ГИЁҲВАНДЛИК ЖИНОЯТИ ВА УНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Бугун Сизлар билан учрашиб, очиқ мулоқот қилишдан мақсад, гиёҳвандлик, унинг салбий оқибатлари, уни содир қилганлик учун жавобгарлик масалалари ҳамда Олтиариқ туман ҳудудида содир этилган ушбу тоифадаги жиноятларни таҳлил қилишдир.

            Гиёҳвандликни инсоният генофондига солаётган хавфи ҳозирнинг долзарб муаммоси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу офатга қарши айни пайтда халқаро миқёсда мислсиз кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, дунё бўйича тахминан 90 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган.

Гиёҳвандлик инсон соғлиғининг кушандаси, қанчадан қанча инсонларнинг умрига, соғлиғига зомин бўлаётган иллатдир.  Сабаби сурункали гиёҳвндликка берилганларнинг аксарияти 30 ёшгача ҳам яшамайди. Яна бир ҳавфлти томони ОИТС, вирусли гепатит ва бошқа ҳавфли касалликлар билан боғлиқ равишда илдиз отади.

Гиёҳвандлик қуйидаги оқибатларга олиб келади:

– Ўлим (гиёҳвандлик моддаларини қабул қилиш ёки ҳумор ҳолатидаги оғриқ оқибатида ва бошқа келтириб чиқарган касалликларнинг асорати туфайли);

– Гиёҳвандлик моддалирини истеъмол қилиш учун  қўлга киритиш йўлида жиноятга қўл уруш – қотиллик, босқинчилик, талончилик, ўғрилик фирибгарлик ва бошқалар;

– Бевосита гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга ҳилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятларни содир этгалиги учун жиноий жавобгарликка тортилиш;

– Оиланинг барбод бўлиши;

– Фарзандларнинг мажруҳ туғилиши;

– Ҳеч нарсага қизиқмаслик;

– Беҳаёлик ва бошқалар.

Жиноят кодексининг 270-276-моддаларини ўз ичига олган ХIХ боби “Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар” деб номланиб, бунинг учун қатъий жазо чоралари белгиланган.

Аммо жазо қанчалик оғир ва муқаррар бўлмасин, ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган инсоннинг кўзи очилиши қийин. Чунки гиёҳвандликнинг ёвуз чангалига илинган инсон ундан қутилиб чиқиши амримаҳол бўлиб, аксинча у ўз турини ҳар томонга ёйишга интилиб, янги-янги қурбонларни домига тортади. Улар келтирган офатлар оилаларни бузилишига, ҳали туғилмаган гўдакларни келажакда мажруҳ, ногирон бўлиб қолишига, ёшларни умрини хазон бўлишига сабаб бўлади. Энг ачинарлиси, баъзи нафсини жиловлай олмаган кимсалар эътиқоди заиф, иродаси буш, гиёҳвандликка мойиллиги бор ёшларни турли қинғир йўллар билан тўзоғига илинтириб фойдаланишади.

Бугунги кунда  бундай иллатга қарши курашиш учун ҳозирда аҳоли орасида, оила, мактаб, маҳалла, мутассадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу кўрилаётган чора-тадбирлар халқимизнинг инсонни умрига зомин бўлиши мумкин бўлган хавфдан ва турли иллатлардан ҳимояланишида қўл келиши назарда тутилган. Чунки соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш нафақат оилани балки мамлакат, қолаверса жамиятнинг ҳам олдида турган асосий ва муқаддас вазифасидир. Ушбу иллатга қарши курашишда авволо ўсиб – улғаяётган фарзандларнинг қалбида инсонийлик фазилатларни жо қилиш баробарида, ватанга, ота-онага, дўстлари ва атрофдагиларга нисбатан меҳр-муҳаббат ва садоқат каби фазилатларни шакллантирмоқ керак. Асрлар оша шаклланиб, сайқал топиб келаётган қадриятларимизга ҳурмат ва эхтиром руҳида тарбиялаш эса уларни ҳар томонлама етук ва фозил инсонлар бўлиб камол топишишларида муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Гиёҳвандлик жинояти ҳақида бутун дунё ташвишга тушаётган бир пайтда мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ушбу иллатнинг салбий оқибатларидан тегишли хулоса чиқариб олиши керак. Ушбу соҳадаги қонунбузарликнинг олдини олишда, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралари ва соғлиқни сақлаш муассасалари мутасаддилари, балки жамоатчилик бирлашмалари, ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари қолаверса, кенг жамоатчилик ҳар биримиз масъулдирмиз. Ҳар биримиз келажак авлод баркамоллиги, эртанги кунимиз фаровонлиги учун жавобгармиз.

Демак, масъулиятни ҳис қилган ҳолда ягона мақсад сари биргаликда илдам қадам ташлашимиз лозим.

Ш.Хомидов, ЖИБ Бухоро шаҳар судьяси 

Жазоларни либераллаштириш – халқимизга хос бағрикенгликнинг намунасидир

Билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган, ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқаролар мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик, бағрикенглик сиёсати туфайли ҳар йили Президентнинг тегишли Фармонлари билан афв этилиб, жазони ижро этиш муассасаларидан муддатидан аввал озод этилмоқда. Уларга ўз хатоларидан тегишли хулоса чиқариб, тўғри ҳаётга қайтиши, ўз ҳалол меҳнати билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишга имкон берилмоқда. Бу халқимизга хос кечиримлилик, йиқилганни суяш сингари улуғ фазилатларимиз бардавомлигидан далолатдир.

Шу ўринда таъкидлаш керак, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлаштириш билан боғлиқ вазифалар назарда тутилган. Ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурларида белгиланаётган чора-тадбирлар натижасида мазкур вазифалар ижроси изчил таъминланмоқда.

Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Парламентга йўллаган Мурожаатномасида таъкидланганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси, жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Натижада 2019 йили судланган шахсларнинг
74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилди. Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида 2020 йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Aна шундай саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида Давлат раҳбарининг 2021 йилнинг 19 мартдаги “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони билан яна 140 нафар фуқаро афв этилди.

Мазкур Фармон билан афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 69 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 59 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Aфв этилганларнинг 12 нафарини чет ел фуқароси, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахс, 13 нафарини аёл ҳамда 14 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахс ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояси билан йўғрилган мазкур ҳужжат жамиятимизда инсон, унинг ҳаёти ва эркинликлари энг олий қадрият эканини яна бир ҳаётий тасдиғидир.

Ражабов Озоджон, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Кадиров Умид, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўриниши – инсон ҳуқуқларининг бузилишидир

Ўзбекистон Конституциясининг 37-моддасига биноан ҳар кимнинг иш билан шуғулланиши, ишни эркин танлаши, адолатли меҳнат шароитлари ва қонун билан белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи бор.

Мажбурий меҳнатни тақиқлаш умум қабул қилинган халқаро ҳужжатларда ҳам акс эттирилган бўлиб, унинг ҳар қандай кўриниши бутун дунёда қаттиқ қораланади.

 Мажбурий меҳнат нима ва унинг қандай турлари мавжуд?

Мажбурий меҳнат – жазо таҳдиди остида ишлаш учун мажбурлашдир. Ҳеч ким ишдан бўшатиш, иш ҳақини камайтириш, пасайтириш ва бошқа баҳоналар билан мажбурий меҳнат билан шуғулланишга ҳақли емас.

Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, қонунчилик бўйича қуйидаги ҳалатлар мажбурий меҳнат ҳисобланмайди:

• ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида;

• фавқулодда ҳолатларда;

• қонуний кучга кирган суд ҳукмига кўра;

• қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Бу шуни англатадики, юқорида кўрсатилган ҳолатларни истисно қилган ҳолда, зўравонлик ёки таҳдидлардан фойдаланиб, ходимнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилинишигина мажбурий меҳнат деб эътироф этилиши мумкин.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Мажбурий меҳнат қурбони бўлган шахс қандай йўл тутиши керак?

Бундай ҳолларда ходим Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлимларидаги меҳнат инспекторига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши лозим.

 Мажбурий меҳнат учун жазо тизими.

Фуқароларни иш берувчи ёки мансабдор шахс томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 51-моддасига биноан, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг ижтимоий хавф-хатар даражасига қараб, мансабдор шахслар Жиноят кодексининг 205, 206-моддалари бўйича айбдор деб топилиши мумкин. Бундай ҳолатда жавобгарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан
600 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо чораси қўлланилиши мумкин.

Мажбурий меҳнат муаммосининг долзарблиги шундаки, бу кўрсаткич давлатнинг халқаро миқёсдаги рейтинггига ҳам жиддий таъсир ўтказади. Биргина Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, пахта терими мавсумида узоқ йиллар мобайнида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани ортидан Ўзбекистон Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ)нинг “қора рўйхат”ига киритилган бўлиб, “Cotton Campaign” халқаро каолицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот эълон қилинган эди. Меҳнат бозорида янги ижтимоий ҳимоя муҳити ва муносиб меҳнат шароитларини  таминлаш борасидаги сай-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон кўплаб халқаро мамлакатлар, хусусан АҚШ томонидан мажбурий меҳнатнинг “қора рўйхати”дан чиқарилди. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Вашингтон офиси директори Кевин Кассиди ўзбек пахтасига бўлган бойкотни асоссиз деб эътироф этди. “Ўзбекистон мажбурий меҳнатни йўқ қилиш билан боғлиқ қийинчиликларни бартараф этди ва кейинги босқич – барқарор иқтисодий тараққиётга эришишдир”, – дея такидлади Кассиди. Бу эътирофлар шуни англатадики, одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масаласи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ислоҳотларнинг асосий мезонларидан бири сифатида қаралмоқда. Галдаги вазифа эса бу борадаги ишларни жадаллаштириш орқали “Cotton Campaign” халқаро каолицияси томонидан ўзбек пахтасига қўйилган бойкотни олиб ташланишига эришишдир.

 Бу каби мақсадларни амалга оширишнинг самарали йўлларидан бири бу, шубҳасиз, миллий қонунчиликни такомиллаштириш. Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан меҳнат кодексингинг янги лойиҳаси қабул қилингани ва унда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тақиқлаш масаласи бир нечта алоҳида модда сифатида киритилаётгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг  акс садоси дейишимиз мумкин. Жумладан, янгиланган кодексда меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш алоҳида принцип сифатида белгиланмоқда.

Бундан ташқари, жамоа шартномаси, жамоа келишувлари ва меҳнат шартномаларида мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузувчи шартлар бўлса, бундай шартлар ҳақиқий эмаслиги кўрсатилмоқда.

Бу каби қоидаларнинг Меҳнат кодексида акс этиши мажбурий меҳнатга  муросасиз муносабатнинг мустаҳкамланишига асос бўлиб хизмат қилади.

Ихтиёр Холов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Маъруф Саидов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Коррупция нафақат Республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммо ҳисобланади.

“Афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўриниши билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, Такрор ва такрор айтаман, бу иллатни йўқ қилмасак, бирорта тармоқ ривожланмайди. Тадбиркор ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келмоқда” деган эдилар, давлатимиз раҳабри Ш.М.Мирзиёев.

Дарҳақиқат коррупцияни олдини олмасак давлатимиздаги барча соҳада ривожланиш секинлашади.

Коррупция ўзи нима? “Коррупция” лотинча сўз бўлиб, «бузмоқ, порага сотилиш, айниш, порахўрлик, заҳарлилик, зарар ва парчаланиш» деган маъноларни англатади. Яъни, коррупция – сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир. Коррупция ва порахўрлик давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи давлатлар тажрибасидан яхши маълум.

Ҳисоб-китобларга кўра айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва порахўрлик натижасида йилига 1 триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Бу зарар ҳисобланганда, ўзга мулк, пулни ўзлаштириш ва бунга тегишли бошқа жиноий ҳаракатлар инобатга олинмагани коррупция муаммолари билан шуғулланувчи «Transparency International» ташкилотининг маълумотларида таъкидланган. Шу боис коррупция ва порахўрликни ҳеч иккиланмай «тараққиёт кушандаси» деб аташ мумкин.

“Тransparensy International” халқаро ташкилотнинг коррупцияни идрок этиш индекси бўйича Ўзбекистон Республикаси 2010 йилда 16 балл билан 172-ўринни, 2019 йилда эса 180 та давлатлар қаторида 153-ўринни эгаллаган. Бу Ўзбекистон давлатининг ижобий динамикага эришганлигидан далолатдир.

Маълумки, 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўзкучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонунини мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш борасида ташланган дадил қадамлардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу қонунга мувофиқ Жиноят кодексининг 211 ва 212-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Масалан, 211-модданинг 3-қисмига киритилган қўшимчага биноан «Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади». Шунингдек, 212-модданинг 3-қисмига киритилган қўшимчага асосан «Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади». Яъни, пора берган ва пора олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг ўз айбига иқрор бўлиб хабар бериши ушбу оғир жиноятнинг пайини қирқишга хизмат қилади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти, ушбу тоифадаги жиноятчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг коррупция домига тушиб қолмасликларини таъминлаш, уларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида ҳукуматимиз томонидан узоқ муддатли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ижроси доимий назорат қилиняпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 3 январь куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни коррупцияга қарши курашиш борасида энг муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун 34-моддадан иборат бўлиб, унда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг бу борадаги ваколатлари, коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар ва уларнинг ваколатлари, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ва оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси, судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги масалалари белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга жорий этилган мазкур қонун моҳият-эътибори билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра биргина 2020 йил давомида давлат бюджетидан мақсадли фойдаланиш, шу жумладан давлат харидлари соҳасида ўтказилган ўрганишлар натижалари бўйича жами 90,5 млрд. сўмлик 2.808 та ҳолатларда молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлигини аниқлади.

Шунингдек судлар томонидан 2020 йил давомида жами 2270 нафар шахсга нисбатан коррупция билан боғлиқ 1502 та жиноят иши кўриб чиқилган. Коррупцион жиноятларини содир этилишига асосан моддий манфаатдорлик (30 фоиз), бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги (28 фоиз), ва ижтимоий таъминланмаганлик ёки адолатли меҳнат шароити йўқлиги (12 фоиз) сабаб бўлган.

Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани ҳам ушбу соҳада туб бурилиш ясади, десак хато бўлмайди.

Бу давлат бошлиғининг бутун дунё мамлакатлари ўртасида ҳам коррупция масаласи энг долзарб муаммолардан бири эканлиги, коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш давлат ва жамият тараққиёти учун муҳим қадамлардан эканлигини теран ҳис қилганлигидан далолатдир.

Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.

Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Озоджон Ражабов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари Конституция ва Қонунлар билан ҳимоя қилинади

Мустақил демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимиз манфаатлари кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилгани билан эътиборлидир. Бу жиҳатлар Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг ИИ боб 13 моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принтсипларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва Қонунлар билан ҳимоя қилинади” дейилган.
Юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳамоҳанг тарзда фаолият юритаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам шу каби эзгу ишларни амалга оширишга камарбасталик қилмоқда. Жорий йил 31 октябрь куни Марказ ташкил этилганлигига 18 йил тўлади. Ўтган давр мобайнида мазкур Марказ ўз олдидаги ўта долзарб саналган миллий ҳаракат режасини тузиш, Конституциямиз, қонунлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумеътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрлари қоидаларини амалга ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва бу ҳуқуқларнинг муҳофаза қилиниши юзасидан миллий маърузалар тайёрлаш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича жамоат бирлашмаларига маслаҳатлар бериш, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва муҳофаза қилишнинг турли жиҳатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказиш каби вазифаларни муваффақиятли адо этиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг Ўзбекистон парламенти томонидан тасдиқланганлиги истиқлолнинг илк йилларида қабул қилинган муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлди. Ўзбекистонда қисқа тарихий муддат ичида миллий давлатчиликни шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Мамлакатимиз барча ривожланган ҳуқуқий давлатлардаги каби уч ҳокимиятга, яъни қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига тақсимланди. Халқ фаровонлиги йўлида кучли ҳуқуқий давлатдан фуқаролик жамияти сари илдам қадам қўйиш мақсадида эркин бозор муносабатларига асосланган кучли иқтисодиёт барпо этилди. Шу тариқа, юртимиз халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли ва тенг ҳуқуқли субЪектига айланди. Албатта, буларнинг барчасига Президентимиз Ислом Каримовнинг жонкуярлиги, ташаббускорлиги ва раҳнамолиги эвазига эришилди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг таъсирли воситасини барпо этиш, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат муассасалари ходимлари ва аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини ошириш мақсадида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва бошқарув тизимини демократиялашни қўллаб-қувватлаш дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 31 октябрдаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тузилди. Фармонда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг мақсад ва асосий вазифалари аниқ белгилаб қўйилди. 1996 йил 13 ноябрдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори Миллий марказ фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Ушбу қарор орқали Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги Низом ва Миллий марказ тузилмаси тасдиқланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази давлатга қарашли идоралараро таҳлил, тушунтириш ва мувофиқлаштириш органи ҳисобланади. Яъни, мазкур орган инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат бошқарув органлари фаолиятини мувофиқлаштиради, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ишлар миллий режасини ишлаб чиқади, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларини тайёрлайди, давлат хизматчилари учун эса инсон ҳуқуқлари муҳофазаси соҳасида ахборот базасини яратади, уларни ўқитади, маслаҳатлар беради, ташвиқот ишларини олиб боради. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Марказнинг асосий мақсади бу устувор вазифаларни ҳар томонлама ҳал этиш йўли билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий фаолият дастурини, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя этишнинг кўп жиҳатли тизимини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишдан иборат.
Шу ўринда, Миллий марказнинг халқаро ҳамкорлигига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Хусусан, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури, ЭХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар Координатори, Халқаро меҳнат ташкилоти, Ўзбекистондаги Эвропа Иттифоқи делегацияси, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Хорижий мамлакатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари, қатор халқаро жамғармаларнинг ваколатхоналари билан самарали ҳамкорлик ўрнатилган. Халқаро шериклар билан ҳамкорликда республикамизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга йўналтирилган турли лойиҳалар амалга оширилади. Ҳозирда Марказнинг Ахборот-ҳуқуқ бўлими ҳузурида Марказий Осиёда ягона ихтисослаштирилган Инсон ҳуқуқлари бўйича оммавий кутубхона фаолият юритади. Мазкур кутубхона ўзбек ва хорижий тилларда нашр этилган китоблар, журналлар ва бошқа адабиётлардан иборат бўлиб, 5 мингдан зиёд номдаги инсон ҳуқуқларига доир китоб фондига эга. Марказ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича 150 дан зиёд тўпламлар, китоблар ва бошқа адабиётлар давлат тилида кўп минг ададда чоп этилди. Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг шаклланиши мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнлари доирасида давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида демократик ислоҳотлар ўтказиш амалга оширилди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 1 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Президентимиз Фармонида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни давлат томонидан қўллаб қувватлаш, моддий-техникавий базани мустаҳкамлаш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва бошқа миллий институтлар бўлинмаларининг самарали ишлаши учун зарур бўлган шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш кўзда тутилган.
Айни пайтда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлардан Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонунчилик мониторинги институти ҳамда Миллий марказимиз зиммасидаги вазифаларни тўлақонли бажариш йўлида хизмат қилиб келмоқда. Бу ташкилотларнинг ҳаракати, изланишлари ўлароқ, юртимизда инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида мустаҳкам қонунчилик тизими барпо этилди. Истиқлол йилларида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир конституциявий қонунлар, кодекслар ва бошқа қонунлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Хайрия тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга замин бўлмоқда. Айни пайтда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий асослари яратилиши ва унинг амалда қўлланиши ҳамда кафолатланишини кузатувчи механизмлардан юқорида тилга олиб ўтилган институтлар билан бир қаторда Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ва Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигида инсон ҳуқуқлари бўйича бўлинмалар ва бошқармалар самарали фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принтсип ва нормалари устунлиги конституциявий асосда эътироф этилади. Бугунги кунда мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар, хусусан, БМТ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган 10 та мажбурий халқаро шартномаларни ратификация қилиб, ўзининг халқаро мажбуриятларини мунтазам равишда бажариб келмоқда.

Жамол Шарипов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Аслиддин Қодиров, Бухоро вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси

Ўзбекистон Республикасида коррупсияга қарши курашиш тизимини такомиллаштирилиши

Коррупция сўэи лотинча сўз соrruрtiо яъни – айниш, порага сотилиш маъносини билдириб, мансабдор шахснинг ўз мансаби бўйича берилган ҳуқуқни шахсий бойиш максадларида бевосита суистемол қилишдан иборат амалиёт.

Коррупцияга чек қўйиш, унга қарши курашишнинг самарали ишларни олиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши бир қатор қонун, қарор ва фармонлар қабул қилинган. Бунга биргина мисол Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонундир. Ушбу соҳада қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Коррупсияга қарши курашиш Миллий кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси 5-апрел куни нормативҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва хулоса олиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилди. Тегишли тартибда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига 2021-йил 26-апрелдаги хат орқали тақдим этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилди. “Ўзбекистон Республикасида коррупсияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳаси ўзбек ва рус тилларида Вазирлар Маҳкамасига киритилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Олий Мажлис палаталарида муҳокама қилиш учун юборилди. Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупсияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (прожект.гов.уз) орқали келиб тушган эътирозлар ва таклифлар кўриб чиқилиб, келишмовчиликлар жадвали тайёрланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг буджетдан ташқари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларнинг билдирган таклиф ва эътирозлари ўрганилиб тегишли тартибда келишмовчиликлар жадвали тайёрланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йи 3-февралдаги 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-6155-сон Фармон иловасининг 34-банди ижросини (Коррупсияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш) таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг коррупсияга қарши курашиш бўйича 2021-2025-йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупсияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг
8-банди, “Коррупсиясиз соҳа” лойиҳасининг ижросини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти, хусусан, тизимда буджет маблағларидан фойдаланиш ва қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганиш олиб борилмоқда. Ўрганишлар Агентлик масъул ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасидан малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда тузилган ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилмоқда.Шунингдек, «Коррупсиясиз соҳа» лойиҳаси доирасида Соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида амалга оширилган давлат харидлари жараёни ўрганилди. Дастлабки натижаларга кўра, Тошкент шаҳар 1-сон юқумли касалликлар ва 3-сонли клиник шифохоналари харид комиссияси томонидан «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги Қонунларнинг талаблари бузилганлиги аниқланган. Юқоридаги муассасалардаги ҳар иккала танлов қонун талаблари бузилган ҳолда ўтказилганлиги сабабли, Агентлик тақдимномаси асосида бекор қилинган. Бундан ташқари, шифохона бош шифокорлари (харид комиссияси раиси) келгусида шу каби коррупсиявий ҳуқуқбузарликлар содир этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1758-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида расман огоҳлантирилди. Шунингдек, Самарқанд вилояти Жомбой тумани тиббиёт бирлашмасида амалга оширилган давлат харидлари жараёнини ўрганиш натижалари бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига огоҳлантириш киритилди. Давлат харидларида “Коррупсиясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” ижроси юзасидан Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ходимлари учун Молия вазирлиги мутахассислари иштирокида “Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш” мавзусида семинар ўтказилди. Давлат харидлари соҳасида «Коррупсиясиз соҳа» лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Товархом ашё биржасида ўрганиш ўтказиш бўйича Агентлик директорининг тегишли Фармойиши қабул қилинди. Фармойиш ижроси юзасидан тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ўтказишга киришилди. Шунингдек, тижорат банкларида «Коррупсиясиз соҳа» лойиҳасини жорий этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг чора-тадбирлар режаси ва таклифлари ишлаб чиқилди.

Жамол Шарипов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Аслиддин Қодиров, Бухоро вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси

Зўравонлик бу нима?

Зўравонлик – бир кишининг бошқасига жисмоний ёки руҳий таъсири, фуқароларнинг шахсий яхлитлик ҳуқуқини бузиши (жисмоний ва маънавий маънода). Жисмоний зўравонлик инсон танасига тўғридан-тўғри таъсир қилиш билан ифодаланади: калтаклаш, тан жароҳати, турли йўллар билан қийноққа солиш (шу жумладан ҳар қандай нарса ва моддаларни ишлатиш) ва бошқалар. Жисмоний зўравонлик натижасида жабрланувчига қийноқ ва зарар етказилиши мумкин. Руҳий зўравонлик қурбоннинг қаршилик кўрсатиш иродасини синдириш, унинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўрқитиш, жисмоний зўравонлик таҳдиди орқали инсон руҳиятига таъсир қилишдан иборат. Зўравонлик асабий ёки ҳатто руҳий касалликларга олиб келиши мумкин. Зўравонлик оғирлаштирувчи ҳолат бўлиши мумкин (айниқса, шафқатсизлик ёки жабрланувчини масхара қилиш билан жиноят содир этишда). Зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар жамоат хавфини оширади ва қаттиқ жиноий жавобгарликка олиб келади.

Зўравонлик ҳаракатларининг турлари сифатида жисмоний, руҳий ва жинсий кабиларни кўрсатиш мумкин.

Кўпчилик назариётчи олимлар зўравон хатти – ҳаракатларга инстинктив эмас, балки ўрганилган деб қарашади.

Ҳозирги кунда кўплаб соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари меҳнат муносабатларида ходимлар ўртасидаги муносабатлар баъзида мукаммал эмаслигини тан олишади. Хусусан, хўжайин ва бўйсунувчилар ўртасидаги муносабатлар қўрқитиш ва таъқиб қилиш элементларини ўз ичига олиши мумкин ва жинсий ёки ирқчи мотивлар кенг тарқалган деган қарашни илгари суришади.

Жисмоний зўравонлик дўппослашда, итариш, уриш, тепиш каби ҳаракатларни содир этишда намоён бўлади. Бунга бўғиб ўлдириш, қурол ишлатиш, ҳайдаш пайтида эҳтиётсизлик ҳам киради. Баъзида, узоқ вақт қийноқлар билан, жабрланувчи охирги йўл сифатида зўрловчини ўлдириш ёки қотилликни кўради.

Психологик зўравонлик – инсоннинг ўзига бўлган ишончини пасайтириши мумкин бўлган турли хил усуллар, масалан, масхара қилиш, ҳақорат қилиш, қўполлик, жисмоний зўравонлик ёки изоляция билан таҳдид қилиш каби ҳаракатларда намоён бўлади. Бунда жабрланувчининг охирги йўли ўз жонига қасд қилиш ёки ўз жонига қасд қилиш фикрлари шаклланиши бўлиши мумкин.

Жинсий зўравонлик – бу инсоннинг (аксарият ҳолларда аёлнинг) хоҳишига қарши жинсий алоқа. Бу турдаги зўравонлик турли шаклларни ўз ичига олади: мажбурий жинсий алоқа, зўрлашга уриниш, зўрлаш, иш жойида жинсий зўравонлик, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик, аёлларни фохишаликка мажбурлаш ва ҳоказо. Уларнинг барчаси инсон қадр – қимматини камситади, натижада зўравонлик қурбони ҳар доим уялади ва ўзини заиф ҳис қилади.

Оилавий зўравонлик – бу бир ёки бир нечта оила аъзоларининг бошқа оила аъзоларининг куч ёки қудратидан фойдаланиб, ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид соладиган ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиши (руҳий ва жисмоний). Бу ҳаракатлар зўравонлик қурбонига зарар етказади ва азоб-уқубат келтиради.

Ўтказилган сўровномада аниқланган оилавий зўравонлик сабаблари 6 асосий тоифага бўлинади:

1. Иқтисодий муаммолар:

· Ишсизлик (эркак ва аёл);

· Моддий ва уй-жой муаммолари;

Хотиннинг иқтисодий қарамлиги

2. Мастлик ва гиёҳвандлик.

3. Таълим:

· Маданий -маърифий савиянинг пастлиги;

· Ёшларнинг иқтисодий масъулиятга тайёр эмаслиги;

· Aёллар ва эркакларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги.

4. Хулқ-атвор, фикрлашнинг стереотиплари:

· Оилада аёлларга муносабат стереотипларини қайта ишлаб чиқариш;

Бошқаларнинг таъсири;

· Ота -оналарнинг аралашуви;

5. Ижтимоий тенгсизлик;

6. Эрта турмуш.

Халқаро статистикага кўра, оиладаги зўравонлик моддий бойлик ва барқарор даромадли оилаларда ҳам учрайди.

Зўравонликка қарши кураш. Жиноий тақиб.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳуқуқбузарликка чек қўйиши ва зўравонлик билан боғлиқ ҳаракатларни содир этган шахсга қонуний чора кўриши учун бир нечта шартлар бажарилиши керак:

Жабрланганлар баёноти. Зўрланган шахснинг ҳаракатлари қурбони ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиши керак. Шундан кейин жиноят иши очилади ва тергов бошланади.

Ишнинг барча ҳолатларини аниқлаш. Бунинг учун нафақат жабрланувчи ва жиноятчи, балки мумкин бўлган гувоҳлар ҳам сўроқ қилинади. Бу судда айбланувчининг жиноятда айбли ёки айбсизлиги тўғрисида ишончли далил бўлади.

Ишни судда кўриб чиқиш. Иш шаҳар (туман) суди томонидан кўриб чиқилади. Суд ҳукм чиқараётганда жиноятнинг барча белгилари ва ҳолатларини, қилмишнинг жабрланувчининг саломатлиги ва ҳаёти учун хавфлилигини ҳисобга олиши зарур.

Яна шуни ҳам алоҳида такидлаш лозимки, атрофдагиларнинг муносабати ҳам бўлаётган зўравонликларга таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Сабаби ҳар бир инсон атрофида бўлаётган бу каби салбий ҳолатга бефарқ бўлмай, ўзининг фуқаролик масъулиятини ҳис этган ҳолда фаол муносабат билдириши келажакда бундай нохуш ходисаларнинг кескин камайишига замин яратади.

Ихтиёр Холов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Маъруф Саидов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Шартнома интизомини бузиш оқибати ёхуд хорижий компанияга қимматга тушган шартнома

Маълумки, халқаро миқёсда давлатлар ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, мазкур йўналишда ўзаро манфаатли ташқи иқтисодий муносабатларнинг самарали йўлга қўйилиши мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиши учун муҳим  стратегик аҳамият касб этади.      

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо фаолиятни олиб боришда кенг имтиёз ва преференциялар берилган бўлиб, унинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Тадбиркорларимиз томонидан ташқи савдо фаолияти юритишда хорижий компаниялар билан эркин ва манфаатли келишувлар асосида ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқдалар. Шу билан бирга хорижий компанияларига миллий қонунчилигимизда мувофиқ республикамиз ҳудудида ўз савдо фаолиятларини эркин юритишда тенг ва қулай шароитлар яратилган. Шу ўринда айтиш керакки, мазкур фаолиятни юритишда албатта шартнома интизомига риоя қилиш жуда муҳим ҳисобланади. Йўқса, бунинг оқибати қонунга мувофиқ мулкий жавобгарлик чоралари белгиланиб, айбдор томонга қимматга тушиши мумкин. Буни суд амалиётидаги бир низо юзасидан кўриб чиқилган иш юзасидан мисол келтириш ўринлидир.     

          Маълум бўлишича, Корея Республикаси резиденди ҳисобланган “Hankook agricultural materials Co.” компанияси (матнда “хорижий компания” деб юритилади) “BUH TRANS VOSITA” масъулияти чекланган жамияти (матнда “тадбиркор” деб юритилади)га ўзаро тузилган 2019 йил 17 июндаги 17/06-2-сонли шартнома (контракт) тузилган. Мазкур шартномага асосан хорижий компания баҳоси 880 000 АҚШ доллари бўлган иссиқхона ускунасини етказиб бериш ва қуриб фойдаланишга тайёр ҳолатда топшириш, тадбиркор эса ушбу ускуна ҳақини тўлаш мажбуриятларини олишган. Тадбиркор шартнома мажбуриятини бажариб, ускуна баҳосининг 90 фоизи миқдорида 792 000 АҚШ доллари тўловни амалга оширади. Тўловнинг қолган 10 фоизи миқдорида 88 000 АҚШ долларини иссиқхона ускунаси қурилиб, фойдаланишга тайёр ҳолатда топширилгандан сўнг амалга ошириши лозим бўлган.           

          Хорижий компания тадбиркорга шартномага асосан келишилган муддатда иссиқхона ускунасини етказиб берган. Бироқ, шартнома интизомига риоя қилмасдан, мазкур ускунани шартнома шартида келишилган тартибда маркировка қилинмаган ҳолатда топширган. Бу ҳолатда, хорижий компания шартнома интизомини бузганлик учун жавобгарлик чораси белгиланганлиги, яъни шартнома шартида маркировка қилинмаган ёки лозим даражада маркировка қилинмаган маҳсулот етказиб берганлик учун сотувчи харидорга мазкур маҳсулот қийматининг 15 фоизи миқдорида жарима тўлаши мумкинлигини эътиборга олмаган, шекилли.

         Бундан ташқари, тадбиркорнинг бир неча огоҳлантиришларига қарамасдан, хорижий компания шартнома шартларига асосан тадбиркорга иссиқхона ускунасини қуриб бериш ва фойдаланишга тайёр ҳолатда топшириш мажбуриятини келишилган муддатларда бажармасдан келган. Мазкур ҳолатда хорижий компания томонидан шартнома шартларида келишилган иссиқхона ускунасини фойдаланишга тайёр ҳолатда топшириш мажбуриятини бажармаганлик ҳаракатсизлиги натижасида шартномани жиддий ривишда бузган. Бунинг оқибатида тадбиркор иссиқхона ускунасидан фойдалана олмаган ва табиийки тадбиркорлик фаолиятини юритиб даромад олиб билмаган.    

          Натижада тадбиркор бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хорижий компаниядан шартнома интизомини бузганлик учун жарима суммасини ундиришни ҳамда шартномани бекор қилиш ҳақида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.    

Албатта, давлатимизда қонун устуворлиги таъминланган бўлиб, ҳар бир юридик шахс мулкчилик шаклидан ва қаерда жойлашганлигидан қатъий назар, қонун талабига риоя этмаганлик, хусусан шартнома интизомини бузганлик тегишли жавобгарликка тортилиши муқаррар.   

Зеро, фуқаролик қонунчилигимизда мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда бажарилиши шартлиги, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб бериши лозимлиги қатъий белгиланган.

Суд томонидан тарафлар ўртасида келиб чиқан мазкур низо юзасидан иш ҳолатлари ва далилларни атрофлича ўрганиб,    тадбиркорнинг даъво аризасини асосли деб топилди. Шартнома интизомини бузиш оқибати хорижий компанияга қимматга тушди. Хорижий компаниядан тадбиркор фойдасига 44.000 АҚШ доллари миқдорида жарима ва иш юзасидан барча суд харажатларини ундириш ҳамда тарафлар ўртасида тузилган шартнома (контракт)ни бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди. Апелляция инстанцияси судида хорижий компаниянинг суд қароридан норози бўлиб ёзган апеллция шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, барча тадбиркорлик субъектлари ташқи савдо муносабатларида контрагентлар билан ўзаро шартномавий муносабатларда шартнома интизомига риоя қилишлари лозимлиги, аксинча бундай интизомсизлик қонунга мувофиқ тегишли мулкий жавобгарлик чоралари қўлланилиши билан бирга келгусида уларнинг ишбилармонлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишини эътиборга олишлари лозим.

Илҳом Юлдашев, Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

“ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УМУМЖАҲОН ДЕКЛАРАЦИЯСИ” бутун инсониятнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳалқаро ҳуқуқий ҳужжат

Мамлакатда олиб борилаётган барча соҳадаги ислоҳотларнинг диққат марказида доимо инсон ҳуқуқлари, унинг эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш ётади.

БМТ Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида қабул қилиниб, ташкилотга аъзо барча мамлакатларга тавсия мазмунига эга бўлган мазкур Декларация Ер сайёрасида яшаётган инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларини очиқлайди. Бу ҳужжат дунёнинг шу кунгача беш юздан ортиқ тилига таржима қилинган бўлиб, энг кўп таржима қилинган ҳужжатдир. 30 моддадан иборат Декларация Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонуннинг таркибий қисми ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича умумий декларацияси БМТ Бош Ассамблеясининг Франциянинг Пале-де-Шайо қароргоҳида бўлиб ўтган 183-пленар мажлисида ўша вақтдаги БМТга аъзо 58 давлатдан 48таси томонидан қўллаб-қувватланди. 1948 йил 10 декабрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида Белоруссия ССР, Украина ССР, СССР, Чехословакия, Польша, Югославия, Жанубий Африка иттифоқи ва Саудия Арабистони бетараф қолган, Гондурас ва Яман иштирок этмаган. Канада Декларацияни даставвал рад этган бўлса, кейинчалик уни тасдиқлади.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида инсон ҳуқуқлари бўйича ўз миллий тизимини яратган дастлабки давлатлардан ҳисобланади. Шу кунгача мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясининг халқаро тан олинган принциплари, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, коррупция ва одам савдосига қарши қарши курашиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида қатор миллий дастурлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, махсус комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди. Бу билан ушбу жараёнга давлат ташкилотларини бирдек жалб этиш, уларнинг жамият ва давлат, фуқаролар олдидаги вазифаларини аниқ белгилашга эришилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70та асосий ҳужжатга қўшилди, БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган 10та асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланди. Ўзбекистон Республикасида миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги энг асосий ва дунёдаги кўплаб давлатлар томонидан тан олинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ушбу соҳадаги халқаро ҳамжамият эришган энг катта ютуқлардан дейиш мумкин. Декларациянинг Преамбуласида тилга олинган инсон  ҳуқуқлари тушунчаси аслида барча халқаро ҳуқуқ субъектлари учун бир маънода тушунилиши лозим. Лекин биламизки, инсон ҳуқуқлари жамиятдаги қадриятлар, менталитет, дин ва эътиқод мезонлари билан йўғрилганда бошқача маъно касб эта бошлайди. Шунинг учун Декларацияни имзолаган бўлишига қарамай, аёл ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини, болалар ҳуқуқлари ҳимоясини, уларнинг меҳнат ёши, таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаб бермаётган давлатлар ҳам мавжуд.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Демократик, ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини танлаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини жамиятни ривожлантириш ва давлат қурилишининг, бутун ички ва ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши этиб белгилади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган. Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари яратилган ва улар амалда самарали жорий этилмоқда. Мамлакатда беш мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият юритмоқда. Жамият ва давлат қурилиши соҳасида сиёсий партияларнинг роли сезиларли даражада ошди. Мустақил оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ривожланиб бормоқда. Улар аҳолининг сиёсий, ижтимоий фаоллигини ошириш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишнинг қудратли омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Декларация мажбурий эмас, балки тавсиявий мақомга эга. Бироқ унинг негизида халқаро мажбурий бўлган иккита ҳужжат қабул қилинган. Булар Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт. Ўзбекистон мазкур ҳужжатларга 1995 йилда қўшилган. Ўтган йиллар мобайнида Декларация одатдаги ҳуқуқий меъёрлар мақомига эга бўлган бўлса, айрим давлатлар ҳамон уни қисман тан олади.

1950 йили БМТ Декларация қабул қилингани муносабати билан 10 декабрни Инсон ҳуқуқлари нишонланадиган кун сифатида белгилади. Уни турли инсонлар, жамиятлар ва диний уюшмалар, парламентлар, ҳукуматлар ва албатта БМТ ҳам ишонлайди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Декларация қабул қилинганлигига 73 йил бўлган бўлса-да, унинг миллий ва халқаро ҳуқуқдаги, дунё давлатларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти юқорилигича қолмоқда. Сабаби унинг ишлаб чиқилиши давлатларнинг ҳақиқатда бирлашишга, инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ ҳамкорлик режасини ишлаб чиқишга бўлган эҳтиёжи юзага келган даврга тўғри келганлиги ҳамда универсал нормаларни қамраб олганлигидадир.

Шарипов Жамол, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Кадиров Умид, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Конституция-адолатнинг бош мезони

Демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш масаласи мамлакатимизнинг энг муҳим амалий мақсади сифатида ўта муҳим ва долзарб илмий-назарий ҳамда сиёсий-аҳамиятга молик муаммолардан бўлиб, унинг барпо этилиши, фаолият кўрсата бориши жамиятимиз олдида турган тарихий вазифадир.

Мамалакатимиз ўз мустақиллигини эълон қилган кундан бошлаб дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, собиқ Иттофоқ давлатлари орасида биринчи бўлиб Конституциянинг қабул қилиниши билан мустақилликнинг ҳуқуқий тамал тоши қўйилган.

Бу борада бош Қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида жаҳонда янги, суверен, истиқболи порлоқ давлат дунёга келишининг ўзига хос шаҳодатномаси бўлди.

Конституцияда энг аввало, ўзбек миллатининг тарихий анъаналари, миллий тафаккури ўз аксини топган. 

Инсон ўз ҳаётини борлиққа, унинг қонунларига эътибор бермасдан ташкил эта олмайди. Шу боисдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Муқаддимасида Ўзбекистон халқининг “инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш…” мақсади аниқ белгилаб қўйилган. Бу олий мақсад мамлакатимизнинг давлатчилик ва ҳуқуқни ривожлантириш сиёсатидан келиб чиқиб, қатор принциплар, омиллар ва шарт-шароитлар билан белгиланади. Бош Қонунимиз жаҳон ҳамжамиятининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуғларини тўла мужассам қилади. Ушбу Конституция инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча муҳим қоидаларни: инсоннинг яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, мулкдор бўлиш ва бошқа шу каби ҳуқуқларни ўз ичига олгандир.

Конституцияга кўра Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Олий Мажлис ва Президент иш олиб бориши белгиланган бўлиб, давлат ҳокимияти- қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинади.

Бош Қомусимизда, давлат ўз фаолиятини инсон ҳамда жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолатга қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши белгиланган.  

Бизнинг Конституциямиз нафақат юридик ҳужжат сифатида, балки у миллий мафкурамизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий асосини ташкил этувчи умуминсоний ғояларга хизмат қилади.

Ўтган давр ичида Конституциямиз жиддий ҳаёт синовларидан ўтди. Халқимиз ҳаётида бу муҳим ҳужжат асосида асрлар мобайнида юз бериши мумкин бўлган тенгсиз ўзгаришларни амалга оширди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрь кунидаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4551-сонли Қарори билан Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Мазкур Қарор билан Конституция ва қонун устуворлигини, давлат органлари қарорлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари қонунларга тўлиқ мувофиқ бўлишини таъминлаш, қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш, ҳуқуқий ахборотни замонавий усуллар орқали кенг оммага етказиш, ҳар бир фуқаро ва мансабдор шахсларда Конституция ва қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш, мустақил ва холис оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, одил судлов тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг обрўсини ошириш ва чинакам мустақиллигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида, давлат органларининг кундалик фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни халқ манфаати йўлида хизмат қиладиган идораларга айлантириш, Конституция ва қонунларда белгиланган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида янада мустаҳкамлаш, мулк дахлсизлигини кафолатлаш дастурни амалга оширишнинг асосий мақсади этиб белгиланган.

Мамлакатда жадал суръатлар билан олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар давомида Конституцияга ҳам бир қатор ўзгартиришлар кириб келинмоқда. Ҳозирги кунга қадар Конституцияга 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, дастлабки ўзгартириш 1993 йил  28 декабрда қабул қилинган Қонун билан киритилган бўлса, охирги марта ўзгартириш 2021 йил 8 февраль кунидаги Қонун билан амалга оширилган.

Жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган сайловда қайта сайланган Шавкат Мирзиёв Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилганидан сўнг сўзлаган нутқида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, “аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”, деб таъкидлаб ўтди.

Хулоса ўрнида айтганда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз манафаати йўлида хизмат қилади ва
у ҳамиша адолатнинг бош мезони бўлиб қолади. 

Ойбек Шомуродов, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси

Перейти к содержимому