Корру́пция (лат. corrumpere — маънавий (ахлоқий) жиҳатдан бузиш, разиллаштириш, йўлдан уриш, лат. corruptio — пора бериб сотиб олиш; бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш; чириш; сотқинлик,(таназзул) – одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатадиган атама. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига кўра коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш деб белгиланган. Жаҳонда коррупция ҳолатларининг кўриниши ва тавсифи кўп. Унинг келиб чиқиш сабабларини очиш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича олимлар, халқаро ташкилотлар, давлат органлари томонидан юзлаб тадқиқотлар ўтказилган. Айтиш жоизки, юртимизда коррупцияга қарши сиёсатни олиб бориш бўйича жуда катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда “коррупция” сўзи ишлатилган 207 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Уларнинг барчасида ушбу сўз коррупцияга қарши курашиш мақсадида ишлатилган. Президентмиз ўз лавозимига киришгандан сўнг имзолаган дастлабки қонунлардан бири ҳам айнан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун бўлди (2017 йил 3 январь). Фуқаролик жамияти институтлари иштирокида коррупцияга қарши жуда катта маърифий кураш, тадбирлар олиб борилмоқда. Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш мавзуларида ўқув дастурлари жорий этилди. Давлат органларининг халқ билан мулоқот қилиш тизими йўлга қўйилди. Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тузилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси тизими ривожланмоқда. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланмоқда, давлат хизматчисининг ҳар бир ножўя хатти-ҳаракати, унинг ким бўлишидан қатъи назар, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали ошкор этиб борилмоқда. Коррупцияга қарши сиёсатимизни мувофиқлаштирган ҳолда олиб бориш мақсадида нафақат республика даражасида, балки ҳудудларда ҳам Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар тузилди. Давлат харидларини амалга ошириш борасида сифат жиҳатдан янги тизимга ўтилди. Хусусан, 2018 йилда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун билан эса, давлат органининг хусусий шерикни танловга кўра саралаб олиш механизми жорий этилди. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш мувофиқлаштирилади ва алоҳида назоратга олинадиган бўлди. Ҳатто, текширишларга мораторий ҳам эълон қилингани барчамизга маълум. Давлат хизматчилари билан субъектив контактни минималлаштириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида бу жараёнга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали амалга оширилмоқда, ҳуқуқбузарликлар электрон рақамли воситалар орқали қайд этилмоқда. Кўпгина давлат хизматчиларининг аҳоли билан муносабатлари камералар орқали кузатиб борилади, ҳатто, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари эндиликда “боди камералар” билан жиҳозландилар. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ажратиш фақат электрон онлайн аукцион орқали амалга оширилиши тартиби жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг асосий вазифаларидан бири сифатида давлат хизматчиларида коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантириш этиб белгиланди. Шу билан бирга, Трансперенси Интернейшнл халқаро ташкилоти томонидан коррупцияга қарши кураш борасида дунё рейтингида Ўзбекистонга берган баҳоси йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Шундан кейин ҳам мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш борасида тизимли ишлар давом эттирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланадиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони коррупцияга қарши курашни янада такомиллаштиришда муҳим асосга айланди. Фармонда “Коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси этиб белгилансин”, дея қайд этилди. Шу иқтибоснинг ўзиёқ, бугунги кунда коррупцияга қарши кураш нақадар муҳим эканлигини кўрсатмоқда. Жахонгир КАРИМОВ, Fuqarolik ishlari bo‘yicha Ромитан туманлараро суди судьяси Убайдулло АЛЛАЕВ, Fuqarolik ishlari bo‘yicha Ромитан туманлараро суди судьяси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда Ҳаракатлар стратегияси деб юритилади) мамлакатнинг давлат ва жамият ривожланиши истиқболини стратегик режалаштириш тизимига сифат жиҳатдан янги ёндашувларни бошлаб берди. Ўтган йилллар давомида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланди. Юқорида таъкидлаб ўтилган ислоҳатларнинг узвий давоми сифатида Фуқаролик процеесуал ва Иқтисодий процессуал кодекслари янги таҳрирда қабул қилинди. Бугунги кунда чинакам бозор иқтисодиётига асосланган фуқаролик жамиятини қуриш учун фуқаролар томонидан мажбуриятларнинг бажарилиши алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, мажбуриятларнинг бажарилиши энг кенг тарқалган турларидан бири кафиллик шартномаси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292-моддасига кўра кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин. Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Кафиллик – қарздор мажбуриятларининг бажарилиши учун учинчи шахс – кафил жавобгар бўладиган ҳуқуқий муносабатдир. Мазкур ҳолатда “жавобгар бўлади” деган ибора фақат мулкий жавобгарликни назарда тутади ва у қарздор ўз мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида кафилда жавобгарликни вужудга келтиради. Бошқача қилиб айтганда, агар қарздор ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тўлиқ бажармаса, кафил қарздорнинг мажбуриятларини бажаришга мажбур бўлади. Шунга ўхшаш муносабат гаровда ҳам намоён бўлади, қачонки гаровга қўювчи сифатида қарздор эмас, балки учинчи шахс чиқади, у ўз мулкини қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлашга беради ва ашёвий кафил деб аталади. Агар гаровда ашёвий кафил мажбуриятлар бажарилишини гаровга қўйилган молмулк ҳисобига таъминласа, унда кафиллик шартномасини тузиш ҳолларида кафил қарздорнинг мажбуриятларини бажармаган ҳолларда бутун мулки билан жавоб беради. Кафиллик асосий шартнома бўйича кафил ва кредитор ўртасида тузиладиган шартномага асосан вужудга келади. Шарҳланаётган модда кафиллик шартномаси субъектларини чекламайди, шунинг учун, томонлар сифатида ҳар қандай шахслар бўлиши мумкин. Бу ҳолда, юридик шахслар кафил сифатида чиқишлари мумкин, агар бу қонун ҳужжатларига, уларнинг таъсис ҳужжатларига ва фаолиятининг мақсадларига зид бўлмаса. Масалан, модомики улар давлат унитар корхоналарининг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ бўлмаса, давлат унитар корхоналари бошқа шахснинг мажбуриятлари бўйича кафил бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, бюджет ташкилотлари хўжалик юритувчи субъектларнинг кафили бўла олмайди, чунки улар мақсадли тартибда ажратиладиган бюджет лимити чегарасида маблағ билан таъминланади. Кафиллик шартномаси ҳам мавжуд вазиятлар бўйича, ҳам келгусида вужудга келадиган мажбуриятлар бўйича кафиллик имкониятига йўл қўяди. Мазкур модданинг иккинчи қисмида кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши бевосита назарда тутилади. Келгусида вужудга келадиган мажбуриятлар бўйича кафилликка, фақат бундай мажбуриятнинг олдиндан аниқ таърифи, батафсил маълумотлари ва унинг ҳажмини аниқлаш мумкин бўлган ҳолдагина йўл қўйилади. Бу, кафиллик шартномасида бажарилиши учун кафил жавоб берувчи қарздорнинг мажбуриятини кўрсатиш зарурлиги билан боғлиқдир. Яъни келгусида вужудга келадиган мажбурият ҳам, ФК 234-моддасида ўрнатилган мажбуриятлар тушунчасига мувофиқ бўлиши керак. Шундай қилиб, мажбуриятнинг аниқ таърифи кафиллик шартномасининг муҳим шарти бўлиб ҳисобланади Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилади. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса. Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди. Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар. Кафилнинг жавобгарлиги қарздор томонидан кафиллик билан таъминланган мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги ҳолатларида вужудга келади. Бу ҳолда, бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик фақат мажбуриятга нисбатан бўлиши лозим. Одатда, кафил кредитор олдида солидар жавобгар бўлади. Бунда қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилиши мумкин. Солидар жавобгарликда кафил қарздор билан бир хил даражада мажбуриятлар бажарилишини таъминлаши зарур. Бундан ташқари, кафил мажбуриятларининг солидарлиги, кредитор ўзининг талабларини ҳам қарздорга, ҳам кафилга қўйишини; ҳам биргаликда, ҳам алоҳида; ҳам тўлиқ, ҳам қарзининг бир қисмига талаб қўйишга ҳақли эканлигини англатади. Жавобгарликнинг бундай тури кредитор учун жуда фойдали ҳисобланади. Субсидиар жавобгарликда кафил кредитор олдида қарздор жавобгарлигига қўшимча ҳажмда жавоб беради. Ушбу ҳолатда талаб аввал қарздорга қўйилади. Агар қарздор кафиллик билан таъминланган ўз мажбуриятларини бажаришга қурби етмаса, жавобгарлик кафилга ўтади ва кредитор ундан қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишини талаб қилишга ҳақли бўлади. Субсидиар жавобгарлик кафил учун қулай фойдалидир. Қонунда субсидиар жавобгарликнинг кафилга юклатилиши йўл қўйилмайдиган ҳолатлар назарда тутилиши мумкин. Масалан, агар кредитор асосий қарздорга нисбатан муқобил талабларни қўйса ёки қарз мажбурияти хисобга ўтказилишида, субсидиар жавобгарлик қўлланмайди. Кафил қарздор сингари кредитор олдида, худди шундай ҳажмда жавобгар бўлади, жумладан, фоизларни тўлаш, қарзни ундириш бўйича суд ҳаражатлари ва қарздор томонидан мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги билан келиб чиққан кредиторнинг бошқа чиқимларини қоплаш. Ушбу меъёр ҳам диспозитив ҳисобланади ва шартномада кафил жавобгарлигининг бошқача ҳажми назарда тутилиши ҳам мумкин. Фуқаролик кодекси бир неча шахсларнинг кредитор олдида кафил сифатида иштирок этиш имкониятига йўл қўяди. Агар кафиллар бир нечта шахслар бўлса, ҳамда кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар кредитор олдида солидар жавоб берадилар. Бунда, ушбу ҳолатда, бир-бири билан ўзаро биргаликда кафил бўлган шахсларнинг жавобгарлик хусусиятлари ҳақида гап кетади. Масалан, агар кафиллик шартномаси билан кафилларнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлса, улар биргаликда асосий қарздорнинг мажбуриятни бажармаган қисмида кредитор олдида солидар жавоб берадилар. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қарздорлар шартнома асосида олган мажбуриятларини ўз муддатида бажариб борса, кафиллик бўйича жавобгарлик келиб чиқмайди ва кафилга нисбатан жавобгарлик белгиланмайди. Нодир ФАЙЗИЕВ, Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари. Ойбек ШОМУРОДОВ, Фуқаролик ишлари Бухоро туманлараро судининг судъяси
Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади. Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда – қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ваколатли органнинг қарорисиз, ер участкаси чегараси жойида белгиланмасдан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилмасдан ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинмасдан ер участкаларини эгаллаб олиниши тушунилади. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади. Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Fuqarolik ishlari bo‘yicha Ромитан туманлараро суди судьяси Жаҳонгир Каримов
Алимент ундириш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари
Оилавий низоларга никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, алимент ундириш, ота-она таъминоти учун фарзандидан пул ундириш, бола яшаш жойини ёки бола билан кўришиб туриш тартибини белгилаш, болани тарбияга олиш, оталикни белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан махрум қилиш, оталикка эътироз билдириш, шунингдек оила низолари билан боғлиқ бошқа низолар киради.
Шу низолар ичида оталикни белгилаш ва алимент ундириш низоларига эътибор қаттиқ қаратилади. Оталикни белгилаш низоси келиб чиқишига эр-хотиннинг оила қонунчилигига риоя қилмаслиги, никоҳларини ФХДЁ бўлимларида қайд қилдирмасдан фарзандли бўлишлари, эр тарафнинг оталикни белгилаш ҳақида ФХДЁ бўлимига ариза беришга бормаслиги сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 13-моддасига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди.
Йил якунлари бўйича таҳлиллар, умумлаштирувлар шуни кўрсатаяптики, фуқароларнинг диний расм-русумлар, яъни шаърий никоҳ асосида оила қуришлари ҳолати ҳамон учраб турибди. Шунингдек, оталикни белгилатиш ҳақидаги даъво талаблари судларда бирмунча ошганлиги ташвишлидир.
Никоҳнинг қонуний расмийлаштирилмаслиги боланининг отаси деб ҳисобланаётган отанинг ФХДЁ органига бориб, оталикни белгилатиш ҳақида ариза бермаслиги, баъзи ҳолларда бунга шахсини тасдиқлайдиган ҳужжати йўқлигини важ қилиши ёки болани тан олмаслиги бу тоифадаги ишларнинг судларгача етиб келишига сабаб бўлади.
Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, оталик ота-онанинг биргаликдаги ФХДЁ органига берган аризаси асосида, агар ота ФХДЁ органига ариза бермаса, оталик онанинг ўзининг аризасига асосан суд тартибида белгиланади.
Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадпн бирининг ёки болпнинг васийси(ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шуниннгдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага асосан ҳам амалга оширилади.
Шаръий никоҳдан ўтишнинг оқибатлари бошқа низоларни, хусусан алимент ундириш, баъзи ҳолларда эса мол-мулкни ундириш низоларини ҳам келтириб чиқаради.
Оталикни белгилаш бола таъминоти билан узвий боғлиқлиги учун бу тоифадаги ишлар судларда қисқа муддатларда кўриб чиқилади.
Оталикни белгилаш низоларини кўришда суд даъвогар ва жавобгарнинг бола туғилгунга қадар умумий рўзғор асосида оила юритган-юритмаганлигига, болани биргаликда тарбиялаганликларига, оталикни тан олганлигига, болага ва унинг онасига моддий ва маънавий ёрдам берилганлиги ва бошқа далиллар мавжудлигига ҳуқуқий баҳо бериб қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим.
Жавобгар оталикни тан олмаганлигида ва даъвони қаноатлантириш учун асослар етарли бўлмаганида одам ДНКси бўйича суд-биологик экспертизаси тайинлаш амалиётда кўп учрайди.
Оталикни белгилаш ҳақида даъво бериш ҳуқуқига эга шахс судга берган даъво аризасига боланинг оталиги белгиланмаганлигини тасдиқлайдиган туғилганлик гувоҳномаси нусхасини тақдим қилиши шарт.
Суднинг ҳал қилув қарори билан оталик белгиланганида қабул қилинган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ФХДЁ бўлимига далолатнома ёзувига ўзгартириш киритиш учун юборилади.Ҳал қилув қарорига асосан ФХДЁ органи болага янги туғилганлик тўғрисида гувоҳнома беради.
Оталикни белгилаш ва алимент ундириш даъволари бўйича даъвогар давлат божидан озод қилинган.Бироқ, даъво қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан ундирилишини қонунчилик истисно қилмайди.
Шунингдек, оталикни белгилаш даъволари бўйича қонунчиликда даъво муддати қўлланмаслиги белгилаб қўйилган. Яъни, даъвогарлар бу мазмундаги даъво билан исталган пайтда мурожаат қилишга ҳақли.
Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин.
Бундай ҳолатда судда иш даъво юритиш тартибида эмас, балки манфаатдор шахснинг аризасига асосан алоҳида иш юритиш, яъни юридик фактни белгилаш тартибида кўриб чиқилади.
Оталикни белгилаш билан боғлиқ низоларнинг кўпайганлиги фуқароларнинг ҳуқуқий билими етарли эмаслигини, бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, маҳалла профилактика инспекторлари олиб бораётган ишлар, шунингдек, бунга масъул шахсларнинг суд билан ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.
“Sudyalarning chinakam mustaqilligini ta’minlash hamda sud tizimida korruptsiyaning oldini olish samaradorligini oshirish chora-tadbirlari to’g’risida”gi O’zbekiston Respublikasi Prezidentining Farmonida sudyalar mustaqilligini ta’minlash va sud tizimida korruptsiyaning oldini olish bo’yicha davlat siyosatining asosiy yo’nalishlari sifatida quyidagilar belgilangan:
-sudyalarning odil sudlovni amalga oshirish bo’yicha kasbiy faoliyatini har qanday ko’rinishdagi tashqi ta’sirlardan samarali muhofaza qilishni ta’minlaydigan huquqiy mexanizmlarni yaratish;
-sudyalikka kadrlarni tanlash, tayyorlash, lavozimga tayinlash, shuningdek, sudyalar faoliyatini baholashda xolislik va shaffoflikni ta’minlash, ushbu jarayonlarga zamonaviy axborot texnologiyalarini izchil joriy qilish;
-sudyalar va sud apparati xodimlari orasida korruptsiya holatlarining oldini olish va barvaqt aniqlashga qaratilgan tizimni yo’lga qo’yish hamda sud tizimida aniqlangan har qanday korruptsiyaviy harakatni murosasiz holat deb baholash;
-sudyalarning kasbiy malakasi, ma’naviyati va mas’uliyatini oshirish bo’yicha kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish orqali yuksak professional sudyalar korpusini shakllantirish.
2021 yil 1 fevraldan boshlab sud tizimida korruptsiya holatlarining oldini olish, Kengash va sud tizimi faoliyatida ochiqlik va shaffoflikni ta’minlash borasida:
ilk bor sudyalik lavozimlariga nomzodlarni tanlash bo’yicha imtihon jarayonlarini Internet tarmog’i (veb-sayt) orqali onlayn tarzda yoritib borishni yo’lga qo’yish;
sudyalik lavozimiga nomzodlar va sudyalarning psixologik portreti bo’yicha kasbga munosibligini baholashga ko’maklashuvchi elektron dasturni ishlab chiqish va joriy qilish;
sud ya faoliyatining samaradorligini elektron reyting orqali ochiq va shaffof baholashni ta’minlaydigan aniq mezonlarni ishlab chiqish va amaliyotga tatbiq etish.
Qoraqalpog’iston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar umumyurisdiksiya sudlari tashkil etilishi munosabati bilan 2021 yil 1 yanvardan ushbu sudlarning malaka hay’atlarini shakllantirish.
Sudyalarning yuridik javobgarligi masalasini hal etish paytida ularning odil sudlov bilan bog’liq faoliyatiga har qanday aralashuvning oldini olish maqsadida 2021 yildan boshlab:
sudyalarning daxlsizligini buzganlik va odil sudlovni amalga oshirish borasidagi faoliyatiga aralashganlik holatlari yuzasidan Kengash raisi tomonidan kiritilgan taqdimnoma prokuratura organlari tomonidan bir oy muddatda ko’rib chiqilib, jinoyat ishi qo’zg’atilganligi yoki qo’zg’atish rad etilganligi haqida Kengashga O’zbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi tomonidan xabar beriladi;
sudyalarni huquqni muhofaza qiluvchi organlarga guvoh yoki gumon qilinuvchi sifatida so’roq qilish uchun chaqirishga tegishli malaka hay’atlari roziligi bilan yo’l qo’yiladi;
sud hokimiyati mustaqilligini va sudyalar daxlsizligini ta’minlash, odil sudlovni amalga oshirishga to’sqinlik qilayotgan omillar va tizimda korruptsiyaga qarshi kurashish holati yuzasidan Kengash raisi tomonidan O’zbekiston Respublikasi Prezidentiga yil yakuni bo’yicha axborot taqdim etib boriladi.
O’zbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan, faoliyatini doimiy asosda amalga oshiradigan Kengash raisining o’rinbosari lavozimini joriy qilish;
Sudyalar daxlsizligini ta’minlash bo’yicha sud inspektsiyasi negizida Sudyalar daxlsizligini ta’minlash va korruptsiyaning oldini olish bo’yicha sud inspektsiyasini tuzish;
Ommaviy axborot vositalari bilan hamkorlik qilish sho’’basi negizida matbuot xizmati va birinchi bo’lim, shuningdek ijro apparati negizida axborot-tahlil, murojaatlar bilan ishlash, axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish va axborot xavfsizligini ta’minlash tuzilmalari hamda arxiv va devonxona tashkil etish;
Kengashga kelib tushayotgan shikoyatlarni umumlashma tahlil qilish, aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish borasida sudyalar malaka hay’atlari bilan birgalikda aniq choralar belgilash vazifasini yuklash;
sudyalarning odil sudlovni amalga oshirishdagi faoliyatini rag’batlantirishni yo’lga qo’yish, «Ibratli sud ya» mukofotini, odil sudlovni amalga oshirishda uzoq yillar samarali mehnat qilib pensiyaga chiqqan sudyalar uchun «Sud faxriysi» ko’krak nishonini joriy etish;
Kengash huzurida amaldagi moddiy va protsessual huquq normalarini to’g’ri qo’llash bo’yicha tavsiyaviy xarakterga ega bo’lgan maslahatlar hamda sudyalarning odob-axloq qoidalarini muayyan vaziyatlarda qo’llanilishi yuzasidan so’rovlariga tushuntirishlar berish vakolatiga ega bo’lgan jamoatchilik asosida faoliyat yurituvchi Sudyalar klubini tashkil etish.
Klub o’z faoliyatini Kengash tomonidan tasdiqlanadigan Nizom asosida amalga oshiradi va uning doimiy mas’ul a’zolari tarkibi ko’p yillik ish tajribasiga, chuqur bilim va yuksak obro’-e’tiborga ega bo’lgan amaldagi va faxriy sudyalar orasidan shakllantiriladi.
Судланувчи Т.И.Р. давлат ташкилоти бўлган Бухоро шаҳар умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимида ишлаб келиб, эгаллаб турган лавозимига кўра мансабдор шахс бўла туриб, ўз мансаб лавозимига кўра меҳнат шартномалари тузиш ва бекор қилиш каби ваколатларига эгалигидан ғараз мақсадда фойдаланиб, 2020 йил 08 февраль куни тахминан соат 11:30да ўз хизмат хонасида хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Ю.Х.дан 2020 йилнинг 3-10 январь кунлари асоссиз равишда ишга келмаганлиги сабабли унга чора кўрмаслик ва меҳнат шартномасини бекор қилмаслик эвазига, таъмагирлик йўли билан фуқаро Ю.Х.дан кимёвий ишлов берилган 100 дона 500 сўм купюрадаги жами 500.000 сўм пулларни пора тариқасида олган вақтда департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ва Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ушланган. Судланувчи Т.И.Р. суд мажлисида берган кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, у 26 йилдан буён педагогика соҳасида, 2019 йилдан Бухоро шаҳар умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимида ишлаб келаётганлигини, ушбу мактабда Ю.Х. 2019 йил сентябрь ойидан буён рус тили фани ўқитувчиси вазифасида ишлаб келаётганлигини, у 2020 йил 3 январь кунидан 10 январь кунигача узрсиз сабабларга кўра ишга келмаганлигини, бу вақтда у синов даврида бўлганлигини, 2020 йил 11 январь куни ишга келганида, у Ю.Х.дан 3-10 январь кунлари нима сабабдан ишга келмаганлиги тўғрисида сўраганида, у онаси касал бўлиб қолганини, уни кўриш учун …… туманига кетганлигини айтганлигини, шундан сўнг у январь ойининг охирида мактаб ўқитувчиларининг 2020 йил январь ойида ишга келганликлари тўғрисидаги табелларни тўлдираётган вақтида, Ю.Х.ни хизмат хонасига чақириб, унга 2020 йилнинг 3 январь кунидан 10 январь кунига қадар асоссиз равишда ишга келмаганлиги учун табелга ишга келмаганлиги тўғрисидаги ёзувни киритмоқчи эканлигини, бунинг натижасида у меҳнат кодексига асосан ишдан бўшатилиши ёки интизомий жазога тортилиши мумкинлигини айтганида, у унга оилавий шароити оғирлигини ва ишдан бўшаб кетса моддий томондан қийланишини билдирганлигини, шундан сўнг у Ю.Х.га уни ишга келмаган кунларини табелга киритмаслик ва ишдан бўшатмаслик эвазига 500.000 сўм пулларни беришини айтиб ўзаро келишганлигини, Ю.Х. унинг талабига рози бўлиб, ҳозирги вақтда олдида 500.000 сўм пули йўқлигини, ойлик маошини олганда беришини айтганлигини, у унинг гапларига рози бўлиб, 2020 йилнинг январь ойи давомида мактабнинг ўқитувчилари ишга келганлиги тўғрисидаги табелга гўёки 3-10 январь кунларигача Ю.Х. ишга келганлиги тўғрисидаги ёзувни киритганлигини, 2020 йил 7 февраль куни Ю.Х. билан учрашиб қолганлигини, ундан келишилган 500.000 сўм пулларни қачон беришини сўраганида, у унга пластик карточкасидаги пулларни нақдлаштириб беришини билдирганлигини, шундан сўнг 2020 йил 8 февраль куни у соат тахминан 11:30 ларда Ю.Х. хизмат хонасига кириб келиб, келишилган яъни у 2020 йилнинг 3-10 январь кунлари ишга келмаганлигини табелларга кўрсатмаслик ва унга нисбатан чора кўрмаслик эвазига 500.000 сўм пулларини олиб келганлигини билдирганида, у ундан бир боғлам 5000 сўмлик пулларни олиб, чўнтагига солганлигини ва Ю.Х.га хавотир олмаслигини, унинг тушунтириш хатини йиртиб ташлашини айтиб, хонасидан чиқиб, ўқитувчилар хонасига кирганлигини, орадан тахминан 5 дақиқа ўтгач унинг ёнига 4-5 нафар шахслар келиб, хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, ўзларини Бухоро вилоят ИИБ ҳамда ИЖҚК департаменти ходимлари деб таништириб, тадбир ўтказилаётганлигини билдириб, ундан бироз аввал Ю.Ҳ. билан ўрталарида бўлган ҳолат юзасидан сўраганларида, у ўзини таништириб, Ю.Ҳ.дан у 2020 йилнинг 3-10 январь кунлар асоссиз равишда ишга келмаганлиги учун унга чора кўрмаслик, яъни ишдан бўшатмаслик эвазига 500.000 сўм пулларини олганлигини айтиб, ушбу пуллар костюмидаги чўнтакда эканлигини айтганлигини, шундан сўнг тезкор тадбир ҳужжатлари расмийлаштирилганлигини, у ушбу пулларни ўз эҳтиёжларига эмас, балки мактабни таъмирлаш ишларига сарфламоқчи бўлганлигини, Ю.Х. 3-10 январь кунлари ишга келмаган бўлсада, ўқув ишлари бўйича мудира Н.Н.га ҳам Ю.Ҳ.ни табелда ишга келган деб белгилашни айтганлигини, у педагогик фаолияти давомида интизомий жазо олмаганлигини, 1994 йилдан ҳозирги кунгача унинг кўп ўқувчилари фан олимпиадаларида ғолиб чиққанлигини, бундан ташқари у таълим соҳасида янги дастур устида ишлаб, уни тақдим қилганлигини, халқ таълими аълочиси бўлганлиги, ҳозирда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди. Суд судланувчи И.Т.га жазо тайинлашда, унинг шахси, ёшини, оилавий шароити, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, оилавий шароити, суддаги ўзининг ҳаракатига салбий баҳо бериш кўринишидаги хулқ-атвори, жиноят содир этгунга қадар ва ундан кейинги хулқ-атвори ва ишдаги бошқа ҳолатларни инобатга олиб, унга нисбатан муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан айбли деб топди ва қилган қилмишига яраша жазо тайинланди.
Завқий Қурбонов, Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Жўрабек Тожиев, Жиноят ишлари бўйича Бухор шаҳар судининг судьяси
Турсунов Нурали Жўрақулович Қоровулбозор туманидаги “Жарқоқ” МФЙ ҳудудида, ўзи фаолият юритаётган “Турсун Райим” фермер хўжалиги раҳбари бўла туриб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6243-сонли Қарори ҳамда 2021 йил 16 августдаги “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-708-сонли Қонуни қабул қилинганлиги ҳақида, Кадастр агентлиги Қоровулбозор туман бўлими раҳбари ва масъул ходимлар томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлсада, мазкур Қонуннинг махмун-моҳиятини ва ҳуқуқий оқибатлари бўйича олдиндан билган бўлсада, у қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган суғориладиган ерларда қурилиш ишларини амалга ошириши таъқиқланганлигини била туриб, 2021 йил ноябрь ойининг ўрталарида, ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигига ажратиб берилган, унумдорлиги 51 балл бонитетли, қишлоқ хўжалиги харитасининг 153қ-контуридаги суғориб экиладиган майдонидан 800 квадрат метр ер майдонининг унумдор қатламини, ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ҳолда, шу беда экилган ерга молхона биносини қуриб, натижада 1460 минг сўмлик зарар етказиб, мазкур суғориладиган ерни яроқсиз ҳолатга келтирган. 2022 йил апрель ойининг 12 куни жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида, судья М.У.Арипов раислигида мазкур жиноят ишини кўриб чиқиб, судланувчи Турсунов Нурали Жўрақулович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 2291-моддасининг 2-қисми айбдор деб топилди ва унга шу модда билан унинг ёшини, айбига қисман иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилди.
Махмуд Арипов, Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман судининг раиси
Баъзан танишлар ёки яқинлардан «бошлиғим менга аризангизни ёзинг, сиз ишдан бўшадингиз деди» қабилидаги сўзларни эшитиб қоламиз. Ўз-ўзидан савол туғилади: «Меҳнат жамоасида намунали хулқи билан ажралиб турган, белгиланган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажараётган, ҳамкасблари орасида обрў-эътиборга эга, мутахассислиги бўйича лавозимига лойиқ бўлган шахсни бошлиқ ҳеч бир сабабсиз ишдан бўшатиб юбориши мумкинми?»
Хўш, биз ўзимизнинг меҳнат ҳуқуқларимизни қанчалик даражада биламиз: «бошлиқ», яъни иш берувчининг ҳаракатлари асослими, аризани мажбурлаб ёздириш мумкинми, «ишдан бўшаётган шахс», яъни ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қай тарзда ҳимоя қилинади ва бу борада амалдаги қонунчиликда қандай кафолатлар назарда тутилган?
Меҳнат муносабатлари иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси асосида вужудга келади. Меҳнат шартномасида ҳар иккала томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилади. Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат муносабатларининг тугатилишига асос бўлади. Меҳнат муносабатларини у ёки бу асос бўйича бекор қилиш масаласини кўриб чиқишда меҳнат шартномаси кимнинг ташаббуси билан бекор қилинганини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.
Меҳнат шартномасини тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари Меҳнат кодексининг 100-моддасида (иш берувчининг ташаббуси) ва 99-моддасида (ходимнинг ташаббуси) белгилаб қўйилган. Улар бир-биридан ўзининг алоҳида хусусиятлари билан фарқланади. Қуйида биз меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ҳар иккала асоси билан танишиб чиқамиз.
Ходимнинг ташаббуси – «ишдан бўшаётган шахс аризаси» билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?
Биз, биринчи навбатда, меҳнат шартномасини ходим ташаббуси билан бекор қилишнинг қонуний тартиб-таомилларини аниқлаштириб оламиз. Ходимнинг «ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш» сабаблари турлича бўлиши мумкин. Масалан: мансаб пиллапоясида ўсиш имконияти, юқорироқ ҳақ тўланадиган бошқа ишга ўтиш, ходимнинг бажараётган ишидан қониқмаслиги ёки унинг жамоага киришиб кетолмагани, доимий яшаш учун бошқа жойга кўчиш, ўқишга кириш, пенсияга чиқиш ва ҳоказолар.
Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш таомили Меҳнат кодексининг 99-моддасида аниқ ва қатъий белгилаб берилган. Унга кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақли.
Бундан кўриниб турибдики, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ёки муддатли меҳнат шартномасини хоҳлаган пайтда бекор қилиши мумкин.
Ходим ўз аризасида меҳнат шартномасини бекор қилиш сабабини кўрсатиши керакми?
Ходим бирор сабаб кўрсатиб ёки ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Фақатгина ходим ўз нияти ҳақида иш берувчини икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириши талаб этилади ва бу мажбурий ҳисобланади. Огоҳлантириш муддати тугаганидан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.
Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан белгиланган икки ҳафталик муддатни қисқартирган ҳолда бекор қилиниши мумкинми?
Қонунда қисқартирилган муддатлар назарда тутилмаган. Бироқ Меҳнат кодексининг 99-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин. Бундан кўриниб турибдики, иш берувчи ва ходим ўзаро келишсалар, икки ҳафта ўтишини кутиб туриш шарт эмас. Аризанинг матнида ходим меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраётган аниқ сана кўрсатилади.
Қонунда белгиланган икки ҳафталик муддат ёки ўзаро келишиб олинган муддат ичида ходим ўз аризаси қайтариб олишга ҳақлими?
Мазкур вазиятда қонунчилик ўзида ходим манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаб қўйган. Қонунда белгиланган ёки ходим ва иш берувчи келишувига кўра қисқартирилган огоҳлантириш муддати давомида ходим меҳнат шартномаси тугатилгани ҳақида буйруқ чиқарилган бўлишидан қатъи назар, аризасини қайтариб олишга ҳақли. Ходимнинг ўрнига бошқасининг таклиф этилгани унга аризасини қайтариб олишни рад қилишга асос бўлмайди, чунки иш берувчи фақат аввалги ходим ўртасидаги меҳнат шартномасини бекор қилганидан кейингина бу иш (лавозим)га бошқа ходимни таклиф қилишга ҳақли.
Мисол: 2017 йил 30 майда ходим раҳбарга меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра 2017 йил 1 июндан бекор қилиш ҳақида ариза билан мурожаат қилди. Корхона раҳбари ходим қонунда белгиланган икки ҳафтани ишлаб бериши керак деб ҳисоблаган ҳолда у билан меҳнат шартномасини фақат 2017 йил 13 июнда бекор қилиши мумкинлигини айтди. Ходим бунга рози бўлди ва меҳнат шартномасини иш берувчи томонидан белгиланган муддатда бекор қилиш ҳақида янги ариза ёзди. Аммо огоҳлантириш муддати давомида ходим ўз қарорини ўзгартирди ва 2017 йил 12 июнда берган аризасини қайтариб олди. Бу вазиятда иш берувчи Меҳнат кодексининг 99-моддасида белгилаб қўйилган тартибда ходимнинг ишдан бўшаш тўғрисида ёзган аризаси асосида у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас. Чунки икки ҳафталик муддат тамом бўлмаган.
Иш берувчи ходимдан икки ҳафталик огоҳлантириш муддати давомида ишлаб беришни талаб қилиши ва у билан тузилган шартномани бекор қилишни рад этишга ҳақлими?
Албатта, иш берувчи, агар унинг бунга асоси бўлса, меҳнат шартномасини қонунда белгиланган икки ҳафталик огоҳлантириш муддатидан аввал бекор қилишни рад этишга ҳақли. Бу вазиятда ходим тўлиқ икки ҳафта иш берувчи учун ишлаб бериши керак. Зеро, бу вақтда иш берувчи мазкур ходим ўрнига янги номзод топиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширади.
Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?
Юқорида таҳлил қилганимиздек, ходим бирор сабаб кўрсатиб ёки ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли ҳисобланади. Бироқ бу ҳуқуқ иш берувчига тегишли эмас.
Меҳнат кодексининг 100-моддасига биноан қуйидаги сабаблардан бирининг мавжудлиги иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканини билдиради:
1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани;
2) ходимнинг малакаси етарли бўлмагани ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузгани. Аввал меҳнат вазифаларини бузгани учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан такроран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади;
4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузгани.
Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати ички меҳнат тартиби қоидалари; корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси; айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар билан белгиланади.
Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузиши қўпол тусга эгалиги ёки эга эмаслиги ҳар бир муайян ҳолда содир қилинган ножўя ҳаракатнинг оғир-енгиллигига ҳамда бундай бузиш туфайли келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларга қараб ҳал этилади;
5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек, меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилингани;
6) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилингани;
7) ходимнинг пенсия ёшига тўлгани, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.
Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан фақат юқорида кўрсатилган 7 та асосга кўра бекор қилиниши мумкин. Бошқа асосларга кўра иш берувчи ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас. Амалиётда иш берувчи юқоридаги асослар мавжуд бўлмаган ҳолда ходим билан бирор бир келишмовчиликка дуч келиб қолса, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг «осон йўли» – яъни ходимнинг ишдан «ўз аризаси билан» кетиши кераклигини талаб қилади. Бу — қонунга хилоф.
Ходим ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани ўз хоҳиши билан эмас, балки иш берувчининг қистови билан ёзган бўлса, ўз ишига тикланиши мумкинми?
Ҳа, албатта. Меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. Судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида бергани тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширишлари лозим (Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-қарорининг 15-банди).
Агар ариза иш берувчининг қистови билан ходимнинг ихтиёрига зид равишда ёзилган бўлса ва буни ходим исботлаб бера олса, меҳнат шартномасини бекор қилиш ғайриқонуний деб топилади ҳамда ходим суд томонидан аввалги ишига тикланади. Ишга тиклаш ҳақидаги низо бўйича ариза ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида бевосита судга берилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, меҳнат ва технология интизоми, ички меҳнат тартиби қоидалари, уставлар ва интизом тўғрисидаги қоидаларга риоя қилиш, иш берувчининг қонуний фармойишларини бажариш, меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя қилиш ходимнинг меҳнат муносабатларидаги мажбуриятларига киради. Агар ходим белгиланган тартибда ўзининг меҳнат вазифаларини бажарадиган бўлса, унга нисбатан иш берувчи бирор бир ножўя хатти-ҳаракат содир этишга ҳақли эмас. Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинади.
Жалол Садиров, Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг 2016 йил 01 июлдаги ҳукмига кўра, З.Тоҳиров, Ўзбекистон Республикаси ЖК 178-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.
Суднинг ҳукмига кўра, З.Тоҳиров, Бухоро тумани “Gala Osiyo Agrosaxovat Servis” МЧЖни ташкил қилиб, 2015 йил май-июнь ойларида шартнома асосида жами бўлиб 42.167 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия Федерациясидаги “Северо-Западный торговый дом” МЧЖга етказиб бериб, улар учун тўланиши лозим бўлган хорижий валютадаги пул маблағларининг 25 фоизини, яъни 10.541,75 АҚШ долларини банк муассасасига ўтказмасдан қасддан яширишда айбланган.
Дастлабки тергов ва судда сўроқ қилинган З.Тоҳиров, шартнома асосида 2015 йил май ойида жами 19.811 АҚШ долларга тенг помидор маҳсулотларини Россия Федерациясига олиб чиқмоқчи бўлганлигини, аммо Миллий банк Бухоро филиали томонидан валюта ҳисоб рақами ўз вақтида очилмаганлиги сабабли оворагарчилик натижасида етти кун қолиб кетганлигини, божхонада ҳам беш кун оввора бўлганлигини, шундан сўнг ушбу маҳсулотни Санкт-Петербург шаҳрига етказиб берганлигини, бу орада 2015 йил 10 июнда тузилган қўшимча шартномага асосан 22.356 АҚШ долларига тенг миқдорда помидор ва бақлажон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганлигини, шартномада кўрсатилган 42.167 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Санкт-Петербург шаҳрига етказиб берган бўлсада, аммо йўлда кўп оввора бўлиши ва ушланиб қолиши натижасида маҳсулотларнинг сифати бузилганлигини, харидор ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олмаганлиги ва ушбу маҳсулот учун маблағ келиб тушмаганлиги, бунинг оқибатида зарар кўрганлиги, натижада чет эл валютасини ваколатли банк муассасасига мажбурий тартибда сота олмаганлигини, экспортга юборилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини банк кредити ҳисобига сотиб олинганлигини билдирган.
Жиноят ишига “СОЭКС-НЕВА” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2015 йил 25 июнь куни ўтказилган эксперт хулосаси тақдим қилинган бўлиб, унга биноан “Gala Osiyo Agrosaxovat Servis” МЧЖ ва “Северо-Западный торговый дом” МЧЖ ўртасида тузилган шартномаларга биноан етказилиши лозим бўлган помидор ва бақлажон маҳсулотлари давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги ва истеъмолга яроқсизлиги аниқланган.
Қонуннинг мазмунига кўра, чет эл валютасини яшириш қасддан содир қилинадиган жиноятлар турига кириб, шахсни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 178-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун чет эл валютасини яширишга қаратилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир қилинганлиги исботланиши лозим.
Ўз навбатида ҳар қандай қасддан содир қилинадиган жиноятларда шахс унга қонун билан юклатилган вазифаларни унинг эрки, иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда бажара олмаса, мазкур ҳолатлар жавобгарликка сабаб бўлмайди.
Жиноят иши бўйича З.Тоҳировнинг чет эл валютасини яширишга қаратилган қасддан ҳаракатлар содир қилганлиги, чунончи Россия Федерациясига етказилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб, улардан тушган валютани махсус ҳисоб рақамига ўтказмасдан яшириб қолганлиги тасдиқланмаган. Аксинча, З.Тоҳировнинг четга етказиб берилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз бўлиб қолганлиги боис, уларни сота олмаганлиги, бунинг натижасида маблағ келиб тушмаганлиги сабабли, унга боғлиқ бўлмаган объектив сабабларга кўра махсус ҳисоб рақамига чет эл валютасини ўтказа олмаганлиги аниқланган.
Қайд этилганларга асосан, Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, биринчи босқич судининг айблов ҳукмини бекор қилиб, З.Тоҳировга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди.
Суръат Найимов,Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси
Рахимжон Қаноатов,Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг девонхона мудири
Сўнги йилларда давомида мамлакатимизда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилиб келаётган чора-тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судларга мурожаат қилишни эркинлаштириши, одил судловга эришиш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бериб келмоқда. Юртимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилан экан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, нуфузини ошириш, тизимни демократлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилиши билан изохланади. Суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжат Қарор бўладими, Фармон бўладими аввало суддаги муаммоли ҳолатларни бартараф этиш йўллари ва уларнинг мақбул ечимлари аниқ кўрсатиб бераётганлиги, суднинг нуфузини янги босқичларга чиқишига қаратилганидан далолат беради. Бу жараён нафақат ҳудудимизда, балки халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади. Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг асосий босқичдаги вазифалари белгиланди. Қарорнинг ижросига тўхталадиган бўлсак, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш йўлга қўйилди. Апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш жорий қилинди. 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш амалиёти киритилди. 2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиб бориш йўлга қйўилди. Аввало суд тизимини рақамлаштириш орқали фуқаролар сарсон бўлишининг олдини олишга, мурожаатларни автоматлаштиришга, тизимлаштириш ва энг асосийси, фуқароларга судларга мурожаат этиш бўйича конституциявий ҳуқуқларидан кенгроқ фойдаланишга имкон янада яхшиланди. Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич уланди. Судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотлар, уларга электрон шаклда юборилмоқда. Муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олинмоқда. Демак, хулоса ўрнида шуни айтиш лозим бўладики, суд-ҳуқуқ тизимига киритилган янгилик ва ўзгаришлар, суд ҳокимияти органлари фаолияти рақамлаштирилиш суд идораларининг чинакам адолат қўрғони, фуқаролар қонуний ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоячисига айланишига хизмат қилишини таъминлаш, судларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бирга судлар фаолиятида киберхавфсизликни таъминлаш, маълумотларнинг ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, давлат органлари ва суд тизими ўртасида ахборот тизимларининг интеграция қилинганлиги одил судлов самарадорлигини оширди, асосийси соҳада янги сифат кўрсаткичларига эришилди ва албатта халқнинг суд тизимидан рози бўлишига замин яратилди. Салимжон Абдурасулов, Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари Сухроб Кушшаев, Пешкў туманлараро иқтисодий судининг раиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Buxoro viloyat sudi