АЛИМЕНТ ТЎЛАШ МАЖБУРИЯТИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ГАРОВ ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96, 100-моддаларида, ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган. «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция талаблари асосида ишлаб чиқилган ҳуқуқий базада вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқи аниқ белгилаб қўйилган. Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқини таъминлаш ва бу борада Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси нормаларининг тўғри ва аниқ татбиқ этилиши бўйича бир хил суд амалиётни шакллантириш мақсадида, 2016 йил июль ойида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори қабул қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 06 октябрдаги Қарори билан “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг тасдиқланиши алимент ундириш билан боғлиқ низоларнинг кўрилишида янги йўналишни очиб берди.
Ушбу Низомга кўра вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш тартибини белгилаш, давлат ижрочилари иш юритувида бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича алимент тўловларини ихтиёрий равишда тўлаётган жисмоний шахслар муайян давр учун алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент олувчи билан келишилган ҳолда алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш, давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилаши, давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжати бўйича қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкинлиги, алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилиши, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасининг тузилиши алиментларни тўламаганлик учун қонун билан белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод қилмаслиги, алиментларни олдиндан тўлаш ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадга нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса, олдиндан тўланган алиментлар учун кейинги даврларда алимент тўловчининг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади кўпайиши натижасида вужудга келадиган қўшимча алимент тўловларини тўлашдан озод қилмаслиги, алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланиши ҳолатлари тўлиқ ёритиб берилган.
Низомга мувофиқ, алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун, бироқ ушбу банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.
Суд ажримига асосан олдиндан тўланиши шарт бўлган алиментларнинг тўлиқ миқдорини тўлаш, шунингдек, алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига топширилиши шарт бўлган мол-мулкни топшириш ўн иш кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.
Алиментларни тўлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш масаласида, қарздор ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
Алиментларни ундириш алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувга асосан бўлса, ариза ижро ҳужжати иш юритуви Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.
Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада, қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.).
Аризага Бюронинг туман (шаҳар) бўлими томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори илова қилиниши шарт.
Зарурат бўлганда, аризага алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар илова қилинади.
Ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда, аризага қўшимча равишда баҳолаш ташкилотининг алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган мол-мулкни баҳолаш хулосаси, шунингдек қарздорнинг мазкур мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинади.
Алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўланадиган алимент суммасини ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги қарори, қарздорнинг ижро иш юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига киритган аризасига (шу жумладан, электрон почта орқали киритган аризасига) асосан берилади.
Аризада қарздор томонидан алиментларни олдиндан тўламоқчи бўлган даври кўрсатилади. Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент суммалари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлари, шу жумладан чет элда олинган даромадларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бериш тўғрисидаги ариза етти иш куни давомида кўриб чиқилади. Ҳужжатларни қўшимча ўрганиш талаб этилганда ариза ўн беш иш куни ичида кўриб чиқилиши мумкин.
Қарздор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққонийлигига шубҳа туғилганда ва уларни бошқа ташкилотларга сўровнома юбориш орқали текшириш зарур бўлганда, аризани кўриб чиқиш муддати бир ой муддатга узайтирилиши мумкин. Аризани кўриб чиқиш муддатини узайтириш Бюронинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи томонидан аризани кўриб чиқаётган давлат ижрочисининг асослантирилган билдиргисига асосан амалга оширилади. Аризани кўриб чиқиш муддати узайтарилганлиги тўғрисида аризачи хабардор қилинади.
Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор ижро ҳужжати юритувида бўлган давлат ижрочиси томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 86-моддасига мувофиқ қабул қилинади.
Бунда, олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш ушбу Низомда назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб бир ой муддат давомида амал қилади, бу ҳақда қарорда кўрсатилади.
Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблашда, келгуси даврлар учун тўланадиган алиментлар суммасига, тўлов вақтидаги ҳар йилги алиментлар суммасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасига капитализация коэффициенти қўлланилади.
Давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори ва алимент бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олганидан сўнг, қарздор судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича фуқаролик процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ушбу Низомга кўра ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш асослари қуйидагилар: ушбу Низомда белгиланган, аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ёки уларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқ эмаслиги; ушбу Низомда назарда тутилган алиментларни олдиндан тўлаш белгиланган алимент суммаси тўловининг амал қилиш муддати ўтиб кетганлиги; алиментлар бўйича тўланмаган қарздорликнинг мавжудлиги; алиментларни олдиндан тўлаш вояга етмаган болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари жиддий бузилишига ёхуд таъминот шароити ёмонлашувига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаш учун асослар мавжудлиги; алиментларни умумий тартибда тўлашга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги; қарздор алиментларни олдиндан тўлаш имкониятидан, алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ёки умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент суммасини кам тўлаш мақсадида фойдаланаётган деб ҳисоблаш учун асосларнинг мавжудлиги; қонунчиликда белгиланган бошқа асослар мавжудлиги.
Суд томонидан аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризани рад этиш ёки қаноатлантириш тўғрисида ажрим қабул қилинади.
Суднинг алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилади: олдиндан тўланадиган алимент суммаси; олдиндан тўланадиган алиментлар даври, ушбу даврнинг бошланиш ва якунланиши ойи ва йили; алиментлар суммаси тўлиқ тўланиши лозим бўлган муддат.
Шунингдек, агар қарздор ўз аризасида алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига мол-мулк бериш орқали ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришни сўраган бўлса, суднинг ажримида қуйидагилар кўрсатилади: мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи, қиймати ва мазкур мол-мулкни аниқлаш имконини берадиган бошқа маълумотлар; мол-мулкни ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган муддат.
Давлат ижрочиси ижро иши юритишида бўлган ижро ҳужжати бўйича қабул қилинган ажримга, ижро ҳужжати бериш талаб этилмайди.
Давлат ижрочиси алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни қабул қилиб олганда, шунингдек, мазкур ажримда кўрсатилган алиментлар суммаси тўлиқ тўлангандан сўнг, қарздор ва унинг мол-мулкига белгиланган барча чекловларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш учун ундирувчига муайян мол-мулкни ўтказиб бериш йўли билан қўйилган чекловларни бекор қилиш фақат мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан, шунингдек: кўчмас мулкни ўтказишда – мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхасига; автотранспорт воситаси ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши (ҳисобга туриши) лозим бўлган бошқа мулкларни ўтказишда – автотранспорт воситаси ёки бошқа мулкни ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги (ҳисобга турганлиги) тўғрисидаги ҳужжат нусхасига; қимматли қоғозлар ўтказишда – қимматли қоғозлар ундирувчи номига рўйхатдан (ҳисобига) ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатга асосан амалга оширилади.
Агар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш суд ҳужжатига асосан қўйилган бўлса, чеклашни бекор қилиш суд томонидан амалга оширилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш болалар вояга етгунга қадар амалга оширилган тақдирда, мазкур ижро ҳужжати бўйича ижро ишини юритиш тамомланмайди.
Мазкур ҳолатда алиментлар олдиндан тўланган давр мобайнида ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмайди.
Алиментлар олдиндан тўланган давр якунланганда, шунингдек, суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби бекор бўлганда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.
Агар олдиндан тўланиши лозим бўлган алиментлар суммаси суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби ўзгартириш тўғрисидаги ажримда кўрсатилган муддатда тўлиқ тўланмаган тақдирда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.
Агар қарздорнинг иш ҳақи ёки бошқа даромади олдиндан тўланган алиментлар суммасига нисбатан кўпроқ миқдорда тўлаш имконини берса, ундирувчи алиментлар олдиндан тўланган давр якунлангунга қадар қарздор учун алимент мажбуриятларининг умумий тартибини белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Мазкур ариза суд томонидан суд қарорларини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Алимент мажбуриятларини умумий тартибда белгилаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда, олдиндан тўланган алимент тўловлари қайтарилмайди, умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент ҳисобига ўтказилади. Бунда давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро чоралари умумий тартибда қўлланилади.
Алиментларни тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган судга тақдим қилинади.
Агар алимент ундируви нотариал тасдиқланган келишув бўйича амалга оширилган бўлса, ариза ижро иш юритишни амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туман (шаҳар) судига берилади.
Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.).
Аризага мазкур Низом талабларига риоя қилган ҳолда тузилган гаров шартномаси, шунингдек, Бюро томонидан алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши шарт.
Зарурат бўлганда, аризага қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариши учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқини бериш учун тузилади.
Бунда, гаров шартномасида қарздорнинг (гаровга қўювчининг) амалга оширган алимент тўловлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳар ойда давлат ижрочисини хабардор қилиш мажбурияти кўрсатилиши шарт.
Гаров шартномаси ушбу Низомдаги иловада келтирилган намунавий шаклга мувофиқ тузилади.
Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров предмети бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 52-моддасига асосан ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк гаров предмети бўла олмайди.
Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланади.
Гаров ҳуқуқи шартнома нотариал тасдиқланган пайтдан бошлаб, мажбурий рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлса – рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Агар гаров предмети қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ гаровга қўювчида сақланиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи гаров предмети топширилган пайтда вужудга келади, агар топшириш шартнома тузишдан олдин амалга оширилган бўлса – нотариал тасдиқланган (рўйхатдан ўтказилган) пайтдан бошлаб вужудга келади.
Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.
Гаров предмети қиймати тарафлар келишувига биноан аниқланади.
Тарафлар келишувига асосан гаров предмети қийматини баҳолаш тегишли баҳолаш ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин.
Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаровга қўйилган мол-мулкнинг, қайта гаровга қўйилишига йўл қўйилмайди, мазкур масала гаров шартномасида акс эттирилади.
Алимент тўловларидан қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун қарздор ижро иши юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига ариза билан (шу жумладан, электрон почта орқали) мурожаат қилади.
Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент миқдорлари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларни, шу жумладан чет элда олинган даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани бериш тўғрисидаги ариза мазкур Низомда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.
Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартибда кўриб чиқади.
Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш асослари қуйидагилар бўлиб ҳисобланади: мазкур Низомга кўра аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларнинг йўқлиги ёки уларнинг мазкур Низом талабларига мувофиқ эмаслиги; алимент тўловлари бўйича тўланмаган қарздорликнинг мавжудлиги; алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш вояга етмаган болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари жиддий бузилишига ёхуд уларнинг таъминот шароитлари ёмонлашувига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаш учун асосларнинг мавжудлиги; умумий тартибда алимент тўлашга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги; қарздор алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш имкониятидан алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ёки умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент суммасини кам тўлаш мақсадида фойдаланаяпти деб ҳисоблаш учун асослар мавжудлиги; қонунчиликда белгиланган бошқа асосларнинг мавжудлиги.
Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш бўйича ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш якунлари юзасидан уни рад этиш ёки қаноатлантириш тўғрисида ажрим қабул қилинади.
Суднинг алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш бўйича ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши шарт: алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга рухсат бериш, шунингдек алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда гаров предметига қаратиш талаби; гаров тариқасида топширилаётган мол-мулкнинг номи, алоҳида хусусиятлари, сони ва қиймати, жойлашган жойи; гаров шартномасида қарздорнинг амалга оширилган алимент тўловлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳар ойда давлат ижрочисини хабардор қилиш мажбурияти; алимент мажбуриятларини бажаришнинг бошқа шартлари.
Давлат ижрочиси ижро иши юритишида бўлган ижро ҳужжати бўйича қабул қилинган ажримга ижро ҳужжати бериш талаб этилмайди.
Давлат ижрочиси ижро ҳужжати ижроси усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни олгандан сўнг, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чекловларни, шу жумладан қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.
Ижро ҳужжати ижроси усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров билан ўзгартириш тўғрисидаги суднинг ажримига асосан қарздорга алимент тўловларини ихтиёрий тўлаш имконияти берилиб, мажбурий ижро чоралари қўлланилмайди.
Қарздор томонидан кетма-кет икки ой давомида алимент тўловлари тўланмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувни гаров предметига қаратиш чораларини кўради. Шунингдек, алимент тўловларини тўлиқ тўламаслик ҳам тўланмаган алимент ҳисобланади.
Гаров предметини сотувга чиқаришнинг бошланғич баҳоси ижро ҳужжати ижро усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги суднинг ажримида кўрсатилган қиймат билан белгиланади.
Суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби ўзгартириш тўғрисидаги ажрими бекор қилинган тақдирда кейинги мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.
Бунда гаров шартномаси тарафлар келишуви ёки қонунчиликда белгиланган асосларга кўра суд қарорига асосан тугатилади.
Ундирувни гаров предметига қаратиш натижасида келиб тушган маблағлар, Бюронинг тегишли туман (шаҳар) бўлими депозит ҳисобрақамига ўтказилади, мазкур маблағ ҳисобидан ойма-ой алимент тўловлари амалга оширилади.
Фарзандлар вояга етгунига қадар тўланган алимент тўловларидан ортган қисми қарздорга қайтарилади.
Гаров предмети сотилмаганда ва гаровга олувчи қарз ҳисобига гаров предметини ўзига олишни рад этганда гаров шартномаси тугатилади.
Бунда давлат ижрочиси алимент бўйича қарздорликни қарздорга тегишли бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш чораларини кўради.
Судларнинг эътибори болаларнинг соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етишида ота-оналар масъуллигига ва улар ўзларининг вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур эканлигига, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент фақат суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи чиқариш орқали ундирилишига;
алимент тўлаш билан боғлиқ бўлган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш болалар манфаатлари ҳимоясининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланишини назарда тутган ҳолда, қонунларга қатъий риоя этиш зарурлигига қаратилсин.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ва Фуқаролик процессуал кодексларининг талабларига кўра, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида судга боланинг ота ёки онаси, васийлик ва ҳомийлик органлари, васий ёки ҳомий шахс, болалар тарбия муассасалари ҳамда прокурор мурожаат қилиши мумкин.
Бундай мурожаатлар Ўз.Рес.ФПКнинг 170-173-моддаларида кўрсатилган тартибда суд буйруғи чиқариш тўғрисида ариза кўринишида ёки ФПКнинг 188-191-моддалари талабдарига риоя этган ҳолда даъво ишларини юритиш тартибида берилади.
Оила кодексининг 81-моддаси 2-қисмига кўра, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди. Шу муносабат билан судларга тушунтирилсинки, агарда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишида болага алимент ундириш масаласи ҳал қилинмаган бўлса, алимент ундириш юзасидан ваколатли шахс даъво (ариза) билан мурожаат қилиши мумкин.
Оила кодексининг 165-моддасида фарзандликка олинганлар ва уларнинг ота-онаси (ота-онасининг қариндошлари) бир-бирларига нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқларини йўқотишлари ҳамда ўзаро мажбуриятлардан озод бўлишлари белгиланганлиги сабабли фарзандликка олинганларнинг таъминоти учун ота-онасидан алимент ундирилмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ҳам, даъво ариза ҳам судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига кўра, жавобгарнинг яшаш жойи бўйича берилади, шунингдек, ФПКнинг 26-моддасига мувофиқ аризачи ёки даъвогарнинг ўзи яшаб турган жойда ҳам тақдим этилиши мумкин.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза, шунингдек, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида даъво ариза берганлик учун давлат божи Солиқ кодексининг 329-моддасига мувофиқ ундирилмайди.
Судлар алимент миқдорини камайтириш, алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъво аризаларини қабул қилишда ҳамда алимент ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ёки буйруқ қабул қилишда давлат даромадига ундириладиган давлат божи миқдорини белгилашда ФПКнинг 138-моддаси талаблари ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги 14-сонли қарори тушунтиришларига асосланишлари лозим.
Алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқаришда, агар қарздор шу вақтда ишламаса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, давлат божи Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.
Судларнинг эътибори боланинг таъминот олишга бўлган ҳуқуқини суд буйруғи чиқариш орқали таъминлашнинг аҳамияти катта эканлигига, ушбу тартибда, яъни ФПКга асосан алимент ундириш масаласи ФПКнинг 2387-моддаси талабида 3 кун ичида ҳал этилишини назарда тутиб, мазкур институт ваколатларидан амалда кенг фойдаланишга қаратилсин.
Алимент миқдорини тўғри белгилаш, бунда Оила кодексининг 99-моддасига кўра, ота-оналардан вояга етмаган болаларга алимент ундиришда суд алимент миқдорини ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг муайян қисмида (1/4, 1/3, 1/2) белгилаши лозимлиги, шунингдек, ушбу тўловлар миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкинлиги судларга тушунтирилсин.
Мазкур ҳолатда ҳам камайтирилган ёки кўпайтирилган алимент миқдори фоизда эмас, балки иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромаднинг муайян қисмида белгиланиши лозим.
Оила кодексининг 100-моддасида ота-онанинг вояга етган болаларига алимент тўлаши белгиланган бўлиб, бунда судлар қонун талабига кўра, вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатли ёки лаёқатсизлиги ҳамда моддий ёрдамга муҳтожлиги ёки муҳтож эмаслигини аниқлашга эътибор қаратишлари лозим.
Судга мурожаат қилган тараф вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатсизлиги ва ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида далил (ногиронлик ҳақида ТМЭК ёки бошқа ваколатли орган хулосаси, моддий аҳволи тўғрисида маълумот ва бошқа) тақдим этиши лозим. Ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслигига эса тегишли маълумотлар асосида суднинг ўзи баҳо бериши лозим.
Судлар алимент ундиришда болаларнинг меҳнатга лаёқатлилигини йўқотилганлик даражаси ва уларнинг ҳақиқатдан муҳтож эканлигини, тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини эътиборга олишлари керак.
Оила кодексининг 101-моддаси талабига мувофиқ, ота-онадан вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ундириладиган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Бунда алимент миқдорини аниқлашда, суд алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволидан келиб чиқиши, яъни суд томонидан белгиланган миқдор асослантирилган бўлиши лозим.
Судлар алимент миқдорини аниқлашда, Оила кодексининг 102-моддасида белгиланган тартибга қатъий риоя этишлари, суд ҳал қилув қарорида алимент миқдори ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромаднинг муайян қисмида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланганлиги сабабини кўрсатиши лозим.
Боланинг таъминоти учун қўшимча харажатларни ундириш масаласини ҳал этишда, судлар Оила кодексининг 103-моддасида қайд этилган қўшимча харажат қандай фавқулодда ҳолатлар (болаларнинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар)да келиб чиққанлигини ҳамда бу бола таъминоти учун зарурлигини кўрсатиши ва уларнинг оилавий ва (ёки) моддий аҳволини ҳисобга олиб, қисман пул билан тўланадиган қўшимча харажатларнинг қатъий миқдорини аниқлаши лозим.
Оила кодексининг 142-моддаси 2-қисмида, суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлаши белгиланган.
Мазкур нормадан келиб чиққан ҳолда судлар, неустойка тўлаш мажбурияти, агарда алимент суднинг қарори (буйруғи)га кўра ундирилган бўлса, юзага келиши, алимент тўлаш тўғрисида келишув бажарилмаган тақдирда эса жавобгарлик Фуқаролик кодексининг 327-моддасига кўра юзага келишини инобатга олишлари лозим.
Алиментни ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса юзага келиши, агарда шу шахснинг айби бўлмаса (масалан, ўз вақтида иш ҳақи олмаганлиги, алимент суммалари нотўғри ўтказилганлиги ва ҳ.к.) жавобгарлик юзага келмаслигини судлар эътиборда тутишлари керак.
Алимент ундириш тўғрисидаги суд қарори ижроси жараёнида алимент бўйича қарз вужудга келиши сабабли неустойка миқдорини ҳисоблаш ва ундириш суд ижрочилари томонидан амалга оширилиши судларга тушунтирилсин. Алимент тўлаш тўғрисида келишув бажарилмаган, алимент бўйича қарз вужудга келган тақдирда эса алимент ундирувчи банк фоизларини ундириш юзасидан судга даъво билан мурожаат этиши мумкин.
Оила кодексининг 144-моддасига мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарорига асосан пул билан тўланадиган қатъий суммада ундирилаётган алиментларни индексация қилиш алиментлар ушлаб қолинаётган жойда қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам ойлик иш ҳақига мутаносиб равишда амалга оширилади.
Индексация қилиш мақсадида алиментнинг миқдори суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг муайян қисмига мос равишда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Шунга кўра, қатъий суммада ундирилиши лозим бўлган алимент миқдори суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг муайян қисмига мос равишда пул билан тўланадиган қатъий суммада (энг кам ойлик иш ҳақининг тенг ярми, бир баравари, бир ярим баравари ва ҳоказо) белгиланиши лозим.
Судларнинг эътибори суд қарорига (буйруғига) асосан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг муайян қисмида ундирилаётган алиментни қатъий суммада ёки бир вақтда муайян қисмда ва қатъий суммада ундириш тўғрисидаги манфаатдор тарафнинг талаби ФПКнинг 216-моддаси тартибида эмас, даъво иш юритувида кўрилиши лозимлигига қаратилсин. Чунки бу ҳолатда суд қарорини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш эмас, балки алимент миқдорини ўзгартириш тўғрисида масала ҳал этилади.
Судларга тушунтирилсинки, қарздор алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида арз қилинган талабга қарши эътироз билдирса, ФПКнинг 23810-моддаси тартибида суд буйруғи бекор қилиниши лозим.
Суд буйруғи ФПКнинг 23811-моддасига асосан ижрога қаратилганидан ўн кун муддат ўтганидан сўнг билдирилган эътирозлар муддатни тиклаш ҳақида ариза мавжуд бўлмаса, суд томонидан кўрилмайди ва аризачига қайтарилади.
Агар суднинг бола таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори ёки буйруғи ижро этилиши вақтида бола алимент тўлаётган ота(она)нинг тарбияси ва қармоғига ўтган бўлса, ундирувчи эса, алимент олишдан воз кечмаган бўлса, кейинги тўланадиган алиментдан озод қилиш масаласи ота(она) томонидан тегишли тартибида қўзғатилган даъво асосида суд томонидан ҳал этилишига;
агар ундирувчи юқорида қайд этилган ҳолатларда алиментдан воз кечса, ижро иш юритуви «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 2-қисмини 1-бандига асосан тугатилиши лозимлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Алимент миқдорини камайтириш ёки алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъволар ФПКнинг 145-моддасига кўра, жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун ундирилаётган алимент миқдори суднинг ҳал қилув қарорига кўра, ўзгарган тақдирда алиментнинг янги миқдорда ундирилиши суднинг бу ҳақдаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан амалга оширилади.
Оила кодексининг 105, 115-моддаларида белгиланган ҳолатларда алимент миқдорини камайтириш, алимент тўлашдан озод қилиш ҳамда суднинг бир неча қарорлари бўйича ундириладиган алимент миқдорини белгилаш тўғрисидаги аризаларни ҳал этишда, мазкур ишларни кўришда барча ундирувчилар жалб қилиниши лозим.
Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга таъминот бериш мажбуриятлари белгиланган Оила кодексининг 122-моддасига мувофиқ, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахсларга таъминот бериш суд томонидан уларнинг қариндошлари:. бобо, буви, невара, ака-ука, опа-сингил, шунингдек ўгай ота ва ўгай она, ўгай ўғил ва ўгай қиз ҳамда доимий тарбияда бўлган шахслар зиммасига юклатилиши мумкин.
Бунда, судлар алимент миқдорини, қарздорнинг ҳамда ундирувчи (даъвогар)нинг моддий ва оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгилашлари лозим.
Вояга етмаган бола ота-она қармоғидан олиниб, болалар тарбия муассасасига жойлаштирилган ҳар қандай ҳолатда, болаларга таъминот беришда ота-она мажбуриятларининг тенглигидан келиб чиқиб, Оила кодекси 107-моддасига асосан ота-онасининг ҳар биридан алимент боланинг фойдасига ундирилиб, бола номига очилган банк ҳисоб-варағида жамланади.
Оила кодексининг 136-моддаси 4-қисмига кўра, агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкинлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Алимент тўлашдан бош тортиш деганда, шахснинг алимент тўлаш мажбуриятини айбли равишда бажармаслиги, хусусан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги таклифни рад этиш, турар жойини ва (ёки) иш жойини яшириш тушунилиши судларга кўрсатиб ўтилсин.
Судлар, алимент ундириш ҳақидаги ишлар бўйича даъвогарнинг даъводан воз кечиши ва тарафларнинг келишув битимини тузиши сабабли иш юритишни тугатишда, бу ҳолат боланинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид ёки зид эмаслигига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.
Суднинг ҳал қилув қарорига биноан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахс томонидан жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида алимент тўламаслик ҳолати аниқланса, суд ФПКнинг 19-моддасида белгиланган тартибда жиноят ишини қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилиши шарт.
Азиз Шарипов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг судьяcи
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти