Бухорода “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди

Вилоятдаги судларнинг судьялари, прокурорлар, терговчи ва адвокатлар иштирок этган тадбирда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов ва бошқалар Президентимиз жорий йилнинг 27 сентябрида имзолаган мазкур қонун билан фуқароларга қатор имконият ва енгилликлар яратилаётгани ҳақида сўз юритди. Суд ҳукмлари, ажримлар, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари такомиллаштирилгани хусусида атрофлича фикр алмашди.

Миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда. Тарафларнинг хоҳишига кўра, суд қарори устидан ўн кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, ушбу муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят (протест) келтирилиши мумкин. Бу тартиб тарафларнинг суд қарорлари устидан шикоят (протест) келтириш ҳуқуқи орқали одил судловга эришиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади. Апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят (протест) бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилаётгани ҳам аҳамиятлидир.

– Янги қонун суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштиради.
– Суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифати, тарафларнинг одил судловга эришиш даражаси янада оширилади. Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши таъминланади. Қонунчилигимиздаги бу ўзгаришлар 2024 йил 1 январдан кучга киради. Вилоятда қонуннинг мазмун-моҳиятини нафақат суд–ҳуқуқ идоралари ходимлари, балки аҳоли, шу жумладан, жиноят иши бўйича айбланувчи ва судланувчилар ўртасида кенг тушунтириш юзасидан ҳам тегишли чора-тадбир белгилаб олдик.

Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.