Эр-хотиннинг умумий ва шахсий мулки
Ҳар бир шахс мулкдор бўлиш, ундан ўз эркига мувофиқ фойдаланиш, тасарруф қилиш, мулкини қонунсиз эгаликдан ва тажовузлардан ҳимоялаш ҳуқуқига эга. Фуқаролик ва оилавий ҳуқуқий муносабатларда ҳар бир шахсга эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат эканлиги ҳақида маълумотга эга бўлишга эҳтиёж мавжуд. Таъкидлаш жоизки, амалиётда кишилар ўртасида оила ва никоҳ муносабатлари билан боғлиқ турли англашмовчиликлар, хато ва камчиликлар, можаролар учраб туради. Бунга кўпинча низодаги тараф бўлган фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини, амалдаги қонун ҳужжатларини яхши билмаслиги ёки иккинчи тарафнинг ҳуқуқини тан олмаслиги сабаб бўлмоқда. Шу сабабли қисқа бўлса-да эр ва хотининг умумий ва шахсий мулки тушунчалари ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтишга қарор қилдик.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 25-моддасига мувофиқ эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади. Никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий мулки ёки улардан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келган маблағлар (капитал таъмирлаш, қайта қуриш, қайта жиҳозлаш ва бошқалар) қўшилгани аниқланса, эр ёки хотиндан ҳар бирининг мол-мулки уларнинг биргаликдаги мулки деб топилиши мумкин.
Эр-хотиннинг бўлиниши лозим бўлган биргаликдаги умумий мол-мулки деганда, улар томонидан никоҳ давомида орттирган молмулклар, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган ва Ўзбекистон Республикаси ФК 81, 82, 209-моддаларига кўра фуқароларнинг мулк ҳуқуқи объекти бўла оладиган кўчар ва кўчмас ҳар қандай мол-мулклар тушунилади, башарти улар ўртасида тузилган никоҳ шартномасида мол-мулкка нисбатан бошқача тартиб белгиланган бўлмаса. Суд томонидан фақат ишни кўриш вақтида амалда мавжуд ҳамда эр-хотиннинг бирида ёки учинчи шахсларда (масалан, ижара, мулкдан текин фойдаланиш, омонат сақлаш ва ҳ.к. шартномалар бўйича) бўлган умумий мол-мулк бўлиниши лозим. Мулкни бўлишда, шунингдек, эр-хотиннинг умумий қарзлари (Оила кодекси 28-моддаси учинчи қисми) ва оила манфаатлари йўлида вужудга келган мажбуриятлар бўйича талаб қилиш ҳуқуқи инобатга олинади. Бироқ судлар шуни назарда тутишлари лозимки, тўйни, шунингдек, никоҳ маросимлари билан боғлиқ бошқа тадбирларни ўтказиш бўйича қарзлар ва бошқа харажатлар инобатга олинмайди (Оила кодекси 44-моддаси).
Никоҳни ФҲДЁ органларида қайд этмасдан бир оила бўлиб яшайдиган шахсларнинг мулкий низолари фуқаролик қонунчилиги нормалари бўйича ҳал этилади. Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкка нисбатан эр-хотиннинг эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари Фермер хўжалиги ва Дехқон хўжалиги тўғрисидаги қонунлар билан белгиланади. Судлар эр-хотиннинг умумий мулкини бўлишда шуни назарда тутишлари лозимки, Оила кодекси 27-моддаси олтинчи ва еттинчи қисмларига кўра вояга етмаган болалар эҳтиёжи учун олинган нарсалар (кийим-кечак, оёқ кийими, мактаб ва спорт анжомлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар), шунингдек, эрхотин томонидан уларнинг умумий мулки ҳисобидан улар ўртасидаги вояга етмаган болалар номига қўйилган омонатлар ҳам эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳисобга олинмайди.
Эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда суд айрим ҳолларда Оила кодекси 28-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ вояга етмаган болалар манфаатларидан ёки эр-хотиндан бирининг эътиборга молик манфаатидан келиб чиқиб, эр ва хотин ҳиссалари тенглиги принципидан чекинишга ҳақли. Эр-хотиндан бирига у ёки бу мулкни асл ҳолда бериш масаласини ҳал этишда суд мулкнинг характери ва қандай эҳтиёж учун мўлжалланганлигини, сотиб олиш шартларини ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни инобатга олиши лозим. Эр-хотиннинг мулки бўлган автомобилни бўлишда суд эр-хотиндан қайси бири ундан ҳақиқатда фойдаланганлигини, техник ҳолатига қараб келганлигини, уни бошқариш учун ҳуқуқи борлигини ва бошқаларни эътиборга олади.
Оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.
Даъвогар А. судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда, Бухоро шаҳар, И.Каримов кўчаси 5-уйда жойлашган савдо дўконини ўзининг шахсий мулк деб топишни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2022 йил 19 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад қилинган.
Бухоро вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатининг ажрими билан туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган. Апелляция судлов ҳайъати даъвогар А билан жавобгар Б амалда 2020 йил январь ойидан оилавий муносабатларини тугатганлиги ва тарафлар умумий хўжалик юритмаган вақтда яъни 2021 йил 24 майда савдо дўкони даъвогар А. номига олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштилганлигини инобатга олиб, савдо дўконини даъвогар А.нинг шахсий мулки деб топиш ҳақида хулосага келган.
Баходиржон Эргашев,
Бухоро вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Нурбек Рахимов.
Бухоро вилоят судининг бош консультанти