Фуқаролик судларида регресс талаблар билан боғлиқ ишларни кўриш амалиёти

Фуқаролик судларида регресс талаблар билан боғлиқ ишлар даъво тартибда кўриладиган ишлар тоифасига мансуб бўлиб, мазкур институт шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг ўзига хусусияти бўлиб бунда  бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга бўлади.

Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1001-моддасига мувофиқ ҳисобланган, бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Биргаликда етказилган зарарни тўлаган зарар етказувчи зарар етказувчиларнинг ҳар биридан жабрланувчига тўланган товоннинг ҳар бир зарар етказувчининг айби даражасига мос улушини талаб қилишга ҳақли. Айбнинг даражасини аниқлаш имконияти бўлмаганда улушлар тенг баравар деб ҳисобланади.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарарни тўлаган давлат бундай шахсларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳолларда, бу шахсларга нисбатан регресс ҳуқуқига эга.

Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган давлат содир этилган айбли ҳаракатлари террорчиликка қарши операция ўтказилишига сабаб бўлган шахсга нисбатан тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

            Фуқаролик судларида жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорнинг айби билан етказилган зарар учун учинчи шахсга тўлаган тўловларнинг қайта ундиришни кўриб чиқишда  юқоридаги қонун талабларига риоя қилган ҳолда, қарздорнинг айби ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолатларга  баҳо бериб хулоса қилинади.

            Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманларо суди томонидан
2022 йил ва 2023 йилнинг январ-май ойларида прокуратура органларининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган корхона ташкилотлар манфаатида тақдим қилган, суғурта ташкилотлари фуқаролик тусдаги шартномалар юзасидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг регресс талаблар бўйича тақдим қилган 20 га яқин даъво аризалари қабул қилинган бўлиб, барча даъволар қаноатлантирилган.

            Хулоса қилиб айтганда мазкур институт жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорнинг қонун ва шартнома мажбуриятини бажармаганлиги оқибатида унинг етказган зарари учун тўлаган тўловларини қайта ундириш бўйича ҳуқуқларини амалга ошириш учун хизмат қилади.

Файзулло Кадиров, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси

Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳ ва ажримнинг ҳуқуқий аҳамияти

       

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Никоҳ тегишли туман (шаҳар) Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан қайд этилади. Никоҳдан ажратиш Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ва фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан кўриб чиқилади. Фуқаролар никоҳдан ажратиш масаласида фуқаролик судига мурожаат қилишда қонунда белгиланган тартибда давлат божи ва почта харажатларини тўлаши лозим.

Суд никоҳдан ажратишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг
40-моддаси 2-кисмига кўра, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 15-бандида ярашиш учун бериладиган муддат уч ойдан кам бўлмаслиги белгиланган.

Ажрим нусхаси тарафлар яшайдиган туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси зиммасига тарафларни яраштириш чораларини кўриш учун юборилади.

Барча чоралар кўрилиб,  Оила ва хотин-қизлар бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси ўрганиб чиқилиб ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, биргина, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди томонидан 2021 йил 01 январдан
30 мартга қадар жами 89 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалари кўрилган бўлиб, шундан 45 таси қаноатирилган, 7 таси тугатилган, 7 таси кўрмасдан қолдирилган ва                         30 таси рад этилган бўлсада, 2022 йил 01 январдан 30 мартга қадар жами 103 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалари кўрилган бўлиб, шундан 58 таси қаноатирилган,                           16 таси тугатилган, 8 таси кўрмасдан қолдирилган ва
21 таси рад этилган. Бундан фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалар 2021 йилга нисбатан 14,6 % ошганлиги кўринади.

Хулоса қилиб айтганда, бу борада фуқаролик ишлари бўйича судлари энг аввало, Оила ва хотин-қизлар бўлими, Маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси ва Ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Озоджон Новрузов,

Бухоро вилоят суди судьяси

Рустам Кенджаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси

ДИНИЙ РАСМ РУСУМЛАРГА КЎРА ТУЗИЛГАН НИКОҲНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Никоҳ ва оила тушунчаси Конституция ва қонунларга кўра жамият бошқарувидаги мақоми қатъий белгилаб қўйилган. Оила кодексининг                                13-моддасига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслиги белгиланган. 

Ушбу никоҳ асосида эр-хотиннинг никоҳ муносабатларига киришиб оила қуриши ўзлари учун айрим ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқарса, баъзи ҳуқуқларини амалга оширишда тўсқинликлар келтириб чиқаради. 

Аввало оилада фарзанд туғилиши билан ота-она бўйнига бирдек масъулият юкланади. Оила қонунчилигига кўра, ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгарлиги, улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгиланган. Ушбу мажбуриятларни бажармаганлик оқибатида низо келиб чиқса, биринчи навбатда судларда бола манфаатларидан келиб низолар ҳал этилиши ҳуқуқий аҳамиятлидир. Бунда эр-хотиннинг қонуний никоҳда ёки шаърий никоҳда эканлиги ҳуқуқий аҳамият касб этмайди. 

Масалан, оила қонунчилига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуқга эга эканлиги, ота-оналар бошқа шахслар олдида болаларини шахсан тарбия қилишда устун ҳуқуқга эгалиги ва болаларини қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турган ҳар қандай шахсдан қайтарилишини талаб қилиши, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши, ота-оналик мажбуриятини бажармаган тақдирда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш ва ҳоказо. 

Диний расм-русумларга биноан никоҳ тузишнинг ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслиги уларнинг мулкий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда юзага келадиган муаммоларда кўринади. 

Масалан, никоҳ давомида орттирилган мулкларини бўлиш, мерос масаласи, боқувчиси вафоти натижасида кўрилган зарарни ундириш каби ҳуқуқлари суд тартибида ҳал этилгандан сўнг вужудга келади. 
            Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади. 
            Диний расм-русумларга биноан никоҳ тузган шахслар эр-хотин ҳисоблансада, улар қонуний никоҳда бўлмаганлиги боис, уларнинг мулкий ҳуқуқлари судлар томонидан умумий мулк ҳуқуқидаги улушлари дорасида аниқланганидан кейин амалга оширилиши мумкин. 


            Шу боис, оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилиши лозим. 


            Шавкат Зиядулллаев,

Бухоро вилоят суди судьяси

Шохида Бозорова, Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси

Судлар томонидан никоҳдан ажратиш биланбирга кўриладиган талаблар

Савол: Икки нафар фарзандимиз бор, келишмовчиликлар туфайли 2022 йил февраль ойидан буён яшамаймиз, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилмоқчиман, ушбу талаб билан бирга яна қандай талабларни илгари суришим мумкин.

Саволга жавобни фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди раиси Ў.С.Разиков беради.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси
42-моддасининг 2-қисмига кўра, эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Ушбу Кодекснинг 40-моддасига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Кодекснинг 44-моддасига кўра,Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган масалалар бўйича эр ва хотин ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, шунингдек ушбу келишув болалар ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид эканлиги аниқланган тақдирда суд:

никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши;

вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши;

эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши;

эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.

Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш ҳақидаги талаблар қаноатлантирилмайди.

Икромжон Тошов,

Бухоро вилоят суди судьяси

Ўткир Разиков,

Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси

Мақсад Матякубов,

Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди судьяси

АЛИМЕНТ ТЎЛОВИДАН ОЗОД ЭТИШ ТАРТИБИ

Савол: Мендан суднинг қарорига асосан икки нафар вояга етмаган фарзандларимнингтаъминоти учун турмуш ўртоғим фойдасига алимент ундириш белгиланган, яқинда аёлим болаларни тарбиялай олмаётганлиги важи билан уларни менга ташлаб, ўзи Россия Федерациясига ишлаш мақсадида кетган, ушбу ҳолатда қандай қилиб алиментни бекор қилсам бўлади.

Саволга жавобни фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди раиси Ў.С.Разиков беради.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси
146-моддасига кўра, алимент миқдори суд тартибида белгиланганидан кейин тарафлардан бирининг моддий ёки оилавий аҳволи ўзгарса, суд улардан ҳар бирининг талабига кўра алиментнинг белгиланган миқдорини ўзгартиришга ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахсни алимент тўлашдан озод қилишга ҳақли. Алимент миқдорини ўзгартиришда ёки уни тўлашдан озод қилишда суд тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини ҳисобга олишга ҳақли.

Шу боис судга юқоридаги асосларни кўрсатган ҳолда алимент тўлашдан озод этиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиниши мумкин.

Суд амалиётидан мисол, даъвогар А жавобгар Бга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда 1 нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлашдан озод қилишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Маълум бўлишича тарафлар А ва Бларнинг қонуний никоҳларидан 6 нафар фарзандлари бўлиб, улар судиннг ҳал қилув қарорига асосан қонуний никоҳдан ажрашишган ҳамда 3 нафар фарзанд онасининг, яна 3 нафари отасининг тарбиясида қолдирилган.

Ҳар иккала тарафлар қарамоғида бўлган фарзандлар таъминоти учун тегишли суд буйруқларига асосан алимент ундирш белгиланган. Шундан сўнг ота қарамоғидаги бир нафар фарзанд онасининг тарбиясига келиб, айни вақтда унинг қарамоғида бўлиб ҳисобланади.

Суд мазкур ҳолатда тарафлардан бирининг оилавий аҳволи ўзгарганлиги боис даъвони қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.

Шунингдек, Оила кодексининг 121-моддасига кўра, эр-хотиннинг бир-биридан таъминот олиш ҳуқуқи ушбу Кодекснинг 117 ва 118-моддаларига мувофиқ таъминот олиш учун асос бўлган шартлар тугаган тақдирда, шунингдек никоҳдан ажралган ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин янги никоҳга кирганда тугайди. Бундай ҳолларда, агар таъминот учун маблағ суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилган бўлса, уни тўлаши шарт бўлган эр (хотин) бундан буён алимент тўлашдан озод этиш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ўткир Разиков,

Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси

Мақсад Матякубов,

Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди судьяси

Шахобиддин Ғафуров,

Девонхона мудири

НАФАҚАХЎР ОҒУФУРУШЛАРГА ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ

Ў.Ачилов қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, 2022 йил февраль ойининг бошларида ўзининг Бухоро шаҳар “А.Жомий” кўчаси, 14/1-уй, 33-хонадонида бошқа маданий гуллар билан биргаликда бир дона елимдан ишланган гултувак ичида тақиқланган экин, яъни таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган бир туп “каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб етиштирган.

Бундан ташқари, Ў.Ачиловўзининг жиноий ҳатти-ҳаракатларини такроран давом эттириб, ўзининг жиноий шериги А.Джураев билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2022 йил
31 октябрь куни соат тахминан 17:00.лар атрофида, Бухоро шаҳар “С.Боҳарзий” МФЙ, “Б.Нақшбанд” кўчасида жойлашган “Моника” савдо мажмуаси олдидан ўтган катта йўл ёқасида унинг олдига назорат тариқасида юборилган Р.Равшановга 2 дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларга қадоқлаб солинган, Бухоро вилояти ИИБ ЭКБнинг 01.11.2022 йилдаги 350-сонли хулосасига кўра қуритилган ҳолдаги соф вазни 7,91 граммга тенг озгинадан кўп миқдордаги “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини 2.300.000 сўм эвазига сотиб, жиноий шериги билан ушбу пулларни ўзаро бўлиб олаётган пайтда ИИБ ходимлари томонидан жиноят устида ушланган.

Шунингдек, 2022 йил 31 октябрь куни Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Бухоро шаҳар “С.Боҳарзий” МФЙ, “Б.Нақшбанд” кўчасида жойлашган “Моника” савдо мажмуаси олдидан ўтган катта йўл ёқасида Ў.Ачилов гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб келаётганликда гумон қилиниб, унинг эгнида бўлган кийимлари кўздан кечирилганда, эгнидаги эркаклар кўйлаги чўнтагида бўлган оқ қоғоз бўлагига ўралган Бухоро вилояти ИИБ ЭКБнинг 01.11.2022 йилдаги 349-сонли хулосасига кўра, қуритилган ҳолдаги соф вазни 1,71 граммга тенг бўлган озгинадан кўпроқ миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик моддасини келгусида қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда сақлаб келган.

А.Джураев қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб ўзининг жиноий шериги Ў.Ачилов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2022 йил 31 октябрь куни соат тахминан 17:00.лар атрофида Бухоро шаҳар “С.Боҳарзий” МФЙ, “Б.Нақшбанд” кўчасида жойлашган “Моника” савдо мажмуаси олдидан ўтган катта йўл ёқасида унинг олдига назорат тариқасида юборилган Р.Равшановга 2 дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларга солиб қадоқланган, Бухоро вилояти ИИБ ЭКБнинг 01.11.2022 йилдаги 350-сонли хулосасига кўра қуритилган ҳолдаги соф вазни 7,91 граммга тенг озгинадан кўп миқдордаги Марихуана гиёҳвандлик воситасини 2.300.000 сўм эвазига сотиб, жиноий шериги билан ушбу пулларни ўзаро бўлиб олаётган пайтида ИИБ ходимлари томонидан жиноят устида ушланган.

Мазкур жиноят иши 2023 йил 1 март кунида жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилиб, гарчи улар қилмишларига пушаймонлик билдирган ва 60 ёшдан ошган бўлсаларда, судланувчи Ў.Ачиловга 3 йил, судланувчи А.Джураевга эса 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, улар суд залидан қамоққа олиндилар.

Завқий Қурбонов,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Жўрабек Тожиев,

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси

ТИББИЁТ ХОДИМИНИНГ ҚОНУНИЙ ТИББИЙ ФАОЛИЯТИГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНИШИ ТЎҒРИСИДА

Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, шошилинч тиббий ёрдамни ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.

Шу билан бирга, охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бермоқда.

Бироқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги амалдаги кодексида хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек тиббиёт ходимларининг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1977-моддасида тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш яъни тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказишда – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши тўғрисидаги ўзгартиришлар киритилди.

Турсунбой Тангриев,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Баҳрилло Жабборов,

Жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг раиси

ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРНИНГ ХИЗМАТ ВАЗИФАЛАРИНИ БАЖАРИШИГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛИШИ ТЎҒРИСИДА

Кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бироқ педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

Шу сабабли, 51-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди, яъни

«Худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

1975-модда: номидаги «Таълим муассасаси» деган сўзлар «Таълим ташкилоти» деган сўзлар билан алмаштирилди, яъни биринчи қисми қуйидагича:

«Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

иккинчи қисмининг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади»;

283-модданинг еттинчи қисмидаги «Ушбу Кодекснинг 1975-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим муассасасининг педагог ходими» деган сўзлар «Ушбу Кодекснинг 1975-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим ташкилотининг педагог ходими» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

            Турсунбой Тангриев,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Баҳрилло Жабборов,

Жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг раиси

Алимент пулларини тўлаган ота қамоқдан озод қилинди

Кушшаев Акмалжон Комилович (исми ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2013 йил 30 июлдаги ижро ҳужжатига асосан ундирувчи Астанова Муниса фойдасига 1 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун қарздорнинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлса-да, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, алимент маблағларини жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли, жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг 2021 йил 13 декабрдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси билан унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шундай бўлса-да, А.Кушшаев бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан 2021 йил 13 декабрдан 2022 йил 1 ноябрга қадар яъни, икки ойдан ортиқ муддат мобайнида 8 млн. 537 минг 650 сўмлик алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги натижасида учун жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг 2022 йил 19 декабрдаги ҳукми билан ЖК 122-моддасининг 1-қисми билан 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи А.Кушшаев апелляция инстанцисига шикоят билан мурожаат қилиб, жабрланувчига етказилган зарар қопланганлигини инобатга олиб, унга енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 30 январдаги ажрими билан А.Кушшаев томонидан жабрланувчига алимент пулларини тўлиқ тўлаб берганлиги сабабли, унга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирилиб, А.Кушшаев қамоқдан озод қилинди.

Нозимжон Жураев,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Зарарни қоплаган фирибгар қамоқдан озод қилинди

Саламов Азамат “SALAMOV GLOBAL GROUP” МЧЖни ташкил этиб, 2021 йил 28 октябрь куни фуқаро Р.Гулямова ва С.Джахановни алдаб, ишончини суиистеъмол қилиб, уларга Польша давлатига виза расмийлаштириб бериб, ишга юборишни ваъда қилиб, ишонтириш мақсадида ўрталарида шартнома тузиб, эвазига 2021 йил 31 октябрь кунидан 7 ноябрь кунига қадар Бухоро шаҳридан Р.Гулямова номидан Ева Соколовская номига “Капиталбанк” томонидан берилган пластик картага уларнинг 10.000.000 сўм пулларини кўчириб олишга эришиб, уларга Польша давлати компаниясидан таклифнома юборилганлиги тўғрисидаги сохта ҳужжатларни тақдим этиб, уларни алдаб келиб, пулларни ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиб, жабрланувчиларга моддий зарар етказиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг 2023 йил
12 январдаги ҳукмига кўра, А.Саламов 168-моддаси 3-қисмининг
“б” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Судланувчи А.Саламов апелляция инстанциясига шикоят билан мурожаат қилиб, жабрланувчиларга етказилган 10.000.000 сўм зарарни қопланганлигини инобатга олиб, унга енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 30 мартдаги ажрими билан А.Саламов томонидан жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ тўлаб берилганлиги сабабли, унга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирилди.

Нозимжон Жураев,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Skip to content