Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарар учун ким жавоб беради?
Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарар учун ким жавоб беради?
Муомалага лаёқатсиз шаҳслар руҳий бузилиш(руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли ўз ҳаракатларини оқибатини англаб ета олмаганлиги ва уларни идора қила олмаганлиги туфайли улар зарар етказганлик учун жавобгар бўлмайдилар.
Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарарни унинг васийи ёки унинг устидан назоратни амалга ошириши шарт бўлган ташкилот, агар зарар уларнинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар,тўлайди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 173-моддасига кўра, Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларга, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга нисбатан васийли ва ҳомийлик фаолияти туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари томонидан амалга оширилади.
Васийлик ёки ҳомийлик белгилаш зарурлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларига маълум бўлган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай васий ёки ҳомий тайинланиши керак.
Агар васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсга бир ой ичида васий ёки ҳомий тайинланмаган бўлса, васийнинг ёки ҳомийнинг мажбуриятларини бажариш васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахс аниқланган жойдаги тегишли васийлик ва ҳомийлик органининг зиммасига вақтинча юклатилади.
Васий ёки ташкилотнинг муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарарни тўлаш мажбурияти, унинг муомала лаёқати тикланган тақдирда ҳам тугамайди.
Васий ёки тегишли ташкилотнинг айби зарар етказиш пайтида муомалага лаёқатсиз шахс устидан етарли даражада назорат ва кузатувни амалга оширмаганлигидир. Васийликка олинганнинг зарарига ғаразли мақсадларни кўзлаб васийликдан ёки ҳомийликдан фойдаланиш ёки уни назоратсиз ва зарур моддий ёрдамсиз қолдириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 48-моддасида назарда тутилган жавобгарликни келтириб чиқаради.
Агар васий вафот этса ёхуд зарарни тўлаш учун етарлича маблағга эга бўлмаса, зарар етказувчининг ўзи эса бундай маблағга эга бўлса, суд жабрланувчининг ва зарар етказувчининг мулкий аҳволини, шунингдек бошқа ҳолатларни инобатга олиб, зарарни тўлиғича ёки қисман зарар етказувчининг мол-мулки ҳисобидан тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
Суд зарарни қоплаш мажбуриятини муомалага лаёқатсиз шахс ва васийга улушли ҳажмда юклаши мумкин.
Васий ёки тегишли ташкилот ўз айби учун жавоб беради ва шу сабабли ҳам зарар етказувчига регресс даъво қила олмайди.
Баходир Эргашев, Бухоро вилоят суди судьяси