Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текширишда ягона суд амалиётини шакллантириш
Бухоро вилоят судида 2024 йил 6 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда судлар томонидан суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда, Бухоро вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси С.Абдурасулов, Бухоро вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Н.Файзиев, Бухоро вилоят маъмурий суди судьси Д.Чориев ҳамда иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий судларнинг судьялари, шунингдек, Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси, Марказий банкнинг Бухоро вилоят Бош бошқармаси, Адвокатлар палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси, Бухоро вилоят адлия бошқармаси ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан Бухоро вилоят судининг судьялари С.Кушшаев, Ш. Аббасов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Д.Чориев фуқаролик, иқтисодий процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг мазмун-моҳияти юзасидан маъруза қилди.
Миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилди.
Тарафларнинг хоҳишига кўра, суд қарори устидан апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, белгиланган муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят келтирилиши мумкин. Бу тартиб тарафларнинг суд қарорлари устидан шикоят келтириш ҳуқуқи орқали одил судловга эришиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилгани ҳам аҳамиятлидир.
Семинар давомида қонун мазмун-моҳияти эски ва янги жорий этилаётган амалиётлар мисолида, аниқ мисоллар билан тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, тадбирда иштирок этаётган семинар қатнашчиларининг фикрлари эшитилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.