Менинг маҳаллам-менинг судьям

Жорий йилнинг 21 июнь кунида Ромитан тумани “Афросиёб” маҳалла фуқаролар йиғинида Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Г.Абдуллаев ҳудуд аҳолиси иштирокида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатларининг мазмун моҳияти, ҳудуд аҳолисининг қийнаб келаётган суд-ҳуқуқ масалалари ва муаммолари ҳамда ўз ечимини топмаётган масалалар юзасидан сайёр учрашув ташкил этилди.

Сайёр учрашув давомида уй-жой билан боғлиқ низолар, сервитут ҳуқуқидан фойдаланиш тартиби ва асослари ва оилавий низолар, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, умумий юрикдикция судларида даъво тартибида мурожаат қилиш тартиби ҳамда асослари бўйича саволлар берилиб, саволлар юзасидан суд раиси томонидан батафсил маълумотлар ва тушунтиришлар берилди.

Бу каби сайёр учрашувлар доимий равишда маҳалла фуқаролар йиғини билан биргаликда давомли равишда амалга оширилиши ҳақида келишиб олинди. 

Абдуллаев Хайрулло, Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси

Маҳаллий хокимият органлари қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиётидаги муаммолар

Маълумки, давлат органларининг, фукароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларинингқконун хужжатларига мувофик булмаган, ташкилотлар ва фукароларнинг хукуклари ва конун билан курикланадиган манфаатларини бузадиган хужжатларини хакакий эмас деб топиш хакидаги ишлар маъмурий судларга тааллуклидир.

         Узбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига биноан ҳар қандай манфаатдор шахс давлат органларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида белгиланган тартибда судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

         Бундай тоифадаги ишларнинг аксарияти маҳаллий ҳокимликлар қарорлари билан боғлиқ.

         Бу қарорлар сирасига фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларни тасарруф қилиш бўйича ҳаракатларни ўз ичига олган тегишли ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарор, фармойиш, буйруқ ва шу каби ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи бошқа ҳужжатлар киради.

         Агар улар қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаса ёки ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топишили мумкин.

         Мазкур тоифадаги ишларни кўришда судлар амалиётида бир қатор тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.

         Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси талабига мувофиқ шикоятлар маъмурий органлар жойлашган судга берилади.

         Айрим маъмурий судлар жойлашган ҳудудларда республика, вилоят миқёсидаги давлат органлари жойлашган бўлиб, амалитда республика ёки вилоят миқёсидаги маъмурий органлар қарорлари устидан туман (шаҳар) судларига муроджаатлар қилинмоқда.

         Бу ҳолат биринчи инстанция судларида мазкур тоифадаги ишларни кўришда муайян қийинчиликларни вужудга келтиради. Судга нисбатан турли хилдаги босимлар ўтказилиши, судлар ва маъмурий органлар ўртасида баъзи зиддиятлар келтириб чиқариши эҳтимолдан йироқ эмас.

         Шу сабабли Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 32-моддасида кўрсатилган судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари қайта кўрилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг аризаси устидан шўикот қилинаётган Республика миқёсидаги маъмурий орган жойлашган ҳудуддаги судга эмас, балки Ўзбекисон Республикаси Олий судига, вилоят даражасидаги маъмурий орган қарорлари устидан вилоятлар маъмури судларига тақдим қилишда ифодаланган норма киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

         Шунингдек, Кодексда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш ваколатларини туман (шаҳар) судларидан олиб туманлар ҳокимликлари қарорлари ва мансабдор шахсларининг ҳаракатлари устидан вилоят судларига, вилоят ҳокимликлари қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилиш тартибини белгилаш лозим бўлади.

         Амалиётда судлар томонидан маъмурий органлар, жумладан маъаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш, ўзгартириш масаласида турлича ёндашўув асосида қарорлар қабул қилиш ҳолатлари мавжуд.

         2019 йил 8 январдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида” ги қонунига мувофиқ маъмурий судлар маъмурий ҳужжатни бекор қилиши ёки ўзгартириши мумкин.

         Ўз. Рес МСИЮтКнинг табалларига асосан судлар маъмурий орган қарорини ҳақиқий эмас деб топиши кўрсатилган бўлиб, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш тартиби белгиланмаган.

         Судлар фаолиятида маъмурий органлар қарорлари юзасидан низолашиш ишларини кўришда мавжуд тушунмовчиликларни бартараф қилиш мақсадида мазкур масалада Олий суд Пленуми томонидан маъмурий органлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш ва ўзгартириш асослари, оқибатлари ҳақида тушунтириш берилса, судлар томонидан ҳуқуқ нормаларини бир хилда қўллашда ҳамда одил судловни самарали амалга оширишга хизмат қилади.

Сарвиноз ҚАМБАРОВА, Бухоро вилоят суди судьяси.

Ҳабиб САИДОВ, Фукаролик ишлари буйича Бухоро туманлараро судининг судьяси

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ ДАВР ТАЛАБИ

Ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупциядир. Коррупция бугун пайдо бўлган иллат эмас, у қадимдан мавжуд бўлиб келмоқда. Маълумки, “Коррупция” сўзи лотинча сўздан олинган бўлиб, мазмуни “бузиш, емириш” маъносини англатади. Халқаро ҳуқуқнинг айрим манбаларида “Коррупция”га пора олиш, давлат ёки хусусий соҳада муайян ваколатга эга бўлган шахс, мансабдор шахснинг ёки хусусий соҳада фаолият юритадиган шахс ёки мустақил агентнинг шунга ўхшаш муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларини бузадиган шунингдек, ўзи ёхуд ўзга шахслар манфаати учун ҳар қандай шаклдаги афзалликларга эга бўлиш мақсадида ифодаланган хатти-ҳаракат деб таъриф берилган. Миллий қонунчилигимизда эса коррупция-шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш деб таъриф берилган.

Бутун дунё ҳамжимияти коррупцияга қарши курашаётган даврда
2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республиканинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 34-моддадан иборат бўлиб, ушбу қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Мазкур Қонуннинг 4-моддасига асосан, қонунийлик; фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; очиқлик ва шаффофлик; тизимлилик; давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги; коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги; жавобгарликнинг муқаррарлиги Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари этиб белгиланган.Мансабдор ёки мансабдор бўлмаган шахслар томонидан юқорида назарда тутилган хатти-ҳаракатлар содир этилиши оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилади.

Юртимизда коррупцияга қарши курашни жадаллаштириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг сабаблари ва юзага келиш шарт-шароитларини комплекс бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Республика идоралараро комиссиянинг Давлат дастури лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутувчи 6 та йўналиш бўйича шакллантирилмоқда:

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш;
фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш; коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий чоралар, тадқиқотлар ўтказиш, халқаро ҳамкорлик.

Қайд этилишича, ҳар бир фуқаро Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин.

Мазкур Давлат дастурини тайёрлашда коррупцияга шарт-шароит яратувчи муаммоларни бевосита фуқаролардан ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади.

Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бир коррупциядир, деб қайд этган. Давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади. Ҳар йили кўплаб қўшма корхоналарнинг очилиши ва ёпилиши замирида ана шу  “кўринмас қўллар” ётади. Коррупция даражаси юқорилашган давлатга чет эл инвестициясини киритиш камайиб бораётганининг асл сабабларини ҳам шу хавфли иллатдан излаш лозимга ўхшайди.

Озод НОВРУЗОВ , Бухоро вилоят суди судьяси.

Алишер БАХРОМОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси. 

O`zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi – Inson huquqlari va erkinliklarining mustahkam poydevori.

Mamlakatimiz Konstitutsiyasi dunyo xamjamiyatida o`zining umuminsoniy qadriyatlarga sodiq ekanligini, insonning eng oliy qadriyat sifatida talqin etilishi bilan o`z o`rniga ega. Konstutsiyamizning barcha g`oyalari, avvalo , inson va fuqarolar huquq va erkinliklarini himoya qilishga qaratilgan bo`lip, davlatning roli ushbu huquq va erkinliklarini ta`minlashda aks etadi.
Yurtimizda inson huquqlarini himoya qilish boʻyicha keng qamrovli ishlar amalga oshirilmoqda. Fuqarolarning huquqlari va erkinliklari Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi bilan mustahkamlab qoʻyilgan.
Konstitutsiyada insonning huquq va erkinliklari yashash huquqidan boshlanadi. Hayot oliy qadriyat hisoblanib, insonning hayotiga daxl qilishga hech kimning haqqi yoʻq.
Shaxsning fikr va soʻz erkinligi Konstitutsiyaviy huquqning eng muhimlaridan biridir. Har bir shaxs har qanday voqea hodisaga nisbatan oʻz shaxsiy fikriga ega boʻlib, u oʻz fikrini oshkora aytish huquqiga egadir. To‘la ishonch bilan aytish mumkinki, O‘zbekiston Respubliksining  Konstitusiyasi  xalqimiz  siyosiyhuquqiy  tafakkurining yuksak namunasidir. U hech kimga qaram bo‘lmasdan, erkin va ozod, tinch va osoyishta, farovon yashashning qonuniy kafolati bo‘lib kelmoqda. Bozor munosabatlariga asoslangan huquqiy demokratik davlat, kuchli fuqarolik jamiyati barpo etish borasida mustahkam poydevor bo‘lib xizmat qilmoqda.
Konstitusiyamiz asosida mamlakatimizda milliy qonunchilik tizimi,  davlat  organlari,  fuqarolik jamiyati  institutlari shakllandi.  Bugungi  kunda  barcha  jabhalarda  keng  ko‘lamli islohotlar amalga oshirilmoqda. Ijtimoiyiqtisodiy, siyosiy va harbiysalohiyatimiz  yuksalib,  fuqarolarimizning  dunyoqarashi tobora  o‘sib  bormoqda.  Bularning  barchasi,  eng  avvalo,  Bosh qomusimizning hayotbaxsh kuchqudrati natijasidir.
Konstitusiyaning 7 moddasida  mustahkamlangan “Xalq  davlat  hokimiyatining birdan – bir manbaidir”degan ulug‘vor g‘oyaning amaliy ifodasi, desak, har tomonlama to‘g‘ri bo‘ladi. Shu bilan birga, harkim erkinlik va shaxsiy daxlsizlik huquqiga  ega  ekani,  jinoyat  sodir  etishda  ayblanayotgan shaxsning  aybi  sudda  aniq  bo‘lmaguncha  u  aybdor  hisoblan masligi to‘g‘risidagi konstitusiyaviy normalarni amalda ta’minlash bo‘yicha zarur choralar ko‘rildi.
Albatta, bu qoidani hayotga to‘liq  tatbiq  etish,  birinchi  navbatda,  sudlarning  chinakam mustaqilligi, ularning adolatli faoliyat yuritishi bilan chambar-chas bog‘liq. Shu maqsadda biz sud tizimini tubdan isloh qilishga alohida e’tibor berilmoqda. Jumladan, yagona sud amaliyotini ta’minlash uchun O‘zbekiston Respublikasi Oliy sudi va Oliy xo‘jalik sudi birlashtirildi. Sudyalarni  tanlash va lavozimlarga tayinlashda noqonuniy aralashuvlarning oldini olish, ochiq, oshkora va muqobil tanlov tizimini yaratish maqsadida Sudyalar oliy kengashi ta’sis etildi. Sudya  lavozimiga  muddatsiz  tayinlash  amaliyoti  joriy qilindi. 
Shu   borada  jahon  tajribasini  chuqur  o‘rganilib,  o‘z tariximizda birinchi marta bunday yangiliklar amalga oshirldi. Shu  asosda  sudyalarning  fuqarolar  huquqlarini  himoya  qilish bo‘yicha mustaqilligining kafolatlari kuchaytirildi. Sodda qilib aytganda, sudya muddatsiz davrga tayinlansin, lekin u doim xalqparvar bo‘lib, adolatli ish olib borsin. Sudya adolatli hukm chiqarishi uchun avvalo xalqni, uning hayotini,dardu tashvishlarini yaxshi bilishi kerak.
Ana shu islohotlarning mantiqiy davomi sifatida ma’muriy sudlar faoliyati yo‘lga qo‘yildi. Endilikda fuqarolarimizning haq-huquqlari davlat idoralari tomonidan buzilsa, ular har bir tuman  va  shaharda  tuzilgan  ma’muriy  sudlarga  murojaat qilishlari  mumkin.  Ilgari  har  bir  tumanda bunday  sudlar  bo‘lmagani  tufayli  odamlar  o‘z  muammolarini vaqtida hal qilolmasdan sarson bo‘lar edi. Sudlarning xalq oldidagi mas’uliyatini oshirish maqsadida yangi  tayinlanayotgan  sudyalar  tegishli  hudud  jamoatchiligi, mahalla faollari muhokamasidan o‘tkazilmoqda.
 “Sudtergov  faoliyatida  fuqarolarning  huquq  va erkinliklari kafolatlarini kuchaytirish bo‘yicha qo‘shimcha chora-tadbirlar to‘g‘risida”gi Prezident Farmoni qabul qilindi. Ushbu Farmonga binoan bundan  buyon  O‘zbekistonda  qiynoqqa  solish,  ruhiy,  jismoniy bosim  o‘tkazish  va  boshqa  zo‘ravonlik  holatlariga  mutlaqo  yo‘l qo‘yilmaydi. Bunday jinoiy qilmishlarni sodir etgan har qanday shaxs,  u  kim  bo‘lishidan  qat’i  nazar,  muqarrar  ravishda javobgarlikka tortiladi. Jinoyat ishlari doirasida noqonuniy usullar bilan olingan harqanday  ma’lumotlardan,  jumladan,  audio  va  video materiallardan,  ashyoviy  dalillardan  foydalanish  qat’iyan taqiqlanadi.  Qiynoqqa  solish,  himoyaga  bo‘lgan  huquqni  buzish, insonni aldash va tergov jarayonida boshqa noqonuniy usullarni qo‘llash man etiladi. Dalillarni soxtalashtirish uchun alohida jinoiy javobgarlik joriy qilinadi.
Endilikda advokatlar jinoyat ishi bo‘yicha dalillarni to‘plash va taqdim etish huquqiga ega bo‘ladi. Bu dalillar tergov va sud idoralari  tomonidan  majburiy  tekshirilishi  va  baholanishi kerak. Qiynoqqa solish kabi noqonuniy usullarni qo‘llashni qat’iyan cheklash  maqsadida  tergov  va  vaqtincha  saqlash  hibsxonalari videokuzatuv vositalari bilan jihozlanadi. Eng muhimi, noqonuniy usullar qo‘llash to‘g‘risidagi bironta ham xabar e’tiborsiz qolmasligi shart. Prokuratura organlari har bir holat bo‘yicha chuqur tekshiruv o‘tkazib, aybdor shaxslarning muqarrar javobgarligini ta’minlaydi.
 O`zbekiston yangilanish jarayonida sud huquq sohasini tubdan isloh qilishga alohida ahamiyat berilayotganligi bejiz emas.Chunki,Konstitusiyamizda mustahkamlangan  inson  huquqlarini  ta’minlash  ushbu islohotlarning amaliy natijasi bilan bevosita bog‘liqdir. Bu yangilanish jarayonida  eng asosiy e’tibor fuqarolarimizga o‘z huquqlarini  ro‘yobga  chiqarish  uchun  keng  imkoniyatlar  yaratishga qaratildi.  “Jismoniy  va  yuridik  shaxslarning  murojaatlari to‘g‘risida”gi  Qonun  yangi  tahrirda  qabulqilindi.  Shu  asosda aholi uchun maqbul bo‘lgan usullar “ishonch telefonlari” va tezkor  aloqa  telefonlari  orqali  hamda  videokonferensaloqa vositasida murojaat qilish tartibi joriy etildi.
Fuqarolarimizning Konstitusiyada muhrlab qo‘yilgan davlat organlari  va  muassasalariga,  xalq  vakillariga  murojaat qilish huquqlarini ta’minlash maqsadida ommaviy uchrashuvlarda murojaatlarni qabul qilish tartibi belgilandi. Bugungi kunda fuqarolarimiz  mansabdorlar  oldiga  emas,  balki  mansabdor shaxslarning o‘zi xalqimiz oldiga bormoqda. Bu- katta o‘zgarish. 
“Huquqiy  axborotni tarqatish  va  undan  foydalanishni  ta’minlash  to‘g‘risida”  yangi Qonun qabul qilinishida fuqarolarning huquq va manfaatlariga daxldor  bo‘lgan  hujjatlar  va boshqa materiallar bilan tanishib chiqish imkoniyati yanada oshirildi. Bundan keyin fuqarolarimiz har qanday davlat organi, boshqa tashkilotlar  va  mansabdor  shaxslardan  huquqiy  axborotni  hech qanday cheklovsiz olishi kafolatlanadi. Nima uchun bunday qoida joriy etildi? Odamlar so‘rab borsa, tumandagi  eng  kichik  amaldor  ham  birorta  hujjatni  ularga bermaydi.  Bunga kattalar ruxsat bermaydi,  deb bahona qiladi.  Bu muhum hujjatga muofiq ,  endilikda eng quyi bo‘g‘indagi rahbarlargacha xalqimiz xizmatida bo‘lishini
anglashimiz mumkin. Inson huquqlari bo‘yicha milliy institutlarimiz tizimini takomillashtirib borish Konstitusiyamizda muhrlab qo‘yilgan.
“Har bir shaxs mulkdor bo‘lishga haqli” hamda “Xususiy mulk  boshqa  mulk  shakllari  kabi  daxlsiz  va  davlat himoyasida”degan  normalarni  amalda  ro‘yobga  chiqarish  maqsadida  yangi institut O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti huzurida Tadbirkorlik  sub’yektlarining  huquqlari  va  qonuniy  manfaatlarini himoya qilish bo‘yicha vakil instituti ta’sis etilgan.  O‘zbekiston  Respublikasi  Oliy  Majlisining Uning  jazoni  ijro  etish  muassasalarida nazoratni  amalga oshirishga oid vakolatlari kengaytirilgan. Adashib jinoyat yo‘liga kirgan yoki sodir etgan qilmishidan chin  dildan  pushaymon  bo‘lgan  insonlarga  yana  bir  bor  imkon berish,  ularni  jamiyatga,  oilasi  bag‘riga  qaytarish  muhim ijtimoiy masalalardan biri hisoblanadi. Nega deganda, ular ham O‘zbekiston fuqarolari, shu yurt farzandlaridir. Yuridik sohadan  yiroq  bo‘lgan  odamlar amnistiya  va afv degan tushunchalarning farqiga bormasligi sir emas. Mamlakatimizda har yili amnistiya aktlari qabul qilinadi. Amnistiyaning asosiy mazmuni shundan iboratki, u avval jinoyatlar toifasini belgilab beradi, keyin esa ana shu jinoyatlar toifasiga tushadigan shaxslar aniqlanadi.
Albatta,  amnistiya  jinoyat  sodir  etgan  odamlarni  kechirish bo‘yicha  muhim  mexanizmlardan  biri.  Biroq,  tahlillar  shuni ko‘rsatmoqdaki,  oldindan  chuqur  o‘rganmasdan  turib  javobgarlikdan ozod qilishni belgilash qilmishiga pushaymon bo‘lmagan, yetkazilgan  zararni  to‘liq  qoplamagan  shaxslarham  amnistiya doirasiga  kirib  qolishiga  sabab  bo‘lgan. Ming afsuski,  korrupsiya  holatlari  ham  bo‘lgan  deb  aytsak,  to‘g‘ri bo‘ladi. Bu esa amnistiyaga tushgan kimsalarda jazoni his etmaslik, bizga  hamma  narsa  mumkin,  degan  noto‘g‘ri  kayfiyatning shakllanishiga olib kelgan.
Bu jarayonda sodir etilgan jinoyatning og‘irlik darajasi, sud tayinlagan  jazoning  qanchalik  adolatli  ekani  ham  e’tiborga olindi. Chuqur tahlil va o‘rganishlar natijasida chin ko‘ngildan pushaymon bo‘lgan, jinoyatni bilib bilmay sodir etgan, tuzalish yo‘liga  qat’iy  o‘tgan  mahkumlarning  aniq  doirasi  belgilandi va aynan shunday shaxslar afv etildi. Prezident tomonidan kechirilgan har bir shaxs o‘ziga bildirilgan ishonchni oqlab, yurtimizda amalga oshirilayotgan keng ko‘lamli islohotlarga munosib hissa qo‘shadi, jamiyatda o‘z o‘rnini topadi. Jinoyatchilikning oldini  olish  maqsadida  yangi  dastur va  rejalar  amalga  oshirilmoqda.  Jumladan,  sohaga  axborot kommunikasiya texnologiyalari keng joriy etilmoqda. Mahallalar, ko‘chalar,  savdo  va  xizmat  ko‘rsatish  ob’yektlarida  114 mingdan ortiq  videokuzatuv  vositasi  o‘rnatildi.  Ularning  yordamida 10mingga yaqin jinoyat fosh etildi. Yil  davomida  jinoyatchilik  darajasi  2016 yilga  nisbatan 14 foizga kamaydi va bunda ana shu ishlarning ahamiyati katta bo‘ldi.
 Kelajakda el-yurtimizning ishonchi va mehrini qozongan, tom ma’nodagi  xalqparvar  ichki  ishlar  tizimini  yaratishimiz kerakligi va “Xavfsiz shahar” loyihasini hayotga tatbiq etish natijasida samarali ishlar olib borilmoqda . Jamiyatimizda “Qonun va adolat ustuvor, jinoyatga jazo muqarrar”degan  prinsipni  qaror  toptirish  uchun barchamiz o`z kuch va imkoniyatlarimizni safarbar etishimiz maqsadga muvofiq. Mazkur  yo‘nalishdagi  e’tiborga  molik  ishlar  qatorida korrupsiyaga qarshi kurashishning yaxlit tizimi yaratilganligi alohida ta’kidlash lozim.
“Korrupsiyaga qarshi kurashish to‘g‘risida”gi Qonunning qabul qilinishi  davlat  apparati  va  fuqarolik  jamiyati  institutlarining ushbu xavfli illat bilan kurashdagi kuch va imkoniyatlarini birlashtirish imkonini berdi. Huquqnimuhofaza  qiluvchi  organlarning  faoliyat  mazmuni butunlay o‘zgarmoqda. Huquqbuzarliklar     profilaktikasi va jinoyatchilikka  qarshi  kurashishning  mutlaqo  yangi  tizimi  yaratildi. Faqat  jazolash  bilan  qo‘rqitib,  huquqbuzarliklarning  oqibati bilan  kurashish  emas,  balki  noqonuniy  harakatlar  sodir etilishining barvaqt oldini olish eng dolzarb vazifaga aylandi.
Ma’lumki,  Asosiy  qonunimizda “Davlat  xalq  irodasini ifoda etib, uning manfaatlariga xizmat qilishi”to‘g‘risidagi norma  belgilab  qo‘yilgan.  Uning  ijrosini  amalda  ta’minlash maqsadida Ma’muriy islohotlar konsepsiyasi qabul qilindi.
Konsyepsiyaga asosan davlat boshqaruvi tizimini tubdan isloh qilishning  6  ta  ustuvor  yo‘nalishi  belgilandi  va  maxsus “yo‘l xaritasi”bo‘yicha  100  dan  ortiq  ijro  hokimiyati  organlari faoliyati qayta ko‘rib chiqilmoqda. Ma’muriy islohotlarni amalga oshirishdan asosiy maqsad ixcham  va  professional  ijro  organlari  tizimini,  zamonaviy menejmentga asoslangan boshqaruv tizimini yaratishdan iboratdir.
Xulosa o`rnida shuni takidlash joizki, bugungi kunda mamlakatimizda olib borilayotgan islohotlar samarasi avvalambor yuksak ma’naviyatli, mustaqil fikrlaydigan, Vatanimiz taqdiri va istiqboli uchun mas’uliyatni o‘z zimmasiga olishga qodir yosh kadrlar safini kengaytirishga bevosita bog‘liq.
Taraqqiyot strategiyasida o‘z aksini topayotgan, adolatli va xalqparvar davlat barpo etishda muhim ahamiyat kasb etadigan vazifalarni amalga oshirish uchun, avvalo, yangi konstitusiyaviy makon hamda yanada mustahkam qonunchilik bazasi kerak. Shu ma’noda,  Asosiy  qonunimizni  jamiyatdagi bugungi  real  voqelikka,  shiddatli  islohotlarimiz  mantig‘iga moslashtirilmoqda, Yangi O‘zbekiston taraqqiyot strategiyasi uchun mustahkam huquqiy poydevor yaratish muhim vazifadir.
 
                                                                                     Ikromjon Toshov,
                                                                                     Buxoro viloyat sudi sud’yasi.
 
Alisher BAXROMOV,
                 Fuqarolik ishlari bo’yicha
Buxoro tumanlararo sudi sud’yasi

Сайёр суд мажлислари самараси кўзга яққол ташланамоқда.

Маълумки, 2017 йилда мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ҳеч қайси ҳокимият бўғинига бўйсунмайдиган орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Ягона суд амалиётини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, янги Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилган эди. Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу асосда судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди. 
Судга мурожаат қилган фуқароларнинг сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, суд ходимларига муносиб баҳо бериш мақсадида – ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этилиши, судьялар ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши, бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо бериши билан боғлиқ амалиёт йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган тарихий учрашувда ҳамда унда берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш воситаси сифатида Ўзбекистон Республикаси судьяларининг Ўзбекистон Республикаси халқига мурожаатида, кўриладиган ишларнинг 30 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиш каби устувор вазифа фуқаролик ишлари бўйича судлар олдига қўйилди.
Устувор вазифалар ижросини амалга ошириш мақсадида, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди томонидан 2021 йил давомида 4574 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 1619 таси ёки 36 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди.
Президентимиз таъкидлаганларидек, судья адолатли ҳукм чиқариши учун аввало халқни, унинг ҳаётини, дарду ташвишларини яхши билиши керак.
Бунда судлар томонидан ташкил этилаётган сайёр қабул, сайёр учрашув ва сайёр суд мажлисларининг аҳамияти бениҳоя катта.
Суд амалиётидан бир мисол. 2021 йил октябрь ойининг 15 куни фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди Бухоро вилоят юридик техникуми биносида, очиқ сайёр суд мажлисида даъвогар К.Кулдашев /исм шарифи ўзгартирилган/нинг жавобгар М.Холова /исм шарифи ўзгартирилган/га нисбатан боласи билан кўришиб туриш тартибини белгилаш тўғрисидаги фуқаролик ишини кўриб чиқди.
Фуқаролик иши ҳужжатларига қараганда, тарафлар – К.Кулдашев  ҳамда М.Холовалар 2018 йил 20 июнда туғилган Ферузбек исмли боланинг ота-онаси ҳисобланишиб, уларга ўрталаридаги қонуний никоҳдан ўтганлиги тўғрисида 2017 йил 7 мартда Никоҳ гувоҳномаси берилган.
Болалари билан кўришиб туришда ўртада низо келиб чиқаётганлигини келтириб, даъвогар К.Кулдашев судда даъво қўзғаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-моддасининг 1-қисмига асосан, ота-оналар ўз болаларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддаси талабига кўра, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.
Ушбу кодекс 76-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ, боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.
Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида” 1998 йил 11 сентябрдаги 23-сонли Қарорининг 9-хатбошисида судларга тушунтирилишича, суд алоҳида турадиган ота ёки онанинг боласини тарбиялашда иштирок этиш тартибини белгилайди ва бола билан бирга турадиган ота ёки онага бунга қаршилик кўрсатмаслик мажбуриятини юклайди.
Суд муҳокамасида аниқланишича, тарафлар 2021 йил майидан буён бошқа-бошқа яшаётганлиги сабабли вояга етмаган 2018 йил 20 июнда туғилган Ферузбек жавобгар /онаси/ М.Холова тарбиясида бўлиб, ота- онасининг уйида яшаб келмоқда.
Бухоро шаҳар ХТБ “Васийлик ва ҳомийлик” органи томонидан даъвогар яшаб турган уй-жой шароитлари ўрганилиб, уй-жойлар бола учун керакли жихозлар билан таъминланганлигини, болалар учун алоҳида хоналар ажратилганлиги, бироқ бола отасидан алоҳида яшаганлигини кўрсатиб, 2021 йил 14 октябрда тегишли далолатномалар расмийлаштирилган.
Даъвогар М.Кулдашев 2021 йил июлдан буён алоҳида яшаб келаётганлиги, жавобгар эса боласини кўришиб туришига қаршилик қилганлиги, боласининг жисмоний ва руҳий ривожланиши ёшига мос эканлиги, бироқ бола отаси билан кўришиб туриши лозимлиги келтириб, даъвогарнинг фарзандлари билан ҳар ойнинг 1,3,4 шанба кунларни соат 1000 дан 1600 гача даъвогар отаси яшаётган уй манзилида кўришиб туришига рухсат берилиши мумкинлиги ҳақида Бухоро шаҳар ХТБ “Васийлик ва ҳомийлик” органи томонидан 2021 йил 15 октябрда 386-сонли ёзма хулоса берилган.
Иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суд даъвонинг қаноатлантирилиши яъни, даъвогар К.Кулдашевнинг фарзанди Ферузбек билан ҳар ойнинг 1,3,4 шанба кунлари соат 1000 дан 1600 гача бола яшаётган уй манзилида учрашиб туриш тартибининг белгиланиши ҳамда жавобгарга бунга қаршилик кўрсатмаслик мажбурияти юклатилиши лозим топган.
Бунда суд келишув битимининг тасдиқлашини, қонунийлик ва ижтимоий адолат тамойилларига тўла мос келишини инобатга олган.
Демак, ташкил этилаётган сайёр суд мажлислари низони ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этибгина қолмай, уни ўзаро келишувга асосан якунланишига ҳам туртки бермоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, суднинг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларни ҳимоя қилиш мақсадида ишларни тўғри, ўз вақтида кўриб ҳал қилиш билан бир қаторда, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашишдан иборат эканлигини доим ёдда сақлаш ва буни сайёр учрашувларда, сайёр қабул ва сайёр суд мажлисларида фуқаролар эътиборига етказиш керак.
Зеро, шундагина фуқароларнинг қонунга ҳамда судга нисбатан ҳурмат муносабати шаклланади.
 
 
Нодир ФАЙЗИЕВ,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари.
 
Ҳабиб САИДОВ,
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Бухоро туманлараро судининг судьяси 
 
 
 

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш қандай олиб борилмоқда

Корру́пция (лат. corrumpere — маънавий (ахлоқий) жиҳатдан бузиш, разиллаштириш, йўлдан уриш, лат. corruptio — пора бериб сотиб олиш; бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш; чириш; сотқинлик,(таназзул) – одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатадиган атама.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига кўра коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш деб белгиланган.
Жаҳонда коррупция ҳолатларининг кўриниши ва тавсифи кўп. Унинг келиб чиқиш сабабларини очиш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича олимлар, халқаро ташкилотлар, давлат органлари томонидан юзлаб тадқиқотлар ўтказилган.
Айтиш жоизки, юртимизда коррупцияга қарши сиёсатни олиб бориш бўйича жуда катта ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда “коррупция” сўзи ишлатилган 207 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Уларнинг барчасида ушбу сўз коррупцияга қарши курашиш мақсадида ишлатилган.
Президентмиз ўз лавозимига киришгандан сўнг имзолаган дастлабки қонунлардан бири ҳам айнан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун бўлди (2017 йил 3 январь).
Фуқаролик жамияти институтлари иштирокида коррупцияга қарши жуда катта маърифий кураш, тадбирлар олиб борилмоқда. Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш мавзуларида ўқув дастурлари жорий этилди.
Давлат органларининг халқ билан мулоқот қилиш тизими йўлга қўйилди. Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тузилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси тизими ривожланмоқда.
Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланмоқда, давлат хизматчисининг ҳар бир ножўя хатти-ҳаракати, унинг ким бўлишидан қатъи назар, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали ошкор этиб борилмоқда.
Коррупцияга қарши сиёсатимизни мувофиқлаштирган ҳолда олиб бориш мақсадида нафақат республика даражасида, балки ҳудудларда ҳам Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар тузилди.
Давлат харидларини амалга ошириш борасида сифат жиҳатдан янги тизимга ўтилди. Хусусан, 2018 йилда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун билан эса, давлат органининг хусусий шерикни танловга кўра саралаб олиш механизми жорий этилди.
Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш мувофиқлаштирилади ва алоҳида назоратга олинадиган бўлди. Ҳатто, текширишларга мораторий ҳам эълон қилингани барчамизга маълум.
Давлат хизматчилари билан субъектив контактни минималлаштириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида бу жараёнга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали амалга оширилмоқда, ҳуқуқбузарликлар электрон рақамли воситалар орқали қайд этилмоқда.
Кўпгина давлат хизматчиларининг аҳоли билан муносабатлари камералар орқали кузатиб борилади, ҳатто, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари эндиликда “боди камералар” билан жиҳозландилар.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ажратиш фақат электрон онлайн аукцион орқали амалга оширилиши тартиби жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг асосий вазифаларидан бири сифатида давлат хизматчиларида коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантириш этиб белгиланди.
Шу билан бирга, Трансперенси Интернейшнл халқаро ташкилоти томонидан коррупцияга қарши кураш борасида дунё рейтингида Ўзбекистонга берган баҳоси йилдан йилга яхшиланиб бормоқда.
Шундан кейин ҳам мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш борасида тизимли ишлар давом эттирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланадиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони коррупцияга қарши курашни янада такомиллаштиришда муҳим асосга айланди. Фармонда “Коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси этиб белгилансин”, дея қайд этилди. Шу иқтибоснинг ўзиёқ, бугунги кунда коррупцияга қарши кураш нақадар муҳим эканлигини кўрсатмоқда.
Жахонгир КАРИМОВ,
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Ромитан туманлараро суди судьяси
Убайдулло АЛЛАЕВ,
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Ромитан туманлараро суди судьяси

КАФИЛЛИК ШАРТНОМАСИ ВА КАФИЛНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармони билан тасдиқланган
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда Ҳаракатлар стратегияси деб юритилади) мамлакатнинг давлат ва жамият ривожланиши истиқболини стратегик режалаштириш тизимига сифат жиҳатдан янги ёндашувларни бошлаб берди.
Ўтган йилллар давомида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланди.
Юқорида таъкидлаб ўтилган ислоҳатларнинг узвий давоми сифатида Фуқаролик процеесуал ва Иқтисодий процессуал кодекслари янги таҳрирда қабул қилинди.
Бугунги кунда чинакам бозор иқтисодиётига асосланган фуқаролик жамиятини қуриш учун фуқаролар томонидан мажбуриятларнинг бажарилиши алоҳида аҳамиятга эга.
Жумладан, мажбуриятларнинг бажарилиши энг кенг тарқалган турларидан бири кафиллик шартномаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292-моддасига кўра кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.
Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.
Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.
Кафиллик – қарздор мажбуриятларининг бажарилиши учун учинчи шахс – кафил жавобгар бўладиган ҳуқуқий муносабатдир. Мазкур ҳолатда “жавобгар бўлади” деган ибора фақат мулкий жавобгарликни назарда тутади ва у қарздор ўз мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида кафилда жавобгарликни вужудга келтиради. Бошқача қилиб айтганда, агар қарздор ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тўлиқ бажармаса, кафил қарздорнинг мажбуриятларини бажаришга мажбур бўлади.
Шунга ўхшаш муносабат гаровда ҳам намоён бўлади, қачонки гаровга қўювчи сифатида қарздор эмас, балки учинчи шахс чиқади, у ўз мулкини қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлашга беради ва ашёвий кафил деб аталади. Агар гаровда ашёвий кафил мажбуриятлар бажарилишини гаровга қўйилган молмулк ҳисобига таъминласа, унда кафиллик шартномасини тузиш ҳолларида кафил қарздорнинг мажбуриятларини бажармаган ҳолларда бутун мулки билан жавоб беради.
Кафиллик асосий шартнома бўйича кафил ва кредитор ўртасида тузиладиган шартномага асосан вужудга келади. Шарҳланаётган модда кафиллик шартномаси субъектларини чекламайди, шунинг учун, томонлар сифатида ҳар қандай шахслар бўлиши мумкин. Бу ҳолда, юридик шахслар кафил сифатида чиқишлари мумкин, агар бу қонун ҳужжатларига, уларнинг таъсис ҳужжатларига ва фаолиятининг мақсадларига зид бўлмаса. Масалан, модомики улар давлат унитар корхоналарининг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ бўлмаса, давлат унитар корхоналари бошқа шахснинг мажбуриятлари бўйича кафил бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, бюджет ташкилотлари хўжалик юритувчи субъектларнинг кафили бўла олмайди, чунки улар мақсадли тартибда ажратиладиган бюджет лимити чегарасида маблағ билан таъминланади.
Кафиллик шартномаси ҳам мавжуд вазиятлар бўйича, ҳам келгусида вужудга келадиган мажбуриятлар бўйича кафиллик имкониятига йўл қўяди. Мазкур модданинг иккинчи қисмида кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши бевосита назарда тутилади.
Келгусида вужудга келадиган мажбуриятлар бўйича кафилликка, фақат бундай мажбуриятнинг олдиндан аниқ таърифи, батафсил маълумотлари ва унинг ҳажмини аниқлаш мумкин бўлган ҳолдагина йўл қўйилади. Бу, кафиллик шартномасида бажарилиши учун кафил жавоб берувчи қарздорнинг мажбуриятини кўрсатиш зарурлиги билан боғлиқдир. Яъни келгусида вужудга келадиган мажбурият ҳам, ФК
234-моддасида ўрнатилган мажбуриятлар тушунчасига мувофиқ бўлиши керак. Шундай қилиб, мажбуриятнинг аниқ таърифи кафиллик шартномасининг муҳим шарти бўлиб ҳисобланади
Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилади. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.
Қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди.
Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.
Кафилнинг жавобгарлиги қарздор томонидан кафиллик билан таъминланган мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги ҳолатларида вужудга келади. Бу ҳолда, бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик фақат мажбуриятга нисбатан бўлиши лозим.
Одатда, кафил кредитор олдида солидар жавобгар бўлади. Бунда қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилиши мумкин.
Солидар жавобгарликда кафил қарздор билан бир хил даражада мажбуриятлар бажарилишини таъминлаши зарур. Бундан ташқари, кафил мажбуриятларининг солидарлиги, кредитор ўзининг талабларини ҳам қарздорга, ҳам кафилга қўйишини; ҳам биргаликда, ҳам алоҳида; ҳам тўлиқ, ҳам қарзининг бир қисмига талаб қўйишга ҳақли эканлигини англатади. Жавобгарликнинг бундай тури кредитор учун жуда фойдали ҳисобланади.
Субсидиар жавобгарликда кафил кредитор олдида қарздор жавобгарлигига қўшимча ҳажмда жавоб беради. Ушбу ҳолатда талаб аввал қарздорга қўйилади. Агар қарздор кафиллик билан таъминланган ўз мажбуриятларини бажаришга қурби етмаса, жавобгарлик кафилга ўтади ва кредитор ундан қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишини талаб қилишга ҳақли бўлади.
Субсидиар жавобгарлик кафил учун қулай фойдалидир. Қонунда субсидиар жавобгарликнинг кафилга юклатилиши йўл қўйилмайдиган ҳолатлар назарда тутилиши мумкин. Масалан, агар кредитор асосий қарздорга нисбатан муқобил талабларни қўйса ёки қарз мажбурияти хисобга ўтказилишида, субсидиар жавобгарлик қўлланмайди.
Кафил қарздор сингари кредитор олдида, худди шундай ҳажмда жавобгар бўлади, жумладан, фоизларни тўлаш, қарзни ундириш бўйича суд ҳаражатлари ва қарздор томонидан мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги билан келиб чиққан кредиторнинг бошқа чиқимларини қоплаш. Ушбу меъёр ҳам диспозитив ҳисобланади ва шартномада кафил жавобгарлигининг бошқача ҳажми назарда тутилиши ҳам мумкин.
Фуқаролик кодекси бир неча шахсларнинг кредитор олдида кафил сифатида иштирок этиш имкониятига йўл қўяди. Агар кафиллар бир нечта шахслар бўлса, ҳамда кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар кредитор олдида солидар жавоб берадилар. Бунда, ушбу ҳолатда, бир-бири билан ўзаро биргаликда кафил бўлган шахсларнинг жавобгарлик хусусиятлари ҳақида гап кетади. Масалан, агар кафиллик шартномаси билан кафилларнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлса, улар биргаликда асосий қарздорнинг мажбуриятни бажармаган қисмида кредитор олдида солидар жавоб берадилар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қарздорлар шартнома асосида олган мажбуриятларини ўз муддатида бажариб борса, кафиллик бўйича жавобгарлик келиб чиқмайди ва кафилга нисбатан жавобгарлик белгиланмайди.
Нодир ФАЙЗИЕВ,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари.
Ойбек ШОМУРОДОВ,
Фуқаролик ишлари Бухоро
туманлараро судининг судъяси

Ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб нимага айтилади?

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда – қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ваколатли органнинг қарорисиз, ер участкаси чегараси жойида белгиланмасдан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилмасдан ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинмасдан ер участкаларини эгаллаб олиниши тушунилади.
Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.
Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
 
 
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Ромитан туманлараро суди судьяси                          Жаҳонгир Каримов

Алимент ундириш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Алимент ундириш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Оилавий низоларга никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, алимент ундириш, ота-она таъминоти учун фарзандидан пул ундириш, бола яшаш жойини ёки бола билан кўришиб туриш тартибини белгилаш, болани тарбияга олиш, оталикни белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан махрум қилиш, оталикка эътироз билдириш, шунингдек оила низолари билан боғлиқ бошқа низолар киради.

Шу низолар ичида оталикни белгилаш ва алимент ундириш низоларига эътибор қаттиқ қаратилади. Оталикни белгилаш низоси келиб чиқишига эр-хотиннинг оила қонунчилигига риоя қилмаслиги, никоҳларини ФХДЁ бўлимларида қайд қилдирмасдан фарзандли бўлишлари, эр тарафнинг оталикни белгилаш ҳақида ФХДЁ бўлимига ариза беришга бормаслиги сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 13-моддасига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди.

Йил якунлари бўйича таҳлиллар, умумлаштирувлар шуни кўрсатаяптики, фуқароларнинг диний расм-русумлар, яъни шаърий никоҳ асосида оила қуришлари ҳолати ҳамон учраб турибди. Шунингдек, оталикни белгилатиш ҳақидаги даъво талаблари судларда бирмунча ошганлиги ташвишлидир.

Никоҳнинг қонуний расмийлаштирилмаслиги боланининг отаси деб ҳисобланаётган отанинг ФХДЁ органига бориб, оталикни белгилатиш ҳақида ариза бермаслиги, баъзи ҳолларда бунга шахсини тасдиқлайдиган ҳужжати йўқлигини важ қилиши ёки болани тан олмаслиги бу тоифадаги ишларнинг судларгача етиб келишига сабаб бўлади.

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда,  оталик ота-онанинг биргаликдаги ФХДЁ органига берган аризаси асосида, агар ота ФХДЁ органига ариза бермаса, оталик онанинг ўзининг аризасига асосан суд тартибида белгиланади.

Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадпн бирининг ёки болпнинг васийси(ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шуниннгдек  бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага асосан ҳам амалга оширилади.

Шаръий никоҳдан ўтишнинг оқибатлари бошқа низоларни, хусусан алимент ундириш, баъзи ҳолларда эса мол-мулкни ундириш низоларини ҳам келтириб чиқаради.

Оталикни белгилаш бола таъминоти билан узвий боғлиқлиги учун бу тоифадаги ишлар судларда қисқа муддатларда кўриб чиқилади.

Оталикни белгилаш низоларини кўришда суд даъвогар ва жавобгарнинг  бола туғилгунга қадар умумий рўзғор асосида  оила юритган-юритмаганлигига, болани биргаликда тарбиялаганликларига, оталикни тан олганлигига, болага ва унинг онасига моддий ва маънавий ёрдам берилганлиги ва бошқа далиллар мавжудлигига ҳуқуқий баҳо бериб қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим.

Жавобгар оталикни тан олмаганлигида ва даъвони қаноатлантириш учун асослар етарли бўлмаганида одам ДНКси бўйича суд-биологик экспертизаси тайинлаш амалиётда кўп учрайди.

Оталикни белгилаш ҳақида даъво бериш ҳуқуқига эга шахс судга берган даъво аризасига боланинг оталиги белгиланмаганлигини тасдиқлайдиган туғилганлик гувоҳномаси нусхасини тақдим қилиши шарт.

Суднинг ҳал қилув қарори билан оталик белгиланганида қабул қилинган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ФХДЁ бўлимига далолатнома ёзувига ўзгартириш киритиш учун юборилади.Ҳал қилув қарорига асосан ФХДЁ органи болага янги туғилганлик тўғрисида гувоҳнома беради.

Оталикни белгилаш ва алимент ундириш даъволари бўйича даъвогар давлат божидан озод қилинган.Бироқ, даъво қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан ундирилишини қонунчилик истисно қилмайди.

Шунингдек, оталикни белгилаш даъволари бўйича қонунчиликда даъво муддати қўлланмаслиги белгилаб қўйилган. Яъни, даъвогарлар бу мазмундаги даъво билан исталган пайтда мурожаат қилишга ҳақли.

Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин.

Бундай ҳолатда судда иш даъво юритиш тартибида эмас, балки манфаатдор шахснинг аризасига асосан алоҳида иш юритиш, яъни юридик фактни белгилаш тартибида кўриб чиқилади.

Оталикни белгилаш билан боғлиқ  низоларнинг кўпайганлиги фуқароларнинг ҳуқуқий билими етарли эмаслигини, бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, маҳалла профилактика инспекторлари олиб бораётган ишлар, шунингдек, бунга масъул шахсларнинг суд билан ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.

Баходир ЭРГАШЕВ,

Бухоро вилоят суди судьяси.

Зафар УСМОНОВ,

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Ғиждувон туманларо суди раиси

Korruptsiyaga qarshi kurashish borasidagi amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar va mazkur sohada davlat organlari bilan fuqarolarning o’zaro hamkorligi.

“Sudyalarning chinakam mustaqilligini ta’minlash hamda sud tizimida korruptsiyaning oldini olish samaradorligini oshirish chora-tadbirlari to’g’risida”gi O’zbekiston Respublikasi Prezidentining Farmonida sudyalar mustaqilligini ta’minlash va sud tizimida korruptsiyaning oldini olish bo’yicha davlat siyosatining asosiy yo’nalishlari sifatida quyidagilar belgilangan:

-sudyalarning odil sudlovni amalga oshirish bo’yicha kasbiy faoliyatini har qanday ko’rinishdagi tashqi ta’sirlardan samarali muhofaza qilishni ta’minlaydigan huquqiy mexanizmlarni yaratish;

-sudyalikka kadrlarni tanlash, tayyorlash, lavozimga tayinlash, shuningdek, sudyalar faoliyatini baholashda xolislik va shaffoflikni ta’minlash, ushbu jarayonlarga zamonaviy axborot texnologiyalarini izchil joriy qilish;

-sudyalar va sud apparati xodimlari orasida korruptsiya holatlarining oldini olish va barvaqt aniqlashga qaratilgan tizimni yo’lga qo’yish hamda sud tizimida aniqlangan har qanday korruptsiyaviy harakatni murosasiz holat deb baholash;

-sudyalarning kasbiy malakasi, ma’naviyati va mas’uliyatini oshirish bo’yicha kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish orqali yuksak professional sudyalar korpusini shakllantirish.

2021 yil 1 fevraldan boshlab sud tizimida korruptsiya holatlarining oldini olish, Kengash va sud tizimi faoliyatida ochiqlik va shaffoflikni ta’minlash borasida:

ilk bor sudyalik lavozimlariga nomzodlarni tanlash bo’yicha imtihon jarayonlarini Internet tarmog’i (veb-sayt) orqali onlayn tarzda yoritib borishni yo’lga qo’yish;

sudyalik lavozimiga nomzodlar va sudyalarning psixologik portreti bo’yicha kasbga munosibligini baholashga ko’maklashuvchi elektron dasturni ishlab chiqish va joriy qilish;

sud ya faoliyatining samaradorligini elektron reyting orqali ochiq va shaffof baholashni ta’minlaydigan aniq mezonlarni ishlab chiqish va amaliyotga tatbiq etish.

Qoraqalpog’iston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar umumyurisdiksiya sudlari tashkil etilishi munosabati bilan 2021 yil 1 yanvardan ushbu sudlarning malaka hay’atlarini shakllantirish.

Sudyalarning yuridik javobgarligi masalasini hal etish paytida ularning odil sudlov bilan bog’liq faoliyatiga har qanday aralashuvning oldini olish maqsadida 2021 yildan boshlab:

sudyalarning daxlsizligini buzganlik va odil sudlovni amalga oshirish borasidagi faoliyatiga aralashganlik holatlari yuzasidan Kengash raisi tomonidan kiritilgan taqdimnoma prokuratura organlari tomonidan bir oy muddatda ko’rib chiqilib, jinoyat ishi qo’zg’atilganligi yoki qo’zg’atish rad etilganligi haqida Kengashga O’zbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi tomonidan xabar beriladi;

sudyalarni huquqni muhofaza qiluvchi organlarga guvoh yoki gumon qilinuvchi sifatida so’roq qilish uchun chaqirishga tegishli malaka hay’atlari roziligi bilan yo’l qo’yiladi;

sud hokimiyati mustaqilligini va sudyalar daxlsizligini ta’minlash, odil sudlovni amalga oshirishga to’sqinlik qilayotgan omillar va tizimda korruptsiyaga qarshi kurashish holati yuzasidan Kengash raisi tomonidan O’zbekiston Respublikasi Prezidentiga yil yakuni bo’yicha axborot taqdim etib boriladi.

O’zbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan, faoliyatini doimiy asosda amalga oshiradigan Kengash raisining o’rinbosari lavozimini joriy qilish;

Sudyalar daxlsizligini ta’minlash bo’yicha sud inspektsiyasi negizida Sudyalar daxlsizligini ta’minlash va korruptsiyaning oldini olish bo’yicha sud inspektsiyasini tuzish;

Sudyalar kasbiy tayyorgarligini tashkillashtirish sho’’basini tugatish;

Ommaviy axborot vositalari bilan hamkorlik qilish sho’’basi negizida matbuot xizmati va birinchi bo’lim, shuningdek ijro apparati negizida axborot-tahlil, murojaatlar bilan ishlash, axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish va axborot xavfsizligini ta’minlash tuzilmalari hamda arxiv va devonxona tashkil etish;

Kengashga kelib tushayotgan shikoyatlarni umumlashma tahlil qilish, aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish borasida sudyalar malaka hay’atlari bilan birgalikda aniq choralar belgilash vazifasini yuklash;

sudyalarning odil sudlovni amalga oshirishdagi faoliyatini rag’batlantirishni yo’lga qo’yish, «Ibratli sud ya» mukofotini, odil sudlovni amalga oshirishda uzoq yillar samarali mehnat qilib pensiyaga chiqqan sudyalar uchun «Sud faxriysi» ko’krak nishonini joriy etish;

Kengash huzurida amaldagi moddiy va protsessual huquq normalarini to’g’ri qo’llash bo’yicha tavsiyaviy xarakterga ega bo’lgan maslahatlar hamda sudyalarning odob-axloq qoidalarini muayyan vaziyatlarda qo’llanilishi yuzasidan so’rovlariga tushuntirishlar berish vakolatiga ega bo’lgan jamoatchilik asosida faoliyat yurituvchi Sudyalar klubini tashkil etish.

Klub o’z faoliyatini Kengash tomonidan tasdiqlanadigan Nizom asosida amalga oshiradi va uning doimiy mas’ul a’zolari tarkibi ko’p yillik ish tajribasiga, chuqur bilim va yuksak obro’-e’tiborga ega bo’lgan amaldagi va faxriy sudyalar orasidan shakllantiriladi.

Azizjon SHARIPOV,

Fuqarolik ishlari bo’yicha

G’ijduvon tumanlararo sudi sudyasi.

Gulsara SATTOROVA,

Fuqarolik ishlari bo’yicha

G’ijduvon tumanlararo sudi sudyasi.

Skip to content