Текин луқма татимас
Инсон ҳамиша ҳалол топгани ортидан умргузаронлик қилади, рўзғор тебратади. Пешана тери билан топилган ризқ албатта татийди. Афсуски орамизда шундай инсонлар ҳам борки, текин даромад қилиш, ҳаром луқма топиб яшашни ўзига гўёки шиор қилиб олгандек.”Бировнинг ҳаққи, тангрининг ўқи! “- деб халқимиз беҳуда айтмаган. Шундай товламачи, бировнинг молидан, ҳаққидан ҳазар қилмайдиганлар тоифасига биз фуқаро Дилшод Сотволдиев (исм ва фамилияси ўзгартирилган)ни киритсак бўлади. Сабаби у фуқароларнинг пешана тери билан топган молини фирибгарлик, алдов йўли билан ўзлаштириб юборганлар тоифасидан.
Когон тумани” Ўба-чўли”, “Тараққиёт”,” Чолоки “МФЙларда яшовчи фуқаролардан уларнинг мулки бўлган жами 7 (етти) бош қорамолларни сотиб олиб, келишилган суммани кейин етказиб бериш йўли билан фирибгарликка қўл уриб, молларни сотиб пулларини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб, уларга пулларни бермай алдаб юрган. Алдовлардан чарчаган, хатосини кеч бўлсада тушунган фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишган.
Фирибгарлик йўли билан бировнинг ҳаққига хиёнат қилган Дилшод Сотволдиевнинг жиноят иши Когон туман судида кўриб чиқилиб, қонуний чора кўрилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан Жиноят Кодексининг 57-моддасини қўллаб 3 (уч) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. “Қилмиш-қидирмиш” – деб шунга айтсалар керак.
Қосим Холов, жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси
Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти