Хотин-қизлар ҳуқуқлари- давлат ҳимоясида

Бугунги кунда жамиятимизда учраб тураётган бир нохуш ҳолат борки уни бартараф этишда барчамиз бирлашишимиз лозим. Бу ҳам бўлса хотин-қизларнинг зўравонлик ва тазйиққа учрашишини олдини олиш, айтиш лозим бўлса бундай холатларга умуман йўл қўймасликдир.
Давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуслари билан сўнги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинди.
Шулардан энг асосийси сифатида мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлигини айтиб ўтишимиз мумкин.
Ички ишлар органларида хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимларининг жорий этилганлиги эса ожиз жинс вакиласи ҳисобланмиш хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш мақсадида ташланган энг дадил қадамлардан биридир.
Бугун аёлларимиз ўртасида урф бўлаётган салбий ҳолатлардан яна бириси бу оила-турмуш доирасидаги муаммо ва келишмовчиликларни ўзбошимчалик билан ҳал этишга уринишларидир.
Азиз юртдошлар, Тўмарис, Нодирабегим, Увайсийлар авлоди бўлган опа-сингилларимиз томонидан содир этилаётган бу каби жирканч иллатлар нафақат миллатимиз шаъни учун, шу билан биргаликда қонунларимизга ҳам мутлақо зиддир.
Илгари судланган, озодликдан махрум қилиш жазосини ўтаган деган ибораларни жамиятимиз аъзоси бўлган хотин-қизларнинг шахсига нисбатан ишлатилишига йўл қўймайлик. Бунинг учун аёлларимиздан сабр-қаноат, вафо ва садоқат, эркакларимиздан эса меҳр-мурувватли бўлиш талаб этилади холос.
Ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асоси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган.
Қарорга асосан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази Васийлик кенгаши ташкил этилди.
Қарорга асосан қуйидаги вазифалар белгиланди:
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказини тугатиш;
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш;
Мавжуд 197 та зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларини оптималлаштириш ҳисобига 29 та аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказлар, шу жумладан, 1 та Республика маркази, 14 та ҳудудий марказлар ва 14 та намунали туманлараро марказларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилган. Республика маркази ва ҳудудий марказлар давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз мустақил балансига, шахсий ғазна ва банк ҳисобварақларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрига эга бўлади;
марказлар ўз фаолиятини анонимлик, ахборотнинг махфийлиги, касбий маҳорат ва хавфсизлик тамойиллари асосида амалга оширади;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолиятини марказлар билан уларнинг фаолиятига аралашмаган ҳолда яқин ҳамкорликда олиб боради;
марказлар ўз фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ волонтёрларни (кўнгиллиларни) жалб этиши мумкин.
Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:
тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга кўмаклашиш;
давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг хотин-қизларнинг ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларини ўрганиш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, ўз жонига суиқасд қилган хотин-қизларни нормал ҳаётга қайтариш бўйича фаолиятига яқиндан кўмаклашиш;
«Аёллар дафтари»га киритилган психологик ва ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар) ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни «Аёллар дафтари»дан чиқариш чораларини кўриш;
низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, уларнинг келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва уларга барҳам бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёки қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар билан профилактик тадбирларни ўтказиш;
оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш;
долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ижтимоий тадқиқотларни ташкил этиш;
зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, ушбу мақсадларда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларидан кенг фойдаланиш.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хотин-қизлар ҳуқуқларининг салмоқли кафолати бўлиб хизмат қилади.

Когон туманлараро иқтисодий суди раиси Ф.Муродов