Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг процессуал жиҳатлари
Оила тушунчаси азал-азалдан жамиятимиз томонидан диққат – эътиборда бўлиб келган. Шу боис давлатимиз мустақилликка эришиши билан оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бўлган ислоҳотлар сиёсат даражасига кўтарилиб, оила ва унинг муҳофазаси билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатлар қонун нормалари билан кафолатланди. Зеро оилаларнинг мустаҳкамлиги жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда миллий хавфсизлигини, унинг равнақи ва тараққиётини белгиловчи ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Оила никоҳга асосланган ахлоқий маъсулият, ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат умумийлиги билан боғланган кичик бир ижтимоий гуруҳ сифатида тавсифланади. Никоҳ эса эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатларни чамбарчас боғловчи ришта ҳисобланади. Ушбу ришта ўзаро розилик, меҳр-муҳаббат ва ишонч асосида тузилиб, қонуний расмийлаштирилсагина унинг пойдевори мустаҳкам бўлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 16-моддасида . Оила жамиятнинг табиий ва асосий ҳужайраси саналади ва жамият ҳамда давлат томонидан ҳимоя қилинишга ҳақли. эканлиги қайд этиб ўтилган[1].
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб белгиланган.[2].
Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қанчалик ҳимоя қилинмасин, оилавий муносабатлар қонун нормалари билан нечоғлик тартибга солинмасин, минг афсуски, бугунги кунда оилавий низоларнинг сони ортиб бормоқда.
Хусусан, никоҳ тузиш тартиби ва шартларига амал қилмаслик, оила қуриш мақсадини кўзламай моддий манфаат йўлида ғайриқонуний мақсадларда сохта никоҳ тузиш никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ бўлган оилавий низоларни юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон қонунчилигида, шунингдек, аксарият хорижий мамлакатлар қонунчилигида никоҳнинг ҳақиқийлиги презумцияси мустаҳкамланган. Бинобарин, буни фақат суд орқали рад этиш мумкин. Никоҳ суд томонидан бундай эътироф этилгунга қадар унинг қонунни бузган ҳолда тузилганлиги тўғрисидаги далиллар мавжудлигидан қатъий назар ҳақиқий деб ҳисобланади.
Ҳуқуқ назариясида никоҳнинг ҳақиқий эмаслиги ҳақида турли фикрлар, тушунчалар мавжуд. Шундай қилиб, улардан бирига кўра, никоҳнинг ҳақиқий эмаслиги оилавий ҳуқуқий жавобгарликнинг қандайдир ўлчовидир. Булар никоҳнинг ҳақиқий эмаслиги қонун ҳужжатларининг никоҳни тузиш билан боғлиқ талабларига риоя қилмаслик учун қонуний жазо сифатида қаралади.
А.И. Загоровский таъкидлаганидек, никоҳнинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги масала уни тузиш шартлари, гўё иккинчисининг тегишли санкцияси бўлганлиги масаласи билан энг яқин боғлиқдир.
М.В. Антоколская ва И.М. Кузнецованинг таъкидлашича, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш никоҳни бекор қилиш ва бундай никоҳ тузилган пайтдан бошлаб унинг ҳуқуқий оқибатлари деб аташ мумкин.
Бироқ, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун асослар бўйича турли қарашлар ва бўлинишларга қарамай, қонунда бундай бўлиниш мавжуд эмас.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш асослари Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида қатъий белгилаб қўйилган бўлиб, уларни кенгайтириб талқин этишга йўл қўйилмайди.
Жумладан, Оила кодексининг 49-моддасига кўра, никоҳ қуйидаги ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилади:
ушбу Кодекснинг 14—16-моддаларида белгиланган шартлар бузилганда;
сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда;
никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса[3].
Маълумки, никоҳ тузишнинг биринчи шарти, Оила Кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ тузишнинг ихтиёрийлигидир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак, никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.
Никоҳ тузишнинг иккинчи шарти – бу никоҳ ёшидир. Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз этиб белгиланган. Чунки бу ёшда эркак ва аёллар физиологик етилиб, маънавий ва жисмоний жиҳатдан ўсиб, ота-она бўлиш қобилиятига эга бўладилар.
Оила кодексининг 16-моддасига мувофиқ, никоҳ тузишга баъзи ҳолатлар монелик қилади, яъни:
лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.
Агар никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одам иммунитети тақчиллиги вируси (ОИТС инфекцияси) борлигини бошқасидан яширган бўлса, бу шахс никоҳни ҳақиқий эмас деб топишини талаб қилиб судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Демак, Оила кодексининг 14-16 моддаларида белгиланган шартлар бузилган тақдирда, шунингдек сохта никоҳ, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай тузган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш суд тартибида амалга оширилади. Ушбу низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари мавжуд. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ ишларни судда кўришнинг процессуал жиҳатлари хусусида тўхталишдан аввал, никоҳдан ажралиш масалалари ҳамда никоҳни ҳақиқий эмаслиги ўртасидаги фарқлар хусусида тўхталиб ўтамиз.
Никоҳдан ажралишни қонунда икки тартиби белгиланган:
1) эр-хотинлар ўртасидаги мулкий низолар мавжуд бўлган ҳолларда, суд тартибида (масалан, мулкни бўлиш, эр-хотинлар ўртасидаги ҳамда вояга етмаган болаларга моддий таъминот билан боғлиқ бўлган ҳолатлар юзасидан (алимент ундириш масаласида) ва бошқалар) ажратилинади;
2) низо бўлмаган тақдирда маъмурий тартибда (ФҲДЁ органи орқали) жумладан агар:
а) эр-хотин ўртасида вояга етмаган фарзандлари бўлмаса ва улар ажралишга ўзаро рози бўлган тақдирда;
б) тарафлар (эр ёки хотин) суд томонидан бедарак йўқолган, руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
в) ОКнинг 42-43-моддаларида белгиланганидек, содир этган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.
Никоҳ, эр-хотиннинг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши сабабли ҳамда эр- хотиндан бири ёки ҳар иккисининг аризасига мувофиқ, никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр-хотиннинг васийси берган аризасига мувофиқ тугатилиши мумкин.
Никоҳдан умумий тартибда ажратиш суд орқали ҳамда ОКнинг 42-43- моддаларида кўрсатилган ҳолларда маъмурий тартибда, яъни фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш эса, юқорида қайд килинганидек, фақат суд тартибида амалга оширилади. Никоҳдан ажралишнинг ва никоҳни хақиқий эмас деб топишнинг юқоридаги белгилари аниқроғи, процессуал тартиби, уларнинг хусусиятлари бўлиб ҳисобланади[4].
ОКнинг 50-моддасида “никоҳни ҳақикий эмас деб топиш фақат суд тартибида амалга оширилади” деган қоидада “фақат” сўзига урғу берилишидан мақсад, суддан бошқа бирорта бир давлат органларига, жамоат ташкилотларига бу туркумдаги ишларнинг тааллуқли эмаслиги назарда тутилади. Юқорида баён этилганидек, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талабларини судья тайёрлов босқичида унинг хусусиятларини эътиборга олиб етарли даражада тайёрланган деб топгач, суд мажлисига тайинлаш тўғрисида ажрим чиқаради ҳамда тарафлар ва процесснинг бошқа иштирокчиларига ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида маълум қилади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни суд мажлисида мазмунан кўришда ҳам унинг процессуал хусусиятларига эътибор бериш лозим. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлардан никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлардан қуйидагилар билан фарқланади:
1) никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларда қонун ажратиш учун тўлиқ асосларни белгиламаган, бунда суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашга ва оилани сақлаб қолишга имкони йўқ,- деган хулосага келса кифоя, никоҳдан ажратишга асос сифатида бошқа ҳолатларни аниқ, кўрсатиши шарт эмас, никоҳни ҳақиқий эмас, – деб топиш тўғрисидаги ишлар бўйича эса ОКнинг 49-56-моддаларида асосий сабаблари кўрсатиб берилган, никоҳ шартларини бузиб тузилган никоҳни ҳақиқий эмаслиги юқорида баён этилган, шу сабабли бу асосларни яна қайтадан такрорлашга зарурат йўқ;
2) суд мажлисида тарафларнинг никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларда ўзларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иштирок этсалар, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларда эса эр-хотин, шунингдек шу никоҳнинг тузилиши натижасида ҳуқуқи бузилган шахслар, васийлик ва ҳомийлик органи иштироки ҳам лозим бўлади;
3) никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўришда суд тарафларни яраштириш ва оилани сақлаб қолиш мақсадида иш кўришни бир неча маротаба қолдиришга, белгиланган олти ойлик муддатини узайтиришга ёки қисқартиришга, бунинг учун судьяда оилани сақлаб қолишга имкон борлиги аниқланган ҳолларда йўл қўйилса, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларда суд (судья) даъво аризасидаги талабларни тўплаган ҳужжатларни қанчалик асосли эканлигини текширади ва оилани сақлаб колишга қаратилган процессуал ҳаракатларни амалга оширмайди;
4) никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларда тарафлар суд процессида иштирок этишлари зарур, чунки эр-хотин талаблари ким томони берилганидан қатъи назар, ўзларининг ички ҳиссиётларини, айниқса жабрланувчини алдаш, зўрлаш, сохта тузилган никоҳлар бўйича ўз фикрларини изҳор этишда қатнашишлари лозим. Никоҳдан ажратишда эса, булар қатъи талаб бўлиб кўрилмайди;
5) қонун қайси ҳолларда бошқа шахслар томонидан берилган аризаларни судда кўриш мумкинлигини кўрсатиб ўтади. Масалан, муомалага лаёқатсиз деб топилган эр(хотин)нинг васийси берган аризасига асосан ҳам никоҳни тугатишга, ишни кўришда унинг иштирок этиши юқорида кўрсатилганидек, процессуал қонунда ўз ифодасини топган. Демак, никоҳ муносабатлари шахсий ҳуқуқларни амалга ошириш эканлигини инобатга олиб, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низоларда, тарафларнинг суд процессида иштирокини зарур деб ҳисоблаш керак;
6) агар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўришда суд у билан боғлиқ мулкий низолар, болалар кимнинг тарбиясида қолиши, алимент ундириш тўғрисидаги талабларни ҳам шу процесснинг ўзида ҳал этиши мумкин бўлса, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларда эса, бундай талаблар бир вақтда кўрилмайди, ғайриқонуний тарзда тузилган никоҳ билан боғлиқ юқоридаги ҳолатлар бундан мустаснодир. ОКда тузган никоҳи ҳақиқий эмас деб топилган шахсларнинг мулкий ҳуқуқига оид муносабатлар оила қонунчилиги билан эмас, балки ФК билан тартибга солинади.
Суд никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни кўришда нафақа ундириш, эр- хотиннинг ўзаро муносабати бўйича ОКнинг 56- моддада кўрсатилган бошқа масалаларни ишни мазмунан кўриш жараёнида муҳокама қилиши лозим. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни судда кўришда судья суд мажлисининг қисмларига риоя қилган ҳолда иш юритиши лозим. Процесснинг тайёрлов қисмида бажариладиган процессуал ҳаракатларни, ишни мазмунан кўриш қисмида қандай масалалар ҳал қилинишига, суд музокараларида даъвогар, жавобгар бўлган эр (хотин) баёнотлари, даъвони асослаши, эътирозлари ёритилади.
Россия Федерацияси Гражданлик процессуал кодексининг 5-моддасига асосан агар никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида прокурор, васийлик, ҳомийлик органлари ёки шу никоҳнинг тузилишида ҳуқуқи бузилган бошқа шахсларнинг талаби асосида иш бошланган бўлса, суд музокараларида шу шахслар биринчи бўлиб сўзлайдилар[5].
Процессда қатнашган прокурор ўз сўзида суд мажлисида текширилган далилларни янада таҳлил қилиб, қандай ҳолатлар аниқланганлиги, иш бўйича қайси қонунга асосланиш лозимлиги, даъво талабларини қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисидаги масалаларни ечишда судга кўмаклашади.
Суд томонидан процессда иштирок этиш учун жалб этилган ёки ўз ташаббуси билан киришган давлат бошқаруви органлари шу жумладан васийлик, ҳомийлик органлари ҳам иш юзасидан хулоса берадилар.
Агар никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида васийлик ва ҳомийлик органи томонидан талаб қўйилган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органлари иш юзасидан хулоса бермайди, балки манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонунда белгиланган процессуал ҳаракатларни бажаришлари лозим бўлади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни суд мажлисида кўришнинг охирги қисми ҳал қилув қарорини чиқариш бўлиб, иш кўришнинг бу босқичида суд далилларга баҳо беради, иш бўйича қандай ҳолатлар аниқланганлиги, қайси ҳолатлар аниқланмаганлиги, қайси қонун ҳужжатини тадбиқ этиш лозимлиги ва даъво талаблари қанчалик асосли эканлиги ва бошқа масалалар ҳал қилув қарорида ўз ифодасини топган бўлиши лозим.
Демак, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни мазмунан судда кўриш билан боғлиқ бўлган талабларнинг энг асосийси иш бўйича даъвогар ва жавобгарлар ўртасидаги мавжуд ҳуқуқий муносабатда никоҳнинг қонуний бўлганлиги тўғрисидаги талаб бўлади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори ушбу талаб асосида чиқарилади. Фуқаролик ишлари судда мазмунан ҳал этилган бўлса, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилади. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишлар юзасидан қабул қилинадиган ҳал қилув қарорлари кўрилган иш юзасидан ечим тариқасида қабул қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори одил судловнинг муҳим ҳужжатидир. Даъво талаблари асосида суднинг никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида чиқарадиган ҳал қилув қарори даъвогар, жавобгарнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлса, шу билан бир қаторда, муҳим тарбиявий таъсир чораларини кўрсатувчи юридик ҳаракат бўлиб ҳисобланади.
Агар суднинг ҳал қилув қарорини судда ҳозир бўлганлар мамнуният билан қабул қилсалар, қарорнинг тўғрилигини тушунсалар, унинг қонуний, асосли, адолатли эканлиги ҳақида фуқароларда шубҳа туғилмаса, шундагина суд ўз олдига қўйган мақсадга эришган ҳисобланади. Фуқаролик процессуал кодексининг янги жиҳатларидан бири бўлиб, бошқа фуқаролик ишлари каби бундай ишларни ҳам биринчи инстанция судида якка тартибда кўриш ҳисобланади.
Суд ҳал қилув қарорини асослаш қисмида ишнинг суд томонидан аниқланган ҳолатлар ва унга асос бўладиган далиллар, суд у ёки бу далилни рад қилишга асос бўлган хулосалар, суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари кўрсатилмоғи лозим. Агар жавобгар арз қилинган талабни тан олса, асослантириш қисмида фақат арз қилинган талабнинг тан олинганлиги ва унинг суд томонидан қабул қилинганлиги кўрсатилади[6].
Суд ишни мазмунан кўриш ниҳоясига етди, – деган хулосага келса, ҳал қилув қарорини чиқариши учун алоҳида хонага киради.
Суд ҳал килув қарорини чиқараётганида никоҳни ҳақиқий эмас, – деб топиш ҳақидаги даъво талабларини таҳлил қилади, никоҳ, тузиш тартибига қанчалик риоя қилган- қилмаганлигига аҳамият беради, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар қонунда назарда тутилган-тутилмаганлиги ва улар қай даражада тузилганлигини аниқлайди, ушбу никоҳни тузиш натижасида шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қай даражада бўлганлиги, ушбу никоҳдан туғилган болаларнинг тақдири, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш масаласи, таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган эр-хотиннинг талаблари, никоҳни ҳақикий эмас деб топишга биргаликда орттирилган мол-мулкка нисбатан бўлган ҳуқуқлар ва никоҳдаги шахсларни никоҳ ҳақиқий эмас, – деб топилгандан кейин фамилиясини сақлаб қолиш масалалари кўриб чиқилади. Суд, шунингдек суд харажатларини тақсимлайди, ҳал қилув қарорини ижро этиш тартиби, қарор устидан шикоят бериш муддатини белгилайди ва қонунда кўрсатилган бошқа масалаларни ҳал этади.
Қарорнинг шу қисмида суд тарафларга аниқ бўлиши учун “никоҳ ҳақиқий эмас деб топилсин ва никоҳ тузиш ҳақидаги ёзув бекор қилинсин” деб кўрсатиши лозим[7].
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талабларини қаноатлантириб чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори мазкур никоҳнинг қайд қилиниши факти — ҳуқуқий муносабатни (никоҳни) вужудга келтирмаганлигини, эр ва хотин учун ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар туғдирмаганлигини тасдиқлайди.
ОКнинг 50-моддаси 2-қисмига кўра, “никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан нусха берилаётганида, паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга тегишли белги қўйилади”.
Бундай чора ғайриқонуний, ноҳуш ҳаракатлардан жамоатчиликни хабардор қилиш ва ғайриқонуний тартибда тузиладиган никоҳнинг олдини олишга қаратилган тадбир ҳисобланади. ОКнинг 50-моддаси 3-қисмида никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ўн кун ичида ундан кўчирма никоҳ тузилганлигини рўйхатга олинган жойдаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборилиши кўрсатилган. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ўн кун ичида ундан кўчирма юбориш лозимлиги қонуний кучга кирмаган суднинг ҳал қилув қароридан кўчирма талаб қилиш ҳолларини олдини олишга қаратилган бўлса, иккинчидан суд ходимларини қонунда белгиланган муддатда ҳал қилув қароридан кўчирма юборишга риоя қилиш интизомига чақиришни назарда тутади. Тегишли ҳал қилув қарорининг ижроси никоҳни қайд қилиш идораларида расмийлаштирилади.
Бундан ташқари, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш идораси ҳам ўз вақтида никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қарор асосида тегишли ёзувларга ўзгартириш киритиши шарт. Демак, белгиланган қоидаларга риоя этмаслик суд фаолиятини бу ишдаги сусткашлиги, охир оқибатда фуқаролик ишидаги тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилишига олиб келиши мумкин[8].
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, судлар томонидан никоҳни ҳақиқий эмас деб топишнинг процессуал тартибига риоя қилиш, иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга, судларга бўлган ишончни янада оширишга, судларнинг нуфузини оширишга ва бир сўз билан айтганда одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
Сарвиноз Қамбарова,
Бухоро вилоят суди судьяси
Сарвиноз Каримова,
Судья катта ёрдамчиси