Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Кейинги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш зарурлигини тақозо этганлиги сабабли Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2023 йил 27 сентябрь куни имзоланган ЎРҚ-869-сонли Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига шунингдек, 2023 йил 25 декабрь куни имзоланган ЎРҚ-884-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Айнан шу қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, амалиётда тўғри қўллаш масаласида Бухоро вилоят суди биносида ҳам жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари, жиноят ишлари бўйича барча туман ва шаҳар суд раислари ва судьялари ўртасида семинар машғулоти ўтказилди.
Маърузага чиққан вилоят суди судьяси С.Ҳамроқулов ЎРҚ-884-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчаларга тўхталиб, мазкур қонун 2024 йил 1 январдан кучга киришини, мазкур қонунга асосан эндиликда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан жиноят ишлари бўйича суднинг қарори устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят бериш мумкинлигини, кодекснинг 324-1-моддасида кўрсатилган шахслар томонидан қарор ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан ўн сутка ичида, ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс ва жабрланувчи томонидан эса, қарорнинг кўчирма нусхалари уларга топширилган ёки улар томонидан ушбу кўчирма нусхалар олинган кундан эътиборан худди шу муддатда берилиши мумкинлиги;
апелляция шикоятининг (протестининг) нусхаси бир сутка ичида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан ўзига нисбатан суднинг қарори чиқарилган шахсга, жабрланувчига, уларнинг қонуний вакилларига, адвокатга, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган органга юборилиши;
суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан шикоят (протест) иш билан бирга уч сутка ичида апелляция инстанцияси судига юборилиши лозимлиги;
суднинг маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарори устидан шикоят (протест) апелляция инстанцияси судига шикоят (протест) олинган куннинг ўзида юборилиши лозимлиги;
биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) у ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан ўн беш сутка ичида, МЖтКнинг 51-2, 51-3, 51-4, 51-5, 51-6, 51-7, 51-8, 51-9-моддаларида назарда тутилган биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича қарорлари устидан берилган апелляция шикоятлари (протестлари) ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда, судининг маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) шикоят (протест) берилган пайтдан эътиборан бир сутка ичида апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозимлиги;
суд апелляция шикоятининг (протестининг) важлари билан чегараланмай, унга илова қилинган қўшимча материалларни ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини тўлиқ ҳажмда текширишини;
кассация тартибида биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича қарорлари, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, кўрилиши мумкинлиги;
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган суд ҳужжатлари устидан, агар иш апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, апелляция тартибида шикоят бериш муддати ўтгач, кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга эканлиги;
Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг қарори чиқарилган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкинлиги;
биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарори устидан кассация шикояти (протести) ушбу шикоят (протест) ишнинг барча материаллари билан бирга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш сутка ичида кассация инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилиши лозимлиги;

жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган қарорлари, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилиши,
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган қарорлари, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарорлари устидан тафтиш тартибида шикоят беришга ҳақли эканлиги,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган қарорлари, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судларининг қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида протест келтиришга ҳақли эканлиги,
шикоят (протест) апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори чиқарилган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкинлиги,
тафтиш тартибида берилган шикоят (протест) бир ойгача бўлган муддатда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш талаб қилиб олинган тақдирда эса икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим.
Ушбу қонунга кўра, эндиликда жиноят ишлари бўйича суд ўзи чиқарган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини ушбу параграфда назарда тутилган асосларга кўра ва тартибда янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкинлиги,
биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган, қонуний кучга кирган қарор янги очилган ҳолатлар бўйича ушбу қарорни чиқарган жиноят ишлари бўйича суд томонидан қайта кўрилади.
Янги очилган ҳолатлар бўйича апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг қайси қарорлари билан суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса, ўша қарорларни қайта кўриш суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги қарор қабул қилинган инстанцияда амалга оширилиши,
-суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар;

  • суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ва мазкур иш бўйича қонунга хилоф ёки асослантирилмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги, била туриб ёлғон таржима қилинганлиги;
  • суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан аниқланган ҳолатлар, яъни ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг ёхуд судьянинг мазкур ишни кўриш чоғида содир этилган жиноий қилмишлари;
  • жиноят ишлари бўйича суднинг ёки фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёхуд иқтисодий суднинг мазкур иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳужжати ёки бошқа органнинг қарори ёхуд бошқа ҳуқуқий ҳужжати бекор қилинганлиги суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш асос бўлиши;
    қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилиши,
    суд ҳужжати чиқарилган пайтдан эътиборан бир йил ўтгач берилган аризалар кўриб чиқилмаслиги ҳақида батафсил тушунтириш берди.

Бундан ташқари, маърузага чиққан вилоят суди судьяси З.Қурбонов 2023 йил 27 сентябрь куни имзоланган ЎРҚ-869-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини, мазкур қонун ҳам 2024 йил 1 январь кунидан эътиборан кучга киришини, унга кўра, эндиликда биринчи инстанция судлари томонидан кўрилган ишлар апелляция, кассация ва тафтиш тартибида кўриб чиқилишини, апелляция шикояти бериш муддати 10 сутка қилиб белгиланганлигини таъкидлаб, апелляция, кассация ва тафтиш, шунингдек такрорий тафтиш шикоятларини бериш тартиби, муддатлари, уларни расмийлаштириш тартиби ва кўриб чиқиш муддатлари ҳақида батафсил тушунтириш бериб ўтди. Семинарда иштирок этган судьялар томонидан уларни қизиқтирган саволларга маърузачилар томонидан жавоб берилди.

Бухоро вилоят суди матбуот хизмати