Алимент ундириш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари
Ассалому алейкум! Мен 2012 йилда Э.Асроров билан турмуш қуриб, турмушимиз давомида икки нафар фарзандли бўлдик.
Эрим билан ўзаро келишмовчиликлар натижасида ажрашиб кетганмиз.
Турмуш ўртоғим бир неча йил аввал Россия Федерациясига ишлаш учун кетиб, у ерда ишлаб, кейинчалик
Россия Федерацияси фуқаролигини олди ва бугунги кунда ҳам ўша ерда яшаб келмоқда.
Ёлғиз ўзим ишлаб, болаларимни моддий таъминлашда қийналаётганлигим сабабли собиқ турмуш ўроғимдан алимент ундириш учун судга ариза берсам, суд аризамни қабул қилишни рад қилиб, судга умумий тартибда даъво ариза билан мурожаат қилинг деб жавоб берибти.
Эрим чет элда яшаса болаларим таъминоти учун алимент ололмайманми ёки Россия Федерацияси судига ариза беришим керакми?
Бухоро туманида яшовчи
Баҳора Назарова
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессаул кодексининг 171-моддасига кўра агар вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса суд буйруғи берилади.
ФПКнинг 175-моддасига биноан қарздор Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлса, судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади.
Бугунги кунда эрингиз чет элда яшаётганлиги, яъни Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлганлиги сабабли сизнинг аризангиз суд томонидан қабул қилиш рад этилган.
ФПКнинг 14-моддасида суд ишларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳал қилиши шарт. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаса, бошқа қонун ҳужжатларини ҳам қўллайди.
Низоли муносабатни тартибга соладиган ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳал этади.
Суд Ўзбекистон Республикасининг қонунига ёки халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатнинг ҳуқуқ нормаларини ҳам қўллаши белгиланган.
Эрингиздан алимент ундириш учун Сиз Россия Федерацияси судига ариза беришингиз шарт эмас, ўзингиз яшайдиган ёки эрингиз яшаган охирги яшаш манзили бўйича судга даъво ариза билан мурожаат қилсингиз, суд сизнинг фойдангизга алимент ундиришда ҳалқаро ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланади.
Энди менинг ҳуқуқимни ҳимоя қиладиган бирор ҳужжат борми деб сўрагансиз.
Бу ҳақда ҳам икки оғиз тушунча бериб ўтсак.
Ҳозирги глобаллашув жараёнида ва мамлакатлар ўртасида миграциянинг ошиб бориши, ўз-ўзидан давлатлар ўртасида халқаро ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш эҳтиёжини туғдиради.
Халқаро ҳуқуқий ёрдам универсал, минтақавий ва икки томонлама халқаро ҳуқуқий шартномаларга асосан кўрсатилади.
Собиқ иттифоқ давлатларининг аксарияти аъзо бўлган ҳужжатлардан бири “Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари буйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида” Минск конвенцияси ҳисобланади.
Мазкур ҳужжат минтқавий халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, ушбу ҳужжат 1993 йил 22 январь куни қабул қилинган ва 1994 йил 25 март куни кучга кирган.
Қуйидаги давлатлар конвенциянинг аъзо давлатлари ҳисобланади: Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси, Украина, Азарбайжон Республикаси ва Грузия.
Мазкур Конвенцияга 1997 йил 28 март кунидаги Протокол билан ўзгартиш киритилган. Ушбу Протоколни Ўзбекистон Республикаси имзолаган лекин ратификация қилмаган.
Минск конвенцияси тузилиши ҳақида гапирадиган бўлсак, мазкур ҳалқаро ҳуқуқий ҳужжат 5 бўлим 87 моддадан иборат.
Конвенциянинг аъзо давлатлари ҳуқуқий ҳимояни тақдим қилишда халқаро ҳуқуқдаги миллий режим принципидан фойдаланадилар. Унга кўра шартнома томонларининг фуқаролари ва тегишли давлат ҳудудида яшовчи шахслар фойдаланадиган ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Шартномалашаётган давлатлар фуқаролари ва бошқа шахслар қаршиликсиз суд, прокуратура, ички ишлар органлари ва бошқа фуқаролик, оила, жиноят ишларини кўриш ҳуқуқига эга бўлган муассасаларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга (адлия муассасаларига). Улар илтимосномалар киритиш, даъво қўзғатиш ва бошқа процессуал ҳаракатларни бажаришда шу давлат фуқаролари эга бўлган барча ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Конвенция қоидалари давлатлар томонидан қабул қилинган қонунлар асосида юридик шахслар учун ҳам қўлланилиши белгилаб қўйилган.
Шартномалашаётган давлатлар фуқаролари суд ва нотариал идораларига мурожаат қилганида қўшимча давлат божлари ва чиқимлардан озод қилинадилар ва бепул юридик ёрдамдан фойдаланадилар. Ҳар бир давлат ўз фуқароларидан қанча миқдорда бож олса конвенцияга аъзо давлатлар фуқароларидан ҳам шу миқдорда бож олади. Юқорида кўрсатилган имтиёзлар барча процессуал ҳаракатлар учун жорий қилинади (шу жумладан ижрода ҳам).
Тарафларнинг адлия муассасалари мазкур Конвенция асосида марказлашган тарзда фуқаролик, оила, жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатадилар. Конвенцияга мувофиқ халқаро-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш фақатгина Адлия вазирлиги орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Тўғридан-тўғри халқаро-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга рухсат этилмайди.
Томонлар конвенция бўйича ёзишмаларни ўз давлат тилларида ҳамда рус тилида олиб борадилар.
Агарда ҳужжатлар давлат тилида тайёрланган бўлса рус тилида тасдиқланган таржимаси илова қилинади.
Конвенцияни қўллаш билан боғлиқ юзага келувчи масалалар томонларнинг ваколатли органларининг ўзаро келишувига асосан ҳал қилинади.
2002 йил 7 октябрь куни Кишинев шаҳрида имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенцияга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида 2019 йил 26 август куни Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган.
Мазкур Қонун билан Кишинев конвенцияси Ўзбекистан Республикасида 2020 йил 12 июлдан кучга кирган.
Ҳозирги кунда собиқ иттифоқ мамлакатларидан Молдова, Грузия, Туркманистон ва Украинадан бошқа республикалар Кишинев конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси учун ушбу конвенция кучга кириши муносабати билан мамлакатимиз ва конвенциянинг иштирокчилари бўлган давлатлар ўртасида 1993 йил
22 январдаги Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари буйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Минск конвенцияси ва унга 1997 йил 28 мартдаги баённома ўз кучини йўқотган.
Хулоса қилиб айтмоқчиманки, юқорида санаб ўтилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар асосида сизнинг фойдангизга алимент ундириб бериш масаласи суд томонидан кўриб чиқилади ва чет эл судига ариза беришингизга зарурат йўқ.
Озоджон Новрузов,
Бухоро вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Ойбек Шомуродов, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси