on 18 Nov 2022 By admin Yangiliklar Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни мазмун моҳияти Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 28 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2022 йил17 мартда маъқулланган. 2022 йил 7 июнда расмий эълон қилинган .Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши кўрсатилган. Ушбу қонун2022 йил 7 сентябрдан қонуний кучга кирди. Шу вақтга қадар ушбу муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил25 декабрда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги Қонунн билан тартибга солинар эди. Янги қонун қабул қилиниши муносабати билан 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги Қонун ўз кучини йўқотди. Қонун 8 боб, 53 моддадан иборат.Ушбу Қонуннинг мақсади рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш (бундан буён матнда рекламанинг айланиши деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг 2-моддасида мазкур қонун қайси муносабатларга татбиқ этилмаслиги белгилаб берилди. Жумладан, сайловолди ташвиқоти материалларига, ошкор этилиши ёки тарқатилиши ёхуд рекламадан фойдаланувчига етказилиши қонунчиликка мувофиқ мажбурий бўлган ахборотга, товарни бозорда илгари суриш асосий мақсади бўлмаган ва ижтимоий ахборот ҳисобланмайдиган маълумот-ахборот материалларига ҳамда таҳлилий материалларга (ички ва ташқи бозорларнинг шарҳларига, илмий тадқиқотлар ҳамда синовлар натижаларига, реклама хусусиятидаги маълумотларни ўз ичига олмаган пешлавҳалар ва кўрсаткичлар ахборотига, жисмоний ёки юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган эълонларига, товарда ёки унинг ўрамида жойлаштирилган, товар, уни ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ёки экспорт қилувчи тўғрисидаги ахборотга, товарда ёки унинг ўрамида жойлаштирилган ва бошқа товарга тааллуқли бўлмаган товар безагининг ҳар қандай қисмларига татбиқ этилмайди.Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади. Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин: реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак, ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак, теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги рекламанинг айланиши соҳасидаги ваколатли давлат органидир. Қонунда мазкур органинг ваколатлари белгилаб берилган. Ваколатли давлат органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан рекламага оид фаолият субъектлари томонидан ижро этилиши мажбурийдир.Қонунда белгиланган тартибда рўйхатга олинган, рекламага оид фаолият субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилоти рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмасидир. Рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмаси Ўзбекистон Республикасида ҳалол рақобат ва қонунийликка риоя этиш принципларига асосланган реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга, шунингдек рекламага оид фаолият субъектларининг касбий манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашишга қаратилгандир.Реклама берувчилар, реклама тайёрловчилар, шунингдек реклама тарқатувчилар рекламага оид фаолият субъектларидир. Реклама берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга- реклама тўғрисида шартнома тузиш ҳақида ошкора таклиф (оммавий оферта) киритиш, шу жумладан уни электрон шаклда киритиш, реклама воситаларини, шунингдек реклама материалларининг ҳажмларини ва ушбу материалларни етказиб бериш шаклларини мустақил равишда белгилаш, бундан қонунда белгиланган ҳоллар мустасно.Реклама берувчи- зарур бўлган тақдирда, реклама тайёрловчининг ва (ёки) тарқатувчининг талабига кўра реклама ахборотининг ишончлилигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши, агар реклама қилинаётган фаолият лицензияланиши лозим бўлса ёки унинг юритилиши тегишли равишда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олишни талаб қилса, реклама ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчига тегишли лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни тақдим этиши, шунингдек мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган товар реклама қилинган тақдирда, сертификатни тақдим этиши, реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ваколатли давлат органи томонидан аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органининг қарорига кўра у кўрсатган муддатда аксилрекламани амалга ошириши, ваколатли давлат органининг сўровига кўра реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материалларни белгиланган муддатда тақдим этиши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг сўровига кўра ташқи реклама объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳамда материаллар тақдим этиши шарт. (Қонун 12-моддаси)Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи рекламага оид фаолиятдаги ўз товарларини (ишларини, хизматларини) бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилиш ҳуқуқига эга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи: реклама берувчидан ушбу Қонун 12-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда тегишли лицензияни, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни ва мувофиқлик сертификатини талаб қилиши, рекламага оид фаолиятнинг бошқа субъектларидан махфийлик шартлари асосида олинган ахборотнинг ошкор қилинмаслигини таъминлаши, ваколатли давлат органининг сўровига кўра реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материалларни у белгилаган муддатда тақдим этиши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг сўровига кўра ташқи реклама объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳамда материаллар тақдим этиши шарт.Реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материаллар рекламани тайёрлашга, тарқатишга (жойлаштиришга), рекламанинг натура ҳолидаги ва пулда ифодаланган миқдорига, босма материаллар ва нашр этилган материалларнинг (рекламанинг), намуналарнинг, видео- ва аудиоматериалларнинг, шунингдек ёзиб олинган бошқа воситаларнинг миқдорига оид шартномалардан иборатдир.Рекламага оид фаолият субъектлари реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материалларни ёки уларнинг кўчирма нусхаларини, шу жумладан уларга киритиладиган кейинги барча ўзгартишларни реклама охирги марта эълон қилинган (узатилган, тарқатилган) кундан эътиборан уч йил мобайнида (бундан қонунчиликда рекламага доир ҳужжатлар ва материалларни сақлашнинг узоқроқ муддатлари назарда тутилган ҳоллар мустасно), рекламага нисбатан низо юзага келган тақдирда эса ушбу низо қонунчиликда назарда тутилган тартибда ҳал қилингунига қадар сақлаши шарт.Қонунинг 16-моддасида Рекламага қўйилган асосий талаблар белгилаб берилган. Унга кўра, номақбул рекламага йўл қўйилмайди. Агар реклама берувчи реклама қилинаётган қиёслаш ишончлилигининг фактик далилларини тақдим этиши мумкин бўлса, агар бунда реклама фойдаланувчисини реклама чалғитиб қўймаса ва чалғитиб қўйиши мумкин бўлмаса, рақобатчининг ишчанлик обрўсига ёки унинг товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига), фирма номига, товарига ёки фаолиятига путур етказмаса, қиёсий рекламага йўл қўйилади.Рекламада қуйидагилар тақиқланади: жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб, бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёки ўзга шахсларнинг товарларини бадном қилиш;қонунчиликнинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган, фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига ва атроф-муҳитга зарар етказувчи ёхуд зарар етказиши мумкин бўлган, шунингдек хавфсизлик воситаларига эътиборсиз бўлишга ундовчи ҳаракатларга даъват қилиш;агар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бошқа товар рекламасида қўлланиладиган ёки видео ва кино маҳсулотларида, шунингдек бошқа илм-фан, адабиёт ва санъат асарларида (муаллифлик ҳуқуқи), эфир ёки кабель орқали кўрсатувлар (эшиттиришлар) берувчи ташкилотларнинг ижроларида, фонограммаларида фойдаланиладиган умумий ечимни, матнни, тасвирни, мусиқали ёки овозли эффектларни айнан такрорлаш;жисмоний шахснинг номидан ёки тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланиш;порнография тусидаги ахборотдан фойдаланиш;ахборот мазмунининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган чет эл сўзлари ва ибораларидан фойдаланиш;товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш;товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари) реклама қилиниши тақиқланган ёхуд реклама қилинишига нисбатан тегишли чекловлар ёки талаблар белгиланган товарнинг товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари) билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёхуд унга айнан ўхшаш бўлган бошқа товарнинг рекламаси кўринишида товарни реклама қилиш;давлат рамзларидан, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасвиридан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси оҳангидан фойдаланиш ёки уларни айнан такрорлаш;мактабгача таълимда ҳамда тарбияда, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган босма нашрларда (дарсликларда, мактаб кундаликларида, мактаб дафтарларида ва бошқаларда) товарларни реклама қилиш;нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш;болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш;товар тўғрисидаги, уни олиш ёки ундан фойдаланиш шартлари ҳақидаги муҳим маълумотларни яшириш ва (ёки) ўқиш учун фарқлаб олишни қийинлаштирадиган қилиб тасвирлаш, агар бунда ахборотнинг мазмуни бузиб кўрсатилса ва рекламадан фойдаланувчиларни чалғитса;миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш.Ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни, ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни, гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп ва (ёки) кучли таъсир қилувчи моддаларни, порнография маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланади.Айрим турдаги товарлар рекламасига нисбатан мазкур рекламага қўшимча ахборот ва (ёки) огоҳлантиришларни илова қилиш зарурлиги тўғрисида талаблар белгиланиши мумкин. Реклама берувчи ва реклама тарқатувчи бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган тақдирда, рекламани тарқатишга йўл қўйилмайди.Қонуннинг 17-моддасида вояга етмаганларни рекламада ҳимоя қилиш тартиби белгиланди. Вояга етмаганларни уларнинг ишончини ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишлардан ҳимоя этиш мақсадида рекламада вояга етмаганларнинг истеъмол қилиши тақиқланган товарларни истеъмол қилаётган ёки улардан фойдаланаётган вояга етмаганларнинг тасвирларидан фойдаланиш, хавфли вазиятларда, шу билан бирга уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлигига зарар етказишга ундовчи вазиятларда вояга етмаганларни намойиш этишдан фойдаланиш, вояга етмаганларни товарларни олишга даъват қилиш ёки реклама қилинаётган товарларни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга ундаш, ҳақиқий ёки ўйинчоқ қуролдан фойдаланиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш, вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни вояга етмаганлар учун мўлжалланган телеканалларда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш, таъқиқланади.Реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ваколатли давлат органи томонидан аниқланган тақдирда, қонунбузар мазкур органнинг қарорига биноан ва у кўрсатган муддатда аксилрекламани амалга ошириши шарт. Аксилреклама — нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама келтириб чиқарган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни тугатиш мақсадида тарқатиладиган раддия.Аксилреклама ихтиёрий равишда ёки ваколатли давлат органининг қарори ёхуд суднинг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин. Агар қонунбузар аксилрекламани белгиланган муддатда амалга оширмаса, ваколатли давлат органи қонунбузарнинг рекламасини у аксилрекламани амалга оширгунига қадар тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда бу ҳақда реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузган шахс билан шартнома тузган тарафларни хабардор қилишга ҳақлидир.Аксилреклама раддия берилаётган реклама қайси реклама воситаларида амалга оширилган бўлса, айни ўша реклама воситаларида, айни ўша давомийлик, макон, жой ва тартибдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Аксилрекламанинг мазмуни қонунбузарлик ҳолатини аниқлаган ва уни тузатиш тўғрисида қарор қабул қилган ваколатли давлат органи билан келишилади. Айрим ҳолларда аксилреклама амалга ошириладиган реклама воситасини, давомийликни, жойни ва тартибни ушбу органнинг қарорига кўра ўзгартиришга йўл қўйилиши мумкин. Аксилрекламани амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатларнинг ўрни қонунбузар томонидан қопланади.Қонунда ташқи рекламага оид коидалар белгилаб берилди. Шунингдек. Айрим турдаги реклама воситалари оркали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланди.Телеканаллар эфирида, теле-, видео-, кинохроникали дастурларда тарқатилаётган рекламанинг (шу жумладан теледўкон рекламаси каби рекламанинг) умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Ушбу талаб фақат реклама теледастурларига ихтисослаштирилган телеканалларга нисбатан татбиқ этилмайди.Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.Спорт мусобақасининг (шу жумладан спорт беллашувлари, ўйинлари, жанглари, пойгаларининг) жонли эфирдаги ёки ёзиб олинган ҳолдаги намойиши, агар телеканалнинг ҳуқуқ эгаси билан тузилган шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фақат спорт мусобақалари жараёнидаги танаффусларда ёки улар тўхтатиб турилган вақтда реклама билан, шу жумладан ҳомийлик рекламаси билан узиб қўйилиши мумкин.Рекламани транспорт воситаларига жойлаштириш йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этилган ҳолда, транспорт воситалари эгалари ва транспорт воситаларига нисбатан бошқа ашёвий ҳуқуқларга эга бўлган шахслар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.Рекламани умумий фойдаланишдаги транспорт воситаларида, метрополитен бекатларида, вокзалларда, портлар ва аэропортларда йўловчиларга хабар берувчи овозли тармоқлар орқали тарқатиш тақиқланади.Қонуннинг 7-бобида товарларнинг айрим турларини реклама қилишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланган. Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланади. Тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилишга йўл қўйилмайди. Ҳар қандай қувватдаги алкоголь маҳсулотларининг рекламасига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилишга- меҳмонхоналарда, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг савдо залларида, шунингдек бундай маҳсулотларни намойиш қилиш ва татиб кўриш жойларида, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳамда реализация қилишни амалга оширувчи шахсларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-саҳифаларида, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини кўрсатган ҳолда, темир йўл ва ҳаво транспорти воситаларида, телевидение ва радио орқали маҳаллий вақт билан соат 23.00 дан соат 07.00 га қадар йўл қўйилади.Қонуннинг 47-моддасида Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар белгиланган. Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар қуйидаги миқдорларда пул ундириш (жарималар) тарзида қўлланилади:ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиниши қонунчиликда тақиқланган ёки чекланган маҳсулот тўғрисида реклама тарқатганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;номақбул реклама берганлик, аксилрекламани беришни рад этганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;энергетик ичимликлар, алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламалари, пиротехника воситалари, қурол ва унинг ўқ-дорилари, ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлар рекламасига доир талабларни бузганлик, шунингдек ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш тартибини бузганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;вояга етмаганлар учун мўлжалланган рекламага, дори воситалари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, шунингдек болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига доир талабларни бузганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.Рекламага оид фаолият субъектлари бўлган юридик шахслар реклама тўғрисидаги қонунчилик соҳасидаги аниқланган ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олган тақдирда молиявий санкцияларни қўллаш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади, низо мавжуд бўлган тақдирда эса молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги масала суд тартибида ҳал этилади.Молиявий санкцияларни қўллаш рекламага оид фаолият субъектлари бўлган юридик шахсларни ваколатли давлат органининг қарорини ёки кўрсатмасини бажариш ёхуд реклама тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш мажбуриятидан озод этмайди.Рекламанинг айланиши соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади. Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.Реклама берувчи реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг реклама тайёрлаш учун тақдим этиладиган ахборот мазмунига доир қисми бузилганлиги учун, агар ушбу қонунбузарлик реклама тайёрловчининг ёки реклама тарқатувчининг айби билан юз берганлиги исботланмаса, жавобгар бўлади. Реклама тайёрловчи реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг реклама тайёрлашга доир қисми бузилганлиги учун жавобгар бўлади. Реклама тарқатувчи реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг рекламани тарқатиш вақти, жойи ва воситаларига доир қисми бузилганлиги учун жавобгар бўлади.Ҳозирги кунда бозор иқтисодиётининг жадал ривожланиши жараёнида соғлом раақобатни шакллантиришда, товарлар сотиш, хизматлар кўрсатишни ташкил қилишда Рекламанинг ўрни жуда муҳим. Шу боис, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни замон талабига мос равишда шу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш учун қабул қилиниши катта аҳамиятга эга бўлди.Мехринисо Қодирова,Бухоро вилоят суди иқтисодийишлар бўйича судьяси