги яъни, муайян иш билан боғлиқ бўлмаган мурожаатлар (ариза, таклиф, шикоятлар) бўлса, иккинчиси, муайян низо ёки иш билан боғлиқ бўлган мурожаатлар (ариза, даъво аризаси, илтимоснома, шикоятлар.) ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига асосан биринчи тоифадаги мурожаатлар белгиланган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, агар қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Агар ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш муддати узайтирилганда бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади. Иккинчи тоифадаги мурожаатлар тегишлича фуқаролик ишлари бўйича судларда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида, жиноят ишлари бўйича судларда Жиноят-процессуал кодексида, маъмурий судларда эса Маъмурий суд ишларини юритиш кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ёхуд коррупцияга оид жиноятларни содир этганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахсларни топишда ёрдам кўрсатиш бу коррупцияга қарши курашишда фаол иштирок этиш дейилади.
Коррупция ҳақида хабар берган шахсларга бир марталик пул мукофотлари берилади:
а) коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун — БҲМнинг 3 баравари миқдорида;
-ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун – БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
-унча оғир бўлмаган жиноят учун — БҲМнинг 15 баравари миқдорида;
-оғир жиноят учун — БҲМнинг 20 баравари миқдорида;
-ўта оғир жиноят учун — БҲМнинг 25 баравари миқдорида;
г) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг 100 бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:
-анча миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг 15 фоизи миқдорида;
кўп ёки жуда кўп миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг 10 фоизи миқдорида.
Бунда пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматини фоизларда ҳисоблашда қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорнинг энг кам миқдоридан келиб чиқилади.
д) қидирувда бўлган шахснинг яширинган жойи ҳақида хабар берганлиги учун БҲМнинг 5 баравари, икки ёки ундан ортиқ қидирувда бўлган шахсларнинг яширинган жойи ҳақида бир вақтда хабар берганлиги учун эса — БҲМнинг 7 баравари миқдорида.
Коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга хабар берганлик ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашганлик учун шахс ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида рағбатлантириш тарзида тақдирланади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.
Эсдалик совға қиймати БҲМ 2 бараваридан ошмаслиги лозим.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш масаласи коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида тузиладиган махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.
Коррупцияга қарши курашувчи орган махсус комиссиянинг қарори асосида 1 иш куни ичида бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаси билан тақдирлаш ҳақида қарор чиқаради.
Бир марталик пул мукофоти харажатлар сметасига ўзгартириш киритилгандан сўнг 10 иш куни ичида шахсларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилади, эсдалик совғаси эса қонун ҳужжатларига мувофиқ совға қилинадиган буюм харид қилингандан сўнг 5 иш куни ичида топширилади.
Ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл тазйиқ ва зўравонликнинг жабрланувчи ҳисобланади. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёл ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш, содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш каби ҳуқуқларга эгадир.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёл етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул 1146 телефон линияси тармоғини ишлаб туришини таъминлайди.
Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатади.
Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар тазйиқ ва зўравонлик фактлари аниқланган тақдирда бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига дарҳол хабар қилиши шарт.
Амалдаги қонунчилигимизга кўра, пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшда – иш стажи 25 йил бўлганда, аёллар эса 55 ёшда – иш стажи 20 йил бўлганда эга бўладилар. Бундан ташқари, қуйидаги асосларда имтиёзли пенсиялар тайинланиши мумкин:
-ёшидан қатъи назар пенсия олиш ҳуқуқини берадиган 1-сонли рўйхат асосида;
-ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган 2-сонли рўйхат асосида;
-ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган 3-сонли рўйхат асосида;
-уруш ногиронлари, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар;
-аёлларга 54 ёшга тўлиб, 20 йиллик иш стажига эга бўлганида.
Шунингдек, ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган эркаклар 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда, аёллар эса 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда муддатидан олдин пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар. Ишсиз деб эътироф этилган шахсларга муддатидан олдин пенсия тайинланади.
Пенсия тайинлаш муддатлари бир пенсиядан бошқасига ўтказиш пенсионер тегишли ариза ва барча зарур ҳужжатлар билан мурожаат этган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга юқорида кўрсатилган тартибда пенсия тайинланади.
Mamlakatimizda jamiyatning poydevori sifatida oila institutini yanada mustahkamlash va rivojlantirish, oila manfaatlarini himoya qilishning huquqiy va ijtimoiy-iqtisodiy asoslarini kuchaytirish, uning xavfsizligini va uygʼunligini qoʼllab-quvvatlash boʼyicha keng koʼlamli chora-tadbirlar amalga oshirilmoqda. Koʼrilgan choralar xotin-qizlarning siyosiy va ijtimoiy faolligini oshirish, ularning huquqlari va qonuniy manfaatlariga shak-shubhasiz rioya qilish, maʼnaviy-axloqiy asoslarni va oilaviy qadriyatlarni mustahkamlash uchun poydevor yaratishga xizmat qilmoqda. Oʼzbekiston Respublikasining 02.09.2019 yildagi OʼRQ-561-sonli “Xotin-qizlarni tazyiq va zoʼravonlikdan himoya qilish toʼgʼrisida”gi qonunning 23-moddasiga asosan, himoya orderi tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchiga beriladi. Tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxsga himoya orderining nusxasi beriladi. Himoya orderini bergan ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxsni himoya orderining shartlari hamda uni bajarmaslik oqibatlari va zoʼravonlik xulq-atvorini oʼzgartirish boʼyicha tuzatish dasturlaridan oʼtish zarurligi toʼgʼrisida xabardor qiladi. Shaxs himoya orderini olish toʼgʼrisidagi tegishli hujjatni imzolashni rad etgan taqdirda, himoya orderini topshirayotgan ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tomonidan xolislar ishtirokida dalolatnoma tuziladi. Tegishli hududda tazyiq va zoʼravonlikning yakka tartibdagi profilaktikasini amalga oshirish uchun masʼul boʼlgan ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tazyiq va zoʼravonlik fakti yoki ularni sodir etish xavfi aniqlangan paytdan eʼtiboran 24 soat ichida himoya orderini oʼttiz kun muddatgacha beradi va ushbu order rasmiylashtirilgan paytdan eʼtiboran kuchga kiradi. Аgar tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchi hamda tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxs bir joyda ishlasa yoki oʼqisa, tegishli hududda tazyiq va zoʼravonlikning yakka tartibdagi profilaktikasini amalga oshiruvchi ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tomonidan jabrlanuvchiga himoya orderi berilganidan keyin bir ish kuni ichida tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining ish yoki oʼqish joyiga, agar tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxs tashkilot rahbari boʼlsa, yuqori turuvchi organga, jabrlanuvchi va tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxs oʼrtasidagi bevosita aloqani taqiqlash toʼgʼrisida taqdimnoma yuboriladi. Tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchi ishlayotgan yoki taʼlim olayotgan tashkilot rahbari taqdimnomani olganidan keyin, uch ish kuni ichida jabrlanuvchi hamda tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxs oʼrtasidagi bevosita aloqani bartaraf etishga qaratilgan harakatlarni amalga oshiradi. Аgar xavf hali bartaraf etilmagan boʼlsa, himoya orderining amal qilish muddati tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining arizasiga koʼra koʼpi bilan bir yilgacha muddatga jinoyat ishlari boʼyicha sud tomonidan uzaytirilishi mumkin. Himoya orderini berish yoki himoya orderini berishni yoxud uzaytirishni rad etish ustidan sudga shikoyat qilinishi mumkin. Himoya orderi talablarining ijrosi ustidan nazorat ichki ishlar organi tomonidan amalga oshiriladi. Himoya orderining shakli va uni berish tartibi Oʼzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan amalga oshiriladi. Tazyiq va zoʼravonlik yoki ularni sodir etish xavfi bartaraf etilmagan taqdirda, tegishli hududda tazyiq va zoʼravonlikning yakka tartibdagi profilaktikasini amalga oshirish uchun masʼul boʼlgan ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tomonidan tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining arizasiga koʼra, bir ish kuni ichida himoya orderining amal qilish muddatini uzaytirish boʼyicha materiallar tayyorlanadi hamda himoya orderining amal qilish muddatini uzaytirish toʼgʼrisidagi iltimosnoma rasmiylashtirilgan holda jabrlanuvchining yashash joyidagi jinoyat ishlari boʼyicha tuman (shahar) sudiga yuboriladi. Himoya orderining amal qilish muddatini uzaytirish toʼgʼrisidagi iltimosnoma materiallar kelib tushgan paytdan eʼtiboran yigirma toʼrt soat ichida yopiq sud majlisida jabrlanuvchi hamda tazyiq oʼtkazgan va (yoki) zoʼravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʼlgan shaxs hozirligida koʼrib chiqiladi. Himoya orderida quyidagilar koʼrsatiladi:
u rasmiylashtirilgan sana va joy;
uni rasmiylashtirish uchun asos boʼlib xizmat qilgan holatlar;
tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining hamda tazyiq oʼtkazgan yoki zoʼravonlik sodir etgan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi, tugʼilgan sanasi va joyi, kasbi hamda yashash joyi;
ushbu Qonunning 26-moddasida nazarda tutilgan cheklovlarning roʼyxati. Himoya orderida tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining sudga murojaat qilish huquqi toʼgʼrisidagi, tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxsning himoya orderi talablarini bajarmaganlik uchun maʼmuriy javobgarligi haqidagi maʼlumot koʼrsatiladi. Himoya orderida quyidagi cheklovlar nazarda tutilishi mumkin:
tazyiq oʼtkazishni va zoʼravonlik sodir etishni taqiqlash;
tazyiq oʼtkazgan yoki zoʼravonlik sodir etgan shaxsning tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchilar bilan aloqasini taqiqlash (ish joylarida va taʼlim muassasalarida tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxs bilan bilvosita aloqasiga yoʼl qoʼyiladi);
tazyiq oʼtkazilgan va zoʼravonlik sodir etilgan taqdirda tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchining hamda tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxsning bir xonada birga boʼlishini taqiqlash;
tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxsning zimmasiga tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchini davolash, unga maslahat berish, uni tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlanuvchilarga yordam koʼrsatish boʼyicha maxsus markazga joylashtirish uchun xarajatlarning, yetkazilgan moddiy zararning oʼrnini qoplash, shuningdek maʼnaviy ziyonni kompensatsiya qilish majburiyatini yuklatish;
tazyiq oʼtkazgan va zoʼravonlik sodir etgan shaxsning qurolni (bundan xizmat quroli mustasno) saqlash va olib yurish huquqini himoya orderining amal qilishi yoki unda koʼrsatilgan muddat davrida cheklash yoxud taqiqlash, shuningdek qurol sotib olish uchun ruxsatnoma olishga doir huquqini taqiqlash. Tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga himoya orderini berish, ijrosini taʼminlash va monitoring olib borish tartibi Vazirlar Mahkamasining 2020 yil 4 yanvardagi 3-son qarori bilan tasdiqlangan “Tazyiq va zoʼravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga himoya orderini berish, ijrosini taʼminlash va monitoring olib borish toʼgʼrisida”gi nizomga asosan amalga oshiriladi.
Uchqun Ro’ziyev, Buxoro viloyat sudining raisi
Zаfar Usmonov, Fuqarolik ishlari boʼyicha Gʼijduvon tumanlararo sudining raisi
Мамлакатимиз мустақил ривожланиш йиллари давомида аёлларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича катта муваффақиятларни қўлга киритди. Ўз-ўзидан аёнки, республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида хотин-қизларнинг фаол иштирок этишини таъминлаш соҳасидаги салмоқли муваффақиятларининг аҳамияти ҳам салмоқлидир. Умуман, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Зеро, жамият ривожини хотин-қизларсиз, уларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис аёлларнинг оилада ҳам, давлат ва жамоат ишларида ҳам эмин-эркин фаолият юритишлари, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш йўлида мамлакатмиз миқёсида қатор чоратадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 2 февраль куни имзоланган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида»ги Фармон ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини яна бир янги босқичга олиб чиқувчи муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Фармонда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди. Шу ўринда, Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўтган йиллар мобайнида аёллар манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қарийб 100 та миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва ратификация қилинди. Маълумки, мамлакатимиз Конституцияси аёлларнинг фундаментал ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатловчи энг муҳим ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор фармон ва қарорлари, жумладан, Давлат ва жамият қурилишида аёлларнинг ролини ошириш тўғрисида, Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ва бошқа кўплаб ҳужжатлар бор. Ҳар йили муайян йўналишда қабул қилинаётган махсус давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши доирасидаги режали ишлар маълум даражада аёлларимизнинг ҳаёт шароити ва сифатини яхшилашга ҳам алоқадордир. Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТ ва Халқаро Меҳнат ташкилотининг қатор конвенцияларини Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб ратификация қилган. Улар орасида Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида, Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида, Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситишлар тўғрисидаги ва бошқа ҳужжатлар мавжуд. Шарқ халқлари мутафаккирлари Алишер Навоий, Ибн Сино, Ал Бухорий, Фаробий ва бошқалар ўз асарларида комил инсонни юзага келишида аёлларнинг ўрни муҳим эканлиги кўп бора таъкидланган. Лекин ўтган асрларда аёлларнинг ҳуқуқлари эркакларникидан анчагина пастда эди. Замон ривожланган сари дунёда аёлларнинг ўрни ошиб борди. Аёлларнинг кучли жинс вакиллари билан тенгма-тенг ҳуқуққа эга бўлиш жараёни юртимизда XX аср бошларидан авж олди. Сабаби фарзанд тарбиялаётган оналарнинг ўзлари ҳам зиёли бўлиши лозимлигини кўпчилик тушуна бошлаган эди. Турмуш ва оила одобларига оид рисолалар кенг тарқала бошлади. Аёлларимиз ҳам оилани, ҳам касб-ҳунарни бирдек бошқариб, жамият учун керакли шахсларга айландилар. XIX аср охири ва XX аср бошларининг етакчи маърифатпарварлари М.Беҳбудий, А.Фитрат, А.Авлонийлар хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни борасида кенг фикрлар билдирдилар. Масалан, Фитратнинг “Оила” асарида шундай фикрлар бор: Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги миллий озодлик, эрк учун зарур: аёллар фақат уй-рўзғор, бола тарбияси билан банд қолмаслиги керак, – дейди. Аёлларнинг ҳуқуқлари албатта, дин ва миллий қадриятлар билан ҳам боғлиқдир. Ислом дини кириб келгунга қадар қизлар туғилибоқ тириклайин ўлдирилгани кўпчиликка маълум. Муқаддас Ислом дини ҳамиша аёлларни эъзозлашга буюради. Жаннат оналар оёғи остидадир, деган нақл асрлар оша ўз мавқени йўқотгани йўқ. Ислом таълимоти аёлларни илм олиш, меҳнат қилиш, мерос ҳуқуқи, жамият тараққиётида фаол қатнашишда эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилди. Ҳадисларда илм олиш ҳар бир муслим ва муслимага хосдир, дейилган. Исломда оила, никоҳ, мерос масалаларида аёлга кўпроқ ён берилади, никоҳсиз яшашга рухсат берилмай, шу тариқа аёлнинг ҳуқуқи таъминланади. Никоҳ шартларидан бўлмиш маҳр ҳам айнан аёлларнинг фойдаси учун жорий этилган. Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида хотин қизларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Оила кодексида турмушда, оилавий муносабатларда аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани, оила давлат томонидан муҳофаза этилиши ўз аксини топган. Шу вақтга қадар аёллар ҳуқуқи ҳимояланган кўплаб қонун хужжатлари қабул қилинди. Айниқса, хотинқизларимизни иш билан таъминлаш, табдиркорлик қилишларига эркинлик бериш, рағбатлантириш борасида сезиларли ишларни кузатиш мумкин. Меҳнат кодексида ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган боласи борлигини важ қилиб, ишга қабул қилмасликка ҳаққи йўқлиги келтириб ўтилган. Аёллар туғруқдан сўнг иш ўрнини йўқотмаган ҳолда бола парваришлаши, сўнг ишга қайтиши мумкин. Туғруқ таътили пайтида уни ишдан бўшатиб юбориш мумкин эмас. Шунингдек, аёлларимизни алдов йўли билан хорижда ноқонуний ишлашга олиб кетиш, уларни камситиш ва хўрлашга қарши жадал ишлар олиб борилади. Юртимиз БМТнинг аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинларига оид барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келган. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам аёлларимизнинг жамиятдаги ролини ошириш учун хизмат қилмоқда. Уларнинг дарду фикрини тинглаб, ўз йўлларини топишга хизмат қилишмоқда. Лекин шундай ҳолатлар ҳам бўладики, аёл тушкунликка тушиб қолади, ҳуқуқларини билмай хўрланади, яқинлари томонидан жазоланади, ўқиб таълим олишга имкон тополмайди, иш излаб сарсон бўлади, фарзандлари билан ёлғиз қолади ва ҳакозо. Айнан шундай пайтларда жамият аёлни ёлғизлатиб қўймаслиги керак. Шу мақсадда аёллар учун психологик марказлар, маслаҳатхоналар, тиббий, моддий, ҳуқуқий ёрдам ташкилотлари кўпайтирилса, улар аёлларнинг муаммоларини ҳал этишга сидқидилдан ёрдам берсалар, жамиятда бахтсиз аёллар сони ошмайди. Мазкур муҳим масалаларга мажмуавий ёндашув туфайли ана шундай натижалар қўлга киритилмоқда. Чунки мамлакатимизда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий замин, балки самарали институционал база ҳам мавжуддир. Мисол тариқасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини кўрсатиш мумкин. Мазкур жамоатчилик ташкилоти аҳолининг ушбу қатламини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмига айланган. Давлат бошқарувида аёлларнинг иштироки борган сари фаол тус олмоқда. Хусусан, бугунги кунда Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизи, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизи хотин-қизлардан иборат. Бундан ташқари, сўнгги йиллар давомида ижро ҳокимияти идораларида ҳам аёлларнинг фаолият юритиш кўрсаткичлари 5 баробарга ошди – 3,4 фоиздан 16 фоизга етди. Аёллар қаноти тузилгани боис мамлакатдаги сиёсий партияларда хотин-қизларнинг сони ҳам ошди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси маълумотларида қайд этилишича, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Либерал демократик партиясида уларнинг сони 35 фоиздан 38 фоизга, Миллий тикланиш демократик партиясида 40 фоиздан 46 фоизга, Халқ-демократик партиясида 41 фоиздан 56 фоизга, Адолат социал демократик партиясида 38 фоиздан 49 фоизга етди. Маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ва маҳалла тизимларида ҳам аёллар иштироки кенгайди. Масалан, кейинги даврда бандлик тизимидаги хотин-қизлар ҳиссаси 44 фоиздан 45,7 фоизга ўсди. Ўз бизнесини очаётган ва салмоқли муваффақиятга эришаётган тадбиркор аёлларнинг сони ҳам ошиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, кичик корхоналар раҳбарларининг 40,4 фоизини, мўъжаз тадбиркорлик субъектлари раҳбарларининг 13,7 фоизини хотин-қизлар вакиллари ташкил этмоқда. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, соғлом авлод тарбиясида аёллар ўта муҳим ўрин тутиши инобатга олинган ҳолда Ўзбекистонда уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қатор дастурлар қабул қилинган. Жумладан, ишламайдиган оналарга 2 ёшгача болани парвариш қилиш учун нафақа тўланмоқда. Бундан ташқари, меҳнат шартномаларида ҳомиладорлиги ва фарзанд кўрганлиги туфайли аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, 2 ёшдан 3 ёшгача болалари бўлган аёлларга ҳақ тўланадиган таътил бериш, 3 ёшдан кичик бўлган болали аёллар иш вақтини бир соатга қисқартириш сингари имтиёзлар ўз ифодасини топган. Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётган бир шароитда аёллар ижтимоий ва сиёсий фаоллигининг ўсиши жуда муҳим омил ҳисобланади. Кундек равшанки, Ўзбекистонда мустақил тараққиёт йиллари мобайнида бу йўлда салмоқли натижалар қўлга киритилди. Шубҳа йўқки, аёлларга яшаш, меҳнат қилиш ва ёш авлодни тарбиялашлари учун яратилган ва яратилаётган қулай шароитлар бундан кейин ҳам мамлакатимизнинг янада залворли муваффақиятларни забт этишига хизмат қилиши шубхасиз.
Азиз Шарипов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг судьяcи
Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти
Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан кучга кирди. У 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат. 2023 йил 30 апрелдаги референдумда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонуни 2023 йил 1 майдан кучга кирди. Шу кундан эътиборан бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларида келтирилган нормалар конституцияга зид бўлса, судлар конституцияга қараб қарор қабул қилади. Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида, янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланган. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади ҳамда янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади. Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланади. Конституциянинг 29 моддасига асосан, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади. Конституциянинг XXIII боби суд ҳокимиятига бағишланган бўлиб, 130-140 моддаларни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади. Ўзбекистон Республикасида суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади. Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради. Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшган ҳолда сайланади. Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини беш йиллик муддатга сайлайди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас. Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди. Судьялар дахлсиздир. Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди.
Учқун Рўзиев, Бухоро вилоят судининг раиси
Зафар Усмонов, Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг раиси
Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Алоҳида ҳоллар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин. Никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи никоҳни рўйхатга олишни рад этганда, шикоят билан бевосита судга ёки бўйсунишига кўра юқори турувчи органга мурожаат қилиниши мумкин.
Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади. Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
Никоҳ тузишга:
лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.
Никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. Тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, шунингдек ушбу Кодекс 13-моддасининг бешинчи қисмида кўрсатилган алоҳида ҳоллар мавжуд бўлганда тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 33-моддасига асосан, аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Ушбу кодекснинг 34-моддасида, агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойидаги судга тақдим этилиши мумкинлиги, бедарак йўқолган деб ёхуд руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг хоҳишига кўра ўз яшаш жойидаги судда кўрилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 122-моддаси 1-қисми 8-бандида, хотини ҳомиладор бўлган вақтда ёки бола туғилганидан кейин бир йил давомида эр хотинининг розилигисиз никоҳни бекор қилиш тўғрисида даъво тақдим этган бўлса ариза кўрмасдан қолдирилиши белгилаб қўйилган.
Эр-хотиннинг мол-мулкини бўлиш ҳақидаги талаби, агар бу низони тўғри ҳал этиш учун ишга учинчи шахсларни жалб қилиш зарур бўлса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги иш билан бирга кўрилиши мумкин эмас.
Гулсара Сатторова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг судьяси
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96, 100-моддаларида, ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган. «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция талаблари асосида ишлаб чиқилган ҳуқуқий базада вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқи аниқ белгилаб қўйилган. Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқини таъминлаш ва бу борада Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси нормаларининг тўғри ва аниқ татбиқ этилиши бўйича бир хил суд амалиётни шакллантириш мақсадида, 2016 йил июль ойида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори қабул қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 06 октябрдаги Қарори билан “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг тасдиқланиши алимент ундириш билан боғлиқ низоларнинг кўрилишида янги йўналишни очиб берди. Ушбу Низомга кўра вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш тартибини белгилаш, давлат ижрочилари иш юритувида бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича алимент тўловларини ихтиёрий равишда тўлаётган жисмоний шахслар муайян давр учун алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент олувчи билан келишилган ҳолда алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш, давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилаши, давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжати бўйича қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкинлиги, алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилиши, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасининг тузилиши алиментларни тўламаганлик учун қонун билан белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод қилмаслиги, алиментларни олдиндан тўлаш ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадга нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса, олдиндан тўланган алиментлар учун кейинги даврларда алимент тўловчининг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади кўпайиши натижасида вужудга келадиган қўшимча алимент тўловларини тўлашдан озод қилмаслиги, алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланиши ҳолатлари тўлиқ ёритиб берилган. Низомга мувофиқ, алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун, бироқ ушбу банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади. Алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади. Суд ажримига асосан олдиндан тўланиши шарт бўлган алиментларнинг тўлиқ миқдорини тўлаш, шунингдек, алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига топширилиши шарт бўлган мол-мулкни топшириш ўн иш кундан ошмаган муддатда амалга оширилади. Алиментларни тўлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш масаласида, қарздор ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Алиментларни ундириш алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувга асосан бўлса, ариза ижро ҳужжати иш юритуви Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади. Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада, қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.). Аризага Бюронинг туман (шаҳар) бўлими томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори илова қилиниши шарт. Зарурат бўлганда, аризага алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар илова қилинади. Ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда, аризага қўшимча равишда баҳолаш ташкилотининг алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган мол-мулкни баҳолаш хулосаси, шунингдек қарздорнинг мазкур мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинади. Алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўланадиган алимент суммасини ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги қарори, қарздорнинг ижро иш юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига киритган аризасига (шу жумладан, электрон почта орқали киритган аризасига) асосан берилади. Аризада қарздор томонидан алиментларни олдиндан тўламоқчи бўлган даври кўрсатилади. Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент суммалари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлари, шу жумладан чет элда олинган даромадларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бериш тўғрисидаги ариза етти иш куни давомида кўриб чиқилади. Ҳужжатларни қўшимча ўрганиш талаб этилганда ариза ўн беш иш куни ичида кўриб чиқилиши мумкин. Қарздор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққонийлигига шубҳа туғилганда ва уларни бошқа ташкилотларга сўровнома юбориш орқали текшириш зарур бўлганда, аризани кўриб чиқиш муддати бир ой муддатга узайтирилиши мумкин. Аризани кўриб чиқиш муддатини узайтириш Бюронинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи томонидан аризани кўриб чиқаётган давлат ижрочисининг асослантирилган билдиргисига асосан амалга оширилади. Аризани кўриб чиқиш муддати узайтарилганлиги тўғрисида аризачи хабардор қилинади. Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор ижро ҳужжати юритувида бўлган давлат ижрочиси томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 86-моддасига мувофиқ қабул қилинади. Бунда, олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш ушбу Низомда назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади. Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб бир ой муддат давомида амал қилади, бу ҳақда қарорда кўрсатилади. Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблашда, келгуси даврлар учун тўланадиган алиментлар суммасига, тўлов вақтидаги ҳар йилги алиментлар суммасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасига капитализация коэффициенти қўлланилади. Давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори ва алимент бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олганидан сўнг, қарздор судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича фуқаролик процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Ушбу Низомга кўра ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш асослари қуйидагилар: ушбу Низомда белгиланган, аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ёки уларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқ эмаслиги; ушбу Низомда назарда тутилган алиментларни олдиндан тўлаш белгиланган алимент суммаси тўловининг амал қилиш муддати ўтиб кетганлиги; алиментлар бўйича тўланмаган қарздорликнинг мавжудлиги; алиментларни олдиндан тўлаш вояга етмаган болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари жиддий бузилишига ёхуд таъминот шароити ёмонлашувига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаш учун асослар мавжудлиги; алиментларни умумий тартибда тўлашга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги; қарздор алиментларни олдиндан тўлаш имкониятидан, алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ёки умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент суммасини кам тўлаш мақсадида фойдаланаётган деб ҳисоблаш учун асосларнинг мавжудлиги; қонунчиликда белгиланган бошқа асослар мавжудлиги. Суд томонидан аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризани рад этиш ёки қаноатлантириш тўғрисида ажрим қабул қилинади. Суднинг алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилади: олдиндан тўланадиган алимент суммаси; олдиндан тўланадиган алиментлар даври, ушбу даврнинг бошланиш ва якунланиши ойи ва йили; алиментлар суммаси тўлиқ тўланиши лозим бўлган муддат. Шунингдек, агар қарздор ўз аризасида алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига мол-мулк бериш орқали ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришни сўраган бўлса, суднинг ажримида қуйидагилар кўрсатилади: мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи, қиймати ва мазкур мол-мулкни аниқлаш имконини берадиган бошқа маълумотлар; мол-мулкни ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган муддат. Давлат ижрочиси ижро иши юритишида бўлган ижро ҳужжати бўйича қабул қилинган ажримга, ижро ҳужжати бериш талаб этилмайди. Давлат ижрочиси алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни қабул қилиб олганда, шунингдек, мазкур ажримда кўрсатилган алиментлар суммаси тўлиқ тўлангандан сўнг, қарздор ва унинг мол-мулкига белгиланган барча чекловларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади. Алиментларни олдиндан тўлаш учун ундирувчига муайян мол-мулкни ўтказиб бериш йўли билан қўйилган чекловларни бекор қилиш фақат мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан, шунингдек: кўчмас мулкни ўтказишда – мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхасига; автотранспорт воситаси ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши (ҳисобга туриши) лозим бўлган бошқа мулкларни ўтказишда – автотранспорт воситаси ёки бошқа мулкни ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги (ҳисобга турганлиги) тўғрисидаги ҳужжат нусхасига; қимматли қоғозлар ўтказишда – қимматли қоғозлар ундирувчи номига рўйхатдан (ҳисобига) ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатга асосан амалга оширилади. Агар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш суд ҳужжатига асосан қўйилган бўлса, чеклашни бекор қилиш суд томонидан амалга оширилади. Алиментларни олдиндан тўлаш болалар вояга етгунга қадар амалга оширилган тақдирда, мазкур ижро ҳужжати бўйича ижро ишини юритиш тамомланмайди. Мазкур ҳолатда алиментлар олдиндан тўланган давр мобайнида ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмайди. Алиментлар олдиндан тўланган давр якунланганда, шунингдек, суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби бекор бўлганда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади. Агар олдиндан тўланиши лозим бўлган алиментлар суммаси суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби ўзгартириш тўғрисидаги ажримда кўрсатилган муддатда тўлиқ тўланмаган тақдирда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади. Агар қарздорнинг иш ҳақи ёки бошқа даромади олдиндан тўланган алиментлар суммасига нисбатан кўпроқ миқдорда тўлаш имконини берса, ундирувчи алиментлар олдиндан тўланган давр якунлангунга қадар қарздор учун алимент мажбуриятларининг умумий тартибини белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Мазкур ариза суд томонидан суд қарорларини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Алимент мажбуриятларини умумий тартибда белгилаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда, олдиндан тўланган алимент тўловлари қайтарилмайди, умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент ҳисобига ўтказилади. Бунда давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро чоралари умумий тартибда қўлланилади. Алиментларни тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган судга тақдим қилинади. Агар алимент ундируви нотариал тасдиқланган келишув бўйича амалга оширилган бўлса, ариза ижро иш юритишни амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туман (шаҳар) судига берилади. Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.). Аризага мазкур Низом талабларига риоя қилган ҳолда тузилган гаров шартномаси, шунингдек, Бюро томонидан алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши шарт. Зарурат бўлганда, аризага қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариши учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқини бериш учун тузилади. Бунда, гаров шартномасида қарздорнинг (гаровга қўювчининг) амалга оширган алимент тўловлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳар ойда давлат ижрочисини хабардор қилиш мажбурияти кўрсатилиши шарт. Гаров шартномаси ушбу Низомдаги иловада келтирилган намунавий шаклга мувофиқ тузилади. Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров предмети бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно. Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 52-моддасига асосан ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк гаров предмети бўла олмайди. Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланади. Гаров ҳуқуқи шартнома нотариал тасдиқланган пайтдан бошлаб, мажбурий рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлса – рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб вужудга келади. Агар гаров предмети қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ гаровга қўювчида сақланиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи гаров предмети топширилган пайтда вужудга келади, агар топшириш шартнома тузишдан олдин амалга оширилган бўлса – нотариал тасдиқланган (рўйхатдан ўтказилган) пайтдан бошлаб вужудга келади. Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Гаров предмети қиймати тарафлар келишувига биноан аниқланади. Тарафлар келишувига асосан гаров предмети қийматини баҳолаш тегишли баҳолаш ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин. Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаровга қўйилган мол-мулкнинг, қайта гаровга қўйилишига йўл қўйилмайди, мазкур масала гаров шартномасида акс эттирилади. Алимент тўловларидан қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун қарздор ижро иши юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига ариза билан (шу жумладан, электрон почта орқали) мурожаат қилади. Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент миқдорлари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларни, шу жумладан чет элда олинган даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани бериш тўғрисидаги ариза мазкур Низомда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади. Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартибда кўриб чиқади. Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш асослари қуйидагилар бўлиб ҳисобланади: мазкур Низомга кўра аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларнинг йўқлиги ёки уларнинг мазкур Низом талабларига мувофиқ эмаслиги; алимент тўловлари бўйича тўланмаган қарздорликнинг мавжудлиги; алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш вояга етмаган болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари жиддий бузилишига ёхуд уларнинг таъминот шароитлари ёмонлашувига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаш учун асосларнинг мавжудлиги; умумий тартибда алимент тўлашга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги; қарздор алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш имкониятидан алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ёки умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент суммасини кам тўлаш мақсадида фойдаланаяпти деб ҳисоблаш учун асослар мавжудлиги; қонунчиликда белгиланган бошқа асосларнинг мавжудлиги. Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш бўйича ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш якунлари юзасидан уни рад этиш ёки қаноатлантириш тўғрисида ажрим қабул қилинади. Суднинг алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш бўйича ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши шарт: алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга рухсат бериш, шунингдек алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда гаров предметига қаратиш талаби; гаров тариқасида топширилаётган мол-мулкнинг номи, алоҳида хусусиятлари, сони ва қиймати, жойлашган жойи; гаров шартномасида қарздорнинг амалга оширилган алимент тўловлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳар ойда давлат ижрочисини хабардор қилиш мажбурияти; алимент мажбуриятларини бажаришнинг бошқа шартлари. Давлат ижрочиси ижро иши юритишида бўлган ижро ҳужжати бўйича қабул қилинган ажримга ижро ҳужжати бериш талаб этилмайди. Давлат ижрочиси ижро ҳужжати ижроси усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни олгандан сўнг, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чекловларни, шу жумладан қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади. Ижро ҳужжати ижроси усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров билан ўзгартириш тўғрисидаги суднинг ажримига асосан қарздорга алимент тўловларини ихтиёрий тўлаш имконияти берилиб, мажбурий ижро чоралари қўлланилмайди. Қарздор томонидан кетма-кет икки ой давомида алимент тўловлари тўланмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувни гаров предметига қаратиш чораларини кўради. Шунингдек, алимент тўловларини тўлиқ тўламаслик ҳам тўланмаган алимент ҳисобланади. Гаров предметини сотувга чиқаришнинг бошланғич баҳоси ижро ҳужжати ижро усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги суднинг ажримида кўрсатилган қиймат билан белгиланади. Суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби ўзгартириш тўғрисидаги ажрими бекор қилинган тақдирда кейинги мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади. Бунда гаров шартномаси тарафлар келишуви ёки қонунчиликда белгиланган асосларга кўра суд қарорига асосан тугатилади. Ундирувни гаров предметига қаратиш натижасида келиб тушган маблағлар, Бюронинг тегишли туман (шаҳар) бўлими депозит ҳисобрақамига ўтказилади, мазкур маблағ ҳисобидан ойма-ой алимент тўловлари амалга оширилади. Фарзандлар вояга етгунига қадар тўланган алимент тўловларидан ортган қисми қарздорга қайтарилади. Гаров предмети сотилмаганда ва гаровга олувчи қарз ҳисобига гаров предметини ўзига олишни рад этганда гаров шартномаси тугатилади. Бунда давлат ижрочиси алимент бўйича қарздорликни қарздорга тегишли бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш чораларини кўради. Судларнинг эътибори болаларнинг соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етишида ота-оналар масъуллигига ва улар ўзларининг вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур эканлигига, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент фақат суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи чиқариш орқали ундирилишига; алимент тўлаш билан боғлиқ бўлган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш болалар манфаатлари ҳимоясининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланишини назарда тутган ҳолда, қонунларга қатъий риоя этиш зарурлигига қаратилсин. Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ва Фуқаролик процессуал кодексларининг талабларига кўра, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида судга боланинг ота ёки онаси, васийлик ва ҳомийлик органлари, васий ёки ҳомий шахс, болалар тарбия муассасалари ҳамда прокурор мурожаат қилиши мумкин. Бундай мурожаатлар Ўз.Рес.ФПКнинг 170-173-моддаларида кўрсатилган тартибда суд буйруғи чиқариш тўғрисида ариза кўринишида ёки ФПКнинг 188-191-моддалари талабдарига риоя этган ҳолда даъво ишларини юритиш тартибида берилади. Оила кодексининг 81-моддаси 2-қисмига кўра, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди. Шу муносабат билан судларга тушунтирилсинки, агарда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишида болага алимент ундириш масаласи ҳал қилинмаган бўлса, алимент ундириш юзасидан ваколатли шахс даъво (ариза) билан мурожаат қилиши мумкин. Оила кодексининг 165-моддасида фарзандликка олинганлар ва уларнинг ота-онаси (ота-онасининг қариндошлари) бир-бирларига нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқларини йўқотишлари ҳамда ўзаро мажбуриятлардан озод бўлишлари белгиланганлиги сабабли фарзандликка олинганларнинг таъминоти учун ота-онасидан алимент ундирилмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин. Алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ҳам, даъво ариза ҳам судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига кўра, жавобгарнинг яшаш жойи бўйича берилади, шунингдек, ФПКнинг 26-моддасига мувофиқ аризачи ёки даъвогарнинг ўзи яшаб турган жойда ҳам тақдим этилиши мумкин. Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза, шунингдек, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида даъво ариза берганлик учун давлат божи Солиқ кодексининг 329-моддасига мувофиқ ундирилмайди. Судлар алимент миқдорини камайтириш, алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъво аризаларини қабул қилишда ҳамда алимент ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ёки буйруқ қабул қилишда давлат даромадига ундириладиган давлат божи миқдорини белгилашда ФПКнинг 138-моддаси талаблари ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги 14-сонли қарори тушунтиришларига асосланишлари лозим. Алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқаришда, агар қарздор шу вақтда ишламаса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, давлат божи Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади. Судларнинг эътибори боланинг таъминот олишга бўлган ҳуқуқини суд буйруғи чиқариш орқали таъминлашнинг аҳамияти катта эканлигига, ушбу тартибда, яъни ФПКга асосан алимент ундириш масаласи ФПКнинг 2387-моддаси талабида 3 кун ичида ҳал этилишини назарда тутиб, мазкур институт ваколатларидан амалда кенг фойдаланишга қаратилсин. Алимент миқдорини тўғри белгилаш, бунда Оила кодексининг 99-моддасига кўра, ота-оналардан вояга етмаган болаларга алимент ундиришда суд алимент миқдорини ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг муайян қисмида (1/4, 1/3, 1/2) белгилаши лозимлиги, шунингдек, ушбу тўловлар миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкинлиги судларга тушунтирилсин. Мазкур ҳолатда ҳам камайтирилган ёки кўпайтирилган алимент миқдори фоизда эмас, балки иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромаднинг муайян қисмида белгиланиши лозим. Оила кодексининг 100-моддасида ота-онанинг вояга етган болаларига алимент тўлаши белгиланган бўлиб, бунда судлар қонун талабига кўра, вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатли ёки лаёқатсизлиги ҳамда моддий ёрдамга муҳтожлиги ёки муҳтож эмаслигини аниқлашга эътибор қаратишлари лозим. Судга мурожаат қилган тараф вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатсизлиги ва ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида далил (ногиронлик ҳақида ТМЭК ёки бошқа ваколатли орган хулосаси, моддий аҳволи тўғрисида маълумот ва бошқа) тақдим этиши лозим. Ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслигига эса тегишли маълумотлар асосида суднинг ўзи баҳо бериши лозим. Судлар алимент ундиришда болаларнинг меҳнатга лаёқатлилигини йўқотилганлик даражаси ва уларнинг ҳақиқатдан муҳтож эканлигини, тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини эътиборга олишлари керак. Оила кодексининг 101-моддаси талабига мувофиқ, ота-онадан вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ундириладиган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади. Бунда алимент миқдорини аниқлашда, суд алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволидан келиб чиқиши, яъни суд томонидан белгиланган миқдор асослантирилган бўлиши лозим. Судлар алимент миқдорини аниқлашда, Оила кодексининг 102-моддасида белгиланган тартибга қатъий риоя этишлари, суд ҳал қилув қарорида алимент миқдори ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромаднинг муайян қисмида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланганлиги сабабини кўрсатиши лозим. Боланинг таъминоти учун қўшимча харажатларни ундириш масаласини ҳал этишда, судлар Оила кодексининг 103-моддасида қайд этилган қўшимча харажат қандай фавқулодда ҳолатлар (болаларнинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар)да келиб чиққанлигини ҳамда бу бола таъминоти учун зарурлигини кўрсатиши ва уларнинг оилавий ва (ёки) моддий аҳволини ҳисобга олиб, қисман пул билан тўланадиган қўшимча харажатларнинг қатъий миқдорини аниқлаши лозим. Оила кодексининг 142-моддаси 2-қисмида, суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлаши белгиланган. Мазкур нормадан келиб чиққан ҳолда судлар, неустойка тўлаш мажбурияти, агарда алимент суднинг қарори (буйруғи)га кўра ундирилган бўлса, юзага келиши, алимент тўлаш тўғрисида келишув бажарилмаган тақдирда эса жавобгарлик Фуқаролик кодексининг 327-моддасига кўра юзага келишини инобатга олишлари лозим. Алиментни ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса юзага келиши, агарда шу шахснинг айби бўлмаса (масалан, ўз вақтида иш ҳақи олмаганлиги, алимент суммалари нотўғри ўтказилганлиги ва ҳ.к.) жавобгарлик юзага келмаслигини судлар эътиборда тутишлари керак. Алимент ундириш тўғрисидаги суд қарори ижроси жараёнида алимент бўйича қарз вужудга келиши сабабли неустойка миқдорини ҳисоблаш ва ундириш суд ижрочилари томонидан амалга оширилиши судларга тушунтирилсин. Алимент тўлаш тўғрисида келишув бажарилмаган, алимент бўйича қарз вужудга келган тақдирда эса алимент ундирувчи банк фоизларини ундириш юзасидан судга даъво билан мурожаат этиши мумкин. Оила кодексининг 144-моддасига мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарорига асосан пул билан тўланадиган қатъий суммада ундирилаётган алиментларни индексация қилиш алиментлар ушлаб қолинаётган жойда қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам ойлик иш ҳақига мутаносиб равишда амалга оширилади. Индексация қилиш мақсадида алиментнинг миқдори суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг муайян қисмига мос равишда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади. Шунга кўра, қатъий суммада ундирилиши лозим бўлган алимент миқдори суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг муайян қисмига мос равишда пул билан тўланадиган қатъий суммада (энг кам ойлик иш ҳақининг тенг ярми, бир баравари, бир ярим баравари ва ҳоказо) белгиланиши лозим. Судларнинг эътибори суд қарорига (буйруғига) асосан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг муайян қисмида ундирилаётган алиментни қатъий суммада ёки бир вақтда муайян қисмда ва қатъий суммада ундириш тўғрисидаги манфаатдор тарафнинг талаби ФПКнинг 216-моддаси тартибида эмас, даъво иш юритувида кўрилиши лозимлигига қаратилсин. Чунки бу ҳолатда суд қарорини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш эмас, балки алимент миқдорини ўзгартириш тўғрисида масала ҳал этилади. Судларга тушунтирилсинки, қарздор алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида арз қилинган талабга қарши эътироз билдирса, ФПКнинг 23810-моддаси тартибида суд буйруғи бекор қилиниши лозим. Суд буйруғи ФПКнинг 23811-моддасига асосан ижрога қаратилганидан ўн кун муддат ўтганидан сўнг билдирилган эътирозлар муддатни тиклаш ҳақида ариза мавжуд бўлмаса, суд томонидан кўрилмайди ва аризачига қайтарилади. Агар суднинг бола таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори ёки буйруғи ижро этилиши вақтида бола алимент тўлаётган ота(она)нинг тарбияси ва қармоғига ўтган бўлса, ундирувчи эса, алимент олишдан воз кечмаган бўлса, кейинги тўланадиган алиментдан озод қилиш масаласи ота(она) томонидан тегишли тартибида қўзғатилган даъво асосида суд томонидан ҳал этилишига; агар ундирувчи юқорида қайд этилган ҳолатларда алиментдан воз кечса, ижро иш юритуви «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 2-қисмини 1-бандига асосан тугатилиши лозимлигига судларнинг эътибори қаратилсин. Алимент миқдорини камайтириш ёки алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъволар ФПКнинг 145-моддасига кўра, жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Вояга етмаган болалар таъминоти учун ундирилаётган алимент миқдори суднинг ҳал қилув қарорига кўра, ўзгарган тақдирда алиментнинг янги миқдорда ундирилиши суднинг бу ҳақдаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан амалга оширилади. Оила кодексининг 105, 115-моддаларида белгиланган ҳолатларда алимент миқдорини камайтириш, алимент тўлашдан озод қилиш ҳамда суднинг бир неча қарорлари бўйича ундириладиган алимент миқдорини белгилаш тўғрисидаги аризаларни ҳал этишда, мазкур ишларни кўришда барча ундирувчилар жалб қилиниши лозим. Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга таъминот бериш мажбуриятлари белгиланган Оила кодексининг 122-моддасига мувофиқ, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахсларга таъминот бериш суд томонидан уларнинг қариндошлари:. бобо, буви, невара, ака-ука, опа-сингил, шунингдек ўгай ота ва ўгай она, ўгай ўғил ва ўгай қиз ҳамда доимий тарбияда бўлган шахслар зиммасига юклатилиши мумкин. Бунда, судлар алимент миқдорини, қарздорнинг ҳамда ундирувчи (даъвогар)нинг моддий ва оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгилашлари лозим. Вояга етмаган бола ота-она қармоғидан олиниб, болалар тарбия муассасасига жойлаштирилган ҳар қандай ҳолатда, болаларга таъминот беришда ота-она мажбуриятларининг тенглигидан келиб чиқиб, Оила кодекси 107-моддасига асосан ота-онасининг ҳар биридан алимент боланинг фойдасига ундирилиб, бола номига очилган банк ҳисоб-варағида жамланади. Оила кодексининг 136-моддаси 4-қисмига кўра, агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкинлигига судларнинг эътибори қаратилсин. Алимент тўлашдан бош тортиш деганда, шахснинг алимент тўлаш мажбуриятини айбли равишда бажармаслиги, хусусан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги таклифни рад этиш, турар жойини ва (ёки) иш жойини яшириш тушунилиши судларга кўрсатиб ўтилсин. Судлар, алимент ундириш ҳақидаги ишлар бўйича даъвогарнинг даъводан воз кечиши ва тарафларнинг келишув битимини тузиши сабабли иш юритишни тугатишда, бу ҳолат боланинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид ёки зид эмаслигига алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Суднинг ҳал қилув қарорига биноан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахс томонидан жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида алимент тўламаслик ҳолати аниқланса, суд ФПКнинг 19-моддасида белгиланган тартибда жиноят ишини қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилиши шарт.
Азиз Шарипов, Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг судьяcи
Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Buxoro viloyat sudi