Kun.uz – Расмий-каналида эълон қилинган “Бухорода 77 ёшли шифокор ғайриқонуний тарзда озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳукмни чиқарган судьяга чора кўриладими?” сарлавҳали билдириш юзасидан

Билдиришда жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси иш тафсилотларини тўлиқ ўрганиб чиқмасдан, айблов асосли ёки асоссиз қўйилганини текширмасдан, Ш.Ҳамраевни Жиноят кодекси 116-моддаси 4-қисмининг “б” банди билан асоссиз 2 йил озодликдан маҳрум қилгани қайд этилиб, судьянинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.

Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман судининг 2023 йил
22 декабрдаги ҳукмига кўра, Ш.Хамраев ЖК 116-моддаси 4-қисмининг
“б” банди билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланилган ҳолда, 3 йил акушер гинеколог шифокори вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланган ҳолда 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Ҳукмга кўра, Ш.Хамраев 1979 йилдан Вобкент туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлимида акушер – гинеколог врачи лавозимида ишлаб келиб, касбий хизмат вазифаларига бепарволик ва инсофсизлик билан муносабатда бўлиб, 2022 йил 21 октябрь куни туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлимига 36,4 ҳафталик (биринчи ҳомила) ҳомиладорлик ташхиси билан мурожаат қилган 22 ёшли Г.Ҳ.га тўғри ва тўлиқ ташхис қўймасдан, туғруқнинг олиб борилишига нотўғри ёндашувни амалга ошириб, кесарча кесиш амалиётини ўтказиш зарурати бўлмаган ҳолда, кўрсатмасиз жарроҳлик амалиётини ўтказиб, беморда зарурий интенсив антибактериал даво чораларини бошламасдан, динамик кузатувлар лозим даражада олиб борилмаганлиги натижасида бачадон ичи ва бутун бачадон яллиғланиши натижасида кейинчалик бачадон олиб ташланишига, оқибатда тана аъзолари репродуктив функциялари йўқолиши билан характерланадиган оғир оқибатлар келиб чиқишига сабабчи бўлган.

Кейинчалик жабрланувчи Г.Ҳ. ушбу касаллик асоратларидан даволаниш учун жами олти маротаба жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган.

Апелляция инстанциясининг 2023 йил 27 декабрдаги ажрими билан Ш.Хамраевнинг эҳтиёт чораси муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чорасига ўзгартирилган ва 29 январдаги ажрими билан суднинг ҳукми ўзгартирилиб, Ш.Хамраевнинг ҳаракатлари ЖК
116-моддасининг 1-қисмига қайта квалификация қилинган ва унга
3 йил акушер гинеколог шифокори вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ушбу суд қарори ҳозирги кунда қонуний кучида.

Мазкур жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиққан судьянинг хатти-ҳаракатлари  Бухоро вилояти судлари судьялари малака ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилмоқда,  натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилиши маълум қилинади.