Таъқиқланган материаллар тарғиботчиси 2 йилдан ортиқ муддатга «кесилди»
Талъат Козимжонов 1965 йилда Қоракўл туманида туғилган. Россия Федерациясига қатнаб тирикчилик қилади. Ёши салкам олтмишни қоралаган бу одамнинг мамлакатдаги мавжуд қонунчиликдан бехабар бўлиши, таъқиқ қўйилган ишлар учун жавобгарлик белгиланганлигини билмаслиги кишининг ақлига сиғмайдиган важдир.
Ўзбекистонда экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет сайтлари, каналлар, профилларни аниқлаш ва уларни фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар қатор ишлар амалга оширмоқда.
Экстремистик ёки террористик деб топилган ва Ўзбекистонда тақиқланган ташкилотлар рўйхати ОАВларда эълон қилинган.
Шунингдек, фуқаролардан шубҳали диний мазмундаги аудио, видео ва бошқа турдаги медиа маҳсулотларни Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларидан юклаб олмаслик ва тарқатмаслик сўралган.
Т. Козимжонов ўтган йилнинг февралида интернетнинг “WhatsApp” тармоғидаги профилидан синглиси Муаззама Козимжоновага Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 12 июлдаги IV-139-сонли экспертиза хулосаларига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш таъқиқланган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бир қатор таъқиқланган видеоларни жўнатган.
Албатта, фуқаро шу билан чекланиб қолмаган. У «Телеграм» ва «WhatsApp» тармоқлари орқали шу пайтга қадар ўзи таниган ва танимаган бир қатор профил эгаларига республикамиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш таъқиқланган аудио ва видео материалларни жўнатиб келган.
Талъат Козимжонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2441-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Суд унга ЖКнинг 2441-моддаси 3-қисми “г” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 2 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Я Ниезов,
Жиноят ишлари буйича Когон шахар судининг раиси