Гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш

Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири аҳолининг юксак ҳуқуқий маданияти ҳисобланади. Мамлакатимизнинг эндиги тараққиёти жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятини юксалтиришни долзарб вазифа қилиб қўяр экан, шу ўринда аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

        Агар инсоният тарихига назар ташласак, аёллар эркакларга нисбатан камситилган, жамиятни бошқариш ишларидан четлатилган даврларни ифодаловчи илмий манбаларга дуч келамиз. Минг йиллар давомида аёллар фарзанд кўриб, уларни парваришлаш билан чекланганлиги маълум.

       XX асрда аёлларни мана шундай қарашлардан озод қилувчи, оиладаги оналик, рафиқалик масъулиятидан воз кечмаган ҳолда жамиятда эркаклар билан тенг меҳнат қилиш, меҳнатига яраша ҳақ олиш, дам олиш, соғлиқни сақлаш, таълим олиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларга эга бўлиш имкониятини яратди. Аёлларнинг бундай ҳуқуқларга эга бўлишини БМТда ишлаб    чиқилган    халқаро   ҳуқуқ – “Инсон  ҳуқуқларининг умумжаҳон  декларацияси” (1948) ҳамда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция (1979) кафолатлади. Бу ҳужжатлар хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай чеклашларни тугатиб, уларнинг оилавий ҳолатидан қатъи назар, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида: сиёсат, иқтисод, маданият ва фуқароликда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқларини таъминлашга чақиради. У давлатларни хотин-қизларнинг камситилишларига қарши миллий қонунчилик чораларини ҳамда оила ва жамиятда эркаклар ва аёллар ўртасида тенгликни тезлик билан ўрнатишга, уларнинг ҳуқуқлари камситилишини сақлаб қолишга имкон берувчи ижтимоий ва маданий моделларини ўзгартириш чораларини кўришни тавсия этади[1]. Шунингдек, оилавий ҳаётда эркак ва аёллар учун бир хил ҳуқуқ ва бурчларни ўрнатиш лозимлиги кўрсатилган. “Балоғатга етган эркак ва аёллар ирқи, миллати ёки динидан қатъи назар  бирон-бир чеклашсиз никоҳдан ўтиш ва оила қуриш ҳуқуқига эгадирлар. Улар никоҳдан ўтаётганда ҳам, никоҳда бўлган вақтида ҳам ва никоҳ бекор қилинганда ҳам бир хил ҳуқуқлардан фойдаланадилар» (26-модда) деб таъкидланган[2].

       Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси қаторида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, бу халқаро ҳужжатларни эътироф этди ва ўз зиммасига хотин-қизларга нисбатан камситиш сиёсатини ўтказмаслик мажбуриятини олди ҳамда шу мақсадда хотин-қизлар манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини белгиловчи тегишли қонун ҳужжатларини ларини қабул қилди.

        Улар жумласига: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонуни киради.

       Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги (46-модда)[3], оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, эркин ва тенг ҳуқуқли никоҳ тузиш (63-модда), фарзандларни вояга етказиш ва тарбиялаш учун ота-оналарнинг масъуллиги (64-модда) қоидалари белгиланган[4].

        Барчага маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

       Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди.

       Бешинчи мақсаднинг вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.

         Хотин-қизлар дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этади, аммо уларнинг кичик қисмигина муносиб иш билан таъминланади ва қарорлар қабул қилишда қатнашади.Сиёсатда ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёлларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш ривожланиш учун жуда муҳимдир.

         Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги нутқида: “Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.

      Замонавий жамиятда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, шахслараро муносабатларнинг ривожига хизмат қиладиган ва ижтимоий тизимнинг барча шаклларида -оила, иқтисодиёт, меҳнат бозори, давлат маъмурий амалиётида кенг қўлланиладиган,ижтимоий адолат тамойиллари асосида жамият ҳаётини ташкил этишнинг долзарб муаммоси гендер тенглигидир.     

      Гендер — ижтимоий жинс деган тушунчани беради ва уларнинг тенглигини эътироф этади. Гендер — хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларидаги  муносабатларининг мажмуини ташкил этади ва у ривожланиш жараёнининг барча босқичларида: оилада, жамиятда, таълимда, сиёсатда намоён бўлади.

      Жинс бўйича камситиш — жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, жумладан, оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шаҳвоний тегажоғлик қилиш, тенг меҳнат ва малака учун ҳар хил ҳақ тўлаш тушунилади.

       Қонунга кўра, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари:

        Гендер тенглиги соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ва такомиллаштириш;

        Гендер тенглиги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар маданиятини шакллантириш;

        Жамият ва давлат ишларини бошқаришда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш;

        Меҳнатга оид ва оилавий мажбуриятларни бирга бажаришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш;

оилани, болаликни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, масъулиятли оналик ва оталикни шакллантириш;

        Жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишга қаратилган ахборотдан жамиятни ҳимоя қилиш;

        Мазкур соҳадаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқишда нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этиш;

        Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга доир чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш;

       Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш мақсадида минтақавий ва халқаро даражаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш белгиланган.

      Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари қуйидагича шакллантирилган:

  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
  • Ўзбекистон Республикасининг Сенатдаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси;
  • Давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ваколатли мансабдор шахс белгиланади.

Ваколатли шахснинг мажбуриятларини бажариш давлат органи раҳбарининг ўринбосарларидан бири зиммасига юклатилади.

       Айниқса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу Қонун кўп йиллик муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир. Бундай чоралар, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари томонидан узоқ вақт давомида тавсия қилиб келинган.

       Зўравонлик қонунга кўра, хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик)да намоён бўлади.

       Зўравонликнинг кўринишлари турлича бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунида зўравонликнинг тўрт асосий
тури белгиланган:

  • Руҳий зўравонлик
  • Жисмоний зўравонлик
  • Жинсий зўравонлик
  • Иқтисодий зўравонлик

Бугунги кунда зўравонликнинг кенг тарқалган – кибер зўравонлик тури ҳам кенг тарқалган бўлиб, у жабрдийдага катта руҳий азоб орқали шикаст етказади.

      Руҳий зўравонлик – хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракатларда намоён бўлади.

      Жисмоний зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли ҳисобланади.

      Иқтисодий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик)да намоён бўлади.

      Жинсий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлашдир.

      Тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш деганда, хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи учун пайдо бўлган хавфни бартараф этиш, тезкор чора-тадбирларни талаб қиладиган ҳаётий вазиятлар юз берганда хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жабрланувчига нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг такроран ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадидаги иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва бошқа тусдаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар тизими тушунилади.

       Тазйиқ  ва зўравонликнинг олдини олишда – хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга, жамиятда хотин-қизларнинг зўравонликдан холи бўлиш ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизими йўналишида кенг қамровли ишларни олиб бориш назарда тутилган. Бундай саъй-ҳаракатларга тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат – Ҳимоя  ордери берилади .

        Гендер тенглик бўйича институционал чораларга келсак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.

       Мазкур янги ташкил этилган барча институционал механизмлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда БМТ Конвенциясига мувофиқ аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам беришнинг ягона яхлит механизмига айланиши масаланинг муҳим томонидир.

       Таъкидлаш жоиз, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга, уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.

      Шу билан бирга, ушбу йўналишда давомий изчил ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ерда нафақат қабул қилинган кўрсатмалар, балки уларнинг халқаро мажбурият ва стандартларга мувофиқлиги, жойларда ўз вақтида ва аниқ бажарилиши ҳам муҳим ахамиятга эга.

        Шу маънода, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирок этишини таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарур.

         Озоджон Новрузов,

Бухоро вилоят суди судьяси

Бахромжон Асроров,

Судья катта ёрдамчиси