PROTSESSUAL HUQUQ NORMALARINI TO‘G‘RI QO‘LLASH VA ISHDA ISHTIROK ETUVCHI SHAXSLAR HAMDA UCHINCHI SHAXSLARNI ISHGA JALB QILISH

Adolatli sudlovni amalga oshirishning muhim shartlaridan biri – protsessual huquq normalarini to‘g‘ri qo‘llashdir. Sud amaliyotida qonun ustuvorligini ta’minlash uchun protsessual qoidalar aniq va izchil bajarilishi lozim. Ushbu maqolada protsessual normalarning ahamiyati, ishda ishtirok etuvchi shaxslar hamda uchinchi shaxslarni ishga jalb qilish masalalarini tahlil qilamiz.

Protsessual huquq normalarining ahamiyatiprotsessual huquq sud ishlarini yuritish tartibini belgilovchi normalar tizimi bo‘lib, u quyidagi asosiy maqsadlarga xizmat qiladi:

 • Sud jarayonining qonuniyligi va shaffofligini ta’minlash;

 • Taraflarning huquq va majburiyatlarini aniq belgilash;

 • Adolatli qaror chiqarish uchun asos yaratish;

 • Sud jarayonining oqilona va samarali tashkil etilishini ta’minlash.

Protsessual normalarni noto‘g‘ri qo‘llash natijasida ish yuritishda xatolarga yo‘l qo‘yilishi, taraflarning huquqlari buzilishi va odil sudlov tamoyillariga putur yetishi mumkin.

Ishda ishtirok etuvchi shaxslar va ularning huquqiy maqomi – sud protsessida ishtirok etuvchi shaxslar protsessual huquq subyektlari bo‘lib, ular ma’lum protsessual huquq va majburiyatlarga ega. Fuqarolik, jinoyat va ma’muriy sud ishlarida ishtirok etuvchi shaxslar tarkibi har xil bo‘lishi mumkin, biroq umumiy jihatdan quyidagi toifalarga bo‘linadi:

Taraflar

 • Da’vogar – sudga da’vo arizasi bilan murojaat qilgan shaxs;

 • Javobgar – da’voning boshqa tomoni bo‘lib, u da’vogarning talablariga javob beradi.

Taraflar teng protsessual huquqlarga ega bo‘lib, o‘z dalillarini keltirish, hujjatlar taqdim etish, sud qaroridan shikoyat qilish huquqiga ega.

Vakillar va advokatlar – Sud ishida taraflarning vakillari yoki advokatlari ishtirok etishi mumkin. Ular sud protsessida qonuniy manfaatlarni himoya qiladi, huquqiy yordam ko‘rsatadi va protsessual harakatlarni amalga oshiradi.

Prokuror – prokuror davlat manfaatlarini himoya qilish uchun sud ishida ishtirok etadi. U ayniqsa, davlat manfaatlariga, jamoat xavfsizligiga yoki ijtimoiy ahamiyatga ega bo‘lgan ishlar bo‘yicha o‘z xulosalarini bildiradi.

Sud ekspertlari va mutaxassislar – sud ekspertlari va mutaxassislar dalillarni aniqlash va tahlil qilish uchun sudga o‘z xulosalarini taqdim etadilar. Masalan, sud-tibbiy ekspertizasi, moliyaviy audit, psixologik ekspertiza kabilar jarayonning adolatli hal qilinishiga yordam beradi.

Guvohlar – guvohlar muayyan hodisalar to‘g‘risida axborotga ega bo‘lib, sudga dalillar taqdim etish uchun chaqiriladi. Ularning ko‘rsatmalari sud qaroriga bevosita ta’sir ko‘rsatishi mumkin.

Uchinchi shaxslarni ishga jalb qilish asoslari va tartibi – ba’zan sud ishini adolatli hal etish uchun uchinchi shaxslarni ishga jalb qilish zarur bo‘ladi. Uchinchi shaxslar ishning natijasiga bevosita yoki bilvosita ta’sir ko‘rsatuvchi manfaatlarga ega bo‘lishi mumkin.

Uchinchi shaxslarning turlari

Mustaqil talab qiluvchi uchinchi shaxslar

 • Ular ish natijasiga bevosita ta’sir qiluvchi mustaqil huquqqa ega bo‘lishadi.

 • Masalan, mulk nizolarida uchinchi shaxs mulk huquqi asosida ishtirok etishi mumkin.

Mustaqil talab qilmaydigan uchinchi shaxslar

 • Ular ish natijasiga qiziqish bildiruvchi tomon bo‘lib, taraflardan birining manfaatini himoya qiladi.

 • Masalan, sug‘urta kompaniyasi javobgar tomon manfaatida ishtirok etishi mumkin.

Uchinchi shaxslarni ishga jalb qilish tartibi

 • Sud tashabbusi bilan – agar sud uchinchi shaxsning ishtiroki ishning adolatli ko‘rib chiqilishi uchun zarur deb hisoblasa, uni ishga jalb qilishi mumkin.

 • Taraflarning iltimosnomasi asosida – da’vogar yoki javobgar uchinchi shaxsni ishga jalb qilish haqida iltimosnoma kiritishi mumkin.

 • Oliy instansiya qaroriga ko‘ra – agar yuqori instansiya sud ishida uchinchi shaxslarning manfaatlari buzilgan deb hisoblasa, ularni ishga jalb qilish bo‘yicha ko‘rsatma berishi mumkin.

Protsessual huquq normalarini to‘g‘ri qo‘llash odil sudlov tamoyillarini ta’minlashning asosiy omillaridan biridir. Ishda ishtirok etuvchi shaxslarning huquq va majburiyatlari aniq belgilanishi, uchinchi shaxslar esa qonuniy asosda ishga jalb qilinishi lozim. Sud amaliyotida protsessual qoidalarga rioya qilish sud qarorlarining qonuniyligi va adolatliligini kafolatlaydi, fuqarolar huquqlarining buzilishining oldini oladi hamda sud tizimiga bo‘lgan ishonchni oshiradi.

F.Murodov

Kogon tumanlararo iqtisodiy sudi raisi

Уй-жойга оид низоларнинг судларда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Қонунчилигимизга кўра, мулкдор, ижарачи ва уларнинг оила аъзолари ўртасида уй-жой масаласида келиб чиққан низолар суд тартибида ҳал қилинади. Бундай низолар қаторига хусусан, уйга киритиш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уйдан кўчириб чиқариш билан боғлиқ масалалар киради.

Ушбу тоифадаги ишларни кўришда моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис уларни судда кўриб чиқишнинг процессуал ҳусусиятлари қонунчиликда мустаҳкамланган. Бу борада Олий суд Пленумининг «Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Энг аввало, судлар уй-жой билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда уларни хусусий ёки давлат уй-жой фондига тегишли эканлигини аниқлаши лозим. Чунки уй-жойнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаштирмасдан туриб, ушбу тоифадаги ишлар бўйича моддий ҳуқуқ нормасини қўллаш мумкин эмас.

Хусусий мулкида уйи, квартираси бўлган фуқаролар вояга етган оила аъзоларининг розилиги билан бошқа фуқароларни турар-жойга кўчириб киритишга, жисмоний ва юридик шахсларга белгиланган тартибда ижарага беришга ҳақлидирлар.

Мазкур тоифадаги ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, низоли уйда яшовчи вояга етган барча шахслар тегишлилигича ишга жалб қилинади. Шу сабабли, судлар низоли уйда яшовчи вояга етган шахсларнинг доирасини аниқлаши ва уларни судга жалб қилиш чорасини кўриши лозим.

Уйга яшаш учун киритиш ҳамда турар-жойдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқни йўқотган деб топиш тўғрисидаги даъволарни ҳал этиш жараёни ниҳоятда масъулиятлидир.

Бунда суд турар-жойга даъво қилувчи шахс Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси 2 ва 3-қисмларида қайд этилган шахслар сафига кириши ёки бошқа асос бўйича уйда яшашга бўлган ҳуқуқий ҳолатларини, қандай сабабларга кўра, яшамаётгани ва даъвони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаши тақозо этилади. Шунга кўра, судлар мулкдорнинг оила аъзоларига кимлар киришини аниқлаши муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2004 йил 21 майдаги «Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарори 5-бандига кўра,  мулкдорнинг оила аъзолари деб, у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади.

Эр-хотиннинг ота-онаси, мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар, шунингдек, мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар-жойига рўйхатдан ўтган бўлса, мулкдорнинг оила аъзоси деб топилиши мумкин.

Шунингдек, мулкдорнинг хотини ёки эри, болалари, ота-онасидан бошқа шахсларни оила аъзоси деб топиш масаласини ҳал этишда суд уларнинг ижарачи ва унинг оила аъзолари билан муносабатларини, умумий хўжалик юритгани, бир-бирига ёрдам  кўрсатиб келгани ва оилавий муносабатлари мавжудлигини гувоҳлантирувчи ҳолатларни аниқлаши зарур.

Бундан ташқари судлар уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъволарни кўришда даъвони қаноатлантиришга асос бўладиган махсус даъво муддати ўтган ё ўтмаганини аниқлаши шарт. Чунки Уй-жойкодексининг 52-моддасига мувофиқ муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар-жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганларида турар жой олти ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланади.

Вақтинча бўлмаганида фуқароларнинг турар жойи қуйидаги ҳолларда олти ойдан ортиқ муддатга сақланиб туради:

ҳарбий хизматга чақирилганда – чақирув бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг бутун даври мобайнида;

контракт бўйича ҳарбий хизматга кирилганда – контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг бутун даври мобайнида;

иш шароитлари ва хусусияти бўйича чет элга хизмат сафарида бўлиши ёки таълим олиши муносабати билан талабалар, докторантлар ва бошқалар доимий яшаш жойидан вақтинча жўнаб кетганида – ушбу ишни бажариш, хизмат сафарида бўлиш ёки таълим олишнинг бутун даври мобайнида;

болалар тарбиялаш учун болалар муассасасига, қариндошларга ёки ҳомийларга, васийларга топширилганда – улар ушбу муассасада, қариндошлар ёки ҳомийлар, васийлар қарамоғида бўладиган бутун давр мобайнида.

Бунда болалар чиқиб кетган турар жойда оиланинг бошқа аъзолари яшаш учун қолган бўлиши тақозо этилади.

Шахс белгиланган муддатдан ортиқ давр мобайнида уйда бўлмаслиги оқибатида турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топилиши мумкин. Бу манфаатдор шахснинг даъвоси бўйича суд йўли билан амалга оширилади. Агар суд шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ даврда яшамаслигини узрли сабаблар оқибатида юзага келган деб ҳисобласа, даъвони рад этади.

Бундан ташқари уй-жой мулкдорига нисбатан мазкур уй-жойда яшаш ҳуқуқини йўқотган деб топишга йўл қўйилмайди. Шуни ҳам қайд этиш керакки, нотариал тартибда тузилган уй-жой олди-сотди шартномасида сотувчи, унинг оила аъзолари ёки яшовчи бошқа шахснинг турар-жой рўйхатидан чиқиб кетиш муддати кўрсатилган бўлса, шу муддат тугаган кундан, муддат кўрсатилмаган бўлса, шартнома тузилган кундан эътиборан улар турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, уй-жой низолари билан боғлиқ ишларнинг моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя қилган ҳолда кўрилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Файзиев Нодирбек Новрузович,

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Усмонов Зафар Акрамович,

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди раиси

Алимент ундириш ҳақидаги низоларнинг судларда кўрилиши ва ушбу низоларнинг ўзига хос хусусиятлари

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
XIV боби оила, болалар ва ёшлар деб номланган. Конституциянинг
77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.

80-моддасига асосан, вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг V бўлими оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятларига бағишланган.

Мазкур бўлимда, ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари, эр-хотинлар ва собиқ эр-хотинларнинг алимент мажбуриятлари, қариндошлар ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тузиш тартиби ва алиментларни тўлаш ва ундириш тартиби билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган.

Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир. Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.

Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.

Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг

бир бола учун — тўртдан бир қисми;

икки бола учун — учдан бир қисми;

уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.

Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартдир. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади. Ота-онадан вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ундириладиган алиментнинг миқдори суд томонидан алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.

Ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин. Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.

Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.

Алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин. Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ота-онасининг касаллигига ва бошқа узрли сабабларга кўра қилинадиган қўшимча харажатларда иштирок этишлари шарт. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар томонидан қўшимча харажатлар ихтиёрий равишда қопланмаса, талаб қилинаётган сумма суд тартибида ундирилиши мумкин.

Алимент ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи қонунчиликда белгиланган тартибда ижро этилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддасига асосан, алиментлар ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари дарҳол ижрога қаратилади.

Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Файзиев Нодирбек Новрузович,

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Усмонов Зафар Акрамович,

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди раиси

ҚАРЗ МУНОСАБАТЛАРИДА ТИЛХАТНИНГ АҲАМИЯТИ

Symbol of law and justice in the empty courtroom, law and justice concept.

Бугунги кунда қарз олиб уни бермаётганларни кўплаб учратамиз, хўш қарз берилгандан сўнг уни қайтариб олиш учун қонунчиликда назарда тутилган асослардан хабаримиз нечоғлик.

Судга мурожаат қилаётган фуқаролар баъзи ҳолатларда қарз мажбурияти бўйича тилхат талаб этилганда уни тақдим эта олишмайди, қарздор эса тилхат бўлмаганлиги боис ўз-ўзидан мажбуриятини тан олмайди.

Тўғри, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 3-моддасига мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи Конституциямизда ҳам мустаҳкамланган бўлиб, хусусан 55-моддасига кўра, Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Бироқ, қарз муносабатида олди-бердини тегишли тартибда расмийлаштирмаслик тушунмовчиликлар юзага келиши ва ушбу жараёнда қатшанувчи шахслар ўртасида норозиликлар юзага келишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 735-моддасига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

Фоизсиз қарз суммаси қарз олувчи томонидан муддатидан олдин қайтарилиши мумкин.

Фоиз эвазига берилган қарз суммаси, агар қарз шартномасида кўзда тутилган бўлса ёки қарз берувчининг розилиги билан, муддатидан олдин қайтарилиши мумкин.

Фуқаролик кодекси 733-моддасининг 3-қисмига мувофиқ, агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Қонун ижросини суд амалиётдан бир мисолга қаратсак, судга даъвогар Т. жавобгар С. нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар ундан  100.000 рубл миқдорида қарз берганлигини, мазкур ҳолат юзасидан ИИБга мурожаат қилганлигини, мурожаат ижобий ҳал этилмаганлигини, шу сабабли судга мурожаат қилишга мажбур бўлганлигини таъкидлаб, жавобгардан унинг фойдасига 100.000 рубл доллари миқдоридаги қарзни ундириб беришни сўраган.

Суд муҳокамасида жавобгар С. Т.дан қарз олмаганлигини, тилхати мавжуд эмаслиги, ИИБ томонидан ҳам даъвогарнинг важлари ўз исботини топмаганлиги сабабли даъвони рад этишни сўраган.

Аниқки суднинг ҳал қилув қарори билан ишда қарз берилганлигини тасдиқловчи далил ҳужжатлар (тилхат, қарз шартномаси) мавжуд эмаслиги сабабли даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилди.

Фуқаро “Т” бу ҳолатда Фуқаролик кодексининг 108-моддасида кўзда тутилганидек, фуқаролар ўртасидаги белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ суммадаги битимлар, қонунда белгиланган ҳолларда эса — битим суммасидан қатъи назар, бошқа битимлар – оддий ёзма шаклда тузилиши лозимлиги ҳақидаги талабга риоя қилганда эди, балки келишмовчилик юзага келмаган бўларди.

Яна бир ҳолатда, даъвогар Ю. судга жавобгар Я.га нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгардан 2500 АҚШ доллари миқдоридаги қарзни ундиришни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилган.

Аниқланишича, фуқаро Я. томонидан 2024 йил 17 ноябрда ёзилган тилхатда у Ю.дан 2500 АҚШ доллари миқдорида қарзи борлиги, қарзини 1 ой муддатга қайтариб беришини қайд этган. Суд муҳокамасида жавобгар олинган қарз суммасини қайтарганлигини баён этган бўлса-да, исботлаш воситаси бўладиган далил ҳужжатни тақдим эта олмади.

Хулоса ўрнида, ёдда тутиш лозим бўлган ягона ҳолат бу қарз шартномасини тўғри расмийлаштириш ва қарзни ўз вақтида қайтариш ҳисобланиб, қарз берувчи ва қарз олувчи асрлар давомида амалда бўлган миллий удумларимизга, амалдаги қонун талабларига риоя қилсалар, фуқаролар ўртасида турли низолар келиб чиқиши ва ортиқча оворагарчиликка барҳам берилади.                                   

Ў.С.Разиков

фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси

ПЕНЯ МИҚДОРИНИНГ КАМАЙТИРИЛИШИ АСОСИ ҚОНУН БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНГАН

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кент имкониятлар яратилган бўлиб, бу борада иқтисодий соҳа ривожлангани сайин шартномавий муносабатлардан юзага келадиган низоли масалаларда судларга мурожаатлар кўпайиши табиий ҳолдир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 263-моддасига кўра, неустойка тўлаш тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъи назар, кредитор қонунда белгиланган неустойка (қонуний неустойка)ни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Даъвогар Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси жавобгар К.Толибовдан (исм фамилиялар ўзгартирилди) 2022 йил 31 октябрда Пешку тумани “Ч” МФЙ ҳудудида жойлашган 0000-сонли лот бўйича 0,1208 гектар бўлган кўп қаватли уй-жой бинолари ва мажмуаларини қуриш учун ер участкасини ижара ҳуқуқи асосида сотиш бўйича олди-сотди шартномаси бўйича тўловларни ўз вақтида тўламаганлиги учун 110.057.972 сўм пеняни ундиришни сўраган.

Иш ҳолатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси ва фуқаро Ҳайитова Диловар Рахмоновна ўртасида 2022 йил 31 октябрда Пешку тумани “Ч” МФЙ ҳудудида жойлашган 3351557-сонли лот бўйича 0,1208 гектар бўлган кўп қаватли уй-жой бинолари ва мажмуаларини қуриш учун ер участкасини ижара ҳуқуқи асосида сотиш бўйича (866.520.000 сўмлик) олди-сотди шартномаси тузилган.

Шартноманинг 3.1-бандига кўра, харидор ер участкасини сотиб олиш учун шартномадаги график асосида тўловларни Бухоро вилоят Давлат активлари бошқармаси фойдасига ҳар ойнинг 3 санасида тўлаш мажбуриятини олган, ушбу шартноманинг 6.2-бандига кўра “мазкур шартноманинг 3.1-бандига мувофиқ, сотиб олиш тўловлари ўз вақтида тўланмаган тақдирда, харидор ҳар бир кечиктирилган кун учун ўз вақтида тўланмаган тўловларнинг 0,4 фоизи миқдорида, лекин ўз вақтида тўланмаган тўлов қийматининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда буюртмачига пеня тўлайди”- деб кўрсатилган.

Фуқаролик кодекснинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.

Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.

Кодекснинг 335-моддасига кўра, агар кредитор қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмаслиги юз беришига ёки бажармаслик туфайли етказилган зарар миқдорининг кўпайишига кўмаклашган бўлса, шунингдек кредитор мажбуриятни бажармасликдан етказилган зарарни камайтириш чораларини қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли кўрмаган бўлса, суд ишнинг ҳолатларига қараб тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақли.

Суд 110.057.972 сўм пеня ундириш ҳақидаги даъво талабини муҳокама қилиб, пеня миқдори кўпайишига даъвогарнинг ўзи ҳам сабабчи эканлигини, жавобгар ҳомиладор бўлиб, ўзи ва турмуш ўртоғи ишсиз эканлигини, ҳозирда моддий жиҳатдан қийналиб қолганлигини, мазкур ҳолатда суд пеня миқдорини камайтиришга ҳақли эканлигини инобатга олиб, амалда 110.057.972 сўм пеня ундирилиши лозим бўлса-да, талабни қисман қаноатлантириб жавобгардан даъвогарнинг фойдасига 10.000.000 сўм миқдорида пеня ундиришни лозим топган.

Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи Конституциямизда ҳам мустаҳкамланган бўлиб, хусусан 55-моддасига кўра, Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Хулоса ўрнида, эсда тутиш лозим бўлган ягона ҳолат бу шартнома шартларига қатъий риоя қилиш, мажбуриятни ўз муддатида бажариш – шартнома иштирокчилари ўртасида муносабатлар давом этишининг асоси бўлиб хизмат қилади.                                   

Изоҳ: мақола қонуний кучда бўлган суд қарори асосида тайёрланди.

Ў.С.Разиков

фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси

Ижросиз жазо жиноятнинг нишони

Суднинг ҳукми билан жавобгарликка тортилган шахсларнинг жазо ўташини таъминлаш жазони ўташ муассасасининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнда маҳкумларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда белгиланган чекловларга амал қилишларини назорат қилиб бориш ҳам мазкур хизмат фаолиятининг бир бўғинидир. Пировард натижада намунали жазо ўтаган маҳкумни муддатидан аввал озод қилиш ва уларни жамиятга мослаштириш бир мунча осон кечсада акси бўлган махкумларда бу ҳолат жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Бу борада жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг ҳукмини мисол қилса бўлади.

Судланувчи А.Хошимов (исм-фамилияси ўзгартирилган) муқаддам ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун судланиб, охирги маротаба ЖИБ Паркент туман судининг 13.04.2016 йилдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “в” банди, 169-моддаси 4-қисми “в” банди, 227-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг                   60-моддасига асосан 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони Когон туманида жойлашган 1-сон жазони ижро этиш колониясида умуммий тартибда ўтаб келиб, жазони ўташ тартиби талабларини мунтазам равишда бузиб, колония бошлиғининг 25.03.2021 йилдаги 23-сонли қарори билан огоҳлантириш интизомий жазоси, 06.05.2022 йилдаги  43-сонли қарори билан 5 кеча кундуз интизомий бўлимга киритиш жазоси, 14.03.2023 йилдаги 31-сонли қарори билан 5 кеча кундуз интизомий бўлинмага киритиш жазоси, 11.05.2023 йилдаги 48-сонли қарори билан 10 кеча кундуз интизомий бўлимга киритиш, 22.02.2024 йилдаги 15-сонли қарори билан 27 кеча кундуз карцер интизомий жазо қўлланилган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, 2024 йил 24 март куни соат 17:50 ларда колония барча маҳкумлари кун тартиби бўйича овқатланиш учун сафланиб ошхона бораётганларида сафнинг орқа қисмига ўтиб туркум маҳкумлари олдида ўз норозилигини билдириб, тарбиявий ишлари бўлими капитан А.Тўраевни ҳақорат қилиб, колония ходимлари билан ҳақоратомуз муамалада бўлиб, колония ходими А.Тўраевнинг  қонуний талабларини рад қилиб сафдан чиқиб, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ва колония ички тартиб қоидаларига риоя этиш ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларни ҳам ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, жазони ўташ тартибини қўпол тарзда бузган.

Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди 2024 йил 16 августдаги ҳукми билан А.Хошимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 221-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 60-моддасига асосан 7 (етти) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди судьяси
У.Аллаев

“Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун моҳияти юзасидан

мазмун моҳияти юзасидан

Кейинги йилларда «Янги Ўзбекистон — янги суд» принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Шу билан бирга бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Чунки, ҳуқуқи бузилган шахслар ижтимоий адолат ўрнатилишини истаб судларга мурожаат қилади, уларнинг бузилган ҳуқуқини қонуний, асосли ва адолатли суд қарорлари орқали тикланиши аввало фуқароларнинг одил судлов тизимидан, қолаверса давлатдан розилигини таъминланишига олиб келади. Шу боис мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсадларидан бири одил судлов сифатини янада яхшилаш ва такомиллаштириш ҳисобланади.   

2024 йил 1 январдан кучга кирган ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилишини, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилишини, ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўрилишини, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланишини, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилишини, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар тўғрисида қуйидагиларни тушунтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилди. Бундашикоят беришнинг қуйидаги муддатлари белгиланди:

– апелляция шикояти(протести) бериш муддати суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир ой. Ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилингандан эътиборан 3 ойдан кечиктирмай берилган ва узрли сабаблар бўлса, тикланиши мумкин.

– кассация шикояти(протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома кассация шикояти бериш муддати ўтган кундан эътиборан 3 ойдан кечиктирмай берилган
ва узрли сабаблар бўлса, тикланиши мумкин.

– тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади. Вилоятлар ва унга тенглаштирилган судларда тафтиш тартибида шикоят бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан ажрим чиқарилгунга қадар ўтган тақдирда, шу ажрим қабул қилинган кундан эътиборан 3 ой ичида берилиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома шикоят(протест) бериш муддати ўтган кундан эътиборан
3 ой ичида берилган ва узрли сабаблар бўлса, тикланиши мумкин.

Шикоят бериш тартиби ва кўрилиши борасида:

– юқори инстанция суди номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарори, ажримни, қарорни қабул қилган судга топширилади;

– суд ҳужжатини қабул қилган суд тегишли шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда уни иш билан бирга апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судига юбориши шарт. Бу олдинги Фуқаролик процессуал кодексида мавжуд бўлмаган янгилик ҳисобланади, илгари биринчи инстанция суди келиб тушган шикоят (протест)ни тўлиқ расмийлаштириб, ишни кўриш вақти ва жойини белгилаб апелляция инстанцияси судига юборар эди, ишни кўриш жараёнида бошқа тарафлардан шикоят келиб тушганда иш қайта расмийлаштириш учун юборилиши лозим эди. Ҳозирги ўзгартириш ва қўшимчалар боис биринчидан Фуқаролик процессуал кодекси амалдаги Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекс билан бир хил унификация қилинди, иккинчидан биринчи инстанция судлари ортиқча иш юкламасидан озод қилинди;

– ўз навбатида шикоят (протестлар) иш билан бирга апелляция ёки кассация ва тафтиш инстанцияларига келиб тушгандан сўнг вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьяларига қўшимча ваколатлар белгиланди, яъни тегишли шикоятларни агар улар муайян хато ва камчиликлар билан тақдим этилган бўлса қайтариш, қабул қилишни рад этиш, иш юритишга қабул қилиш, кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш юзасидан процессуал ҳаракатларни амалга ошириши мумкин бўлди.

– энг асосий ўзгаришлардан яна бири апелляция ва кассация инстанцияси судлари энди иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга ҳақли эмас. Яъни тарафларни овора қилмаслик, масалани жойида мазмунан ҳал қилинишига эришиш мақсадида ФПК 399, 419-моддаларида белгиланганидек, қонунда белгиланган асослар аниқланганда, улар ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради.   

Ишларни Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўриш юзасидан:

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан, шунингдек ушбу судларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанцияси бўйича қабул қилинган ҳамда апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан берилган шикоят (протест)лар тафтиш тартибида Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилиши белгиланди. Фақат бунда Олий суд судьяси келтирилган тафтиш тартибидаги шикоят(протестлар)ни мавжуд материаллар ёки иш ҳужжатлари асосида ўрганиб чиқиб, шикоятни судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказиш ёки ўтказишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Олий суд раиси ёки ўринбосари шикоят берган шахснинг аризасига асосан судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримни бекор қилиш ва кўриб чиқиш учун судлов ҳайъатига ўтказишга ҳақли. 

Шунингдек, Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Бош прокурор томонидан келтирилган протестлар асосида ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида тафтиш тартибида кўрилиши белгиланди.  

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).

Маълумот ўрнида ушбу Қонун билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида 2024 йил 6 ойи давомида Бухоро вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан туманлараро судларида кўрилган ишлар юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларига нисбатан берилган шикоят(протест)ларга асосан апелляция тартибида 395 та, кассация тартибида 121 та ва тафтиш тартибида 114 та ишлар кўриб чиқилганлигини таъкидлаш лозим. 

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонун фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқларининг кафолатларини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловдан фойдаланиш даражасини янада оширишга, судьяларнинг иш ҳажмини ҳамда юкламасини мутаносиб тарзда белгилашга, судларнинг масъулиятини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.

 Шуҳрат Аббасов

Бухоро вилоят суди судьяси

Ер умуммиллий бойлик сифатида қонун ҳимоясидадир

Маълумки, ер умуммиллий бойлик ҳисобланади, халқимиз ва юртимиз фаровонлиги ва тараққиётининг асоси бўлиб, давлатимиз томонидан алоҳида муҳофазага олинган. Шунга кўра ер муносабатларини тартибга солишда мустаҳкам қонунчилик асослари яратилган бўлиб, унинг асосий вазифаси ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш ва коррупциянинг олдини олишдан иборат.

Бироқ, афсуски ердан фойдаланиш соҳасида ер эгалари ёки бошқа шахсларнинг ер участкаларидан фойдаланишда турли суиистеъмолчиликларга йўл қўйиш, ер участкаларидан самарали фойдаланмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва тегишли рухсатсиз ноқонуний қурилмалар қуриш ва ер участкасига зарар етказиш каби қонун бузилиш ҳолатлари мавжуд. Зеро, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъбирлари билан айтганда “Ерга хиёнат- бу элга, юртга бўлган хиёнатдир”.

Шуни таъкидлаш лозимки, ер соҳасида содир этилган қонун бузилишлар учун айбдор шахсларнинг қонунга мувофиқ тегишли тартибда фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарлигига сабаб бўлади.  

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси,             Ер кодекси  ва бошқа фуқаролик қонунчилигига асосан қонун бузилиш содир этган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан фуқаролик ҳуқуқий жавобгарлик сифатида ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш, ер участкасидан мажбурий тартибда чиқариш, ноқонуний қурилмаларни буздириш, ер участкасини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш ва унга етказилган зарарни ундириш каби жавобгарликларга сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддасида ерга нисбатан эгалик ҳуқуқини бузиш, хусусан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш,                 601-моддасида суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик, 65-моддасида ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга тушириш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 197-моддасига асосан  ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш,                     1971-моддасида суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик, 2291-моддасида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, 2296-моддасида суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган. Фарқли жиҳати, жиноий жавобгарлик белгиланишида содир этилган ҳуқуқбузарликлар оғир оқибатларга олиб келган ёки илгари мазкур ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарлик жавобгарлик чораси қўлланилган бўлиши лозим.

Иқтисодий судларда айнан ердан фойдаланиш соҳасида қонунбузилишларга йўл қўйганлик учун ер участкаларини ижарага бериш шартномаларини бекор қилиш ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши, ер участкасидан мажбурий тартибда чиқариш (ер участкаларини бошқа шахсларнинг қонунсиз эгалигидан олиб бериш), ер участкасида қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш, ер участкасини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш ва унга етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ низолар кўриб чиқилади.

Статистик маълумотларга кўра, Бухоро туманлараро иқтисодий судида 2023 йил ва 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар бўйича келиб чиққан низолар юзасидан жами 58 та даъво аризалари кўриб чиқилган, шундан 22 та даъво аризалари қаноатлантирилган, 3 та даъво аризаларини қаноатлантириш рад қилинган, 17 та даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган, 16 та даъво аризалари бўйича иш юритиш тугатилган. Мисол тариқасида, суднинг ҳал қилув қарорлари билан даъвогар Бухоро шаҳар ҳокимлигининг даъво аризаларига асосан жавобгарлар Бухоро шаҳридаги “Gurda Oli” МЧЖ ва “Iman end Kompani” МЧЖлар билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги шартномалари бекор қилинган. Бунга сабаб мазкур корхоналар томонидан шартнома ва қонунчилик талабларини бузиб, ажратилган ер участкасидан белгиланган мақсадда самарали фойдаланмасдан келинганлиги, бир неча йиллар мобайнида белгиланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирмаслик ва топширмаслик, ер участкасини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқариб, зарар етказилганлиги каби қонун бузилиш ҳолатлари асос бўлган. Шунингдек, Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармасининг даъво аризалари асосида Бухоро шаҳридаги “Buxara Gaz Invest” МЧЖ, “Buxoro Agro Invest Garden” МЧЖ, “Hikmat Hamdam Omad” фермер хўжаликларига нисбатан даъво аризаларига асосан кўрилган ишлар бўйича мазкур корхоналар тегишли ер участкаларида рухсатсиз ноқонуний қурилмалар қурилганлиги ҳолатлари исботланганлиги сабабли мазкур ноқонуний қурилмаларни жавобгар шахслар ҳисобидан буздириш бўйича тегишли ҳал қилув қарорлари қабул қилинган ва мажбурий ижрога қаратилган.        

Эътиборли жиҳати, судьялар томонидан мазкур тоифадаги низолар сайёр очиқ суд мажлисларида, хусусан ушбу ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва маҳалла йиғинлари вакиллари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларнинг иштирокида кўриб чиқилмоқда, бу эса мазкур низоларни ҳар томонлама тўғри ҳал этишга ва соҳада ҳуқуқбузарликларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

 Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ердан умуммиллий бойлик сифатида оқилона тарзда фойдаланиш, уни асраб-авайлаш ва келгуси авлодга етказиш ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчи эканлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим. 

И.Юлдашев

                                                          Бухоро туманлараро

                                                       иқтисодий суди раиси

                                                       Н.Солиев

                                                          Бухоро туманлараро

                                                       иқтисодий суди судьяси

ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯМИЗНИНГ 30 ВА 31-МОДДАЛАРИ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

Хабарингиз бор, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинди.

Қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишдан асоссий мақсад, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган.

Эски таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
128 моддадан иборат бўлган бўлса, ҳозирги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 155 моддадан иборат бўлиб, қўшимча равишда 27 модда билан тўлдирилди.

Бу эса ўз навбатида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш, мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг  
30-моддасида “Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.

Конституциямизнинг 31-моддаси “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Завқий Қурбонов,

Бухоро вилоят судининг судьяси

Суръат Найимов,

Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси

Жиноят жазосиз колмайди

Б. Рашидов илгари гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлиги учун судланган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади. У 2023 йилнинг 21 сентябрь куни жиноий шериги А. Нурмуродов билан аввалдан тузилган келишувга кўра Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги чойхоналардан бирида учрашиб, “уддабурон” ўз “дўст” идан шаффоф рангли полимер пакет ичига солинган соф оғирлиги 109,89 граммли “опий” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 20.000.000 сўм эвазига сотиб олди.
Иши осон битган “тадбиркор” “ажалнинг уруғи” ни ўз бошқарувидаги “Cobalt” русумли автомашина салонидаги хуфия жойга яшириб, Косон туманидан Бухоро вилояти, Когон тумани “Хўжабарги” кўчасининг темирйўл кесишган қисмига қадар қонунга хилоф равишда ташиб келтирди. 2023 йил 21 сентябрь куни соат 14:40ларда, ДХХ Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Бухоро вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, бу “учар тадбиркор” бошқарувидаги “Cobalt” тўхталганида, автомашина салон қисмини ёритиш чироғи ўрнатилган жойнинг бўшлиғига махсус яширилган, шаффоф рангли полимер пакет ичида етти дона шаффоф рангли полимер пакетчага алоҳида-алоҳида ўралган, тўқ жигарранг рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, сақичсимон кўринишдаги гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддалар ихтиёрий тақдим этилгди. Ушбу моддалар келгусида текшириб кўриш учун процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра бу модда “опий” гиёҳвандлик воситаси эканлигини тасдиқлади.
2023 йил 22 сентябрь куни соат 13:35ларда, ДХХ Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Бухоро вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, И. Каримов кўчасидаги “Асила” номли меҳмонхона автотураргоҳида тўхтаб турган А. Нурмуродов бошқарувидаги “Spark” автомашинаси тўхталганида, “ишбилармон” нинг эгнидаги кийимини ён чўнтагида, гугурт қутичаси ичида тўққиз дона шаффоф рангли полимер пакетчаларга алоҳида-алоҳида ўралган, тўқ жигарранг рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, сақичсимон кўринишдаги умумий оғирлиги 10,35 граммли “опий” гиёҳвандлик воситаси ихтиёрий тақдим этилди.
Қилмиш – қидирмиш деб шуни айтадилар-да. Суд ҳукмига кўра фақат ўз чўнтагини ўйлаган икки “шоввоз” қолган умрининг бир қисмини панжара ортида ўтказишига тўғри келадиган бўлди.

Яшин НИЁЗОВ,
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг раиси
Нурбек Рахимов
Бухоро вилоят суди бош консультанти

Skip to content