ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЧЕТ ДАВЛАТ СУДЛАРИНИНГ ВА АРБИТРАЖИНИНГ ҚАРОРЛАРИ ТАН ОЛИНАДИ ВА ИЖРОГА ҚАРАТИЛАДИ

Чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 33-бобида назарда тутилган.

Унга кўра, чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, агар бундай қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари ҳамда қонунчилигида назарда тутилган бўлса, улар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан тан олинади ва ижрога қаратилади.

Чет давлат суди деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этувчи ваколатли органи тушунилади, чет эл арбитражи деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этиш учун доимий ёки вақтинча асосда фаолият кўрсатадиган нодавлат ташкилоти тушунилади.

Масалан, МДҲ иштирокчи давлатлари ваколатли судларнинг қонуний кучга кирган қарорларини ўзаро тан олади ва ижрога қаратади. Шунингдек, Чет давлат арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги конвенциянинг иштирокчи давлатларида қабул қилган арбитраж қарорлари ҳам ўзаро тан олинади ҳамда ижрога қаратилади.

Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил муддат ичида, тан олиш ва ижрога қаратиш учун тақдим этилиши мумкин.

Биргина Бухоро вилоят суди томонидан 2025 йил давомида 7 та чет давлат судларининг ва арбитражининг қарорлари тан олинган ва ижрога қаратилган.

Чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш масалалари иқтисодий суд томонидан низо бўйича ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафнинг аризаси бўйича ҳал этилади.

Ариза қарздорнинг жойлашган жойи ёки яшаш жойи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судига берилади. Туманлараро иқтисодий судларида мазкур тоифадаги аризалар кўриб чиқилмайди.

Шунингдек, тан олиш ва ижрога қаратиш бўйича ариза берилганда, ИПК 250-моддасида кўрсатилган шакл ва мазмунига риоя қилиниши ҳамда 251 ва 252-моддаларда кўрсатилган ҳужжатлар илова қилиниши лозим.

Жумладан, чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага:

  • аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет давлат судининг ҳал қилув қарори ёки унинг чет давлатнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси;
  • агар ҳал қилув қарори матнининг ўзида кўрсатилмаган бўлса, ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кирганлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат;
  • ҳал қилув қарори қисман ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, агар у тегишли чет давлат ҳудудида илгари ижро этилган бўлса;
  • ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган ва суд процессида иштирок этмаган тараф ишни кўриш вақти ҳамда жойи тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тартибда хабардор қилинганлигини англатувчи ҳужжат;
  • вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат;
  • чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу модданинг 1 — 5-бандларида кўрсатилган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси илова қилинади.

Мазкур ҳужжатларнинг аризага илова қилинмаганлиги, аризани қайтаришга асос бўлади.

Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ажрим чиқаради.

Қонунчиликка мувофиқ суд ҳал қилув қарори ўзига қарши қаратилган тарафнинг аризасига кўра, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад қилади, агар тараф:

  • арбитраж битимининг тарафлари ўзларига нисбатан қўлланиладиган қонун бўйича қайсидир даражада муомалага лаёқатсиз бўлганлигини ёки арбитраж битимини унинг тарафлари қайси қонунга бўйсундирган бўлсалар, ўша қонун бўйича, бундай кўрсатма мавжуд бўлмаганда эса — ҳал қилув қарори чиқарилган мамлакатнинг қонуни бўйича ҳақиқий эмаслигини;
  • ҳал қилув қарори ўзига қарши қаратилган тараф арбитр тайинланганлиги тўғрисида ёки арбитраж муҳокамаси тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини;
  • арбитраж битими ёки арбитраж ҳақидаги шартнома шартида назарда тутилмаган ёки уларнинг шартига тегишли бўлмаган низо бўйича ҳал қилув қарори чиқарилганлигини ёхуд арбитраж битими ёки арбитраж ҳақидаги шартнома шартидан ташқари чиқадиган масалалар бўйича қарор мавжудлигини, бундан арбитраж битими ёки арбитраж ҳақидаги шартнома шарти доирасидаги масалалар бўйича қарорлар қамраб олинмаган масалалар бўйича қарорлардан ажратиб олиниши мумкин бўлган ҳоллар мустасно;
  • арбитраж органининг таркиби ёки арбитраж процесси тарафларнинг келишувига мувофиқ келмаганлигини ёки бундай шарт бўлмаса, арбитраж бўлиб ўтган мамлакат қонунига мос келмаганлигини;
  • ҳал қилув қарори тарафлар учун якуний бўлмаганлигини ёки у қабул қилинган ва қонуни қўлланилаётган давлатнинг ваколатли органи томонидан бекор қилинганлигини ёхуд ижроси тўхтатилганлигини;
  • низо ваколатли бўлмаган чет давлат арбитражи томонидан ҳал этилганлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этса.

Шунингдек чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш қуйидаги ҳолларда рад қилиниши мумкин, агар:

  • низо объекти Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича арбитраж муҳокамасининг предмети бўла олмаса;
  • ушбу ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг оммавий тартибига зид бўлса ёки унга таҳдид солса;
  • чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш муддати ўтган бўлса.

Бухоро вилоят судининг

судьяси М.Кодирова

Экология ва атроф муҳит муҳофазаси

2025 йил Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили деб эълон қилинган эди. Ушбу йилда
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги 
ПФ-16-сонли Фармони билан тасдиқланган. 

Давлат дастурининг асосий устувор йўналишлари ва мақсадлари қуйидагилардан иборат:

1. Экологик барқарорлик ва Яшил трансформация

  • Маҳаллалар ва яшиллик: Маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш ва кўчаларда яшиллик даражасини ошириш.
  • Қайта тикланувчи энергия: Энергия балансида қайта тикланувчи манбалар улушини ошириш. 2025 йилда жами қуввати 
    3,5 ГВт бўлган 16 та “яшил” электр станциясини ишга тушириш режалаштирилган.
  • Энергия самарадорлиги: 35 мингта хонадон ва 27 мингта ижтимоий соҳа объектларида кичик қуёш панелларини ўрнатиш дастурини амалга ошириш. 

2. Иқтисодиётни яшил моделга ўтказиш

  • Яшил компонент: 2025 йилдан бошлаб тармоқ ва ҳудудлардаги янги инвестиция лойиҳаларининг камида 10 фоизи “яшил компонент”дан иборат бўлиши мажбурий этиб белгиланди.
  • Имтиёзли тарифлар: 2025 йил 1 апрелдан бошлаб қуёш, шамол ва чиқиндиларни қайта ишлаш орқали олинган электр энергияси учун имтиёзли тарифлар жорий этилади.
  • Яшил тадбиркорлик: Барқарорлик мезонларига жавоб берадиган корхоналарга “Яшил тадбиркор” мақомини бериш тизими йўлга қўйилади. 

3. Табиатни муҳофаза қилиш ва мониторинг

  • Экологик паспортлар: 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб туман (шаҳар) даражасида экологик паспортлар ва ҳудудларнинг экологик рейтингларини эълон қилиш амалиёти жорий этилади.
  • Биохилма-хиллик: Флора ва фаунани муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш лойиҳаларини барқарор молиялаштириш. 

Давлат дастури 5 та устувор йўналиш бўйича амалий чора-тадбирлар ва мақсадли кўрсаткичларни ўз ичига олиб, аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишни экологик хавфсиз моделга ўтказишга қаратилган.

Бухоро вилоят суди

иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси М.Болтаев

БОЛАЛАРГА  ЗЎРАВОНЛИК — КЕЧИРИЛМАС  ЖИНОЯТ

Халқимиз болажон. Ота-она борки, ўз фарзандини ардоқлайди, авайлайди. Бироқ сўнгги йилларда  айрим ота-оналар  ва тарбиячилар болаларни уриб калтакламоқда, ҳатто тан жароҳати етказиш ҳолатлари ҳам учраб турганлиги ниҳоятда ташвишланарли ҳолатдир. Бундай нохуш хабарлар оммавий ахборот воситаларида ҳам тарқалмоқда.

Қайд этиш керакки, кейинги йилларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Уларнинг олдини олиш, жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалдаги ҳуқуқий механизмлари етарли даражада самарали эмас эди.

Халқаро ташкилотларнинг тадқиқотларига кўра, дунёда 1 миллиардга яқин болалар жисмоний, жинсий, руҳий зўравонликка ва ғамхўрликдан маҳрумликка дуч келишади, жабрланган болаларнинг 80 фоизи бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермайди.

Сўнгги уч йилда 2000 нафардан ортиқ фуқаро суд қарори билан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Шундан 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортилган.

Шунинг учун бу иллатнинг олдини олиш, унга қарши самарали курашиш мақсадида яқинда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ҳужжат билан зўравонликдан жабр кўрган болаларга ҳимоя ордерини бериш тартиби белгиланди. У ички ишлар органлари томонидан 30 кунгача муддатга берилади ва зўравонликдан жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига ваколатли давлат органи иштирокида топширилади.

Зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг аризасига кўра, агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жиноят ишлари бўйича суд томонидан
1 йилгача узайтирилиши мумкин.

Болалар содир этилган зўравонлик оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш ва маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат қилиш, шунингдек, зўравонлик масалалари бўйича давлат органларига бевосита ёки қонуний вакил орқали мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қонун ота-оналарнинг масъулиятини оширади. Унда ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини асрашлари, уларга ғамхўрлик қилишлари ва зарарли таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоя қилишлари кераклиги назарда тутилган. Ҳужжатда болаларни тарбиялаш жараёнида уларни жисмоний жазолаш алоҳида тақиқланган.

Қонунда биринчи марта зўравонлик хавфи остида бўлган болаларнинг 12 тоифаси (етимлар, қаровсиз болалар, ақли заиф болалар, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланувчи болалар, таълим ва тарбия талабларига жавоб бермайдиган шароитларда бўлган болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари) аниқ белгиланмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зўравонлик қурбони бўлган, зўравонлик хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича индивидуал чоралар кўрилишини таъминлашга ёрдам беради.

Чораларга тажовузкор хулқ-атворни тузатиш ва жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш дастурлари киради.

Агентлик томонидан жабрланувчиларга бепул ёрдам кўрсатиш учун кечаю кундуз ишлайдиган ишонч телефони ҳам ташкил этилади.

Ҳужжат билан, болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига берилган таърифлар сони 3 тадан (жисмоний, жинсий, руҳий) 6 тага (ғамхўрлик қилмаслик, эксплуатация, буллинг) оширилди.

Умуман олганда, болаларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланиши жамиятнинг бугунги ва эртанги кунини белгиловчи масала саналади. Шундай экан, бу оила—маҳалла—жамият ҳамкорлигини талаб қилади. Тизимни тўғри йўлга қўйиш билан болаларни зўравонликнинг турли кўринишларидан асраш бўйича кўплаб муаммоларга ечим топса бўлади.

Бобир Умаров,

Жиноят ишлари бўйича

Когон шаҳар судининг тергов судьяси

Кўзларингда ғам кўрмай, болам

Дунёда неъматлар кўп. Шундай неъматлардан бири, шубҳасиз, фарзанддир. Бизнинг болажон халқимиз ўзи емай боламга дейдиган, унинг келажагига умид билан қарайдиган халқдир. Шундай мақол бор: Болам бармоғига тикан кирса, юрагим зирқирайди.

Бола вояга етгунича оила тарбиясига, оила аъзоларининг ҳимоясига  муҳтождир. Чунки улар ҳали ҳаёт нима эканлигини билмай, ўйнаб-қувнаб ўсувчи, болалик дунёларида беғаму – беташвиш улғаядиган умр палласидадирлар.

Афсуски, бугунги кунда вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик каби жиноят тури тез – тез учраб турибти. Ўз манфаати, ўз нафси йўлида бундай жиноятларни содир этаётганлар ҳам йўқ эмас. Эртанги кунимиз эгалари бўлган болаларга нисбатан содир этилаётган жиноятларни асло кечириб бўлмайди.

Зўравонликка дуч келган ёки унинг қурбонига айланган бола руҳиятида кескин ўзгариш бўлиши – табиий. Энг аввало уларга маънавий ва руҳий кўмак зарур бўлади. Суд жараёнларида бола манфаатини ҳимоя қилинишига бугун алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу борада одил суд олдида ҳеч кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифалар юклатилган.

Зўравонлик содир этган шахсга нисбатан чуқур ва натижадорликка таянган суриштирув олиб бориш, жиноятни содир этилишининг асосий сабабларини аниқлаштириш ва жиноятга ҳуқуқий баҳо бериш долзарб масаладир.

Эндигина ўсишга интилаётган ёш ниҳол мисол, вояга етмаган фарзандларимизни асраш – авайлаш бизнинг фуқаролик бурчимиз саналади. Бу бурч муқаддас бўлиб, бу бурч Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Унутманг! Болага зўравонлик ҳеч қачон кечирилмайди! Эҳтиёт бўлинг, бола кўз ёшининг уволига қолманг. Зеро, бу увол оғир гуноҳдир!

Қ.Холов,

Жиноят ишлари бўйича

Когон туман судининг раиси

У.Бозоров,

Жиноят ишлари бўйича

Когон туман судининг тергов судьяси

Зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувларини мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этишнинг аҳамияти

Болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш замонавий жамият олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир. Бундай ҳолатларда боланинг ҳуқуқлари, руҳий ҳолати ва хавфсизлиги биринчи ўринда туриши лозим. Шу нуқтайи назардан, зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувларини мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этиш амалиётини жорий этиш ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ижтимоий ҳимоя тизимида муҳим қадам ҳисобланади.

Дастлабки кўрсатувларни қайд этишнинг муаммолари

Амалда болалар бир неча марта турли идоралар олдида бир хил воқеани қайта-қайта сўзлаб беришга мажбур бўлиб қолиш ҳолатлари учрайди. Бу эса:

  • боланинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши,
  • қўрқув ва ишончсизликни кучайтириши,
  • кўрсатувларнинг ўзгариб кетишига олиб келиши мумкин.

Натижада тергов ва суд жараёнларида қийинчиликлар юзага келади.

Видеоёзув орқали қайд этишнинг афзалликлари

Дастлабки кўрсатувларни видеоёзув орқали қайд этиш қуйидаги ижобий жиҳатларга эга:

1. Болани қайта травматизациядан ҳимоя қилиш

Боланинг кўрсатуви бир марта, хавфсиз ва қулай муҳитда олинган ҳолда, кейинчалик уни қайта-қайта сўроқ қилишга эҳтиёж қолмайди.

2. Кўрсатувларнинг аниқлиги ва ишончлилиги

Видеоёзув боланинг сўзлари, овози ва ҳолатини ўзгаришсиз сақлаб қолади, бу эса далил сифатида муҳим аҳамиятга эга.

3. Мутахассислар иштирокини таъминлаш

Кўрсатув олиш жараёнида психолог, ижтимоий ходим ёки болалар билан ишлаш бўйича тайёргарликдан ўтган мутахассис иштирок этиши мумкин.

4. Халқаро стандартларга мослик

Кўплаб халқаро ҳужжатлар болаларни ҳимоя қилишда инсонпарвар ва болага мос усуллардан фойдаланишни тавсия этади.

Мажбурий тартибда жорий этиш зарурати

Видеоёзув орқали қайд этишни ихтиёрий эмас, балки мажбурий тартибда белгилаш қонун қўллаш амалиётида ягона ёндашувни таъминлайди.

Бу:

  • барча болалар учун тенг ҳимоя кафолатини яратади,
  • инсон омили билан боғлиқ хато ва суиистеъмолларни камайтиради,
  • идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Хулоса

Зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувларини мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этиш — бу фақат техник чора эмас, балки боланинг шаъни, ҳуқуқлари ва руҳий саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ва ижтимоий механизмдир. Ушбу амалиётни қонунчилик ва амалиётга кенг жорий этиш орқали болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш мумкин.

З.Шаропов,

Жиноят ишлари бўйича

Ромитан туман суди раиси

Замонавий қонунчиликда хусусий мулкҳуқуқини ҳимоя қилиш усуллари

Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонга мос бўлган, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга қаратилган туб демократик сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Кейинги тараққиётимизнинг муҳим асоси бўлган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида еттита йўналиш бўйича 50 дан ортиқ кодекс, қонун, стратегия, концепсия ва дастурлар қабул қилиниши зарурлиги белгиланди ҳамда 100 дан ортиқ бошқа ташаббуслар илгари сурилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатлари билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш механизмлари сифатида қуйидагилар келтирилган:

1. Мулкий, шу жумладан, ер участкасига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ барча маъмурий ҳужжатларни қатъий равишда фақат суд тартибида бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш амалиётини жорий этиш;

2. Иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар юзасидан регрессив (камайиб борувчи) давлат божи ставкаларини қўллаш;

3. Кўчмас мулк ва унга тааллуқли ҳуқуқларнинг ҳисобини юритишда шаффофлик тамойилини жорий этиш мақсадида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги очиқ маълумотлар таркибини белгилаш ва улар асосида оммавий геопортални жорий этиш ҳамда маълумотларни Миллий геоахборот тизими орқали давлат ва хўжалик бошқарув органларига ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этиш тартибини ишлаб чиқиш;

  • Хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш.

Бунда:

  • Давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш;
  • Инсофли эгалловчининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш ва мулкдорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг молиявий механизмларини қўллаш.

Мазкур фармон давлатимиз сиёсати хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатлари йўлидан ҳаракатланаётганлигидан далолат беради.

Мулк ҳуқуқи моҳиятан қараганда, ҳуқуқ тизими ва тарихидаги энг динамик ҳуқуқий ҳодисалардан бири ҳисобланади. Давлат сиёсати ҳамда ижтимоий муносабатлардаги  доимий ўзгаришлар субъектив мулк ҳуқуқини тартибга солувчи нормаларга бевосита таъсир кўрсатади. Мустақил давлатда қонун устуворлигини таъминлаш чораларидан бири фуқароларнинг табиий ҳуқуқлари ва эркинликлари билан бир қаторда мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатлаш ва уларни самарали равишда ҳимоя қилишда намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига биноан, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Мулкдорларнинг мақсад ва вазифаларини инобатга олган ҳолда,
мулк билан боғлиқ иқтисодий муносабатларга ҳуқуқий такомил бериш мулк ҳуқуқини амалга ошириш кафолатларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш орқали амалга оширилади. Мулк ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқида чуқур ва тўлиқ ўрганиб, таҳлил қилинган, аммо амалиёт шуни кўрсатадики, мазкур институтни ўрганишда давом этиш орқали йўқ қилиниши ва бартараф этилиши лозим бўлган кўплаб ноаниқликлар ва низоли вазиятлар мавжуд.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида мулк ҳуқуқи тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: ”Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонунчиликка мувофиқ тарзда қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир”. Мазкур қоида мулкдорнинг қонунан қўлга киритилган мулкка ўз хоҳишига кўра, эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши учун қонуний имкониятни англатади.

Эгалик қилиш қонуний ва ноқонуний усулда амалга оширилиши
мумкин. Ҳар қандай ҳуқуқий асосга кўра, мулкка эгалик қилиш (балансига кабул қилиш), яъни мазкур мулкнинг ҳуқуқий мақомга эгалиги қонуний эгалик ҳисобланди. Ноқонуний эгалик қилиш ҳуқуқий асосга эга бўлмайди. Қоида тариқасида, мулк унга эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга тегишли, аммо қонун бўйича қандайдир мулкка эга бўлган шахс акси исботланмагунча, унга эгалик қилиш ҳуқуқига эга деб ҳисобланади.

Барча фуқаролик ҳуқуқларини, шу жумладан, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган ҳимоя қилишнинг умумий усулларига қуйидагиларни киритиш мумкин (ФКнинг 11-моддаси):

  • Ҳуқуқни тан олиш;
  • Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжатини суднинг қўлламаслиги;
  • Шахснинг ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиши.

Замонавий қонунчилигимизда эса, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилинишининг бир қанча кенгайтирилган усуллари мавжуд бўлиб, бу давлатимизда мулкдорларнинг мулкка бўлган мулк ҳуқуқи кафолатида
муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш усуллари сифатида қуйидагилар белгиланган:

  • Хусусий мулк ҳуқуқини тан олиш;
  • Хусусий мулк ҳуқуқи бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва хусусий мулк ҳуқуқини бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдиридаган ҳаракатларнинг олдини олиш;
  • Битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш;
  • Давлат органларининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш;
  • Хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши;
  • Бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш;
  • Зарарнинг ўрнини қоплаш;
  • Неустойка ундириш;
  • Маънавий зиённи қоплаш;
  • Хусусий мулк ҳуқуқи муносабатларини тартибга солишда қонунчилик барқарорлигини таъминлаш;
  • Давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид бўлган ҳужжатининг суд томонидан қўлланилмаслиги;
  • Мол-мулкнинг айрим турларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқининг
    вужудга келганлигини, ўзгарганлигини ва бекор қилинганлигини давлат рўйхатидан ўтказиш.

Шунингдек, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида ашёвий ҳуқуқ ва мажбурият ҳуқуқига оид ҳимоя қилишнинг махсус усуллари ҳам қўлланилади. Мазкур усулларнинг ушбу бўлинишини Рим ҳуқуқидаги даъволарнинг ашёвий ва мажбуриятларига боғлиқ бўлинишига бориб тарқалади.

Мулк ҳуқуқи мутлақ ашёвий ҳуқуқ ҳисобланади, шу муносабат билан уни ҳимоя қилишнинг ашёвий ҳуқуқий усуллари қуйидаги хусусиятлар билан тавсифланади:

  • Асосий эътибор тўғридан-тўғри энг тўлиқ мутлақ ҳуқуқ – мулк
    ҳуқуқи субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган;
  • Мажбуриятлар билан алоқанинг мавжуд эмаслиги;
  • Мулкка эгалик қилиш, ундан эркин фойдаланиш ва тасарруф этиш
    билан боғлиқ бўлган мулкдорнинг ҳуқуқларини тиклаш ёки ушбу ҳуқуқларни амалга оширишда юзага келадиган тўсиқларни бартараф этиш мақсадига эга;
  • Ашёвий-ҳуқуқий даъволар мулкдор томонидан фақат алоҳида белгиланган мулк учун мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида топшириш имкониятининг мавжудлиги;
  • Алоҳида кўрсатиб ўтилган ҳолларда белгиланган мулк натура шаклида сақланиши лозим, акс ҳолда ҳимоя қилишнинг мажбурият ҳуқуқига оид усули ҳисобланган етказилган зарарни ундириш усули амал қилади.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, хусусий мулк ҳуқуқини
фуқаролик ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими бу мулкдорга унга тегишли
мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этишга бевосита ёки билвосита йўналтирилган ашёвий-ҳуқуқий ва мажбурият ҳуқуқига оид характердаги ҳуқуқий воситалар ва усуллар тўпламидир.

Хусусий мулк ҳуқуқини фуқаролик ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг учта
гуруҳи мавжуд:

  1. Фақат суд томонидан амалга ошириладиган усуллар;
  2. Суд ёрдамида ёки судга мурожаат қилмасдан амалга ошириладиган усуллар:
  3. Давлат органи иштирокисиз амалга ошириладиган ўзини ҳимоя қилиш тартибидаги ҳимоя усуллари.

Инсофли эгалловчидан фақат қонунда белгиланган вазиятлардагина мол-мулкни талаб қилиб олиш мумкин. Қолган вазиятларда ва пул кўринишидаги мулк талаб қилиб олиниши мумкин эмас.

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешку туманлараро суди раиси                                                         И.С.Джураев

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешку туманлараро суди судьяси                                                      Ҳ.Р.Қорёғдиев

Суд томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўриш

1968 йил 1 октябрдан кейин туғилган болаларга нисбатан оталик факти ОК 62-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасини ишончли тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлгандагина белгиланиши мумкин.

Давлат томонидан оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши, болалар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг, ота-онанинг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, ҳимояланиши каби конституциявий принципни таъминлаш судларнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шу муносабат билан оталикни белгилаш тўғрисидаги ишларни тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этишга нисбатан эътиборни оширишлари, мазкур тоифадаги ишларни судда кўришга пухта тайёрлашлари, ишнинг ҳақиқий ҳолатлари ва тарафларнинг ўзаро муносабатларини тўла аниқлаш юзасидан чоралар кўришлари лозим.

Оила кодексига кўра, ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилганда, оталик онанинг ва ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг биргаликдаги аризасига мувофиқ (боланинг онаси вафот этган, у суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, унинг яшаш жойини аниқлаш имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда — ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг аризасига мувофиқ) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан белгиланади.

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, Оила кодексида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланади.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги масала суд томонидан боланинг ота-онасидан бирининг, васий (ҳомий)си ёки бола қарамоғида бўлган шахснинг ёхуд вояга етганидан сўнг боланинг ўзи берган аризага мувофиқ даъво ишини юритиш тартибида ҳал этилади.

Боланинг онаси вафот этган, муомалага лаёқатсиз деб топилган, она қаердалигини аниқлашнинг имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда ҳам, агар васийлик ва ҳомийлик органи боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг аризасига биноан оталикни белгилашга розилик бермаган бўлса, суд ўша шахснинг аризасига мувофиқ оталикни даъво ишини юритиш тартибида белгилаши мумкин.

Оила кодексига кўра, никоҳда бўлмаган вояга етмаган ота-онадан бола туғилган ҳолда улар ўн олти ёшга тўлганларидан сўнг оталикни белгилаш тўғрисида мустақил равишда талаб қўйишга ҳақлидирлар. Шу муносабат билан суд кўрсатилган шахсларнинг оталикни белгилаш тўғрисидаги аризасини Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 195-моддаси биринчи қисмига асосан қайтаришга ҳақли эмас.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги иш бўйича тараф вояга етмаган шахс бўлса, суд унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийсини қонуний вакил сифатида ишда иштирок этишга жалб этиши шарт.

Оталикни белгилаш ҳақидаги ариза суднинг иш юритувига фақат бола туғилганлиги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этилганидан сўнг ва отаси ҳақидаги ёзув ОК 207-моддасига мувофиқ амалга оширилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда қабул қилиниши мумкин.

 Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида боланинг туғилганлиги қайд этилмаган бўлса, суд аризани қабул қилишни рад этади.

Бундай ҳолда суд манфаатдор шахсга туғилишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши шарт.

Боланинг отаси тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилган ёзув бола унда кўрсатилган шахсдан келиб чиққанлигини тасдиқловчи далил ҳисобланиши туфайли, туғилиш тўғрисидаги далолатнома ёзувида ОК 207-моддасига мувофиқ боланинг отаси сифатида бошқа аниқ шахс кўрсатилган ҳолда ҳам суд аризани қабул қилишни рад этади.

Судлар шуни назарда тутиши лозимки, қонунда мазкур тоифа ишлар бўйича даъво муддати назарда тутилмаган бўлиб, оталик бола туғилганидан сўнг исталган вақтда белгиланиши мумкин.

Бунда шуни эътиборга олиш керакки, Оила кодекси 62-моддасига кўра, ўн саккиз ёшга тўлган болага нисбатан оталик фақат унинг розилиги билан, агар у муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг васийси ёки васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан белгиланилишига йўл қўйилади.

Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда (эмансипация), бундай вояга етмаганга нисбатан ҳам фақат унинг розилиги билан оталик белгиланилишига йўл қўйилади.

Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланган. Бу шартлар қуйидагилардир:

боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари;

боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари;

жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги.

Судларга тушунтирилсинки, оталикни белгилаш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш учун кўрсатиб ўтилган шартлардан биттаси иш бўйича аниқланиши етарли.

Жавобгарнинг боланинг онаси билан биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари оилавий муносабатларга хос бўлган ҳолатлар (ҳомила пайдо бўлган вақтда ва бола туғилгунга қадар битта турар жойда яшаш, умумий бюджет юритиш, биргаликда овқатланиш, ўзаро ғамхўрлик, умумий фойдаланиш учун мол-мулк сотиб олиш ва ҳ.к.лар) мавжудлиги билан тасдиқланади.

Тарафлар биргаликда яшашганми ва умумий рўзғор юритишганми, деган масалани ҳал этишда суд алоҳида олинган ҳар бир ҳолда ишнинг муайян ҳолатларидан ва тарафлар ҳаётининг объектив шарт-шароитларидан келиб чиқиши лозим.

Бола туғилгунга қадар тарафлар ўртасида бундай муносабатларнинг тугатилиши, ўз-ўзидан, оталикни белгилаш тўғрисидаги даъвони рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилмайди, улар ҳомиладорлик бошлангунга қадар тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

Болани биргаликда тарбия қилиш боланинг онаси ва жавобгар билан бирга яшаганлигида ёки жавобгарнинг бола билан муносабатга киришиб, унга нисбатан оталарча ғамхўрлик ва эътибор кўрсатганлигида намоён бўлади.

Боланинг биргаликда таъминлаб турилиши деганда, бола онаси ва жавобгарнинг қарамоғида бўлганлиги ёки жавобгар томонидан бола таъминоти учун муттасил ёрдам кўрсатилиб келинганлиги, бундай ёрдам миқдоридан қатъи назар, тушунилиши лозим.

Жавобгар томонидан оталик тан олинганлигини тасдиқловчи бошқа далиллар сифатида суд ишончли деб топган ҳар қандай фактик маълумотлар (хатлар, телеграммалар, фотосуратлар, анкеталар, турли инстанцияларга ёзилган аризалар, аудио-, видеоёзувлар, экспертлар хулосаси), у боланинг отаси эканлигини тан олганлигини тасдиқловчи бошқа ҳаракатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари бўлиши мумкин. Бундай иқрорлик онанинг ҳомиладорлиги даврида ҳам (масалан, болалик бўлишни хоҳлаш, бўлажак боланинг онаси ҳақида ғамхўрлик), бола туғилганидан сўнг ҳам ифода этилиши мумкин.

 Суд ФПК талабларига мувофиқ ишнинг ҳақиқий ҳолатларини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун даъвогар томонидан келтирилган Оила кодексининг назарда тутилган у ёки бу ҳолатлардан қатъи назар, ушбу қонун нормасида назарда тутилган эътиборга молик бошқа ҳолатлар мавжуд бўлган-бўлмаганлигини аниқлаши шарт.

Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида судья низони тарафларнинг ўзаро розилиги бўйича ҳал этиш имкониятини аниқлаши, зарур ҳолларда, Оила кодексида назарда тутилган ҳолатларни тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиши лозим.

Агар суҳбат давомида жавобгар боланинг отаси эканлигини тан олса, суд тарафларга оталикни ОК 61-моддасига мувофиқ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига биргаликда ариза бериш орқали ихтиёрий расмийлаштириш имкониятини тушунтириши ва шу мақсадларда тарафларга муайян муддат бериши лозим.

Оталик тарафларнинг биргаликдаги аризасига асосан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан белгиланган ва боланинг туғилганлиги ҳақида гувоҳнома тақдим этилганда, суд ФПК 124-моддасига мувофиқ иш бўйича иш юритишни тугатади. Агар оталикни белгилаш ҳақидаги даъво билан бир пайтда алимент ундириш тўғрисида талаб қўйилган бўлса, ишнинг шу қисми суд томонидан умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.

 Жавобгар томонидан оталик суд мажлисида тан олинганда, суд ФПК талабига мувофиқ даъво тан олинганлигини қабул қилиш масаласини муҳокама қилиши ва у қабул қилинганда, иш ҳолатларини мазмунан текширмасдан, оталикни белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши лозим.

Судларнинг эътибори жавобгарнинг даъвони тан олганлиги, ишга қўшиб қўйиладиган, суднинг номига йўлланган ёзма аризада ифодаланган бўлиши ва суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши шарт эканлигига қаратилсин.

Оталикни белгилаш шартлари, тартиби ва ҳуқуқий оқибатлари қонун билан белгиланганлиги сабабли, суд бундай иш бўйича келишув битимини тасдиқлашга ҳақли эмас.

Зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини (масалан, ҳомила пайдо бўлиш вақтини, уруғлантириш қобилияти бор-йўқлигини ва ҳ.к.) аниқлаш мақсадида суд, ОК 62-моддасида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда, ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинлаши мумкин.

Бундай экспертизалар тайинлашда судлар Олий суд Пленумининг 2008 йил 12 декабрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича экспертиза тайинлаш, ўтказиш ва эксперт хулосасига баҳо беришда суд амалиётида келиб чиқадиган айрим масалалар ҳақида»ги 24-сонли  қарорида  берилган тушунтиришларга асосланишлари лозим.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ФПК 80-моддасига  мувофиқ суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси хулосалари исботлаш воситаларидан бири ҳисобланади ва шу сабабли улар иш бўйича тўпланган бошқа далиллар мажмуи бўйича баҳоланиши лозим.

Судлар оталикни белгилаш тўғрисидаги талабни оталикни тан олиш фактини белгилаш ва оталик фактини белгилаш тўғрисидаги алоҳида иш юритиш тартибида кўриладиган талаблардан фарқлашлари лозим.

Агар оталикни тан олиш фактини, оталик фактини белгилаш тўғрисидаги аризани бериш ёки кўриш вақтида судга тааллуқли бўлган ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса, ариза кўрмасдан қолдирилади, аризачи ва бошқа манфаатдор шахсларга низони даъво ишларини юритиш тартибида ҳал қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

 Ўзини боланинг отаси деб тан олган, бироқ боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахс вафот этган тақдирда, суд унинг оталикни тан олганлиги фактини белгилашга ҳақли.

Оталикни тан олиш факти суд томонидан вафот этган шахс болага нисбатан ўзининг оталигини тан олганлигини ишончли тасдиқловчи ҳар томонлама текширилган маълумотларга асосан белгиланиши мумкин.

Бундай факт ишнинг муайян ҳолатларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, ўзини бўлажак боланинг отаси деб онанинг ҳомиладорлиги даврида тан олган шахс вафотидан кейин туғилган болага нисбатан ҳам белгиланиши мумкин.

Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахс вафот этган ҳолда, суд оталик фактини, яъни боланинг ўша шахсдан келиб чиққанлиги фактини белгилашга ҳақли.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига йўл қўймаслик мақсадида тарафларнинг илтимосномасига кўра оталикни белгилаш ҳақидаги иш ёпиқ суд мажлисида кўрилиши мумкин.

             Оталикни, оталикни тан олиш фактини, оталик фактини белгилашга оид ҳал қилув қарорлари суд томонидан ҳар томонлама текширилган ва арз қилинган талабларни тасдиқловчи ёки инкор этувчи маълумотларга асосланган бўлиши лозим. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида оталикни белгилашни қайд қилиш учун зарур бўлган маълумотлар (отанинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг туғилган куни, ойи, йили ва туғилган жойи, миллати, доимий яшаш ва иш жойи) кўрсатилиши лозим.

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешку туманлараро суди раиси                                                         И.С.Джураев

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешку туманлараро суди судьяси                                                      Ҳ.Р.Қорёғдиев

Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишдан тугатиш билан боғлиқ процессуал нормаларни қўллаш

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси
3-моддасига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли.

Мурожаат Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда, илова қилинадиган ҳужжатлар билан биргаликда судга бевосита қабулда топширилиши, почта алоқа хизмати ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Судлар аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатишда процессуал ҳуқуқ нормаларини аниқ ва бир хилда қўллашга алоҳида эътибор қаратишлари шарт.

Аризани қабул қилишни рад этиш ва фуқаролик иши юзасидан иш юритишни тугатишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида кўрсатилган асосларга риоя қилиш лозим.

Хусусан, Оила кодексининг 39-моддасида хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли
эмаслиги белгиланган. Бундай ҳолатларда суд аризани қабул қилишни
рад этиши, агар ариза қабул қилинган тақдирда иш юритишни тугатиши лозим.

Ушбу қонун нормаларида белгиланган қоидалар нафақат даъво аризаларга нисбатан, балки алоҳида тартибда иш юритиш, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Аризани қабул қилишни рад этиш масаласи судья томонидан ариза келиб тушган кундан эътиборан 10 кунлик муддат ичида асослантирилган ажрим чиқариш орқали ҳал қилинади ва у дарҳол, алоҳида ҳолларда эса, ажрим чиқарилган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида мурожаат қилувчи шахсга топширилади ёки алоқа бўлими ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.

Агар иш судга тааллуқли бўлмаса, судья ажримда аризачи қайси органга мурожаат қилиши лозимлигини ёки иш қўзғатишга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни қандай бартараф этишини кўрсатиши шарт.

Судьянинг Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган асослар бўйича аризани қабул қилишни рад этиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф қилингач, шу иш бўйича судга умумий тартибда ариза билан такроран мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.

Суднинг айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжудлиги аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўлади.

Судлар ушбу масалани ҳал қилишда илгари қабул қилинган ва қонуний кучда бўлган суд қарори айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича қабул қилинганлигига, шунингдек, кўрсатилган ҳолатларнинг барчаси мавжуд бўлиши аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўлишига эътибор қаратишлари лозим.

Даъвогар ўзининг талабларига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар даъво асоси ҳисобланади.

Даъво предмети деганда, даъвогарнинг талаби йўналтирилган, суд қарори қабул қилиниши сўралаётган субъектив-ҳуқуқ ҳамда кўриб ҳал қилиниши лозим бўлган моддий-ҳуқуқий низо тушунилади.

Судларга жавобгардан даврий тўловлар (алиментлар, соғлиққа шикаст етказилганда кўрилган зарарни қоплаш ёки фуқаро вафот этганлиги билан боғлиқ тўловлар ва ҳоказолар) ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан сўнг тўловлар миқдори ёки муддатини белгилашга таъсир этувчи ҳолатлар жиддий равишда ўзгарган бўлса, бундай асос билан ҳар бир тараф Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ янгидан ариза бериш йўли билан тўловларнинг миқдори ва муддатини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.

Ҳал қилув қарори чиқарилгунга қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун даъвогарга нисбатан қарши даъво тақдим этишга ҳақли бўлиб, бунда қарши даъво умумий қоидаларга риоя қилинган ҳолда берилиши лозим.

Жавобгар томонидан келтирилган қарши даъвони қабул қилишда Фуқаролик процессуал кодекси талабидан қатъий назар, аризани қабул қилиш учун ушбу Кодексида кўрсатилган асослар монелик қилмаслиги ва ариза Фуқаролик процессуал кодекси талабларига риоя қилинган ҳолда берилганлигига эътибор қаратишлари лозим.

Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ, муомалага лаёқатсиз шахс, шунингдек, иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан берилган ариза кўрмасдан қолдирилиши лозим.

Ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган деганда,
руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган, шунингдек, суд томонидан қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс томонидан берилган ариза тушунилади.

Ариза манфаатдор шахс номидан аризани иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан берилган деганда, бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахс (ишончли вакил)га учинчи шахслар олдида берилган ваколатлар доирасида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома мавжуд бўлмаган шахс томонидан берилган ариза тушунилади.

Аризани кўрмасдан қолдиришда Фуқаролик процессуал кодексида кўрсатилган асосларга риоя қилиш лозимлиги, лекин бу асослар ҳам
тугал эмаслиги судларга тушунтирилсин.

Хусусан, Фуқаролик процессуал кодекси талабига кўра, алоҳида тартибда юритиладиган ишни кўриш вақтида агар судга тааллуқли
ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса, суд аризани кўрмасдан қолдириб, ишда иштирок этувчи шахсларга умумий тартибда даъво тақдим этишни таклиф қилиши лозим.

Шунга кўра, судларнинг эътибори аризани кўрмасдан қолдириш асослари Фуқаролик процессуал кодексидан ташқари қонуннинг бошқа махсус нормалари билан ҳам белгиланган.

Аризани Фуқаролик процессуал кодекси асосида кўрмасдан қолдиришда ишда тарафларга суд чақирув қоғози топширилганлиги ҳақидаги маълумот мавжуд бўлиб, улар суд мажлисига узрли сабабларга кўра кела олмаганликларини тасдиқловчи далиллар тақдим қилмаган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.

Аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги суд ажрими асослантирилиши ва шунингдек, ариза процессуал қонуннинг қайси нормасига мувофиқ кўрмасдан қолдирилганлиги аниқ кўрсатилиши лозим.

Аризани кўрмасдан қолдирилиши, ишнинг мазмунан ҳал этилишига тўсқинлик қилиши сабабли унга асос қилиб келтирилган ҳолатларни бартараф этиш йўллари суд томонидан ажримда кўрсатилиши шарт.

Аризани кўрмасдан қолдиришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан сўнг манфаатдор шахс яна судга умумий тартибда ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Агар тарафлар суд мажлисига узрли сабабларга кўра кела олмаганликларини тасдиқловчи далилларни тақдим этса, даъвогар ёки жавобгарнинг илтимосномаси (аризаси)га биноан, суд Фуқаролик процессуал кодексига асосан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида чиқарган ўз ажримини шу кодексига кўра бекор қилади.

Мазкур илтимоснома (ариза) келиб тушган кундан эътиборан
10 кунлик муддат ичида суд томонидан тарафлар иштирокида суд мажлисида кўриб чиқилади. Тарафлардан бирининг суд мажлисига келмаганлиги илтимоснома (ариза)ни мазмунан ҳал қилишга тўсқинлик қилмайди.

Суднинг ажрими ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги сабабли ажрим устидан хусусий шикоят ёки хусусий протест келтирилиши қонунда назарда тутилмаган.

Судларга тушунтирилсинки, аризани кўрмасдан қолдиришга фақат Фуқаролик процессуал кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган асосларга кўра йўл қўйилади. Ариза суд томонидан асоссиз кўрмасдан қолдирилган ҳар қандай ҳолатга юқори суд тегишли муносабат билдириши лозим.

Судлар иш юритишни тугатишда Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган асосларга қатъий амал қилишлари шарт.

Агар фуқаролик иши қўзғатилган бўлиб, суд муҳокамаси вақтида иш судга тааллуқли эмаслиги аниқланса, суд мазкур масалада тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда, алоҳида ажрим билан иш юритишни тугатиб, унда аризачига қайси органга мурожаат қилиши лозимлигини тушунтиради.

Айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжудлиги сабабли иш юритиш тугатилганда, суд ажримида ушбу асослар бўйича иккинчи марта мурожаат қилишга йўл қўйилмаслиги етарлича асослантирилиши лозим.

Даъвогар арз қилган талабларидан воз кечган ва суд бу воз
кечишни қабул қилган ҳамда тарафлар келишув битими тузган
бўлсалар, уни тасдиқлашда судлар Фуқаролик процессуал кодекси талабларига қатъий риоя қилишлари лозим.

Ажрим нусхаси ишда иштирок этаётган тарафларга дарҳол,
алоҳида ҳолларда эса, қабул қилинган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида топширилиши, алоқа бўлими орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши шарт.

Ишни судда кўришга тайёрлаш вақтида жавобгар даъвогарнинг талабларини тан олиши ва бу тан олиш суд томонидан қабул қилиниши асоси бўйича иш юритишни тугатишда ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида ҳуқуқ тўғрисида низо мавжуд бўлмаслиги ҳамда ишга жалб қилинмаган бошқа шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига таъсир қилмаслиги лозим.

Ўзбекистон Республикасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуни
11-моддаси 1-қисмига асосан ҳакамлик битими мавжуд бўлган тақдирда, низо ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топширилиши мумкин. Агар тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими мавжудлиги аниқланса, ҳакамлик судига ариза топширилган-топширилмаганлигидан қатъий назар суд иш юритишни тугатиб, тарафларга ҳакамлик судига мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради.

Тарафлардан бирининг вафотидан сўнг Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлмай, низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса, иш юритиш тугатилиши лозим.

Фуқаролик процессуал кодекси асосида аризани қабул қилишни
рад этиш ёки аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги суд ажрими манфаатдор шахсларнинг хусусий шикоятлари (протестлари)га мувофиқ бекор қилинган тақдирда, иш мазмунан ҳал қилинмаганлигини инобатга олган ҳолда, илгари ажрим чиқарган судья ишни қайтадан кўриши мумкин.

 Суд иш юритишни тугатиш ҳақидаги масалани муҳокама қилиш билан биргаликда даъвони таъминлаш чораларини бекор қилишга ҳам эътибор қаратишлари лозим.

Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш
ёки иш юритишни тугатиш масалаларини ҳал қилиш билан биргаликда Фуқаролик процессуал кодексида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, аризачига тўланган давлат божи тўлиқ қайтарилиши таъминланиши шарт. Давлат божини қайтариш масаласини ҳал қилишда Солиқ кодексининг 342-моддаси талабларига риоя қилиниши керак.

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешку туманлараро суди раиси                                                         И.С.Джураев

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешку туманлараро суди судьяси                                                      Ҳ.Р.Қорёғдиев

Суд томонидан солиқ қонунчилигининг қўллашнинг айрим масалалари

Суд Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 13-моддасида белгиланган солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципини қўллашда солиқларни ҳисоблаш, ундириш, тўлаш ёки солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасидаги муносабатларда вужудга келган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларга эмас, балки аниқ қонунчилик ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларга баҳо бериши лозим.

Солиқ низоларининг тарафлари сифатида Солиқ кодексида
назарда тутилган субъектлар ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган давлат органлари ва бошқа шахслар иштирок этиши мумкин.

Шунингдек, ихтиёрий тугатиш жараёнида бўлган юридик шахслар номидан тугатувчи, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган шахслар номидан эса суд бошқарувчиси судга мурожаат қилишга ҳақли.

Солиқ кодекси 88-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатининг ўтиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 156, 157 ва 159-моддаларига мувофиқ тўхтатиб турилиши, узилиши ва қайта тикланиши мумкин.

Солиқ кодексининг 110-моддасига асосан ҳисобланган ва белгиланган муддатда тўланмаган пеня ҳам Солиқ кодексининг
55-моддасига мувофиқ, солиқ қарзи деб эътироф этилишини эътиборга олган ҳолда судлар шуни назарда тутиши лозимки, ҳисобланган пенядан солиқ тўловчини озод этишга ёки пеня миқдорини камайтиришга йўл қўйилмайди, бундан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.

Ўзбекистон Республикаси томонлардан бири бўлган, иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш масалаларини тартибга соладиган халқаро шартнома қоидалари шундай шартномани тузган бир ёки иккала давлатнинг солиқ резидентларига нисбатан қўлланилади.

Шунга кўра, бундай тоифадаги ишларни кўришда судлар зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ёки Адлия вазирлигига мурожаат қилиб, судда кўрилаётган низога доир масала юзасидан халқаро шартномалар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш чорасини кўриш кераклигига эътибор қаратилсин.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиниши лозим бўлган суд иши юритуви турини тўғри аниқлаш (даъво иш юритуви ёки оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш юритуви) суд ҳимояси учун мурожаат қилган шахснинг талабидан келиб чиққан ҳуқуқий муносабатларга боғлиқдир.

Солиқ қарздорлигини ундириш, солиқ тўловчиларнинг бюджетдан пул суммаларини қайтариш, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати юзасидан низолар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар тегишлилигича иқтисодий судлар ва фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судловига, солиқ органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), солиқ органи томонидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказишни рад этиш устидан ариза (шикоят) маъмурий судларнинг судловига тааллуқли, бундан солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича қабул қилган қарорлари мустасно.

Солиқ органининг норматив характерга эга бўлган ҳужжатлари бўйича манфаатдор шахс Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг (бундан буён матнда МСИЮтК, МСИЮтКнинг деб юритилади) 22-боби тартибида низолашиши мумкин.

Солиқ қарзини ундириш солиқ органи томонидан тўғридан-тўғри ёки суд орқали амалга оширилишини инобатга олиб, судлар бу тоифадаги ишларни кўришда Солиқ кодексининг 15-бобида назарда тутилган тартибга риоя қилинганлигига эътибор қаратиши лозим.

Даъво аризаси, ариза (шикоят) процессуал қонунчиликнинг тегишли нормалари — Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 149, 218-моддалари, МСИЮтК 128-моддаси, шунингдек Солиқ кодексининг махсус нормаларида қайд этилган талабларга жавоб бериши лозимлигига қаратилган.

Масалан, солиқ органи томонидан берилган даъво аризасида ундирилиши сўралган солиқ тури, даври, суммаси, солиқ органининг фикри бўйича ҳуқуқни суиистеъмол қилинганлигини, битим қалбакилигини (кўзбўямачилик учун тузилганлигини) тасдиқловчи ва талабни асослантирувчи бошқа ҳолатлар кўрсатилиши керак.

Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида судья тегишли процессуал қонунчиликда белгиланган ҳаракатларни амалга ошириши, жумладан, даъвони таъминлаш ёки дастлабки ҳимоя чораларини қўллаш, зарур далилларни олиш чораларини кўриши лозим.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг вакиллигига оид масалаларни ҳал қилишда судлар шуни назарда тутиши лозимки, «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига кўра, солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида хизматлар кўрсатишга доир фаолиятига солиқ маслаҳатчисининг солиққа оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлган иқтисодий, фуқаролик ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқишда вакиллик қилиш ҳам киради. Бундай ваколат ишонч билдирувчи томонидан процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда берилган ишончнома, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти билан тузилган солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома (ундан кўчирма) ва малака сертификати асосида тасдиқланади.

Солиқ қонунчилигига кўра, солиқ тўловчилардан ундирилган солиқлар ва йиғимлар белгиланган тартибда бюджет тизимига (бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига) йўналтирилиши сабабли, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни қайтариш ёки ундириш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилганда ҳал қилув қарорида ундириладиган сумма бюджет тизимидан қайтарилиши кўрсатилиши лозим.

Шу муносабат билан солиқ тўловчилар томонидан ортиқча тўланган ёки солиқ органи ортиқча ундирган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисида даъво аризалари берилганда судлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва (ёки) унинг ҳудудий органларини низо предметига нисбатан жавобгар тарафида мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиш масаласини муҳокама қилиши лозим.

Солиқ кодексининг 14-моддасига асосан солиқ органлари солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган
бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиш ваколатига эга.

Бунда қўшимча солиқ ҳисобланиши натижасида ҳосил бўлган
солиқ қарзи солиқ органларининг солиқ текшируви бўйича ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллашга асосланган ва бунга солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда солиқ органи ҳосил бўлган солиқ қарзини ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга мурожаат қилиши лозим.

Солиқ тўловчининг юқорида қайд этилган норозилиги солиқ текшируви якуни бўйича текширув материалларини кўриб чиқиш босқичи тугагунга қадар билдирилмаган бўлса, солиқ органининг солиқни қўшиб ҳисоблаш тўғрисида қабул қилган қарори юзасидан маъмурий судда низолашиш мумкин.

Солиқ органининг ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ёки битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатлари бўйича солиқ қарзини суд орқали ундириш ҳақида қабул қилган қарори солиқ тўловчи учун ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаслиги сабабли,
уни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб судга тааллуқли эмас.

Солиқ органининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар МСИЮтКнинг 23-боби тартибида кўриб чиқилади.

Солиқ органининг сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарори устидан берилган шикоят юқори турувчи солиқ органи томонидан қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаганлиги, солиқ тўловчининг белгиланган муддат ўтгандан кейин солиқ органининг қарорини судда низолашиш ҳуқуқини истисно қилмайди.

Шу билан бирга, судларнинг эътибори солиқ тўловчи судга юқори турувчи солиқ органи мансабдор шахсининг шикоятни муддатида кўриб чиқмасликда ифодаланган ҳаракатсизлиги устидан ариза (шикоят) билан мурожаат қилиши мумкин.

Юқори турувчи солиқ органи томонидан шикоятни тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдириш асослари Солиқ кодексининг
234-моддасида
келтирилган.

Агар шикоят Солиқ кодекси 234-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисига асосан кўрмасдан қолдирилган ёки шикоят солиқ органининг белгиланган тартибда илгари шикоят қилинган қарори устидан берилганлиги асоси билан кўрмасдан қолдирилган ёхуд юқори турувчи солиқ органи томонидан шикоят бериш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса, солиқ тўловчи қуйи турувчи солиқ органининг қарори устидан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Солиқ кодекси 231-моддасининг тўққизинчи қисмида солиқ органларининг қарорлари, мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилиши қайд этилганлиги сабабли, бундай аризалар (шикоятлар) МСИЮтК 186-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган муддатда берилиши мумкин.

Солиқ тўловчи низолашилаётган қарор ҳақида билган пайт деганда, қарор белгиланган тартибда топширилмаган бўлса-да, у низоли қарордан амалда хабардор бўлган вақт (масалан, солиқ органининг қарори асосида солиқ тўловчидан солиқни ундиришга қаратилган ҳаракатлар ва ҳоказо) тушунилади.

Юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганида солиқ органининг қарорлари устидан судга шикоят қилиш муддати, қуйи турувчи солиқ органининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан ўта бошлайди (Солиқ кодексининг 234-моддаси тартибида кўрмасдан қолдирилган шикоятлар бундан мустасно).

МСИЮтК 186-моддасининг учинчи қисмига кўра, суд ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабларга кўра, ўтказиб юборилган муддатини тиклашга ҳақли.

Судга мурожаат қилишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги масалани ҳал қилишда, судлар аризачининг низолашилаётган қарор ёки ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳақида билган ёхуд билмаганлиги, аризачи ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида қандай чоралар амалга оширганлигига эътибор қаратиши лозим.

Масалан, фавқулодда ҳолатлар, карантин, фуқаронинг оғир ва давомли касаллиги, шахснинг солиқ қарори ҳақида бехабарлиги судга мурожаат қилишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар сифатида
ариза беришнинг муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб топилиши учун асос бўлиши мумкин.

Суд ҳар бир иш бўйича аризачи томонидан қонун билан белгиланган судга мурожаат қилиш муддатларига риоя қилинганлигини аниқлаши, мазкур муддатлар бузилганда эса, манфаатдор шахснинг муддатни ўтказиб юборилишига сабаб сифатида келтирилган важларини муҳокама қилиши лозим.

Солиқ кодекси 231-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган шикоят юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилганидан сўнг суд тартибида шикоят қилинганда суд тегишли тартибда юқори турувчи солиқ органини ишга жалб қилиши лозим, бундан Солиқ кодекси 235-моддаси тўртинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолат мустасно.

Солиққа оид низолар юзасидан тайинланадиган экспертиза турини аниқлашда судлар эксперт текшируви объектининг хусусиятидан келиб чиқиши лозим (масалан, суд-солиқ, суд-бухгалтерия ва ҳоказо).

Маъмурий иш бўйича тайинланган экспертизани ўтказиш учун тўлов ундирилиши масаласини «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддаси талаблари асосида ҳал этиши лозим.

Фуқаролар ва солиқ органлари ўртасидаги солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳар қандай низо фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳал қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси
171-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига мувофиқ, солиқ органининг фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги талаб фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан суд буйруғи бериш орқали ҳал қилинади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш ҳамда ушбу тўловлар миқдори тўғрисида тарафлар ўртасида низо вужудга келган тақдирда, ушбу масала даъво ишини юритиш тартибида ҳал қилинади.

Солиқ органининг фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш ёки фуқароларнинг солиқ органидан ортиқча миқдорда тўланган тўловларни қайтариш ёхуд уни қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ишларни ҳал қилишда, судлар фуқароларнинг қарздорлиги ёки тўловларни ортиқча тўланганлиги қайси солиқ туридан келиб чиққанлигини ҳамда унинг миқдори тўғри ҳисобланганлигини текшириши лозим.

Фуқаролардан мулкни реализация қилишдан олинган даромадлардан ҳисобланган солиқни ундириш ҳақидаги талабларни кўриб чиқишда, Солиқ кодекси 375-моддасининг 4-бандидан келиб
чиқиб, ушбу даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан
ошган қисми сифатида аниқланишига, мазкур қийматни тасдиқловчи
ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса — кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ даромад деб эътироф этилишини инобатга олиши керак.

Реализация қилинган кўчмас мулкнинг кадастр қиймати аниқланмаган (ноль қийматда белгиланган) тақдирда, мазкур солиқнинг миқдори фақат кадастр органи томонидан ушбу кўчмас мулкнинг кадастр қиймати белгилангандан кейингина ҳисобланиши мумкин.

Солиққа оид низоларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қонунчилик бузилган ҳар бир ҳолат бўйича мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масалаларини ҳал этиб, ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни пухта ўрганиб, хусусий ажрим чиқариш йўли билан уларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешку туманлараро суди раиси                                                         И.С.Джураев

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешку туманлараро суди судьяси                                                      Ҳ.Р.Қорёғдиев

Суд ҳужжатларини ижрога қаратиш, уларнинг ижросини кечиктириш ёки унинг бўлиб-бўлиб ижро этилиши, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш асослари

Суд ҳужжатлари улар қонуний кучга киргандан кейин ижрога қаратилади, бундан унинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда дарҳол ижро этилиши ҳоллари мустасно.

Суд ҳужжатининг мажбурий ижроси, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

Ижро варақаси суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий ижро этишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатдир.

Ҳар бир суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади.
Бироқ, агар ижро турли жойларда ёки бир нечта ундирувчининг фойдасига
амалга ошириладиган бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига биноан ижро жойини ёхуд ҳал қилув қарори ижросининг ҳар бир ижро варақасига тегишли қисмини аниқ кўрсатган ҳолда бирнеча ижро варақаси беради.

Бир нечта жавобгардан пул суммаларини ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори асосида жавобгарларнинг сони бўйича бир нечта ижро варақаси берилади. Бунда, агар солидар жавобгарлардан ундириш назарда тутилаётган бўлса, ҳар бир ижро варақасида ундирувнинг умумий суммаси кўрсатилиши ва солидар жавобгар эканлиги кўрсатилган ҳолда жавобгарларнинг ҳаммаси санаб ўтилиши керак.

Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади.

Ижро варақаси ундирувчига берилади ёки суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг беш кун ичида ундирувчининг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади, бундан суд ҳужжати чиқарилиши биланоқ ижро варақаси берилиб, дарҳол ижро этиладиган ҳоллар мустасно.

Жиноят содир қилиш натижасида етказилган зарарни ундириш, алиментларни ундириш, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик, шунингдек боқувчи вафот этганлиги натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш, ходим билан меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилиш ёхуд ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда ёки суднинг ишга тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини бажармаганликда айбдор бўлган мансабдор шахслардан пул суммаларини ундириш, давлат даромадига пул маблағларини ундириш ҳолларида суд ўз ташаббусига кўра ижро варақасини ижро этиш учун юборади.

Давлат фойдасига мулкий ундирувлар бўйича ижро варақаси ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг уч иш куни ичида суд томонидан қарздорнинг жойлашган еридаги давлат ижрочисига юборилади.

Ижро варақаси электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Ижро варақасининг ёки суд буйруғининг асл нусхаси йўқотилган ҳолларда, суд ҳужжатини чиқарган суд ундирувчининг ёхуд давлат ижрочисининг аризасига кўра, ижро варақасининг дубликатини бериши мумкин.

Дубликат бериш ҳақидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўрилади, бироқ уларнинг келмаганлиги дубликат бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.

Дубликат бериш тўғрисидаги ариза бундай ариза судга келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кун ичида суд мажлисида кўрилади.

Суднинг дубликат бериш тўғрисидаги масалага доир ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Хусусий шикоятда (протестда) хусусий шикоят (протест) берган шахснинг ёки унинг вакилининг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.

Суднинг ҳал қилув қарори мажбурий тартибда ижро этиш учун,
агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, у қонуний кучга
кирган пайтдан эътиборан уч йил ичида тақдим этилиши мумкин.

Даврий тўловларни ундириш учун берилган ижро варақалари бу тўловлар ундириладиган бутун давр ичида ижрога тақдим этилиши мумкин. Ижро варақаси ижрога тақдим этилгунига қадар ўтган вақт учун даврий тўловлар ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатлар доирасида ундирилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатларнинг ўтиши ҳар бир тўлов муддати тугаган кундан эътиборан бошланади.

Агар суд томонидан ижро варақаси берилгунига қадар суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб ижро этилишига йўл қўйилган бўлса, унда ижро варақасини тақдим этиш муддати қайси вақтдан бошланиши кўрсатилади.

Ижрога тақдим этиш муддати, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ижро варақасининг ижрога тақдим этилиши, шунингдек ҳал қилув қарорининг қисман ижро этилиши билан узилади.

Муддат узилгандан сўнг унинг ўтиши янгидан бошланади, бунда олдинги ўтган вақт янги муддатга қўшиб ҳисобланмайди. Ижро варақаси тўлиқ ёки қисман ундирилмай қайтарилган тақдирда, ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун янги муддатни ҳисоблаш ижро варақаси ундирувчига қайтарилган кундан эътиборан бошланади.

Ижро варақасини ижрога тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддати, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, суд узрли деб топган сабабларга кўра тикланиши мумкин.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза суд ҳужжатини чиқарган судга ёки у ижро этиладиган жойдаги судга берилади. Ариза судга келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида суд мажлисида, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда кўрилади, бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тўсқинлик қилмайди.

Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, у ундирувчи ва қарздорга юборилади.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад қилинганлиги устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштирадиган объектив ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, суд ундирувчининг, қарздорнинг ёки давлат ижрочисининг аризасига биноан ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёхуд унинг бўлиб-бўлиб ижро этилишига йўл қўйишга, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли.

Агар ваколатли давлат органининг қарорида ёки тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёхуд бўлиб-бўлиб ижро этиш учун кўпи билан бир йил муддат берилиши мумкин.

Қарздорга суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки унинг бўлиб-бўлиб ижро этилишига йўл қўйиш чоғида, суд ушбу Кодекснинг 9-бобида назарда тутилган тартибда унинг ижросини таъминлаш чораларини кўриши мумкин.

Суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб
ижро этиш, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўрилади.

Аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек суд ҳужжатининг ижроси давлат ижрочисининг иш юритувида бўлган тақдирда, давлат ижрочисига юборилади.

Ажрим устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Суд давлат ижрочиси суд томонидан берилган ижро варақаси асосида қўзғатган ижро ишини юритишни қонунда назарда тутилган ҳолларда, ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризаси бўйича тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши мумкин.

Суд томонидан берилган ижро варақаси асосида қўзғатилган
ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш шу суд томонидан
ёки давлат ижрочиси жойлашган ердаги суд томонидан амалга оширилади.

Ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тарафларни чақирмаган ва суд муҳокамаси ўтказмаган ҳолда суд томонидан кўрилади.

Ижро ишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари юзасидан ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек давлат ижрочисига юборилади.

Ажрим устидан ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ижро ишини юритиш уни тўхтатиб қўйиш учун асос бўлган сабаблар ёки ҳолатлар бартараф этилганидан кейин, ушбу ишни тўхтатиб қўйган суд томонидан ундирувчининг, давлат ижрочисининг аризасига кўра тикланади.

Ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда, тарафларни чақирмаган ва суд муҳокамасини ўтказмаган ҳолда суд томонидан кўрилади.

Ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек давлат ижрочисига юборилади.

Суднинг ижро ишини юритишни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Суд ўзи томонидан ёзувдаги хатолар, арифметик хатолар билан берилган, шунингдек ўзгартирилган (бекор қилинган) суд ҳужжати асосида берилган ижро варақасини ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризасига ёки ўзининг ташаббусига кўра тарафларни чақирмаган ва суд муҳокамасини ўтказмаган ҳолда қайтариб олишга ҳамда унинг ўрнига янги ижро варақасини беришга ҳақли.

Ёзувдаги хатолар, арифметик хатолар билан берилган ёки ўзгартирилган (бекор қилинган) суд ҳужжати асосида берилган ижро варақаси уни берган судга ундирувчи ёки давлат ижрочиси томонидан ижро этилмасдан қайтарилади.

Ижро этилган суд ҳужжати бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқилганидан кейин талабларни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ёхуд иш юритишни тугатиш тўғрисида ёки аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда, бекор қилинган суд ҳужжати бўйича жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг барчаси жавобгарга қайтариб берилиши лозим (ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси).

Агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилинган ёки ўзгартирилган бўлса ва даъвони тўлиқ ёхуд қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса ёки ишни юритиш тугатилган ёки даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, суд суд ҳужжатининг бекор қилинган ёхуд ўзгартирилган тегишли қисми бўйича ундиришни тўлиқ ёки қисман тугатиш тўғрисидаги суд ҳужжатини қабул қилади.

Иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади.

Ишни янгидан кўраётган суд бекор қилинган суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилмаган тақдирда, жавобгар бу судга қайтарма ижро тўғрисида ариза беришга ҳақли. Бу ариза ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда, суд мажлисида кўрилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги суд олдига қўйилган масаланинг ҳал этилиши учун тўсқинлик қилмайди.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза давлат
божи тўланмаган ҳолда умумий даъво муддати ичида берилиши мумкин.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза ариза
келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўрилади.

Аризага илгари қабул қилинган суд ҳужжатининг ижросини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, суд ундирилган пул маблағларини, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариш учун ижро варақаси беради.

Апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди, агар у ўзининг ажрими ёхуд қарори билан ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шарт.

Агар юқори суднинг ажримида ёки қарорида суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаса, жавобгар биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақли. Биринчи инстанция суди бу аризани ушбу Кодекснинг 459-моддаси қоидаларига биноан кўриб чиқади ва ҳал қилади.

Меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича пул суммаларини ундириш тўғрисидаги, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун ҳақ ундириш ҳақидаги, алиментлар ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик, шунингдек боқувчининг вафот этиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган тақдирда, агар бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар берган сохта маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижросига йўл қўйилади.

Йўқолган ижро ишини юритиш суд томонидан ишда иштирок
этган шахсларнинг, ижро ишини юритиш тарафларининг, давлат ижрочисининг, прокурорнинг аризасига кўра, шунингдек ижро ҳужжатини берган суднинг ёки бошқа органнинг ташаббуси бўйича тикланиши мумкин.

Йўқолган ижро ишини юритиш тўлиқ тикланади ёки унинг суд фикрига кўра тикланиши зарур бўлган қисми тикланади.

Йўқолган ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза суд ҳужжати ижро этиладиган жойдаги судга берилади.

Аризада ижро ишини юритиш тўғрисидаги батафсил маълумотлар бўлиши керак. Аризачида сақланиб қолган ва ижро ишини юритишга дахлдор бўлган ҳужжатлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари аризага илова қилинади.

Суд ишни кўраётганда ижро ишини юритишнинг сақланиб қолган қисмидан, иш йўқолгунига қадар ундан жисмоний ва юридик шахсларга олиб берилган ҳужжатлардан, бу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларидан, шунингдек ижро ишини юритишга дахлдор бўлган бошқа маълумотномалар ва ҳужжатлардан фойдаланади.

Суд ижро ҳаракатларини амалга оширишда иштирок этган ёки ҳозир бўлган шахсларни гувоҳ сифатида сўроқ қилиши мумкин.

Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича суд ажрим чиқаради, унинг кўчирма нусхалари ижро ишининг тарафларига ва давлат ижрочисига юборилади.

Тўпланган материаллар йўқолган ижро ишини юритишни аниқ тиклаш учун етарли бўлмаса, суд ажрим чиқариб, ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни тугатади. Бу ҳолда аризачи умумий тартибда даъво тақдим этишга ҳақли.

Аризачи йўқолган ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги
иш кўриб чиқилиши чоғида суд томонидан қилинган суд харажатларини тўлашдан озод қилинади. Била туриб ёлғон ариза берилганда суд харажатлари аризачидан ундириб олинади.

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешку туманлараро суди раиси                                                         И.С.Джураев

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Пешку туманлараро суди судьяси                                                      Ҳ.Р.Қорёғдиев

Skip to content