МУАММОГА ҚОНУНИЙ ЕЧИМ ТОПИЛДИ

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг биносида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда Фарҳод Асадов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нинг Иноятхон Аҳадова, Фотима Рахматоваларга нисбатан алимент миқдорини қонунга мувофиқлаштириш тўғрисидаги даъво аризаси кўриб чиқилди.

Даъвогарнинг даъво аризаси ва судда берган баёнотига кўра Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг 2015 йил 23 декабрдаги ҳал қилув қарорига асосан Иноятхон Аҳадовага бир нафар фарзандларининг таъминоти учун 1/4 қисм миқдорида, Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг 2018 йил 1 февралдаги суд буйруғига асосан Фотима Рахматовага ҳам бир нафар фарзандларининг таъминоти учун 1/4 қисм миқдорида алимент тўлаб келган. Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг 2023 йил 23 июндаги суд буйруғига асосан Иноятхон Аҳадовага яна бир нафар фарзандларининг таъминоти учун 1/4 қисм миқдорида алимент тўлаган. Бироқ, у тўлаётган алимент миқдори уч нафар боланинг моддий таъминоти учун қонунда белгиланганидан ортиб кетган.

Жараёнда фуқаро фарзандлари учун тўланадиган алимент миқдорини қонунга мувофиқлаштиришни сўради.

 Суд мажлисида жавобгарлар даъвони қисман тан олиб, уч нафар фарзандининг таъминоти учун алимент олиб келаётганликларини, алиментни камайтиришга рози эканликларини баён қилиб, ишни қонуний ҳал қилишни сўрашди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-, 99-, 115-, 121- ва 146-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 249-253-моддаларига асосан суд томонидан даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилди.

Сарвиноз Қамбарова,

Бухоро вилоят судининг судьяси 

Фарида Рахмонова,

Судья катта ёрдамчиси