Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида
Судлар томонидан иқтисодий низолар мазмунан кўриб чиқилиб, ҳар томонлама асосли ва қонуний қарор қабул қилинишига қарамасдан, мазкур қарорлар аксарият ҳолларда бир тарафнинг фойдасига, бошқасининг эса зиёнига ишлаши ҳеч кимга сир эмас. Қонунчилигимизга асосан, манфаатдор шахслар суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишлари мумкин. Зеро, бу- ишда иштирок этувчи ҳамда манфаатдор шахсларнинг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади. Дарвоқе, иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция тартибида қайта кўриш суд процесси иштирокчиларининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади. Бироқ, иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти мазкур соҳада бир қатор масалалар юзага келаётганлигини кўрсатди. Худди шу сабаблардан келиб чиқиб ҳамда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида 2021 йил 21 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 16-сонли Қарори қабул қилинди. Мазкур пленум қарори иқтисодий судларда апелляция тартибида ишларни кўриш амалиётини белгилаб беради. Қуйида ушбу пленум қарорининг айрим жиҳатларини кўриб чиқамиз.
Хусусан, пленум қарорининг тушунтириш беришича, апелляция инстанцияси судида иш юритиш даъвогар, аризачи, жавобгар, учинчи шахс, улар вакилларининг шикояти бўйича, тарафлар ва учинчи шахслар ҳуқуқий ворисларининг шикояти бўйича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг шикояти бўйича, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно, ишда даъвогар сифатида қатнашган давлат органлари ва бошқа шахсларнинг шикояти бўйича ҳамда прокурорнинг протести бўйича қўзғатилади. Шунингдек, апелляция тартибида иш юритиш, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, суд ҳужжати ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир қилувчи шахснинг шикояти бўйича ҳам қўзғатилиши мумкин. Ушбу шахс суд ҳужжатида кўрсатилмаган ҳолларда ҳам, унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланади. Яъни шахс ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо суд ҳужжати унинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган бўлса, у мазкур суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, ишда иштирок этувчи шахснинг вакили, шу жумладан, адвокат, агар бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлсагина, суд ҳужжати устидан апелляция тартибида шикоят қилишга ҳақли (ИПК 63-моддаси иккинчи қисми). Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари ҳам апелляция шикояти беришга ҳақли бўлиб, бунда шикоятга ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи далил илова қилиниши лозим.
Пленум қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг апелляция шикоятини қабул қилишда шуни инобатга олиш лозимки, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низо деганда, фойда олиш мақсад қилинмаган фаолиятдан келиб чиққан низо (хусусан, юридик фактларни белгилаш тўғрисидаги, банкротлик тўғрисидаги ишлар, ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ, чет эл судлари ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги низолар) тушунилиши лозим.
Шунингдек, апелляция шикояти (протести) бериш муддатини ҳисоблаш ҳал қилув қарори қабул қилинган санадан кейинги кундан бошланади (ИПК 119-моддаси). Бунда ИПК 262-моддаси олтинчи қисмига мувофиқ, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслар учун апелляция шикояти (протести) бериш муддати уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ҳақида маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланади.
Пленум қарорида апелляция шикоятининг мазмунига қўйиладиган талабларга ҳам тўхталиб ўтилган. Хусусан, апелляция шикоятининг (протестининг) мазмуни ИПК 263-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши керак. Вакил томонидан имзоланган шикоятга унинг суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат илова қилинади. Шикоятни имзолашда факсимиледан фойдаланишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Агар шикоятни қабул қилишда судьяда шикоятни имзолаган шахсда таъсис ҳужжатларига мувофиқ уни имзолаш ҳуқуқи мавжудлиги борасида шубҳа туғилса, судья апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилади ва аризачига унинг шикоятни имзолашга ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этишни таклиф қилади. Шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далил тақдим этилмаганда, апелляция инстанцияси суди шикоятни ИПК 272-моддаси биринчи қисмига асосан кўрмасдан қолдиради.
Шунингдек, ИПК 273-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, агар апелляция шикоятида (протестида) биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар билдирилган бўлса, апелляция инстанцияси суди шикоятнинг (протестнинг) бу талабларга тааллуқли қисми бўйича иш юритишни тугатади. Пленум қарори янги талаблар деганда, биринчи инстанция судида кўриб чиқилмаган моддий-ҳуқуқий талаблар, шунингдек, биринчи инстанция судида ишни кўришда иштирок этмаган шахсга нисбатан билдирилган талаблар тушунилишини белгилаб берган.
Дарвоқе, апелляция инстанцияси суди шунга эътибор қаратиши зарурки, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари ИПК 279-моддасида белгиланган. Бунда судлар шуни инобатга олиши лозимки, биринчи инстанция суди томонидан ўз кучини йўқотган қонун ҳужжатларининг қўлланилганлиги ҳам моддий ҳуқуқ нормаларининг нотўғри қўлланилиши деб баҳоланади. Бироқ, айрим қонун ҳужжатларида муносабатлар вужудга келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилиши назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолда суд томонидан ўз кучини йўқотган ёки ўзгартирилган қонун ҳужжатлари қўлланилганлиги моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаш деб ҳисобланмайди.
Хулоса қилиб айтганда, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини тўлиқ ҳажмда текшириши ва апелляция инстанцияси судининг қарорида шикоятда (протестда) баён қилинган ҳар бир важга баҳо бериши зарур. Бу қуйи судлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунийлишини текшириш билан бирга ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда одил судловни таъминлашга, натижада эса тадбиркорлик субъектларининг суд тизимига нисбатан ишончини қозонишда беқиёс омил ҳисобланади.
Фаррух Муродов, Бухоро туманлараро иқтисодий судининг судьяси
Нурбек Рахимов, вилоят суди бош консультанти