Жазоларни либераллаштириш – халқимизга хос бағрикенгликнинг намунасидир
Билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган, ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқаролар мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик, бағрикенглик сиёсати туфайли ҳар йили Президентнинг тегишли Фармонлари билан афв этилиб, жазони ижро этиш муассасаларидан муддатидан аввал озод этилмоқда. Уларга ўз хатоларидан тегишли хулоса чиқариб, тўғри ҳаётга қайтиши, ўз ҳалол меҳнати билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишга имкон берилмоқда. Бу халқимизга хос кечиримлилик, йиқилганни суяш сингари улуғ фазилатларимиз бардавомлигидан далолатдир.
Шу ўринда таъкидлаш керак, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлаштириш билан боғлиқ вазифалар назарда тутилган. Ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурларида белгиланаётган чора-тадбирлар натижасида мазкур вазифалар ижроси изчил таъминланмоқда.
Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Парламентга йўллаган Мурожаатномасида таъкидланганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси, жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Натижада 2019 йили судланган шахсларнинг
74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилди. Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида 2020 йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.
Aна шундай саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида Давлат раҳбарининг 2021 йилнинг 19 мартдаги “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони билан яна 140 нафар фуқаро афв этилди.
Мазкур Фармон билан афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 69 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 59 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Aфв этилганларнинг 12 нафарини чет ел фуқароси, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахс, 13 нафарини аёл ҳамда 14 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахс ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояси билан йўғрилган мазкур ҳужжат жамиятимизда инсон, унинг ҳаёти ва эркинликлари энг олий қадрият эканини яна бир ҳаётий тасдиғидир.
Ражабов Озоджон, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси
Кадиров Умид, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси