Oʼtgan davr mobaynida Oʼzbekistonda barcha sohalar qatori sud-huquq yoʼnalishida ham keng koʼlamli ishlar amalga oshirildi. Xususan, sud majlislarida zamonaviy axbarot-kommunikatsiya tenologiyalari orqali videokonferentsaloqa rejimi tashkil etildi. Sohadagi bu yangilik sud protsessi ishtirokchilariga katta qulaylik yaratdi.
Sudda videokonferentsaloqa rejimidagi sud majlisini oʼtkazishga tayyorgarlik koʼrish, uni oʼtkazish va taqdim etilgan hujjatlar bilan ishlash Oliy sud Plenumining “Fuqarolik, jinoyat va maʼmuriy ishlarni koʼrishda sud majlislarini videokonferentsaloqa rejimida oʼtkazishning ayrim masalalari toʼgʼrisida” 2017 yil 24 iyundagi 23-sonli qarori bilan tartibga solinadi.
Fuqarolik ishlarini videokonferentsaloqa tizimidan foydalanishda, sud tomonidan ishda ishtirok etuvchi shaxslar va sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilaridan birortasi ishni koʼrayotgan sudga nisbatan Oʼzbekiston Respublikasining boshqa hududida joylashgan taqdirda VKА rejimidagi sud majlisi oʼtkazilishi mumkin.
Sudьya ishni sudda koʼrishga tayyorlash toʼgʼrisidagi ajrim (qaror)da ishda ishtirok etuvchi shaxslarga, sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilariga ularning VKА rejimidagi sud majlisida ishtirok etish huquqini koʼrsatib oʼtadi.
VKА rejimidagi sud majlisi oʼtkazilishining aniq sanasi
va vaqti sudьya tomonidan ishni koʼrayotgan sudning Аxborot-kommunikatsiya texnologiyalari masalalari boʼyicha sud xodimi bilan kelishilgan holda “Sud majlislarini VKА rejimida oʼtkazish jadvali”dan kelib chiqib belgilanishi lozim.
Sudьya yordamchisi ishni sudda koʼrishga tayyorlash toʼgʼrisidagi ajrim (qaror)ni ishda ishtirok etuvchi shaxslarga, sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilariga protsessual qonun hujjatlarida belgilangan tartibda yuborilishini hamda bir nusxasini ishni koʼrayotgan sudning АKT xodimiga roʼyxat asosida imzo orqali topshirilishini taʼminlaydi.
VKА rejimidagi sud majlisini oʼtkazishga koʼmaklashadigan sudga kelib tushgan ishni sudda koʼrishga tayyorlash toʼgʼrisidagi ajrim (qaror) axborot tizimi orqali roʼyxatdan oʼtkazilib, shu kunning oʼzida АKT xodimiga topshiriladi.
VKА rejimidagi sud majlisini oʼtkazishga koʼmaklashadigan sud sud majlisini VKА rejimida oʼtkazilishini biror bir sababga koʼra taʼminlay olmagan taqdirda, АKT xodimi ishni koʼrayotgan sudning АKT xodimiga zudlik bilan telefon, faks va boshqa aloqa vositalari orqali xabar beradi. Oʼz navbatida ishni koʼrayotgan sudning АKT xodimi bu haqda ish boʼyicha maʼsul sudьyani xabardor qiladi.
VKА rejimidagi sud majlisini oʼtkazishga koʼmaklashadigan sud bilan VKА oʼrnatishning imkoni boʼlmagan taqdirda, sudьya protsessual qonun hujjatlariga asosan ishni koʼrishni keyinga qoldirish choralarini koʼradi.
Ishda ishtirok etuvchi shaxslar, sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilari tomonidan sud majlisida taqdim etilgan hujjatlar, jumladan ishonchnomalar, arizalar, iltimosnomalar, yozma fikr-mulohazalar va boshqa yozma dalillar sud majlisini oʼtkazishga koʼmaklashadigan sud АKT xodimi tomonidan skaner yordamida elektron shaklga keltirilib, Internet tarmogʼi orqali ishni koʼrayotgan sudga uzatiladi.
VKА rejimidagi sud majlisini oʼtkazishga koʼmaklashadigan sud АKT xodimi keyingi ish kunidan kechiktirmasdan sud majlisida taqdim etilgan hujjatlar, jumladan, ishonchnomalar, arizalar, iltimosnomalar, yozma fikr-mulohazalar va boshqa yozma dalillarni kuzatuv xati orqali ilova qilinayotgan hujjatlar roʼyxati asosida ishni koʼrayotgan sudga yuboradi.
Ushbu yaratilgan qulayliklar fuqarolar va sud sohasi xodimlariga juda katta imkoniyatlar yaratib berdi. Bugungi kunda boshqa viloyatdagi sud majlisiga borish, buning uchun sarf-xarajat qilish, ortiqcha vaqt yoʼqotish kabi tashvishlar deyarli barham topdi.
Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан кучга кирди. У 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат. 2023 йил 30 апрелдаги референдумда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонуни 2023 йил 1 майдан кучга кирди. Шу кундан эътиборан бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларида келтирилган нормалар конституцияга зид бўлса, судлар конституцияга қараб қарор қабул қилади.
Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида, янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланган.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади ҳамда янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади. Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланади.
Конституциянинг 29 моддасига асосан, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Конституциянинг XXIII боби суд ҳокимиятига бағишланган бўлиб, 130-140 моддаларни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Ўзбекистон Республикасида суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади. Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради. Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшган ҳолда сайланади. Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини беш йиллик муддатга сайлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.
Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди. Судьялар дахлсиздир. Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди.
Гулсара Сатторова, Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туман
Ватанни қанчалик севишнинг, ватанпарварликнинг ягона ўлчови йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки, бундай мезонлар бўлган нуқтада ватанпарварлик чекланади, таъбир жоиз бўлса, тугайди. Шоиримиз Абдулла Орипов “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” деб, агарда тарих ҳукми халқимизга мангу музликларни, қорликларни макон этганда ҳам ўша музларга меҳр бериши, юртни фақат бойликлар учун севган фарзандларни кечирмаслиги ҳақида куйлаганида ўзгача маъно ва мазмун мужассамдир.
Дарҳақиқат, Ватан хизматида бўлиш, халқни ҳимоя қилиш, унинг тинчлиги учун жонини бағишлай олиш – виждон, иймон билан хизмат қилиш ҳамда ҳалоллик ва адолат йўли – тараққиёт йўли ҳисобланади.
Ҳалоллик, ўз маъносига кўра, тўғрилик, адолат, софдиллик, самимийлик, иймон сўзлари билан уйғундир. Тўғрилик, ҳалолликни сингдириш инсоният тарихида энг қийин ишлардан бўлган. Буни юксалишга эришган давлатлар тарихини ўрганиш давомида ҳам кўриш мумкин.
Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари ҳам ҳалоллик, ростликни ички ва ташқи сиёсатни юргизишда, оила тарбиясида, тўғри йўлга риоя этишда бош қадрият деб билганлар. У кишининг тузукларида “Рости русти” деган ёзув ҳам “Куч тўғриликдадир”, деган маънони ифода этган. Адолат сўзи ҳам араб тилида “ҳалол, тўғри, рост, ҳаққоний” деган маъноларни ифода этиб, дунёдаги барча катта ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ислоҳот ҳамда ўзгаришлар айнан адолат, ҳалолликни ўрнатишга даъватдан бошланган.
Хусусан, уч минг йиллик буюк тарихимизга олтин ҳарфлар билан битилгувчи Тўмарис, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳукмронлигидаги давлатларда илм-фан, санъат, ҳунармандчилик, бунёдкорлик ривожига айнан ҳалоллик ва адолат омиллари кенг йўл очган.
Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьялари И.Юлдашев, Н.Солиев ва М.Махсудовалар томонидан Бухоро педагогика институти талабалари билан “Коррупциясиз жамият қурамиз” мавзуси юзасидан учрашув ўтказилди.
Мазкур ҳуқуқий тарғибот доирасида ўтказилганучрашувга сўзга чиққан судьялар талабаларга аввало коррупция тушунчаси, коррпциянинг кўринишлари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилиб, унинг жамият ривожига, мамлакат тараққиётига жиддий хавф туғдиридиган иллат эканлиги боис юртимизда коррупцияга қарши жиддий кураш олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Коррупция –бу мансабдор шахснинг ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиши, хизмат ваколатларидан четга чиқиши, таниш-билишчилик, ошна-оғайинчилик, қариндош-уруғчилик асосида иш ташкил қилиб, инсон ҳуқуқларига путур етказиши, айниқса, порахўрлик, таъмагирлик қилиши билан жамиятимиз учун ижтимоий хавфли эканлиги ҳақида тушунчалар берилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа норматив ҳужжатлар хусусида, Қонуннинг мазмуни ва моҳияти ҳамда қонунчиликни амалга ошириш механизмлари тўғрисида талаблар учун содда қилиб батафсил тушунтиришлар берилди.
Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, талабаларга тасаввур қилиш учун коррупцион жиноят ва унинг аянчли оқибатлари акс этган видеолавҳа намойиш қилинди.
Судьялар томонидан мазкур учшарувдан кўзланган асосий мақсад талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва қонун устуворлигини таъминлашда ҳар бир фуқаро бирдек масъул эканлиги, уларнинг институтда ўқув дастурларини яхши ўзлаштириб, шу юрт, шу ватан олдидаги фарзандлик бурчини бажариш ҳамма учун фойда келтиришини яна бир бор эслатиб ўтишдан иборатлиги таъкидланди. Учрашув сўнгида талабалар томонидан ўзларини қизиқтирган коррупцияга оид ва бошқа ҳуқуқий масалалар юзасидан берилган саволларга судьялар томонидан батафсил жавоблар берилди.
М.Қўшаев муқаддам ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан, бундан ўзига ижобий хулоса чиқармасдан, яна қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида таниши вояга етмаган Ғ.Умирбаев билан билан олдиндан жиноий тил бириктириб, у билан бир гуруҳ бўлиб, 2023 йил 18 февраль куни соат 23:10.ларда Бухоро шаҳар “М.Ашрафий” кўчаси 21-уйда жойлашган компьютер ўйинлари залида фуқаро Тўхтаев Ёқубжон Акрамовичнинг ўйин ўйнаб, чалғиб қолганлигидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган жигар рангли куртканинг ички чўнтагидан, унинг ичида номига расмийлаштирилган банк пластик карталари ва 1.800.000 сўм нақд пуллари мавжуд бўлган ҳамённи яширин равишда талон торож қилиб, хавфли рецидив ўғирлик жиноятини содир қилган.
Мазкур жиноят иши 2023 йил июнь ойининг 9 куни, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, судланувчи М.Қўшаевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 /уч/ йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, судланувчи в.е. Ғ.Умирбаевга эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари билан ЖКнинг 841-моддасига 1 /бир/ йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Завқий Қурбонов,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Жўрабек Тожиев,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби оила, болалар ва ёшлар деб номланган. Конституциянинг 77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган. 80-моддасига асосан, вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг V бўлими оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятларига бағишланган. Мазкур бўлимда, ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари, эр-хотинлар ва собиқ эр-хотинларнинг алимент мажбуриятлари, қариндошлар ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тузиш тартиби ва алиментларни тўлаш ва ундириш тартиби билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган.
Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир. Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартдир. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади. Ота-онадан вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ундириладиган алиментнинг миқдори суд томонидан алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин. Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.
Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт. Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.
Алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин. Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ота-онасининг касаллигига ва бошқа узрли сабабларга кўра қилинадиган қўшимча харажатларда иштирок этишлари шарт. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар томонидан қўшимча харажатлар ихтиёрий равишда қопланмаса, талаб қилинаётган сумма суд тартибида ундирилиши мумкин.
Алимент ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи қонунчиликда белгиланган тартибда ижро этилади.Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддасига асосан, алиментлар ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари дарҳол ижрога қаратилади.
Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Зафар Усмонов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди раиси
Коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлиб қолаётганлигини, унга қарши жиддий ва кескин кураш олиб бориш зарурлигини вазият тақозо этмоқда. Қайси бир соҳани олмайлик ўша соҳада ривожланиш, тараққиёт рўй бермаётган экан, унинг сабабларидан бири коррупцияга бориб тақалади. Амалда коррупция мамлакатда ислоҳотларни амалга оширилиши, ўз олдимизга қўйилган мақсадлар йўлидаги жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ҳозирги пайтда жаҳондаги деярли барча илғор давлатлар миллий даражада коррупцияга қарши кенг кўламли чораларни қўллаш билан бирга халқаро миқёсда уни олдини олишга қаратилган дастурлар амалга оширилишида фаол иштирок этиб келмоқда.
Коррупция халқнинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончига путур етказади, жамиятнинг ахлоқий асосларини емиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг вужудга келиши ва чуқурлашишига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг 03.01.2017 йилдаги ЎРҚ-419-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонуннинг 3-моддасида, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш деб тариф берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.12.2020 йилдаги ПФ-6127-сонли “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган.
Ушбу Фармонга асосан, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:
судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;
судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;
судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;
судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.
2021 йил 1 февралдан бошлаб суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Кенгаш ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:
илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш;
судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши муносабати билан 2021 йил 1 январдан ушбу судларнинг малака ҳайъатларини шакллантирилган. Судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Кенгаш раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар бериши, судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши, суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилиши тартиба жорий қилинган.
Азиз Шарипов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш демократик ҳуқуқий давлат ва ривожланган фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги муҳим асослардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, бу борада тўпланиб қолган қатор муаммолар ўзининг мантиқий ечимини топиб бормоқда.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида аҳоли ва уларнинг мурожаатлари билан ишлаш масалалари замонавий кўриниш ола бошлади. Шу билан бирга, давлат органлари ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг намунаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247 сонли Фармони имзоланди.
Фармонга асосан,
давлат органлари ва ташкилотлари:
ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради;
1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.
Таъкидлаш жоизки, сўнги пайтларда давлат харидлари масаласи кун тартибида асосий масалалардан бири бўлиб келаётган эди. Мазкур соҳадаги статистик маълумотлар Очиқ маълумотлар порталида онлайн тарзда эълон қилиб борилаётган бўлса-да, бироқ ўз ечимини топмай қолаётган масалалар талайгина эди.
Фармонга асосан, эндиликда 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради:
амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);
мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлатсирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;
ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.
Шу билан бирга, Фармон билан очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Шуни назарда тутиш керакки, бу рўйхат узлуксиз янгиланиб боради. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги бу рўйхатни янада кенгайтириш бўйича доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиб боради.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ислоҳотларнинг барчаси инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоялаш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, демократик ислоҳотларни яна-да чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлар бўйича судья катта ёрдамчиси, жиноят ҳамда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судья ёрдамчиси, Пешку туманлараро иқтисодий судининг девонхона мудири лавозимларига олий юридик маълумотга эга шахслар ишга таклиф қилинади.
Номзодлар ишга танлов асосида қабул қилинади.
Танлов бўйича номзодни ишга қабул қилиш Бухоро вилоят судининг Кадрлар заҳирасини шакллантириш комиссияси суҳбати натижаси бўйича амалга оширилади.
Номзоднинг чет тилларини билиш қобилияти қўшимча рағбатлантирилади.
Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Бухоро вилоят судининг bux.kadr@sud.uz электрон манзилига қуйидаги ҳужжатларни юборишлари сўралади: